Форум_Ўзбекистон

Совет Иттифоқи ва Ўзбекистон. Горбачев ва Мирзиёев. Қизиқ ўхшашликлар ва аччиқ сабоқлар

Go down

Совет Иттифоқи ва Ўзбекистон. Горбачев ва Мирзиёев. Қизиқ ўхшашликлар ва аччиқ сабоқлар

Post by Admin on Sun Feb 04, 2018 6:04 am

Совет Иттифоқи ва Ўзбекистон.
Горбачев ва Мирзиёев.

(Қизиқ ўхшашликлар ва аччиқ сабоқлар).

Индалло.

Ҳар бир инсон, ҳар бир катта-кичик гуруҳ, жамият, ташкилот, маҳалла, қишлоқ , шаҳар, ўлка ва ниҳоят давлат доимий равишда ривожланиб боради.
Бу ривожланишнинг асосида ўша инсон, гуруҳ, жамият, ташкилот, маҳалла, қишлоқ, ўлка ва ниҳоят давлатнинг юксалиш ва ривожланишга бўлган табиий эҳтиёжи ётади.

Ана шу эҳтиёжга эътибор берилмаган ва ҳатто кундалик ётиш-туришини умуман ўзгартиришни истамаган одамда ҳам, ташкилот ва давлатда ҳам ички норозилик жараёни уруғ ота бошлайди.

Лалмикор ерга ташланган уруғ секин аста томир отиб, ер остидан тупроқ ёриб, қуёш нурларига интилгани каби инсон, жамият ва давлатда ҳам ривожланишга бўлган табиий эҳтиёж уни ёрўғликка, озодлик ва эркин нафас олишга, ўзига керакли даражада озуқа топиш ва фаровонроқ яшашга интилиб яшайди.

Бу табиий эҳтиёж кучайган сари унга қаршилик ҳам кучая бошласа у ҳолда бу икки куч- Ривожоаниш, ўсишга бўлган табиий куч билан унга қарши бўлган кучлар ўртасида ҳаёт-мамот кураши бошланади.
Қайси томоннинг қудрати баланд бўлса ўша томоннинг қўли баланд келиб иккинчи томон мағлуб бўлади.

Агар риволаниш ва ўсишга интилган кучлар бу курашда енгиб чиқса ҳаёт худди қалин ўрмонлардаги каби гуркираб яшнай бошлайди.

Агар уларга қарши кучлар ғалаб қозонсалар ҳаёт орқага чекинишга ва Сайрои кабирдаги қумлар орасида бир амаллаб яшайдиган қурту қумурсқалар каби яшашга маҳкум бўлади.

Ва демак янги давр, янги имкониятлар яралишини кутиб яна худ билсин неча юз , балки минг йиллар оғир шароитларда бир амаллаб яшашга интилаверади , интилаверади...

Инсониятнинг миллион йиллик тарихида ана шундай курашлар турли туман жойларда жуда кўп марталаб бўлган. Гоҳ бир томон, гоҳ иккинчи томон ғалаба қозониб, кейин ҳаёт ўша жойларда ўша ғалабага мувофиқ давом этган ва бугун ҳам шундай бўлиб қолмоқда.

Ер куррасида ўтган чорак асрлик тарихдан қолган ана шундай тарихий жараён, энг катта сиёсий воқеа Совет Иттифоқи деган улкан ва қудратли бир давлатда юз берди.

Европа ва Осиёнинг улкан кенгликларини қамраб олган, ўзининг бепоён мавзеларида 100дан ошиқ миллатлар, катта-кичик халқлар ва уруғларни бирлаштириб, 74 йил ҳукм сурган бу қудратли давлат тўсатдан, ўзининг сўнгги қисқагина 5 йил умри давомида сиёсий ва географик харитадан бутунлай ўчиб, йўқ бўлиб кетди.

