Форум_Ўзбекистон


Join the forum, it's quick and easy

Форум_Ўзбекистон
Форум_Ўзбекистон
Would you like to react to this message? Create an account in a few clicks or log in to continue.

Айрим ҳукмдорлар ҳақида

Go down

Айрим ҳукмдорлар ҳақида Empty Айрим ҳукмдорлар ҳақида

Post by Admin Mon Feb 08, 2010 6:16 pm

Айрим ҳукмдорлар ҳақида

(Абдулла ака Абдуқодирнинг мақолаларига муносабат)



Ҳурматли Абдулла ака!

Мен сизнинг Ислом Каримов ҳақида ёзган мақолангиз чоп этилган (янгидунё) сайтда анчадан буён ҳалол билан ҳаром аралаш, қуралаш қилиб ташлангани боис у сайтга мақола ҳам, шарҳ ҳам ёзмайдиган бўлганман. Шу сабаб бу мақолани умумий бир хат сифатида дўстлар даврасининг интернет тармоғи орқали тарқатаяпман. Чунки сизнинг мақолангизни ҳам, мени жавобимни ҳам аҳамияти кўпчиликка тегишлидир.

Энди мақолангизга қайтадиган бўлсак,у жуда яхши ва самимий рўҳда ёзилган. Аммо унинг ичида мен қўшила олмайдиган жойлари ҳам бор, шу сабаб қуйида мен Сизга ўзимнинг 2та эътирозимни билдирмоқчиман. Умид қиламанки менинг бу эътирозларим Сизни ранжитмас ва Сиз уларни бир дўстингизни фикри сифатида қабул қиларсиз.

1. Мақолада Сиз “Каримовнинг шундай золим бўлишига ва шундай узоқ муддат ҳукмронлик қилишига ҳаммамиз айбдор” дебсиз.
Мен сизнинг бу фикрингизга (ва яна бир қанча одамларнинг шу каби фикрларига) қўшила олмайман. Нима учун?

Сабаби шундаки, бир инсоннинг иблислик йўлига киришида бутун аҳли жамоа айбдор бўлмаса керак.

Инсонларнинг уларга нисбатан бошқа бир инсоннинг (у подшоҳми, йўлтўсарми − фарқи йўқ) турли хил кўринишдаги жоҳиллик, зулм ва қабоҳатлар қилишига қарши тишларини тишларига қўйиб чидашларини қўрқоқликка йўйиш ва шу сабаб уларни ана ўша жоҳилликларни туғилишга сабабчи қилиб кўрсатиш менимча гуноҳдир.

Ўзингиз яхши биласиз, русларнинг бир мақоли бор: “Не надо валить вину с больной головы на здоровую!” , яьни “Айбни касал калладан соғ каллага ағдариш инсофдан эмас!”

Тарихдан ҳаммамизга маълумки Гитлер, Муссолини, Пиночетларнинг жиноятлари учун немис, итальян ва Чили халқлари айбдор эмас. Чунки бу халқлар ичидан бир замонлар Гёте, Юстиниан, Альенде каби буюк инсонлар ҳам етишиб чиққанлар.

Афсуски тарихнинг турли даврларида тақдир тақозоси ва ўша пайтдаги шарт шароитлар, воқеаларнинг кўпчилик аҳолига боғлиқ бўлмаган ҳолда ривожланиши жараёнида Гитлер, Пиночет, Муссолини, Сталин, Каримов, Ал Башар каби миллати ва келиб чиқиши турли туман бўлган аммо разолат ва қабоҳатда бир қолипдан олингандек ҳаммаси бир хил муттаҳам бўлган инсонлар ҳокимиятга келиб қолганлар.

Халқ истагига боғлиқ бўлмаган ҳолда, қандайдир сабаблар ва турли−туман шумликлар туфайли ҳокимиятга келиб қолган одамларнинг энг бирламчи вазифалари ҳамиша бир нарса, яъни ўша ҳаром−ҳариш йўллар билан қўлга киритилган ҳокимиятни қандай йўллар билан бўлмасин ўз қўлларида маҳкам ушлаб туриш бўлган.

Ушбу кунда дунёда учта ўта зарарли ва ҳавфли сиёсий касалликлар бор. Улардан бири “ҳар қандай йўл билан ҳокимиятни қўлга киритиш“ касаллиги, иккинчиси “Қўлга киритилган ҳокимиятга қонга тўймас канадек ёпишиб олиш” касаллиги ва ниҳоят учинчиси “Ҳокимиятдан ҳаром−ҳариш ишларда фойдаланиш”.

Инсоният тарихида минглаб тана ва руҳ касалликлари бўлган, уларнинг кўпчилигига қарши махсус вакциналар ва дорилар ишлаб чиқилиб у касалликларни кўпчилиги таг томири билан қуритилган.

