Форум_Ўзбекистон

Толиб Ёқубов: Зўравонлик интеллектуал(ақлан) ва маънавий ночор одамларни ўзига маҳлиё қилади ёки Қирғизистондаги ўзбекларга нисбатан оммавий қирғинлар ортида нима ётибди?

Avvalgi mavzu Keyingi mavzu Go down

Толиб Ёқубов: Зўравонлик интеллектуал(ақлан) ва маънавий ночор одамларни ўзига маҳлиё қилади ёки Қирғизистондаги ўзбекларга нисбатан оммавий қирғинлар ортида нима ётибди?

Post by Admin on Wed Jun 23, 2010 12:45 pm

Зўравонлик интеллектуал ва маънавий ночор одамларни ўзига маҳлиё қилади


Аttavhid. сайти таҳририяти муҳожиратдаги бир гуруҳ ўзбекистонлик сиёсатчилар, журналистлар ва ҳуқуқбонларга Қирғизистондаги воқеъаларга доир қуйидаги бир неча саволлар билан мурожаат қилди. Қуйида таниқли ҳуқуқбон Толиб Ёқубовнинг жавобларини эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз. Биз у кишига соғлик саломатлик тилаб қоламиз. Ва халқ манфаати йўлида кексайиб қолишларига қарамай ўз интеллектуал ва маънавий ёрдам маслаҳатларини доимо биздан дариғ тутмасликларига умид қиламиз.

Савол. Хабарингиз бор, ҳозир Қирғизистонда миллатлар аро қирғинбарот бошланди, яна ўша икки халқ - ўзбек ва қирғиз миллати - вакиллари орасида адоват олови ёндирилди. Асрлардан бери бирга ёнма ён яшаб келган дини, тили, маданияти ва келиб чиқиш илдизи бир бўлган бу икки халқ орасида нимага доим вақти вақти билан шунақа қирғинбарот бўлиб туради? Бунда қандайдир ташқи кучлар қўли борми? Ёки бу ички низоларми?

Жавоб: Инсонлар табиатидаги жоҳиллик турли қишлоқлик икки боланинг урушиши икки қишлоқ аҳолиси орасида ур-йиқит, ўт-олов, одам ўлдиришга олиб келган.
Қайси бир йили футбол бўйича жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари ўтаётган пайтда бирининг мағлубияти Лотин Америкасининг икки давлати орасида уруш чиқаргани маълум.
Ҳар қандай миллатлараро низо асосида кичик - катта манфаат ётади.
Миллатлараро низодан сиёсий манфаат кўзланса, бу - энг ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.
Қирғизистон жанубида бўлаётган оммавий қирғин, шаҳар ва қишлоқларга ўт қўйиш, омон қолганларнинг оммавий қочқинга айланишини тушуниш учун одатдаги “Бундан кимлар манфаатдор? Кимлар ташкилотчи? Бажарувчилар ким?” деган саволларга жавоб излаш керак.

Аввало, биринчидан, шуни таъкидлаш лозим-ки, Қирғизистон жанубида яшаётган ўзбеклар асосан ўтроқ ҳолда ва қирғизлар асосан кўчманчи ҳолда бу ҳудудда қадимдан яшаб келишган; иккинчидан, бу ҳудуд Октябрь инқилобига қадар ўзбек хонликлари таркибида бўлган; учинчидан, бу ҳудуддаги ўзбеклар Қирғизистон Совет Социалистик Республикаси ташкил этилган (1936 й.) дан бошлаб гўё-ки “қирғизларнинг ерига келиб қолгандай” бўлиб қолган. Аслида ўзбеклар ҳам, қирғизлар ҳам бу ҳудудда “меҳмон” эмас.

Миллий низоларни келтириб чиқариш ва унинг натижаси ўлароқ бу миллатларни ўз таъсирида тутиб туриш 1917 йили ҳукуматни қуролли давлат тўнтариши ёрдамида олган большевикларнинг Россия империясининг узоқ келажагини ўйлаб олиб борган ва юргизган сиёсати асосига қўйилган эди. Қирғизистон жанубида бўлган ва ҳозирги кунда бўлаётган воқеалар ўша сиёсатнинг акс-садоларидир.

Қирғизистон жанубида бўлаётган суронлардан манфаатдор томонлар оз эмас. Бир қарашда асосий манфаатдор томон ўзбекларни Қирғизистон ҳудудидан бутунлай ҳайдаб чиқариб, ўзига ҳаётий фазони кенгайтиришни мақсад қилган қирғиз халқидай кўринади. Бироқ бу тахминни инкор этиш қийин эмас: биринчидан, салкам бир миллионлик ўзбекларни бошқа давлатга суриб чиқариш 21-асрда ҳар томонлама нореал масала бўлиб, бу жараён ҳар икки томонга жуда катта гуманитар инқироз олиб келади ва буни ақлини еб қўйган сиёсатчи ҳам тушунади.

