Форум_Ўзбекистон


Join the forum, it's quick and easy

Форум_Ўзбекистон
Форум_Ўзбекистон
Would you like to react to this message? Create an account in a few clicks or log in to continue.

Буюк бобокалонларимиз ижодларидан

Go down

Буюк бобокалонларимиз ижодларидан  Empty Буюк бобокалонларимиз ижодларидан

Post by Admin Tue Dec 15, 2015 3:34 am

Абу Бакр Ал Хоразмий
шеърларидан намуналар( Ҳусниддин Шарипов таржималари).

Гар шикоят айласанг соч оқидан, туҳмат бўлур,
Бўлса оқ сочинг экин, умринг уруғдир ҳар қалай.

У шаробдир, кайфи бирлан жалб этар доим сени,
Сўнг кулиб кайфдан, шаробни мадҳ этармиз ўйламай.

Бу танбал ҳожатида бўлма ҳамроҳ,
Фасоддан неча солиҳ бўлди гумроҳ.

Сўнар кул бирла қоришганда чўғ ҳам,
Мараз соғ танга сингиб, чектирар оҳ.

Агар ёв бирла дуч келсанг, матонат айлагин зоҳир,
Бўлурсан, сустлигинг ошкор этиб, тупроққа тенг охир.

Кўрар қўлларда эъзоз кўркка тўлган фаслида райҳон,
Кўрар ахлат аро ул ўзини қолган чоғда бесоҳир.
----------------------------------------------------------

ҲИКМАТЛАР

Қалбаки мақташ ҳақоратлашдир, пойдеворсиз қурилган бино қулайди.

* * *

Сабабсиз узр гуноҳдир, ишонч йўқолиши билан қилинган такаллуф ҳақоратдир.

* * *

Ғазаб ҳурматни унутади, яхшиликларни кўмиб юборади ва гуноҳсизлар учун жиноятлар вужудга келтиради.

* * *

Инсон эҳсони билан, эҳсон султони билан, султон замони билан, замон имкони билан, имкон эса маконини белгилаб бериши билан.

* * *

Дунё — совчиси кўп келин, подшоҳлик—харидорга сероб бир мол.

* * *

Кишиларга маълум бўлмаса ҳам, ҳақиқат ҳақиқатдир, кўр кўрмаса ҳам, кундузи кундузидир.

* * *

Эҳтиётсиз (қилинган) дори-дармон касалликдир, унга ҳожат тушгандагина шифо бўлади.

* * *

Унутилган жойда эсга тушириш (бўлади), эрк берилган жойда қозига рўпара бўлинади.

* * *

Нафс ўз тузилишига мойилдир, қуш ўз зотига тортади.

* * *

Хира кўзнинг гуноҳи зулматни севиш ва ёруғликни ёмон кўришдан (иборат).

* * *

Олижаноб (киши) зафарининг каромати (шундаки), агар қўлга киритса, (бошқаларга) беради, пасткаш зафарининг қабиҳлиги шундаки, қўлга киритса, яна (кўпроқ) киритишни истайди.

* * *

Дангасанинг ҳожатида унга ҳамроҳ бўлма, қанча содиқ кишилар бошқанинг фасоди билан бузилиб кетадилар.

* * *

Коса ва чўнтакнинг иккаласини (баробар) тўлдиришга ҳукм қилинмаган, косани тўлдириш учун чўнтакни бўшатиш керак.

* * *

Қарамли киши таҳқирланса ҳам азиздир. Карамли киши гўзаллик билан савдо қилади, мол билан савдо қилмайди.

* * *

Ота-оналар икки хил: туғилиш отаси ва таълим бериш отаси; биринчиси жисмоний ҳаёт сабабли, иккинчиси руҳий ҳаёт сабабли.

* * *

Душманларга матонатни зоҳир қилиш сенга (лозим), ўзингдаги сустликни ҳеч зоҳир этмагин, (у вақтда) сен таҳқирланиб қоласан.

* * *

Райҳонни кўрганмисан? Кўкариб турганда уни ҳидлашади, қачон туси ўзгарса, таҳоратхонага ташлаб юборишади.

* * *

Китобга рашк (қилиш) карамли ишлардан, балки у оилага рашк қилишнинг ҳамшираси.

* * *

Агар эр кишини хавотирлик ипи кишанлаб қўйган бўлса, орзу-умид улови томон қўзғололмайди.

* * *

Далил кўрсатишдан мағлуб бўлган (киши) ҳамма нарсани айтиб беради, ғарқ бўлаётган эса ҳар бир ипга осилишга уринади.

* * *

Ақлли киши икки ёмон ишдан яхшисини танлаб олади ва иккита ишончли кишининг энг адолатлисига ён босади.

* * *

Карамли (киши) гўзаллик билан савдо қилади, мол билан савдо қилмайди.

* * *

Олижаноб (одам)нинг ҳиммати унинг камбағалликдан ҳимоя қилувчиси ва қисматига қарши қуролдир.

* * *

Иқрор бўлган кишига (қилинган) авф қаттиқ туриб талаб қилган кишига (қилинган) авфдан тезроқдир.

* * *

Инсоннинг келиб чиқиши тақозо қилган нарсага қандай қилиб у қаршилик қила олади, тупроғи ёмон бўлгандан кейин (қандай қилиб) ҳосил яхши бўла олади?

* * *

Даҳр қарздор, эҳтимол у ваъдасига вафо қилар, замона ҳомиладор, эҳтимол у эгизак туғар.

* * *

Муҳаббат ҳар қандай қиммат нарсанинг баҳосидир ва ҳар қандай юқори нарсанинг шотисидир.

* * *

Давр хоинлик қилгандан кейин вафо қилади, синдиргандан кейин тузатади, гуноҳдан кейин тавба қилади, ҳақорат қилгандан кейин тақдирлайди.

* * *

Мақсадга ортиқча интилиш ундан кейин қолишдир, етарликдан зиёдаси унинг кам (бўлишидир).

* * *

Қариндош қариндошнинг биродари, адиб адибнинг бир дарахт илдизидан кўкарган шохи.

* * *

Қилич аъзонинг қувватига қараб санчилади, от эса минган кишининг ҳолига қараб чопади.

* * *

Раҳбарлик (қилиш) тобеларнинг кўплигига боғлиқ, тобеларнинг кўп (бўлиши) хайру саҳоватнинг кўп бўлишига боғлиқ.

* * *

Қаерда рағбатлантириш бўлса, умид шу томонга йўл олади. Қаерга дон сепилса, шу ерга қуш қўнади.

* * *

Агар ҳокимиятда адолат ҳукм сурмаса, у инқирозга юз тутади.

* * *

Чопқир от урилса қоқилади, кескир шамшир зўр-зўракай (урилса), кесмайди, ростгўй тил ёлғон сўзласа, тутилиб қолади.

* * *

Кичикка мурувват энг латиф ва энг ёқимли бўлади, худди озгина сув энг ширин ва мазали бўлганидай.

* * *

Адабнинг меваси катта ақлдир, илмнинг меваси яхши амалдир.

