Форум_Ўзбекистон

Ўзбекистон Ҳукумати вакили Рустам Азимовга очиқ хат.

Avvalgi mavzu Keyingi mavzu Go down

Ўзбекистон Ҳукумати вакили Рустам Азимовга очиқ хат.

Post by Admin on Mon Jul 11, 2016 10:06 am

Ўзбекистон Ҳукуматининг вакили Рустам Азимовга очиқ хат.
Жаноб Рустам Азимов.

Бизга маьлум бўлишича, президент Ислом Каримов ўзидан сўнг Ҳокимиятнининг бошқарув тизимларини Ўзбекистон Конституциясига, Президент сайлови ҳақидаги қонунга ва демократик тамойилларга таянган ҳолда, адолатли ва эркин сайловлар йўли билан сайланган янги президентга эмас, балки сизга, ўзи ишонган одамга, ўзининг сўнгги ва шахсий буйруғига асосан, топширишни режалаштириб юрибди.

Айни пайтда мамлакатда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий мўҳит ўта оғир ва ўта хавфли аҳволда.

Бундай вазиятда қандайдир бир кўринишдаги бирор сиёсий ўзгариш(масалан, Каримовнинг ҳокимиятдан кетиши) сал кам 30 йилдан бери миллионлаб гектар майдонда қуриб, қақшаб кетган улкан хас-хашаклар тўпламига бир гугурт чўпини ёқиб ташлагандек вазиятни юзага келтириши мумкин.
Чунки Ислом Каримовнинг қаттиққўллик ва яккаҳокимликка асосланган бошқарув режими сабабли мамлакатда миллионлаб фуқароларнинг аҳволи бугунги кунга келиб ўта ночор аҳволга тушди.


5...6 миллион забардаст ва меҳнаткаш фуқаролар- аёлу эркаклар Россия, Қозоғистон, Туркия, Европа ва Американинг турли давлатларида ўн йиллардан бери ишлаб, Ўзбекистондаги оилаларига ҳар йили 5..6 миллиард доллар ёрдамида пул жўнатиб турибдилар.
Ўзбекистоннинг 31 миллионли аҳолисининг асосий қисми чет эллардан жўнатилаётган ана шу пуллар эвазига, қолган бир қисми ўзларининг кичик тадбиркорликлари эвазига, учинчи қисми ўзларининг бир парча ерлари (бу кўпинча 10...15 сотих томорқа)дан тушадиган озроқ маҳсўлотлари эвазига кун кечирмоқдалар.
Аҳолининг тахминан 5..8 фоизи эса (шу жумладан сиз, сиз каби турли туман ҳокимият тизимларининг вакиллари, милисалар, ҳарбийлар, МХХ ходимлари, прокурорлар, судьялар, касалхоналар, мактаблар, қамоқхоналар ходимлари ва бошқа бюджет ҳисобидан кун кўрадиганлар) давлат корхоналаридан тушадиган фойда ва халқдан олинадиган солиқлар эвазига яшамоқдалар.


Бу демак, халқнинг асосий қисми ўзини ўзи боқишга маҳкум қилинган. Агар халқнинг ана шу ўзини ўзи боқиш ва таьминлаш имкониятларига ҳокимиятнинг вакиллари ўз кўзларини олайтирмаган ва халққа тегинишмаганда бу хатни ёзиб ўтиришга ҳам ва ортиқча ташвиш чекишга ҳам ҳожат йўқ эди.
Аммо ҳамма бало айнан ана шу ерда, яьни меҳнаткаш, ўзини ўзи боқишга ҳаракат қилаётган халқнинг охирги бурда нонини ҳам халқ боқаётган, қорни тўйса ҳам кўзи тўймайдиган ҳокимият вакиллари тортиб олмоқдалар.


Ҳар бир туман ва шаҳардаги ҳар бир тадбиркорга ўша туман ёки шаҳар ҳокими ва маҳаллий МХХ раҳбарлари томонидан махсус, қонунларда ёзилмаган солиқлар солинган. Оддий тилда бунинг номи рэкет дейилади. Ким унга қўйилган солиқни ва талаб қилинган порани ўз вақтида тўламаса у одам ўша куниёқ ҳам ўз бизнесидан, ҳам топган бойлигидан ажралади. Талон-тарож қилинган бир бечора тадбиркорнинг оҳу зорига эса бирор милиса ёки прокурор қулоқ солмайди ва сиз буларни жуда яхши биласиз ва тушунасиз.


Талон тарож жонига теккан тадбиркорлар кўтарган ғалаёнлар қандай оғир оқибатларга олиб келганига бир мисол Андижонда 2005 йил 13 майда юз берган фожеалардир.

