Форум_Ўзбекистон


Join the forum, it's quick and easy

Форум_Ўзбекистон
Форум_Ўзбекистон
Would you like to react to this message? Create an account in a few clicks or log in to continue.

Ўзбекистоннинг Янги Ҳукуматига айрим тилаклар.

Go down

Ўзбекистоннинг Янги Ҳукуматига айрим тилаклар. Empty Ўзбекистоннинг Янги Ҳукуматига айрим тилаклар.

Post by Admin Wed Nov 23, 2016 4:57 am

Ўзбекистоннинг Янги Ҳукуматига айрим тилаклар.

Донишмандлар “Ноумид шайтон” дейишган.
Инсон тирик экан умид билан яшайди.

Орзу умидлари бўлмаган инсоннинг ҳаётини ҳақиқий инсоний ҳаёт деб бўлмайди.
Минг афсуслар бўлсинки, бугун миллионлаб ўзбекистонликлар айнан ана ўша Улкан Умидсизлик Ботқоғига ботган ҳолда яшамоқдалар.
Ислом Каримов ҳаётни ва тахтни тарк этгач, одамларда умид учқуни уйғона бошлади.


Ўзбек халқи қадимдан “ҳамма ишларни Подшоҳ ва ҳокимлар белгилашади” деган, қотиб қолган сиёсатга ўрганиб қолган. Ҳамма биладики, Ўзбекистонда на Парламент, на Конституцион Суд, нада Олий Суд бирор масала ҳақида мустақил иш қила олмайди.
Ҳамма нарса Биринчи шахс томонидан айтилсагина амалга оширилади холос.


Шу сабаб бугун миллионларнинг кўзлари сизга тикилган жаноб Шавкат Мирзиёев.


Айнан ана шу нарса, яьни бир инсон ҳукмига ўрганиб қолиш, Ватан ва халқ тақдирини бир кишини қўлига топшириб қўйиш Ўзбекистон давлат сиёсатидаги энг катта ва энг жиддий хатодир.

Бугун Ўзбекистон давлатининг сиёсатини тўғри йўлга қўйишда ва тўғри юргизишда ечилиши лозим бўлган энг асосий масалалардан биринчиси айнан ана шу масаладир. Бу демак яккаҳокимликдан халқ ҳокимиятига ўтиш, яьни мамлакатда секин аста демократик бошқарувни йўлга қўйишдир. 

Бу масаланинг моҳиятини кўпчилик, айниқса оддий халқ тушунмайди аммо сиз жаноб Мирзиёев ва сиз каби айрим инсонлар ва бир талай ўткир фикр соҳиблари бу масалани тушунадилар ва сиздан ана шу йўналишда илк қадамларни қўйишингизга умид қиладилар. Чунки яна масала эскидан қолган удум сабабли сизга қараб қолаверади.


Сиёсатдаги бу жиддий хато, бу оғир касалликни даволашни бошлаш билан бирга унга паралель равишда иқтисодий ва ижтимоий масалалардаги жиддий хатолар ҳам бирин кетин ҳал қилина бошлайди. Яьни сиёсатдаги асосий тугун бу руслар таьбири билан айтганда Гордиев узел, яьни энг қаттиқ ўралган ва тугилган тугундир. Бу тугунни ривоятга кўра қилич ёрдамида, бир зарб билан уриб ҳал қилишган.

Аммо Ўзбекистон давлат сиёсатидаги бу Гордиев узел\тугунни бир зарб билан ҳал қилиб бўлмайди. Лекин уни секин аста, йўлини топиб ечса бўлади. Бу учун энг аввало тугун юмшатилиши керак, унинг ечилишига тўсқинлик қиладиган  нарсалар нима эканлиги аниқланиши ва кейин эса улар бирин кетин бартараф этилишлари лозим.
Давлатни демократик сиёсат йўли билан бошқаришда энг асосий қуроллардан бири бу барча вазифаларни делегация қилиш, яьни уларни ҳар соҳада махсус биркитилган масьул шахсларга тақсимлаш ҳисобланади.

Иккинчи муҳим сиёсий қурол бу сиёсатдаги эркин рақобатдир. Токи эркин рақобат бўлмас экан сиёсат экилгану аммо тагига сув қуйилмаган кўчатдек қуриб, қотиб қолади. Сиёсатдаги рақобатчиларнинг номи мухолифатдир.