Айни пайтда инсоният тарихида минг йиллардан бери юқорида айтилган сиёсий касалликлар ҳам бўлган аммо, минг афсуслар бўлсинки, кўпчилик оддий инсонлар бундай касалликлар борлигини билишмаган, озчилик билганлари эса бу касалликларга қарши нима қилишларини билмай, уларга қўл силтаб кетаверишган. Шу сабаб бу ўта зарарли сиёсий касалликлар афсуски ҳали ҳануз кўплаб давлатларда яшамоқда.

Агар қўлингизда чексиз ҳокимият ва имкониятлар бўлса у ҳолда ҳокимиятни қўлда маҳкам ушлаб туриш, қийин эмас. Бундай ишларни қилиш учун бир инсондан уч муҳим хислат талаб қилинади холос: У ҳокимиятга келиб қолган инсондан фақатгина етарли даражада безбет ва муттаҳам бўлиш, шумликларни пихини ёрадиган даражада шайтон бўлиш ва бировларни калласини олишда етарли даражада шавқатсиз иблис бўлиш талаб қилинади, холос.

Ўзбекистондек диктатура ҳукмрон шароитда Каримов каби қонхўрнинг минглаб инсонларнинг умрига завол бўлгач ҳам ўзини оқ қилиб кўрсатишга уринишини ва буни уддасидан чиқиши унга умуман қийин бўлмаётганлигини тушунса бўлади, чунки унинг қўлида буни қилиш учун барча зарур бўлган имкониятлар бор.

Уни−ку бир ёққа қўйиб туринг, ҳатто демократик деб тан олинган Италиядек бир давлатда, 70 ёшни қоралаётган Сильвио Берлусконининг ўзининг ёзги виллаларида ёш қизларни нафсига текканлиги фош қилинганда ҳам унинг бу исботларни ҳас пўслашни уддасидан чиққаётганлиги ёки Дж.Буш ва Тони Блэрларнинг Ироққа қилган урушлари асоссизлиги исбот қилинганда ҳам уларнинг ўз айбларини ҳас пўслашга уринишлари ва уларнинг ҳам бундай ишларни уддасидан чиқа олаётганликлари, ёки В.Путиннинг Чеченистонга қарши 2000йилда қайтадан бошлаган урушининг ортида унинг ўта ҳуфиёна йўллар билан ўта оғир жиноятлар (Москвадаги 9 қаватли уйларни ФСБ одамлари томонидан портлатиб кейин айбни чеченларга қўйиш) турганини кўпчилик билса ҳам уни уруш жиноятчиси сифатида қамоққа олишни иложи йўқлиги, хуллас бу каби жиноятларни ортида ҳам яна ўша ягона нарса − Ҳокимиятда ўтирган одамларнинг жуда ҳам катта имкониятлари борлиги асосий сабабдир.

Илгари мен бир рус мақолига акс−садо кўринишида бўлган бир мақола ёзган эдим. Унинг номи шундай эди:” Каждый народ достоин своего лидера. А достоин ли каждый лидер своего народа?» Яъни, “Ҳар бир халқ ўз етакчисига муносиб. Аммо ҳар бир етакчи ўз халқига муносибми?”

Бу мақолани мен бундан 10 йил илгари ёзган ва ўшанда сиз каби фикрда эдим. Аммо вақт ўтиши билан шуни тушундимки, мен хато қилган эканман ўшанда.

Бугунги кундаги мени хулосам эса шундай:

Кўплаб халқлар ўз етакчиларига муносиб бўлмагани каби кўплаб етакчилар ҳам ўзлари бошқараётган халқларга муносиб эмаслар.

Яъни, бирорта халқ бир жоҳил ва қўпол ҳукумат раҳбарига зор бўлмаганидек, бирорта муттаҳам ва золим раҳбар ҳам бирорта халқнинг ҳурмат ва эътиборига муносиб эмас!

Бу масаланинг моҳиятини чуқурроқ тушуниш учун мен барча биродарларга Лев Николаевич Толстойнинг Ватанпарварлик ва ҳукумат деб аталмиш мақоласини ўқиб чиқишни тавсия қиламан. У мақолада буюк ёзувчи ҳукуматларнинг қандай қилиб инсонларни ўзларининг разил мақсадлари йўлида қурбон қилишлари ҳақида жуда тушунарли қилиб ёзган. Буюк адибнинг гапларини тасдиқловчи фактлар тўпламини эса қуйидаги мақолалардан ўқиб кўриш мумкин: О государственных палачах: Пол Пота, красные кхмеры, Сталин, Берия, Ислам Каримов и др... , О государственном терроризме .



2. Энди иккинчи масала, яъни Абдулла аканинг диктатурага қарши кураш йўлларидан бири сифатида қилган таклифлари ҳақида.

Бу таклифнинг асосий мазмуни аксарият кўпчиликнинг навбатдаги сайловда овоз бермаслик йўли билан диктаторни қайта президентликка сайланишига йўл қўймасликдан иборат.

Бундай олиб қараганда жуда қизиқарли таклиф. Аммо чуқуррроқ мулоҳаза қилиб кўрилганда бу таклифни қўллаш ҳам, ундан ижобий натижалар кутиш ҳам қарийб имконсиз эканлиги дарҳол аён бўлади. Нима учун?