Баъзилар бу воқеаларни наркобаронлар манфаатидан келиб чиққан дейишмоқда. Ҳозирги пайтда наркотиклар бойишнинг асосий манбаъларидан бири бўлса-да, наркобаронлар учун ўз ишини йўлга қўйиш бу қадар ваҳшийликлар, моддий бойликлар (уй-жойлар, савдо-сотиқ корхоналари ва ҳ.)ни ёндириб юбориш, ўнминглаб, балки юзминглаб одамларни қочоққа айлантиришни талаб қилмайди.

Қирғизистон воқеаларида эса асосий манфаатдор томонлар: 1) Россиянинг ҳозирги ҳукумати; 2) собиқ президент Қ.Бакиев ва уни қўллаб-қувватловчи одамлар; 3) И.Каримов ва унинг режимидир.

В.ПУТИН

СССР парчалангани билан Россия колониал империяси йўқ бўлган эмас. У ҳозирги замон империялари (Россия, Хитой, АҚШ) орасида энг каттаси ва ядро қуролининг сону-салмоғи бўйича иккинчисидир. Энг асосий жиҳати инглизлар, французлар, немислар, турклар (ва б.)дан фарқли ўлароқ Россия халқи ва сиёсий элитаси менталитети (зеҳнияти)дан Россия империя бўлиб қолиши керак, деган тафаккур ўчган эмас.

СССРни у ёки бу формада тиклаш ғояси Б.Ельцин даврида бошланди. Мен буни 1995 йил Ўзбекистонга Россия ташқи ишлар вазири Андрей Козирев келганда сезганман. У йўлда Ашхабодга тушиб, Туркманистон аҳолиси қўшалоқ (Туркманистон ва Россия) фуқароликка ўтиши лозимлигига С.Ниёзовни кўндирган.

Бироқ И.Каримов Москванинг бу таклифини рад этди. Менинг уйимга “ҳуқуқбон” М.Ардзинов келиб, Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракати ва Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти номидан И.Каримов номига бир мурожаатнома тайёрлаб, унда мамлакатимиз аҳолисини қўшалоқ фуқароликка ўтказиш талаби билан чиқишни таклиф этди. Мен фақат битта савол қўйдим: “Бундан ўзбекларга ва мустақил давлатчиликка нима фойда келади?” М.Ардзинов: “Келажакда фойдаси катта бўлади” деган гапдан нарига ўтаолмади. У мени икки соатлар авради, бироқ мен унинг таклифини рад қилдим.

Россия ўша пайтлардан бошлаб қўшалоқ фуқаролик ғоясини даставвал Абхазия ва Жанубий Осетияда изчиллик билан амалга оширди. Бу ғоя Украинанинг шарқий ва жанубий ҳудудларида ҳам маълум даражада йўлга қўйилди. В.Путин салоҳиятга келгач, Россия ўзининг чет эллардаги “фуқаролари”ни тез-тез эслайдиган бўлиб қолди ва ҳатто уларни ҳимоя қилиш ҳамда Россия армиясини бошқа давлатлар ҳудудига олиб кириш доктринасини ишлаб чиқди.

АҚШнинг ҳарбий ва сиёсий стратегиясини белгилашда етук рольни ўйнаган З.Бжезинский ўзининг “Буюк шахмат тахтаси” [мас. қаранг: http://lib.ru/POLITOLOG/AMERICA/bzhezinskij.txt ] асарида АҚШ ва Россия орасидаги буюк давлатчилик кураши сиёсатида устунлик қилиш учун АҚШ сиёсати Украина, Грузия ва Ўзбекистонга алоҳида ўрин бериши лозимлигини уқтиради. Гарчи Грузияда АҚШ сценарияси бўйича рангли инқилоб ғалаба қилган бўлса-да, бироқ Абхазия ва Жанубий Осетия аҳолисини Россия фуқаролиги билан тўлиқ “таъминлаб” бўлган В.Путин ва Д.Медведев ҳукумати Грузиянинг бу икки вилоятини куч ёрдамида босиб олишга эришди ва кичик Грузияни янада майда бир давлатчага айлантирди.

Россия ҳукумати ва унинг олиб бораётган босқинчилик сиёсатидан бутун вужуди билан нафратланадиган В.Юшченкони Украина президентлигидан кетказиш ва уни россияпараст одам билан алмаштириш учун Россия раҳбарлари нималарни қилмади дейсиз!?
Ҳали Украина Ж.Осетия ҳолига тушган эмас, бироқ В.Янукович салоҳияти 8-10 йилларга чўзилса ва В.Путин ҳамда Д.Медведев давр суришда давом этишса, бу давлат ўз мустақиллигини сақлаб қолиши катта муаммога айланади.

Бироқ Украинада кучли мухолифат ва ғарбий Украинадан иборат катта миллатчи ҳудуд мавжудлиги мазкур масалада бу мамлакат Россия уюштираётган барча провокацияларни енгиб ўтади, деган умид бор.

Қозоғистонни ҳисобга олмаганда Марказий Осиёдаги барча постсовет мамлакатлар барча параметрлари бўйича кучсиз давлатлардир ва уларни бошқараётган диктатор лидерлар сиёсий саҳнадан улоқтирилмас экан бу параметрларнинг ижобий томонга ўзгаришига умид қилиш қийин. Россия каби худбин империалистик давлат учун мазкур давлатларнинг ҳар бирини навбатма-навбат издан чиқариб юбориш қийин эмас.

