Форум_Ўзбекистон


Join the forum, it's quick and easy

Форум_Ўзбекистон
Форум_Ўзбекистон
Would you like to react to this message? Create an account in a few clicks or log in to continue.

Давлат тизимларини шакллантириш 2 давлат мисолида

Go down

Давлат тизимларини шакллантириш 2 давлат мисолида Empty Давлат сиёсатидаги 10та энг мўҳим Халқаро стандартлар

Post by Admin Sun Dec 24, 2017 5:06 am

Ўзбекистон янгиланиш йўлига кирар экан, бу ҳақда Президент Мирзиёев қайта-қайта гапирар, халқ уни бундай гаплари учун олқишлар экан биз, фуқаролар, ана ўша янги йўл аслан қандай бўлиши керак деган савол устида ўйлаб кўришимиз лозим.

"Қуруқ қошиқ оғиз йиртар" дейди донишмандлар.
Агар Президент Мирзиёев ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон давлатини ривожланиш йўлига киришини чин юракдан истаса, бу демак нафақат янги фармонлар, янги кадрлар балки бу демак Давлат сиёсатини янгича, замонавий, Халқаро стандартларга жавоб берадиган қилиб ўзгартиришга ҳаракатни бошлашни англатади.

Қуйида мен ривожланган давлатлардаги 10та энг асосий стандартларни келтираман.
Токи ана шу стандартлар қонун даражасида амал қилмас эканлар аҳволни ўзгартириш жуда қийин ва ҳатто имконсиз бўлади.

1. Адолатли ва эркин сайловлар.
2. Сўз ва матбуот эркинлиги.
3. Сиёсий мухолифатга эркинлик.
4. Ошкоралик
5. Эътиқод эркинлиги.
6. Фуқароларнинг чет элга чиқиш ва Ватанга қайтиш эркинлиги.
7. Шаффоф сиёсат
8. Фуқароларнинг Ерга эгалик қилиш ҳуқуқи.
9. Оналар ва болалар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш
10. Уч ҳокимият мустақиллигини таъминлаш:
     а) Қонун ишлаб чиқарувчи ҳокимият (Парламент) мустақиллиги;
     б) Ижроия ҳокимияти мустақиллиги
     в) Суд ҳокимияти мустақиллиги

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Давлат тизимларини шакллантириш 2 давлат мисолида Empty Замонавий президентликми ёки бўлажак диктаторликми?

Post by Admin Fri Mar 02, 2018 11:04 am

Замонавий президентликми ёки бўлажак диктаторликми?

Бугунги дунёда кўплаб яхши ривожланган, давлат ва жамият қурилиши ва ривожланишини демократик изга солган давлатлар бир талай.
У давлатлардаги жамият ривожланиши асосан халқнинг  икки етакчи кучлари қўлида. Улардан бири Ҳукуматда ўтирган сиёсий партиялар ва иккинчилари Мухолифат партиялари.
Токи ҳокимиятнинг асосий бўғинлари бўлмиш Қонун ишлаб чиқарувчи, Ижроия ва Суд ҳокимиятлари ўз ишларини яхши олиб борар ва шу сабабли жамиятнинг ривожланиши кун, ой ва йил сайин доимий равишда ривожланишга қараб кетар экан Мухолифат кучларининг ҳокимиятга келиш имкониятлари паст бўлиб қолаверади.


Шунинг учун улар Ҳокимият кучларининг ҳар қандай соҳада салгина хатоларини кўрсалар дарҳол уни кескин танқид қилишга тушадилар, хатонинг оқибатлари ҳақида фикрлар юритадилар. Сайлов яқинлашганда агар Ҳокимият кучлари йўл қўйган каттаю кичик хатолар сони талайгина бўп қолган бўлса, у ҳолда Мухолифат кучлари ана ўша хатоларни қандай қилиб йўқотиш ва келажакда уларга йўқ қўймаслик учун нималар қилиш лозимлиги ҳақида ўз Дастурларини халққа таклиф қиладилар.


