Форум_Ўзбекистон


Join the forum, it's quick and easy

Форум_Ўзбекистон
Форум_Ўзбекистон
Would you like to react to this message? Create an account in a few clicks or log in to continue.

Янги фильм. Толиб Ёқубов ҳикоя қилади...

Go down

Янги фильм. Толиб Ёқубов ҳикоя қилади... Empty Янги фильм. Толиб Ёқубов ҳикоя қилади...

Post by Admin Wed Apr 28, 2010 7:40 am

Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг вице президенти Толиб ака Ёқубов сиёсий маҳбус Аъзам Фармонов ҳақида ҳикоя қилади: http://www.rnw.nl/english/video/political-prisoner-uzbekistan-azam-farmanov

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Янги фильм. Толиб Ёқубов ҳикоя қилади... Empty Толиб Ёқубов: Диний радикализм ва экстремизм – динда ғулувга кетишдир

Post by Admin Wed May 19, 2010 2:51 am

Толиб Ёқубов

ЖУДА ЯХШИ!

1-қисм: Диний радикализм ва экстремизм – динда ғулувга кетишдир

Мен чуқур кексалик ёшига етдим ва яқин орада ўзимнинг баҳоли-қудрат олиб борган ҳуқуқбонлик фаолиятимни тўхтатсам керак. Сиёсий ва ҳуқуқбонлик майдонларига 1989 йилнинг бошида қадам қўйганим ҳолда мен 17,5 йил Ўзбекистонни тарк этмай фаолият юргаздим ҳамда зулм ва адолатсизликка қарши имконим қадар, ақлу-заковатим етгунча курашдим. Айбсиз қамалаётган, шафқатсиз қийноқларга солинаётган, оилалари бузилаётган, болалари яриметим ёки етим қолаётган мусулмонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бирмунча вақт мен бошқарган Ўзбекистон
Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) фаолиятининг марказида бўлган. Буни Ўзбекистонда анча-мунча одамлар билади.

Ҳукумат жиноятчи деб ҳисобловчи “хизбуттахрир”чилар, “ваҳҳобий”чилар, “акромий”чилар ва бошқа уюшмалар аъзоларини ҳимоя қилганимиз учун ҳукумат аъёнлари бизни айблар эди. Биз эса мазкур уюшмалар ғояларини эмас, шу ғояларга эътиқод қилган инсонлар ҳуқуқини ҳимоя қилар эдик.

Кўпчиликка маълум-ки, Ўзбекистоннинг коммунистик лидери Ислом Каримов ҳокимиятга келгач, ҳар қандай авторитар сиёсий режим табиатидан келиб чиқиб, ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш йўлида мамлакат учун ИЧКИ ва ТАШҚИ душман танлашга, агар улар бўлмаса, уларни яратиш йўлига ўтди. Ҳукуматга мухолиф позицияда бўлсалар-да “Бирлик” халқ ҳаракати, “Эрк” демократик партияси ва бошқа демократик сиёсий ташкилотлар ички душман ролини ўйнай олмас эдилар. Буни тушунган Ислом Каримов ички душман сифатида мусулмонларни танлади. Ташқи
душман ҳам тез орада Ўзбекистон Исломий Ҳаракати (ЎИҲ) кўринишида “юзага келди”.

Ички душманни танлаган авторитар (тоталитар) сиёсий режимлар унинг борлигини, у доимо хавф солиб туришини, у билан курашни тўхтатиб бўлмаслигини муттасил “исботлаб” туришга мажбур. Бу – Ўзбекистонда асосан тўрт йўл билан амалга оширилди: 1) экстремистик кайфиятда бўлган одамларни аниқлаш; 2) диний адабиётларни (яъни, Қуръон, Ҳадис ва бошқа диний китобларни) диний ўқув юртларидан ташқарида холисона ўргатувчи ва ўрганувчиларни аниқлаш; 3) номозларини жамоа билан ўқиш учун масжидларга борадиган, ёки ҳеч бўлмаганда
тоат-ибодатини уй шароитида бажарадиган одамларни рўйхат қилиш; 4) махсус хизматлар томонидан диний уюшмалар тузиш.

Мен Ўзбекистонда энг кўп азият чекканлар, бироқ айбсизлар 2) ва 3)-гуруҳга кирувчилар бўлган, деб ҳисоблайман.

Ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам экстремистик кайфиятда бўлган баъзи одамлар бўлган ва улар “Хизб ут-Тахрир” каби ташкилотлар тузишган. Бироқ уларнинг ғояси қанчалик экстремистик бўлганини Ўзбекистонда ҳеч ким чуқур тахлил қилиб кўрмаган. Аксинча, бундай гуруҳлар тоборо экстремистлашишига махсус хизматлар актив “ёрдамлашгани” яхши маълум.

Баъзи диний гурухлар мамлакатда ўз варақа ва адабиётларини тарқатишга ҳаракат қилишган. Бироқ, ўйлашимча, бу гурухлар вакиллари битта (шартли равишла) варақа ёки брошюра тарқатса, диндорларни қамоққа олиш учун милиция ва МХХ ходимлари бундай варақа ёки брошюралардан юзтасини ишлатишган (уйлари ва машиналарига ташлаб қўйиш, ёнларига тиқиб қўйиш (ва ҳ.) йўллари билан).