Бироқ ҳозирча уч асосий фактор бу ишни амалга оширишга монеълик қилиб турибди: булар - (1) халқаро, асосан Ғарб, демократик ҳамжамиятнинг салбий реакцияси; (2) Кавказ минтақасидаги сиёсий беқарорлик; (3) Россиянинг иқтисодий, ижтимоий ва демографик инқирозидир.

Бироқ, барибир Россия ўзининг табиий бойликлари (газ, нефть, ёғоч ва ҳ.)ни сотишдан тушаётган пуллар ҳисобига собиқ мустамлакаларини ўз таъсир доирасига тортиш режасини аста-секинлик билан юргизиб келмоқда.

Марказий Осиё АҚШ учун ҳам, Россия учун ҳам ўта муҳим минтақа бўлгани учун уни ўзига мойил қилиш кураши бу икки давлат сиёсатининг марказий нуқталаридан биридир. Бу кураш тахтасида Қирғизистон энг кучсиз шахмат пиёдаси сифатида қаралади. Ип ҳам кучсиз жойидан узилганидай, Марказий Осиёда беқарорлик ташкил қилиш ва шу йўл билан ўз таъсирини ўтказиш айнан Қирғизистон орқали амалга оширилиши осонлигини Россия махсус хизматлари яхши тушунишади.

Энг таъсирли йўл миллатлараро низони қўзғаш эканини Россия қатор мисолларда синаб кўрди: Тоғли Қорабоғ (Озарбойжон), Ўш-Ўзган (Қирғизистон), Днестрбўйи (Молдова), Абхазия ва Ж.Осетия (Грузия).

Ўш-Жалолобод воқеаларидан уч кун олдин (7 июнь) Россиянинг юқори лавозимли шахсларидан бири В.Рушайлонинг Тошкентга фавқулодда келиши ва И.Каримов билан учрашиши ҳар қандай одамни ўйлантиради.
В.Рушайло айнан Қирғизистон билан муносабатларни ривожлантириш масалалари бўйича Россия президентининг махсус вакили эканлигини, бу “визит” Қирғизистонда содир этилган қирғиндан уч кун олдин ташкил қилинганини, ҳамда бундан сал олдин Россия Давлат Думаси спикерининг ўринбосари, ашаддий миллатчи ва Марказий Осиё халқларини бутун вужуди билан ёмон кўрувчи В.Жириновский баралла: “Қирғизистон ва Тожикистон давлат сифатида салоҳиятга эришмадилар, уларни 9-чи федерал округ сифатида Россия таркибига киритиш керак” деганини эътиборга олинса, Қирғизистонда беқарорлик келтириб чиқариш ва шу йўл билан уни ҳам Абхазия ва Ж.Осетия ҳолатига келтириш Россия ҳукмдорлари режасининг бошида турганидан далолат беради.

Қ.БАКИЕВ

“Одамнинг кимлигини билиш учун уни ҳокимият бериб сина” деган қадимги мақол Қирғизистон президенти Қ.Бакиев мисолида мутлоқ тўғри формула эканлиги яққол кўринди. У беш йилдан сал ортиқроқ вақт ичида ҳукмдорликка шу қадар ўрганди-ки, фавқулодда, деярли кутилмаганда ҳокимиятдан кетказилиши унга қаттиқ маънавий ва руҳий таъсир кўрсатгани шўбҳасиздир. Бундай одамларда ҳукмдорлик пайтида тузалмас бир касаллик – очкўзлик – ҳам шаклланади ва тахтдан кетиш - беҳисоб бойликлардан ажралиш сифатида ўта оғриқли ҳолатни келтириб чиқаради. Бу эса инсонни мудҳиш жиноятлар қилишга ундаши мумкин.

Камида учта фактор Қирғизистондаги биродаркушлик қирғинини уюштиришда Қ.Бакиев доирасининг бевосита қўли борлигини қўрсатади:
- уни ҳокимиятдан кетказган Муваққат ҳукумат одамларидан ўч олиш ва бу ҳукуматнинг мустаҳкамлашишига, хусусан 27 июньга мўлжалланган референдумнинг ўтказилишига йўл қўймаслик;

- апрель давлат тўнтарилишига жанубий Қирғизистон ўзбек аҳолисининг хайрихоҳ бўлиши;
- Қ.Бакиевнинг ўғли ва укаси орасида телефон орқали бўлиб ўтган (қайсидир давлат махсус хизмати томонидан интернетга қўйилган) сўҳбат.
Қ.Бакиев ва унинг яқинлари бундан кейин, воқеалар қандай ривожланишидан қатъий назар, ҳокимиятга қайтаолмасликларини тўлиқ тушунганликлари туфайли ўзбекларни қурбон қилиш орқали Қирғизистонда кучли бир беқарорликни уюштирганликларининг эҳтимоли жуда каттадир.

