Форум_Ўзбекистон


Join the forum, it's quick and easy

Форум_Ўзбекистон
Форум_Ўзбекистон
Would you like to react to this message? Create an account in a few clicks or log in to continue.

Ўзбекистон мустақил давлатми ёки ҳамон Россиянинг мустамлакасими?

Go down

Ўзбекистон - Ўзбекистон мустақил давлатми ёки ҳамон Россиянинг мустамлакасими? Empty Ўзбекистон мустақил давлатми ёки ҳамон Россиянинг мустамлакасими?

Post by Admin Wed Sep 28, 2016 5:43 am

Чирик устунларга қурилаётган давлат биноси.

Уй қурмоқчи бўлган ҳар бир уста ишни қуриладиган уй учун жой танлашдан бошлайди.

Танланган ер обдон текислангач энг аввало уйнинг пойдевори қурилади, кейин эса уста бинони тиклаш учун зарур бўлган устунларни танлаб, уларни йўниб, тиклашга тайёрлайди.

Бир уй қуриш осон иш эмас, унинг пойдевори мустаҳкам, ҳар бир устуни бақувват, тоза ва қаттиқ дарахтлардан олинган ва тўппа тўғри қилиб тикланган бўлиши керак.

Пойдеворнинг биргина бурчаги хом ишланган ёки биргина устуни чириган ёғочдан қилинган бўлса тамом, бу иморат ҳар қанча ҳашаматли қурилган ва у ҳар қанча безалган бўлмасин, охир оқибатда ва қисқа муддатлар ичида ағдарилиши мумкин.

Бу-ку ҳали бир уй қуриш экан, бир давлат биносини қуриш бир уйни қуриш ва тиклашдан минг чандон қийинроқ ва мурракаброқ ишдир.

Аммо бу икки ишнинг бир ўхшаш томони бор:

Ҳар икки ҳолатда ҳам қурилишнинг баққуватлиги, унинг қудратли ва узоқ муддатли бўлишининг асослари деярли бир хил.

Уй қуришда ҳам, давлат қуришда ҳам ишларнинг бошланишида жуда кўп ўхшаш томонлар бор: бир бино қурилиши учун энг аввало бир режа тузилади, кейин эса қурилиш учун зарур бўлган материаллар танланади.

Бу материаллар ичида энг асосийлари айнан пойдевор ва устунлар ҳисобланади.

Давлат қурилишида ҳам айни шундай, бу ерда пойдевор деганда қурилаётган давлатнинг қандай маънавий, сиёсий ва ижтимоий қадриятлар ва адолатли қонунларга асосланиб қурилиши назарда тутилади.

Давлат биносининг устунлари эса ана шу давлат сиёсатини юргизувчи инсонлардир.

Афсуски Ўзбекистон давлати биносининг қурилиши советлар қурган эски уйнинг ўрнида бошланди.

У пайтларда, яьни 1988-90 йилларда ҳали Совет Иттифоқи ағдарилмаган ва унинг 15та республикаси деб аталувчи 15та номустақил давлатларнинг қурувчи усталарининг аксарияти Москвада «Политбюро» деб аталмиш Оқсоқоллар мажлисида ўтиришар эди. Ана ўша мажлис 1989 йилда Ислом Каримовни Ўзбекистон номустақил давлатининг бош устаси деб тайинлади.

Орадан 3 йил ўтгач Совет Иттифоқи кунпаякун бўлди, оқсоқоллар ҳар томонга сочилиб кетдилар, Каримов эса Ўзбекистоннинг бош устаси бўлиб қолаверди.

Аммо ўша пайтда 57 ёшга кирган бу одам бир уста сифатида шаклланиб бўлган ва унинг барча устачилик билимлари ўша эски Советлар мактабида олинган билимлар эди.

1992 йилда Совет Иттифоқи парчалангач ва тақдир тақозоси билан Ўзбекистон мустақил бўлгач Ислом Каримов советлар тартиб қоидаларига асосан адолатсиз ўтган сайловларда сайланган ва сўнгги ўзбек-совет парламентида ўтирган қўғирчоқ депутатлар олдида ўзини бу янги давлатнинг бош устаси деб эълон қилди.

Орадан бир неча ой ўтгач у номига умумхалқ сайловлари ўтказиб, ўзининг президентлик мансабини «қонунийлаштириб» олди. Бу сайловни чет элликлар назарида адолатли ва эркин ўтди деб кўрсатиш учун у мухолифатнинг энг ожиз бир бўлагига(Эрк партиясига) сайловда ўз номзоди билан қатнашишга имкон берди.

Айни пайтда мухолифатнинг асосий кучлари тўпланган улкан Бирлик халқ ҳаракатига ўша сайловларда ўз номзоди билан қатнашишга кескин тўсқинлик қилишди.

Шундан сўнг мухолифат қонунда кўрсатилган иккинчи йўл билан, яьни сайловчиларнинг 164 000тасини овозини тўплаш орқали ўз номзодини ўтказишга уринди. Аммо тўпланган 164 700 овозлар бюллетени солинган қутини сайлов комиссияси вакиллари «кеч бўлди» деб қабул қилишмади, ҳолбуки ҳали номзодларнининг бюллетенларини қабул қилиш учун ажратилган вақтнинг тугашига бир неча соат бор эди.

Мухолифат вакиллари барибир ўша ердаги қоровулга ва бир сайлов комиссияси вакилига овозлар тўпланган қутини топширишди. Бирлик халқ ҳаракати фаолларининг шунчалик қаттиқ уринишларига қарамасдан Ислом Каримов ҳукумати мухолифатнинг асосий вакилини сайловда қатнашишига кескин қарши туришди ва уни ўз билганларича, советлар тартибида ўтказишди, ва ниҳоят Ислом Каримов расман президент деб эълон қилинди.

