Форум_Ўзбекистон


Join the forum, it's quick and easy

Форум_Ўзбекистон
Форум_Ўзбекистон
Would you like to react to this message? Create an account in a few clicks or log in to continue.

Толиб Ёқубов: "Энг буюк аскар - Бизим аскар

Go down

Толиб Ёқубов: "Энг буюк аскар - Бизим аскар Empty Толиб Ёқубов: "Энг буюк аскар - Бизим аскар

Post by Admin Wed Feb 10, 2010 7:17 am

ТОЛИБ ЁҚУБОВ

Ушбу мақолани мен 1997 йили Туркия сафаридан қайтгач ёзган эдим. Шу пайтгача мустақил Ўзбекистон армиясида хизмат қилаётган ёш ўзбек йигитларининг жасади келаётгани ҳақида бизда маълумотлар анча тўпланиб қолган эди. “Бирлик” халқ ҳаракати 1989-91 йилларда совет армияси сафларида хизмат қилаётган ўзбекларнинг ўлдирилишига қарши залворли тадбирлар ўтказган эди. Туркияда армияга хизматга кетаётган йигитларга муносабатни кўриб мен лол қолдим. Ўзбекистон армиясидаги ахвол ҳозирга қадар деярли ўзгармади.


ЭНГ БУЮК АСКАР - БИЗИМ АСКАР!

Истанбул аэропортига кеч бўлганда қўндик ва тез орада шахар автовокзалига йўл олдик. Кўча тўла одам. Бироқ мени бир нарса жуда таажжублантирди. Кўчаларда 15-20 тадан бўлиб юрган йигитларнинг кўп сонли гуруҳлари нималарнидир айтиб, қичқириб, ўйин-кулгу қилиб юришарди. Кўп гапларига тушунмасамда, аммо бир гапни уқиб олиш қийин бўлмади:
- Энг буюк аскар - бизим аскар!
Одатда тўдадаги бир йигит бу хитобни бақириб айтарди-да, унинг кетидан барча оғайнилари жўр бўлиб, улар ҳам бақирган ҳолда ўша хитобни такрорлар эди. Ҳар бир тўда елкасида бир йигитни кўтариб юрар, тепада ўтирган йигитни тўдадаги йигитлар галма-галдан елкаларига олар эди. Тўдаларнинг ҳар бирига кичик бир гуруҳ музикачилар, аксарият ҳолда битта барабанчи, битта сурнайчи, эргашиб юришар эди.

Бу ҳолни кўриб, мен Истанбулда истиқомат қилувчи шеригимдан:
- Булар ким, нима қилишаяпти? - деб сўрадим.
- Ҳозир йигитларни армияга чақириш даври, оғайниларининг елкасида ўтирган йигитни дўстлари ва қариндош-уруғи армияга кузатишаяпти - деб тушунтирди ҳамроҳим.

Мен қизиқиб қолдим. Армияга кузатишдаги оммавий хурсандчилик мени лол қилиб қўйди. Бироқ мени ҳақиқий лол қилган нарса йигитларнинг: «Энг буюк аскар - бизим аскар!» - дея бутун вужуди билан ҳайқираётгани эди. Кўп ҳаёлларга бордим. Менинг мамлакатимда ҳам йигитлар ўз дўстларини армияга ана шундай тантана билан кузатишармикин? Улар ҳам вужудидан чиқариб: «Энг буюк аскар - бизнинг аскар!» - дея ҳайқиришармикан?

Бекмурод Норалиев туғилиб ўсган жонажон Ангренидан армияга чақирилиб, Жиззах шаҳридаги бир ҳарбий қисмга жўнатилди. У 1997 йил 21 октябрь куни ҳарбий қисмга етиб келди ва ўз бурчини ўтай бошлади. Олти кундан кейин ўша ҳарбий қисм ходимлари Бекмуроднинг ўлигини ота-онасининг қўлига топширдилар. Хизматга жўнагандан бир ҳафта ўтгач, яъни 28 октябрь куни Бекмурод Норалиев ўз қишлоғига дафн этилди. «Энг буюк аскар - бизнинг аскар!» - дея ҳайқириши керак бўлган ота боласининг ўлигини кўриб:

- Мен ўғлимни соппа-соғ жўнатган эдим-ку! Нега уни ўлдириб олиб келиб топширишди? - деб ҳайқирди. 59 ёшли Ўринбой ака ва 57 ёшли Ўғилой опа Норалиевлар олти нафар боласини қанчалик қийинчиликлар билан вояга етказганини уларнинг ўзи ва Оллоҳ билади. Ўн саккиз йил ювиб-тараб тарбиялаган боласини бир ҳафта ичида «ўзини осиб ўлдирди» дея ўлигини топшириб кетишса, ота-она қандай чидайди!