Бир воқеани эслайман. 2004 йил ноябрь ойи охири, декабрь ойи бошида Андижонда 5-6 йигит устидан суд ўтган. Қўйилган моддалар бўйича уларнинг ҳар бири камида 15 йилдан озодликдан маҳрум қилиниши кутилган. Бу йигитлар янги бир йўналишдаги, шу пайтгача Ўзбекистонда кузатилмаган диний уюшма тузиб, унга ёшларни жалб қилиш билан шуғулланишган. Ҳукмни ўқиган судья судланувчиларнинг ҳар бирини 6 (олти) ойдан озодликдан маҳрум қилишни эълон қилган. Шунда судланувчилар бақиришиб жанжал кўтаришган: “Нега биз олти ой ўтиришимиз керак?
Бизга МХХнинг фалончи ва фалончи зобитлари: “Сизлар шу ташкилотни тузинглар, унга имкон қадар кўпроқ ёшларни тортинглар, биз ўшаларни қамаймиз, сизларнинг бошларингиздан бир дона сочингиз тўкилмайди” деб ваъда беришган-ку!”. Судланувчиларга залда ўтирган уларнинг хотинлари, қариндошлари қўшилишиб бақир-чақир қилишган. Буни кутмаган судья саросимага тушиб қолган, ранги бўздай оқариб кетган ва суд залидан қочиб чиқиб кетган.

Афсус, мусулмонлар прокуратура, МХХ ва милициянинг турли-туман найрангларига кўп учраганлар, баъзилари бу ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишган ва ўз диндошларини сотишган. Диндорларнинг соддалигини кўриб ёқа ушлаган пайтларимиз кўп бўлган. Мас., баъзи фактларни ҳуқуқбонлар ошкор қилмоқчи бўлганларида, – ошкораликдан МХХ ва бошқа давлат кучишлатар ташкилотлари ходимлари ўлгудек қўрқар эдилар, – улар қамалганлар яқинларига ҳуқуқбонларни душман қилиб кўрсатар, диндорлар эса ишонар эди.

Мен бу гапларни нега ёзаётирман?

Яқинда мен “Ислом демократияси – нафис демократия” номли мақола ёзиб, унда биродаримиз Номоз Нормўминга бир неча саволлар йўллаган эдим. Дўстимиз зудлик билан жавоб ёзибдилар ва бу ҳаракатлари учун мен дўстимизга ўзимнинг миннатдорчилигимни билдираман. Ундан ташқари, Номоз Нормўмин баъзи ватандошларимизнинг саволларига жавоб тариқасида “Янги дунё” сайтида “Ҳақ келганда ботил зоил бўлади” номли қизиқарли мақолаларини ҳам чоп этибдилар.

Бироқ, биринчи навбатда афсус билан шуни айтишим керак-ки, Ислом ғоялари, хусусан ўзгача фикрга чидамлилик ғоясини тарғиб қилаётган муҳтарам Номоз Нормўмин менга ёзган жавобларида анча асабийлашибдилар. Фикримча, бунинг сабаби ушбу бўлса керак: мен бул зотга “Сиз Ўзбекистонда исломий жамият қуриш йўли даъватдир, демоқдасиз. Шундай экан, Сиз даъватни бошлаш учун эртага Ўзбекистонга жўнашга тайёрмисиз? Шу саволимга қисқа қилиб “Ҳа” ёки “Йўқ” деб жавоб бера оласизми? Агар “Ҳа” десенгиз, мен ҳам Сиз билан бирга кетаман,
“Йўқ” десангиз, у ҳолда Сизнинг иддаоларингиз уч пулга қиммат ва у одамларни чалғитишдан бошқа нарса эмас” деб ёзган эдим. Муҳтарам Номоз Нормўмин жавоб тариқасида менга ҳижрат ҳақида ёзибдилар. Мана у жавобдан бир парча: “Бу қоидага кўра агар сизга ўз ватанингизда исломни яшаш ва динингизга хизмат қилиш имконингз бўлмаса бошқа ерга кетиб у ерларда исломга хизмат қилишингиз мумкин” (парча тугади) [парчани тузатишсиз келтирдим – Т.Ё.].

Исломнинг бу қоидаси Сизга тўғри келмайди, биродар. Сиз ватанни диний эътиқодингиз учун эмас, балки демократик эътиқодингиз учун тарк этгансиз. Демак, Сиз менинг саволимни жавобсиз қолдиргансиз. Сизда диний эътиқод демократик эътиқоддан кейин, чамаси ё Туркияда, ёки демократик Норвегияда шаклланган.

Яна битта парча: “Мен ҳозир яшаб турган жойимда ёки бўлмаса аввал яшаган жойларимда Аллоҳнинг марҳамати билан қилган ва қилаётган хизматларимни санаб ўтмоқчи эмасман. Уни Аллоҳ таоло билса етади” (парча тугади).

Нега, энди? Хизматларингиз бўлса баъзиларини санаб кўрсатиш гуноҳ эмас. Бу ҳатто бошқаларга ибратли бўлиши мумкин. Ўзингизнинг сўзларингиз билан такрорлайман – Аллоҳ биладиган хизматларингиз бўлса! Мас., ҳеч бўлмаганда, кичик ватанингиз бўлмиш Сурхондарёда тамоман асоссиз қамалган кўпгина мусулмонларни имконингиз қадар ҳимоя қилган бўлсангиз!