---------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------

Мен қуйида кўпчилик билмаган, билганлар эса эътибор қилмаган бир масала ҳақида сўз юритмоқчиман.
Сиз ўйлаб кўрганмисиз – Нима сабабдан шундай қудратли давлат бўлмиш Совет Иттифоқи тўсатдан қулади?
Кўпчилик бу саволга оддий тарзда: «Улкан империя бўлмиш Совет Иттифоқининг ички сиёсати, унинг яккахокимлик, марказий административ бошқарувга асосланганлиги, халқнинг давлат бошқарувидан ажратиб қўйилганлиги каби кўплаб нотўғри ишлар охир оқибатда бу давлатнинг қулашига олиб келди» деб жавоб беришлари мумкин.

Бу гаплар тўғри албатта аммо бу жавоб улкан империя бўлмиш Совет Иттифоқининг тўсатдан қулаш жараёни бошланганини тўлиқ очиб бермайди.
Шу учун мен қуйида сизнинг эътиборингизни айнан ана шу масалага қаратмоқчиман.


1986 йилда Совет Иттифоқининг энг Олий Бошқарув органи бўлмиш Политбюрога нисбатан ёш (52 ёшли) Михаил Сергеевич Горбачев аъзо қилиб олинди.
Шу пайтгача унинг барча аъзолари советларнинг эски ва энг ишончли кадрларидан ташкил топган бўлиб, уларнинг ёши 70 билан 80 ўртасида эди.
Горбачев Политбюрога аъзо бўлганига қадар бирин кетин 3 та қари Политбюро аъзолари Брежнев, Андропов, Черненко каби қариялар Коммунистик партиянинг Бош котиблигига тайинланиб давлат бошлиғи бўлдилар ва қисқа муддат(6..7 йил ичи)да ҳаётдан кўз юмдилар.  

Давлат бошлиғининг ҳар икки, уч йилда  алмашиб туриши ҳар қандай давлат учун хавфли ва ташвишли ҳолдир.

Чамаси айнан ана шу фактор, яьни Олий Ҳокимият Бошқарувини барқарор ва узоқ йиллигини таьминлаш учун, Политбюрога нисбатан ёш бўлган Михаил Горбачев сайланди. Орадан 2 йил ўтмаёқ у Бош котиб, яьни Совет Иттифоқининг Олий раҳбари бўлди.

Михаил Горбачевнинг ҳокимиятга келиши қайсидир жиҳатлари билан Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимиятга келишига ўхшаб кетади.


(Шу ерда бир дақиқа шошманг! Қизиқ бир ғайритабиий ўхшашликка эътибор беринг:
Михаил Горбачев
Шавкат Мирзиёев

Ҳар икки исм 6 ҳарфдан, ҳар икки шариф эса 8 ҳарфдан иборат экан!  Қизиқ ўхшашлик. Афсуски уларнинг тақдирлари ҳам ўхшаш бўлиб бормоқда...).
(Давоми бор).


Admin tomonidan Tue Feb 06, 2018 6:14 am da o'zgartirilgan; jami 1 marta o'zgartirish kiritilgan

Admin
Admin

Number of posts : 1263
Join date : 04/02/2010

Foydalanuvchi profili http://ihrsu.org

Yuqoriga Go down

Совет Иттифоқи ва Ўзбекистон. Горбачев ва Мирзиёев. Қизиқ ўхшашликлар ва аччиқ сабоқлар.2нчи Қисм

Post by Admin on Sun Feb 04, 2018 6:54 am

Совет Иттифоқи ва Ўзбекистон. Горбачев ва Мирзиёев. Қизиқ ўхшашликлар ва аччиқ сабоқлар.2нчи Қисм

Сиёсий бошқарувга янги кучларнинг келиши ўзи билан ҳамиша қандайдир янги шабада, янги фикр, янгича ўйлаш ва ҳаракат қилиш, янги журьат ва шиддат каби янгиликларни олиб келиши билан ажралиб туради. Бундай нарсалар ҳар қандай катта кичик корхоналар ва ширкатларда ҳам бўлиши табиийдир.