Қ.Бакиев президент сифатида давлат хавфсизлик хизмати орқали мамлакатда 1990 йилги қирғиндан сўнг қирғиз ва ўзбек аҳолиси орасида таранглик сақланганидан яхши хабардор бўлган ва Қирғизистонда беқарорликнинг бундан аҳамиятлироқ ва самаралироқ манбаъни кўрмаган. Унинг ва яқинларининг қўлида катта миқдорда маблағ бўлганлиги ва ватани жанубий Қирғизистонда тарафдор миллатдошлари кўп бўлгани сабабли буерда беқарорликни уюштириш қийин бўлмаган.

Сиёсатчи сифатида Қ.Бакиев миллатлар орасидаги таранглик, чидамсизлик “сал қитиқланса қўзийдиган” бир субстанция эканлигини яхши тушунади ва беқарорлик келтириб чиқариш учун вақтни кам оладиган бошқа омил кўрмаган.

Кейинги пайтда у И.Каримовнинг таъсирига тушаётганини сезиш қийин эмас эди. 2009 йил май ойида Москвада бўлган ШҲТ раҳбарлари йиғилишида бу икки президентнинг холи учрашувидан кейин Қирғизистонда диндорларга қаттиқ ҳужум бошлангани бунинг яққол далилидир.
Шу сабабли, Қирғизистонда ўзбекларга қарши қирғин уюштиришда провокатор ва снайперларни топиш Қ.Бакиев учун айтарли муаммо бўлмаган.

И.КАРИМОВ

И.Каримов ўзбекларга бўлган ҳақиқий муносабатини икки марта қирғиз-ўзбек қирғинларида ва 2005 йил Андижон воқеаларида намойиш қилди. Бу – қипқизил аксилўзбек муносабатидир. Баъзилар: “Мана, юз минг ўзбек қочоқларини қабул қилди-ку! Бу ўзбекларни ҳурмат қилиши эмасми?” дейишмоқда. Менинг чуқур ишончим бўйича, дунё жамоатчилиги диққат-эътибори бўлмаганда эди, чегарага Ўш ва Жалолободнинг барча аҳолиси йиғилганда ҳам И.Каримов битта одамни ҳам чегарадан ўтказдирмас эди. И.Каримов мажбур бўлганидан қочқинларни Ўзбекистон ҳудудига ўтказди, чунки, фараз қилинг:
- ўн минглаб одамлар қирғиз-ўзбек чегарасида тўпланиб турибди;
- ўзбек ҳукумати уларни мамлакат ҳудудига киргизмаяпти;
- бу вазият дунё ҳамжамиятига маълум бўлган ва ҳамма чегарани очишни талаб этаётган бўлса;
жазирама иссиқ, сувсизлик ва очлик, ва балки, қирғизларнинг ҳужуми туфайли қочқинларнинг катта бир қисми ҳамманинг кўзи ўнгида ўлиб кетса дунё биринчи навбатда И.Каримовга айб қўяди ва буни у жудв яхши тушунади.

Бироқ, қирғин бошланган пайтдаёқ Ўзбекистон қўшни мамлакатдаги ўзбекларни сақлаб қолиши мумкин эди. Бунинг учун И.Каримов Ўзбекистон Республикаси ҳарбий кучларининг бош қумондони сифатида иродали, тарихий бир қарор қилиши, яъни Ўзбекистон армиясини жанубий Қирғизистонга киритиши керак эди.

Тарихий мисол: Кипр оролида жойлашган Кипр Республикасида кўпчиликни ташкил этувчи кипрлик греклар ва озчиликни ташкил этувчи турклар орасида содир бўлаётган қонли урушларга барҳам бериш учун 1983 йили Туркия ўз армиясини бу оролга киргизган ва шимолий Кипр (Кипрнинг 1/3 қисми)ни эгаллади. Бу ҳудуд Шимолий Қибриз Турк Жумҳурияти (ШҚТЖ) деб эълон қилинди.

Кипрда миллатлар орасидаги таранглик туфайли содир бўлаётган зўравонликларга шундай қилиб барҳам берилди ва Кипр турклари ҳимояланди. Буерда масаланинг икки жиҳатига эътибор бериш керак: биринчидан, Туркиянинг бу тарихий воқеани амалга оширган раҳбари легитим (салоҳиятли) бўлган; иккинчидан, турклар қаерда яшашидан қатъий назар Туркия раҳбарлари уларни ҳурмат қилган, ўзининг миллатдоши, турк миллатининг бир қисми деб қарашган.

Ҳозирги кунда ШҚТЖни Кипрнинг иккинчи қисмидан ажратувчи, “Яшил чизиқ” деб аталувчи чегарани БМТнинг тинчликни сақловчи ҳарбий контенгенти қўриқлайди.
Ўзбекистон қирғизистонлик ўзбеклар учун шундай амални қилиши мумкинмиди? Мумкин эди, бироқ уни қилишга икки муҳим жиҳат монеълик қилади:
(I) Ўзбекистон раҳбари легитим салоҳиятли эмас; унинг салоҳияти камида 3 йил илгари тугаган;
(II) И.Каримов ва унинг атрофи, юқорида айтганимиздек, ўзбек халқини ҳатто писта пўчоғича ҳам кўрмаган ва ундан фақат ўз ҳокимиятини сақлаш ҳамда мамлакатни талон-тарож қилиш мақсадида фойдаланиб келган.