Каримов тузиб кетган ясама мухолифат ролини ўйновчи партиялар ўзингиз кўриб тургандек ҳақиқий , конструктив мухолифат ролини бажара олишмади, олишмайди ҳам. Чунки улар ҳатто "мухолифат" деган сўзни тушуниб етишгани ва бу сўзга ҳали ўрганишгани ҳам йўқ.

Дорини отини тушунмаган, тушунишни ҳам истамаган хаста одам дорини қабул қилармикин ва қабул қилгач уни ҳазм қила олармикин?

Мен Ўзбекистон давлат сиёсатидаги ана шу Гордиев узел, яьни қаттиқ ва ўта чигал тугунни ечиш йўлларини биламан ва ўз билганларимни шахсан сиз билан жаноб Мирзиёев баҳам кўришга тайёрман. Сиз узоқ йиллар давлатнинг иқтисодий масалалари билан шуғулланиб келдингиз. Энди елкангизга бу давлатнинг оғир сиёсатини ҳам олишингизга тўғри келмоқда.

Каримов ҳар икки юкни ҳам ўз елкаларига олгани учун тезда ўзи ҳам, унинг оиласи ҳам ва у чертиб чертиб танлаб мансабларга қўйган юзлаб инсонларнинг ҳаётлари ҳам оғир қийинчиликларга дучор бўлдилар. Фақат ўз ишини ўта эҳтиёткорлик билан бажарганлар ва ҳаётларини хавфу хатарлардан усталик билан ҳимоя қилганларгина қийинчиликлардан қутилиб қолдилар.

Нима учун бундай бўлиши керак?
Нега олий мансабларда ўтирган юзлаб инсонларнинг ва уларнинг оила аьзоларининг ҳаётлари охирида турли туман фалокатларга дучор бўлишлари керак?
Бунга сабаб нотўғри устунларга қурилган давлат биноси ва бу давлат раҳбарлари олиб борган нотўғри сиёсат айбдордир.

Агар демократик давлатларнинг собиқ президентлари ва олий раҳбарларининг сиёсатдан кетгандан сўнгги ҳаётига қарсангиз ҳавасингиз келади. Улар пенсияга чиққач ўз бола чақалари ва неваралари даврасида бахтиёр ҳаёт кечириб, давру даврон суришади.

Аммо Каримов ва у каби раҳбарлар ва сиёсатчиларнинг ҳаётдан кетишлари сабаблари ва улардан қолган болалари ва невараларининг ҳаётларига қарасангиз даҳшатга тушасиз! 

Нега шундай деб савол берилса жавоб яна ўша Гордиев узелга бориб тақалаверади.



Мен сарлавҳани замонавий услубда Ўзбекистоннинг Янги Ҳукуматига қарата ёздиму аммо асосий гаплар сиз жаноб Мирзиёев ва атрофингиздаги энг яқин 2..3 одам томонидан ҳал қилинишини мен аниқ биламан.
Қолган барча Ҳукумат аьзолари ва Олий Мажлис депутатлари сизларнинг оғзингиз ва кўзингизга маҳтал бўлиб қараб туришибди.
Сизлар нима десанглар ўшандай бўлишини бугун ҳатто оддий чўпон ҳам тушунади.

Ана шунинг учун ҳам бугун халқ, юз мингларча инсонлар ҳар куни сиз очган Виртуал қабулхонага мурожаат қилишмоқда жаноб Мирзиёев.
Мен ва сиз катта сиёсатга қарийб бир вақтда, 1990 йилларда кириб келганмиз. Биримиз баррикадани халқ томонига, иккинчимиз унинг Ҳукумат томонига ўтганмиз.

Халқ ва Ҳукумат ўртасидаги баррикадани советлар тузуми қуриб кетган эди, афсуски у Ўзбекистонга ҳам советлардан оғир мерос сифатида қолиб кетди.
Сиз халқнинг овозини олиш учун аввалига ўзингизни у билан бирга бўлгандек тутдингиз. Уларни овозларини олгач Парламентга сайланиб Ҳукумат одамига айландингиз.

