Форум_Ўзбекистон

Ўзбекистон Президенти Виртуал Қабулхонаси ҳақида

Avvalgi mavzu Keyingi mavzu Go down

Ўзбекистон Президенти Виртуал Қабулхонаси ҳақида

Post by Admin on Mon Sep 11, 2017 5:04 am

Ўзбекистон Президенти Виртуал Қабулхонасига мурожаатлардан бир неча лавҳа.

Авваламбор шуни айтиш мумкинки, ўтган бир йил ичида шахсан Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан тузилган Виртуал Қабулхона Ўзбекистон Президенти билан Ўзбекистон Халқи ўртасида қурилган Алоқа ва Ишонч Кўпригига айланиб бормоқда.
Умид қиламизки ана шу кўприк секин аста ривожланиб у Ўзбекистон жамиятида Сиёсий, Ижтимоий ва Иқтисодий ислоҳотларни бошланишига йўл очадиган жиддий бир восита бўлади.


Мен Президент Қабулхонасига тез тез кириб, ўзимнинг аризамга жавобни излар эканман, бошқа фуқароларнинг мурожаатлари ва уларга жавобларни ҳам ўқиб тураман. Кўп ҳолларда фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилганлигидан қўвонсам, мурожаати узоқ муддатлар ечилмаган фуқароларга ачинаман, хафа бўлиб кетаман. Менинг мурожаатим асосан Ўзбекистонда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни бошлаш ҳақида, бориб менга шу масалалар бўйича мамлакатда фаолият юритишга имкон беришлари ҳақида. Унинг жавобини мендан ҳам кўра кўпроқ 85 ёшга кирган онам зориқиб кутмоқдалар. Онамнинг умидлари шундан иборатки, ўша хатим баҳона тезроқ Ватанга қайтсамда 22 йилдан сўнг улар билан тезроқ қайта дийдор кўришсам, бу албатта менинг ҳам умидларимдан бири, менинг кейинги умидларим эса Ватан ва халқ учун қайтадан фаолият юрита олсам.

Ҳозир шу сабаб Президентнинг Виртуал Қабулхонасига кириб менинг ишим ҳамон "Масала таҳлил жараёнида" эканлигини кўрдим.  Ҳар ҳолда бу озроқ бўлсада силжиш. Олдинги киришларимда "Ишчи гуруҳи кўриб чиқмоқда" деган жавоб бор эди.  Бугун хатимни жўнатганимга роппа роса 1 ой бўлди.

Ўзимни ишимни кўриб бўлгач секин бошқа фуқароларнинг ишлари қай даражада экан деб қизиқдим.

Қозоғистонда меҳнат қилиб юрган бир ватандошимизнинг йўқолган паспорти бўйича муаммоси ижобий ҳал бўлганидан қўвондим.

Қаршилик бир тадбиркор биродаримизнинг иши у Президент Қабулхонасига нақ етти марта(!!!) мурожаат қилганидан сўнггина ҳал бўлгани мени қаттиқ ташвишга солди.

Бу инсоннинг Президентга етти марта мурожаат қилишини ўзиёқ икки нарсани кўрсатиб турибди:
1. Мурожаат қилган фуқаронинг ўта сабр тоқатли ва ўз ишига қаттиқ ишониши.  
2. Бир фуқаронинг мурожаатини масхаромуз "футбол" қилган Қарши шаҳаридаги қайсидир бир туман ҳокимининг муттаҳамлигининг исботи!


Туман ҳокимининг безбетларча сансалорлиги, бир ишни ҳал қилиш учун тадбиркордан пора кутганлиги кундай равшан бўлиб турибди. Ҳокимнинг муттаҳамлиги шу даражага борибдики, у ўз туманидаги бир тадбиркор фуқаронинг Президент Қабулхонасига қайта-қайта мурожаат қилишини ҳам масхара қилган!
Умид қилиш мумкинки, бундай муттаҳам ҳокимларни Президент яқиндан ўз вазифаларидан озод қилади.