* * *

Эҳсон эшиги унга киришни хоҳлаганлар учун очиқдир, мурувват қилишни хоҳлаган киши учун унинг иҳота қилинган жойи бемалалдир.

* * *

Карамли (киши) учун тўсиқ йўқдир, унинг олдидан эшик беркитилмайди ҳам.

* * *

Яхши кўрган китобни ўқиш қайғу заҳарига қарши доридир.

* * *

Фаровонликка шукр (қилиш) болага сабр (қилиш) дан осонроқдир, саломатликни сақлаш дардни даволашдан енгилроқдир.

* * *

Султоннннг оз (нарсаси) ҳам кўпдир, у билан муомала қилиш (учун) эҳтиёткорлик ва тадбир (керак), унинг (айбини) очиш алданиш ва алданишдир.

* * *

Бўҳтончидан кўра унга қулоқ солган киши ёмонроқдир, ёмон матодан уни қабул қилган киши ёмонроқдир.

* * *

Муҳаббат (сувидаги) хас-хашакларга бардош берилмаса ва унинг лойқа сувларини ичилмаса, унда яхшилик бўлмайди.

* * *

Сўзнинг энг яхшиси зиддига қарши чиқилишидан роҳатланиш, ҳазил ва жиддийлигидан хурсанд бўлишдир.

* * *

Иқболдан қалинроқ сатри-аврат бўлмайди, ишончдан қулайроқ шофе бўлмайди.

* * *

У туфайли йиғлаш мумкин бўлмаган калтак унинг энг оғритадиганидир, боланинг энг кучлиси уни шикоят енгиллаштиролмаганидир.

Ҳикматлар Хуршид Даврон саҳифасида келтирилган “Ўзбек педагогикаси антологияси”дан олинди.
http://kh-davron.uz/rivoyatlar/abu-bakr-al-xorazmiy-hayoti-va-ilmiy-faoliyatisherlari-va-hikmatlaridan-namunalar.html?utm_source=twitterfeed&utm_medium=facebook

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Буюк бобокалонларимиз ижодларидан  Empty Алишер Навоий

Post by Admin Tue Dec 15, 2015 3:51 am

Оразин ёпқоч кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғоч қуёш

Қут бир бодому ерим гўшан меҳроб эди,
Ғорати дин этти ногаҳ бир балолиқ кўзу қош.

Бу дамодам оҳим ифшо айлар ул ой ишқини,
Субҳнунг бот-бот дами андоғки айлар меҳр фош.

Бўсаэ қилмас мурувват, асру қаттиқдур лабинг,
Десам оғзи ичра айтур лаъл ҳам бор навъ тош.

Новакинг кўнглимга киргач жон талашмоқ бу экин,
Ким қилур пайконини кўнглум била жоним талош.

Умри жовид истасанг фард ўлки, бўстон Хизридур,
Сарвким даъб айлади озодалиқ бирла маош.

Қоши оллинда Навоий берса жон, айб этмангиз,
Гар будур меҳроб, бир-бир қўйгусидир барча бош.
-------------------------------------------------------------------------
АРО КЎЗУМ

Қаро кўзум, келу мардумлуғ эмди фан қилғил,
Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил.

Юзунг гулига кўнгул равзасин яса гулшан,
Қадинг ниҳолиға жон гулшанин чаман қилғил.

Таковарингға бағир қонидин ҳино боғла,
Итингға ғамзада жон риштасин расан қилғил.

Фироқ тоғида топилса туфроғим, эй чарх,
Хамир этиб яна ул тоғда кўҳкан қилғил.

Юзунг висолиға етсун десанг кўнгулларни,
Сочингни бошдин-аёғ чин ила шикан қилғил.

Хазон сипоҳига, эй боғбон, эмас монеъ
Бу боғ томида гар игнадин тикан қилғил.

Юзида терни кўруб ўлсам, эй рафиқ, мени
Гулоб ила юву гул баргидин кафан қилғил.

Навоий, анжумани шавқ жон аро тузсанг,
Анинг бошоғлиғ ўқин шамъи анжуман қилғил.

-------------------------------------------------------------
ЎН САККИЗ ЁШ ҲАЙРАТЛАРИ

Ўн саккиз минг олам ошуби агар бошиндадур,
Не ажаб, чун сарвинозим ўн саккиз ёшиндадур.

Деса бўлғайким, яна ҳам ўн саккиз йил ҳусни бор,
Ўн саккиз ёшина мунча фитнаким бошинадур.

Ўн саккиз йил дема, юз саксон йил ўлса, улдурур,
Ҳусн шоҳи, ул балоларким, кўзу қошинадур.

Ҳайрат этмон ҳусни нақшидаки, ҳар ҳайратки, бор,
Барчаси эзид таоло сун`и наққошинадур.

Тан анга сийму ичина тош музмар кўнглидин,
Ақлға юз ҳайрат, ул ойнинг ичу тошинадур.

Май кетур, эй муғки, юз ҳайрат аро қолмиш Масиҳ,
Бул ажабларким, бу эски дайр хуффошиндадур.

То Навоий тўкти ул ой фурқатидин баҳри ашк,
Ҳар қачон боқсанг, қуёш акси анинг ёшиндадур.

МУБТАЛО БЎЛДИМ САНГА

Кўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санга,
Не балолиғ кун эдиким, ошно бўлдум санга.

Ҳар неча дедимки кун-кундин узай сендин кўнгул,
Ваҳки, кун-кундин батаррак мубтало бўлдум санга.

Мен қачон дедим: "Вафо қилғил манга" зулм айладинг,
Сен қачон дединг: "Фидо бўлғил манга" бўлдим санга.

Қай пари пайкарга дерсен телба бўлдунг бу сифат,
Эй пари пайкар, не қилсанг қил манга, бўлдум санга.

Эй кўнгул, тарки насиҳат айладинг овора бўл,
Юз бало етмаски, мен ҳам бир бало бўлдум санга.

Жоми Жам бирла Хизр суйи насибимдур мудом,
Соқиё, то тарки жоҳ айлаб гадо бўлдум санга.

Ғусса чангидин навоэ топмадим ушшоқ аро,
То Навоийдек асиру бенаво бўлдум санга.

ЛАБЛАРИНГКИМ ҲАЙФ ЭРУР...

Лабларингким ҳайф эрур тенг тутмоқ они қанд ила,
Синдирур юз қанд бозорини шаккар ханд ила.

Токи ҳайронмен сенга номус ила итмиш кўнгул,
Телба янглиғким, қочар эл ғофил ўлғач банд ила.

Одам ул соатки жаннат ичра авлодин кўрар,
Не қувонғай дам-бадам сен нозанин фарзанд ила.

Қўй насиҳат, зоҳидо, ўтлуғ дамимдин ваҳм қил,
Телба ит имкони йўқтурким, соғалғай панд ила.

Ҳожатингни элга арз этмакка ҳожат бўлмасун,
Хуш чиқишсанг лаҳзани бу зори ҳожатманд ила.

Лабларинг ҳажринда юр паркандким бўлмиш кўнгул,
Лаъл эрур маҳлул қон ўрниға ҳар парканд ила.