Ўша пайтларда Олий Кенгаш деб аталмиш Парламентда асосан коммунистлар ҳукмрон эди, улар ичида бор йўғи 20тача мухолифат вакиллари ва яна 10тача халқ номидан гапирадиган депутатлар бор эди холос.
Қолган 90% депутатлар Ҳукумат ва коммунистик партия томонидан танланган ва сайланган одамлар эдилар.
Шу сабаб, Ўзбекистон ўша йиллари мустақил бўлганига қарамасдан, сиёсат советлар услубида олиб борилди.
Каримов мамлакатни 27 йил айнан советлар услубида бошқарди.


Натижада Ўзбекистон 27 йил давомида диктатура тузуми остида яшади, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларга йўл берилмади. Бу эса пировард натижада халқнинг турмуш аҳволи оғирлашишига, миллионлаб ёш йигит ва қизларнинг бутун дунё бўйлаб иш излаб сочилиб кетишларига олиб келди.


Ўзбекистон мустақиллиги ва унинг демократик йўлда ривожланиши учун курашган дунёвий мухолифат қаттиқ таьқиб ва тайзиқларга учради, оғир жудоликларга гирифтор бўлди. Ҳали ҳанўз Каримов қамоқларида юзлаб эркин фикрловчи ва мамлакат ривожланиши учун курашган инсонлар ўтирибдилар.

Мухолифатнинг асосий кучлари эса қамоқларга тушиш хавфи остида мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлдилар.
Мен 8 ой ўйдирма айблар остида ёпиқ қамоқ шароитида ўтиргач Олий суд менга 5 йиллик қамоқ жазосини белгилаб, кейин мени шартли равишда(халқаро ташкилотларнинг талаблари остида) озод қилди.

Аммо ҳали ҳанўз ўша ўйдирма айблар мендан ва мен каби айбланган бошқа мухолифатчилар бўйнидан олиб ташланмади.
Ҳали ҳанўз дунёвий мухолифатга ватанга қайтиш ва ўз юртининг равнақи, унинг бугунги ва эртанги куни яхши бўлиши учун ватанда меҳнат қилиш ва ўз меҳнати билан унинг ривожланишига ҳисса қўшишга имкон берилмаяпти.

Бу дегани Ўзбекистон Ҳукумати улкан интеллектуал потенциалдан билиб туриб воз кечмоқда деганидир.

Агар билсангиз, АҚШнинг қудратли давлат бўлишида чет эллардан кучли интеллектуал кадрларни мамлакатга таклиф қилиш ва кейин уларга АҚШ давлатини ривожлантиришга ҳисса қўшишларига имкониятлар бериш сиёсати ётади.
Аммо ана шу нарсанинг моҳиятини ҳозирча Ўзбекистон ҳукумати ё кўрмаяпти, ё кўрса ҳам ундан фойдаланмаяпти.

Халқаро иқтисодий форум тақдим этган Руйхатда инсонларнинг ривожланиши ва уларнинг потенциалидан фойдаланиш бўйича 124 давлатлар ичида Ўзбекистон бирор ўрин ололмабди. Хамдўстлик давлатлари ичида эса қуйидагилар ўша руйхатдан жой олишибди: Эстония -16, Литва — 18, Латвия — 23, Украина — 31, Казахстон — 37, Армения — 43, Киргизстон — 44, Озарбайжон — 63, Тожикистон — 65, Молдова — 71.
Биринчи ўринларда Финляндия, Норвегия , Швейцария давлатлари туришибди. Манбаа: http://gtmarket.ru/news/2015/05/19/7160

Кучли интеллектуал потенциал мамлакатнинг олтин, платина, уран конлари ва заҳираларидан ҳам қимматлироқ бойликдир ва бу бойликдан фойдаланмаслик Ўзбекистон халқи учун улкан йўқотишларни англатади.


Олтин, платина ва уран каби бойликларни кавлаб топиш мумкин, аммо интеллектуал бойликни топиш жуда қийин, улар камдан кам оилаларда бўлади, кўпчиликка кўринишмайди ва улар қаерда яшашмасин яшаган жойларини кўркам боғу роғларга айлантириш қобилиятига эга инсонлардир.