Агар Сайловолди йиғилишларида кўпчилик сайловчиларга Мухолифат кучларининг таклифлари ёқиб қолса, у ҳолда улар ўз овозларини Мухолифат намоёндаларига беришлари ва шу билан кўпчилик овоз олган Мухолифат вакиллари Ҳокимиятга келишлари мумкин.


Сайловда ютқизган собиқ ҳокимият вакиллари эса энди Мухолифат кучларига айланишади.
Ана шу нарса демократиянинг оддий аммо олтин қоидасидир.

Яьни ҳокимиятга ҳамиша халқ танлаган, таклифлари халққа ёққан ва жамиятни ривожлантиришни таьминлайдиган, ундаги хатоларни олдини ўз вақтида оладиган кучлар келишини Адолатли Сайловлар ва кучли қонунларнинг халқ манфаатлари учун бехато ишлашидир.


Ўзбекистон шароитида Мухолифат кучлари бор йўғи 3 йил: 1989-1991 йиллар қонуний равишда фаолият юрита олдилар холос.
Ўша пайтларда мухолифат кучларига ҳадеб ёпишадиган Илом Каримов ўзининг бир гапида “Агар мухолифат ўзининг конструктив таклифлари билан келса биз уларга қарши ҳеч нарса демаймиз аммо улар халқни кўчага олиб чиқиш, тўс тўполонлар уюштириш ишлари  билан шуғулланадилар” деган эди.
Аммо биринчидан бу туҳмат эди, бирорта мухолифат уюштирган намойишларда бирор дарахтнинг шохи синмаган, ҳеч ким бирор шумлик қилмаган эди, чунки мухолифат ўз намойишларини кучли тартиб остида ўтказар эди.

Ўшанда демократиянинг юқорида ёзилган олтин қоидасини тушунмаган Каримов мухолифатдан конструктив таклифлар кутган эди. Ҳолбуки мухолифат ўз таклифларини ҳукуматга эмас халққа таклиф қилишга ҳақли ва шунга маьсулдир- агар сайловчиларнинг ҳурмат ва эътиборини ўзига қаратаман деса.

Шунга қарамасдан, Каримов айнан ўзи ёмонлаган мухолифатнинг кўплаб таклифларини ўғриларча ўзлаштириб олди ва бошида Ўзбекистон СССР таркибида қолиши керак деб мухолифатга қарши курашган Каримов Москвада давлат тўнтариши юз бериб кейин у барбод бўлгач дарҳол Мухолифат 3 йилдан бери кўча намойишлари ва ўз йиғилишларида гапириб келган мустақиллик ҳақида баралла гапира бошлади.


Охир оқибатда натижа шу билан тугадики, мустақилликни байроқ қилиб кўтариб, у учун курашганлар “ватан хоинларига” чиқарилиб, мустақилликка қарши бўлган Каримов ва унинг ялоқхўрлари эшакка ўхшаб, ўзларини тупроққа таппа ташлаб, бир юмалаб  мустақилликнинг қаҳрамонларига айландилар.


Бу гапдан хулоса шуки, мухолифат ўзининг Ҳокимият кучларининг сиёсатидан фарқ қиладиган таклиф ва мулоҳазалари билан мухолифатдир.
Айнан фикрлардаги ўзгачалик, бошқа фикрга мухолифлик бир сиёсий кучни “мухолифат” деб аташга асос беради.


Шу сабаб Каримовга ўхшаб мухолифатдан “конструктив таклифлар” кутиш бу ўзини сиёсий куч сифатида бирор жиддий таклиф кирита олмайдиган гуруҳ эканлигини тан олишни билдиради.
Ана шунинг учун ҳам ривожланган давлатларда мухолифат ўз таклифларини ҳокимият кучларига бермайди балки сайловда халққа- ўз сайловчиларига тақдим қилади.

