Форум_Ўзбекистон


Join the forum, it's quick and easy

Форум_Ўзбекистон
Форум_Ўзбекистон
Would you like to react to this message? Create an account in a few clicks or log in to continue.

Мухолифат ва ҳукуматнинг уч тоифаси ва уларнинг сиёсий билимлари ҳақида.

Go down

Мухолифат ва ҳукуматнинг уч тоифаси ва уларнинг сиёсий билимлари ҳақида.  Empty Мухолифат ва ҳукуматнинг уч тоифаси ва уларнинг сиёсий билимлари ҳақида.

Post by Admin Fri Aug 11, 2017 3:35 am

Мухолифат ва ҳукуматнинг уч тоифаси ва уларнинг сиёсий билимлари ҳақида.
(Сиёсатни тушунмаганлар ва ҳатто уни тушунишни ҳам истамаганлар овора бўлиб, ушбу мақолани ўқиб, бошларини қотириб ўтирмасинлар).

Мен сиёсат ҳақида, унинг ҳар бир инсон, жамият, давлат ва халқаро муносабатлар учун ўта мўҳим масала эканлиги ҳақида кўп мақолалар ёзганман.
Аммо ҳали хануз ўз ёзганларимдан кўнглим тўлгани йўқ.
Бунинг сабаби балким сиёсатнинг улкан бир океандек бепоён ва ўта чуқур эканлиги ва мен ёзган нарсалар ўша океандаги бир оролча ҳақида ёзилган ҳикоядек туюлаётган бўлиши мумкин.

Бир куни бир донишманд денгиз бўйига бориб, қирғоққа урилаётган тўлқинларга қараб тўсатдан ўзининг узоқ умри давомида билиб, ўрганган нарсалари ана шу денгиздаги тўлқинларнинг бир томчисидек ҳам эмаслигини англаган экан.

Мен ўзимнинг 30 йиллик сиёсий фаолиятим давомида ўрганган илмларим ҳам худди шундек, денгиздаги бир томчи даражасида бўлмаса керак.

Мени кўпинча ташвишга соладиган ва энг кўп ўйлантирадиган нарса халқимизни кўпчилик қисмининг сиёсат билан умуман қизиқмасликларидир.
Айни пайтда уларнинг мутлоқ кўпчилиги ўзларининг кундалик ҳаётларидан ( асосли равишда) узоқ йиллардан бери шикоят қилиб келишади.
Шу ерда бир мисол: Президент Мирзиёев очган Виртуал шикоятхонага ярим йилда 1 миллиондан ошиқ шикоят тушибди. Бўлар фақат шикоят ёза олганларнинг кичик бир қисми, яьни бу океанда сузиб юргучи музтоғининг чўққиси холос.

Агар Ўзбёкистоннинг барча фуқаролари ўзларининг кундалик ҳаётларида юз берадиган ноҳақликлар ҳақида, масалан, милиса, солиқчи, ҳоким ва бошқа амалдорларнинг қўполлик, зўравонлик ва таьмагирликлари ва бошқа шу каби муаммолар устидан шикоят қила олганларида, бу шикоятлардан ясалган тоғ Тошкентдаги Президент саройини кўмиб юборар эди.

Аммо Ўзбёкистоннинг соддагина халқи ўз ҳаётларининг оғирчиликларига нафақат амалдорларнинг фаросатсизлиги, юлғичлиги ва порахўрлиги балки ана шу амалдорларни бошқариш сиёсати ҳам айбдор эканлигини тушунишмайди.
Яьни, барча масалалар оддий ва кундалик муаммолар эмас балки жиддий сиёсий масалалардир. Афсуски кўпчилик масаланинг айнан ана шундай чигаллигини билишмайди, бу чигалликларни бошидан ўтказганлар эса барча муаммоларни фақат сиёсий йўллар билангина ечиш мумкинлигини тушунишмайди.

Мен бу ҳақда бир мақола ёзган эдим, қизиқувчилар уни мана бу ердан топиб ўқиб кўришлари мумкин: https://forumuzbekistan.forum2x2.ru/t430-topic#1004

Айнан ана шу масалалар сабаб мен ушбу мақолани ёзишга жазм қилдим. Умид қиламанки, бу мақолани ўқиб чиққанлар уни бошқалар билан баҳам кўришади ва энг асосийси, улар ўзларининг кундалик ҳаётларига сиёсий кўз билан қарай бошлайдилар. Бу эса келажакда Ўзбёкистонда сиёсий ривожланган, адолат ва ҳақиқат устивор бўлган давлат яратилишига катта ва жиддий бир қадам бўлади.


Кеча Абдулла аканинг Фейсбуки орқали Шукур Жабборнинг саҳифасини кўриб қолдим. У саҳифадаги қадимий Афинада ривожланган сиёсат ҳақидаги бир жумла менга жуда ёкди. Унда Сукротнинг шогирдларидан бири бўлмиш Афлотун ўзининг дарсхонасига "Саноқни/арифметикани билмаганлар кирмасин" деб ёзиб қўйган экан. Бу эълонни ёзишга мажбур қилган нарса унинг фалсафа бўйича дарсларига келадиганларнинг айримларини " Осмонда юлдузлар нечта?"¬ “Нима учун қўйнинг оёғи тўртта?”, “Товуқ нега учмайди?”, “Нега осмоннинг устуни йўқ?” каби бачкана саволлар билан донишманднинг мантиқий мушоҳадага чорлайдиган нутқига ҳалақит берганлари сабаб бўлган.
Афлотун ўз тажрибасидан шуни билганки, 25х25 неча бўлишини кўп ўйламасдан дархол жавоб бера олган одамгина фалсафадек қийин фанни, ундаги турли туман масалаларни тушуна олиши мумкин. (https://www.facebook.com/shukur.jabbor/posts/1352848534833975 ).

Шу сабаб мен Афлотуннинг бу ажойиб фикридан андоза олиб ушбу мақолани тепасига "Сиёсатни тушунмаганлар ва ҳатто уни тушунишни ҳам истамаганлар овора бўлиб, ушбу мақолани ўқиб, бошларини қотириб ўтирмасинлар " деб ёзиб қўйдим.

Чунки бир масала ҳақида ошкора фикр юритар экансиз сиз уни шу масалага қизиқкан одамлар билан баҳам кўришни истайсиз. Майли, сўҳбатдошингиз сизга ҳамфикр эмас оппонент ( яьни сизнинг фикрингизга қарши) бўла колсин, аммо у сиз айтаетган фикрни тушуна билиши ва кейин ўзининг аргументларини тўғри ифода эта оладиган одам бўлиши лозим.
Акс холда сизларнинг сўҳбатларингиз қовушмайди.

Энди гапнинг индаллосига ўтадиган бўлсак, мен бир мухолифат вақили, сиёсат майдонида 30 йил фаолият юргизган инсон сифатида бу масала бўйича ўз хулосаларимни битмоқдаман.
Менинг сиёсий фаолиятим чет эллардаги демократик ва халқпарвар давлатларнинг мухолифатчиларининг ҳаёти каби тинчгина ўтгани йўқ.
Бу 30 йиллик даврнинг бошланғич 7 йили зулмкор тузумнинг муттасил таьқиб ва тайзиқлари, қамоқлари, муттаҳам милисалар ва МХХ ходимларининг доимий кузатувлари ва зўравонликлари остида ўтди.

Сиёсий фаолиятимнинг қолган каттагина қисмини мен узоқ сафарларда ўтказдим, улкан ва бепоен сиёсат майдонларини Шарқидан Ғарбигача, Жанубидан Шимолигача кезиб, кўплаб давлатлардаги сиёсатни, у ерларда яшаётган халқларнинг ҳаётини ўргандим.

Қўйида ёзаетганларим ана ўша кўрган кечирганларимдан чиқарилган хулосалардир.