Буюк бир олимнинг ушбу гапи эсимда: “Зўравонлик интеллектуал ва маънавий ночор одамларни ўзига маҳлиё қилади”. Афсус-ки, И.Каримов ва унинг режими мулозимларининг 21 йил давомида халққа ўтказиб келаётган жисмоний, маънавий, иқтисодий, информацион (ва ҳ.) зўравонлигини олқишлаётган, уни “ тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун мамлакатни қаттиққўллик билан бошқариш” дея баҳолаётган ўзбеклар оз эмас ва улар интеллектуал ҳамда маънавий ночор инсонлардир. И.Каримовнинг миясида битта, ягона нарса михланиб, мустаҳкам муҳрланиб қолган: ҳокимиятдан кетмаслик! Бошқа ҳар қандай нарса у учун муҳим эмас. Шу жумладан ўзбекларнинг тақдири ҳам. Андижон аҳолисини отдириши бунга ёрқин мисолдир.

Қирғизистонга ўзбек армиясини олиб кирмагани сабабини тушунишда Андижон қатлиоми И.Каримов учун ҳам ижобий, ҳам салбий моҳият касб этишини тушуниш лозим деб ўйлайман. Нега? Андижон воқеаларини И.Каримов дунё жамоатчилигига исломий экстремистлар фаолиятининг натижаси деб тушунтирди, Қирғизистондаги воқеаларда қирғизларнинг миллий экстремизми яққол кўриниб турса-да, у бу воқеаларни тушунтиришда на “исломий экстремизм” ва на ҳатто оддий “экстремизм” сўзини ишлатди. Эътибор қилинг: у қирғизлардан айбни бутунлай соқит қилди ва ҳатто Қирғизистон халқига эмас, айнан қирғиз халқига ҳамдардлик билдирди.

И.Каримов ўзбекларни ҳимоя қилиш учун Қирғизистонга армия олиб кирса, унга Андижон қирғинини эслатишлари мумкинлигини у яхши англаган. Олиб кирмаса-чи? У ҳолда уни баъзилар қўрқоқликда айблашлари мумкин, холос. Буни ҳам И.Каримов шу пайтгача фикрини бир тийинга олмай келган мухолифат айтиши мумкин – бу эса унинг учун муҳим эмас.
И.Каримов энг кам қаршиликка эга бўлган иккинчи вариант, яъни Қирғизистон ўзбекларига ҳарбий ёрдам бермаслик йўлини танлади.

Нега мен Қирғизистон воқеаларидан И.Каримов ва унинг режими ҳам манфаатдор демоқдаман? Андижон қирғини оддий воқеа эмас, уни уюштирганлар КАМИДА Халқаро Жиноят Судига тортилиши кераклигини кўпчилик тушунади. Иккинчи томондан, Қирғизистон қирғинлари қанчалик кўламлик бўлса, Андижон қирғинининг моҳияти шу қадар қадрсизланади ва унут бўлади. И.Каримовга айнан шу керак! Бошига кулфат ёғилганда қирғизистонлик ўзбекларнинг бошпана излайдиган жой битта – Ўзбекистон.

Кейинги воқеалар буни яна бир марта яққол кўрсатди. Буни И.Каримов ҳам жуда яхши билади. Андижон воқеаларидан сўнг мамлакат ичида ҳам, ташқарисида ҳам обрўси кескин пасайган И.Каримов 100.000 ча қочқин ўзбекларни қабул қилиб, ҳозир у ўз рейтингини халқ кўзи ўнгида анча ошириб олди ва гўё қотилдан инсонпарвар одамга айланди. И.Каримовга айнан шу керак!

Тарихдан баъзи лавҳалар: Мен юқорида айтган З.Бжезинскийнинг “Буюк шахмат тахтаси” асари ҳар қандай махсус хизматлар аналитиклари учун доимо столининг устида турадиган китобчадир. Авторитар ва тоталитар сиёсий тузумлар махсус хизматлари учун бундай манбаълар алоҳида аҳамиятга эга ва уларнинг аналитиклари бу манбаъларни изчиллик билан ўрганадилар.

Грузия, Украина ва Қирғизистонда содир бўлган “рангли” инқилоблар Ўзбекистон каби авторитар ҳукуматларни жиддий хавотирга солди. Бундай инқилоб Қирғизистонда содир бўлишини Россия ФСБ (Федерал хавфсизлик хизмати) орқали Ўзбекистон МХХ билар эди. Шу сабабли 2005 йил февраль ойида полковник Махмуд Худойбердиев одамлари: “Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида халқ ғалаёни бўлмасин, биз уни шафқатсиз бостирамиз” деган қасамёдга келтирилган.