Пойдеворлари хом бўлган, устунлари эса чириган ёғочдан ясалган бино сиз унга ҳар қанча зеб берганингиз билан охир оқибатда қулагани каби Ўзбекистоннинг илк бош устаси Ислом Каримов бошчилигида ёлғонлар, зўравонликлар, порахўрлик ва таьмагирликка асосланиб қурилган "мустақил" бино ҳам тўсатдан ағдарилди.




Собиқ бош устанинг вафоти (ёки атайлаб тезлаштирилган ўлими) Ўзбекистон деган мустақил давлатнинг аслида йўқлигини, унинг мустақиллиги ҳали ҳам, худди советлар давридагидек қоғоздалигини фош қилиб қўйди.
Совет иттифоқи қулаганига чорак аср бўлганига қарамасдан, Ўзбекистон ҳали ҳанўз Россиянинг мустамлакаси каби яшашга маҳкум экан, унинг ноқобил, номард ва қўрқоқ усталари ҳали ҳам Москвада ўтирган мустамлакачи бош устанинг гаплари билан иш қилишга маҳкум эканлар, аниқроғи шундай ишлашни исташар эканлар.

Бу нарсаларнинг барчаси Каримов вафоти билан фош бўлди, Ҳокимият биносида ўтирган ва бош устасини йўқотган бир гуруҳ қўрқоқ усталар аввалига ўзлари йиғилишиб, бир ҳафта давомида кимни бош усталикка қўйиш ишларини ўзаро маслаҳатлашдилар. Гаплари қовушавермагач оғир масалаларда Москвага мурожаат қиладиган собиқ бош устанинг йўлини тутиб, бетайин устанинг бетайин шогирдлари ҳам юзларини Москвага қараб буришди.

(Давоми бор)
Ҳазратқул Худойберди
2016.09.28



Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Ўзбекистон - Ўзбекистон мустақил давлатми ёки ҳамон Россиянинг мустамлакасими? Empty Ўзбекистон мустақил давлатми ёки ҳамон Россиянинг мустамлакасими? 2нчи Қисм

Post by Admin Thu Sep 29, 2016 4:41 am

....Россия президенти Владимир Путин ўзининг ўта қитмирлиги, шумлиги ва қабиҳ ниятли инсон эканлигини бир неча марта ички ва ташқи сиёсатда намоён этган давлат раҳбарларидан биридир. Ички сиёсатдаги унинг қабиҳликларига икки мисол уни башарасини фош қилади.

1. Путиннинг Россия мухолифатига қарши кескин уруш очганига кўп йиллар бўлди. Бу курашда у “душманни енгишда ҳар қандай усулдан фойдаланиш керак!” деган чекистлар ақидасини қўллаб келади. Яьни “ҳар қандай курашда мард, жасур ва адолатли бўлиш керак” деган азалий гапни Путин ва унинг атрофида тўпланган ҳокимият вакиллари сариқ чақага ҳам олишмайди.

Путин ўзининг ҳокимиятга келишида катта роль ўйнаган Россиянинг энг бойларидан бири бўлмиш, келиб чиқиши яҳудий бўлган Борис Березовский ва яна бир қанча одамларни йўқ қилди. Чунки улар ва айниқса Березовский, Путин ўзининг аслан нақадар хавфли ва жирканчи одам эканлигини амалда кўрсатгач, уни ҳокимиятга олиб келган шахслар ўзларининг қилган ишларидан пушаймон бўла бошладилар. Аммо донишмандлар “сўнгги пушмон ўзингга душмон”деганларидек, Березовскийнинг ўша тарихий фактлар ҳақида китоб ёзаётгани ва у китобда Путиннинг ҳокимиятга қандай олиб келингани фош қилинаётганидан хабар топган Путин(унинг устомон айғоқчилари бутун дунёга сочилганлар!) дарҳол ўзининг бу собиқ дўстини жисмонан йўқ қилишга буйруқ берди. Орадан бир неча кун ўтгач Березовский тўсатдан, сирли равишда ҳаётдан кўз юмди (http://dozor.kharkov.ua/news/crime/1137991.html) .


2. Путин ҳукми билан ўлдирилган иккинчи Борис Россия мухолифатининг кўзга кўринган раҳбарларидан бири Немцов бўлди. 2015й. 27 феврал тунда Борис Немцов Кремль деворлари ёнидаги кўприк устида отиб ўлдирилди. Бориснинг кўпчилик дўстлари ва мухолифат вакиллари бу қотилликда Путин ва унинг содиқ малайи Рамзан Қодировни айблашмоқда (http://www.svoboda.org/a/27989738.html ).


Бундан даҳшатли қотилликнинг асл сабаби Борис Немцовнинг бир томондан мухолифатнинг энг жасур ва ҳаракатчан раҳбарларидан бири эканлиги бўлса, иккинчидан Борис отилишидан бир неча кун олдин Россия ҳарбий десантчиларидан олган бир хатни 1 март куни бўладиган умумхалқ намойишида ўқиб бериб, Путиннинг Украинага қарши разилларча бошлаган урушини ҳарбийлар томонидан фош қилиш эди.

Бундай фош бўлиш ва шармандаликни ҳазм қила олмайдиган Путин Борис Немцовни намойишдан бир неча соат олдин йўқ қилишга буйруқ берди.

Россия десантчиларининг ўша хатининг мазмуни кейинчалик Бориснинг дўстлари томонидан ошкор этилди. Унда ёзилишича, Украинага урушга сафарга қилинган Россия ҳарбий десатнчи кучларининг кўпчилиги ёлланма аскарлар бўлишган экан ва уларга Россия ҳукумати маошларидан ташқари катта миқдорда пул, ва агар урушда жароҳат олсалар турли туман пенсиялар ваьда қилинган экан. Аммо урушда ҳалок бўлган десантчиларнинг оилаларига ҳеч қандай ёрдам берилмаган, урушда оғир ярадор ва ногирон бўлиб қайтиб келганларга эса ҳеч қандай товон тўланмаган. Ана шу нарсалардан қаттиқ норози бўлган ва соддадилларча Украинага қарши урушга кирган бу аскарлар оғир оқибатда Россия мухолифатига мурожаат қилиб Путин ҳукумати берган ваьдаларини бузганлигини фош қилишни истаганлар. Россиялик бир гуруҳ зиёлилар ушбу кунларда Борис Немцовга қарши уюштирилган сиёсий қотиллик ҳақида махсус фильм тайёрлашаяпти.  Ҳукумат ушбу жиноятни хаспўслаш учун тергов ишлари олиб бормоқда ва қўлга олинган бир неча чечен бандитлари(аслан ҳарбий офицерлар) айбни бир бирларига қўймоқдалар.