Исломга кирган, уни чуқур ўрганган, номоз ва рўзани канда қилмаган, ҳажга борган ва закот берган бўлсангиз, бу – фақат ўзингиз учун, ўзингизнинг охиратингиз учун қилгансиз. Яна қандай хизматларингиз бор?

Кези келганда ҳижрат масаласида яна бир жиҳатни айтиб ўтай. Билишимча, пайғамбаримиз (с.а.в.) ўз сафдошларининг 80 тасини биринчи ҳижратга Ҳабашистонга жўнатганлар, бу ўлка эса исломий жамиятдан иборат бўлмаган, яъни Ҳабашистон насроний (христиан) давлат бўлган. Ноисломий Норвегияда мусулмонлар (хусусан Сиз ҳам) бемалол тоат-ибодатини қилиб юришгани каби Ҳабаш ҳижратида ҳам мусулмонлар тазйиққа учрамаганлар. Бироқ, Ҳабашистонда вақтинчалик яшаган мусулмонлар бу ўлкадаги тузумни куфрдан олиб куфрга солган эмаслар.

Балки улар ҳабашлар орасида Исломни тарғибот қилишгандир, бироқ Сиз демократик жамиятда яшаб туриб, унга салмоқли тош отаётганингиз каби Ҳабашистонда вақтинча яшаган мусулмонлар ҳабашлар тузумига бунчалик тош отишмаган бўлсалар керак. Ҳозирги Норвегия қадимги Ҳабашистон каби христиан мамлакат, ҳар иккаласи ҳам ўз ҳудудидан мусулмонларга жой берган, ҳар иккаласи ҳам уларга тазйиқ ўтказишмаган ва ўтказмаётир. Шу боис менга берган саволингизни ўзингизга қайтармоқчиман: СИЗГА ЯНА НИМА КЕРАК?

Сизнинг Исломни диққат билан ўрганганингизга менда шўбҳа туғилди, биродари азиз. Диққати жойида бўлган одам ҳар бир матнни бузмасдан эгаллашга ҳаракат қилади. Сиз мен айтмаган гапларни “айтдинг” деб даъво қилмоқдасиз. Мана Сизнинг жавобингиздан навбатдаги парча: “Орамизда пайғамбаримиз йўқ дейиш билан жуда катта хатога йўл қўймоқдамиз. Чунки Аллоҳнинг Китоби ва Муҳаммад (сав)нинг суннатлари очиқ ойдин ўртададир” (парча тугади). Менинг “Ислом демократияси – нафис демократия” номли мақоламда бу гаплар йўқ. Мана
менинг ёзганларим: “Пайғамбаримиз (с.а.в.) даврларида ҳам (бўлажак исломий жамиятни) танлаш имконияти йўқ эди, бироқ Аллоҳ ўзининг бу бандасига ўзининг нусратини берган ва бўлажак исломий жамиятни барпо этиш йўлларини англатган эди. Энди эса, биринчидан, ПАЙҒАМБАР СИФАТИГА ЭРИШГАН БАНДА ЧИҚМАЙДИ, иккинчидан, мас., Ўзбекистонда бўлажак исломий жамият учун андоза оладиган, гуллаб-яшнаб турган исломий ижтимоий-сиёсий тузум ҳам йўқ” (парча тугади). Мен парчада бир жойини атайлаб, зеро дўстимиз Номоз Нормўмин эътибор қилсалар
деб, катта ҳарфлар билан келтирдим. Муҳаммад (с.а.в.) дан кейин пайғамбар келмаслигини мен айтган эмасман. Бу – умумэътироф этилган ҳақиқатдир. Камдиққатлигингиз ёлғонга олиб келибди, биродар!

Бу ҳам майли, бироқ муҳтарам Номоз Нормўминнинг “Баъзилар мени ҳақорат қилиш билан хуморларидан чиқишмоқда. Сизнинг улар сафига қўшилишингиз етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди” (парча тугади) деганлари мени ҳайратга солди. Менинг “ҳақоратим”: “Йўқ” десангиз, у ҳолда Сизнинг ёзаётганларингиз аҳамиятсиз ва уч пулга қиммат ҳамда одамларни чалғитишдан бошқа нарса эмас” деганимми? Ё яна бирорта ҳақоратли ибора ишлатибманми? Менинг юқорида келтирилган гапим ҳақоратга ҳеч қандай алоқаси йўқ, у Сизнинг ватанимизда исломий
жамият қуриш учун даъват қилиш керак, деган иддаонгизга менинг берган баҳомдир, холос. Мен бу баҳо ҳақорат эмаслигини исталган ҳайъат олдида исботлашим мумкин.

Мен ҳамма вақт ўз мақолаларимда РЕАЛ ШАРОИТни ҳисобга олиш кераклигини уқтириб келганман. Бирор мамлакатда (мас., Ўзбекистонда) исломий жамият қуриш нияти бор одам (ёки гурух) шу мамлакатда шаклланган реалликни ҳисобга олмаса ва кўр-кўрона даъват билан шуғулланаверса, у одам (ёки гуруҳ) албатта ютқазади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам Исломга даъватни бир-икки одамни Ислом йўлига тортишдан бошлаганлар, яъни мушриклар дунёсининг реалликларини ҳисобга олганлар.