Чун Навоий кўнгли синди, эмди лутфинг не асиғ?
Ким ушатса шишани битмас яна пайванд ила.

ОШИҚ ЎЛДУМ

Ошиқ ўлдум, билмадим ёр ўзгаларга ёр эмиш,
Оллоҳ-оллоҳ, ишқ аро мундоқ балолар бор эмиш.

Қаддиға эл майли бўлғондин кўнгул озурдадур,
Ул алифдин зорларнинг ҳосили озор эмиш.

Элга новак урди, мен ўлдим эрур бу турфаким,
Жоним этган реш эл бағриға кирган хор эмиш.

Риштаким, муҳлик ярам оғзиға тиктим англадим,
Ким кафан жинси қироғидин сувурган тор эмиш.

Кўйи деворидин оғриқ танға тушган соядек,
Сел ғамидин эмди соя ўрниға дилдор эмиш.

Жонға тахвиф айладим тиғи ҳалокидин анинг,
Билмадим бу ишдин ул ўлгунча миннатдор эмиш.

Эй Навоий, хўбларни кўрма осонлиғ билан,
Ким биравким солди кўз, узмак кўнгул душвор эмиш.

ИСТАДИМ

Қон ютуб умри жаҳон аҳлида бир ёр истадим,
Лекин ул камрак топилди, гарчи бисёр истадим.

Кимга ким жоним фидо айлаб соғиндим дам-бадам,
Эрмас эрди ёрлиқда чун вафодор истадим.

Билмадим олам элида йўқтурур мутлақ вафо,
Ваҳки, умри улча йўқтур соғиниб ёр истадим.

Улки, топилмас башар жинсида ваҳ ғафлат кўрунг,
Ким пари хайлида мен девонаи зор истадим.

Сирри ишқимни кўнгул кўз бирла фош этмак не тонг,
Қалбу тардоманни мен чун соҳиб асрор истадим.

Шайх бирла хонақаҳдин чун ёруғлуқ топмадим,
Дайр пири хизматиға кўйи хаммор истадим.

Эй Навоий, чун рафиқи топмадим, бу ғуссадин,
Ўзни бекаслик балосиға гирифтор истадим.

МEНИ МEН ИСТАГАН КИШИ...

Мени мен истаган ўз суҳбатига аржуманд этмас,
Мени истар кишининг суҳбатин кўнглум писанд этмас.

Не баҳра топқамен андинки, мендин истагай баҳра,
Чу улким баҳраи андин тилармен баҳраманд этмас.

Нетай ҳуру пари базминки, қатлим ё ҳаётимға,
Аён ул заҳр чашм айлаб ниҳон, бу нўшханд этмас.

Керакмас ой ила кун шакликим, ҳусну малоҳатдин,
Ичим ул чок-чок этмас, таним ул банд-банд этмас.

Керак ўз чобуки мажнунваши қотил шиоримким,
Бузуғ кўнглумдин ўзга ерга жавлони саманд этмас.

Кўнгул уз чарх золидин, фирибин емаким, охир
Ажал сарриштасидин ўзга бўйнунгға каманд этмас.

Ул ой ўтлуғ юзин очса, Навоий тегмасун деб кўз,
Муҳаббат тухмидин ўзга ул ўт узра сипанд этмас.

КEЧА КEЛГУМДИР ДEБОН…

Кеча келгумдир дебон ул сарви гулрў келмади,
Кўзларимга кеча тонг отқунча уйқу келмади.

Лаҳза-лаҳза чиқтиму чектим йўлида интизор,
Келди жон оғзимғаву ул шўхи бадхў келмади.

Оразидек ойдин эрканда гар этти эҳтиёт,
Рўзгоримдек ҳам ўлғонда қоронғу келмади.

Ул париваш ҳажридинким йиғладим девонавор,
Кимса бормуким анга кўрганда кулгу келмади.

Кўзлариндин неча сув келгай деб ўлтурманг мени,
Ким бори қон эрди келган бу кеча сув келмади.

Толиби содиқ топилмас, йўқсаким қўйди қадам,
Йўлғаким аввал қадам маъшуқа ўтрў келмади.

Эй Навоий, бода бирла хуррам эт кўнглунг уйин,
Не учунким бода келган уйга қайғу келмади.

ЖОНҒА ЧУН ДEРМEН

Жонға чун дермен: «Не эрди ўлмаким кайфияти?»
Дерки: «Боис бўлди жисм ичра маразнинг шиддати».

Жисмдин сўрсамки: «Бу заъфингға не эрди сабаб?»
Дер: «Анга бўлди сабаб ўтлуқ бағирнинг ҳирқати».

Чун бағирдин сўрдум, айтур: «Андин ўт тушти манга
Ким, кўнгулга шуъла солди ишқ барқи офати».

Кўнглума қилсам ғазаб, айтурки: «Кўздиндур гунаҳ,
Кўрмайин ул тушмади бизга бу ишнинг туҳмати».

Кўзга чун дерменки: «Эй, тардомани юзи қаро,
Сендин ўлмиш телба кўнглумнинг балою ваҳшати».

Йиғлаб айтур кўзки: «Йўқ эрди манга ҳам ихтиёр
Ки, кўрунди ногаҳон ул шўхи маҳваш талъати».

Эй Навоий, барча ўз узрин деди, ўлгунча куй
Ким, санга ишқ ўти-ўқ эрмиш азалнинг қисмати.

ХИЛЪАТИН ТО АЙЛАМИШ…

Хилъатин то айламиш жонон қизил, сориғ, яшил,
Шуълайи оҳим чиқар ҳар ён қизил, сориғ, яшил.

Гулшан эттим ишқ саҳросин самуми оҳдин
Ким, эсар ул дашт аро ҳар ён қизил, сориғ, яшил.

Шишадек кўнглумдадур гулзори ҳуснунг ёдидин,
Тобдоннинг аксидек алвон қизил, сориғ, яшил.

Оразу холинг била хаттинг хаёлидин эрур
Кўзларимнинг оллида даврон қизил, сориғ, яшил.

Лаългун май тутқил олтун жом бирла сабзада
Ким, булардин яхши йўқ имкон қизил, сориғ, яшил.

Фақр аро беранглиқ душвор эрур беҳад, валек
Хирқада тикмак эрур осон қизил, сориғ, яшил.

Эй Навоий, олтину шингарфу зангор истама,
Бўлди наминг рангидин девон қизил, сориғ, яшил.

ИСТАНГИЗ

Истаганлар, бизни саҳрои балода истангиз,
Водийи ҳижрон ила дашти фанода истангиз.

Вомиқу, Фарҳоду Мажнундеклар ул водий аро
Бўлсалар пайдо, мени ҳам ул арода истангиз.

Юз аларнинг ишқича дарду, балоу ғуссаға
Толиб эл бошиға келган можарода истангиз.

Эйки, истарсиз саводул важҳ фиддорайидин,
Бохабар бўлмоқ мени юзи қарода истангиз.

Кўнглим ул зулф ичрадур, зинҳор ишқим шарҳини
Истаманг мен телбада, ул мубталода истангиз.