Аммо бугунги Ўзбекистондаги сиёсий вазият биз, мухолифатчиларга ҳали қонунан, эркин фаолият юритишга имкон бермагани учун мен ўзимнинг айрим фикрларимни мавжуд ҳокимият ва унинг бош раҳбарига билдириб туришни лозим топдим.


Чунки менинг фикрларим халққа қандай кўринишда бўлмасин ёрдам келтириши мумкин бўлса мен уларни истаган кучларга қўш қўллаб топширишга тайёрман зеро мақсад ўзбек жамиятини ривожлантириш. Ҳозирча биз мухолифатчиларда бундай ишларни қонунан қилишни иложи йўқ экан биз уларни шу ишларни қила олиши мумкин бўлган кучларга топширишимиз мумкин ва лозим.

Шу сабабдан мен бугун сал олдинроқ ёзган мақоламда “Президент қошида Махсус Коллегиал Кенгаш (МКК) тузилиши лозим “ деб айтдим (https://forumuzbekistan.forum2x2.ru/t481-topic#1335 ).
Менинг бу ҳақда ёзишимнинг сабаби шундаки, мен жаноб Мирзиёевнинг замонавий президент бўлишга чорлайман ва уни бўлажак диктаторликдан огоҳлантирмоқчиман.
 
МКК тузиш таклифи – бу менинг президент Мирзиёевга тақиқланган мухолифатнинг бир вакили сифатида дўстона таклифим.  
Ундан фойдаланиш эркинлиги тўлиқ президентнинг ўз қўлида.

Фойдаланмаслик ва умуман давлат бошқарувининг секин аста диктатура жарлиги томон сурилиб кетавериши масьулияти ҳам президентнинг ўз қўлида, унинг хоҳиш ва иродасига боғлиқ.
Биз, фуқароларнинг бурчи – ҳар бир инсонни ва айниқса давлат раҳбарларини юз бериши мумкин бўлган хавфу хатарлардан огоҳлантириш.

Президент қошидаги Махсус Коллегиал Кенгаш ва шунга ўхшаш махсус маслаҳат кенгашининг тузилиши ва унинг доим ишлаб туриши президент фаолиятини ривожлантиришга, унинг кундалик фаолиятини самарали  бўлишига хизмат қиладиган бир махсус давлат органидир.
Бундай маслаҳат органи бўлмаган тақдирда президент ўзи билмаган ҳолда диктатура жарлигига сирпаниб кетаверади. Бу жарликка қанчалик чуқур тушиб кетган сайин ундан тепага, тоза ва қаттиқ ерга  чиқиб олиш шу қадар қийинлашаверади.


Диктатура жарлиги бу ҳар қандай давлат раҳбари учун ўта хавфли бир жарлик бўлиб, у чор атрофи қумлардан иборат бўлган улкан ва чуқур чоҳдир.
Бу чоҳга тушганларнинг ҳали бирортаси ўз ихтиёри ва қудрати билан у чоҳдан чиқа ололмаган. Уларга айрим мисоллар Гитлер, Сталин, Чаушеску, Мугабе, Путин, Муборак, Саддам, Қаддофий, Ислом Каримов, Алиевлар, Ассадлар, Кимлар сулоласи ва бошқалардир. Уларнинг бирортасининг на шахсий ҳаётига , нада сиёсий ишларига ҳавас қилиб бўлмайди.  

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Давлат тизимларини шакллантириш 2 давлат мисолида Empty Президент тамойиллари ва Замонавий жамият ҳақида

Post by Admin Tue Mar 13, 2018 11:57 am

Президентнинг Ўзбекистон ривожланишида 5 устувор тамойиллари ва Замонавий жамият ҳақида

Ўзбекистон матбуотида кўп ва хўп гапирилган Президент Мирзиёевнинг Ўзбекистонни келажакда ривожланишидаги  5та устувор йўналиш ҳақида ўқир эканман мени дастлабки таасуротим ва эътиборимни тортган нарсалар мени ажаблантирди. (Президент тамойиллари мана бу ерда: http://uza.uz/oz/documents/zbekiston-respublikasini-yanada-rivozhlantirish-b-yicha-arak-07-02-2017 ).