Хўш, сиёсат бу нима ўзи?

Сиёсат бу барча билимлар ичида Энг қийин, Энг қизиқарли, Энг кенг тарқалган ва инсонлар ҳаётига Энг кўп таьсир ўтказган ва ўтказаётган масала десам муболаға бўлмайди.
Энди келинг, биргалашиб сиёсатни ана шу тўртта ўлчов орқали осонроқ тушуниб олишга ҳаракат қилайлик.
Демак, кўриладиган саволлар қуйидагилар:

• Сиёсат бу энг қийин соҳа
• Сиёсат бу энг қизиқарли соҳа
• Сиёсат бу энг кенг қамровли соҳа
• Сиёсат бу энг таьсирли соҳа



1. Сиёсат энг қийин соҳа.
Барча билимлар, соҳалар ва инсоният англаб етган нарсалар ичида сиёсат энг қийини дейишимга сабаб, у ўз ичига инсоният билган ва англаб етган барча соҳаларни қамраб олади.
Бирор соҳада қандайдир чигал масала пайдо бўлса ва олимлар ўша масала атрофида ечим топа олмай тўхтаб қолсалар улар масалани сиёсий йўл билан ечишга мажбур бўладилар.

Хўш, Сиёсат қандай қилиб бир фандаги, масалан медицина соҳасидаги бир оғир касалликка даво излаш ёки механика соҳасида вакуумда ишлайдиган махсус бир мотор яратиш каби чигал масалаларни ечишга ёрдам бериши мумкин?

Гап шундаки, бирор соҳадаги бирор чигал муаммони ечишни иложи бўлмаса уни ечиш учун бошқа соҳалардан ва ҳатто бошқа давлатлардан турли олимларни масалани ечишга жалб қилиш мумкин. Худди ана шу ерда сиз Сиёсат деган картангизни ишлатишингизга тўғри келади.
Яьни Сиёсат бу ерда восита ролини бажаради, сиз Сиёсат воситаси билан масалани кўпчиликнинг кенг муҳокамасига ташлашга муваффақ бўласиз. Кўпдан эса қуён қочиб қутулмас!

Эътибор берган бўлсангиз, бу ерда бир соҳада ўта қийин бўлган масалани Сиёсат ўз гарданига олмоқда ва унга ечим топишда мўҳим воситачилик ролини бажармоқда.
Ҳамма гап ана шунда, яьни Сиёсатни конкрет бир масалани ўрни-жойи, вақти-соати ва уни нақадар пишиб етилганига қараб ишлата билиш унинг энг қийин томонидир!

Кичик бир мисол.
Фараз қилингки икки қўшни бир бири билан қандайдир бир муаммо сабаб жиққа мушт бўлиб, уришиб ётишибди. Сиз уларни тинчитишга уриниб балога қоласиз, улар сизни ҳам сўкиб "Сан бурнингни тиқма баччағар!" деб урушни давом эттиришади.
Шунда сиз масалани сиёсий йўл билан ечаман деб улардан биттасини акасини судраб келасиз. Аммо у бефаросат ака урушаётганларни ажратиш ўрнига укасини тарафини олиб, у ҳам укасини қўшнисини савалашга тушиб кетади. Яъни сиз бу ерда сиёсий хатога йўл қўйган бўласиз, бир масалани ечаман деб қайтага уни бадтар чигаллаштириб юборасиз.

Икки қўшнининг урушику ҳали холва, икки қишлоқ ёки икки миллат бир бири билан урушса кўрасиз тўполонни!
Агар ана шу ерда Сиёсат, ўшанда ҳам тўғри Сиёсатсиз, бундай муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Сиёсатни тўғри ишлатган тақдирдагина ҳар қандай ур- йиқит, ўзаро можароларни тўхтатиб, қандайдир бир ижобий натижаларга эришса бўлади.

Кўриб турганингиздек, Сиёсатни ҳар ерда, ҳар доим ҳам осонгина ишлатиб бўлмайди. Ана шунинг учун ҳам мен уни энг қийин масала дедим.
Аммо бу дегани бирор ўта қийин сиёсий масаланинг осонлаштиришни иложи йўқ дегани эмас. Ҳар соҳадаги каби Сиёсатчи ҳам олий даражада тажрибали, ўз ишининг устаси бўлса, унинг қўлига тушган муаммоларни ечиш ҳам шу қадар осонлашаверади.
Масалан, ўз жонига қасд қилиб, ўзини баланд, бир неча ўн қаватли уйнинг деразасидан пастга ташлайман деб турган бечора билан гарлашиш, уни бу ёмон ниятидан қайтариш учун ривожланган давлатларда махсус ўқитилган одамлар бор.

Бошқа бир мисол, бир давлатнинг улкан қўшини ўзга давлатга бостириб кириб, унинг энг катта шаҳрини қамал қилади. Бундай қамаллар тарихда жуда кўп бўлган, инсоният пайдо бўлибдики, бу дунё бир кун бўлсин тинчгина, урушсиз яшагани йўқ.
Ана шундай қамалларнинг айримлари урушсиз, қон тўкишларсиз ҳал қилинган. Ўртадаги тинчлик масаласи ақлли шаҳар ҳокимияти томонидан душман билан ўзаро сулҳ тузиш орқали ҳал қилинган.

Айримларга таслим бўлиш ёқмаганлиги аниқ аммо шаҳар бойлигидан бир қисмини уруш ва қон тўкишларсиз душманга топшириш ва бунинг эвазига шаҳар ахолисини ҳаётини сақлаб қолиш ва тинчликка эришиш аслини олганда таслим бўлган шаҳарни ютуғи бўлган. Албатта ҳамиша ҳам эмас.
Душманнинг лашкарбошиси номардлик қилиб Тинчлик Сулҳини бузгани ва таслим бўлган шаҳарни барибир талагани ҳақида ҳам мисоллар тўлиб тошиб ётибди.
Аммо ҳозир гап номардлар ҳақида эмас балки икки мард раҳбарнинг Сиёсат ёрдамида ўзаро келишиб, қон тўкмасликка эришиши ҳақида.

Мен бу ҳақда яна юзлаб мисоллар келтиришим мумкин аммо ўйлайманки ўкувчи гапнинг моҳиятини шу келтирилган мисолларданоқ тушуниб етди. Агар бу мавзуда саволлар бўлса марҳамат!

2. Сиёсат энг қизиқарли соҳа.
Энди иккинчи ўлчовга утсак. Нима учун мен Сиёсатни энг қизиқарли соҳа дедим?
Уни энг қизиқарли дейишимнинг сабаби шундаки, сиз сиёсат ёрдамида йўқни бор қилишингиз, борни эса йўқ қилишингиз мумкин.
Масалан, сиёсат ёрдамида йилнинг 12 ойи давомида жазирама иссиқ ҳукмрон бўлган чўлу биёбонларни ёки йил бўйи қор босиб ётадиган шимолдаги ерларни боғу бўстонга айлантириш мумкин.
Ва аксинча, сиёсат ёрдамида гуллаб яшнаб ётган ерларни чўлу биёбонга айлантириш ҳам мумкин. Ҳамма гап сизнинг сиёсатни Макон ва Замонда қандай қўлланишида.