Қуйида ўша фуқаронинг хати ва унга Ҳукуматнинг жавоби.
https://pm.gov.uz/uz/request/view?id=67

Admin
Admin

Number of posts : 1224
Join date : 04/02/2010

Foydalanuvchi profili http://stopdictatorkarimov.com

Yuqoriga Go down

Ўзбекистон Президенти жаноб Мирзиёевга Реабилитация ҳақида

Post by Admin on Tue Sep 19, 2017 6:22 am

Ўзбекистон Президенти жаноб Мирзиёевга.
Нусхаси: Ўзбекистон Олий Судига

Жаноб президент.
Мен 1992 йил 9 декабрда Бишкекда ўтган ва Марказий Оисёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган халқаро конференциядан қайтиб келган пайтимда, уйимни олдида 2 милиция ходими томонидан қамоққа олинган эдим.
Аввалига мени Ҳамза тумани милисахонасида 2 кун, кейин Тошкет вилояти милиса изоляторида 10 кун, кейин Тошкент Шимолий Темир йўл вокзали ёнидаги махсус қамоқхонада 10 кун, кейин Тошкент турмасида 1 ой, кейин Ички ишлар вазирлиги ертўласидаги изоляторда 7 ой, жами 8 ойдан кўпроқ қамоқларда ушлаб ўтиришди.
Менга асоссиз равишда “Конституцион тузумга тажовуз қилиш, давлат тўнтаришига уриниш, давлат ҳокимиятига параллель равишда янги ҳокимият структуралари тузишга уриниш” каби бир неча ўйдирма айблар қўйишди.

Ўша пайтларда мен Марказий осиё ирригация ишлари бўйича илмий тадқиқот Бирлашмаси (САНИИРИ)да катта илмий ходим бўлиб ишлар эдим. Айни пайтда мен Ўзбекистон Бирлик халқ ҳаракатининг Тошкент вилояти кенгашининг раиси, Ўзбекистон Озод Деҳқонлар партиясининг котиби ва энди тузилаётган “Миллий Мажлис” Ишчи Қўмитасининг ташаббускори ва Қўмита аъзоси эдим.

Мени қамоққа олишга сабаб қилиб аввалига ўша пайтдаги Тошкент ш. Прокурори Анвар Мирзаевнинг Бишкекдаги халқаро конференцияга бормаслик ҳақидаги таҳдиди ва менга берган расмий огоҳлантириши бўлди. Кейин бу айбнома юридик кучга эга эмаслигини тушунишгач менга юқоридаги айбларни қўйишди.
Ҳамма гап “Миллий Мажлис”ни тузишга уринишимиз эканлиги аниқ бўлди. Менга бу айбномани Эргаш Жўраев деган терговчи илк бор ўқиб берди.
Аммо тергов ишлари ва айбномалар нималарга асосланганини мен қамоқда 3 ой ўтиргандан сўнг, ўшанда ҳам очлик эълон қилиш орқали қўлимга олишга эришдим. Айбномалар шу қадар асоссиз , далилсиз ва бефаросатларча ёзилган эдики бунақа айбномалар учун нормал давлатда терговчи ҳам, прокурор ҳам ишдан ҳайдалиши, асоссиз айбланган одам эса дарҳол озод қилиниб, қамоқда асоссиз ўтиргани учун унга товон тўланиши керак эди.

Аммо Ўзбекистондек давлатда ўша пайтлар на қонун, на тартиб, нада фуқароларнинг ҳақ ва ҳуқуқларини ҳурмат қилиш бор эди.

Мен Бош прокуратуранинг асоссиз ва ўйдирма айблари сабаб аввал озодликдан маҳрум қилиндим. Кейин Олий судда ўзимнинг айбсизлигимни исбот қилсам ҳам 5 йиллик муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилиндим.
Фақат ва фақат халқаро ташкилотлар , айрим давлат раҳбарларининг аралашуви туфайлигина мени ва мен билан бирга қамоққа олинган ва айбланган яна 4 киши Олий Судда ўтган 30 кунлик маҳкаманинг сўнгги кунида, 1993 йил 6 август озод қилиндик. Аммо ҳукм ўз кучида қолди, фақат жазо шартлига айлантирилди холос.
Бу эса айни пайтда мени яна қамоққа олинишимни билдирар эди. 1994 йил 2 мартда ана шу хавф аён бўлди, ўша кундан эътиборан мен уй қамоғига олиндим. Мени тезда қамоққа жўнатишлари аниқ бўлгани учун мен ўша оқшомдаёқ Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлдим.
6 мартда Москвага келгач билдимки менинг “Миллий Мажлис” бўйича судланган бошқа биродарларим Тошкентда қайтадан қамоққа олинибди.

