Форум_Ўзбекистон


Join the forum, it's quick and easy

Форум_Ўзбекистон
Форум_Ўзбекистон
Would you like to react to this message? Create an account in a few clicks or log in to continue.

Қурмон Бакиев Ислом Каримовнинг жаҳолатпараст укаси

Go down

Қурмон Бакиев Ислом Каримовнинг жаҳолатпараст укаси Empty Қурмон Бакиев Ислом Каримовнинг жаҳолатпараст укаси

Post by Admin Wed Feb 10, 2010 7:58 am

Жаҳолатпарастлик ва зўравонликни акаси Каримовдан ўрганаётган Қурмон Бакиев ҳукуматиниг энг қабиҳ жиноятлари ҳақида Шафқатсиз ҳужумлар қирғиз журналистларини даҳшатга солмоқда

Бишкек марказидаги қаҳвахоналардан бирининг нимқоронғу бурчагида Олга Колосова кўз ёшларини тийишга уринади.

"Мен уни шифохонада кўрмагунимга қадар нима бўлганига ишонмадим",-дейди у.

"Охирги дақиқагача буни қандайдир англашилмовчилик эканига умид қилгандим".

Аммо, бундай эмас эди.

Унинг саккиз йиллик умр йўлдоши Геннадий Павлюк қўшни Қозоғистоннинг Алмати шаҳридаги шифохонада беҳуш ётарди.

Журналист қўл-оёғи боғланган ҳолда олтинчи қаватдан ташлаб юборилганди.

У бир неча кундан сўнг беҳушлигича оламдан ўтди.

Геннадий Павлюкнинг ўлими матбуотни ва қирғиз жамиятини даҳшатга солди.

Журналистларга нисбатан ҳужумлар ва қўрқитиш амаллари ҳақидаги хабарлар бу ердагилар учун янгилик эмас.

Аммо, ҳеч ким бунчалар ваҳшиёна қотилликни кутмаган эди.

Жаноб Павлюк таниқли журналист эди. У ҳукуматни тез-тез танқид остига оларди.

Ўлимидан бир неча ой олдин журналист мухолифат раҳбари билан ҳамкорликни бошлаган ва мухолифат газетасини чиқариш ҳаракатида бўлган.

Таҳдидлар ва ҳужумлар

Қирғиз мухолифатининг даъво қилишича, 2006 йилдан буён 60дан ортиқ журналистга ҳужум қилинган, улар таҳдид остига олинган, қўрқитилган ва ё ўлдирилган.

Аммо, ҳукумат бу рақамларни савол остига олади ва журналистларга қарши ҳужумларнинг аксари уларнинг касбий фаолиятига боғлиқ эмаслигини айтади.

Яқинда парламент қўмитасида ирод қилган нутқида Қирғизистон Ички ишлар вазири Молдамус Конгантиев ўтган беш йил асносида 31та ҳужум рўйхатга олингани ва уларнинг аксари ўғрилик ёки безорилик билан боғлиқлигини қайд этди.

Полиция ҳали бундай ҳолларнинг 11таси устидан текширув ҳам бошламаган.

Улар орасида 2009 йил март ойида "Репортёр Бишкек" мустақил нашрида фаолият олиб борган Сиргак Абдулдаевга қарши ҳужум ҳам бор.

Абдулдаев номаълум гуруҳ ҳужумидан зўрға омон қолган. Ҳужумчилар журналистнинг икки қўлини синдиришган ва унга 20 мартадан кўп пичоқ уришган.

У навбатдаги ўлим таҳдидлари ортидан мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.

"Биз ҳужумни ким амалга оширганини билмаймиз ва ҳеч қачон билмаслигимиз эҳтимоли ҳам катта. Лекин, улар ҳукуматпараст гуруҳлар ёки сиёсатчиларнинг иши",-дейди "Репортёр Бишкек"ка асосчиларидан бири Султон Каназаров.

Ҳозирда молиявий мушкулотлар боис рўзнома фаолияти вақтинча тўхтатган.

"Газетамизнинг илк нашриданоқ биз нимадир юз бериши мумкинлигини билгандик. Биз ҳуқуқ-тартибот ё-да, солиқ назоратчиларига рўбору келишга ҳозирлик кўрардик. Аммо, Сиргак билан бўлган ҳодисадан барчамиз даҳшатга тушдик",-дейди жаноб Каназаров.