Путин ўзининг мухолифларига қарши айнан чечен бандитларини қўллаб келиши кўпчиликка анчадан бери маьлум.

Борисдан олдин журналист Анна Политковская, ҳуқуқбон Наталья Эстемировалар ҳам ваҳшийларча чечен бандитлари томонидан махсус буйруққа асосан ўлдирилган эдилар.

Путиннинг бу жиноий ишларига қисқача хулоса қилиб шуни айтиш керакки, у ўзининг барча сиёсий қотилликларида асосан икки кучдан фойдаланади: Биринчиси бу Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати, иккинчиси бу Чеченистон ҳарбий кучлари. Ҳар икки гуруҳнинг вакиллари Путинга ўла ўлгунча содиқ, унга қуллардек хизмат қилишга қасамёд қилган махлуқлар тўдасидир.

Бу гуруҳлар томонидан ўлдирилган Россия мухолифати вакиллари ва зиёлиларнинг сони бугунга келиб бир неча юз кишини ташкил қилади.


Владимир Путиннинг ташқи сиёсатдаги энг қабиҳ фаолиятларининг ўзагини Россия қудратини кучайтириш ва Совет Иттифоқи пароканда бўлиши сабабли йўқотилган барча мустамлака ерларни қайтадан Россиянинг ҳукмронлиги остига олишдир.


Путин ўзининг бу сиёсатини ҳокимиятга келган кунидан бошлаб юргиза бошлади ва ўтган нисбатан қисқа даврда Грузиянинг Жанубий ва Шимолий Осетия деб аталадиган, Украинанинг Қрим ярим ороли бўлган жаннатмакон ерларни Россияга қўшиб олди.

Сўнгги пайтларда Путин Қирғизистон ҳукумати билан бир талай хуфиёна ишлар қилмоқда, жумладан у Қирғизистон президенти Алмаз Атамбаевнинг 60 ёшга тўлиши муносабати билан уни Александр Невский ордени билан тақдирлади. (https://er.ru/news/146061/) . Айни пайтда Қирғизистон Евросиё Ҳамкорлиги деб аталмиш иттифоққа қабул қилинди.

Путин шуни биладики, собиқ Совет Иттифоқини эски шаклда қайтадан тиклаш жуда қийин, айниқса маданияти ва тили руслардан кескин фарқ қиладиган ва мустақиллик учун қаттиқ курашган Болтиқбўйи ва Кавказ давлатлари жумладан Латвия, Литва, Эстония, Грузия, Арманистон ва  Озарбайжонни Россия ҳукмронлиги остига олиш жуда қийин сиёсий масаладир. Масаланинг ўта қийинлигини тушунган Путин ўзининг гегемонистик режаларини амалга оширишда барча усуллардан фойдаланибкелмоқда.

Бир жойда ҳарбий кучни ишлатса(Грузия, Украина) иккинчи жойда хўжа кўрсинга дипломатия(Беларусь, Арманистон, Озарбайжон) ва учинчи жойда ҳам ҳарбий куч, ҳам дипломатия ва ҳам ҳийлаю найранг ишлатиб (Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистон) ўз мақсадларига эришишга уринмоқда.


Булар ичида Россия ҳукмронлиги остига энг яқин йиллар ичида қайтариш энг осон бўлган  республикалар айнан Қирғизистон ва Тожикистондир. Ҳар икки давлатда ҳам бугун Россиянинг махсус ҳарбий қўшинлари жойлаштирилган. (Россия ҳарбий кучлари жойлаштирилган давлатлар руйхати мана бу ерда: https://ru.wikipedia.org/wiki/%D0%A1%D0%BF%D0%B8%D1%81%D0%BE%D0%BA_%D1%80%D0%BE%D1%81%D1%81%D0%B8%D0%B9%D1%81%D0%BA%D0%B8%D1%85_%D0%B2%D0%BE%D0%B5%D0%BD%D0%BD%D1%8B%D1%85_%D0%BE%D0%B1%D1%8A%D0%B5%D0%BA%D1%82%D0%BE%D0%B2_%D0%B7%D0%B0_%D1%80%D1%83%D0%B1%D0%B5%D0%B6%D0%BE%D0%BC ).


Ўзбекистонда Россиянинг ҳарбий кучлари анчадан бери бор, аммо Каримов вафот этиши муносабати билан Ўзбекистонга Путин билан бирга уларнинг махсус махфий кучлари ҳам кириб келишди. Ҳозирча уларнинг сони кичик бўлсада бу бошланиши. Айни пайтда Ўзининг олий ҳокимиятдаги илк қадамлариданоқ Шавкат Мирзиёев Путинга худди Рамзан Қодировдек содиқ хизмат қилишга тайёрлигини фош қилиб қўйди. Аммо бу алоҳида мавзу бўлгани учун уни махсус бўлимда давом эттирамиз.

(Давоми бор).
2016.09.29

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Ўзбекистон - Ўзбекистон мустақил давлатми ёки ҳамон Россиянинг мустамлакасими? Empty Чирик устунларга қурилаётган давлат биноси. III Қисм

Post by Admin Fri Sep 30, 2016 6:09 am

Чирик устунларга қурилаётган давлат биноси.
III Қисм

Кўпчиликка маьлумки, Каримовнинг жанозасига давлат бошлиқларидан фақат учтаси келди: Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Афғонистон президенти Ашраф Ғани. Қолган давлатлардан асосан ҳукумат бошлиқлари келишди.