Бундай дейишимнинг сабаби шундаки, Ислом Каримовнинг шахсан ўзини, у бошлиқ ҳукуматнинг олиб бораётган сиёсатини қўлловчилар сони улкандир. Агар ишонмасангиз қўлингизга жажжи бир электрон ҳисоблаш машинкасини олингда бир ҳисоб−китоб қилиб кўринг:

Сиз энг аввало барча 40 дан ошиқ вазирликларда ишлайдиган юз минглаб ҳизматчиларни санаб чиқинг. Фақат у ердаги фаррош онахонлар ва қоровул отахонларни санамасангиз бўлади ҳолос.

Ундан кейин 120та туман, 50дан ошиқ шаҳар, 13та вилоят ҳокимлари, уларнинг 2тадан ўринбосарлари, 10..15тадан бўлим бошлиқларини санаб чиқинг. Қорақалпоғистон Автоном жумҳурияти ва унинг барча амалдорларини ҳам эсдан чиқарманг.

Эндиги навбат Олий суд ва унинг жойлардаги барча тизимларида Президентга садоқат билан ишлаётган ҳодимларига.

Ундан сўнг Бош Прокуратура ва унинг ҳам жойлардаги барча тизимларида Президентга садоқат билан ишлаётган ҳодимларига.

Ундан сўнг Ички ишлар вазирлигининг қарийб 100 000 ҳодимларига.

Ундан сўнг МХХнинг қарийб 40 000 ходимларига.

Ундан сўнг Мудофа вазирилигининг Каримовга содиқ 60 000га яқин сержантидан тортиб генералларигача.

Ҳулласи калом яна 40га яқин бошқа давлат идоралари, 50дан ошиқ олий ва мингга яқин ўрта таълим ва ўрта маҳсус билим даргоҳларидаги Каримовнинг амалдорларини санаб чиқинг.

Ундан сўнг эса Сенат ва Қонун чиқарувчи палаталардаги Каримов чертиб чертиб танлаб олган депутатлар, бу югурдакларнинг югурдаклари санаб чиқинг.

Ундан кейин Салим бойвачча, Ғафур бойвачча, уларнинг Каримов соясида мазза қилиб яшаётган юз мингларча жумҳурият бўйлаб тарқаб кетган тармоқлари вакиллари, уларнинг барчаси Каримовни ўз оталаридек кўришларини (нима бўлганда ҳам у Ўзбек Мафиясининг отаси ахир!) ҳисобга олинг.

Энг охирида эса чиққан рақамни камида 15га кўпайтиринг. Нега десангиз сиз санаган Каримовнинг содиқ қулларининг ҳар бирини камида 15та уруғ−аймоғи бор. Улар ҳам ўз акалари, опалари, тоғаларию, амакилари, поччаларию холаваччалари соясидан баҳраманд бўлиб яхшигина яшамоқдалар ва шу сабаб уларнинг аксарият кўпчилиги Каримовни улуғлайдилар. Ҳар бир сайловда даста даста сайлов бюллетенларини Каримов номига тўлдирадиганлар Армияси айнан ана шулардир.

Ана шу сабаб, яъни Катта қаллоб ва уни атрофидаги ўртача қаллобларни қўллайдиган кичик қаллоблар Армиясининг сафи катта бўлгани учун ҳам сиз айтган таклиқни амалга ошириб бўлмайди тақсир.



Олдимизда қоладигани фақат 2 йўл холос. Улардан бири бу сабр тоқат билан Азроилни тезроқ келишини ва унинг Каримовни тезроқ асфаласофилин қилишини Аллохдан кечаю кундуз сўраб туриш, кейин эса уни ўрнини эгаллаган навбатдаги Ўринбосар Қаллобни ҳам тезроқ Азроил келиб, уни ҳам тезроқ асфаласофилин бўлишини Аллоҳдан сўраб туриш ва шу каби йўллар билан бирин кетин келаётган барча қаллобларни вақт ўтган сари сал инсофлироқлари келишига умид боғлаб ҳам ўзимизни, ҳам болаларимиз ва невараю чевараларни алдаб юравериш.

Иккинчи йўл эса...Келинг, бу ҳақда гапирмай қўя қолай. Акс ҳолда бояги ўзингиз билган сайтлар эгаларидан бошлаб яна уларга ўхшаган 25таси думи босилган мушуклардек чунонам чийиллаб юборишлари мумкинки кейин уларни жим қиламан бошимиз ғавғоларга қолиб кетмасин. Агар шу жудаям билгингиз келаётган бўлса бу иккинчи йўлнинг қисқа кодини фақат сизнинг қулоғингизга секин шивирлаб айтишим мумкин ҳолос (гап шуки ака, ана шу Каримов суянадиган амалдорлар барчаси ўтирган туяларнинг думини тагига тиканли жангал қистириш –гапнинг қисқаси).



Омон бўлинг.



Сизга ҳурмат ила

Ҳазратқул Худойберди

2010.02.08 pirat

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Back to top

- Similar topics

 
Permissions in this forum:
You cannot reply to topics in this forum