Аммо Бошқарувга янги кучларнинг келиши ҳамиша ҳам ижобий ўзгаишларга олиб келмаслиги мумкин. Масалан Германияда ҳокимиятга Гитлернинг, Сурияда Башар Асадни, Россияда Путинни келишлари нафақат ўша давлатларнинг халқларига балки бошқа халқлар бошига ҳам улкан кулфатлар келтирдилар.

Энди Горбачевга сиёсатига қайтсак, у ўзининг илк сиёсий қадамларини жуда ижобий бошлади.
Бу ерда унинг янгиликка ташналиги, янгича фикрлашдан қўрқмаслиги ва ўзгаларни тинглашга мойиллиги ҳам унинг кундалик сиёсий ҳаётида ва давлатни бошқаришда катта ёрдамлар берди.
Аммо “ўзгаларни тинглашга мойиллиги” деган жумлага “улардан хулосалар чиқариш” деган жумлани қўшсак Горбачев кўпроқ ўз халқининг фикрларини тинглаб, улардан хулосалар чиқаришдан кўра кўпроқ ўзга давлат раҳбарларининг фикрларини тинглаб, улардан хулосалар чиқарди десам тўғрироқ бўлади.

Чунки Горбачев ўзининг 5 йиллик фаолияти давомида минглаб корхоналарга бориб ўн минглаб каттаю кичик раҳбарларни ва ишчи-хизматчиларни тинглади.
Айни пайтда у бир неча маротаба АҚШ Президенти Рональд Рейган ва Буюк Британия Бош вазири Маргарет Тэтчер билан учрашди ва улар билан узоқ ва мўҳим сўҳбатлар ўтказди.

Шу ерда асосий йўналишдан сал чекиниб бир фикр айтиб ўтсам:
Айнан Рональд Рейган ва Маргарет Тэтчер хоним ўзларининг талабчан ва қатьий фикрлари билан Горбачевга жиддий таьсир ўтказишга муваффақ бўлдилар ва охир оқибатда уларнинг бу ҳаракатлари Совет Иттифоқини қулашига олиб келди!

Горбачёвнинг Рейган ва Тэтчердан олган энг асосий дарси тезда ўзини кўрсатди.
Ёки бошқача, адабий тилда айтадиган бўлсак, Рейган ва Тэтчер хонимнинг Горбачевнинг янгича сиёсатга чанқоқ қалбига сочган уруғлари тезда ниш берди!

Бир куни Горбачев ўзининг Совет Иттифоқи Коммунистик партиясининг улкан бир йиғилишидаги чиқишида Қайта қуриш ва Ошкоралик ҳақида дадил ва жўшқин сўзлади!
Бўлди қарсак, бўлди сурон!
Қарсак чалганлар асосан Кремль залида ўтирган ва турли туман завод , фабрикалар, колхозлар ва совхозлардан делегат бўлиб келган юзлаб оддий коммунистлар эди.

Аммо залда бу гапларга хўмрайиб қараб ўтирганлар ҳам бор эди. Уларнинг сони ҳам жуда катта эди ва улар асосан барча республикаларнинг раҳбарлари, СССРнинг турли туман давлат идораларининг раҳбарлари ва бошқа коммунистик рўҳдаги фаоллар эди.

Вақт ўтиши билан айнан ана шу гуруҳнинг қудрати оша бошлади ва улар ўзларига “агрессивно молчащее большинство”( агрессив тунд кўпчилик) деган тамғани олишди. Улар ичида ўша пайтдаги Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби Ислом Каримов ҳам бор эди.

Айнан ана шу агрессив тунд кўпчилик секин аста Горбачев давлат сиёсати даражасига кўтарган Икки мўҳим Ислоҳот бўлмиш Қайта қуриш ва Ошкораликка қарши саботаж, яьни бузғунчилик ишларини бошлаб юбордилар.