Орадан бир неча кун ўтгач Путин ҳам Самарқандга келди ва Каримовнинг гўрига гулчамбар қўйиб уни хотирлаган бўлди.
Аммо Путиннинг асосий мақсади ўтиб кетган Каримов эмас балки янги Ўзбекистон раҳбари масаласи эди.

Москвадан туриб телефон орқали ишни пиширган, яьни Шавкат Мирзиёевни вақтинчалик президент лавозимига тайинлашга эришган Путин энди шахсан ўзи келиб Мирзиёевни Ўзбекистон халқи ва дунё жамоатчилиги кўзида ошкора қўллашини намоён этди.

Путиннинг Самарқанд сафаридаги асл нияти ўзининг Ўзбекистон ички ишларида роли катта эканлигини кўрсатиб қўйиш эди ва у бунга эришди.

Путин азалдан Ўзбекистонни худди Тожикистон, Абхазия, Приднестровье ўлкалардек Россиянинг сателлитларидан бирига айлантиришга кўп уринган аммо Каримовнинг қаршилигига учраб келган эди.

Каримов фақат аҳволи оғир бўлгандагина Россия ва Хитой ҳукуматларига бир пайтда, параллель равишда мурожаат қилар, аммо бошқа пайтларда мустақил сиёсат юргизишга уринар эди.
Шундай ҳолат 2005 йил 13 майда, у ҳовлиқмалик қилиб Андижон халқининг улкан норозилик намойишини Рустам Иноятов(МХХ) ва Зокир Алматов(ИИВ) ёрдамида куч билан бостириб, минглаб одамларни, айниқса гўдаклар ва аёлларни аёвсиз ўққа тутганда юзага келди.

Ўша куниёқ Каримов Хитой ва Россия ҳукуматига юзланиб уни қўллаб қўвватлашларини илтимос қилди ва ниятига эришди. Бу икки давлатдан бошқа қарийб барча давлатлар раҳбарлари, шу жумладан АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқалар, Андижондаги қатағонни қаттиқ қораладилар.
Аммо Каримовни айнан Путин ва Хитой ҳукумати қўллаганлари учун у халқаро изоляция бўлиш ва БМТнинг махсус трибуналида судга тортилишдан қутилиб қолди.

Путинга Каримовнинг Россия қудратидан унга керак пайтда фойдаланиб, бошқа пайтларда ундан юз ўгириши ёқмас эди. Аммо Путин ҳам, Каримов ҳам собиқ Коммунистик партиянинг эски кадрлари бўлганлари ҳамда ёш бўйича ўртадаги фарқ катта бўлгани учун Путин Каримовни ҳурмат қилар ва шу сабаб уни ўз ҳукми остига олишнинг йўлларини топишга қийналар эди.

Каримовнинг тўсатдан вафоти Путиннинг Ўзбекистон ҳақидаги эски режаларини амалга оширишга қўлай имкониятлар яратди.
Ўз мақсадига эришишда ҳеч нарсадан қайтмайдиган Путиннинг нозик вазиятларда кескин ҳаракат қилиш каби қобилияти ҳисобга олинса, унинг нақадар айёр сиёсатчи эканлиги кўзга ташланади.

Шавкат Мирзиёевни Путин илгари, ўзи ҳам Россиянинг бош вазири бўлган пайтлардаёқ ва ундан кейин ҳам бир неча марта кўрган ва Мирзиёевнинг унга содиқлик ва лаганбардорлик билан муомала қилишини эслаб қолган эди. Шунинг учун Путин ўша пайтларданоқ Мирзиёевга Каримовнинг меросхўри сифатида қараган бўлиши мумкин деган хулосалар қилиш мумкин.

Путин ва Мирзиёев ўртасидаги ришталарни қаттиқроқ боғлашга хизмат қилган нарсалардан яна бири миллиардер Алишер Усмонов бўлди. Маьлумки Усмоновнинг Мирзиёев оиласи билан қуда-андачилик қариндошлиги бор.

Айни пайтда Путиннинг қўлидан “Россия қаҳрамони” унвонини олган Алишер Усмоновнинг оиласи Путиннинг оиласи билан узоқ йиллардан бери борди-келдиси борлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда кўплаб суратлар бор.

Ўзбекистон ичида эса Миллий Хавфсизлик Хизмати раиси Рустам Иноятов оиласининг Бош вазир Шавкат Мирзиёев оиласи билан қариндошлиги бор деган гаплар ҳам бор.

Ана шу икки фактор, яьни ташқаридаги ва ичкаридаги қўллаб-қўвватлашлар Шавкат Мирзиёевнинг аввалига Ўзбекистоннинг Вақтинчалик, 3 ойдан сўнг эса Доимий Президенти деб тайинланишига асос бўлади.

Сенат раиси Ниғматулло Йўлдошевнинг Олий Мажлис минбаридан туриб “Мен Ўзбекистоннинг Вақтинчалик Президенти лавозимини бажара олмайман” деб қўрқоқларча гапириши унинг аслан бир сиёсатчи эмас балки МХХ ва Олий Мажлисга алоқаси бўлмаган инсонларнинг қўлларида (худди бошқа барча депутатлар каби) оддий қўғирчоқ эканлигини намойиш қилди.

Аслини олганда Н.Йўлдошевнинг Олий Мажлисдаги бу чиқиши Маҳбуба Зокированинг бундан 11 йил олдин Олий Судда чиқишидан сўнг иккинчи сенсацион воқеа бўлди.