Давоми бор

Ҳазратқул Худойберди
2017.08.11

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Мухолифат ва ҳукуматнинг уч тоифаси ва уларнинг сиёсий билимлари ҳақида.  Empty Мухолифат ва ҳукуматнинг уч тоифаси ва уларнинг сиёсий билимлари ҳақида. 2 ҚИСМ

Post by Admin Fri Aug 11, 2017 3:57 am

Бир фожиали мисол. 1960 йилларнинг бошидан эътиборан Совет Иттифоқининг раҳбарлари улкан давлатнинг пахтага бўлган эҳтиёжини қоплаш учун қақраб ётган Мирзачўлни сув билан таьминлаш ва миллионлаб гектар қумликларни тозалаб, у ерларга бетон каналлар ва лотоклар ёрдамида Сирдарёдан соатига минглаб литр сувни насослар ёрдамида тортила бошланди.
Бу сувнинг қарийб 60 фоизи қумга сингиб, 20 фоизи эса жазирама 40...50 градус иссиқда парланиб йўқ бўлиб кетаверди. Сувнинг қолган 20 фоизидангина унумли фойдаланишни иложи бўлди – қолган ана ўша 20 фоиз сув пахтани тўйдириб суғориш ҳамда шўр ерларни ювишга сарф қилинди.
Кейинчалик айни шаклдаги нотўғри қишлоқ хўжалик Сиёсати Жиззах, Қарши, Сурхон- Шеробод чўлларига ҳам Сирдарё ва Амударёдан кечаю кундуз миллионлаб кубометр сувни тортишга қаратилди. Натижада катталиги жиҳатидан дунёда 4 нчи ўринда бўлган Орол денгизи 25 йил ичида қарийб қуритилди.

Энди иккинчи, ижобий бир мисол.
Яна ўша Совет Иттифоқининг нотўғри ички Сиёсати сабаб узоқ йиллар камбағал ва ночор бўлган Болтиқ бўйи республикалари мустақил бўлгач улар ривожланган, умуминсоний ва демократик қадриятлар жамиятда мустахкам ўрин эгаллаган Европа Иттифоқига аъзо бўлишди ва тез орада улар ҳам кескин ривожлана бошладилар.

Бу ҳар икки ҳолатда ҳам сиёсатни қандай юритилишига қараб давлатлардан бирлари ривожланиш йўлига, иккинчилари эса тушкунликка қараб кетдилар…


3. Сиёсат энг кенг кўламли соҳа
Сиёсатни кенг кўламли соҳа дейишимнинг сабаби шундаки, сиз сиёсат ёрдамида ҳар қандай каттаю кичик масала билан шуғулланишингиз ва уларни сиёсат ёрдамида ечишингиз мумкин.

Масалан, сиёсат математика, кимё, физика ва бошқа соҳаларга аралашиб, уларни ривожланишига туртки ва жиддий ёрдам бериши мумкин.
Аммо буни тескарисини тасаввур қилиш қийин, яьни математика, кимё ёки физика сиёсатга аралашиб, уни ривожланишига жиддий бир ҳисса қўша олмайдилар.

Сиёсатни истаган соҳага қўллаб турли туман натижаларга эришиш мумкин.
Ҳатто ўзга сайёраларни забт этиш ҳам нафақат инженерларнинг балки энг аввало сиёсатчиларнинг саьйи ҳаракатларини натижасидир. Чунки сиёсатчиларнинг ( яьни Конгресс, парламент) қарори билангина ўзга сайераларга учишни режалаштириш, бу ишга улкан маблағлар ажратиш мумкин.
Хуллас, сиёсат ҳар қандай соҳага аралашиб унга жиддий таьсир ўтказа олгани учун ҳам мен уни кенг кўламли соҳа деб атадим.
Агар сизда бу фикримга эътирозингиз ёки саволларингиз бўлса, марҳамат, айтинг, ва мен сизга жавоб бераман.

4. Сиёсат энг таьсирли соҳа
Сиёсат шу қадар қудратга эгаки, у қандай кўринишда бўлмасин барча фуқароларнинг кундалик ҳаётига таьсир ўтказиш қудратига эга.
Масалан, бир ҳолатда умуминсоний қадриятлар давлат сиёсатининг энг асосий қонунларига киритилган сиёсат юргизилиши мумкин, ва аксинча, иккинчи ҳолатда зўравонлик ва жаҳолат, фуқароларни қаттиқ зулм остида ушлаб туриш давлат сиёсатининг асосини ташкил қилиши ҳам мумкин.
Ҳар икки ҳолатда ҳам давлат сиёсати жамиятдаги ҳар бир фуқаронинг ҳаётига ўз таьсирини ўтказади. Биринчи мисолда ижобий, иккинчисида эса салбий.


Давоми бор

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Мухолифат ва ҳукуматнинг уч тоифаси ва уларнинг сиёсий билимлари ҳақида.  Empty 3 Қисм. Парламентда ва умуман жамиятда мухолиф кучлар, яьни сиёсий рақиблар ҳақида

Post by Admin Tue Aug 22, 2017 5:24 am

Мухолифат ва ҳукуматнинг уч тоифаси ва уларнинг сиёсий билимлари ҳақида.

Сиёсатнинг асосий мазмуни ва унинг жамиятдаги мўҳим ўрни ҳақида фикрлар айтилди. Албатта уларни давом эттириш ва жамиятдаги ҳар бир сиёсий ва ижтимоий масалани муҳокама қилиш мумкин.  Лекин мен ҳозир ушбу мақола ёзишдан кўзда тутилган асосий масалага қайтишни истар эдим:
Хўш, “мухолифат” дегани нима ўзи ва унинг қанақа тоифалари бор?
Бу сўзнинг маьноси “мухолиф” сўзидан олинган, яьни рақиб маьносида. Масалан шахмат ўйнашда, ёки футбол майдонида икки тараф бир бирига рақибдир. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам бир бирларига мухолифдирлар.


Худди шундай бозорда ҳам 4та бодринг ёки сабзи сотувчилар бўлса, улар ҳам бир бирларига мухолифдирлар. Ёки бир кўчада жойлашган икки дўкон ҳам бир бирига мухолиф.
Оилада эса гоҳида эру хотин, ака ва ука, опа ва сингил бир бирларига мухолиф бўладилар. Аммо бу каби мухолифларнинг барчаси соғлом оила ва соғлом жамиятларда бўладиган соғлом мухолифликдир, соғлом мухолифатдир.

Эру хотин бир масалада тортишиб қолиши мумкин, масалан, уйни кўча тараф деворларини оқлашда аёл дарвозани алоҳида чиройли, жимжимадор қилиб бўяшни истаса, эркак дарвоза ҳам девор каби бир хил оқлашни исташи мумкин. Улар ана шу масалада бир бирларига мухолиф бўладилар. Аммо сал тортишгач ё аёл, ё эркак ўзининг таклифи нақадар тўғрилигини исбот қилиш орқали иккаласи ниҳоят бир қарорга келишади. У қарор балки бир тарафнинг таклифини инобатга олиш ёки ўрта ечимни топиш билан якунланиши ҳам мумкин.


Бозордаги сотувчилар эса бир бирлари билан соғлом рақобатда бўлишлари лозим. Масалан, улардан бири уйига тезроқ кетиш учун ўз сабзисини арзонроқ нархда сота бошлайди. Харидорлар бирдан унга ёпишадилар. Буни кўрган иккинчи сабзи сотувчи ё бунга индамай қараб туради ёки у ҳам сабзини нархини туширади ёки кела солиб ўша рақибини ҳамма сабзисини кўтара нархда, арзонроққа  сотиб олади. Бу бозор ва унинг ўз тартиб қоидалари бор.


Худди шу каби бир кўчадаги икки дўкон ҳам ўзаро рақобатда, улар харидорларни ўз дўконларига жалб қилиш учун бир бирлари билан “ким ўзарга” курашадилар, бири ўзининг турли туман маҳсулотлари билан харидорларни ўзига жалб қилишга уринса, иккинчиси харидорларга хушмуомила билан хизмат кўрсатиш орқали уларни ўз дўконига жалб қилишга уринади.


Майдонда курашадиган икки футбол клуби эса ўйинчиларнинг моҳирлиги билан, устознинг кураш стратегияси ва чарчаган ўйинчиларни вақти-вақти билан, ўйиннинг ҳал қилувчи сонияларида тўғри алмаштириш орқали ўз рақибларини енгишлари мумкин.