Бу одамлар ҳақидаги баъзи ҳақиқатлар ушбулардир. Ўзбекистон МХХнинг фаол иштироки билан Тожикистонда фуқаровий уруш кетаётган пайтда Тожикистон Бирлашган Мухолифати (ТБМ, демократик ва диний мухолифат)га қарши коммунистик ҳукумат томонда туриб урушган гурух бўлиб, ТБМ ҳукумат билан сулҳ тузгач, қуролни ҳар икки тарафга қаратган. Батамом мағлубиятга учрагач, Ўзбекистонга чекинган ва буерда қарор топган.
Бу одамларда Ўзбекистонда яшашдан бошқа альтернатива йўқ, чунки улар Тожикистон ҳукумати томонидан ҳарбий жиноятлар қилганликда айбланиб, халқаро қидирувга берилган. Бироқ улар пухта ишланган сохта ҳужжат (паспорт) билан махсус топшириқларни бажариш учун бошқа мамлакатларга чиқарилиши мумкин.
Улар учун И.Каримовнинг ҳаводай зарурлигини, И.Каримов учун ҳам улар худди шу мақомда эканлигини тушуниш қийинчилик туғдирмайди.

Қирғизистондаги инқилобдан сал ўтмай Андижонда қирғин уюштирилди. Нега айнан Андижон танланди? Нега Самарқанд эмас, Бухоро эмас ёки Нукус эмас? Ўзбекистон МХХ, прокуратура ёки милицияси, муболаға билан айтганда, пашшадан фил ясаб, жиноий ишни янги туғилган гўдакка қарши ҳам очишлари мумкин-ку!

Гап шунда-ки, шахматчи бир неча ход (юриш, қадам)ни илгаридан билиб, шунга қараб юриш қилганидек, ўзбек ҳукумати ҳам Қирғизистон инқилоби содир бўлишини илгаридан билган ҳолда унга ва ундан кейин бўладиган воқеаларга олдиндан тайёргарлик кўрган. Ўзбекистон ҳукумати, айниқса унинг раҳбарига на Ўзбекистондаги, на Қирғизистондаги ва на бошқа жойлардаги ўзбекларнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, илмий, диний, халқаро муносабатларни ривожлантириш соҳаларида фаоллашуви керак эмас.
Бу ерда эса, шундоққина биқинида, Андижонга туташ жойда, ҳар куни минглаб одамлар уёқдан буёққа, минглаб одамлар буёқдан уёққа ўтиб турган минтақада давлат раҳбари (А.Акаев)ни уч кун ичида мамлакатдан ҳайдаб туришибди.

Ҳукуматнинг қарори ягона ва қатъий: бу “иллат” юқумли касалга айланмаслиги учун Андижон аҳолисини қурбон қилиш керак! Бироқ бу қирғин кутиладиган, бўлажак воқеаларни бошқариш учун ҳам иш бериши керак.

Андижон воқеаларидан олдин мен ўта ишончли бир манбаъдан МХХ қандайдир бир гурух одамларни тайёрлаяпти, улар орасида М.Худойбердиев одамлари ҳам кузатилди, бироқ бу гурух қандай мақсад учун тузилаётганини аниқлашнинг имкони бўлмаяпти, деган информация олдим. Ўша манбаъ 15-16 май кунлари кузатилган гурух андижонлик қочқинлар панасида Қирғизистонга ўтказилганини билдирди. 19 май куни мен Венага учиб кетдим ва ўша куни Андижон воқеаларига бағишланган, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ташкил қилган брифингни ўтказдим.

2-3 кундан кейин мен Венада Қирғизистоннинг Бош прокурори Азимбек Бекназаров ва Қирғизистоннинг АҚШдаги элчиси Замира Сиддиқова (иккаласи ҳам янги ҳукумат томонидан янги тайинланган мулозимлар экан) билан учрашдим. Бу учрашувда Қирғизистонга ўтказилган гурух ҳақида мен А.Бекназаровдан билиш-билмаслигини сўрадим. У бу информацияни тасдиқлади.

Қирғизистонга “сингдирилган” мазкур гурух олдига конкрет – Қирғизистон жанубида вазиятни беқарорлаштириш вазифаси қўйилган. Ўзбекистондаги мустабид тузумни изчиллик билан фош қилаётган журналист Алишер Соиповни ва бир неча таниқли дин арбобларини ўлдиришнинг, қатор жойларда портлашлар содир этишнинг, Қирғизистонда диндорларга нисбатан репрессияларнинг кучайишининг орқасида кимлар турган бўлиши мумкин?

Қирғизистонда содир бўлган ҳозирги қирғинда тожикистонлик ёлланма қотиллар ва снайперлар ҳақида гап-сўз тарқади. Баъзи манбаълар: “Бу снайперлар жуда малакали экан, Тожикистондаги урушни кўрган одамлар бўлса керак” деган фикрни билдирдилар. Тожикистонда урушни кўрган, қуролни амалда ишлатган одамлар кўп, бироқ урушнинг барча чиғириқларидан ўтган, 1999 йилдан бери эса Ўзбекистон президенти хавфсизлик хизматининг асосини ташкил этувчи, мамлакат махсус хизмати харбийлаштирилган қисмлари ва ҳарбий контрразведка бўлимларида ишлайдиган худойбердиевчилардан зўрроқ, малакалироқ снайперлар ва провокация уюштирувчиларни топиш мумкинми?
Ўзбекистон ҳукумати 21 йил ичида ўзбек халқига нисбатан қатор ТАРИХИЙ жиноятлар содир этиб келди.