Ўзбекистон халқи ва дунё жамоатчилиги Ўзбекистон ичидаги асл сиёсатни ана шу икки чиқишда ошкора кўришга муваффақ бўлдилар. Ана шу икки чиқиш Ўзбекистонда асл вазият қандай эканлигини, ҳукуматнинг асл башараси қанақа эканлигини халққа ҳам, дунёга ҳам кўрсатиб Ўзбекистон диктатурасини шармандасини чиқарди.

Н.Йўлдошевдан сўнг нутқ қилган Акмал Саидов каби тулкилар эса вазиятни тўғрилашга, Конституцияни қўпол равишда бузилганлигини хаспўслашга уриндилар холос. Аммо фаросатли инсонлар Саидов каби хунасаларнинг вазифаси ва мақсадлари уларни боқиб турган Саройга сидқидилдан, ўла ўлгунча хизмат қилишдан бошқа нарса эмаслигини жуда яхши тушунадилар.
(Давоми бор).
2016.09.30

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Ўзбекистон - Ўзбекистон мустақил давлатми ёки ҳамон Россиянинг мустамлакасими? Empty Ўзбекистон давлатининг чириган устунлари. 4нчи Қисм

Post by Admin Fri Oct 07, 2016 5:49 am

Ўзбекистон давлатининг чириган устунлари. 4нчи Қисм

Мен мақолани бошида уй қуришда ҳам, давлат қуришда ҳам жуда кўп ўхшаш томонлар бор деб ёзган эдим. Ҳозир ўша фикрларимни кенгроқ ва атрофлича тушунтириб ўтишга ҳаракат қиламан.
Мен бу икки ўхшашликни қуйидагиларда кўраман:
- бир уй биносини қурилиши учун энг аввало бир режа тузилади, кейин эса қурилиш учун зарур бўлган материаллар танланади. Бу материаллар ичида энг асосийлари айнан пойдевор ва устунлар ҳисобланади.

- Давлат биносини қурилишида ҳам худди шундай, бу ерда ҳам аввал пишиқ ва пухта режа тузилади. Ундан кейин эса бинони қурувчиларини топиш лозим бўлади. Айниқса давлат биносининг пойдеворини қуришда талабчан ва жуда кўп нарсаларга эътибор берилиши лозим. Чунки давлат биносининг пойдеворини асрлар оша мустаҳкам туриши унинг қандай маънавий, сиёсий ва ижтимоий қадриятлар ва адолатли қонунларга асосланиб қурилишига боғлиқдир. Шундан сўнг мустаҳкам қурилган пойдеворлар устига давлат биносини кўтариб турадиган устунлар ўрнатилади.
Мен давлат биносининг устунлари сифатида ана шу давлат сиёсатини юргизувчи инсонларни назарда тутган эдим.

Афсуски Ўзбекистон давлатининг пойдевори эски, советлар даврида қурилган ва пойдеворга ишлатилган қоришмалар советларнинг коммунистик мафкурасидан олинган нарсалар эди.
Каримов бу бинони пойдеворини ҳам, бинони ўзини ҳам таьмирлашни истамади.
Давлат биносининг Пойдевори ва ўзини ҳам таьмирлашни талаб қилган сиёсий мухолифат вакиллари аввалига Ҳукуматнинг кескин қаршилигига учрадилар. Ҳукуматнинг кескин қаршилиги олдида чекинмаган мухолифат раҳбарлари ва фаоллари бирин кетин қамоқларга олиндилар, айримлари орқаравотдан, бошқалари эса куппа кундуз куни кўчада милиция ва МХХнинг зўравонликларига дучор бўлдилар, бир қанча фаоллар милиция ва МХХнинг ертўлаларида уриб ўлдирилдилар.
Буларнинг барчасига сабаб Ҳукумат советлар даврида советларнинг режаларига асосан қурилган давлат биносини зиғиртдек бўлсин ўзгартирмасликка қарор қилишган эди. Уларни ҳатто ана шу бинонинг архитекторлари қурган советларнинг Москвадаги Асосий Биноларининг пойдевор ва устунлар хом бўлганлиги сабабли ағдарилганлиги ҳам ўйлантирмас эди.
Чунки ўша пайтда уларнинг кўзига фақат Москва ёрдамида қўлга киритилган Давлат биноси ва ундаги барча лавозимлар, бу лавозимлар ортидан келадиган бойликлар ва имтиёзлар кўринар эди холос.

Мухолифат таклиф қилаётган ғоялар эса уларнинг сиёсий позицияларини кучсизланишига ва оҳир оқибатда ўз ўринларини мухолифатга бўшатиб беришларига олиб боришини улар жуда яхши тушунар эдилар.
Ана шунинг учун ҳам улар Ўзбекистон давлат биносини бошқа кучли давлатлар каби халқ манфаатлари ва келажак авлод учун мустаҳкам қуришни эмас балки ўз шахсий манфаатлари учун, уларни сақлаб қолиш учун қаттиқ курашдилар ва бу кураш ҳозир ҳам давом этмоқда.
Мавжуд ҳукумат бошиданоқ давлатни бошқаришни советлар тузумидаги каби юритишга қарор қилди. Чунки ҳукумат вакиллари ва асосан Ислом Каримов ва унинг энг яқин амалдорлари Москва ва советлар ёрдамида қўлга киритилган ҳокимиятни имкон қадар узоқроқ ўз қўлларида сақлаб қолиш учун қаттиқ курашдилар.

Совет Иттифоқи 1991йил декабр ойида тугатилгач Каримов ҳукуматининг пайтавасига қурт тушди. Энди улар Москванинг эмас балки Ўзбекистон халқининг қўллаб қўвватлашларига зор эдилар.
Аммо бунга эришиш учун нормал давлатлардаги каби эркин ва адолатли сайловлар ўтказиш ва у сайловларда марказий ва маҳаллий ҳокимият биноларини советлар замонидан бери эгаллаб ўтирган ўз одамларини ҳалқ қайтадан сайлашига эришиш каби улкан ишлар қилишини лозим эди.