Бекмуроднинг ўлигини олиб келишган одамлар ота-онасига ҳеч қандай ҳужжат беришмаган, тиббий экспертиза ўтказилмаган, унинг ўлимининг ҳақиқий сабабини айтиш ўрнига «ўғлингиз ўзини-ўзи осди» деган жавобни айтишган. Ўйнаб-кулиб юрган ёш йигит бир ҳафта ичида ўзини-ўзи осса, у қандай шароитга тушган бўлиши керак? Ўзини-ўзи осишни мўлжаллаган одам армияга олиб кетишларини пойлайдими? Агар Бекмурод ҳақиқатан ҳам ўзини-ўзи осган бўлса, бир нарсани аниқ айтиш мумкин: у ўзини осадиган шароитга туширилган, яъни унга зўравонлик, жабр-зулм ўтказилган. Бироқ Бекмурод ўзини-ўзи осганига ишониш қийин. Бекмурод ўзини-ўзи «ўлдирган» кун ўша қисмда яна икки аскар ўлган - буни мен Жиззахга борганимда эшитдим.

Бекмурод ўлдирилган 03195 рақамли ҳарбий қисм Жиззах шаҳрининг Саноат Зонасида, Қангли қишлоғининг ёнгинасида жойлашган. Бу ҳарбий қисмга Ҳамид Олимжон номли ижара-ширкатлар бирлашмасига қарашли Тоқчилик қишлоғи ҳам яқин. Мен 1995 йили мазкур ҳарбий қисмдан 500 метр нарида деҳқончилик қилганман. Йил давомида солдатларнинг ҳаётини кузатганман. Ҳарбий қисм ҳаёти инсонни даҳшатга соладиган даражада таассурот қолдиради. Аскарларнинг аксарият қисмида эски-туски кийим ва пойафзал, бирининг бошида эски панама бўлса, иккинчисининг бошида эса эски фуражка, бирининг оёғида йиртиқ этик бўлса, иккинчисида эса эски ботинкани кўрасиз. Кир, исқирт кийим-кечак кийиб юрган аскарларни кўриб чуқур ачинасан, киши.

Бир кечаси 3-4 аскар менинг вагонимга нон сўраб келишди, ўша куни қисмда нон ҳам, овқат ҳам бўлмаган экан. Мен уларга икки буханка нон, бироз памидор ва бодиринг бериб юбордим. Аскарлар фақат менинг олдимга эмас, балки ўша атрофдаги қишлоқларга оралаб нон сўраб юришади. Қишлоқ одамлари бирор иш қилишмоқчи бўлишса, мардикор бозорга бориб юришмайди, ҳарбий қисмга бориб офицерлар билан гаплашиб 5-10 та аскарни олиб кетишади. Аскарлар фақат қорин тўйдириш учунгина лой ишларини қилишади, ғишт ёки гувала қуйишади, ер чопишади, аҳолининг ҳовлиларидан тележка-тележка ахлат, мол гўнгини ташиб чиқишади. Баъзилари ҳафталаб эмас, балки ойлаб бировларнинг хонадонида яшаб хизматини қилишади. Масалан, Ҳ.Олимжон номли ижара-ширкатлар бирлашмаси раиси Мўминжон Қоҳҳоровнинг хонадонидан йиллаб 10-15 аскар узилмайди. Аскарларни ишлатиб у ўғилларига данғиллама уйларни тиклади, аскарлар унинг ҳовлисида ўнлаб бўрдоқи қўй ва молларни боқишади, ҳовли ишларини бажаришади.

