Форум_Ўзбекистон

Польша ҳукумати учоғининг ҳалокати ҳақида

Avvalgi mavzu Keyingi mavzu Go down

Польша ҳукумати учоғининг ҳалокати ҳақида

Post by Admin on Fri Apr 23, 2010 9:05 am

Шведча “jäv”, полякча “амбиция”, русча “преданность ва ненависть” сўзлари ва Польша ҳукумати аъзолари билан тўла учоқнинг ҳалокати ўртасидаги боғланишлар ҳақида



Мен бу дунёга келиб икки нарса қадрлайдиган бўлдим.

Улардан биринчиси, бу қадимий ва замонавий файласуфлар (Ибн Сино, Беруний, Хоразмий, Суқрот, Платон, Аристотель, Маҳатма Ганди, Нельсон Мандела, Далай Лама ва бошқалар)нинг доно фикрларини ўрганиш ва туб маъноларини англаш, кундалик ҳаётдан турли хил ҳикматларнинг изларини қидириш;

иккинчиси, бу ҳар бир миллатнинг ўзига хос мўҳим жиҳатларига эътибор бериш.

Масалан, менининг кузатишларимга кўра, рус халқини миллат сифатида бошқаларга очиқроқ ва тўлиқроқ характерлайдиган бир неча мўҳим сўзлардан иккитаси тез тез ишлатилиши сабабми ёки бошқа сабаб туфайлими, ҳар ҳолда бу сўзлар алоҳида ажралиб турадилар. Улардан бири “садоқат”(преданность), иккинчиси эса “нафрат”(ненависть), шведларни характерлайдиган сўзлардан бири “jäv” ва полякларни характерлайдиган сўзлардан бири “амбиция” экан.

Ана шу сўзлар менга Польша халқини бошига тушган оғир мусибатни тушунишга, бундай фалокатни содир бўлишига олиб келган сабабларни аниқлашга ёрдам бердилар. Албатта булар менинг тахминларим холос, аммо бу тахминлар остида озми кўпми изланишлар ётибди.

Гапнинг асосий мазмунига қайтадиган бўлсак, масала шундаки Президент Лех Качинский учоғида “jäv” вазияти пайдо бўлган. Устига устак, полякларнинг ҳаддан зиёд амбициялари масалани янада оғирлашишига олиб келган. Ва ниҳоят русларнинг, аниқроғи рус ҳарбийларининг ўз раҳбарлари, хусусан Путинга, унинг ўзга миллатлар ва халқларга қарши, шу жумладан полякларга қарши нафратига ҳамнафас бўлиб, унга, ватанга ва миллатга садоқатлари (“преданность”), ўзга миллатларга эса нафратлари шведча “jäv” ва полякча “амбиция”га қоришиб ҳалокат юз беришига асосий сабаб бўлган.

Хўш, энди бу сўзларни бирма бир таҳлил қиладиган бўлсак, “jäv”, “jäv вазияти” дегани нима ўзи?

”Jäv”ни русчасига “отвод” деб таржима қилишибди. Бу унчалик тўғри эмас. Аммо “jävig” деган сўзни «пристрастный» деб тўғрироқ таржима қилишган. Ўзбекчасига бу сўз “тарафкаш” деган маьнони билдиради.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Швеция қонунларига асосан, жиноят иши кўриб чиқилаётган бир судда агар суд ҳайъатидан бирортаси, прокурор, ҳимоячи ва ҳатто таржимоннинг судланувчига қандайдир қариндошлик, ошна оғайнигарчилик ёки таниш билишчилик томони бўлса, у ҳолда ана шу одамнинг бу судда қатнашиш ҳуқуқи бекор қилинади. Бу одам энди фақат қариндош уруғлар ва оддий томошабинлар учун мўлжалланган орқа ўриндиқлардан бирида, жимгина ўтириш ҳуқуқини сақлаб қолади холос.

Чунки Швецияни ҳуқуқий давлат эканлигини таъминлаш учун хизмат қиладиган асосий мезонлардан бирида шундай ёзилган:

“Ҳуқуқий жамият, яьни ҳуқуқий давлат, бетарафлик асосида қонунлар қабул қилиш ва уларни ҳаётга татбиқ қилиш орқали фуқароларга ҳуқуқий хавфсизлик ва ҳуқуқий таянч яратиб беради” (”Ett rättssamhälle, det vill säga rättstat, ger medborgarna rättsäkerhet och rättstrygghet genom ett opartiskt lagstiftningsarbete och tillämpning av lagar”).