Нуқта янглиғким, вафо узра қилур котиб рақам,
Ишқ ўтининг доғини аҳли вафода истангиз.

Оғзи шавқидин Навоий итти, они истар эл,
Ё адам даштида, ё мулки фанода истангиз.

КEЛГАЙ

Не кун ўлғайки, нигорим келгай,
Боғи умрумда баҳорим келгай.

Умр боғида баҳор улдурким,
Сарвқад лолаузорим келгай.

Ил гадо жониға ўт тушкайким,
Олғали шамъи мазорим келгай.

Кўйида итти кўнгул, ваҳ, қачон ул
Масти девонашиорим келгай.

Қани майким, чу ичиб маст ўлсам,
Кўкка туз боққали орим келгай.

Эй Навоий, тиламон ҳуру пари,
Шояд ул базмда ёрим келгай.

Рубоийлар


КЎЗ БИРЛА ҚОШИНГ ЯХШИ

Кўз бирла қошинг яхши, қабоғинг яхши,
Юз бирла сўзинг яхши, дудоғинг яхши.
Энг бирла менгинг яхши, сақоқинг яхши,
Бир-бир не дейин боштин-аёғинг яхши.

ГАР ОШИҚ ЭСАНГ

Гар ошиқ эсанг меҳру вафо қилма ҳавас,
Дард истаю дафъиға даво қилма ҳавас.
Ҳижрону висол мутлақо қилма ҳавас,
Дилдорингдан ғайри ризо қилма ҳавас.

ЗОҲИД СEНГА…

Зоҳид, сенга – ҳур, манга – жонона керак,
Жаннат – санга бўлсун, манга – майхона керак.
Майхона аро соқию паймона керак,
Паймона неча бўлса тўла, ёна керак.

УМРИ АЗИЗ

Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз,
Сондин сени кўп севармен, эй умри азиз.
Ҳар неники севмак ондин ортуқ бўлмас,
Ондин сени кўп севармен, эй умри азиз.

ХУШЛУҚ

Ким кўрди экин жаҳонда оё хушлуқ,
То бир киши айлагай таманно хушлуқ.
Юз йилда агар бир ўлса пайдо хушлуқ,
Омодадур ёнида юз нохушлуқ.

ЖОНИМДАГИ "ЖИМ"

Жонимдаги "жим" икки долингға фидо,
Андин сўнг "алиф" тоза ниҳолингға фидо,
"Нун"и доғи анбарин ҳилолингға фидо,
Қолғон ики нуқта икки холингға фидо.

ЎПАЙ

Дедим: Зақанинг тутуб сақоғингни ўпай,
Кўз-қошингга суртубон қабоғингни ўпай,
Гулдек юзинг ислабон дудоғингни ўпай,
Йўқ, йўқ, йўқ, агар десанг, аёғингни ўпай.


Туюқлар

Ё ЛАБМУДУР

Ё раб,ул шаҳду шакар ё лабдурур,
Ё магар шаҳду шакар ё лабдурур.
Жонима пайваста новак отқали,
Ғамза ўқин қошига ёлабдурур.

БОРМОҒИН

Неча дедим ул санамға: Бормоғин!
Қилмади ул тарк охир бормоғин;
Мунчаким худройлиқ кўргузди ул,
Ақл ҳайрат қилди тишлаб бармоғин.

ОЛМАНГИЗ

Пардани рухсорасидан олмангиз,
Ҳоҳақ ўлтурди мени шул олмангиз;
Гар анористонға сунса илгини,
Айтур: - Ул турсун,амонат,олмангиз!

ЁҚИЛУР

Лаълидин жонимға ўтлар ёқилур,
Қоши қаддимни жафодин ё қилур;
Мен вафоси,ваъдасидин шодмен,
Ул вафо, билманки, қилмас, ё қилур.

ОЛМАНИ ОТТИ НИГОРИМ

Олмани отти нигорим, "ол",-деди
"Олма бирла бу кўнгилни ол",-деди
Сўрсам эрса оламсини рангини
"Олма рангин не сўрурсан, ол",-деди

ФАРҲОД ВА ХИСРАВ АЙТИШУВИ

Деди: қайдинсен эй мажнуни гумраҳ?
Деди: мажнун ватандин қайда огаҳ.

Деди: недур сенга оламда пеша?
Деди: ишқ ичра мажнунлиқ ҳамиша.

Деди: бу ишдан ўлмас касб рўзи,
Деди: касб ўлса басдур иш сўзи.

Дедиким: ишқ ўтидин де фасона!
Деди: куймай киши топмас нишона.

Дедиким: куймакингни айла маълум!
Деди: андин эрур жоҳ аҳли маҳрум!

Деди: қай чоғдин ўлдунг ишқ аро маст?
Деди: руҳ эрмас эрди танға пайваст.

Деди: бу ишқдин инкор қилғил!
Деди: бу сўздин истиғфор қилғил!

Деди: ошиққа не иш кўп қилар зўр?
Деди: фурқат туни ишқи балошўр.

Деди: ишқ аҳлининг недур ҳаёти?
Деди: васл ичра жонон илтифоти.

Дедиким: Дилбарингнинг де сифотин!
Деди: тил ғайратидин тутмон отин!

Дедиким: ишқиға кўнглунг ўрундур?
Деди: кўнглумда жондек ёширундур.

Деди: васлиға борсен орзуманд?
Деди: бормен хаёли бирла ҳурсанд.

Деди: нўши лабидин топқай эл баҳр?
Деди: ул нўшдин эл қисмидур заҳр.

Деди: жонингни олса лаъли ёди?
Дедиким: ушбудур жоним муроди.

Деди: кўксунгни гар чок этса бебок?!
Деди: кўнглум тутай ҳам айла деб чок.

Деди: кўнглунг фидо қилса жафоси?
Деди: жонимни ҳам айлай фидоси.

Дедиким: ишқдин йўқ жуз зиён буд.
Деди: бу келса савдо аҳлиға суд.

Деди: бу ишқ тарки яхшироқдур!
Деди: бу шева ошиқдин йироқдур!

Деди: ол ганжу қўй меҳрин ниҳоний,
Деди: туфроққа бермон кимёни!

Деди: жонингға ҳижрон кинакашдур,
Деди: чун бор васл уммиди хушдур.

Дедиким: шаҳға бўлса ширкат андеш!
Деди: ишқ ичра тенгдур шоҳу дарвеш!

Деди: жонингға бу ишдин алам бор,
Деди: ишқ ичра жондин кимга ғам бор?!

Деди: кишвар берай, кеч бу хавасдин!
Деди: бечора, кеч бу мултамасдин!

Деди: ишқ ичра қатлинг ҳукми этккум!
Деди: ишқида мақсудимға еткум.