Бу асоссиз айблар сабабли мен ўзимнинг севимли касбимдан, уй жойимдан, она юртимдан ва қариндош уруғларимдан ажралдим. Мана 23 йилдирки мен узоқ ўлкаларда муҳожирликда яшашга мажбур бўлмоқдаман.
Худога шукур, мен ҳамма жойда ҳам ўзимни эплаб кетиш имконига эгаман.
Аммо ҳар бир инсон бу дунёга келар экан, у ўз юртида яшашга, ўз қариндош уруғлари, ёру дўстлари, ҳамкасблари ёнида яшашга интилади, ўзи севган Ватанда яшаб унга фойда келтиришга, мамлакатни гуллаб яшнашига ҳисса қўшишга ҳаракат қилади.

Аммо мен бир гуруҳ давлат амалдорларининг ноқонуний ҳатти ҳаракатлари сабаб барча ҳуқуқларимдан ажралдим, узоқ йиллардан бери чет элларда яшашга мажбур қилиндим.

Менинг илтимосим шундан иборат:

Мен сиздан Ўзбекистоннинг президенти ва Ўзбекистон қонунларининг гаранти сифатида менинг топталган ҳақ ва ҳуқуқларимни тиклашда ёрдам беришингизни илтимос қиламан.
Мен Ўзбекистон Олий судидан менинг ишимни қайта кўриб чиқиб, мени асоссиз айбланганимни тан олиши ва мени тўлиқ реабилитация қилишини талаб қиламан. Реабилитация қилиш билан бир пайтда менинг Ўзбекистон фуқаролигим тикланишини ва Ватанга қайтиб бориб, у ерда яшаш ва ишлаш ҳуқуқимни қайтариб беришларингизни илтимос қиламан.
Ўрни келганда шуни айтишим керакки, “Миллий Мажлис” ғояси нафақат Ўзбекистон учун балки барча давлатлар ва уларда яшайдиган фуқаролар учун жуда мўҳим бўлган Жамоатчилик Парламенти ҳақидаги ғоядир. У турли туман кўринишда Россияда ва Украинада бор(у ерда бу “Общественный парламент” деб аталади).
Жамоатчилик парламентининг асосий вазифаси Ўзбекистон фуқароларининг барча дарду ҳасратлари, ғоялари ва ташвишларини улар аъзо бўлган ташкилотлар орқали ўрганиб, кейин уларни қайта ишлаб, уларга жиддий, юридик тус бериш ва ниҳоят уларни Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Президентига фуқаролар номидан қонун лойиҳалари шаклида топширишдир.
Бу демак “Миллий Мажлис” ғояси демократияни ривожлантиришнинг энг пишиқ ва пухта ишланган тадбирларидан бири деганидир. Яьни халқ билан ҳокимият органлари ўртасидаги ўзаро маҳкам боғланиш демакдир.



Мен умид қиламанки сиз жаноб президент ва Ўзбекистон Олий суди менинг бу мактубимни диққат билан қараб чиқасизлар ва менинг ҳақ ва ҳуқуқларимни тиклашга менга ёрдам берасизлар.

Ҳурмат ила Ҳазратқул Худойберди
2017.09.19

Admin
Admin

Number of posts : 1224
Join date : 04/02/2010

Foydalanuvchi profili http://stopdictatorkarimov.com

Yuqoriga Go down

Ўзбекистон терговчиларининг Навбатдаги Улкан ШАРМАНДАЛИГИ!!!

Post by Admin on Fri Sep 22, 2017 6:49 pm

Ўзбекистон терговчиларининг Улкан ШАРМАНДАЛИГИ!!!