Бу ерда бир қарашда унча кўзга ташланмаётган аммо аслида эса энг асосий сўзлардан бири бўлган нарса “бетарафлик” сўзидир.

Бу сўзнинг аҳамияти Швеция жамиятида катта ўрин эгаллайди. Швеция судлари оддий кўча супурувчидан тортиб қирол Карл Густав ХVIгача барча фуқароларни чорраҳадаги қизил чироқ ёниб турганига қарамасдан машинасини тўхтатмагани учун ҳеч иккиланмай суд қилиши ва уларга 3000крона жарима солиши ёки ҳайдовчилик гувоҳномасини 6 ойгача бекор қилиши мумкин.

“Бетарафлик” сўзининг кучи ана шунда.

Бир томондан Она Табиатнинг куч ва қудрати, иккинчи томондан Польша президенти ва олий ҳукумат аъзолари талаби орасида аросатда қолган Польша ҳукумат учоғининг учувчилари шведларнинг ана шу буюк сўзлари бўлмиш “бетарафлик”ка ҳурмат кўрсатмадилар, шведлар ўз жамият аъзоларини огоҳлантириб келган ““jäv вазияти”га эътиборсизлик қилдилар.

Гап шундаки, бундан 1,5 йил олдин Президент Лех Качинский Россия уруш олиб бораётган Грузияга учган. Ана ўшанда рус танклари Грузия пойтахтидан бор йўғи бир неча ўн километр масофада туриб шаҳарга бостириб кириш ҳақида буйруқни кутиб туришган пайтда Польша ва Франция президентлари шахсан учиб бориб, АҚШ ҳукумати эса масофадан туриб Грузия ҳукуматини қўллаб қувватлашлари рус танкларини Тбилисига бостириб киришдан тўхтатган.

Ана ўша сафар чоғида Польша ҳукумат учоғининг учувчиси президент Лех Качинский талаб қилишига қарамасдан учоқни отишма бўлиб турган Тбилиси аэропортига қўндиришга рози бўлмаган ва учоқни Озарбайжондаги аэропортлардан бирига қўндирган. Шундан сўнг Лех Качинский ўша учувчини ишдан бўшатган аммо ҳукумат барибир ўша учувчини меҳнатларини юқори баҳолаб, унга орден берган.

Бу сафар эса Смоленскка қараб учган Польша ҳукумати учоғи Смоленск ҳарбий аэропортидан у ерда туман қуюқлиги ҳақида ва шу сабаб учоқни Минск ёки Москвага қўндириш ҳақида маслаҳат олган. Аммо Президент, ҳукумат вакиллари ва ҳатто учувчиларнинг ҳам амбициялари ҳаддан ҳиёд бўлганлиги, уларнинг Она табиат қудратини менсимасликлари, унинг қудрати олдида бетараф фикрлай олиш ожиз қобилиятига эга эмасликлари аниқ намоён бўлган.

У ерда вазиятни холисанилло баҳолайдиган, учоқнинг имкониятлари, ерни ва қўниш майдонидаги чироқларни кўриш имкониятлари, учувчиларнинг бу улкан учоқни шундай оғир вазиятда қўндира олиш имкониятларини бетараф турган ҳолда баҳолайдиган бирорта масъул шахс бўлмаган. Аслида Президент ва ҳукумат вакиллари ҳаёти ва уларнинг хавфсизлигини биринчи ўринга, уларнинг ошиб тошиб кетган амбицияларни эса 28нчи ёки 35нчи ўринларга қўя оладиган бир махсус Хавфсизлик Хизмати вакили бўлмаганлиги ҳалокатнинг навбатдаги сабабларидан бири бўлган.

Айнан ана шу нарса, яъни “Jäv”ни билмаслик, яьни вазиятга бетараф, холисанилло бахо бера олмаслик ва оғир вазиятни ҳурмат қилмаслик бутун бошли бир ҳукуматни ҳалокатга олиб келган омиллардан бири бўлди.

Энди қолган 2 сўзни таҳлил қилайлик.

Ҳалокатга сабаб бўлган омилларидан яна бири юқорида айтилган амбиция бўлган. Аслини олганда “амбиция” сўзи ижобий мазмунга эга бўлиб, у бир инсон ёки миллатни ўз олдига буюк мақсадларни қўйишини ва шу мақсадлар йўлида ғайрат билан ҳаракат қилишини англатади.