Бу ўта жиддий ҳужжат бўлмиш Дастурда ҳар қандай замонавий жамият ҳаётида ҳар куни бир неча мароталаб ишлатиладиган қуйидаги айрим сўзларга умуман ўрин берилмаган, улар умуман тилга олинмаган:

Демократия, Инсон, Мухолифат, Мустақил инсонлар, Оналар, Болалар, Қариялар, Ногиронлар, Инсон ҳуқуқлари, Касаба уюшмалари.

Нега бу ўта мўҳим сўзлар Президентнинг Дастурида йўқ?


Ахир Дастурда фуқаровий жамият ҳақида гап юритган жаноб президент нега ана ўша жамиятнинг тамал тошлари бўлган, янги жамиятнинг янги устунларини тиклашда ишлатиладиган тошлар, унинг тобига етказиб пиширилган метиндек мустаҳкам ғиштлари ҳақида лом мим демаган?

Бу ғиштларсиз қандай қилиб янги, замонавий, кучли ва адолатли жамият биносининг устунлари ва деворларини қура оламиз?

Эски жамиятнинг  лойдан ясалган ва нураб тушаётган устунлари ва деворлари  ўрнига яна қайтадан лойдан ясалган деворлару хом ғиштлардан қурилган устунларни тикка қиламизми?

Энди масаланинг иккинчи томонига қарасак, Демократия, Мустақил инсонлар, Мухолифат, Инсон ҳуқуқлари, Касаба уюшмалари деган  сўзлар ортида ҳар қандай жамиятнинг моторлари бўлган кучли инсонлар, жамият фаоллари туришини нега Президент ҳам, унинг ана шу Дастурини тайёрлашда ёрдам берган маслаҳатчилари ҳам тан олишмаган?

Ўзбекистоннинг янги президенти “Мен янги  сиёсат юргизаман” деб турли анжуманларда куйиб – пишиб гапиряптию аммо ана шу янги сиёсатнинг устувор йўналишларини аниқлашда демократик тамойилларни, фуқаровий жамиятнинг тамал тошларини умуман унутиб қўйибди.
Нега шундай бўлган?

Бундай жиддий сиёсий хатоларга йўл қўйилишини тушуниш кўпчилик инсонларга қийин бўлиши мумкин. Аммо замонавий сиёсатдан сал хабардор бўлган инсонлар бу хатоларнинг келиб чиқиш сабабларини тезда тушуниб оладилар.

Шахсан менинг холисона фикримча бундай жиддий хатоларга йўл қўйилишига қуйидагилар сабаб бўлган:
1. Афсуски Президент юқорида келтирилган ва ҳар қандай фуқаровий жамиятга мос бўлган тамал тошлар ҳақида чуқур ва етарли тасаввурга эга эмас.
2. Дастурни тайёрлашда ёрдам берган маслаҳатчиларнинг ҳам сиёсий билимлари ўта паст.
3. Замонавий жамиятнинг юқорида келтирилган мўҳим тамал тошлари ҳақида Ўзбекистон жамиятида узоқ йиллар гапирилмай келинган. Бу масалалар ҳақида гапирган мухолифат вакиллари, инсон ҳуқуқлари курашчилари ва журналистлар қатағонга учраганлар.
4. Бугун замонавий жамиятнинг бу тамал тошлари ҳақида гапириш учун эса ҳар бир расмий сиёсатчида ўтган даврда йўл қўйилган хатоларни тан олиш учун  журьат ва мардлик бўлиши лозим. Афсуски бундай хусусият мавжуд олий сиёсатчилар даврасида кўринмаяпти ҳам, уларнинг овозлари эшитилмаяпти ҳам.
5. Демак ҳозирча бу каби мўҳим сўзларни ўзбек жамиятида баралла гапиришга вақт етилгану аммо на раҳбарлар, на фуқаролар етилмаган.