Бундан 20 йил илгари айнан шу Қирғизистонда ўзбеклар оммавий қирғинга учраганини билган ҳолда Қирғизистон қирғинлари иккинчи марта бошланган заҳотиёқ БМТнинг аъзоси сифатида Ўзбекистон ҳукумати унинг Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишини ўтказиш ва қирғинни олдини олишга чақириши мумкин эди. И.Каримов бу қирғин “Қирғизистоннинг ички иши” деб эълон қилди, яъни уни бартараф қилишни қирғизларнинг ўзига топширди. Худди Андижон қирғинини Ўзбекистон прокуратураси, МХХ, милицияси ва судига топширгандай.

Р.ЎТИНБАЕВА

2010 йил апрели бошида Бишкекдан мамлакат президенти омма томонидан қувилганда ўзбеклар орасида шодиёна қилганлар бўлди: “Яшасин қирғизлар!”, “Қирғизлар эркаклигини кўрсатишди, ўзбеклар ухлайверсин!” дея ҳайқиришди, баъзи ташкилотлар табрик баёнотлари билан ўртага чиқишди.
“Инқилоб” эса Россия кучи ва кўмагида уюштирилгани биринчи кунлардаёқ маълум бўлган эди. Бироқ Россия ҳеч бир ишни яхши ният билан қилмаслигига тарих гувоҳлик беради. Роза Ўтунбаева ва унинг бир қатор “инқилобий” сафдошлари қипқизил россияпараст эканлиги ва демократик принциплардан хийла узоқ эканликлари ҳозир сир бўлмай қолди.

Қирғизистон қирғинида бу шахсларнинг қўли борми-йўқми, буни вақт кўрсатади, бироқ улар мазкур жиноятлар содир бўлган ва бўлаётгани учун айбдорлиги шўбҳасиздир. Нега? Муваққат ҳукумат ҳокимиятни эгаллагач мамлакатда бўладиган барча воқеалар бўйича масъулиятни ўз гарданига олганини эълон қилди. Биринчи навбатда бу кафолат халқнинг тинчлиги сақлаш ҳамда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларининг таъминланишини назарда тутади.
Муваққат ҳукумат буни уддалай олмади, мамлакатнинг катта бир ҳудудида қирғин ва анархия бошланиб кетди. Муваққат ҳукумат вазиятни назорат қила олмай қолганини, бошқача айтганда вазият шу даражага етишига айбдор эканини тан олди.
Демак, агар Қирғизистон қирғини Халқаро Жиноий Судига чиқса, у ҳолда Муваққат ҳукумат, хусусан Р.Ўтунбаева, қирғин буюртмачилари, уюштирувчилари ва бажарувчилари билан баб-баравар жавобгарликка тортилиши керак.

Савол. Сизнингча бу каби миллий низоларни ер, сув каби табиий ресурсларни қайта адолатли тақсимот қилиш ҳисобига бартараф қилиш мумкинми? Ёки бу муаммо фақат миллатлараро ва маданиятлараро ўзаро интеграция бўлиши ҳисобига яъни “Туркистон умумий уйимиз” каби ғояларни амалда жорий қилиш эвазига бартараф қилиниши мумкинми?

Жавоб: Қирғизистон қирғини “Туркистон умумий уйимиз” ғоясига қақшатғич зарба берди. Бу ғоянинг душманлари сероб ва биринчи навбатда булар – Хитой, Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Озарбойжон ва Афғонистон каби нодемократик давлатлар раҳбарларидир. Бу давлатларнинг яқин орада “ўнгланиши”га ва ҳеч бўлмаганда Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Қирғизистоннинг “турклашиши”га ишонч йўқ.
Туркий халқлар менталитетида бўлиши лозим бўлган “биродар халқ бўлиш” туйғу ва интилишлар, яъни бир тил группаси, бир дин, маданиятлар яқинлиги кабилар ювилиб, сийқалашиб кетган ва уни тиклаш бениҳоя заҳматлидир.
Мазкур катта минтақада авторитар сиёсий режимлар сақланар экан сув, ер ва бошқа бойликлар жанжали давом этаверади ва, демак, миллий низолар ҳам бардавом бўлаверади.

Савол. Бу каби муаммолар тарихи жуда узоқ назаримда. Аммо, шу нарса тарихдан маълумки кўп халқлар орасидаги ҳатто босқинчи агрессор миллатлар ва мазлум халқлар орасидаги муносабатлар ҳам нисбатан тинч тотув кечган. Руслар кўп халқларни истеъло қилгани аниқ. Инглиз, француз ва немислар ҳам шундай. Аммо бугунга келиб ўшаларнинг қўл остида бўлган аксар мусулмон халқлар бугун шу босқинчи халқ вакилларига нисбатан адовати кўринмайди. Лекин бири иккинчисига деярли минг йиллик қўшни бўлган бу икки миллат орасидаги низо ҳануз тугамаяпди.