Ўзбекистонда ҳозир маълум бир реаллик шаклланган. Фараз қилайлик бир гурух мусулмонлар бу мамлакатда исломий жамият қуришга бел боғлашган бўлсин. Улар мамлакатдаги реалликни ҳисобга олиши керакми-йўқми? Мас., ҳозирги пайтда, қўпол қилиб айтганда, маҳалланинг ярми иккинчи ярми орқасидан айғоқчилик қилади – буни ҳукумат реалликка айлантирган. Агар ҳалиги одамлар инсонларни даъват қилишда яширин учрашувлар ўтказишса (очиқ ўтказишнинг асло иложи йўқ!), бундай учрашувлар тўрт (беш, ўн, …) кунда ошкор бўлади ва улар
кучишлатар органларига ем бўладилар. Буни “Хизб ут-Тахрир”, “ваҳҳобийлар” ва бошқа диний жамоалар мисолида ўнлаб, балки юзлаб марта кўрдик.

Назарий, тарбиявий, эътиқодни мустаҳкамлайдиган мақолаларнинг муҳимлигини мен тушунаман. Бироқ мен муҳтарам Номоз Нормўминга муайян реалликдан келиб чиқиб, давлат тепасига келсангиз ишни нимадан бошлайсиз, деган савол билан мурожаат қилган эдим. Бунга жавобан биродаримиз Номоз Нормўмин Ислом Каримовга ёзган хатлари ҳақида гапирибдилар: “Агар менинг президент Каримовга ёзган хатимни ўқисангиз 2010 йилдан бошлаб 4-5 йил ичида ижтимоий ҳаётнинг бутун соҳаларида қандай ислоҳотлар амалга оширилиши кераклиги ҳақида аниқ
таклифлар айтганман” (парча тугади).

Фикримча, Сизнинг Ислом Каримовдан кечирим сўраб, ислоҳотлар таклиф қилиб ёзган хатингизни ҳатто издошларингиз ҳам олқишлаганлари йўқ. Менга Сизнинг Ислом Каримовга мурожаатингиз оддий бир мисрликнинг Фиръавнга ислоҳот таклиф қилиб мурожаат қилганидай туюлди. Фиръавн эса ўзини Худо деб ҳисоблаган, Ўзбекистон қамоқхоналарида эса мулозимлар маҳбусларга Ислом Каримов портретини кўрсатиб: “Мана бизнинг Худомиз!” дейишади. Хатингиз хусусида мен шу пайтгача ким билан гаплашган бўлсам, бирорта хайрихоҳ одамни кўрмадим,
барчаси кулишди. Аминман, ҳукумат доираларида ҳам кулишган бўлса керак.

Ҳарҳолда Ўзбекистон фиръавни Ислом Каримовдан кечирим сўраб, исломий ислоҳотлар ўтказишга даъват қилганингиздан кузатилган мақсадингиз менга ва, аминман, кўпчиликка тушунарсиз бўлиб қолмоқда. Билмадим, қачонлардир И.Каримов мамлакатда исломий ислоҳотлар бошлайди-ю, шунда: “Кўрдиларингми, мен буни фалон йил илгари башорат қилган эдим!” дея айтишимга имкон туғилади”, деб ўйлаганмисиз, балки. Ҳарчанд ўйласам ҳам Сизнинг Ислом Каримовдан кечирим сўраб, уни исломий ислоҳотлар ўтказишга ундашингизга мен бошқа сабаб топа
олмадим.

Ўша мақолангиз узундан-узоқ бўлишига қарамай, мен уни диққат билан ўқиб чиқдим ва айтишим мумкин-ки, шу ислоҳотлар бошида И.Каримов эмас, ўзингиз турсангиз ҳам мамлакатдаги реалликни тамоман ҳисобга олмаган бу проектингиз муқаррар амалга ошмаслигига мен аминман.

Францияда шаклланган демократия хусусида

Муҳтарам Номоз Нормўмин менга жавобан ушбуни ёзибдилар: “Сиз таклиф қилаётган франция демократияси франсузларнинг ўзини қандай ҳолга олиб келганини кўриб тургандирсиз. Уларнинг жамиятида инсон таназзули нақадар “тараққий” этганини кўрмаяпсизми? Бу сиз ёпишиб олган демократиянинг натижаси эканлигини тушуниб етишингиз учун яна нима керак сизга?” (парча тугади).

Йўқ, кўрмаяпман! Мен Францияда салкам тўрт йилдан бери яшаяпман. Бу ерда ўн мингтадан бир одам “мен бахтсизман” дейиши мумкин, қолгани у ёки бу даражада бахтли ва фаровон ҳаёт кечирмоқда ҳамда ўз ҳаётидан хурсанд. Хурсанд бўлмаган пайтда ўнминглаб, юзминглаб одамлар тинч намойиш қилиб кўчага чиқади. Бу намойишчилар тинч йўл билан ҳукуматни чекинишга мажбур қилишганини кўплаб марта кўрдик.