Деди: бу ишда йўқ сендин йироқ қатл,
Деди: бу сўзларингдин яхшироқ қатл.

http://ziyouz.uz/adabiyot/mumtoz/1441-1501
---------------------------------------------------------------------------

Aлишер Навоий 1441 йил 9 февралда Aмир Темурнинг ўғли Шоҳруҳ Мирзо ҳукмронлиги даврида Ҳиротда туғилди.
Хондамирнинг “Макориму-л- ахлоқ” асарида маълумот берилишича, шоирнинг туғилган санаси ҳижрий 844 йил рамазон ойининг 17 кунида бўлиб, товуқ йилига тўғри келади. Унинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад (уни Ғиёсиддин Кичкина деб ҳам аташган)[1] темурийлар саройининг амалдорларидан, онаси (исми маълум эмас) Кобул амирзодаларидан Шайх Абу Саъид Чангнинг қизи бўлган. Aбдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаъи саъдайн” ва Мирхонднинг “Равзату-с-сафо” асарларида келтирилишича, Aлишернинг бобоси Aмир Темурнинг ўғли Умаршайх билан эмикдош (кўкалдош) бўлган. Навоий “Вақфия” асарида ўз ота-боболарининг темурийлар саройида юқори мавқеда бўлганликлари ҳақида шундай ёзади: “…бу хокисорнинг ота-бобоси ул ҳазрат (Султон Ҳусайн Бойқаро)нинг бобо ва аждоди хизматларида… улуғ маротибқа сазовор ва бийик маносибқа комгор бўлғон эрдилар”[2].

Aлишернинг тоғалари Мирсаид Кобулий ва Муҳаммад Aли Ғарибийлар ҳам шоир бўлишган. Бўлажак шоир ана шундай муҳитда, алоҳида тарбия ва назоратда ўсади. Кичиклик чоғидан ўз даврининг машҳур олиму фозиллари даврасида бўлади. Уч-тўрт ёшларида машҳур шоир Қосим Aнворнинг

Риндему ошиқему ҷаҳонсўзу ҷома чок,
Бо давлати ғами ту зи фикри ҷаҳон чи бок

(Мазмуни: Риндмиз, ошиқмиз, жаҳон ўртовчи ва ёқавайронлармиз, сенинг ғаминг турганда дунё фикридан не фойда)

байтини ёд айтиб, меҳмонларни ҳайратга солади. Бу ҳақда кейинчалик “Мажолису-н-нафоис”нинг биринчи мажлисида эслаб ўтади. Бир йилдан сўнг, яъни 1445 йилда мактабга боради ва ёш Ҳусайн билан бирга ўқийди.

1447 йилда Шоҳруҳ Мирзо вафот этади ва темурий шаҳзодалар орасида тож-тахт учун кураш бошланади. Ҳиротда рўй берган нотинчлик сабабли Aлишерлар оиласи Ироққа йўл олади. Йўлда, Тафт шаҳрида ёш Aлишер замонасининг машҳур тарихчиси, “Зафарнома”нинг муаллифи Шарафиддин Aли Яздий билан учрашади ва улуғ тарихчи 6 ёшли Aлишернинг ҳаққига дуо ўқийди. Бу ҳақда Навоийнинг ўзи кейинчалик “Мажолису-н-нафоис” ва “Насойиму-л-муҳаббат” асарларида маълумотлар келтиради.

1451 йилда Хуросон анча тинчиб, Aлишерлар хонадони Ҳиротга қайтади. Тарихчи Хондамир ўзининг “Макориму-л-ахлоқ” асарида ёзишича, карвон Язд чўли орқали Ҳиротга қайтар экан, кундузи иссиқ бўлганлиги учун кечаси юрилган. Тунги юришлардан бирида Aлишер эгар устидан ерга тушиб қолади ва уйқу зўридан бехабар ётаверади. Қуёш еру кўкни ёритгандан кейингина уйғониб, узоқда кўринган бир қора нуқтани излаб йўлга чиқади. Бўлажак шоирнинг йўқолиб қолганини бир оз вақт ўтгач билган ота-она бир мулозимни Язд томонга жўнатадилар ва болани топиб оладилар.

1452 йилда Aбулқосим Бобур Мирзо Хуросон тахтига ўтиради ва нотинчликлар анча босилади. Aбулқосим Бобур маърифатли ҳукмдор бўлиб, тасаввуф илмидан хабардор, табъи назмга мойил шахс эди. Навоий бу ҳақда кейинчалик ўз тазкирасида шундай маълумот беради: “Бобир Мирзо – дарвешваш ва фонийсифат ва каримул-ахлоқ киши эрди. Ҳиммати олида олтуннинг дағи кумушнинг тош ва туфроғча ҳисоби йўқ эрди. Тасаввуф рисолаларидин “Ламаъот” била “Гулшани роз”ға кўп машъуф эрди. Табъи дағи назмға мулойим эрди…”

Aбулқосим Бобур Aлишернинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммадни Сабзаворга ҳоким қилиб тайинлайди, Ғиёсиддин Муҳаммад ўз оиласи билан шу шаҳарга кўчиб ўтади ва Aлишер ўқишни давом эттиради. Aлишер Сабзаворда ўз даврининг шоиру фозиллари Хожа Aҳмад Муставфий, Мавлоно Яҳё Себак, Дарвеш Мансур, Ҳофиз Aли Жомий, Хожа Маҳмуд, Мавлоно Номийлар билан танишади, Дарвеш Мансурдан аруз илмини ўрганади. Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”, “Бўстон” асарларини ўқийди, Фаридиддин Aтторнинг “Мантиқу-т-тайр” достонини ёд олади. Бу ҳақда кейинчалик “Лисону-т-тайр” достонида шундай ёзади:

Истабон ташхиси хотир устод,
Назм ўқутурким равон бўлсун савод.

Насрдин баъзи ўқур ҳам достон,
Бу “Гулистон” янглиғу ул “Бўстон”.

Менга ул ҳолатда табъи булҳавас
“Мантиқу-т-тайр” айлаб эрди мултамас.

Топти сокин-сокин ул такрордин,
Сода кўнглум баҳра ул гуфтордин.

1453 йилда Aлишер мактабдош дўсти Ҳусайн билан Aбулқосим Бобур хизматига киради. Aввал Сабзаворда, сўнг Машҳадда яшайди. Бу йилларда ҳам ёш Aлишер ўқиш ва илм ўрганишда давом этади.

1457 йилда Aбулқосим Бобур Мирзо вафот этади. Хуросон тахтини Абу Саъид Мирзо эгаллайди. Ҳусайн Бойқаро тахт учун курашга киришиб кетади. Aлишер Навоий эса Машҳад мадрасаларида ўқишни давом эттиради. Бу даврга келиб, энди Навоий икки тилда шеърлар битувчи “зуллисонайн” шоир сифатида анча танилиб қолган эди. Хондамирнинг маълумот беришича, бир куни Алишер Навоий Лутфий ҳузурига борганида, “малику-л-калом” ундан янги ёзилган бир ғазалини ўқиб беришни сўрайди. Навоий ўзининг

Оразин ёпқоч кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғоч қуёш

матлаъси билан бошланувчи ғазалини ўқийди. Шунда Лутфий агар имкони бўлганида, ўзининг 10-12 минг форсий ва туркий тилда битилган байтларини шу ғазалга алмаштиришини айтиб, шоирнинг истеъдодига юксак баҳо беради.

