Форум_Ўзбекистон

Янги муаллифлар. ШтИрЛиЦ САФАР ҚИЛАДИ

Avvalgi mavzu Keyingi mavzu Go down

Янги муаллифлар. ШтИрЛиЦ САФАР ҚИЛАДИ

Post by Admin on Thu May 20, 2010 6:21 pm

ШтИрЛиЦ САФАР ҚИЛАДИ

(Сиёсий ҳажвия)


Ҳар бир даврнинг ўз қаҳрамони бўлади дейишади. Албатта шундай! Масалан ЖАР (Жанубий Африка Республикаси)ни озод бир мамлакатга айлантириш учун апартеид режимига қарши курашган Нелсон Мандела халқ қаҳрамонига айланганди. Бироқ у ўз даврида, яъни озодлик учун кураш даврида қаҳрамон эди.

Режимдан озод бўлган ЖАРнинг биринчи президенти сифатида фаолият кўрсатган Нелсон Мандела бу сифатда катта обрў орттира олмади ҳам ва бир муддатдаёқ мамлакат президенти лавозимидан кетди. Чунки унинг даври ўтган ва эндиликда мамлакатни бутунлай янги кучлар бошқаришга қодир эди.

Ҳар бир даврда ва ҳар қайси бўлсин мамлакатда ўзининг шундай қаҳрамонлари ҳам бўладики, улар ҳақида бирор сатр ёзилмайди ва уларнинг номлари сир сақланади. Совет даврининг қаҳрамонларидан бири бўлган акдемик Королев номи фақат унинг ўлимидан сўнггина ошкор қилинганди. Совет космонавтикасининг асосчиси бўлган Королевни ўлдириб кетишлари, ёки ғарб мамлакатларидан бирига олиб қочишлари мумкин эди.

Яна бир ажабтовур қаҳрамонлар бўладики, улар ҳақида ҳам матбуот бонг урмайди. Улар у ёки бу мамлакат учун жосус бўлиб ишлайдиганлар. Масалан, аслида бадиий образ бўлган Штирлиц номи бутун собиқ Совет Иттифоқида рамзий маъно касб этган эди. Ишини пухта бажарган бундай разведкачи аслида бўлмаган, балки фашистлар германиясида фаолият кўрсатган бир қанча агентларнинг фаолиятларини бирлаштириб, умумий тарзда бир образ яратилганди. Бу сингари қаҳрамонлар ҳам расмий ахборотларда номлари келтирилмайдиган қаҳрамон саналади. Чунки уларнинг номлари фош бўлиши бутун мамлакатни таназзулга олиб келиши мумкин.

Барчамиз учун жонажон бўлган ватанимиз Ўзбекистонда ҳам қаҳрамонлар бисёр. Масалан, халқ қаҳрамонларидан бири, доимо “оқил ва доно” президентимизга қуллуқ қилиб келган Абдулла Орипов. У Андижонда отилганларни “ақлсиз ўрдаклар” дея кўпчиликнинг диққатига тушишга ҳам муяссар бўлди. Абдулла Орипов сингари қаҳрамонлар ҳақида ўзбек матбуоти очиқ ойдин ёза олади. Бироқ мамлакатнинг кўзга кўринмас қаҳрамонларичи?


Ўзбек штирлицларидан бири, Ўзбекистоннинг кўзга кўринмайдиган қаҳрамони деб ҳеч иккиланмасдан бир қаҳрамоннинг номини келтиришимиз мумкин эди. Аммо начора, унинг номи сир сақланади ва уни шартли равишда Ўзбекистон Штирлици дея атаймиз. Қачонлардир боши гангиб мухолифатдаги Эрк партиясига аралашиб қолган бизнинг Штирлиц уни тарк этиб кетганди ҳам. Ўзининг айтишича, МХХ (Миллий Хавфсизлик Хизмати) уни қийноқларга тутган, бошидан зарба еган ва узоқ вақт хасталаниб мухолифат фаолиятида иштирок эта олмай қолган.

Бироқ у 1999 йилда тағин мухолифатга қайтди ва ҳормай-толмай ўз хизмат вазифасини бажара бошлади. Ундан ташқари ҳам талайгина қаҳрамонлар номи ўзбек матбуотида зикр этилмайди. Масалан, Михаил Ардзинов, Абдураҳим Пўлатов ва ҳоказолар. Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларидан бирида фаолият кўрсатадиган Ўзбекистон Штирлици номи албатта ҳукуматимиз учун табаррук бўлса ажаб эмас.

Қаҳрамонимиз Эрк партиясининг парчалаб бериб унинг бир бўлагига “Эрк партиясининг Штирлиц фракцияси” (аслида ўз номини қўйганди) номини қўйиб бергани ҳам кўпдан кўп таҳсинларга сазовор бўлганди. Аммо буни биз билмаймиз. Билолмаймиз ҳам! Нега? Шунинг учунки, қаҳрамонлар қаҳрамони бўлган Ўзбекистон Штирлици номини на “Халқ сўзи” ва на “Ўзбекистон овози” тилга олади. Телекўрсатувларда ҳам унинг номи айтилмайди.