Франция ҳар йили юз мингдан ортиқ одамни қабул қилади, уларнинг кўпчилиги мусулмонлар мамлакатларидандир. Франция уларни уй-жой, озиқ-овқат, нафақа ва иш билан таъминлайди, ўзлари ва болаларини текин ўқитади, текин тиббий ёрдам кўрсатади. Иккинчи томондан, давлат бераётган нафақани олиб, ҳеч жойда ишламай, ишлаш ва ўқишни хоҳламай яшаётган мусулмонлар Францияда бисёр эканини ҳам кўрдик.

Шу тўрт йил ичида мен, ўғлим ва келиним бирор марта кўчада, магазин ёки бирор бошқа бинода, транспортда иккита одам уришиб, ғижиллашиб турганини кўрмадик. Бирор марта “Мен маошимни ололмаётибман, менинг нафақамни уч ойдан бери бермаяпти” каби гапларни эшитмадик. Жамиятда эътиқод эркинлиги тўлиқ таъминланган (ҳижоб ва паранжига қарши кайфиятни ҳисобга олмаганда). Коррупция, ўғирлик, етимнинг ҳаққини ўзлаштириш ва бошқа кўп ижтимоий иллатларнинг йўқлигини гапириб ҳам ўтирмайман.

Мен Франция учун бир кун ҳам ишлаган эмасман, бироқ демократик ҳукумат мени яхши уй-жой, ҳаётим учун етиб-ортадиган миқдорда нафақа, текин тиббий хизмат ва бошқа кўпгина имтиёзлар билан таъминлаб қўйган. Франция Европада одамларнинг турмуш даражаси энг баланд мамлакатлар сафидадир.

Энди мен Франция демократиясининг Ислом нуқтаи-назаридан негатив ҳисобланган баъзи (аслида улар жуда кўп) жиҳатларини келтириб ўтаман, Сиз эса эшитинг:

1.оила институти кўп жиҳатдан ўз моҳиятини йўқотган; турмуш қурмаган, ёлғизликдан азият чекаётганлар оз эмас; никоҳсиз оилалар кўплиги учун “ҳароми” туғилаётган болалар ҳар қадамда; ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчи, фарзанднинг ота-она олдидаги бурчи деярли йўқотилган;
2.ахлоқ, ор-номус, иффат ва бошқа инсоний хислат ва фазилатлар деярли унутилган;
3.енгилтак мусиқачилик, ҳаёсиз дискотекалар, қиморвозлик ва бошқа иллатлар жамиятнинг маънавиятини издан чиқармоқда;
4.моддий ва маънавий истеъмол орасида нисбат кескин бузилган ва ҳоказо.

Баъзи нарсаларни Номоз Нормўмин биродар билиб-тушуниб ёзаяптиларми ёки тушунчалари йўқми – айтиш қийин. Демократия ахлоқсизликни урчитишига урғу берган ҳолда Номоз Нормўмин қуйидагини ёзадилар: “Сиз наҳот ўзбек ҳалқига мана шу ахлоқсизликларни раво кўрсангиз? Демак русларнинг бизга қилган ёмонликлари етмаган экан-да?” (парча тугади).

Биринчидан, руслар ўзбекларга демократия олиб келган эмас, шунинг учун улар олиб келган тузумлар ва, демак, барча ахлоқсизликлар ҳанузгача давом этмоқда, яъни ахлоқсизликни авторитар ва тоталитар тузумлар ҳам бисёр олиб келади.

Иккинчидан, ҳозирги мусулмон дунёсида ахлоқсизлик, хусусан баччавозлик ва фахш камми? Ўзини Исломнинг устуни деб ҳисоблайдиган араб мамлакатларида ўзбек хотин-қизлари нима қилиб юришибди?

Учинчидан, Эрон Ислом Жумҳуриятида деярли ҳар куни 20-30 та қатор дорларга шунча одам осилаётгани Сизнинг наздингизда ахлоқли ҳолатми?

“Сиз наҳот ўзбек ҳалқига мана шу ахлоқсизликларни раво кўрсангиз?” деган саволга одатда “Оғзингизга қараб гапиринг, тақсир” деб жавоб берилади.

Биродаримиз Номоз Нормўминнинг демократияга бўлган нафратини кўриб бул зотнинг чидам-бардошига қойил қоламан ва ўз-ўзимга савол бераман: қандай қилиб бу инсон шунча йиллардан бери Норвегияда чидаб яшаб келмоқда? У кишининг эътиқодига мос келадиган тузумга эга бўлган мамлакатга бош олиб кетишига нима моънелик қилмоқда экан? Ёки бу дўстимиз демократик тузумга “Эшакнинг гўшти ҳаром, меҳнати ҳалол” қабилида қарармикинлар?

Биродаримизнинг ушбу: “Демократия тошини йўниш билан ва ортиқча жойини олиб ташлаш билан уни афсуски исломга мослай олмайсиз. Чунки демократияни йўнган сайин ичдаги қораси кўпроқ кўринади” (парча тугади) гапларига қараганда демократик тузумнинг андоза оладиган бирорта ибратли жиҳати йўқ экан.