Аммо ҳар нарса ўз мъёрида бўлса яхши. Асал минг ширин бўлмасин уни ҳаддан зиёд ейиш мумкин эмас. Худди шундай, орзу ниятларнинг ҳам ўз ўлчови, чегараси бўлиши керак. Улар нақадар жозибадор бўлмасин, сиз ўз олдингизга амалга ошириш мумкин бўлмаган ёки амалга ошириш ўта қийин бўлган ёки амалга ошириш жараёнида абсолют мумкин бўлмаган қурбонлар талаб қиладиган орзу умидлар қўймаслигингиз керак. Акс ҳолда ана ўша қурбонлар орасидан нафақат сизнинг яқинларингиз балки сизнинг ўзингиз ҳам жой олишингиз мумкин.

Польша президенти Лех Качинскийнинг, унинг атрофида ўтирган вазирлару генералларнинг ва ҳатто президент учоғини бошқараётган учувчиларнинг ҳам амбициялари ҳаддан зиёд бўлган. Акс ҳолда, агар улар ўз амбицияларини сал бўлсада жиловлай олганларида балким буюк ҳалокатни олдини олса бўлар эди.

Энди сўнгги сўз, яьни русларнинг садоқати (“преданность”) ва нафрати (“ненависть”) ҳақида.

Тарихдан маълумки, рус халқи ўз миллати, маданияти ва тарихига ўта садоқатли миллат. Бу садоқат шу даражада кучлики, гоҳида бу миллат ана шу садоқатни деб ўзининг ҳам, ўзганинг ҳам жонини аямайди. Ватан, миллат ва ўтмишга бўлган садоқат тўсатдан ана шу қадриятларга таҳдид солаётган кучга қарши буюк нафратни уйғотади.

Миллионлаб фактлар ва исботлар бўлишига, жиноятлари ҳақида минглаб китоблар ёзилган бўлишига қарамасдан ушбу кунда рус миллати СССРнинг энг кучли ва айни пайтда энг қаттиққўл раҳбарларидан бири бўлмиш Иосиф Сталиннинг номини, унинг обрўсини қайтадан тиклашга уринмоқда. Сталин каби кўплаб жиноятлар қилишга улгурмаган бўлсада, кўплаб давлат жиноятларига қўл урган, Совет давлатини асосчиси бўлган Владимир Лениннинг жасади ҳали ҳануз махсус Мавзолейда, катта ҳурмат ва эътибор кўрсатилган ҳолда сақланмоқда.

Владимир Путиннинг сиёсатда айёрлик билан узоқ муддат қолиши сабабларидан бири ҳам айнан ана шу, яьни унинг рус миллатининг характерини яхши билишидадир. Бундан ўз билганича, кўпинча жиноятларча фойдаланаётган Путин ҳукуматининг Чеченистон ва умуман Кавказ халқларига қарши жинояткорона равишда олиб бораётган қирғин барот урушини тагида ҳам ана шу “билим” ётибди. 2008 йилнинг августида Россия армиясининг Грузияга бостириб киришида ҳам айнан ана ўша Ватанга “садоқат” ва янги уйлаб топилган душманга нафрат уйғотиш картасидан усталик билан фойдаланиш Путин ва унинг жинояткор ҳукуматига яна иш берди.

Ҳалокатга учраган Польша ҳукуматининг яна бир хатоларидан бири, бу уларнинг Россия ҳукумати билан ўзаро муносабатлари совуқ уруш даражасида бўлишига қарамасдан айнан Россияда ишлаб чиқилган, манёвр қилиш қийин бўлган эски учоқ (ТУ 154)дан фойдаланишлари, Россия ҳарбийларининг Польша халқи ва ҳукуматига қарши нафратлари кучли эканлигини билган ҳолда бу нарсаларга қўл силтаб Смоленскдаги ҳарбий аэродромга қўнишга уринишлари ҳамдир.

Айримлар ўз хатоларидан ўргансалар, бошқалар ўзгалар хатоларидан ўрганадилар.



Ҳазратқул Худойберди

2010 йил 23-апрел

www.stopdictatorkarimov.com

Admin
Admin

Number of posts : 1224
Join date : 04/02/2010

Foydalanuvchi profili http://stopdictatorkarimov.com

Yuqoriga Go down

Avvalgi mavzu Keyingi mavzu Yuqoriga


 
Permissions in this forum:
Bu forumdagi mavzularga javob bera olmaysiz