Штирлиц шу кунларда ҳам мухолифат ичида курашни давом эттираётган ҳормас ва толмас жосуслардандир. Масалан, у шу йилнинг февраль-март ойларида Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Қашқадарё вилоят бўлимини ҳам худди Эркни парчалаган усулда парчалашга уриниб кўрди. Бу сафар натижа яхши бўлмади. Албатта у бунинг учун хафа бўлиб ўтиргани йўқ. Шунчаки, мағлубиятдан зарурий хулоса чиқариб, тишни тишга қўйиб олға кетишга маҳкум эканлигини юрак юракдан ҳис этди. Тағинда Ўзбекистон расмий матбуоти ўз қаҳрамони номини достон қилишдан ўзини тийди.

“Шуми бор йўғи?” деган саволни хайёлига келтирган ҳурматлик ўқувчиларимизни тинчлантириб шуни маълум қилмоқчимизки, бу ҳаммаси эмас. Ўзбекистон Штирлицининг қаҳрамонликлари албатта кўп, уни бир мақолага сиғдира олмаймиз. Кези келар, балки достонлар ёзилару, бахшилар куйга солиб куйлар.


Мамлакатда демократиянинг қарор топтириш учун бўлаётган курашлар бирор дақиқага бўлсин тингани йўқ. Ҳамма демократия учун курашади, аммо унинг уруғи ҳам топилгани йўқ. Яқинда тарқатилган хабарлардан маълум бўлишича, Ўзбекистон сиёсат майдонига яна бир янги партия тушиб келмоқда. Ўзбекистонда расмий рўйхатдан ўтиб фаолият кўрсатаётган сиёсий партияларнинг рамзий маънода бир қориндан талашиб тушган ака - укаларга қиёслаймиз. Албатта шундай ҳам. Уларнинг бирортаси “узоқни кўра биладиган оқил ва доно” президент сиёсатига қарши иш тутиш нарироқда турсин, бундай ўйнинг хаёлларига келтиришдан ҳам қўрқишади. Янги туғилган “мухолифатдаги” сиёсий партиямиз, Ўзбекистон миллий демократик партиясини эса мана шу ака-укаларнинг амакиваччаси десак ярашармикан? Албатта ярашади!

Шундай қилиб мухолифат майдонида янги бир сиёсий куч янги бир “ғоя” билан пайдо бўлмоқда ва унинг раҳбари этиб, жуда бўлмаса раҳбарнинг муовини этиб ҳукуматимизнинг кўзга кўринмас, номи тилга олинмас қаҳрамони Ўзбекистон Штирлици тайинланмоқда. Бизгача етиб келган маълумотларга қараганда, Штирлиц шу кунларда Европа сафарига отланмоқда. Мақсади, қочқинликда кун кўраётган ўзбеклар ва ўзбекистонликларни тўғри йўлга солиб қўйиш. Масалан, “Андижонда фалон минг одам отиб ташланганди” деб тўполон қилмай “Озодлик”, “Би-Би-Си”, “Америка овози” сингари объектларни пикетга тутишлар қанчалар гўзал иш бўларди. Ёки “оқил ва доно президент” сиёсатини нотўғри тушунганлар, англамаганлар кечирим сўраб Ўзбекистонда қайтиб борсалар қанчалар гўзал иш бўларди. Афтидан, Штирлиц мана шу мақсадларни кўзлаган бўлса ҳам ажаб эмас.

Штирлицнинг Европа сафари марказий Европа мамлакатлари билан чегараланиб қолармикин ёки бошқа жойларга ҳам кўчармикин? Масалан, ўзбек қочоқларининг йирик бир қисми яшаётган Швецияга ҳам ташриф буюрармикин? Албатта. Бизда бу ҳақда маълумот бўлмасада, ишонч билан айтамизки, ташриф буюради. Чунки бу мамлакатда халқимиз ва президентимизнинг душмани бўлган анча мунча террорчилар яшаяпти. Хазилакам террорчи ҳам эмас, исломий террорчилар. Уларни шу ернинг ўзида қайта ишлаб Ислом Карим ҳазратларига тортиқ қилиб бера олса қандай гўзал иш бўларди. Албатта у уриниб кўради. Русча қилиб айтганда “пан или пропал”. Штирлиц эса ҳеч қачон “пропал” бўлмайди.

Швеция жанубида яшайдиган “Мебелчи” лақаби билан фаолият кўрсатувчи агент ёрдам кўрсатиб қолса ҳам ажаб эмас албатта. Ўзбекистонлик қочқинларга мебель олиб бериш билан шуҳрат қозонган бу агентнинг номи ҳам фош этилмайди. Онасининг қорнидан мухолифатчи бўлиб туғилган яна бир қаҳрамон эса Швеция маркази вилоятларидан бирида истиқомат қилади. У адашмасак “маҳаллақўм” номи остида фаолият юрғизади. Балки адашаётгандирмиз албатта, салкам бутун маҳалласини Швецияга олиб келиб олган бу агент номи ҳам тилга олинмайди.


Хуллас, ҳурматлик қочоқлар ва мухолифатчилар. Штирлиц ташрифига тайёр бўлинглар ва қўйларингизни семиртириб туринглар. Ҳой на ҳой, у сафарга чиққандир ҳам, балки тайёргарликнинг сўнгги онларини ўтказаётгандир.


Анти МХХ агенти Толмас Қайтмас

Admin
Admin

Number of posts : 1182
Join date : 04/02/2010

Foydalanuvchi profili http://stopdictatorkarimov.com

Yuqoriga Go down

Avvalgi mavzu Keyingi mavzu Yuqoriga


 
Permissions in this forum:
Bu forumdagi mavzularga javob bera olmaysiz