ҲИКОЯ: Яқинда мен Голландияда бир емакхонада, бўйим паст бўлгани учун столга осилганча қийналиброқ овқатланар эдим. Бир маҳал емакхонанинг бир хизматчиси менга қалинлиги бир қаричча келадиган, стулга мослаб тикилган кўрпача олиб келиб, мени унга ўтқазиб кетди.

Бу кўрпачалар болалар учун махсус тикилганини мен тушундим. Бироқ, мен сўрамасам-да, менга кўрпача олиб келиб илтифот кўрсатишганига қойил қолдим. Албатта, мижозга хизмат кўрсатиш, унинг кўнглини олиш учун унга ҳурмат кўрсатиш – демократик тузумларда йўлга қўйилган бозор иқтисодининг талабларидан келиб чиқишини сезиш қийин эмас. Бироқ, бу – демократик тузумлар шароитида инсон ҳуқуқлари асосий мезон эканлигини кўрсатади.

Мен кичкинагина, бироқ ҳар қандай жамият учун ибратли бир мисол келтирдим, холос. Бундай мисоллар демократик мамлакатларда ҳар қадамда учрайди. Бироқ Номоз Нормўмин биродаримиз буларни кўришни негадир истамайдилар.

Мен ҳеч қачон Ғарб демократиясини мукаммал, нафис ва идеал деб ҳисобламаганман, унинг Исломга зид жиҳатларини ҳамма вақт гапириб келганман. Номоз Нормўмин биродаримиз эса “… сиз ва сизга ўхшаган демократия шайдолари…”, “… сиз ёпишиб олган демократиянинг…” дея ўзларича мени бебурдга чиқармоқчи бўладилар. Гарчи мен бирор марта бул зотга “… сиз ва сизга ўхшаган ислом жамияти шайдолари…”, “… сиз ёпишиб олган ислом жамиятининг…” деган эмасман ва дейишга ҳатто оғзимни жуфтлай ҳам олмайман.

Банда қаерда яшамасин, танаси қандай рангда бўлмасин, у нимага эътиқод қилмасин – у Аллоҳнинг бандасидир ва ҳар бир банда ўз қилмиши учун охиратда ўзи жавоб беради. Банда Исломни эмас, балки ахлоқсизликни танлаган бўлса, бу – унинг ички дунёқараши ва ҳуқуқи, ва у бу танлови учун Аллоҳ олдида жавоб беради. Банда Исломни танласа, ахлоқсизликлардан ўзини асраса, бу ҳам унинг ҳуқуқи ва эътиқодидир.

Биродар Номоз Нормўмин таъбирича таназзулга учраган француз (норвег, инглиз, швед, …)ларни биз Исломга даъват қилишимиз мумкин, холос (қўлимиздан келса), бироқ уларга ва улар танлаган тузумга нисбатан нафрат уйғотишга ҳаққимиз йўқ. Нафрат уйғотишни қўятуринг, “Мусулмонларга фойдаси тегадиган нарсани [мас., дунёвий билимни – Т.Ё.] номусулмон халқдан-да олинг” деган даъватни, адашмасам, пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганлар.

Менинг тасаввуримча:

ИСЛОМ = Аллоҳга чексиз эътиқод, солиҳ амаллар ва севги, юксак диний билим + юксак дунёвий билимдир.

Адашаётган бўлсам Аллоҳ мени кечирсин. Дўстимиз Номоз Нормўмин балки бундан-да мукаммалроқ формулани биларлар.

Мен ушбу формуланинг биринчи (+ гача бўлган) қисми ҳақида ёзиб ўтирмайман, чунки (1): менинг исломий билимим йўқ; (2): бу мавзу буюк уламо ва фузалолар томонидан етарлича ёритилган; қолаверса, муҳтарам Номоз Нормўмин каби ватандошларимиз томонидан ҳам изчиллик билан бу мавзу ёритилмоқда, ва ҳатто бул зот дарс ўтишга ҳам бошладилар. Мен формуланинг иккинчи қисми ҳақида ўз фикрларимни айтмоқчиман (гарчи у кўпчиликка маълум бўлса-да).

Аллоҳнинг энг буюк сири Ўзидир. Банданинг номукаммаллиги шунда-ки, у бу сирни эгаллашга қодир эмас. Аллоҳ бандани яратар экан, уни беҳисоб сирларга рўбарў қилди, уни беҳисоб сирлар билан ўради. Аллоҳ беҳисоб сирларни бандасидан яширди ва уларни ўрганиш, топиш ва улардан фойдаланиш учун бандасига ақл-заковот инъом этди. Аллоҳ солиҳ бандасига икки дунё саодатини ваъда қилди. Аллоҳ бандасига: “Мен яратган сирларни ўрган, улардан фоний дунёдаги саодатинг йўлида фойдалан, фоний дунёдаги солиҳ амалларинг боқий дунёдаги
саодатингни таъминлайди” деб ақл берди. Банда бу сирларни ўрганиб Аллоҳнинг буюклигини англаши ва Унга садоқатли бўлиши лозим.

Аллоҳ Ўзи яратган сирларни сувнинг ҳар бир қатрасига, чангнинг ҳар бир заррасига, ҳар бир ўсимликнинг танасига, Заминга, Ойга, юлдузларга, сонлар қаторига ва беҳисоб, инсон ақли бовар қилмайдиган бошқа жойларга яширган. Бу сирларни дунёвий фанлар ёрдамида инсон ўрганади ва ўз мақсадида фойдаланади.