Қуйидаги хабар Ўзбекистонда сўнгги пайтларда инсонларда янги президентга ва унинг ҳатти ҳаракатларига нисбатан пайдо бўлган умид учқунларини чил парчин қилди.
Айни пайтда бу хабар Президент Виртуал Қабулхонасининг ҳам жиддий камчиликларини очиб ташлади! Терговчиларнинг бу жинояти бир нарсани кўрсатаяпти: Ўзбекистон Ички Ишлар Вазирлигида ва уларнинг ишларини назорат қилиши лозим бўлган Бош Прокуратурада Президент Мирзиёевнинг Прокуратура ҳақида бир ой олдин гапларини умуман тан олмаслик ва давлат раҳбарининг жиддий танқидларига қарамасдан, ҳеч нарсадан қўрқмасдан яна ўз жиноятларини давом эттиришлари аниқлигини кўрсатаяпти.


Агар ишлар шу даражада давом этадиган бўлса тез орада Мирзиёев ҳукумати сиёсий касод бўлади. Бу касодликнинг асосий сабаби халқнинг унга ва унинг амалдорларига нисбатан ишончни тамоман йўқолишида бўлади!!

Бундай оғир сиёсий ҳалокатни олдини олишнинг ягона йўли имкон қадар тезроқ мамлакатда сиёсий ислоҳотларни бошлашдир.

Ҳозирча бундай ислоҳотларнинг мўҳимлигини президент Мирзиёев ва унинг амалдорлари тушунмай туришибди ва айнан ана шу учун ҳам гоҳ у вазирлик, гоҳ бу ҳокимлик, гоҳ у милисахона, гоҳ бошқа бир давлат идорасида инсон ҳуқуқларини оёқ ости қилиш тўхтовсиз давом этмоқда.

Кўзларингизни каттароқ очинглар жаноб раҳбарлар! Вақт борида бостириб келаётган улкан фалокатни тўхтатишга ҳаракат қилинглар!

Қуйида Самарқандда сўнгги даҳшатли кўринишдаги инсон, аниқроғи бир қизалоқнинг болалик ҳуқуқларини поймол қилиниши ҳақида ББС Радиосининг маълумотлари.

Jinoyat ishlari boʻyicha Samarqand viloyat sudida ayblanuvchilar tergovchilar tomonidan qiynoqlar va dahshatli tahdidlarga uchraganini daʼvo qilishgan. BBC Oʻzbek xizmatiga maʼlum boʻlishicha, ayblanuvchilardan biri qogʻozga qoʻl qoʻyish uchun 8 yoshli qizini zoʻrlash bilan tahdid qilingani haqida gapirgan.
Jinoyat ishlari boʻyicha Samarqand viloyat sudida yangi tugʻilgan chaqaloqlarning chala kuydirilgan jasadlari yuzasidan mahkama davom etmoqda.
Mahkamada ayblanuvchilar ayblarni rad etishgan va tergov davomida qiynoqlar tufayli iqrorlik koʻrsatmalariga imzo chekishganini aytgan.
Sudlanayottgan ayollardan biri sudyaga tergovchilar tomonidan qiynoqlarga tutilganini gapirgan. Hatto sakkiz yoshli qizini olib kelib zoʻrlash bilan tahdid qilishgan.


"8 yoshli qizchani onangni koʻrsatamiz deb militsiya xodimlari akasi bilan Samarqand shahar ichki ishlar boshqarmasiga olib kelgan. Akasini boshqa kameraga olib qizchani onasining oldiga olib kirgan. Keyin onasiga qarab iqrorlik koʻrsatmalariga qoʻl qoʻymasang, koʻz oldingda qizingni yechintirib zoʻrlaymiz deb tahdid qilishgan. Ayol qoʻrqib ketganidan ayblovnomaga qoʻl qoʻyib bergan", deydi sud jarayonidan yaqindan kuzatayotgan BBC manbasi.
Bir holatda yana bir sudlanuvchining talaba qizini onasiga bosim oʻtkazish uchun hech qanday rasmiy ayblovlarsiz bir necha kun qamoqda ushlashgan va doʻpposlashgan.
Ushbu tahdid haqida sudyaga murojaat qilinganida hakam nima uchun qiynoqlar haqida prokurorga murojaat qilmagansizlar, deb javob bergan.
"Qanday qilib prokurorga murojaat qiladi. Chunki ularni qiynayotgan odam oʻzi tergovchi boʻlsa. Shikoyat qilgan vaqti tergovchi ayolni yuzi aralash urganini ham sudyaga aytgan", deydi suhbatdoshimiz.
Ayblanuvchilarning yaqinlari tergov jarayonida qiynoqlar qoʻllanilayotgani haqida Prezident portaliga murojaat qilgan. Biroq odatdagidek qilingan shikoyat qiynoq qoʻllashda daʼvo qilingan prokuraturaga yuborilgan.

