Форум_Ўзбекистон

Европа Инсон Ҳуқуқлари Судига Шикоят Қилиш Ҳақида - ўнта эслатма

Avvalgi mavzu Keyingi mavzu Go down

Европа Инсон Ҳуқуқлари Судига Шикоят Қилиш Ҳақида - ўнта эслатма

Post by Admin on Sat Feb 26, 2011 10:00 am

Европа Инсон Ҳуқуқлари Судига Шикоят Қилиш Ҳақида - ўнта эслатма


Охирги пайтларда матбуотда Европа Инсон Ҳуқуқлари Судида кўриб чиқилаётган ишларга мурожаат қилиш кўпайди. Кўпинча ушбу Суд адолатни қарор топтиришнинг охирги имконияти, айниқса давлатнинг ички имкониятларидан натижа бўлмаганда “қутқарув ҳалқаси” сифатида ёритилади. Ушбу матнда биз Европа Судига қандай мурожаат қилиш кераклигини қисқача ёритиб берамиз.

Европа Инсон Ҳуқуқлари Судининг ташкил этилишига Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоялаш тўғрисидаги Европа Конвенцияси асос бўлган. Ушбу халқаро конвенцияни имзолаган давлатлар ўз зиммаларига унда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоялаш мажбуриятини олганлар. Суднинг вазифаси эса ўз ҳуқуқлари ушбу давлатлар томонидан бузилган деб ҳисоблаган кишиларнинг шикоятларини кўриб чиқиш орқали Конвенцияни ратификация қилган давлатларда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилишни таъминлашдир. Европа Судининг ҳакамлари ўз давлатларининг вакиллари эмас, балки мустақил экспертлардир. Судда Конвенцияга аъзо мамлакатларнинг ҳар биридан бир ҳакам, жаъми 47 ҳакам иш юритади. Суднинг ҳукмлари мажбурийдир: қайси давлатга нисбатан ҳукм чиқарилган бўлса, ушбу давлат ҳукмни бажариши шарт, Конвенцияга аъзо бўлган бошқа давлатлар учун эса Суднинг ушбу ҳукми маслаҳат саналади.

Европа Судига қандай қилиб шикоят тақдим этилади?