Жавоб: Менинг бир танишим ярим ҳазил, ярим чин тариқасида бир гапни айтар эди: менинг учта поччам бор; қайсисининг олдига борсам нариги иккисини ёмонлайман; шунинг учун уччаласи ҳам бир-бирини ёмон кўрса-да, бироқ ҳаммаси мени яхши кўради.
Катта сиёсатда ҳам худди шундай.

Савол. Маълумки, ўзбек миллатига мансуб одамлар асосан Ўзбекистондан ташқари Афғонистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистонда яшайди. Дунёнинг бошқа кўплаб жойларидаги кам миқдордаги гуруҳлардан ташқари. Аммо, ўзбек давлати фақат битта. Ўзбекистон республикасининг бу муаммони ҳал қилишдаги ўрни қандай бўлиши керак деб ҳисоблайсиз?

Жавоб: Ҳозир қирғизистонлик ўзбеклар ҳавода осилиб қолган ҳолатдалар: уларга нима отсангиз ҳам бориб тегаверади: таёқ отсангиз ҳам, тош отсангиз ҳам, ўқ отсангиз ҳам. Бошқача айтганда, улар ҳеч қандай ҳимояланган эмаслар. Қирғизистондан бошқа мамлакатларда ўзбеклар оммавий қирғин қилинганини эшитганимиз йўқ. Кейинги 20 йил ичида Қирғизистонда ўзбеклар икки марта қатағон қилинган экан, демак, ё қирғизлар провокацияга тез учувчи халқ, ёки қирғизларда ўзбекларга нисбатан бир тушуниб бўлмас хусумат мавжуд. Бу ҳолат шундай ташлаб қўйилса, қирғизлар қирғинни бошқа такрорламайдилар, дейишга асос ва кафолат йўқ.

Қирғизистонлик ўзбеклар масаласида, менинг назаримда, фақат иккита оптимал вариант бор, холос. Биринчиси, қисқа қилиб айтганда, Кипр варианти, яъни Қирғизистон жанубига Ўзбекистон армияси киритилиши, бу ҳудудни Ўш Ўзбек Республикаси (ЎЎР) деб эълон қилиш керак. Бу давлат қолган ҳудуддан “Яшил чизиқ” билан ажратилиб, у бўйлаб БМТнинг тинчликни сақловчи ҳарбий контенгенти туриши керак. Табиий, бу вариант тарихий адолатни тикловчи ягона вариантдир, чунки мазкур ҳудуд азалий ўзбеклар истиқомат қилган, қирғизларга алоқаси бўлмаган ерлардир.

Иккинчи вариант – жанубий Қирғизистонда аҳолисининг катта қисмини ўзбеклар ташкил қилган тўлиқ автономия ташкил этишдир. Бу автономия қандай аталишидан қатъий назар ўзининг қуролланган мустақил полиция кучига эга бўлиши керак.

АҚШда қуролга муносабат: 200 йиллар илгари, то 19-аср охирларигача АҚШ ҳудудида, айниқса унинг ғарбий қисмида аҳвол Қирғизистондагидан-да баттар бўлган ва бу ғарбий ҳудуд тарихда “Ёввойи Ғарб” номини олган. Ўша даврнинг асосий белгиси “кольтга сиғиниш” бўлган [кольт – тўппонча маркаси], яъни кимнинг қўлида тўппонча бўлса, ўша одам зўравон, унинг гапи гап, сўзи сўз бўлган, инсон қадри битта тўппонча ўқи билан ўлчанган.

АҚШда оддий одам билан бандитни қандай қилиб тенглаштириш мумкин, яъни оддий одамни энг самарали ҳимоялашнинг қандай йўли бор, деган мавзуда кенг бахслар бўлиб ўтган. Ҳар бир оддий одамни бандитдан қўриқлаш учун унинг ёнига битта полициячини тиркаб бўлмайди-ку! Америкаликлар ягона тўғри хулосага келишган: ҳар бир одам қуролланган бўлиши ва бу ҳуқуқ мамлакат Конституциясида акс эттирилиши керак!

АҚШда қурол очиқ сотилади, ҳар бир америкалик қурол олиб юриш ҳуқуқига эга ва, демак, у йўлда дуч келган бандитга бас кела олади. Америкалик қурол сотувчи магазиндан истаган қуролни сотиб олади ва полиция участкасида регистрация қилдирали, хоҳласа уни ёнида олиб юради, хоҳласа уйида сақлайди.
АҚШда қотилликлар кўп содир бўлиб туради, бироқ АҚШ ҳукумати ўз фуқароларининг ўз-ўзини ҳимоялаш учун қурол сотиб олиши ҳуқуқини чекламайди.
АҚШ ана шу йўл билан миллий низолар ва бандитизмни енгиб ўтди.

аттавхид.

Admin
Admin

Number of posts : 1163
Join date : 04/02/2010

Foydalanuvchi profili http://stopdictatorkarimov.com

Yuqoriga Go down

Avvalgi mavzu Keyingi mavzu Yuqoriga


 
Permissions in this forum:
Bu forumdagi mavzularga javob bera olmaysiz