Форум_Ўзбекистон


Join the forum, it's quick and easy

Форум_Ўзбекистон
Форум_Ўзбекистон
Would you like to react to this message? Create an account in a few clicks or log in to continue.

Бир инсон тақдирида Ўзбекистон фожеаси

Go down

Бир инсон тақдирида Ўзбекистон фожеаси Empty Бир инсон тақдирида Ўзбекистон фожеаси

Post by Admin Tue Aug 22, 2017 8:20 am

33 ЁШЛИ ЗАБАРДАСТ ТАДБИРКОР ЙИГИТНИ муттаҳам милисалар уриб ўлдирдилар. Унинг Онаизори адолат истаб президент Мирзиёевга мурожаат қилган эди ўзини боши ҳам балоларга қолиб кетди, Онани ўзини ҳам қамашди. ШУМИ АДОЛАТ? Шуми янги замон? Шуми янгича бошқарув?

Бу ҳақда мен Президент Шавкат Мирзиёевга ўзимнинг Шахсий мактубимда қисқача билдирган эдим.
Мустақил журналист Малоҳат Эшонқулова бу фожеани тафсилотлари ёзибди.

Малоҳат Эшонқулова: БУНИ МИРЗИЁЕВГА ҚАРШИ ҲАҚИҚИЙ ФИТНА ДЕСА БЎЛАДИМИ?

Ҳурматли президент Шавкат Миромонович!

Сурхондарёлик тадбиркор Каромат Қодированинг 33 ёшли тадбиркор ўғли Муродилло Омоновнинг 2017 йилнинг 20 январь куни Жарқўрғон туман ИИБ биносидан жасади чиққанини биласиз.

Она ўғлининг ўлими буюртма қотиллик деб ҳисоблайди.
Она Жарқўрғон туман деҳқон бозорининг янги бойларидан бўлган Абдуллабой ИИБ ходимлари билан тил бириктириб ўғлимни қатл қилишди деган тўхтамда.

Шу боис ҳам Қодирова суд тиббий экспертиза хулосаларини сохта деб билади, ҳаммани сотилган деб ўйлайди.

Она ўғлини қотилларини топишда кўмак сўраб Шавкат Миромонович, Сизга такрор-такрор мурожаат қилиб келмоқда эди.

Ниҳоят, онаниг кўнглида умид учқунлади. Президент виртуал қабулхонасидан қўнғироқ бўлиб, Каромат Қодирова 22 июнь куни соат 10.00 да ИИВнинг Санъат саройида бўлиб ўтиши режалаштирилган қабулга чақиртирилди.

Бундай хушхабарни эшитган Каромат Қодирова Президент қабулига кечикиб қолмаслик ва пухта тайёргарлик кўриш илинжида 2017 йилнинг 19 июнь куни Сурхондарё -Тошкент йўналиши бўйлаб йўлга отланди.

Бироқ Каромат Қодирова кеч соат 16.00 ларда Дарбанд постида тўхтатилди ва ИИБ ходимлари томонидан ортига, Сурхондарёга қайтарилди ва тахминан соат 21.00 ларда тўппа-тўғри Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман суди биносига келтирилди.

Соат тунги 22.00-23.00 лар ўртасида Каромат Қодирова маҳкамага тортилди.

Маҳкамага Қодированинг яқинлари –қизлари, ўғиллари, сингиллари, яқин қариндошлари киритилмади.

Шу сабаб ҳам ҳозирча суд тафсилотлари номаълумлигича қолмоқда.
Суд идорасидан милициянинг махсус машинасида олиб чиқилган Каромат Қодирова 19 июнь куни тунги соат 23.00-24.00 лар орасида Термиз шаҳрига олиб кетилди.

- Каромат Қодирова қандай айб билан судланди?
- Унга нисбатан маъмурий иш очилганмиди, ёки жиноий ишми?
- Унга қандай жазо тайниланди?
- Ҳозир унинг тақдири қандай кечмоқда?