Бу рақобатларнинг барчаси ўзаро дўстона ҳолда бўлсагина соғлом уларни соғлом рақобат дейиш мумкин.

Агар бирор томон ўз рақибини енгиш учун ҳийлакорлик қила бошласа, ундай ҳолатда иккинчи томон ана ўша ҳийлага қарши жамиятда бор бўлган ва қонун рухсат берган усуллар билан унга қарши жавоб беришига имкон бўлиши лозим.

Масалан, бозордаги биринчи сабзи сотувчи ўз рақиби бўлмиш иккинчи сотувчини сабзини арзон сота бошлагани учун ҳақорат қила бошласа, у ҳолда иккинчи сабзи сотувчи бу бетайин рақиб билан тортишиб ўтирмасдан дарҳол бозорни назорат қилувчи амалдор ёки у ердаги посбондан ўша бетайин рақибини тартибга чақиришларини талаб қилиши лозим.
Агар шу йўл билан ўша маданиятсиз сотувчини тартибга солишни иложи бўлмаса, у ҳолда у ерга миршабни чақириш ва унинг ёрдамида бозорда тинчлик ва адолатни тиклашнинг қонуний йўллари бўлиши керак.  

Ана шундай ҳолдагина жамиятнинг кичик бир аммо мўҳим бўлаги бўлмиш бозорда адолат ва тартиб тикланиши ва бу бошқаларга ҳам ўрнак бўлишига эришиш мумкин.

Футбол майдонидаги бир ўйинчининг ўз рақибини оёғига орқадан тепиши ва шу йўл билан уни йиқитиб, уни оёғидан тўпни олишини майдондаги судья дарҳол тўхтатиши ва ўша бетайин футболчига қизил карточкани кўрсатиб, уни майдондан чиқариб юбориши керак.

Агар судья шундай қилмаса футбол майдонида олатасир тўполон бўлиб кетиши ҳеч гап эмас! Ҳар бир рақиб ўз рақибини ҳурмат қилиши ва фақат моҳирлик, усталик ва чаққонлик билангина уни енгишга ҳаракат қилиши лозим.

Сиёсатда ҳам худди шундай.
Бу ерда рақиблар асосан даҳанаки жанг қилишади, уларнинг кураш майдонлари Маҳаллий ва Марказий Халқ Кенгашларидир.
Марказий Халқ Кенгашларининг қадимий номи Парламент деб аталади ва у ерда сиёсатчилар жамиятдаги турли туман масалаларни ўзаро тортишадилар.

Масалан, ўша бозордаги сотувни қандай қилиб қонуний йўл билан тартибга солишни улар муҳокама қиладилар ва “Маҳсулотларни сотиш тартиб қоидалари” деган қонунни ишлаб чиқиб, уни тасдиқлайдилар.  

Парламент тасдиқлаган қонунни миршаб ҳам, ҳар бир фуқаро ҳам яхшилаб ўрганиши ва унга риоя қилиши керак.
Қонунга риоя қилмаган фуқарони миршаб тартибга чақириши керак.
Миршабни талабига қулоқ солмаган ва қонунга ҳурматсизлик кўрсатган фуқарога нисбатан миршаб қонуний жазо чоралари қўллаши мумкин, масалан унга “Жамоат тартибини бузгани ва бир фуқарони ҳақорат қилгани учун” унга жарима солиши, агар у фуқаро шундан сўнг ҳам ўзининг қонунбузарлигини давом эттирса уни ҳибсга олиши ҳам мумкин.

Фуқароларни тартибга чақириш, уларга жарима солиш ёки уларни ҳибсга олиш ҳам Парламентда сиёсатчилар қабул қилган қонунлар асосидагина амалга оширилиши керак.

Бирор ҳоким ёки миршаб қонундан баланд тура олмаслиги ва ўзбошимчалик билан кимнидир ҳақ ва ҳуқуқларини поймол қила олмаслиги лозим.
Бунга қарши ҳам махсус қонунлар бўлиши керак ва улар ҳам сиёсатчилар томонидан Парламентда қабул қилинадилар.

Хўш, нега Парламентда ва умуман жамиятда мухолиф кучлар, яьни сиёсий рақиблар бўлиши керак?  
2017.08.22

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Мухолифат ва ҳукуматнинг уч тоифаси ва уларнинг сиёсий билимлари ҳақида.  Empty 4 Қисм. Парламентда ва жамиятдаги мухолиф кучлар ва улар ўртасидаги рақобат ҳақида

Post by Admin Fri Aug 25, 2017 3:50 am

Рақобатсиз бозор - энг қиммат бозор,
Рақобатсиз жамият - энг сокин мозор.

(Парламентда ва жамиятдаги мухолиф кучлар ва улар ўртасидаги рақобат ҳақида).

Хўш, нега Парламентда ва умуман жамиятда мухолиф кучлар, яьни сиёсий рақиблар бўлиши керак?  
Чунки рақобатсиз бозор энг қиммат бозорга, рақобатсиз жамият эса энг сокин мозорга айланади.

Мақолани биринчи қисмида (https://forumuzbekistan.forum2x2.ru/t471-topic#1253 ) мен бозордаги сотувчиларни мисол келтирган эдим. Агар бозорда тўртта сабзи сотувчи бўлса сабзининг нархи арзон бўлиши, аммо битта сотувчи бўлса қиммат бўлиши барчага аён нарса.
Бозорда битта сабзи сотувчи бўлгандан сўнг у ўз маҳсулотини ўзи истаган нархда, имкон қадар қимматроққа сотишга ҳаракат қилади.
Оиласи ёки дўстларини палов билан меҳмон қилишни ният қилган харидор ноилож сабзини, у ҳар қанча қиммат бўлсада, сотиб олишга мажбур бўлади.
Агар тўсатдан бозорга яна бир деҳқон ўзининг икки қоп сабзиси билан кеб қолса одамлар бирдан унга ёпириладилар. Ҳали бозордаги нархни билмаган деҳқондан харидорлар сабзини арзонроқ олиш йўлини излайдилар.
Содда ва қўли очиқ деҳқон сабзини ўзи билган кечаги арзон нархда сота бошлаши мумкин ва бу билан у биринчи сотувчини ҳам сабзини нархини туширишга мажбур қилади. Акс ҳолда биринчи сотувчи ўз сабзиси билан кун бўйи савдо қила олмай ўтириши ва натижада сабзини сифати бузилиб, кейин уни нархини арзонроқ қилишга мажбур бўлиши хавфи ҳам бор.

Бозорга қўшимча яна бир сабзи сотувчини келиши тўсатдан у ердаги вазиятни ўзгартириб юбориш қудратига эга.
Бу қудрат шундан иборатки, тўсатдан бозорда пайдо бўлган рақобат бозордаги оғир сукунатни бузади, мажбурий қиммат нархни пасайтиради ва харидорларга Танлов имкониятини яратади.  

Худди шундай бошқа барча соҳаларда ҳам ана шундай соғлом рақобат бўлсагина у ерда ҳам янги вазиятни, яъни фуқароларнинг Танлов имкониятини яратиш мумкин.

Соғлом рақобат фуқароларга Танлов Имкониятини, Савдо, Спорт, Адабиёт, Санъат, Қурилиш, Оғир ва енгил саноат, Қишлоқ хўжалиги, Сиёсат ва бошқа барча соҳаларнинг ҳаётийлиги, улардаги сифат ўзгаришлари ва уларнинг доимий ривожланишларининг кафолатини бера оладиган ягона ва қудратли кучдир!