Бу ерда Ҳукумат вакиллари советларнинг эскидан қўллаб келган қаллобликларидан фойдаландилар. Кўпчилиги сиёсий саводсиз бўлган Ўзбекистон халқини алдаш ва уларни овозларини собиқ коммунистларга беришлари учун ҳукумат томонидан оламшумул ишлар қилинди.

Ҳамма шаҳар ва қишлоқларда ҳукуматга содиқ бўлган собиқ ва содиқ коммунистларнинг суратлари илиб ташланди, халқ ана ўша одамларга овоз беришларига даьватлар қилинди, бу учун барча мавжуд газеталар, радио, телевидение, турли туман минбарлар ишга солинди.

Ўша пайтда мен САНИИРИ деб аталадиган илмий даргоҳда илмий ходим бўлиб ишлар эдим.

Мен ўша ердаги сайлов округида Ўзбекистон Олий Кенгашига икки номзодни кўрдим. Улардан бири САНИИРИнинг бош директори Виктор Духовний эди, иккинчиси эса Тошкент ирригация институтининг парткоми(яьни институтдаги коммунистик партия бўлимининг котиби) Шавкат Мирзиёев эди.


Ўша сайлов округидаги айрим ходимларнинг ва сайловчиларнинг гапларига қараганда Мирзиёев бир неча бор маҳалласида ва сайлов округининг бир неча жойларида халққа ош берган, одамларга гурунч, ун каби маҳсулотларни тарқатган. Мақсад кўпчилик сайловчиларни ўз томонига оғдириш бўлган албатта. Сиёсий саводсиз бўлган халқнинг Мирзиёевнинг бу ишлари аслида халққа пора бериш бўлганини, Мирзиёев ана шу йўллар билан халқнинг овозларини олишга ҳаракат қилаётганини тушунишга фаҳм фаросатлари етмаган.

Духовний эса фақат ўзига сайлов комиссияси томонидан ажратилган бир -икки учрашувга бориб, сайловчилар билан учрашди ва уларга ўзининг нима сабабдан Олий Кенгашга депутат бўлмоқчи эканлигини тушунтиришга ҳаракат қилди.

Аммо у пайтда оддий халқни номзодларнинг сиёсий гапларидан кўра оддий гаплари ва конкрет ишлари кўпроқ қизиқтирар эди. Шу сабаб ўша сайлов округида халққа гурунч ва ун улашган ҳамда унга қоп -қоп ваьдалар берган Шавкат Мирзиёев ғолиб чиқди, Виктор Духовний эса ўзининг академик фикрлари билан халқнинг қизиқиши ва эътиборини ўзига жалб қила олмай сайловда ютқазди.


Ўшанда ана шундай йўллар билан Ўзбекистоннинг қарийб барча сайлов округларида собиқ коммунистлар Олий ва маҳаллий кенгашларга қайтадан сайланиб олдилар. Фақат 10...12 фоиз депутатларгина мухолифат вакиллари бўлиб, улар халқнинг олдига чиқиб, Ўзбекистон келажакда қандай давлат бўлиши кераклиги, у қандай йўллар билан ривожланиши кераклиги ҳақида оташин нутқлар ирод қилиб ўз сайлов округларида коммунистлар устидан ғалаба қозондилар. Улар орасида Шовриқ Рўзимуродов, Тойиба Тўлаганова, Жаҳонгир Маматов каби ўнлаб инсонлар бор эди.

Аммо халқнинг ҳақиқий вакиллари Олий Кенгашда жуда озчиликни ташкил қилганлари учун ҳам Ўзбекистон давлатининг асосий пойдеворлари бўлмиш Парламент, Конституцион Суд ва Олий Судларга яна Каримов бошлиқ ҳукумат ва уларга бўйсунадиган Олий Кенгаш вакиллари томонидан собиқ ва содиқ коммунистлар сайландилар.

Ана ўша пайтдан бери ҳали ҳанўз, бугунги кунда Ўзбекистон давлат сиёсатида Парламент, Конституцион Суд ва Олий Судларнинг роли умуман кўринмайди, чунки улар биринчидан худди советлар давридаги каби Ҳукуматга қарам ҳолдаги давлат идоралари ҳолида қолдилар, иккинчидан эса уларнинг бирортасига нормал, ривожланган , замонавий давлатлардаги каби жиддий сиёсий ва қонуний ҳуқуқлар берилмади.

Аниқроқ айтадиган бўлсак Олий Кенгаш(бугунги Олий Мажлис), Конституцион ва Олий Суд вакиллари ҳеч қачон ўзларини мустақил ҳолда фаолият юритишларини талаб қилмаганлар ва бунга ҳаракат ҳам қилмаганлар.

Олий Кенгашда ана шу ҳақда, яьни Парламентнинг Ҳукуматдан мустақил ҳолда фаолият юритишини, Президент яккаҳокимлигига чек қўйишни талаб қилган депутатлар бирин кетин йўқ қилиндилар, уларнинг айримлари уриб ўлдирилдилар(Шовриқ Рўзмуродов), айримлари сирли равишда жуда эрта ҳаётдан кўз юмдилар(Тойиб Тўлаганова), айримлари қамоқларга ҳукм қилиндилар(Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов ва бошқалар), айримлари эса мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур қилиндилар (Жаҳонгир Маматов ва бошқалар).

Давоми бор.

2016.10.07

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Ўзбекистон - Ўзбекистон мустақил давлатми ёки ҳамон Россиянинг мустамлакасими? Empty Ўзбекистон давлатининг чириган устунлари. 5нчи,Сўнгги Қисм

Post by Admin Wed Oct 19, 2016 5:38 am

Ўзбекистон давлатининг чириган устунлари. 5нчи,Сўнгги Қисм

Ўзбекистон Олий Ҳокимиятининг ўзаги бўлган Парламент аслини олганда Бош ва Марказий Ҳокимият ролини бажариши керак эди. Чунки бутун дунёдаги барча озми-кўпми ривожланган давлатларда ҳақиқий сиёсий аҳвол худди ана шундай. Фақат диктатура ҳукмрон давлатлардагина Парламентнинг роли суньий равишда кескин пасайтирилган. Бунга сабаб диктатор ҳокимиятнинг ким биландир бўлишишни асло истамайди. Бундай давлатлар жумласига Шимолий Корея, Беларусь, Куба, Зимбабве, Сурия, Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва яна бир талай давлатлар киради.