Бошқа вилоятлардан ўз болаларини кўришга келган ота-оналар кўпинча уларни қисмдан топа олмай, сарсону-саргардон бўлиб, Қанғли, Аршли ва Тоқчилик қишлоқларида ҳовлима-ҳовли юриб болаларини излашади. Бу ҳолат, табиий, аҳоли кўзида армия тушунчасини тамом қадрсизланишига олиб боради. Шунинг учун ҳам 03195 рақамли ҳарбий қисм атрофида яшовчи одамлар унга халқни, давлатни ҳимоя қилувчи армия деб эмас, балки текин ишчи кучи, мардикорлар макони сифатида қарашади. Ҳарбий қисмда эскидан мерос бўлиб қолган «дедовшина» авж олган. Совет даврида одатда миллат миллат билан муштлашса, мустақил Ўзбекистон армиясида вилоят вилоят билан муштлашади. Пахта даласида икки букилиб меҳнат қилаверганидан майдалашиб кетган йигитчалар аскар кийимида ҳам аскарга ўхшамайди. Одамлар оғзидан: «Битта афғон жангчиси мана шу шоввозларнинг юзтаси билан бемалол уриша олса керак» деган гапларни масхараомуз айтишганини кўплаб марта эшитганмиз.

Бизнинг Тоқчилик қишлоғимиздан армияга кетиб, Чирчиқда хизмат қилган бир йигитча, ўзининг гапига қараганда, ҳаммаси бўлиб уч ой ҳам хизмат қилмаган. У қисмда бир неча марта калтаклангани учун уйига қочиб келди. Бошлиқлар телеграмма беришгач, отаси уни қисмга қўйиб келди. Бу ҳол бир неча марта такрорланди. Кейинчалик у қисмдан қочса ҳам уйига келмаган, Чирчиқда баъзи хонадонларда яшаб қора меҳнатини қилиб юраверган. Телеграмма келавергач, отаси ўғлини излаб Чирчиққа борган ва катта қийинчиликлар билан ўғлини топган. Бу воқеа ҳам бир неча бор такрорланган. Охир-оқибат йигитчанинг ишига ҳарбий прокуратура аралашди, йигитча қамалиб кетишига сал қолди. Шунда ҳам айб инсон боласи дош бериши қийин шарт-шароит яратиб қўйган ҳарбий қисм бошлиқларига эмас, балки оддий меҳнаткаш боласига қўйилди.

Нега Туркияда йигитлар шу қадар шодиёналик билан армия хизматига жўнашади? Туркияликлар билан бўлган сўҳбатларда мен мазкур саволга жавоб аниқладим: армияда хизмат қилиш бу мамлакатда шу қадар шараф ҳисобланар экан-ки, ёш йигитлар эсини танигандан бошлаб армия хизматига кетишни орзу-ҳавас қилиб юришар экан. Армиядан чақирув қоғози келса, бу нафақат йигитга, балки унинг оила аъзолари, қариндош-уруғлари ва дўстларига ҳам байрамона кайфият келтирар экан. Одатда армияга чақирилган йигит чақирув қоғозини олгач хизмат қиладиган қисмга ўзи борар экан. Маҳаллий ҳокимият унга йўлкиранинг тахминан 2/3 қисмини берар, қолганини армияга кетаётган йигит ўз ёнидан сарфлаб кетар экан.
Истанбулдан Кастамону шаҳрига кетаётган биз минган автобусга армияга чақирилган 2-3 та йигитлар минишди. Уларнинг ота-оналари, дўстлари минган бир неча енгил автомашиналар Истанбул ортда қолгандан кейин ҳам 20-30 километр автобус орқасидан қолган эмас. Енгил автомашинадагилар йўл давомида ўйин-кулгу билан, баъзи йигитлар ярим белигача машина деразасидан гавдасини чиқарган ҳолда ўйнаб, дам автобуснинг олдига ўтиб, дам ёнида юриб, ўз болалари ва дўстларини кузатишар эди.