Мен бу ва бошқа масалаларда узоқ сўз юритишим мумкин аммо ҳозир, бу ерда мен конкрет бир масала ҳақида сўз юритмоқчиман.
Мен шахсан сизга жаноб Мирзиёев ва сизнинг ёнингиздаги энг асосий маслаҳатчиларингизга мурожаат қилиб шуларни айтмоқчиман:
Маьлумки, Ислом Каримов юритган сиёсат сабабли мамлакатда тубдан сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни ўтказиб бўлмади. Бу ислоҳотларни эркин фикрловчи ва ўзининг мустақил фикрига эга бўлган бир гуруҳ мустақил сиёсатчилар армиясисиз ўтказиб бўлмайди. У армиянинг номи Дунёвий мухолифатдир.

Шу учун Каримов йўл қўйган хатолардан хулоса чиқариб бугун дунёвий мухолифатга йўл очиш, уларнинг чет элларда яшаб юрган вакилларига ватанга ҳеч бир тўсиқсиз қайтиш ва Ўзбекистон қонунлари доирасида ўзларининг тинч сиёсий фаолиятларини қайта тиклашларига имкон берилиши керак.

Дунёвий мухолифатсиз Ўзбекистонда на сиёсий, на иқтисодий, нада ижтимоий ислоҳотларни ўтказиб бўлмайди.
Кадрларни ва пештоқлардаги ёзўвларни алмаштириш билан мамлакатни ва халқни бугунги оғир сиёсий ва иқтисодий бўҳрондан чиқариб бўлмайди.



Ботқоққа тушиб қолган улкан тўдани қутқариш учун ҳали ботқоққа тушмаган аммо унинг ёнгинасида турганлар ҳам ва ботқоқдан узоқдагилар ҳам бирдек маслаҳатлашиб, кучни бир жойга тўплаб ботқоқдагиларни қутқаришга баб баравар ҳаракат қилишлари лозим.
Шахсан мен ўзимнинг сиёсат ва иқтисоддаги 28 йиллик, илмий ишлар, инновациялар, техника ва қишлоқ хўжалигидаги 40 йиллик тажрибаларимни таклиф қиламан.


Ўйлайманки дунёнинг турли бурчакларида яшаб юрган мингдан ошиқ биродарлар ҳам ўзларининг турли соҳалардаги тажрибаларини ватан ва халқ учун сарф қилишга тайёрдирлар.


Янги давр, янги замонда янги ҳукумат Ўзбекистон давлати ва халқи учун жиддий ишларни қилишга ҳаракат қилади деган умидлар билан
Ҳазратқул Худойберди
Швеция, 23 ноябрь 2016 йил

http://fb.me/8QKpQt1qg

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Ўзбекистоннинг Янги Ҳукуматига айрим тилаклар. Empty Жамият  КАРВОНИ  ва ТЕГИРМОНИ ҳамда  уларни ҳаракатга келтирувчи кучлар ҳақида бир қисса

Post by Admin Mon Dec 12, 2016 6:32 am

Жамият  КАРВОНИ  ва ТЕГИРМОНИ ҳамда  уларни ҳаракатга келтирувчи кучлар ҳақида бир қисса.

Карвон деганда кўз олдингизга энг аввало саҳрою даштларни кезиб келаётган туялар карвони келади. Агар ҳозирги замонга қиёслаб хаёл сурсак кўз олдимизга темир йўлларда қудратли локомотивлар ёрдамида қушдек учадиган узун вагонлар  карвони келади.

Ҳатто тўлқинланиб турган денгиз ва океанларда қаторлашиб сузаётган кемалар карвони ҳам бор.
Аммо буларнинг барчасини ўзида жипслаштирган энг улкан карвон бу ЖАМИЯТ КАРВОНИДИР.

Тегирмон ҳам азалдан кўпчиликка маьлум бўлган ва инсониятнинг тош даврида ўйлаб топган энг буюк ихтироларидан биридир.

Уни ёрдамида инсонлар арпа, буғдой, маккажухори, гурунч каби қишлоқ хўжалик  маҳсулотларини чиғирдан ўтказиб тозалашади, кейин айримларини оғирроқ тош остида роса эзиб унга айлантиришади.

Тегирмонни ҳаракатга келтирувчи куч энг аввало инсоннинг меҳнаткаш қўллари бўлган. Тегирмоннинг нақадар мўҳим эканлигини англаган инсон бу меҳнат қуролини ривожлантириб, ўз меҳнатини баракалироқ ва самаралироқ бўлиши учун тегирмон тошини борган сари каттароқ қилиб ясай бошлаган. Аммо катта тошни айлантириш қийин бўлгани учун инсон бу ишда уй ҳайвонларидан фойдалана бошлаган. Аввал эшак, кейин от асрлар давомида тегирмонни ҳаракатга келтирувчи куч сифатида ишлатиб келинган.