Мустақил Ўзбекистоннинг илк Парламентида тахминан 20та мухолифат вакилларидан иборат бўлган депутатлар бор эди. Ана шу 20 одам бутун Ўзбекистон халқининг дарду ҳасратлари, унинг бугуни, эртанги куни ва келажаги ҳақида астойдил қайғурар эдилар.
Қолган 300та депутат эса Ислом Каримовга мусичалардек чўчинқираб қараб ўтиришар, у “тур!” деса туриб, “ўтир!” деса ўтиришар эдилар. Улар орасида бугунги бош вазир ва вақтинчалик президент вазифасини бажараётган Шавкат Мирзиёев, уни оёғини ялашга тушган Акмал Саидов, собиқ совет даврида Ўзбекистон раҳбари бўлган Шароф Рашидовнинг қизи Сайёра Рашидова, бугунги Конституцион Суднинг раис ўринбосари Бўритош Мустафоев кабилар бор эди.


Айнан ана ўша қўлга ўргатилган мусичасифат депутатларнинг қўрқоқларча писиб ўтиришларидан Каримов айёрлик билан фойдаланди ва уларнинг қўллари билан мухолифат вакилларидан иборат бўлган жасур ва мард, аччиқ ҳақиқатни гапирадиган, мамлакатда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар бўлишини талаб қилган, Ўзбекистонда ўзбек тили давлат тили бўлишини, Мустақиллик Баённомаси қабул қилинишини илк бор кўтариб чиққан депутатлар йўқ қилиндилар (уларнинг айримларини номлари ушбу мақоланинг 4нчи қисмида келтирилган).

Мустақил фикрловчи инсонлар ва мухолифатчи депутатлардан тозаланган Ўзбекистон Парламенти бир неча ой ичида Олий ва Марказий Ҳокимият мақомидан айрилди ва у ҳам 40дан ошиқ вазирлик, 10дан ошиқ турли туман бошқармалар ва 100дан ошиқ вилоят ва туман ҳокимлари каби бир шахс - Ислом Каримовга бўйсундирилдилар.


Бутун бошли ҳокимиятни ва унинг барча тизимларини ўз қўлларида жамлашни истаган Каримов қилган ишлари нақадар катта хато эканлигини тушунмас эди. Тушунмаслигига сабаб унинг сиёсий билимининг йўқлиги эди. У совет даврида ўқиган Тошкент Политехника институтининг сўнгги курсларида бор йўғи неча ой философия дарси ўтилган, кейинчалик у ҳукуматнинг молия вазирлигига ишга олинганда Олий партия мактабида совет бошқарув усуллари ва коммунистик партия раҳбарлиги ҳақида 2 йил билим олган эди холос.
Совет бошқарув услуби большевикларнинг 1917 йил Октябр ойида Россиядаги чор ҳукуматини ағдариб ҳокимиятга келишлари билан бошланди. Ленин бошлиқ большевиклар ҳукумати янги давлатни ёлғонларга асосланган сиёсат асосида юргиза бошладилар, ҳокимият биносини ўзлари билмаган, тушунмаган усти ялтироқ аммо ичлари чириган устунларга қура бошладилар.

Улар қурган ва “Совет социалистик республикалари иттифоқи (СССР)” деб аталган улкан ва ҳашаматли бино қудратли ҳарбий кучлари ва беҳисоб ресурслари бўлишига қарамасдан 74 йил деганда ичлари чириб кетган улкан чинордек гурсиллаб қулади.


Мен ўша давлат фуқароси бўлиб сал кам 40 йил яшадим, уларнинг 16 йили ғаму ташвиш билмайдиган болалик ва мактаб йиллари(агар ҳар йилги пахта, ягана ва пиллага мажбурлаш каби ишларни ҳисобга олмасак) қолган 24 йили тинимсиз меҳнат билан ўтди.
Аммо 24 йил ичида мен ёлғиз яшаганимда ҳам, кейинчалик оила қурганимда ҳам ортиқча ғаму ташвишсиз, ўртамиёна яшайдиган оила даражасига чиқа олмадим. Олий илмий даргоҳда 15 йил ишлаб эришганим 10 йил навбатда туриб эски бир квартира олганим бўлди. Оладиган маошим ойнинг охиригача етмас эди. Ҳафтанинг 7 кунида мен камдан кам пайтларда дам олишга муваффақ бўлганман, уларнинг 5 куни институтда, қолган 2 куни мардикор бозорида ўтар эди. Шундай ишламасам оилани тебратиш қийинлашар эди. Менга ўхшаб ойликдан ойликкача яшайдиган ва пул етмагач қўшимча ишлар қилишга мажбур бўлганлар сони миллионлар эди.


Совет ҳукумати чириган устунларга қурган бинонинг асосий камчилиги айнан ана шу ерда эди: марказий ва маҳаллий ҳокимият вакиллари халқнинг қонини суришар, уларга кам маош бериб халқнинг меҳнати эвазига яратилаётган бойликларни давлатнинг ҳарбий қудратини мустаҳкамлашга сарфлашар эди. Халқ бойлигининг асосий қисми болалар ва оналарга эмас, мактаб ва тиббий муассасаларни кучайтиришга эмас, қариялар ва ногиронларга ёрдам беришга эмас, меҳнаткаш халқнинг кундалик ҳаётини яхшилаш, уларга меҳнатига яраша ҳақ тўлашга эмас балки ҳарбий қудратни янада кучайтиришга, Ойга ва фазога космик кемалар учиришга, янги замонавий космик, нейтрон қуроллар яратишга, ерда, фазода ва сув остида ҳам душмандан устун туриш учун мўлжалланган улкан режаларга сарфланар эди.