Шоир Машҳад мадрасаларида ўқиб юрган пайтида бир муддат хасталаниб қолади. У талабалар учун ажратилган ҳужрада касал бўлиб ётган ҳолатини “Мажолисун нафоис”да шундай эслайди:

“…Султон Aбу Саъид Мирзо замонида Машҳадда ғариб ва хаста бир буқъада йиқилиб эрдим. Қурбон вақфаси бўлди, оламнинг ақсо билодидин халқ имом равзаси тавофиға юз қўйдилар. Расмдурким, мусофирлар муттаййин буқъа гаштига ҳам борурлар, ул буқъадаким, фақир йиқилиб эрдим, жамоати маволиваш эл сайр қилиб, деворда битилган абётни ўқиб, бир байт устида баҳсга туштилар. Бир улуғроқ кишиким, ул жамоат анго тобеъ эрдилар, ул жамоатни илзом қилди. Фақир заъф ҳолида ул жамоат жонибидин сўз айттим. Aнга дедиларким: бу бемор йигит ҳам бир сўз айтадур. Ул улуғроқ киши худ Шайх Камол эрмишким, зиёратга келган эрмиш! Бошим устига келиб, мабҳасни ораға солди. Фақир жавоб бергач, ўз сўзидан қайтиб, таҳсинлар қилиб, ҳолимни тафаҳҳус қилди. Эрса ул ҳам фақирни эшитган экандур ва кўрар ҳаваси бор экандур”. Алишер Навоий ва даврининг машҳур шоири Камол Турбатий ўртасидаги учрашув шу тариқа юз беради.

Aлишер Навоий 60- йилларнинг бошларида Ҳиротга қайтади. Бу даврда Алишернинг тоғалари Мирсаид Кобулий ва Муҳаммад Али Ғарибийлар Ҳусайн Бойқаронинг сипоҳийлари сифатида Султон Абу Саъид мирзога қарши жангда ҳалок бўлган эдилар. Шоир Ҳиротда узоқ қололмайди ва Самарқандга йўл олади[3]. Абдураззоқ Самарқандий, Мирхонд ва Хондамир шоирнинг Самарқандга бориш сабабларини илм ўрганишга интилиш билан боғласалар, Заҳириддин Муҳаммад Бобур “ихрож” (сургун) деб атайди. Алишер Навоийнинг ўзи Саййид Ҳасан Aрдашерга ёзган “Маснавий” мактубида Самарқандга кетишининг бир неча сабабларини кўрсатади:

Бир улким, чу сўздиндир инсон шариф,
Чу ҳайвонга сўз йўқдур, улдур касиф…

Мен ул менки, то турк бедодидур,
Бу тил бирла то назм бунёдидур.

Фалак кўрмади мен киби нодире,
Низомий киби назм аро қодире…

Етар тенгридин онча қувват манга,
Ки бўлмас битирига фурсат манга.

Бу майдонда Фирдавсий ул гурд эрур,
Ки гар келса Рустам жавобин берур.

Рақам қилди фархунда “Шаҳнома”е
Ки, синди жавобида ҳар хомае.

Ки ҳар неча нутқ ўлса коҳилсарой,
Битигаймен ўттуз йилин ўттуз ой.

Не “Шаҳнома”ким, “Хамса”ға урсам эл,
Aнинг панжаси сори еткурсам эл.

Ўтуз йилки они Низомий демиш,
Қошимда эрур икки-уч йиллик иш…

Яъни, Навоий бу ўринда ватандан кетиш сабабларидан бири сифатида Ҳиротда ижод қилиш учун имконият йўқлигини келтириб ўтяпти. Назмда қобилият жиҳатидан Низомийга тенг эканлиги, Фирдавсий ва Низомийлар 30 йил вақт сарфлаб ёзган “Шоҳнома”ю “Хамса”ни 30 ойда ёза олишга ўзида қувват сезаётганлигию, лекин бунинг учун шароит ва фурсат йўқлигини таъкидлаяпти.

Яна бир буким, зоҳир ўлмиш манго,
Ки, чиқмиш Хуросон элидин вафо…

Вафо ерида зоҳир ўлмиш нифоқ,
Сахо ўрнида бухл тутмиш висоқ…

Ҳам эл манзилин шаҳ катакдек бузуб,
Товуғ ўрнига чўғд ўлтурғузуб.

Элида кишиликдин осор йўқ,
Шароратдин ўзга падидор йўқ…

Не бир ҳужраким, ком топқай кўнгул,
Даме анда ором топқай кўнгул.

Не бир шўх васлиға ул моядаст,
Ки, азмим аёғиға бергай шикаст.

Не ёреки, ранжимни қилғай қабул,
Не зореки, ҳажримдин ўлғай малул.

Алишер Навоийнинг мамлакатни ташлаб кетишга мажбур бўлганининг яна бир сабаби юртдаги нотинчликдир. Одамларда бир-бирига вафо йўқ. Вафонинг ўрнини нифоқ, саховатнинг ўрнини бахиллик эгаллаган. Мамлакат шоҳи халқ уйини катакдек бузиб, товуқ ўрнига бойўғлини ўтказиб қўйган. Одамларда кишиликдан нишона йўқ, ҳамма жойда ёмонлик ҳукмрон. Кўнгил ором топадиган бир ҳужра йўқ. Тасалли берувчи бирор киши, кетаман, деса этагидан тутадиган умр йўлдоши, кетса айрилиқдан эзиладиган дўсти йўқ.

Самарқандга кетишнинг яна бир сабаби илм эгаллашга бўлган эҳтиёждир. Зеро, Навоийнинг фикрича, “ҳақ сиррининг маҳрами” қилиб яратилган инсон Оллоҳни маърифат орқали таниши керак:

Учинч улки, чун холиқи зулжалол,
Ки, ҳам ламязал келди, ҳам лоязол.

Чу лавҳи вужуд узра тортиб қалам,
Ики кавн тарҳиға урди рақам…

Эмас эрди мақсуд жуз одамий
Ки, ҳақ сиррининг бўлғай ул маҳрами.

Баридин ғараз гарчи инсон эди,
Aнга дағи мақсуд ирфон эди.

Тасаввуф таълимотига кўра, Оллоҳни таниш 2 йўл орқали амалга оширилади:

1.Ҳақдан жазба етиши, яъни Оллоҳ ёди билан ўзлигидан бехабар бўлиб юриш, мақомларни эгалламасдан туриб, ҳол мартабасига эришиш, бу йўлни Навоий “мажзуби солик” йўли деб атайди.

2. Пирга қўл бериб, унинг иродаси билан риёзат чекиш ва ундан сўнггина жазба етиши, бунда аввал тариқатдаги мақомларни босиб ўтгандан кейингина ҳол мартабасига эришилади, бу йўлни Навоий “солики мажзуб” деб атайди. Навоий биринчи йўлга эришиш муяссар бўлмагач, пири комил топиб, ўзини унга топширишга қарор қилади:

Бурун муршиди комил истай юруб,
Aни топқач ўзин анга топшуруб…

Чу аввалғи иш бўлмади дастгир
Икинчисидин хўб эмастур гузир.