1. Европа Конвенциясининг 1-18 ва 34-35-моддаларини диққат билан ўқинг.
1-18-моддаларда, шунингдек Конвенцияга қўшимча баъзи протоколларда ушбу халқаро ҳужжат билан ҳимояланган инсон ҳуқуқлари мажмуаси мустаҳкамланган.
34-35-моддаларда шикоятингиз Суд томонидан кўриб чиқилиши учун қандай талабларга жавоб бериши кераклиги тўғрисидаги асосий шартлар баён қилинган.
2. Конвенцияда ва унинг протоколларида мустаҳкамланган қайси ҳуқуқ ёки эркинлигингиз бузилганлигини аниқланг.
Конвенция, бошқа ҳуқуқлар қатори, яшаш ҳуқуқи, одил судлов ҳуқуқи, шахсий ва оилавий ҳаётга нисбатан ҳурмат ҳуқуқи, шахсий мулкка нисбатан ҳурмат ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқларни ҳимоялайди.
Конвенция, жумладан, фикр эркинлиги, виждон ва дин эркинлиги, ўз фикрини ифодалаш эркинлиги, йиғилиш ва уюшиш эркинлиги ва бошқа эркинликларни ҳам ҳимоялайди.
Шунингдек, Конвенция баъзи бир ҳаракатларни, масалан, қийноқ ва ноинсоний, ёки қадр-қимматни таҳқирловчи муомила ва жазони, қулликни, ҳуқуқий асоссиз жазолашни ва бошқа шу каби ҳаракатларни таъқиқлайди.
3. Ишингизда давлатнинг барча ички ҳимоялаш имкониятларидан фойдаланиб бўлдингизми?
Конвенциянинг 35-моддасига мувофиқ Суд шикоятингизни фақат “давлатнинг барча ички ҳуқуқий ҳимоя воситаларидан фойдаланиб бўлинганидан сўнг” кўриб чиқади. Демакки, агар шикоятчи давлатнинг ички шикоят қилиш имкониятларидан тўлиқ фойдаланиб бўлмаган бўлса, Суд бу ишни кўриб чиқмайди. Шикоят қилиш имкониятлари самарали бўлиши лозим, яъни устидан шикоят қилинаётган қарорни ҳақиқатан ўзгартириш имкониятини бериши шарт. Масалан, Россиянинг мисолида, Европа Судига шикоят бериш учун РФнинг Олий Судига назорат тартибида кўриб чиқишнинг охирги инстанцияси сифатида мурожаат қилиш шарт эмас, маҳаллий суднинг I инстанциясига ва тегишли суднинг (шаҳар, област ва бошқ.) II инстанциясига кассация тартибида мурожаат қилиш етарли. Чунки Европа Суди назорат тартибида кўриб чиқишни самарали ҳимоя воситаси эмас деб топган.
Лекин, мурожаат қилувчи шикоят қилишнинг самараси борлигига шунчаки шубҳа қилиб ёки адвокатнинг нотўғри маслаҳати билан аппеляция/кассация шикоятини бермаса, бу ҳали ҳимоя воситаси самарасиз эканлигидан далолат эмас.
4. Ишингиз юзасидан охирги қарорнинг қабул қилинганидан қанча вақт ўтди?
Давлат ички муассасаларининг охирги қарори қабул қилинганидан кейин 6 ой ичида Европа Судига шикоят билан мурожаат қилиш мумкин. Ушбу муддат асослантирилган қарор олинган кундан бошлаб ҳисобланади.
Агар маълум бир иш бўйича шикоят тақдим қилиш учун оз муддат қолган бўлса (масалан фақат 1 ой), Судга аввал шикоят тақдим қилишга тайёрланаётганингиз тўғрисидаги маълумотни ишнинг қисқача таърифи билан юборишингиз керак. Бунга жавобан Суд ишни рўйхатга олингани тўғрисида жавоб бериши ва сиздан расмий шаклда шикоятингизни юборишингизни сўраши лозим. Шунингдек, бундан кейин Судга мурожаат қилганда фойдаланиш учун ишнинг рўйхатга олиниш рақамини ҳам оласиз. Бу билан сиз шикоятни тақдим қилиш учун ажратилган муддат ҳисобини тўхтатиб турасиз, ва шикоятни расмий шаклда тақдим қилиш учун кўпроқ муддатга эришасиз.
Шуни эсда тутиш лозимки, Суд бир ишни икки марта кўриб чиқмайди, шунинг учун ушбу иш юзасидан аввалроқ Судга шикоят тақдим қилинган ёки қилинмаганини аниқ билишимиз лозим.
5. Шикоятни кимга қарши тақдим қилиш мумкин?
Шикоятни Конвенцияга аъзо давлатга қарши тақдим қилиш мумкин. Алоҳида шахсларга қарши тақдим қилинган шикоятларни Суд кўриб чиқмайди.
Ҳуқуқ ва эркинликларнинг бузилиши давлат муассасалари ёки мансабдор шахслар ва бошқаларнинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги оқибатида содир бўлган бўлиши лозим.
Шунингдек, шикоятни фақат давлатнинг ҳокимият муассасалари ёки мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигидан жабр кўрган шахсгина тақдим қилиши мумкин (шикоятни жисмоний ва юридик шахслар, ноҳукумат ташкилотлари, бир гуруҳ шахслар тақдим қилишлари мумкин).
6. Шикоят қилиш учун расмий шаклни олинг.
Шикоятни фақат расмий шаклда тўлдириш шарт эмас. Расмий шакл фақат шикоятни қандай ёзиш кераклигини англаш учун наъмунадир.
Шикоятнинг расмий шаклини турли жойлардан топиш мумкин. Масалан, Европа Кенгашининг Россия Федерациясидаги Маълумот Марказининг веб-саҳифасидан юклаб олиш мумкин - www.coe.ru.
7. Шикоятни қайси тилда ёзиш мумкин?
Шикоятни Конвенцияни ратификация қилган давлат тилида, масалан, рус тилида ёзиш мумкин. Страсбургда Конвенцияга аъзо бўлган ҳар бир давлатдан келаётган шикоятларни кўриб чиқиш учун алоҳида бўлим бор. Шунингдек, шикоят Европа Кенгашининг расмий тилларидан бирида (инглиз ёки француз тилида) ёзилиши ҳам мумкин.
Суд шикоятни кўриб чиқиш учун қабул қилган пайтдан бошлаб Суд билан инглиз ёки француз тилида ёзишиш лозим бўлади.
8. Европа Инсон Ҳуқуқлари Судига ўзимиз мурожаат қилсак бўладими, ёки фақат бирор вакил орқали мурожаат қилиш керакми?
Шикоятни ўзингиз ёзишингиз ва Судга юборишингиз мумкин.
Суд ишни кўриб чиқиш кунини тайинлагандагина сизга ушбу жараёнда қатнашиш учун вакил керак бўлади.
9. Судга шикоятни қайси манзилга юбориш керак?
Судга ёзилган барча ёзишмаларни қуйидаги манзилга жўнатиш лозим:

The Registrar
European Court of Human Rights
Council of Europe
F-67075 STRASBOURG CEDEX


10. Судга ҳужжатларнинг асл нусхаларини юбориш керакми?
Судга фақат ҳужжатларнинг нусхаларини жўнатишингиз лозим, чунки Судга юборилган ҳужжатлар мурожаат қилувчига қайтарилмайди.



Admin
Admin

Number of posts : 1163
Join date : 04/02/2010

Foydalanuvchi profili http://stopdictatorkarimov.com

Yuqoriga Go down

Avvalgi mavzu Keyingi mavzu Yuqoriga


 
Permissions in this forum:
Bu forumdagi mavzularga javob bera olmaysiz