Ҳазратқул Худойберди
2018.03.13

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Давлат тизимларини шакллантириш 2 давлат мисолида Empty Швеция: Фаровон ва бахтиёр ҳаёт. Сабаб ва оқибатлар

Post by Admin Fri Mar 16, 2018 5:56 am

Швеция: Фаровон ва бахтиёр ҳаёт. Сабаб ва оқибатлар.

Маълумки, дунёдаги 220 давлатдан 180тасида олиб борилган текширишлар натижасида аҳолиси энг бахтли ва фаровон яшайдиган давлатлар ичида Швеция биринчи учликдан жой олган.

Инсоният ўзининг бир неча юз минг йиллик тарихи давомида бир қоидага риоя қилиб келади:
Ҳар қандай ишда, яшаш услубида ва соҳада инсонлар ривожланиш учун энг яхши мисолларни излайдилар ва улардан ўрнак олиб ўзлари ҳам ўшандай яхши яшашга интиладилар.


Айримлар ўзи севган касбнинг устасига шогирд тушади, баъзи талантли инсонлар турли усталарнинг ишларини ўрганиб кейин уларни янада ривожлантириш йўлларини излашади, учинчилар эса биргаликда, махсус ўқув юртларида турли давлатлар ва жамиятлардаги ҳаёт ва улардаги яхши мисолларни ўқиб ўрганиш орқали ўз ҳаётларини яхшилайдилар.

Айниқса улкан муаммолар ва масалаларда тўғри ечимлар топиш ва муваффақиятга эришиш учун бошқа одамлар, халқлар ва давлатлар қандай йўллар билан ўша ўхшаш муаммо ва масалаларни ҳал қилишганини ўрганишади ва кейин ўша ечимларни қўллаш орқали ўз муаммоларини ҳал қилишади. Донишлар айтгандек
"Сўраб ўрганган олим, сўрамаган ўзига золим".

Ўзбекистон бугун бир неча ўн йилликка чўзилган аггравация, яьни қотиб қолган сиёсат занжирларини бирин кетин узиб, секин аста янги ривожланиш йўли томонга қараб дадил қадамлар қўймоқда.
 
Совет Иттифоқи қулаши ва Ўзбекистон мустақил бўлиши учун кўп ҳаракат қилган Ўзбекистон демократик мухолифати кучлари 1989 йилдаёқ дунёнинг энг ривожланган давлатларидан андоза олиб эркинлик, тенглик ва қонунлар устивор бўлган адолатли жамият қуриш учун қаттиқ курашди.

Аммо ўша пайтда ҳамон Совет Иттифоқининг бир мустамлака ери бўлган ўзбек жамиятида мухолифатнинг ҳаракатлари Москва томонидан тайинланган Каримов ҳукуматининг кескин қаршиликларига дучор бўлди.

Ўзбекистоннинг янги дунёга янги кучлар билан кириб келиши чорак аср орқага итариб юборилди, мухолифатнинг энг кучли фаоллари жисмонан йўқ қилиндилар, қолганлари жонларини сақлаб қолиш учун ортга чекинишга мажбур бўлдилар, янги ҳаёт ва ривожланиш ҳақида гап очадиганлар ҳокимиятнинг босими остига ва назоратга олиндилар.


Ниҳоят бундай нотўғри сиёсатнинг бошида турган диктатор Каримов ўз ажали билан ўлгач мамлакатда янгича, замонавий сиёсат юргизишга имкониятлар туғилди.


Ҳали ҳанўз мухолифат ҳақида ҳатто бир оғиз сўз айтишга чўчиётган Президент ва унинг маслаҳатчилари барибир , секин аста янгича фикрлаш ва янгича яшашга мажбур бўлишларини ҳисобга олиб мен Ўзбекистон ниҳоят ривожланиш йўлига ўтишида нималарга эътибор бериши кераклигини айтиб ўтмоқчиман.