Admin
Admin

Number of posts : 1263
Join date : 04/02/2010

Foydalanuvchi profili http://ihrsu.org

Yuqoriga Go down

Қайта қуриш ва унинг сабоқлари ҳақида. 3 Қисм

Post by Admin on Mon Feb 05, 2018 4:41 am

Қайта қуриш ва унинг сабоқлари ҳақида.
Совет Иттифоқи ва Ўзбекистон. Горбачев ва Мирзиёев. Қизиқ ўхшашликлар ва аччиқ сабоқлар
3 Қисм


Горбачёвнинг Рейган ва Тэтчердан олган энг асосий дарси тезда ўзини кўрсатди.
Ёки бошқача, адабий тилда айтадиган бўлсак, Рейган ва Тэтчер хонимнинг Горбачевнинг янгича сиёсатга чанқоқ қалбига сочган уруғлари тезда ниш берди!

Бир куни Горбачев ўзининг Совет Иттифоқи Коммунистик партиясининг улкан бир йиғилишидаги чиқишида Қайта қуриш ва Ошкоралик ҳақида дадил ва жўшқин сўзлади!
Бўлди қарсак, бўлди сурон!
Қарсак чалганлар асосан Кремль залида ўтирган ва турли туман завод , фабрикалар, колхозлар ва совхозлардан делегат бўлиб келган юзлаб оддий коммунистлар эди.

Аммо залда бу гапларга хўмрайиб қараб ўтирганлар ҳам бор эди. Уларнинг сони ҳам жуда катта эди ва улар асосан барча республикаларнинг раҳбарлари, СССРнинг турли туман давлат идораларининг раҳбарлари ва бошқа коммунистик рўҳдаги фаоллар эди.

Вақт ўтиши билан айнан ана шу гуруҳнинг қудрати оша бошлади ва улар ўзларига “агрессивно молчащее большинство”( агрессив тунд кўпчилик) деган тамғани олишди. Улардан бири ўша пайтдаги Ўзбекистон Компатиясининг биринчи котиби Ислом Каримов эди.

Айнан ана шу агрессив тунд кўпчилик секин аста Горбачев давлат сиёсати даражасига кўтарган Икки мўҳим Ислоҳот бўлмиш Қайта қуриш ва Ошкораликка қарши саботаж, яьни бузғунчилик ишларини бошлаб юбордилар.

Сўнгги пайтларда менга бир нарса одат бўлди:
Янги туғилган фикрни аввалига қисқача кўринишда Фейсбокда махсус рангли, эълонга ўхшаш тўртбурчак катакка жойлайман.

Кейин секин аста уни ривожлантириб мақола шаклига соламан.
Қуйида ана шу мақоламнинг дебочаси сифатида чоп этилган айрим қисқа фикрларим:

“Қайта қуриш ва Ошкоралик сиёсати Расман эълон қилинмас,барча янгиликлар эса фақат 1 инсондан кутиларкан Ўзбистонда тубдан ўзгаришлар бўлмас!”

“Жаноб Президент! Қачон Ўзбекистонда Қайта қуриш ва Ошкоралик сиёсати Олий Мажлис минбаридан расман эълон қилинади?”

“Токи Қайта қуриш, Ошкоралик Сиёсати эълон қилинмас, барча фаолларга бу оғир, буюк ишларда қатнашиш имкони берилмас экан аҳвол ўзгармайди!”.
(Ана шу жумла ёзилган куннинг эртасига Нуруллоҳ Рауфхон Президентга мухолифатни Ватанга қайтариш зарурати ҳақида мақола эълон қилди.).

“32 миллионли халқнинг ҳар куни бир инсоннинг оғзига, у қиладиган ишларга қараб, қўл қовуштириб ўтириши ҳеч бир қуюшқонга сиғмайди!”