Ҳар бир сотувчига ўз рақибини енгишнинг йўлларидан бири маҳсулотнинг нархи бўлса, иккинчиси унинг сифатидир.
Масалан, яна бояги сабзи бозорига қайтадиган бўлсак, энди фараз қилингки, у ерда 4та сабзи сотувчи бор, нархлари қарийб бир хил. Аммо харидорлар кам. Ҳар бир сотувчи имкон қадар ўз маҳсулотини тезроқ сотиш пайида.
Хўш, бу ерда қайси факторлар роль ўйнайдилар?

Биринчидан нарх, иккинчиси сифат ва ниҳоят учинчиси харидорга хизмат кўрсатиш факторлари.
1. Агар бозорда биргина сабзи сотувчи бўлса у ҳолда харидорлар сабзининг на нархига, на сифатига, нада сотувчининг харидор билан муомиласига қарашга имконлари бўлади. Улар сотувчи нима деса ўшани қабул қилишга мажбур бўладилар ва уларда Танлов имкони бўлмайди (ёки у кескин чегараланган бўлади, яьни харидор ўзининг сўнгги танлов имкониятидан фойдаланиб сабзи сотиб олишдан умуман воз кечиши мумкин).
2. Агар бозорда сабзи сотувчилар 3..4та бўлса, у ҳолда харидорларда тўсатдан Танлов имконияти пайдо бўлади. Энди улар сабзини қиммат сотаётган сотувчидан кетиб, нарироқдаги сал арзонроқ сотилаётган сабзини олишади. Аммо бу ерда Танлов имконияти бўлсада у унчалик баланд кўрсаткичга эга эмас.
3. Агар бозорда сабзи сотувчилар 5 ёки 10 атрофида бўлса у ҳолда Танлов имконияти янада кенгаяди, унинг кўрсаткичи тепага қараб ўрмалайди. Энди харидорлар нафақат сабзининг нархи ва сифатига балки сотувчининг муомаласига ҳам эътибор бера бошлайдилар.
Хулоса шундан иборатки, бозорда рақобат қанчалик кенг бўлса, шу қадар Танлов имконияти ҳам юксак бўлаверади.



Бозорнинг ажойиб ва ғаройиб қонунларидан энг асосийси шундан иборатки, Сотувчилари кам бўлган бозорда рақобат ҳам паст бўлади ва ундаги нархларни бошқариш сотувчилар қўлида қолаверади.
Сотувчилар кўпайган сари бозорда рақобат ҳам кучая боради, бу эса айни пайтда харидорларнинг маҳсўлотларни танлаш ва нархларни бошқариш имкониятларини кучайишига олиб боради.
Демак бозорда харидорларнинг Танлов имкониятлари кенгайган сари уларнинг бозорни бошқариш ва демак яшаш имкониятлари ҳам яхшироқ бўлаверади.
Ана шу кичик бир мисолда биз бозордаги табиий ҳокимиятнинг пайдо бўлишини, унинг гармоник равишда ўзгаришини, аввалига Сотувчилар қўлида бўлган Ҳокимиятнинг секин аста Харидорлар қўлига ўтишини гувоҳи бўлдик.

Энди масалани сиёсат бозори/майдонига кўчирсак, бугунги Ўзбекистондаги сиёсат бозорида афсуски рақобат йўқ.
Ҳокимиятда ўтириб олган биргина сотувчи/Ҳукмрон партия бўлмиш Ҳукумат (ва уларнинг чўнтак партиялари) вакиллари халққа/харидорларга истаганларича муомала қилмоқдалар.
Хоҳласалар улар маҳсулотларининг нархини осмонга чиқариб юборадилар, хоҳласалар фуқаролар/харидорлар билан сенсираб, қўпол гаплашадилар, хоҳласалар маҳсулотнинг сифатига умуман эътибор ҳам бермайдилар (худди бозордаги сабзиларини ювмасдан, кўкатларини юлиб ташламасдан сотаётган деҳқонга ўхшаб).

Бозорни эгаллаб олган Олиб сотарлар Мафияси эса бозорга ўзининг ҳалол меҳнати билан маҳсўлот олиб келган деҳқонларни бозорга киритмасдан, уларнинг маҳсўлотларини арзон нархда, кўтарасига сотишини талаб қилмоқда. Бу талабга кўнмаганларни уриб тепиб, маҳсўлотини тортиб олиб, ўзларини бозордан ҳайдаб солмоқдалар.
Ўзбекистоннинг сиёсат бозоридаги бу фожеа чорак асрдан бери давом этмоқда.
Хўш, бундай аҳволга ўзбек халқи қачонгача чидаб яшайди?
Унинг сабр тоқатининг чегараси борми?

(Давоми бор).
2017.08.25

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Мухолифат ва ҳукуматнинг уч тоифаси ва уларнинг сиёсий билимлари ҳақида.  Empty 5 ҚИСМ. Сиёсат ва жамиятда фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг роли

Post by Admin Thu Sep 07, 2017 3:27 am

Мухолифат ва ҳукуматнинг уч тоифаси ва уларнинг сиёсий билимлари ҳақида.
5 ҚИСМ. Сиёсат ва жамиятда фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг роли



Биз юқорида бозордаги ва Парламентдаги мухолиф кучлар ҳақида, уларга бўлган зарурат ва эҳтиёж ҳақида озроқ фикр юритдик.
У фикрлардан хулоса шундан иборатки, бозор ҳам жамият ҳам соғлом рақобатга муҳтождир. Чунки рақобатсиз бозор ҳам, табиийки ҳар қандай жамият ҳам ривожлана олмайди.
Бу ўта мўҳим гап ва уни барча инсонлар бир неча бор таҳлил қилиб, ўйлаб кейин унинг мазмунига тўлиқ тушуниб етишлари лозим. Баланд тоғ чўққисига интилган одам ҳар замонда тўхтаб, нафасини ростлаб олар экан у ортга, ўтган йўлига қарайди, кейин тепага, чўққига назар солади, ўзининг куч қудрати ҳақида яна бир бор ўйлаб кўради ва унга ишончи комил бўлгандан сўнггина у ўзининг чўққини забт этиш ҳаракатини давом эттира олади.
Худди шундек, биз ҳам шу ергача фикрлашган гапларнинг мазмунини тушуниб олгачгина уларни давом эттиришимиз мумкин.

Энди гап ана ўша соғлом рақобат ва соғлом мухолифатни қандай яратиш ҳақида.
Ҳар қандай ишга бел боғлаган одам энг аввало соғу саломат бўлиши керак. Акс ҳолда у бошлаган ишини чала ташлаб кетишга ва панд берган хасталигини даволашга мажбур бўлиши мумкин.

Саломатлиги яхши бўлган ҳар қандай инсон қарийб ҳар куни ўтган кунлардан кўра яхшироқ яшашга ҳаракат қилади, кеча топган бир сўмини бугун 2 сўмга кўпайтиришга уринади, оиласи, ота онаси, ака ука, опа сингиллари ва бола чақаларининг кўнгилларини хушнуд қилишга интилади. Бу нарсалар кўп ҳолларда инсоннинг маълум даражада даромади бўлишини тақозо қилади. Доимий ва яхши даромади бўлмаган одам турли туман орзу ниятларини амалга ошира олмайди.  
Даромад топиш эса яна бояги бозорга бориб тақалади. У инсон сотувчи сифатида ҳам, харидор сифатида ҳам ҳар бир сўмини тежашга интилади. Эркин меҳнат қилиб, меҳнатига яраша пул топишни истайди. Ага шу ерда биз меҳнат бозори деган масалага тўқнаш келамиз.

Ҳар бир инсон даромад топиш учун энг аввало даромад манбаини топишга ҳаракат қилади.
Айримлар бирор давлат корхонаси ёки хусусий ширкатга бориб ишга ёллансалар, бошқалар ўзларининг касбу ҳунарларини ишга солиб пул топишга ҳаракат қиладилар. Бирлари деҳқончиликдан, иккинчилари меъморчиликдан, учинчилари устачилик, тўртинчилари кулоллик, бешинчилари нонвойлик, олтинчилари ҳайдовчилик каби турли туман ишлар орқали ҳалол меҳнат қилиб ўз даромадларини топадилар.