Оддийгина бир мисол келтираман. Ҳурматли Тоғбой ака 2010 йил 26 март куни домла Абдулла Абдураззоқнинг “Демократия – ширкми?” номли мақоласига ўзларининг изоҳларида мутлақ ҳақиқатни уқдириш мақсадида “Чиранманг, бари бир 2х2=4 бўлади” деб ёзибдилар. Ўнлик (10-лик) саноқ системасида албатта бу тўғри. Бу системани оддий тилда “натурал сонлар арифметикаси” дейилади [ N={0, 1, 2, 3, ...} – натурал сонлар қатори ва тўрт арифметик амал; буерда ва кейин: ... (уч нуқта) – қаторнинг чексиз давом этиши белгиси]. Бироқ иккилик (2-лик) саноқ
системасида 2х2 ҳам, 2+2 ҳам 0 (ноль) бўлади. Бу “арифметика”нинг “натурал сонлари” 0, 1, 10, 11, 100, 101, … лардан иборатдир. 2-лик системаси ҳозирги замон ҳисоблаш техникасининг асосини ташкил этади.

3-лик саноқ системасида, яъни саноқ системасининг асоси 3 (уч) бўлса, 2х2=1 ва 2+2=1 бўлади. Бу “арифметика”нинг “натурал сонлари”: 0, 1, 2, 10, 11, 12, 20, 21, 22, 100, … дир.

Бошқача айтганда, саноқ системасининг асосига қараб “арифметика”лар ҳам беҳисоб экан. Демак, “2х2=4” – нисбий ҳақиқат бўлиб, ҳатто мана шу оддийгина математик назария ҳам Аллоҳ яратган сирларнинг ранг-баранглигини кўрсатади.

Номоз Нормўмин дўстимиз ҳам демократ бўлган пайтларида жарроҳлик сирларини дунёвий фанлар орқали ўрганганлар. Тиббиёт сирларини буюк ватандошимиз Абу Али ибн Сино мукаммал эгаллаганликлари дунёвий фанлар орқали бўлганлигини биродар Номоз Нормўмин врач сифатида кўпчиликдан яхшироқ билсалар керак.

Инсоният Аллоҳнинг сирларини ўрганиб буюк кашфиётлар қилаётган бир пайтда Ўзбекистонда икки марта ҳаж сафарида бўлган бир мулла мачитда юздан ошиқ болаларга: “Математика, физика, химия ва бошқа дунёвий фанлар фан эмас, уларни ўрганишга ҳожат йўқ; ўрганишга лойиқ фақат битта фан бор, бу – Қуръон” деб “таълим” бераётганини мен ўз қулоғим билан эшитганман.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) дунёвий фанлардан бехабар бўлганлар, бироқ улар (дунёвий фанлар) инсониятнинг Аллоҳнинг фоний дунёдаги саодатини таъминловчи замин эканини чуқур тушунганлар. XIII-XIV асрларгача Ислом диёрида дунёвий фанлар юксак даражага чиққанлиги, бул зотнинг: “Илмни то қабргача ўрган”, “Илмни Хитойга бориб бўлса-да ўрган” деганлари демократияни куфр деяётган радикал исломчиларни ўйлантириши лозим.

Биродар Номоз Нормўмин Ислом ҳақида қатор мақолалар чоп этдилар, бироқ мен уларда бул зот Исломнинг ажралмас бир қисми, яъни бу дунёнинг саодати ҳақида бирор сатр ёзганларини кўрмадим. Бу тасодифмикин?

Баъзан ҳаёлга сотқин бир фикр келиб қолади: нега биродаримиз Номоз Нормўмин ва ўзбек фиръавни Ислом Каримовнинг дунёқарашларида ўхшашлик, параллеллик борга ўхшайди? Мана шулардан баъзилари:

1) Номоз Нормўмин одамларда демократияга нисбатан ғоявий йўналишда нафрат ўйғотаётган бўлса, И.Каримов 20 йилдан бери уни каллалаб, яъни амалда ўлдириб келмоқда;

2) Номоз Нормўмин демократияга бўлган нафрати орқали дунёвий фанларни, яъни бу дунё саодатининг асосини инкор қилаётган бўлса [менинг “Ислом демократияси – нафис демократия” номли мақоламга Номоз Нормўминнинг изоҳига қаранг (парча): “Демократия тошини йўниш билан ва ортиқча жойини олиб ташлаш билан уни афсуски исломга мослай олмайсиз. Чунки демократияни йўнган сайин ичдаги қораси кўпроқ кўринади”], И.Каримов дунёвий фанлар ўчоқлари бўлмиш дунёвий мактаблар, олий ўқув юртлари, илмий-текшириш институтлари, Фанлар
академиясини амалда йўқ қилди ёки том маънода оёқости қилди;

3) Ислом масаласида Номоз Нормўминнинг позициясини биламиз. И.Каримовнинг позицияси қандай? Мана унинг позицияси:

1.у ҳам баъзи нутқларида “иншааллоҳ” дейди;
2.Тошкентда Ислом университетини очиб қўйибди;
3.Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва бошқа жойларда исломий обидаларни таъмирлатиб қўйган;
4.бир неча йил илгари Ислом дунёси томонидан Тошкентни йилнинг Исломий маркази, деб тан олинишига эришди;
5.ҳар йили ўзбекистонлиларнинг ҳаж сафарига боришини таъминлаб турибди;
6.Исломий Ҳайит кунларини давлат байрами куни қилиб қўйибди;
7.Ўзбекистонда минглаб мачитлар ишлаб турибди, ва ҳоказо.