Бу қисқа фикрлар 4 февралнинг биринчи ярмида ёзилган айрим мисоллар холос.
Куннинг иккинчи ярмида ёзилган фикрлар:
“Бугун Ўзбекистон давлатида Қайта қуриш ва Ошкоралик сиёсати расман эълон қилинмаётганининг сабаби ЖУРЬАТСИЗЛИКДА. Афсус,афсус..”

“Бир ахмоқ сиёсатни фоҳишабозлик деса бошқаси бугун бало дебди. Билишмайдики сиёсат оддий иш қуроли. Ишлатишинга қараб натижа оласан, нодон”.
(Биринчи гапнинг муаллифи П.Охун,иккинчисини муаллифи Н.Нормўмин. Соддадил ёзўвчи эса бу кимсаларни “мухолифат вакиллари” деб ёзибди ўз мактубида. Сиёсатни шу қадар нодонларча тушунган кимсалар қандай қилиб сиёсий мухолифат вакиллари бўлиши мумкинлигини фақат содда инсонгина ақлига сиғдира олади холос).

Энди асосий мақолага қайтсак.
Горбачевнинг Қайта қуриш ва Ошкоралик сиёсати тезда ўз меваларини бера бошлади. Қарийб бир пайтда(1986...1989йиллар) Болтиқ бўйи республикалари, Россия, Украина, Грузия, Озарбайжон, Ўзбекистон ва Тожикистонда кучли халқ ҳаракатлари пайдо бўлдилар.

Айни пайтда Варшава Шартномасига кирган ва Шарқий социалистик лагерь деб аталадиган Шарқий Европадаги бир қатор давлатларда ҳам кескин инқилорбий ўзгаришлар бошланиб кетди.

Германия демократик республикаси билан Германия Федератив Республикаси ўртасидаги баланд бетон деворлар бузилди ва икки давлатга ажратилган бир халқ улкан шодиёналар билан яна қайтадан бирлаша бошладилар.

Польшада Солидарность ҳаракати халқни жунбишга келтирди ва генерал Ярузельский бошлиқ ҳукуматнинг тахти равонлари лиқиллаб қолди.
Қайта қуриш туфайли социалистик дунёда бошланган улкан инқилобий тўлқиннинг энг даҳшатли зарбалари Руминияга, унинг ёвўз диктатори Николай Чаушеску бошига тушди. Ғазабга минган халқ уни қочиб кетаётган машинасини тўхтатиб тилка пора қилмоқчи бўлганда милисалар ва ҳарбийлар орага тушиб Чаушеску билан унинг рафиқасини ушладилар ва уларни махсус трибуналга топширдилар. Трибунал қисқа муддатда улар устидан ҳукм чиқарди ва улар отиб ташландилар(бу ҳақда youtube.com-да видео бор).

Украинада Рух, Ўзбекистонда Бирлик, Польшада Солидарность каби ҳаракатлар қарийб бир пайтда улкан инқилобий ўзгаришлар сари ҳаракат қила бошладилар.

Бугун Украина ва Польшада демократик жамият жадал сурьатлар билан қурилмоқда, Ўзбекистонда эса демократия ҳақидаги сўзлар худди Шимолий Корея демократик республикасидаги сўзлар каби асосан қоғозда.
Ўзбекистон президенти бу сўзни ойига эмас йилига бир, икки марта тилга олади холос десам янглиш бўлмас. Демократия ҳақида умуман тушунчаси бўлмаган фуқаролар эса бу сўзни умуман ишлатишмайди.

Шундай қилиб, Горбачев давлати бошлиғи сифатида бошлаб берган, юқори минбардан туриб ошкора ва расман эълон қилган Қайта қуриш ва Ошкоралик сиёсати бепоён социалистик дунёда улкан инқилобий ўзгаришлар бошланишига олиб келди.

Бу ўзгаришларнинг нафақат ижобий балки салбий томонлари ҳам афсуски ўз юзини кўрсатди.
Энг буюк ижобий ўзгариш – бу миллионлаб инсонлар онгида тубдан бурилиш ясалиши, фуқароларга ўз фикрини эркин баён қила олиш имкониятлари, кўчаларга чиқиб эркин намойишлар ўтказиш ва ўз ҳақ ва ҳуқуқларини баралла баён қилиш десак тўғри бўлади.