Гарчи ҳукумат журналистларга қарши ҳужумларга алоқаси борлигини инкор этса-да, бошқалар бундай амаллар ортидан бошқа сабаблар бўлиши мумкин эмаслигини айтишади.

"Ҳукуматни танқид қилган журналистлар таъқиб ва таҳдид остига олинади",-дейди Қирғизистондаги ноҳукумат ташкилотларидан бири раҳбари Асия Сасикбаева

"Президентнинг жияни ҳақида мақола ёзган журналист ҳаёти хавф остида қолгани учун мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлди",-дейди у.

Калтакланган ва тунаб кетилганлар

Сиёсий шарҳловчи Александар Князев 2009 йил декабр ойи бошларида қаттиқ калтакланган ва тунаб кетилган.

Ҳодиса Князов жаноблари Москвада собиқ президент Асқар Ақаев билан учрашганидан бир неча кунгина ўтиб юз берди.

"Улар менинг ҳужжатлар ва қўл компютерим солинган сумкамни ўғирлаб кетишди",-дейди Князов.

"Улар кармоним ва ё қўл телефонимга қизиқишгани йўқ. Улар эҳтимол мени яна бир инқилоб учун пул олиб келаяпти дея тахмин қилишган бўлса керак",-дея ҳазил қилади журналист.

Журналистларга қарши ҳужумларнинг ортаётгани ва айниқса Геннадий Павлюкнинг ўлими Қирғизистондаги матбуот эркинлиги юзасидан халқаро хавотирларни уйғотди.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, Оврўпо Иттифоқи ва Қўшма Штатлар журналистлар ва сиёсий мухолифат аъзоларига қарши ҳужумларнинг давом этаётганидан ташвиш изҳор этишди.

Аммо, Қирғизистон президенти матбуот котиби Илим Қарипқуловга кўра, ҳукумат ҳар бир ҳодиса бўйича тўлақонли текширувлар олиб борилишини таъминлаш учун барча зарурий чораларни кўрмоқда.

"Геннадий Павлюк ҳодисасидан афсусдамиз. Биз мазкур иш бўйича текширув олиб бораётган қозоқ полицияси билан ҳамкорлик қилаяпмиз",-дейди жаноб Қарипқулов.

"Бу бизнинг манфаатимизга хизмат қилади, чунки бу каби хабарлар мамлакатимизга салбий акс-садо бериши мумкин",-деб таъкидлайди у.

Бир пайтлар Марказий Осиёдаги "демократия ороли" сифатида танилган ушбу мамлакат яқинда қароргоҳи Вашингтонда жойлашган "Фридом Ҳауз" ташкилоти томонидан "эркин бўлмаган" мамлакатлар қаторига туширилди.

'Тобутга урилган сўнгги мих'

Қурмонбек Бакиев 2005 йил собиқ президент Асқар Ақаевни қудратдан кеткизган "Лола инқилоби" ортидан ҳукумат тепасига келганди.

Ўшанда жаноб Бакиев демократик ислоҳотлар ўтказиш ва мамлакатда кенг тарқалган коррупцияга барҳам беришга ваъда берган.

Аммо, танқидчилар Президент Бакиев ҳукумати мамлакатни демократиялаштириш ўрнига сўз эркинлигини бўғаётгани ва борган сари репрессив тузумга айланаётганини айтишади.

Мамлакатда ҳали ҳам бир неча мухолифат газеталари чоп этилади, бироқ яқин йилларда уларнинг сони камайиб кетди.

Қирғизистонда "Озодлик" ва Би-би-си Қирғиз Хизмати каби хорижий ахборот ширкатлари фаолиятига рухсат берилган, аммо аксар маҳаллий телерадио станциялари Президент ёки унинг маъмуриятини танқид қилишмайди.

Султон Каназаровга кўра, бугунги Қирғизистонда машҳурлар ва шоу-бизнес ҳақида ёзиш ижтимоий-иқтисодий мавзуларни кўтаришдан кўра хавфсизроқ.

"Ушбу ҳодисаларнинг барчаси сўз эркинлигига таъсир кўрсатмоқа ва журналистлар орасида ўз-ўзини цензура қилиш ҳоллари ортмоқда",-дейди у.

"Геннадий Павлюкнинг ўлдирилиши Қирғизистондаги журнализм тобутига урилган сўнгги мих бўлди".

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Back to top

- Similar topics

 
Permissions in this forum:
You cannot reply to topics in this forum