Аммо биринчидан фуқароларнинг ҳар бирларини эркин ва ҳалол меҳнат қилишларини таъминлаш зарур.
Иккинчидан, фуқароларнинг меҳнатларига яраша ҳақ олишларини таъминлаш ва уларни ҳимоя қилиш лозим.

Хўш, бу ишларни ким қилади, ким фуқароларнинг меҳнат қилиш ва унга яраша ҳақ олиш ҳуқуқларини ҳимоя қилади?
Бу каби ишлар учун энг аввало давлат ва унинг турли туман тизимлари маъсулиятдадир.
Яъни давлат ўз қонунлари билан фуқароларнинг турли туман корхоналарда ишлашлари ва меҳнатларига яраша ҳақ олишларини таъминлайдиган ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган қонунлар яратиши лозим.
Қонунлар яратилгач эса уларни ҳаётга татбиқ қилиш, барча фуқаролар ва амалдорларнинг бу қорнунларга амал қилишларини, уларни ҳурмат қилишларини таьминлаш лозим.

Аммо давлатнинг ўзи нима, уни ким ва қандай шакллантиради?
Кимлар, қандай қилиб давлатнинг қонунларини яратади?
Кимлар у қонунларни амалга оширилишини таъминлайди?
Кимлар бу қонунларнинг амалда бўлишини назорат қилади?
Хўш, бир давлатнинг тизимлари бу каби улкан ишларни ҳаммасини таъминлаш ва назорат қилиш имконларига эгами?
Агар давлат тизимлари бу ишларни эплай олмаса, у ҳолда яна қандай кучлар ёрдамида бу каби улкан ишларни амалга ошириш мумкин бўлади?

Кўриб турганингиздек, жамият ва унда яшовчи фуқароларнинг кундалик ҳаёти, бу ҳаётни кун сайин фаровонроқ, гўзалроқ ва бахтлироқ бўлишини таьминлаш нафақат истак ва орзуларга балки уларни амалга ошириш йўлларига ҳам боғлиқ экан.

Шуни ишонч билан таъкидлаш лозимки, орзу истаклар нақадар буюк бўлмасин, уларни амалга ошириш имконлари янада буюкроқ бўлиши лозим.
Яъни баланд чўққини забт этишни ният қилган одамнинг биринчидан куч-қудрати ва иккинчидан ўз куч қудратига ишончи бўлиши лозим. Ана шу икки кучдан қайси бири буюкроқ бўлиши лозимлигини эса ўзингиз ўйлаб кўринг.

Шу ерда озроқ чекиниш қилиб ҳаётдан бир мисол келтирмоқчиман. Кўпчилик марафон ҳақида эшитган бўлиши керак. Билмаганларга – марафон бу ўта узоқ масофага югуришдир. Масофанинг узунлиги 42 км 195 метрга тенг.
Бу масофага югуришни кўпчилик истамайди, чунки у бир қараганда ўта узоқ туюлади ва шу сабаб уни охиригача амалга ошириш қийинга ўхшаб туюлади.
Аммо мен ўз тажрибамдан келиб чиқиб шуни ишонч билан айтишим мумкинки, тани-жони соғ бўлган ҳар қандай инсон марафонга югура олади.
Ҳамма гап инсоннинг куч ва қудратига ва ўзига бўлган ишончнинг нақадар буюклигига боғлиқ.
Мен икки марта марафон югуришларида қатнашдим ва Аллоҳга минг қатла шукурки, уларни шараф билан якунладим. Ҳолбуки мен бу ишларни ёшликдан, узоқ тайёргарлик қилмасдан, 60ни қоралаб қўйгандан сўнггина илк бора амалга оширдим.
Келаётган шанба ( 9нчи сентябрда) ярим марафонга югуришда қатнашишга ҳам ариза бериб қўйганман ва Худо хоҳласа буни ҳам амалга ошириш ниятим бор. Бу ишда, бошқа барча мўҳим ишларда каби, собитқадамлик жуда мўҳим, яьни танани доимо ҳаракатлантириб туриш лозим, мускулларни эса ҳамиша эластиклиги, чўзилувчанлиги ва чидамлигини таьминлашнинг биринчи талаби доимий машқлардир.

Энди юқоридаги гап, яъни тоғдаги баланд бир чўққини забт этишдаги масалага хулоса қиладиган бўлсак, биринчидан инсонда энг аввало ана ўша чўққини забт этиш орзуси бўлиши керак.
Иккинчидан, инсонда ана шу орзуни амалга оширишга етарли куч-қудрат бўлиши лозим.
Ва ниҳоят, учинчидан инсоннинг ўзига, ўз қуч қудратига бўлган ишончи ҳам кучли бўлиши лозим.

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Мухолифат ва ҳукуматнинг уч тоифаси ва уларнинг сиёсий билимлари ҳақида.  Empty 6 ҚИСМ. Сиёсат ва жамиятда фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг роли

Post by Admin Thu Sep 07, 2017 5:11 am

6 ҚИСМ. Сиёсат ва жамиятда фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг роли

Энди давлат ишларига қайтадиган бўлсак, бу ерда ҳам ўша уч нарса, яъни Истак, Истакни амалга ошириш учун зарур бўлган Куч-қудрат ва бу куч -қудратга бўлган Ишонч албатта бўлиши лозим.

1. Давлат ишларида қайси нарсалар Асосий истаклар бўлиши керак?
2. Бу Истакларни қандай қилиб, Қайси кучлар ёрдамида амалга ошириш мумкин?
3. Давлат ишларини амалга оширадиган Кучларга бўлган Ишончни қандай яратиш мумкин, улар қандай кўринишда ва нималардан иборат бўлишлари лозим?


Давлат ишларини юритиш ҳам худди узоқ масофага югуришдек доимийлик ва собитқадамликни талаб қилади. Давлат ишлари бу сиёсий марафондир ва бу марафонда югуриш спортдаги марафонда югуришда кўра инсондан бир неча карра кўпроқ куч-қудрат ва бир неча карра буюкроқ ишонч талаб қилади.
Сиёсий билимларнику айтмаёқ қўйинг, сиёсат билан шуғулланмоқчи бўлган одам энг аввало у ҳақда билимлар эгаллайди.
Сиёсатга узоқ йиллар аралашмасдан тўсатдан сиёсатга кириб келган одам аввалига эсанкираб қолиши мумкин, “Мен қаерга тушиб қолдим ?” деб.
Сиёсий фаолият юритиш ва айниқса сиёсатда буюк натижаларга эришиш узоқ йиллик меҳнат талаб қилгани учун ривожланган давлатлардаги айрим оилаларда уларнинг кўпчилик вакиллари болаликдан бошлаб сиёсатга қизиқа бошлайдилар. Бунга бир томондан оиладаги сиёсий мўҳит сабаб бўлса, иккинчи томондан болалар ҳам барча оилаларда бўлгани каби беихтиёр оталар ва оналар изидан боришга ҳаракат қилишади.
Шу сабаб АҚШ Конгрессининг кўпчилик вакиллари сиёсатчилар сулоласининг вакилларидир. Кеннеди, Буш, Клинтон оилаларининг вакиллари шулар жумласидадир.

Аммо бундай сиёсий сулолалар фақат эркин, демократик, адолат таьминланган жамиятлардагина мавжуд бўлиши мумкин холос.
Диктатура ҳукмрон давлатлардаги сиёсий сулолалар фақат ва фақат диктатор оиласига тегишли бўлиб, уларда Ҳокимиятнинг бошқарув тизими худди қироллик/подшоҳлик тизимларидаги каби отадан болага мерос қолдириш орқали амалга оширилади.