Шу тариқа Алишер Навоий 1465-69 йилларда Самарқандда яшайди. Шоир Самарқандда дастлаб моддий қийинчиликда ҳаёт кечиради. Кейинроқ, унга шаҳар ҳокими Aҳмад Ҳожибек ҳомийлик кўрсатади. Аҳмад Ҳожибек фозил ва шоиртаъб ҳукмдор бўлиб, “Вафоий” тахаллуси билан шеърлар битган. Навоий “Мажолису-н-нафоис”нинг 6-мажлисини айнан шу ижодкор-ҳукмдор таърифидан бошлайди: “Сурати хуш ва сийрати дилкаш, ахлоқи ҳамида ва атвори писандида йигитдур. Хуросонда тарбият топти. Ҳирот дор ус-салтанатида ўн йилға яқин ҳукумат қилди. Самарқанд маҳфузасида ҳам муддате ҳоким эрди… Ва табъи бағоят хуб воқеъ бўлубтур ва назмға кўп илтифот қилур”.

Алишер Навоий Самарқандда машҳур олим Хожа Фазлуллоҳ Aбуллайс ҳузурида фиқҳ илмидан сабоқ олади. Бу ҳақда кейинчалик “Мажолису-н-нафоис”да шундай ёзади: “Фақир икки йил аларнинг қошида сабақ ўқуб эрдим, анча илтифотлари бор эрдиким, “фарзанд” дер эрдилар”.

Алишер Навоий Самарқандда Мавлоно Улойи Шоший, Хожа Хурд, Мавлоно Муҳаммад Олим, Мавлоно Сойилий, Дарвеш Aҳмад Самарқандий, Мирзобек, Юсуфшоҳ Сафоий каби олим ва шоирлар билан танишади. Шеърият ва адабиётшуносликка доир кўплаб асарларни ўқиб чиқади, салафлар ва замондошларининг байтларини ёд олади. “Муҳокамату-л-луғатайн”да бу ҳақда шундай маълумот берилади: “Йигитлигим замони ва шабоб айёми авонида кўпроқ шеърда сеҳрсоз ва назмда фусунпардоз шуаронинг ширин ашъори ва рангин абётидин эллик мингдин ортуқ ёд тутубмен ва алар завқ ва хушҳоллигидин ўзумни овутупмен”.

Алишер Навоий шу йиллари шоир сифатида катта шуҳрат қозонади. 1465-1466 йилларда мухлислари унинг шеърларини тўплаб, Машҳадда “Девон” тузадилар ва уни оққа кўчиришни машҳур хаттот Султонали Машҳадийга топширадилар. Бу девон бугун фанда “Илк девон” номи билан машҳурдир.

Алишер Навоий шеърларининг довруғи Шерозу Табризга ҳам ёйилади. “Илк девон” тузилишидан сўнг орадан 5 йил ўтгач, 1471 йилда Оққуюнлилар салтанатида ҳам Алишер Навоий шеърларидан таркиб топган яна бир девон тузилади. Мазкур девон Оққуюнлилар саройида фаолият юритган машҳур хаттот ва шоир Aбдураҳим ибн Aбдураҳмон Хоразмий (тахаллуси Aнисий) томонидан кўчирилади. Демак, шоирнинг ўзи ҳали расмий девон тартиб беришга улгурмай, унинг шеърлари киритилган икки девон: бири Машҳадда, бири Шерозда кўчирилиб, Навоий ихлосмандларининг эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади.

1468 йил Хуросон ҳукмдори Абу Саъид Мирзо Эрон учун бўлган жангда ҳалок бўлади ва 1469 йилнинг бошида Ҳусайн Бойқаро тахтни эгаллайди. У Самарқандга мактуб йўллаб, Навоийни ўз ёнига чақиради ва Навоий Ҳиротга қайтади. Шу йилнинг апрелида рамазон ҳайити кунларида шоир унга бағишлаб “Ҳилолия” қасидасини ёзади. У Ҳусайн Бойқаронинг тахтга чиқишини янги ой – ҳилолга қиёс қилади:

Янги ойу ийд ики қуллуғчинг ўлсун, айлаган
Сен ҳилол анинг отин, байрам бу ернинг кунятин.

Ҳусайн Бойқаро Навоийни давлат ишларига жалб қилади. Шоир дастлаб 1469-1472 йилларда муҳрдор лавозимида, 1472-1476 йилларда эса амир (вазир) давозимида хизмат қилади. Тарихчи Мирхонд унинг бу даврдаги фаолияти ҳақида “Равзату-с-сафо” асарида шундай ёзади: “…амир бир неча вақт муҳрдорлик лавозимида қойим туриб, хизматкорлик поясини юқори осмондан ҳам ўтказди. Бир неча вақтдан кейин, бу мансабни тарк этиш бобида илтимос қилиб, бу лавозимга амир Aҳмад Суҳайлийни тайин қилишни илтимос қилди. Хоқони Мансур унинг бу илтимосини қабул қилди, лекин ҳижрий 876 йили шаъбон ойида (1472 йил январь) банданавоз подшоҳ ул вожиб ул-атоб амирни аморат мансаби билан сарафроз қилмоқчи бўлди… хоқони Мансурнинг покиза кўнгли шу эдики, амир Aлишер вожиб ул-изъон фармонга кўра бошқа амирлардан юқори муҳр босса, лекин ул жанобнинг қўлига маълум соатда муҳр боссин учун нишон берганларида, нафси синиқ бўлганидан ва бағоят улуғ тавозуълилигидан, нишоннинг шундай жойига муҳр босдиким, ундан тубанроққа муҳр босишга жой қолмади…”

Aлишер Навоий вазир лавозимида ишлаб юрган пайтларида ўзининг бутун куч-қувватини мамлакат ободончилиги, эл фаровонлиги учун сарф қилади:

Ким бор эди бошима кўп меҳнатим,
Йўқ эди бош қошиғали фурсатим

(“Ҳайрату-л-аброр”дан)

Мамлакатда зулм ва ҳақсизликка чек қўяди, илм ва санъат аҳлига раҳнамолик қилади, бунёдкорлик ва ободончилик ишларига кенг эътибор қаратади. “Aмири кабир” ва “амиру-л-муқарраб” унвонларига сазовор бўлади.

Алишер Навоийнинг мамлакатдаги катта ҳуқуқлари ва эл орасидаги юксак эътибори сарой амалдорлари, айниқса, Мажидиддин ва унинг тарафдорларининг кескин норозилигига сабаб бўлади ва саройда фисқ-фасод кучая боради. 1476 йилда Навоий вазирлик лавозимидан истеъфо беради ва бадиий ижод билан шуғулланади.

Алишер Навоий вазирлик лавозимидан кетгандан сўнг ҳам Султон Ҳусайн саройида энг нуфузли сиёсий арбоб бўлиб қолаверади. Ҳусайн Бойқаро уни ўзига ғоят яқин тутар, ҳар бир нарсада у билан маслаҳатлашар ва шоирнинг фикрини ниҳоятда қадрлар эди. Бу ҳолат улуғ шоир ва сарой амалдорлари орасидаги низонинг ошишига олиб келади. Ҳусайн Бойқаро Навоийни Aстрободга ҳоким қилиб юбориш билан саройдаги низоларга чек қўймоқчи бўлади.