Чунки айнан ана шу эркинликлар секин аста буюк тўлқинга айландилар ва улар “социализм” деб номланган аммо аслида тоталитаризм ва авторитаризмга асосланган ҳукуматларни ағдариб ташладилар.

Бу сиёсатнинг салбий томони шунда бўлдики, Горбачев Қайта қуриш ва Ошкоралик сиёсатининг нималарга олиб бораётганини вақтида илғаб ололмади ва кескин инқилобий жараёнлар кечаётган бир даврда ўзига кучли бўронлардан кемани чўктирмай бошқара оладиган Ўтиш даври командасини туза олмади.
Мени эсимда, ана шу ҳақда мен Горбачевга бир мактуб ёзган эдим.
Мактубни ёзишимга сабаб бир катта йиғилишлардан бирида кучли журналистлардан бири Горбачевга айнан унинг атрофидаги саботёрлар/бузғунчилар (Лигачев бошлиқ бир тўда)ҳақида, унинг ўз атрофига замонавий фикрлай оладиган кадрларни тўплаши мўҳимлиги ҳақида айтган гаплари бўлди.
Горбачев ўшанда бу журналистнинг гапларини хаспўслашга уринди.
Шунда мени жаҳлим чиқиб, шартта қўлимга қалам олиб ана ўша журналист айтган гаплар тўғрилиги ҳақида ва у ўз атрофига қандай кадрларни тўплаши лозимлиги, Қайта қуриш ва Ошкоралик сиёсатини иккинчи бўлимини тузиш ва уни тўғри бошқариш ҳақида мактуб ёздим. (Мактубимни қабул қилишгани ҳақидаги Марказқўмнинг кичик бир билдириши ҳанўз архивимда бор).

Ўша пайтларда халқнинг давлат бошлиғи билан тўғридан тўғри мулоқот қилиш имкониятлари бугун ўзбек халқининг Мирзиёев билан мулоқот қилиш имкониятларига ўхшаб кетади.

(давоми бор).

Admin
Admin

Number of posts : 1263
Join date : 04/02/2010

Foydalanuvchi profili http://ihrsu.org

Yuqoriga Go down

Қайта қуриш ва унинг сабоқлари ҳақида. 4 Қисм

Post by Admin on Mon Feb 05, 2018 5:39 am

4нчи қисм

Горбачев ва Мирзиёевнинг иш услубларининг кўп томонлари жуда  ўхшаш. Масалан олий минбарлардан жўшқин чиқишлар қилиш, халқ дарди ҳақида, мўҳим ўзгаришлар қилиш заруратлари ҳақида гапириш, айрим амалдорларни кескин танқид қилиш, уларни алмаштириш ва ҳоказолар.
Афсуски улар ўртасидаги ўхшашликларнинг салбий кўринишлари ҳам бор. Улардан биринчиси: суронли 1986-90 йилларда Горбачев СССРда қилган бир неча жиддий хатоларни, 2017-18 йиллар ва бугунги кунларда Мирзиёев Ўзбекистонда такрорлаяпти.

Горбачевнинг жиддий сиёсий хатоларидан биринчиси юқорида ёзганимдек, унинг Қайта қуриш ва Ошкоралик сиёсатининг босқичларини ўйлаб кўрмагани ва уларни тайёрламаганида.
Иккинчи хатоси ана шу ўзи бошлаб берган ва жамиятда улкан ўзгаришлар бошланиб кетишига кучли туртки берган Қайта қуриш ва Ошкоралик сиёсати ортилган аравани тортадиган кадрларни ўз атрофига тўплай олмаганида.

Учинчи хатоси Қайта қуриш ва Ошкоралик сиёсатини бошқариш жараёнини Ҳукумат ўз қўлида тутиб туриши ва ўзи бошқариши керак деб хато фикрлаганида.