Шу учун диктатура тизимларида соғлом кўринишдаги сиёсий сулолалар бўлишини асло имкони йўқ.

Сиёсий сулолалар бўлмаган жамиятларда эса янги сиёчатчиларни тарбиялаш жуда кўп меҳнат талаб қилади.
Агар кўпчилиги сиёсат билан машғўл оилада болалар кичкиналигиданоқ сиёсатнинг алифбосини уйда ўз ота-оналаридан ўрганиш имконига эга бўлсалар, ота-оналари сиёсатга қизиқмаган оилалардан кучли сиёчатчининг етишиб чиқиши учун жамиятда ёшларни сиёсатга ўқитиш учун барча лозим бўлган имкониятлар мавжуд бўлиши лозим.

Сиёсат мактаби мавжуд бўлмаган жамиятлар доимий равишда инқироз ичида яшашга мажбурдирлар. Бу инқирозлар авваламбор сиёсий, ундан сўнг иқтисодий ва ижтимоий масалалардаги чуқур, доимий кўринишдаги инқирозлардан иборат бўлади.
Жамият танасидаги бу каби инқирозлар инсон танасидаги доимий яралар каби оғриқ беради, вақтида даволанмаган бу яралар секин аста йиринглашади, тананинг бошқа жойларига ҳам тарқала бошлайди ва ниҳоят танани ўргимчакнинг минглаб ингичка иплари каби буткул эгаллаб олгач ниҳоят уни фалаж қилиб қўяди.
Фалаж ҳолатига тушган тана ҳам, жамият ҳам ўлимга маҳкумдир.


Буни сиз саратон касалига чалинган истаган инсон мисолида ҳам, эркин сиёсат бўлмагани сабабли инқирозлар чангалига тушиб қолиб хароб бўлган давлатлар мисолида ҳам кўришингиз мумкин. Масалан қудратли Совет Иттифоқи ва унинг исканжасига тушиб қолган Шарқий Европа давлатларининг социалистик лагер у давлатларда эркин сиёсат ва адолат бўлмагани ва шу сабаб сиёсат мактабларига йўл берилмагани учун охир оқибатда кун паякун бўлдилар.
Худди шундай сиёсий ўлим қолган барча диктатура давлатларини ҳам кутмоқда ва уларнинг бундай ўлимдан қутилишларининг ягона йўли бу диктатурага имкон қадар тезроқ чек қўйиб мамлакатда Сиёсий, Иқтисодий ва Ижтимоий Ислоҳотларга кенг йўл очишдир. Акс ҳолда уларга ҳам сиёсий ўлим ҳамиша даҳшат солиб тураверади ва унинг қадамлари кўринмасдан бостириб келаверади.


Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Мухолифат ва ҳукуматнинг уч тоифаси ва уларнинг сиёсий билимлари ҳақида.  Empty 7 ҚИСМ. Сиёсат ва жамиятда фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг роли

Post by Admin Fri Sep 08, 2017 4:42 am

7 ҚИСМ. Сиёсат ва жамиятда фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг роли

Мақоланинг 6нчи қисмида мен қуйидаги уч нарсага эътибор бериш давлат бошқарувида мўҳим нарсалар деган эдим, уларни эслатаман:
1. Давлат ишларида қайси нарсалар Асосий истаклар бўлиши керак?
2. Бу Истакларни қандай қилиб, Қайси кучлар ёрдамида амалга ошириш мумкин?
3. Давлат ишларини амалга оширадиган Кучларга бўлган Ишончни қандай яратиш мумкин, улар қандай кўринишда ва нималардан иборат бўлишлари лозим?


Демак гап ана шу 3 нарсани аниқлашда.
1. Асосий истаклар ҳақида
Давлатни бошқарув органлари, бугунги кундаги вазиятдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак Президент ҳокимияти(кейинчалик бу ишлар Олий мажлис назорати остига ўтиши лозим), биринчи ўринда Ўзбекистоннинг Асосий қонуни бўлмиш Конституция ва бошқа барча қонунлар қай даражада амалда қўлланилаётганлиги билан танишиши ва уни доимо назорат қилиб бориши керак.

Ҳамма балолар, офатлар, хатолар , жиноятлар, зўравонликлар, ўз мансабини суистеьмол қилишлар, порахўрликлар айнан Ўзбекистон қонунларини назар писанд қилмасликдан келиб чиқмоқда! Ва аҳвол ана шундай давом этаверади токи қонунларни амалда бўлишини назорат қилиш Ҳокимиятнинг энг биринчи ва асосий вазифаси даражасига кўтарилмагунча!

Мен бу масалада узундан узун достон ёзишим, Ўзбекистон қонунларининг Каримов раҳбарлиги даврида минглаб маротаба ҳам Олий Ҳокимият вакиллари, ҳам маҳаллий ҳокимият вакиллари томонидан доимий равишда оёқ ости қилиниб келинганига минглаб мисоллар келтиришим мумкин.

Аммо ҳозир мен бу иш билан шуғулланмайман, зеро бу ҳақда кўпчилик билади, ҳатто жаноб Мирзиёевнинг ўзи ҳам билади ва у бу ҳақда, амалдорларнинг асосий қисми бўлган Прокурорлар ҳақида, улар томонидан қилинган қонунбузарликлар ҳақида очиқ гапирди.

Айнан прокурорлар армияси Ўзбекистон қонунларини амалда барча фуқаролар томонидан, улар ким бўлишидан қатьий назар – Президентми ёки чўпонми, ҳурмат қилинишини назорат қилиш асосий вазифасидир!

Қачонки прокурорларнинг ўзлари қонунларни бузгач, ўзлари пора эвазига жиноятчиларни қўйиб юбориб, бегуноҳ ишсонларни қамоқларга ҳукм қилишда асосий ролларни бажаргач жамият қандай қилиб ривожлансин?!

Прокурорлардан сўнг Ўзбекистон қонунларини ҳурмат қилиниши ва амалда бўлишини назорат қилувчи иккинчи давлат органи Судлардир.
Аммо Ўзбекистоннинг барча судлари Каримов даврида яна ўша Олий Ҳокимиятдагиларнинг ноғорасига ўйнади.
Ўйнаб бўлгач шуни англаб етдики, Олий ҳокимият вакиллари суд қамоқларга ҳукм қилган мухолифат вакиллари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, журналистлар, диндорлар ва уларнинг оилаларини ҳуқуқларини оёқ ости қилишни қўллаб қўвватлайди, уларни ушлаб судга судраб келган ва қораловчи ролини ўйновчи прокурорлар нима деса ўша талабни бажаришга доимо тайёр эканликларини кўрсатиб келди.

Ҳатто Ўзбекистон Конституцион Суди ҳам бу ишларни, Конституция ва қонунларнинг оёқ ости қилиниш ҳолларига қўл силтаб келишди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон Олий Ҳокимияти вакиллари ўзларининг шахсий аҳволлари ва фаровон ҳаётларини сақлаб қолиш учун унга таҳдид қилган, турли туман танқидий фикрлар билдирган ва Ўзбекисон қонунларини ҳурмат қилинишини талаб қилган ҳар қандай инсонни дарҳол ҳибсга олиб, уларни узоқ муддатли қамоқларга ҳукм қилиб мамлакатда ўзларининг Зўравонлик ва Жаҳолатга асосланган ҳокимиятларини сақлаб келдилар.

Жаноб Мирзиёев бекорга биринчилардан бўлиб прокурорлар армиясига ташлангани йўқ. Чунки айнан прокурорлар армияси Зўравонлик ва Жаҳолатга асосланган Ҳокимиятнинг энг қопонғич итлари ролини бажариб келган эдилар, афсуски ҳозир ҳам улар отдан туширилган бўлсаларда ҳали эгардан тушганлари йўқ.