Кейинчалик инсон тафаккури ривожлангани сари унинг меҳнат қуроллари ҳам такомиллашиб бораверган ва секин аста от ва эшак ўрнига тегирмонни аввалига шамол, кейинчалик эса электр қуввати ёрдамида айлантиришни ўрганиб олишган.
Тегирмон инсонлар ҳаётида чуқур из қолдирган, уни инсонлар кундалик ҳаёт ташвишларини тушунтиришда ҳам кўп ишлатишади, масалан “тегирмон навбати билан”, “ҳаёт тегирмон тошидек бир маромда айланмоқда” каби кўплаб иборалар бор.

Жамиятларни ривожланиши ҳам ана шу тегирмонга, унинг конструкцияси ва ҳаракатига жуда ўхшайди. Аммо жамият бу юз минглаб, миллионлаб ва ҳатто миллиардлаб инсонларнинг уюшган бир жамоасидан ташкил топган давлат шаклида бўлгани учун табиийки унинг тузилиши/структураси ҳам ва уни бошқариш ҳам инсоният учун энг мураккаб масалалардан биридир.

Бу масалани ўқувчига осонроқ кўринишда тушунтириш учун мен айнан тегирмон конструкциясини танладим.

Айримлар айтишлари мумкин –“Биз кичкина одаммиз. Бизга давлат структуралари ва уни бошқаришнинг икир чикирларини тушунишнинг нима кераги бор? Бу иш билан сиёсатчилар шуғуллансин. Биз ўзимизнинг кундалик ҳаёт ташвишлари билан шуғулланайлик, бир бурда нонни топишни, эртанги кун қандай бўлиши ҳақида ўйлайлик. Ана шу ташвишларимизнинг ўзи бизга етарлидир”.

Бу гап хато гапдир. Чунки Жамият тегирмони бу кўпчиликнинг қудрати билан айлантириладиган улкан машинадир. Бундай улкан ва қудратли машинани бир, ўн ва ҳатто юзлаб кучли, эпчил ва ишнинг кўзини биладиган довюрак одамлар ёрдамида на жойидан қўзғатиб, на ҳаракатга келтириб, нада бошқариб бўлади.

Бутун бошли бир давлатни бошқаришда бутун халқ бир жон, бир тан бўлиб ҳаракат қилиши ва турли туман муаммоларни ечишда ва жамиятни ривожлантиришда ҳар бир фуқаро хоҳ якка ҳолда, хоҳ ўзининг касаба ёки жамоат ташкилоти орқали, имкон қадар фаол қатнашиши, Жамият Тегирмонини айлантиришда қўлидан келганича ёрдам бериши керак.

Бу ишларни қандай қилиш мумкин деган саволга жавобан мен мисол тариқасида қуйида дунёда энг ривожланган давлатлардан бири бўлган Швеция Жамият Тегирмони ва энг қолоқ давлатлардан бири бўлган Ўзбекистон Жамияти Тегирмони ва уларни ҳаракатга келтирувчи кучларни акс эттирувчи суратларни келтираман.


Ўзбекистоннинг Янги Ҳукуматига айрим тилаклар. Swecia10

Жамият Тегирмонига бир мисол. Бу сурат Швеция жамияти ҳаётини акс эттиради, бу жамиятни ривожланишида энг катта куч бўлган нарсалар Касаба ва Жамоат уюшмалари эканлигини кўрсатади. Мен уларнинг айримларини мисол келтирдим холос. Аслида уларнинг сони юздан ошиқ (57таси Касаба ва қолганлари жамоат ташкилотлари) ва улар суратда кўриб турганингиздек Жамият Тегирмонини ташқаридан туриб айлантиришади, ичкаридаги кучлар(яьни 8та парламент партиялари)га қаттиқ таьсир ўтказишади. 100 дан ошиқ катта ва кичик шаҳарларнинг барчаси мустақил равишда ўз Маҳаллий Кенгашлари орқали ўз шаҳарларининг сиёсатини олиб боришади, ўз раҳбарларини ўзлари сайлашади. Уларнинг тузилиши худди марказдаги Парламент шаклида бўлгани билан ҳокимият Марказдаги мухолифат партияларининг маҳаллий бўлимлари қўлида бўлиши ҳам мумкин. Чунки ҳар бир шаҳар ўз мустақил сиёсатига эга ва марказ уларга шаҳарни бошқариш ишларида буйруқ қила олмайди. Марказ фақат умумий бюджет, умумий муаммолар, транспорт, тиббиёт, таьлим - тарбия масалаларида шаҳар ҳокимиятларига қонуний йўллар билан таьсир ўтказа олишлари мумкин. Яьни қонунлар барчага тегишли аммо ҳар бир шаҳарнинг тартиб қоидалари ҳам ўз кучига эга.