Ана шу уч жиддий хато туфайли Қайта қуриш ва Ошкоралик сиёсатининг дастлабки кучли тўлқинлари бир томондан авторитар раҳбарлар бўлмиш агрессив тунд кўпчиликнинг кескин қаршиликларига учраб, иккинчи томондан эса иқтисодий инқироз сабабли оч-наҳор қолган миллионлаб фуқаролар фаоллигининг табиий равишда сўниши сабабли пасая бошлади.


Янги сиёсат тўлқинларининг пасайиши ёмон аломат эди. Аммо бу аломатларни ўша пайтларда ўзини замонага мослаган ҳолда Президент деб эълон қилган Горбачев на кўра, нада сеза билди.
Натижада парда остида, вице президент Янаев раҳбарлигида иш кўрган бир гуруҳ саботер/бузғунчилар Горбачев Форосда дам олишда бўлган кунларда (19..21 август 1992й) давлат тўнтариши қилдилар ва ўзларини ГКЧП (Государственный комитет в период чрезвычайного положения) деб аталмиш СССРнинг янги ҳукумати деб эълон қилдилар.


Аммо Россияда эндигина кучга тўлиб келаётган ёш демократия кучлари Борис Ельцин раҳбарлигида бу фитнага қарши чиқдилар.
Улар Горбачевни тезда Москвага қайтишини талаб қилдилар.

Айни пайтда ГКЧПнинг ҳам қарори қатьий эди.
Улар парчаланиб кетаётган Совет Иттифоқини “Суверен/мустақил республикалар иттифоқи” кўринишида сақлаб қолиш учун иш бошлаганларини эълон қилдилар.
Амалда эса уларнинг мақсадлари СССР деб аталмиш империяни ҳар қандай йўллар билан сақлаб қолиш, Қайта қуриш ва Ошкоралик сиёсатини таг томири билан қўпориб ташлаш эди.
Ўрни келганда шуни айтиш керакки, ГКЧПни Ўзбекистон раҳбарлари, хусусан Ислом Каримов қўллаб чиқди.

ГКЧПнинг раҳбарлари ўз ғалабаларини мустаҳкамлаш учун уларга  қўшилган Мудофаа вазирига Москвага қўшин киритишга буйруқ беришди.

Москва кўчалариги кириб келаётган танклар ва турли туман зирҳли машиналарни кўрган халқ янада жунбушга келди.
Улар танкларни тўхтатишга муваффақ бўлдилар.
Ельцин бир танк устига чиқиб жўшқин нўтқ сўзлади, ГКЧПнинг фитнасини очиб ташлади.
Армия халққа қарши боришни истамади ва чекинди.
Форосдан қайтган Горбачевни халқ аэропортда тантаналар билан кутиб олди.
Аммо халқнинг Горбачевни аэропортда бундай тантанали кутиб олиши биринчиси ва сўнггиси бўлди.  
Горбачев фитна иштирокчиларини дарҳол вазифаларидан бўшатди, улар устидан тергов ишлари бошланиб кетди, ГКЧПнинг айрим аъзолари ўз жонларига қасд қилишди, кўпчилиги қамалиб кетди.
Гуёки СССРнинг Олий ҳокимияти яна қайта тиклангандек эди.
Аммо устки қисми сокиндек кўринган денгизнинг остида тўлқинлар ҳали сусаймаган эди.

Admin
Admin

Number of posts : 1263
Join date : 04/02/2010

Foydalanuvchi profili http://ihrsu.org

Yuqoriga Go down

Re: Совет Иттифоқи ва Ўзбекистон. Горбачев ва Мирзиёев. Қизиқ ўхшашликлар ва аччиқ сабоқлар

Post by Sponsored content


Sponsored content


Yuqoriga Go down

Yuqoriga


 
Permissions in this forum:
Bu forumdagi mavzularga javob bera olmaysiz