Биз Туркияни у бошидан бу бошига қадар уч марта автобусларда кесиб ўтдик, кўпгина жойларда ҳарбий гарнизонлар ёнидан ўтатуриб, тўхтаб уларни тамошо қилдик. Ҳарбий гарнизонларни кўриб ҳайратланасан, киши. Шу қадар тозалик, шу қадар гўзаллик, шу қадар нафис қурилишлар ва манзаралар. Аскарларнинг кийим-кечагига қараб одамнинг кўнгли қувонади. Туркларнинг гапига қараганда, турк армиясида «дедовшчина»га ўхшаш ҳодиса йўқ экан. Бу табиий ҳол - турк армиясида хизмат қилиш шу қадар эъзозланса, шу қадар одамлар томонидан қадрланса, хизматга кузатиш шу қадар байрам тусига айланса, аскарларни қўғирчоқдек кийинтириб, гарнизонларни қутичадек безатиб қўйган бўлса, у ерда «дедовшчина» нима қилсин?

Мен 1992 йил «Жамиятни беқарорлаштирувчи учта фактор» деган бир мақола ёзган эдим. Афсус, республика матбуоти бу мақолага эътибор бермади. Ўша пайтларда Ўзбекистонда ҳали Россия армияси турар, мамлакатимиз ҳали ҳам Россиянинг валюта системасида эди. Шу мақолада мен жамиятни беқарорлаштирувчи учта асосий фактор, яъни армия, пул ва рус факторлари ҳақида фикр юритиб, тезлик билан колониал система армиясидан воз кечиб, миллий армияни шакллантириш зарурлигини ёзган эдим.

Туркия армияси руҳидек тарбия топган миллий армияни тузиш, турган гап, халқ кўзи ўнгида ҳукуматнинг обрў-эътиборини оширар эди. Албатта, бундай армияни барпо этиш осон ва тез бажариладиган иш эмас - бу тушунарли, бироқ айнан шу йўналишни танлаш энди демократия сари қадам ташлаётган Ўзбекистон учун зарур эди. Бироқ Ўзбекистон ҳукумати демократик давлатлар армиялари, ҳеч бўлмаганда Туркия армияси тажрибаларини танлаш ўрнига миллатни миллат билан, вилоятни вилоят билан уриштирадиган колониал армия «тажрибалари»ни танлаганига афсусланаман. Ўзбек армияси таркибида асосий постларни эгаллаб турган, ва ҳатто ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган колониал армиядан қолган зобитларнинг самимийлиги, сидқи-диллилигига мен шўбҳа билан қарайман.

Армияни шакллантириш мамлакатдаги демографик ҳолат, мамлакат ҳудудининг ўлчамлари, душман кайфиятидаги узоқ ва яқин қўшни ва қўшни бўлмаган давлатларнинг мавжудлиги, мамлакатнинг иқтисодий аҳволи ва бошқа бир қатор факторларга боғлиқ. Ўзбекистондаги ҳарбий қисмлардаги умумий аҳволдан келиб чиқиб, Ўзбекистон учун ҳарбий хизматга ҳар йили чақириладиган миқдорда аскар зарурми? - деган саволни қўйиш мумкин. Ўтиш давридаги иқтисодий ва бошқа қийинчиликларни ҳисобга олганда армияни шакллантиришда «оз бўлсин, бироқ соз бўлсин» принципига амал қилиш фойдали эмасмиди? Миллий армияни шакллантиришда нега кўр-кўрона совет (Россия?) армияси анъаналари асос қилиб олинди? Шу ва шу каби саволлар фақат мени эмас, балки бошқа кўп одамларни ташвишлантираётганига мен гувоҳ бўлдим.

Армиямиз эски колониал армия тажрибасига таянишни давом эттирар экан, унинг даққиюнусдан қолган ва зўравонликка асосланган ўқитиш, тарбиялаш, иш юритиш ва бошқа услубларидан фойдаланишни давом эттираверар экан, Бекмуроддай беғубор йигитларимизнинг ўликлари ота-оналарининг қўлига топширилаверади. Биз юқорида ватан ҳимояси учун кетаётган ёш йигитларнинг энг муқаддас ҳуқуқи - яшаш ҳуқуқи топталиб, у бир қадар йигитларимиз учун фожеа билан тугаётганига битта мисол келтирдик, холос. Биз Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Жамияти олдида аскарларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдек катта вазифа турганини сезиб турибмиз, ва ўз фаолиятимизда ана шу вазифага ҳам эътиборимизни қаратамиз.

ТОЛИБ ЁҚУБОВ - Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Бош котиби.

1998 йил июль ойи

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Back to top

- Similar topics

 
Permissions in this forum:
You cannot reply to topics in this forum