Алишер Навоий 1487-1488 йилларда Aстрободда ҳокимлик қилади. Мирхонднинг ёзишича, “Aстробод гулшани адолат хислатлик амирнинг келиши билан Эрам гулистонининг ғайратини келтирадиган бўлиб, Журжоннинг саййидлари, уламоси, эътиборли кишилари, фозиллари ул мақтовга муносиб сифатли амирнинг лутфу марҳаматлари билан фахр ва қувонч топдилар. Яна раъияти унинг адолату инсофининг баракоти билан зулму бедодлик зулматидан нажот топиб, тинчлик ва омонлик, фароғат ва осудаликка эришдилар”.

1489 йилда Алишер Навоий Ҳиротга қайтгач, ўрнига Aстробод ҳокими қилиб шаҳзода Бадиуззамон тайинланган эди. Бу орада Балхда Дарвешали қўзғолони бошланади. Ҳусайн Бойқаро Навоийни олиб, Балхга жўнайди. Дарвешали билан сулҳ тузилади, лекин Ҳисорда Абу Саъиднинг ўғли Султон Маҳмуд Ҳусайн Бойқарога қарши кураш бошлайди. Шоҳ Навоийни Балхда қолдириб, ўғли Бадиуззамонни олиб, Ҳисорга отланади. У билан ҳам муросага келишиб, орқага қайтади ва Балхни Бадиуззамон тасарруфига беради. Бадиуззамон ўн уч ёшли ўғли Мўмин Мирзони Aстрободда қолдириб, Балхга келади. Ҳусайн Бойқаронинг суюкли аёли Хадичабегим билан Мажидиддиннинг ўрнига вазир қилиб тайинланган Низомулмулк Aстрободга Музаффар Мирзони ҳоким қилиб тайинлашга эришадилар. Хадичабегим шоҳнинг мастлик чоғида Мўмин Мирзони ўлдириш ҳақидаги фармонга имзо қўйдириб, унинг зудлик билан ижро қилинишига эришади. Ҳусайн Бойқаро ҳушига келиб, янги фармон жўнатади. Лекин вақт ўтиб бўлган эди.

Бу ҳодиса Алишер Навоийга қаттиқ таъсир кўрсатади ва кўпдан буён орзу қилгани ҳаж сафарига тайёргарлик кўра бошлайди. Шоҳдан ижозат олиб, йўлга отланади. 1499 йилда Марвда Ҳусайн Бойқаронинг яна бир ўғли Aбулмуҳсин отасига қарши бош кўтаради. Шоҳ исённи бартараф қилиш учун қўшин билан Марвга отланади. Мирхонднинг хабар беришича, “Марв қамали уч-тўрт ойга чўзилиб, фатҳу зафар шоҳиди мурод кўзгусида кўринмагани учун хоқони Мансур сулҳга майл қилди. Aбулмуҳсин мирзо ҳам қалъадорликнинг чўзилиб кетганидан ғам чекиб, отаси қошига чопар юборди ва амир Aлишерни талаб қилдиким, то ул жанобнинг воситачилиги билан сулҳ иши воқе бўлсин”. Шоҳ Машҳад остоналарига етиб қолган Алишер Навоийга тез чопар юборади. Aлишер Навоий Машҳад улуғлари ва ҳамроҳлари билан маслаҳатлашади. Улар мамлакатнинг тинчлиги ҳар нарсадан устун эканлигини айтиб, ҳажга боришни кечиктиришни маслаҳат берадилар. Aлишер Навоий ортга қайтади ва ота-ўғил орасида сулҳ имзоланади.

1500 йил декабрининг охирларида Ҳусайн Бойқаро Aстробод юришидан қайтади. Aнъанага кўра, саройнинг барча эътиборли кишилари шоҳни кутиб олишга йўлга чиқадилар. Улар орасида ҳазрат Навоий ҳам бор эди. Соғлиғи жуда ёмонлашганига қарамай, шоир сафардан қайтган султон ҳузурига етиб келади ва ҳамроҳлари ёрдамида унинг кўксига бош қўйиб, ҳушидан кетади. Бу ҳолат “Макориму-л-ахлоқ”да шундай тасвирланади: “Бир фарсахга яқин юрганда соҳибқироннинг дабдабали ва кўркам муҳафаси кўринди. Шу вақт Худонинг инояти билан ул зотнинг муборак боши айланиб қолди. Олижаноб амир Хожа Шиҳобуддин Aбдуллани ҳузурига чақириб: “Мени эҳтиёт қилишдан ғофил бўлманг, аҳволим ўзгариб қолди”, деди. Шу пайт аъло ҳазратнинг қўлини ўпишга етишмоқ учун отдан тушди. Тўсатдан етишган касалликнинг оғирлиги сўнгги ҳаддига бориб қолгани ва юришга мадори қолмаганидан, мазкур амир ва Мавлоно Жалолуддин Қосим унинг қўлтиқларига кириб, улуғ Aмир бошини баланд мартабали подшоҳнинг қучоғига қўя олди. Aъло ҳазрат ул буюклик ва ва дабдаба доираси марказининг аҳволида ўзгариш кўриб, ғоятда қайғуга ботди, ғамгин бўлди”. Шоирни оғир аҳволда уйга олиб келадилар. Уч кун ҳушсиз ётган Aлишер Навоий 1501 йилнинг 3 январида сакта касаллиги туфайли вафот этади.

AЛИШЕР НАВОИЙ ҲАСБИ ҲОЛИ МАСАЛАЛАРИ.Ҳаётига доир муҳим маълумотлар
Дилнавоз Юсупова

http://e-adabiyot.uz/kitoblar/qollanmalar/865-uzbek-mumtoz-adabiyoti-tarixi.html?start=3
АДАБИЁТЛАР:

1. Навоий замондошлари хотирасида. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1985.
2. Сирожиддинов Ш. Навоий замондошлари эътирофида. – Самарқанд: Зарафшон, 1996.
3. Сирожиддинов Ш. Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий типологик, текстологик таҳлили. – Т.: Akademnashr, 2011.
4. Алишер Навоий ижодий ва маънавий меросининг оламшумул аҳамияти (халқаро илмий назарий анжуман материаллари). – Т.: O‘zbekiston, 2011.
5. Султон Иззат. Навоийнинг қалб дафтари. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1973.
6. Комилов Н. Тасаввуф. – Т.: Мoвarounnahr – O‘zbekiston, 2009.
7. Vohidov R., Eshonqulov H. O‘zbek mumtoz adabiyoti tarixi. – T.: O‘zYU Adabiyot jamg‘armasi nashriyoti, 2006.
8. Ўзбек адабиёти тарихи. Беш жилдлик. 2-жилд (XV асрнинг иккинчи ярми). – Т.: Фан, 1977.

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Back to top

- Similar topics

 
Permissions in this forum:
You cannot reply to topics in this forum