Хўш, нега шунчалик қудратли армия тузган, дунёда энг кучли қуролларни яратган, 100дан ошиқ миллатлардан иборат 15та руспублика ва 100дан ошиқ автоном ўлкаларни бирлаштириб бошқариб турган улкан бир давлат тўсатдан гурсиллаб қулади?
Ана шу саволлар ҳақида ўйлаб кўрган ва уларга жавоб топишга уринган одам СССРни нима сабабдан қулаганини тушуна бошлайди.


Хўш, бугунги Ўзбекистон ҳукумати ҳам собиқ совет раҳбарлари чизиб кетган йўллардан юришлари тўғрими?
Каримов ҳукумати 27 йил ана ўша йўллардан юрди. Натижа нималарга олиб келди?
Бугунги кунда Ўзбекистон халқининг аксарияти мен ва мен каби миллионлар яшаган совет давридагидан ҳам бадтарроқ аҳволда яшамоқдалар.


Совет даврида биз камбағал бўлсак ҳам ҳар ҳолда электр чироғи ва газ ҳар доим бор эди. Бугун эса шу ҳам йўқ. Борлари эса ўчиб-ёниб одамларнинг таьбини ҳар куни тирриқ қилади, қанча қанча электрон асбобларни ишдан чиқаради, касалхоналарда хавфли вазиятлар юз беришига сабабчи бўлади.
Совет даврида биз камбағал бўлсак ҳам бир амаллаб ўз юртимизда кунимизни кўрар эдик. Бугун эса бунинг ҳам иложи йўқ. Бугунги кунда миллионлаб инсонлар бир бурда нон топиш ва оиласини боқиш учун Россия, Қозоғистон, Туркия ва ҳатто узоқ Корея ва Европа давлатларига бориб ишлашга мажбур бўлмоқдалар.
Бугунги Ўзбекистондан яхши тарафлари кўп бўлсада аммо устунлари чириган ёғочлардан қурилгани учун қулаган Совет давлатининг қурилиш ва яшаш услубини танлаш тўғрими?
Ахир бу йўл охир оқибатда фалокатга олиб борадику! Шундай бўлишини “буюк”Совет Иттифоқи ва “қудратли” социалистик лагернинг фалокатли интиҳосида кўрдикку.


Нега энди кўра била туриб Ўзбекистоннинг бугунги “янги” ҳукумати советлар ва Каримов кўрсатиб кетган йўллардан кетмоқдалар?
Бунинг сабаби жуда оддий:
Каримов ҳукумати советлар даврининг ва советлар ҳукуматининг маҳаллий кадрлари эди. Уларни Москвада ўтирган Совет Иттифоқи раҳбарлари тайинлашган эди. Улар советлар мактабида ҳукуматни қандай бошқариш керак деган, аслан нотўғри бўлган билимларни ўрганишган эди. Кейин айни ана ўша билимлар асосида давлатни бошқариб келишди.
Бугунги “янги” ҳукуматнинг қарийб ҳаммаси ва айниқса асосий вазирликлар Каримов тайинлаб кетган одамлардир.
Шунинг учун бу одамлардан қандайдир янгиликлар кутиш фойдасиздир.


Ушбу кунларда Мирзиёев қилаётган айрим административ ўзгаришлар асосан унча аҳамиятли бўлмаган вазирликлар, вилоят ва маҳаллий давлат идораларига тегишли холос. У ўша жойлардаги айрим ходимларни алмаштирмоқда, бундан асосий мақсад 1нчидан ўзига содиқ инсонларни ўз атрофига тўплаш, 2нчидан бўлажак Президент сайловларида ана шу янги тайинланган ходимлар ёрдамида имкон қадар, ҳар турли йўллар билан кўпроқ овозлар тўплашга эришиш.


Булар Мирзиёевнинг эҳтиёткорона қилаётган биринчи қадамларидир. Асосий қадамларни у президент бўлиб сайлангач қўя бошлайди. Ана ўшанда у диктаторликда Каримовдан ҳам бадтарроқ усулларни қўллашига, истаган марказий ва маҳаллий даражадаги ўзига ёқмаган одамларни, уларнинг билими ва салоҳиятидан қатьий назар, ишдан олиб ташлашга, керак бўлса уларнинг айримларини жисмонан йўқ қилишга ҳам ҳеч иккиланмай бораверади.
Бу демак Ўзбекистон халқини бошига янада оғирроқ кунлар келади.

Чириган устунларга қурилган иморатни минг таьмирлаганингиз билан сақлаб қола олмаганингиздек, чириган устунларга қурилган давлат биносини ҳам янги, усти ялтироқ аммо ичи қалтироқ устунларга алмаштириш орқали сақлаб қола олмайсиз.
Бугун янги замон, янги даврдир. Бу даврнинг талаби ҳар қандай давлат биносининг қурилиши энг аввало унинг фундаментини мустаҳкам қуришни тақозо этади. Фундаменти қурилгач унинг устига мустаҳкам, бақувват ва минг йиллар бинони кўтариб туришга чидайдиган устунлар тикка қилинади.
Токи бу ишлар қилинмас экан ҳар қандай ҳукумат ҳам ва улар бошқараётган ҳар қандай давлат биноси ҳам эртами кечми барибир қулайдилар.

Ҳазратқул Худойберди
2016.10.19

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Ўзбекистон - Ўзбекистон мустақил давлатми ёки ҳамон Россиянинг мустамлакасими? Empty Re: Ўзбекистон мустақил давлатми ёки ҳамон Россиянинг мустамлакасими?

Post by Sponsored content


Sponsored content


Back to top Go down

Back to top

- Similar topics

 
Permissions in this forum:
You cannot reply to topics in this forum