Бу саволларнинг жавоби ҳозирча мавҳумлигича қолмоқда.
Бироқ, ҳаётий кузатувларимизга таянган ҳолда хулоса қилишимиз мумкинки, Каромат Қодированинг Президент Шавкат Миромоновичга олиб борувчи йўлни беркитиш ва тўсиқ қўйиш мақсадида ИИБ биносидан жасади чиққан йигитнинг онаси ярим йўлдан тутиб, ортга қайтарилди ва турмага ташланди.

Шахсан мени Қодировани она сифатида тушуниб турибман.

Бир парча этни 33 ёшга киритишнинг ўзи бўладими?

ИИБ идораси ходимлари Каромат опанинг ўғлини вояга етказиш йўлидаги 33 йиллик заҳматларини бир лаҳзада кунпоякун қилишди.

Она ҳақ, ё ноҳақ бўлишидан қатъий назар шу нарса ҳақиқатки, ИИБ биносидан соппа-соғ ўғлининг мурдаси чиқди.

Бу ҳақиқатни ҳеч ким инкор қила олмайди. Бундай кўргуликни дўсти-ку дўсти, ҳатто душманига ҳам раво кўрмайди киши.

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Адолат излаб сизнинг қабулингизга отланган оддий халқингиз бошига тушаётган мусибатларнинг биринчиси ҳам, охиргиси ҳам эмас бу.

Негаки, маҳаллий амалдорлар ўзларининг орқасини асраб қолиш илинжида ҳақиқат тилаб қабулингизга шайланган фуқароларингизни турли бўхтонлар, уюштиришлар, провокация ортидан минг бир балоларга гирифтор қилишмоқда.

Шавкат Миромонович!
“Халқ радиоси”нинг хабарларига таянадиган бўлсак, Сурхондарё вилоятининг янги ҳокими Турдимов Эркинжон Оқбутаевич сизнинг энг ишонган, ишончингизга кирган ва эҳтимол, ишончингизни оқлаган кадрлардан бири сифатида қаралади. Эҳтимол, Турдимовнинг Сурхондарё влиоятига ҳоким этиб тайниланиши замирида ҳам айнан сизнинг унга бўлган ишончингиз ётган бўлиши ҳам мумкин.

Бироқ, биз бир нарсани тушуна олмай қолдик.

Президент қабулига адолат сўраб келишга отланган тадбиркорнинг, боласи милиция қўлида жон берган онанинг йўлига қонун идоралари ходимлари томонидан йўлтўсарлик қилинишини қандай тушуниш мумкин?

Каромат Қодированинг айнан Виртуал қаблухонага чақирган кунидан икки кун олдин қамалиб қолганиничи?

Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Бу воқеани сиз қандай шарҳлайсиз, билмадигу, бизнинг назаримизда, ўзингиз ишонч билдириб вилоятга ҳоким этиб тайинлаган кишингиз – Эркинжон Турдимов томонидан мамлакатимизнинг янги президенти Шавкат Миромоновични обрўсизлантириш, президентга нисбатан одамлар қалбидаги ишончни ўлдириш, президент мавқеини пасайтириш мақсадида Мирзиёевга қарши қаратилган ошкора фитна деб баҳолаймиз биз буни.

Қонун идоралари ходимлари ва вилоят ҳокимлиги томонидан амалга оширилаётган бу каби қонунсизликлар шубҳасиз Сиз муҳтарам президентимизнинг обрўсига соя солади.

Фуқароларингизнинг сизга бўлган ишончини саволлар остида қолдиради-ку, муҳтарам президент?

Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Виртуал қабулхона томонидан қабулга чақиртирилган кундан икки кун олдин Каромат Қодировани қамашди.

Илтимосимиз, сизга Худога ишонгандек ишонган аёлнинг тақдирига бефарқ бўлмасангиз.

Худо кўрсатмасин, худди 33 ёшли ўғлининг жасади ИИБ биносидан чиққани каби, эртага яна онасининг ҳам мурдаси Термиз шаҳар ИИБ биносидан чиқмасин деймиз, муҳтарам президент.

Сизга ишонч ва ҳурмат билан Эшонқулова Малоҳат.
Мустақил журналист.


Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Back to top

- Similar topics

 
Permissions in this forum:
You cannot reply to topics in this forum