Юқорида айтганимдек, ҳар қандай соҳада инсонлар ривожланиш учун энг яхши мисолларни излайдилар ва улардан ўрнак олиб ўзлари ҳам ўшандай яхши яшашга интиладилар.  

Мен қуйида дунёдаги энг ривожланган ва халқлари бахтиёр ва фаровон яшаётган Швеция мисолида қандай қилиб фаровонликка эришиш мумкин, бу учун жамиятда нималарни қандай қилиш кераклигини конкрет мисоллар ёрдамида ҳикоя қилмоқчиман.


Швеция демократиясидан бир мисол.
Швецияда ҳар 4 йилда бир марта Парламентга эркин ва чинакамига адолатли сайловлар ўтказилади.

Мамлакатда Парламент сайловларида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган(яьни сайловчиларнинг камида 4 фоизининг овозларини ола билган)8та партия бор, улардан 4таси ҳукумат партиялари ва уларнинг тарафдорлари, 4таси эса мухолифат партиялари.

3 мухолифат партиялари бирлашган ҳолда бир умумий сиёсат олиб боришга ва шу йўл билан сайловларда ғалаба қозониш орқали ҳукуматга келишга уринадилар. Бир мухолифат партияси иқрчи бўлгани учун у яккаланиб қолган аммо у мухолифат партиялари ичида сиёсий куч сифатида (яьни сайловчилардан олган овозлар кўплиги жиҳатидан) 2нчи ўриндадир.

Бугунги мухолифат ўтган сайловларда енгилган собиқ ҳукумат партияларидир.
Ва бугунги ҳукумат партиялари ўтган сайловгача мухолифатда бўлган партиялардир.

Агар келаси сайловларда мухолифат партияларининг бирлашмаси бугунги ҳукумат партияларини енгишса у ҳолда бугунги мухолифат ҳукумат партияларига айланишади ва бугунги ҳукумат партиялари яна мухолифат партияларига айланишади.

Сиёсатнинг ана шу тегирмон тоши бир неча юз йиллардан бери бир маромда, айни усулда айланиб келмоқда.

Айни шу усул бу давлатнинг сиёсати тўғри эканлигини ва шу сабаб унинг халқи бугунги фаровонликка эришганини исбот қилмоқда.


Энди давлат тизимининг асосий органларига эътибор берсак:

Швеция расман қироллик деб аталгани билан у парламентар бошқарувга эга. Бу дегани сайловларда ютиб чиққан партия ёки партиялар бирлашмаси мамлакатни бошқарув тизимларини 4 йил, яьни келаси сайловларгача ўз қўлига олади.

Кейин сайловда ким ютса бошқарув тизимлари ўша партия ёки бирлашмага топширилади. Оддий ва олтин қоида!

Мухолифат парламентдаги 349 ўриннинг яримидан сал кам жойларни эгаллаган, айни пайтда Ҳукумат партиялари ва уларни қўлловчи партия вакиллари бу жойларнинг яримидан сал кўпини эгаллашган.

Парламентнинг раиси ҳукмрон партиянинг вакили аммо унинг 4 ўринбосаридан 2таси мухолифат вакилидир.

Парламентда 15та Қўмита бор ва улар Парламентнинг моторлари ҳисобланади. Айнан ана ўша Қўмиталар турли туман қонунларнинг лойиҳалари тайёрлаб, кейин уларни Парламент муҳокамасига олиб чиқишади.

Бу Қўмиталарнинг кўпчилинини раислари яна мухолифат партияларининг вакилларидир!
Швеция Парламенти/Риксдаг мисолидаёқ мамлакат ва швед жамияти ҳаётида мухолифат кучларининг аҳамияти нақадар буюклигини кўриш мумкин.
(Давоми бор)

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Давлат тизимларини шакллантириш 2 давлат мисолида Empty Re: Давлат тизимларини шакллантириш 2 давлат мисолида

Post by Sponsored content


Sponsored content


Back to top Go down

Back to top

- Similar topics

 
Permissions in this forum:
You cannot reply to topics in this forum