Ўзбекистон Жамияти Тегирмони.
Ўзбекистоннинг Янги Ҳукуматига айрим тилаклар. Tegirm10

Ушбу суратда кўриниб тургандек Ўзбекистонда Жамият Тегирмонининг бошқарув тасмалари бир одам, яьни Президентнинг қўлларига маҳкам боғланган.
Бир инсон 40дан ошиқ вазирлик ва бошқармалар, 12 вилоят ва Қорақалпоғистон автоном республикасини бошқаришни истайди.
Чунки у бирорта вилоятнинг халқига ўз-ўзини бошқариш эркинликларини бергиси келмайди.
Чунки шундай қилса туман, шаҳарлар ва вилоятнинг бошқарув курсиларига Президент тайинлаган таниш -билишлари ёки катта пора берган миллионер муттаҳамлар эмас балки халқ билган, таниган ва ишнинг кўзини биладиган ва халқпарвар одамлар сайланиши мумкин! Масаланинг нега бу қадар чигаллигини сабаби ана шунда.

Диктатор ҳамиша ўзим бўлай дейди, ҳаммани нарсани ва барча фуқароларни ўзим , ўз яқинларим ва таниш билишларим ёрдамида бошқараман, мени айтганим бўлади, тамом вассалом дейди. Натижани эса Каримовнинг 27 йиллик ҳукмронлиги даврида кўрдинглар. Хўш, энди яна 27 йил Мирзиёевнинг ҳам айни шу ҳолда иш юритишини истайсизларми?

Суратда кўриниб турганидек, бир одам у ҳар қанча кучли ва ўткир фаросат соҳиби бўлгани билан ана шу барча тасмаларни якка ўзи маҳорат билан бошқара олмаслигини унинг ўзи ва айниқса сиз- Ўзбекистон халқининг вакиллари тушунаяпсизларми? Буни дунёдаги ривожланган давлатларнинг халқлари аллақачон тушуниб етдилар ва шунинг учун ҳам улар якаҳокимликка барҳам бериб демократик тартиб қоидаларга асосланган жамият қуриб бахтиёр яшамоқдалар.

Ўзбекистон ҳам ана шундай йўлдан бориши керак. Акс ҳолда диктатура деб аталмиш барча давлатларда (Ўзб, Туркм, Шим.Корея, Куба, Зимбабве, Тожик, Беларус ва шу кабиларда) ривожланиш ҳамиша энг орқада, халқнинг аҳволи эса энг оғир бўлиб қолаверади.

https://www.facebook.com/photo.php?fbid=10154299329764503&set=pcb.10154274466119503&type=3&theater



Last edited by Admin on Mon Dec 19, 2016 6:23 am; edited 1 time in total

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Ўзбекистоннинг Янги Ҳукуматига айрим тилаклар. Empty Швеция ва Ўзбекистон жамиятларининг карвонлари хақида

Post by Admin Wed Dec 14, 2016 5:49 am

Швеция жамиятининг карвони

Ўзбекистоннинг Янги Ҳукуматига айрим тилаклар. Sved_j10



Ўзбекистон жамиятининг карвони

Ўзбекистоннинг Янги Ҳукуматига айрим тилаклар. Uzb_ja10

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Ўзбекистоннинг Янги Ҳукуматига айрим тилаклар. Empty Re: Ўзбекистоннинг Янги Ҳукуматига айрим тилаклар.

Post by Sponsored content


Sponsored content


Back to top Go down

Back to top

- Similar topics

 
Permissions in this forum:
You cannot reply to topics in this forum