У: “Мен исломий давлат қураман” деяётган бўлмаса-да, “Ўзбекистон – мусулмон мамлакат” дейишига асос яратгани аниқ. Шундоқ бўлса-да, у 20 йилдан бери тиш-тирноғи билан Исломга қарши курашаётганига кўпчилик тушуниб етди.

Қилган-қилмаган айблари учун И.Каримовдан кечирим сўраб хат ёзганларини ҳисобга олсак, Номоз Нормўмин ва Ислом Каримов орасидаги юқорида келтирилган параллеллар хунук бир хулосага олиб боради.

Такрорлайман: кимга қандай, бироқ менга Номоз Нормўминнинг асл мақсади нимадан иборат экани тушунарсиз қолмоқда. Асоссиз гумонлардан Аллоҳнинг Ўзи асрасин!

Охирги сўз ўрнида.

Мен дўстимиз Номоз Нормўминдан қўрқиб қолдим: Исломга даъват қилаётган бўлсалар-да, Исломдаги ўзгача фикрга чидамлилик у кишида деярли йўқ экан. Менинг Номоз Нормўмин ҳақидаги баъзи хулосаларим у кишини жазавага туширибди. Товба қилдим! Бошқа такрорланмайди!

Мен олим эмасман – буни мен такрор ва такрор эътироф этиб келмоқдаман. Бироқ менинг ўз фикримни айтишга ҳуқуқим бор. Йирик исломий олимлар Ислом ва демократия орасида ижобий муносабатлар мавжудлигига қанчалик урғу бераётган бўлсалар, мен ҳам, – олим бўлмасам-да, – шу йўналишда ўз билганларим билан ўртоқлашиб келаётган эдим, холос.

ЛАТИФА: Бир одам қаттиқ касал бўлиб қолибди. У кишининг ўғли табибга учрашибди. Табиб унга қандайдир дори берибди. Дорини отасига ичирса, икки соатдан кейин отаси ўлибди. Ғазабланган ўғил табиб олдига югурибди ва: “Сиз берган дорини ичганларидан кейин отам икки соат ўтгач ўлди!” – дебди. Табиб: “Дорини ичгач, 20 дақиқа ўтгач отангиз қаттиқ терладими?” – деб сўрабди. Ўғил: “Ҳа” деб жавоб берса, табиб хурсанд бўлиб: “Жуда яхши!” – дебди. (Тугади).

Ғулув — банданинг бирор таълимот, фалсафа, ижтимоий-сиёсий тузум (ва ҳ.) га муносабати, хусусан динга нисбатан муносабатида ҳаддан ошишидир. Динда ғулувга кетиш ундаги ҳақ чегарасидан чиқишдир. Бу, ҳозирги замон терминологияси бўйича, радикализм ва ундан-да ёмони – экстремизмдир.

Юқорида келтирилган латифа туфайли Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг: “… сизлар динда ғулувга кетишдан сакданинглар. Сизлардан олдингиларни динда ғулувга кетишдан бошқа нарса ҳалок қилган эмас» деган хадислари ҳаёлга келади.

Назаримда, баъзи диндорлар “касалланган” демократик тузумларни ўзларича даволамоқчи бўлаётирлар. Уларнинг дорисидан кейин жамият тузалиш ўрнига ўлса, бу “табиблар”: “Бизнинг доримиздан кейин жамият эртадан кечгача номоз ўқишга ўтдими?” дея сўрасалар керак ва “Ҳа” жавобини олгач эса бениҳоя хурсанд бўлиб: “Жуда яхши!” дея ҳайқирсалар ажаб эмас.

Динда ғулувга кетган одамларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида якка-яримта бошқалар ҳам радикаллашиши ёки ундан-да ёмонроғи – экстремистик позицияга ўтиши мумкин, бироқ кўп одамларнинг диндан безишлари аниқ. Бундай тарғиботчилар: “… динга Қуръон ва Суннатда буюрилганидан ортиқча рағбат қилиб, бошқаларга динни машаққатли даражада оғир кўрсатиб, одамларни диндан бездириб қўювчилар, … кўпчиликнинг диндан нафрат қилиб, унинг фарзларини тарк қилиши ва одоблари ила одобланмаслиги учун жавобгардир” (имом Шотибий).

Ғулувга кетган коммунистик лидерлар ХХ-асрда мисли кўрилмаган жиноятлар содир этганлари бунга яққол мисолдир.

Мақоламнинг бу қисмининг охирида мен муҳтарам ўқувчи диққатига

http://islom.uz/content/view/521/136/ да чоп этилган ибратли “Қадимги уламолар ғулув ҳақида” номли мақолани ҳавола этаман.

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Back to top

- Similar topics

 
Permissions in this forum:
You cannot reply to topics in this forum