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Мухолифат ва ҳукуматнинг уч тоифаси ва уларнинг сиёсий билимлари ҳақида.  Empty 8 Қисм. Мухолифат ва ҳукуматнинг уч тоифаси ва уларнинг сиёсий билимлари ҳақида.

Post by Admin Fri Sep 08, 2017 6:36 am

8 Қисм.
Гап фақат судлар ёки прокурорларда эмас.
Гап асосан Олий Ҳокимиятда, у ерда ўтирган биринчи шахсда ва у ишонган энг яқин маслаҳатчилари ва вазирлардадир.
Ўзбекистондек давлатларда афсуски ҳокимият ҳали халқ ҳокимиятига айлангани йўқ. Советлар давридан мерос қолган тартиб, яьни Ҳокимиятни тузиш, уни бошқариш, вакилларини алмаштириш, қандайдир кўринишда кичик ўзгартиришлар киритиш шу пайтгача кичик бир доирада ишлайдиган бир неча Олий мансабдорларнинг иши бўлиб келган ва афсуски шундай бўлиб қолмоқда. Бу аслан Ҳокимиятни эмас балки кўпроқ Жиноятчилар Тўдасининг бошқарув аппаратини эслатади.


Айнан Жиноятчилар тўдасида ягона раҳбар бўлади, қолганлар турли шаклдаги доиралар шаклида кенгайиб бораверади.
Тўданинг энг ишончли одамлари энг Биринчи доирани ташкил қилишади. Бу жуда кичик, асосан Лидернинг оила аъзолари ва унинг энг ишончли одамларидан ташкил топади.
Ундан сўнг келадиган сал каттароқ Иккинчи доира вакиллари Биринчи доирагиларга яқин бўлганлар ва уларнинг энг ишончли одамларидан ташкил топганлар бўлади.
Ундан кейин Учинчи доира келади ва у асосан Биринчи ва Иккинчи доирадагиларнинг таниш-билишлари ва энг ишончли одамларидан ташкил топади.
Бу Жиноий Тўда ана шу шаклда кенгайиб, доиралар сони эса борган сари кўпайиб бораверади.

Бу ерда Жиноятчилар Тўдасининг ҳақиқий Ҳокимиятдан кескин фарқ қиладиган томони шундаки, Тўданинг раҳбари истаган одамни, хоҳ у Биринчи доиранинг, хоҳ 22нчи доиранинг вакили бўлсин, истаган пайтда уни пешонасидан шартта отиб ташлаши мумкин.
Бу учун унга унинг ўзи кўрган ёки бир-иккита энг ишончли одамларидан тушган ва ўша жиноятчининг сотқинлиги ёки ҳаддидан ошиб кетганлигини исбот қиладиган бир-иккита далил ва исбот бўлса бас.

Ислом Каримовнинг Ўзбекистонга қарийб чорак аср ҳукмронлик қилган даврда у мамлакатни худди ана шундай бир Жиноятчилар Тўдасининг раҳбари сифатида бошқарганлигини исботи тариқасида мен қуйида бир неча мисолларни келтираман:

Шахсан Каримовнинг буйруғига биноан  Бош вазир Шукрулло Мирсаидов аввалига ишдан олинди, кейин эса у (то ўлимига қадар) ва унинг оиласи Миллий Хавфсизлик Хизматининг таьқиб ва тайзиқлари остида қолиб кетдилар. Ҳолбуки бир пайтлар Каримов Тошкентга энди келган пайтларида то марказдан уй олгунига қадар айнан Мирсаидовнинг уйида бир неча хонани ижарага олиб яшаган экан. Охирида эса у ўзи нон еган уйнинг тузлуғига тупурди.
Олий Мажлис депутати Шовриқ Рўзимуродовни айнан Каримовнинг буйруғига биноан ИИВнинг вазири Зокир Алматов бир тергов хонасида уриб ўлдиришларини устида турган.
Насрулло Сайид, Жаҳонгир Муҳаммад, Эркин Самандаров, Қуқонов каби ўнлаб Олий Мажлис депутатлари ишларидан олиниб қамоқларга солиндилар, кейин эплаганлари чет элларга қочиб қутилишга муваффақ бўлдилар, қочолмаганлар Тўданинг  умрбод асирлари ва қурбонларига айландилар.


Бу каби мисоллар, яьни давлат ҳокимиятининг турли туман вакилларини судсиз, текширувсиз шартта-шартта йўқ қилинишлари, айбсиз узоқ муддатли қамоқларга ҳукм қилинишлари Каримов бошқарган ҳукуматнинг айнан Жиноятчилар Тўдаси шаклида иш юритганлигининг исботидир.
Афсуски ҳали ҳанўз ана ўша Каримов Жиноятчилар Тўдасининг қурбонлари бўлмиш инсонларнинг кўпчилиги қамоқларда ўтиришибди, уларнинг катта қисми эса чет элларда сарсон саргардонликда ҳаёт кечиришга мажбур бўлишмоқда.

Ана шу Жиноятчилар Тўдасининг асосий топшириқларини бажарадиган Прокурорлар ва Судларнинг ўз ҳамтовоқлари ва  югурдаклари бор. Улар Миллий Хавфсизлик Хизмати, Ички Ишлар Вазирлиги, Давлат Солиқ Қўмитаси,  вилоятлар, шаҳарлар ва туманларнинг ҳокимлари ва турли туман вазирликларнинг ходимларидир.

Булар Жиноятчилар Тўдасининг асосини ташкил қилувчи Хизматкорлар армиясидир.
Улар Тўданинг турли туман доираларидаги раҳбарлари нима дейишса “Хўп бўлади!” деб ўша заҳотиёқ истаган фуқарони ёқасидан ғиппа буғиб, оёғини ерга теккизмай олиб келиб Тўданинг навбатдаги хизматкорлари бўлмиш Терговчиларга топширишади.

Терговчилар эса ўз навбатида бу тепадан келган топшириқ эканлигини ҳисобга олиб қўлга олинган бечорани ҳар қандай йўллар билан бўлмасин уларни бўйнига турли туман айбларни қўйиб, кейин ўша айбларни тан олишга мажбур қилишади. Мажбур қилишда эса улар қадимги замон қийноқ усулларидан тортиб, ҳозирги замоннинг сўнгги қийноқ усулларигача қўллашади. Булар масалан уриш, тепиш, зўрлаш, қоп кийгизиб уриш, ваннага бошини тиқиб чўктириш, қайноқ ваннада қийнаш, оҳак солинган хандакда қийнаш, яқинларини зўрлаш каби минг турли усуллардир.

Бу каби қийноқлар ҳаддидан ошиб кетгач ва БМТнинг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Қўмитаси бу каби қийноқлар ҳақида шикоятларга тўлиб кетгач, улар Ўзбекистонга адашмасам 2001-2002 йилларда Тео ван Бовен деган махсус текширувчини юборишган эди. Ана ўшанда жаноб ван Бовен ўзи кўрган қамоқхоналардаги аҳволни даҳшатли эканлиги ҳақида Махсус Рапорт ёзиб БМТга топширган ва бу катта жанжалга сабаб бўлган эди.

Аммо ўшанда ҳам Жиноятчилар Тўдасининг лидери, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бу Рапортни ҳам, Ўзбекистон қамоқхоналарида қўлланилаётган қийноқларни ҳам тан олмаган ва уларни танқид қилмаган эди. Чунки у тушунардики, танқидларни тан олиш ўз айбини тан олиш демакдир!

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Мухолифат ва ҳукуматнинг уч тоифаси ва уларнинг сиёсий билимлари ҳақида.  Empty Re: Мухолифат ва ҳукуматнинг уч тоифаси ва уларнинг сиёсий билимлари ҳақида.

Post by Sponsored content


Sponsored content


Back to top Go down

Back to top

- Similar topics

 
Permissions in this forum:
You cannot reply to topics in this forum