Qiynoqlar boʻyicha Bosh prokuratura tomonidan berilgan javob xatida tergovning borishi haqida Bosh prokuratura tomonidan nazoratga olingani va "nojoʻya harakatlar" yoʻqligi aytilgan.
"Murojaatingizni oʻrganish davomida, Samarqand viloyat prokuraturasi xodimlari tomonidan nojoʻya xatti-harakatlar sodir etilgani aniqlanmadi", deyiladi Prokuratura organlari tergov tarmoqlari faoliyati ustidan nazorat boshqarmasi boshligʻi tomonidan yozilgan javob xatida.
"Shikoyatimiz boʻyicha Toshkentdan maxsus odam kelgan. Lekin ayblanuvchilarni bir kun oldin yanada qattiqroq qoʻrqitishgan. Agar qiynoqlar boʻldi, deb aytsang bundan badtar qilamiz, deyishgan. Keyin yaqinlarimiz tekshiruvchiga qiynashmadi, deb aytishga majbur boʻlishgan", deydi BBC manbasi.

BBC ushbu daʼvolarni tasdiqlatish uchun jinoyat ishlari boʻyicha Samarqand viloyat sudiga murojaat qildi. Rais oʻrinbosari Akbar Turopov ushbu masaladan xabari borligini aytdi, ammo goʻshakni qoʻyib qoʻydi.

Rais oʻrinbosari bilan bogʻlanishga qilgan keyingi urinishlar besamar ketdi.
"Eng katta oʻgʻrilar - prokurorlar"

Prezident Shavkat Mirziyoyev 2 avgust kuni oʻtkazilgan videoselektorda prokuratura xodimlarini qattiq tanqid qilgan. U oldingi tizimdan qolgan prokurorlarning 80 foizini boʻshatganini va oxirigacha oʻzgartirishni vaʼda bergan. U prokurorlarni yomon koʻrishini bildirgan.

"Men oʻzi prokuror degan odamni, kechirasizlaru, juda yomon koʻraman. Buni ochiqcha aytyapman, nimaga desangiz men rayon hokimi boʻlganman, viloyat hokimi boʻlganman. Bu noinsoflarni gʻoʻddayishini, prokurorcha boʻlib darrov yurishi oʻzgarib qolishini, odamni mensimasligini juda yaxshi bilaman. Oʻzi eng katta oʻgʻri ular", - degan u.
Prezidentning prokurorlarni tanqid qilgan audio yozuvi internetga sizdirilgan. U oldingi Bosh prokurordan qolgan tizimni axlatga tenglashtirgan.
"Mana biz yangi Bosh prokuror qoʻydik, 80 foiz odamni oʻzgartirdik, oldingi qolgan axlatdan, oldingi tizimdan, Bosh prokuror qoldirgan oʻgʻri tizimidan 20-15 foiz odamlar yuribdi. Baribir oʻzgartiramiz oxirigacha. Yo prokuror halol boʻlib ishlaydi, yo umuman prokuraturani yoʻq qilamiz", - degan Prezident.

Prezident ayrim prokurorlarni "ahmoq" degan va familiyasini ham toʻgʻri yozolmasligini aytgan. Mirziyoyev davlat oldida hech kim avtoritet boʻlmasligini va faqat xalq avtoritet ekanligini taʼkidlagan.
BBC Oʻzbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bogʻlanishni istasangiz, telefonimiz: +44 78-58-86-00-02

http://www.bbc.com/uzbek/lotin-41367864?ocid=socialflow_facebook

Admin
Admin

Number of posts : 1224
Join date : 04/02/2010

Foydalanuvchi profili http://stopdictatorkarimov.com

Yuqoriga Go down

Re: Ўзбекистон Президенти Виртуал Қабулхонаси ҳақида

Post by Sponsored content


Sponsored content


Yuqoriga Go down

Avvalgi mavzu Keyingi mavzu Yuqoriga


 
Permissions in this forum:
Bu forumdagi mavzularga javob bera olmaysiz