Бундай фожеалар кичикроқ кўринишда бутун мамлакат бўйлаб доимий равишда юз бермоқда. Фақат улар ҳақида овоза қилинмайди холос, чунки халқнинг ҳам, маҳаллий ва марказий журналистларнинг ҳам оғизларига тушов солинган. Биз фақат онда сонда, ўта оғир жиноятлар бўғзига тиқилган халқдан айрим жиноятлар ҳақида эшитиб қоламиз холос.

Шундай жиноятлардан бири ўтган йили Бухорода юз берди.
Бухоро вилояти МХХ бўлими раисига ҳар ой олиб турган порасидан ташқари яна унинг бир тўйи учун қўшимча 5000 доллар бермагани сабабли  уриб ўлдирилган Илҳом Ибодов ҳақидаги даҳшатли жиноятни бугун бутун дунё билиб турибди. Ака ука тадбиркорлар бўлмиш Ибодовларнинг бошларига тушган мусибатлар афсуски якка-дукка эмас, бу каби жиноятлар бошқа яна минглаб тадбиркорларнинг бошларига тушган ва шу соатларда ҳам тушмоқда.


Тадбиркорлардан сўнг энг кўп азият чекаётган халқ бу фермерлардир. Улар йил-ўн икки ой оғир меҳнатлар қилиб, уруғ, техника, кредит деб елиб югуриб, ундан сўнг 7..8 ойлаб ерда оғир меҳнатлар қилиб топган ҳосилининг қарийб 90 фоизини давлатга, давлат ўрнатган нархларда топширишга мажбур қилинмоқдалар. Унинг устига ҳокимлар ҳар ой фермерларни тўплаб худди совет даврларидек уларни сўроққа тутиб, уриб, сўкиб қўйилган планларни бажаришни талаб қилмоқдалар. Халқ олдида сўккани учун фермерлардан таёқ еган бир неча ҳокимлар ҳақида кўпчиликнинг хабари бор. Улардан бири сиз таниган Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими, халқ ичида Гитлер лақабини олган муттаҳамдир.


Қўлига ва тилига зўр берадиган ҳокимларнинг сон саноғи йўқ ва ҳар замонда уларнинг айримлари фош бўлиб қолишади ва жазога тортилишади. Аммо қўли ва тилига улардан минг чандон зўр берадиган бирорта МХХ зобити жазога тортилмайди, чунки МХХ зобитларидан ҳамма, шу жумладан прокурор ва судьялар ҳам қўрқадилар. Айнан Милисалар ва МХХ ходимларининг зўравонликлари Ўзбекистонни дунёда “Ёпиқ Полиция Давлати” деб аталишига сабаб бўлмоқда. Милисаларнинг кундалик жиноятларидан биргина мисол мана бу ерда келтирилган: Бу ҳикояда милисалар бир бегуноҳ йигитни қамоққа олиб, кейин уни қийнаб, унинг бўйнига қандай қилиб жиноятларни илиш ва қийноққа солиб таҳқирлашлар акс эттирилган: http://forumuzbekistan.forum2x2.ru/t202p25-topic#1196

Айнан милисалар ва МХХ ходимларининг чегара билмас зўравонликлари миллионлаб гектарга сочилиб кетган улкан хас-хашак уюмига ўт кетишига олиб келиши мумкин.

Ўрмонга ўт кетса ҳўлу қуруқ баробар ёнади. Шу нарсани ёдда чиқармаслик керак.


Ҳокимиятнинг нотўғри иқтисодий сиёсати туфайли юз бераётган бундай талон тарожликдан кўпчилик фермерлар касод бўлмоқдалар, қарзларга ботмоқдалар. Ана шундай мисли кўрилмаган талон тарожлардан безор бўлган бир гуруҳ фермерлар яқинда ўзлари етиштирган дон маҳсўлотларини ёқиб юборишга аҳд қилганлар. Чунки давлатга топшириб ўзига ҳеч вақо қолмас экан ундай маҳсулотдан менга нима фойда – деб ҳаққоний фикрлашади улар чорасизликдан.


Санай десангиз Ўзбекистонда турли туман соҳаларда миллионлаб муаммолар бор. Мавжуд сиёсий тузум ва мавжуд сиёсий ҳокимият бу муаммоларни тўғри ҳал қилиш имконига эга эмас. Бу муаммоларни ҳал қилиш учун энг аввало мамлакатда соғлом сиёсий мўҳит яратилиши керак. Бундай мўҳит яратилиши учун энг аввало сиёсий мухолифатга рухсат берилиши керак, ундан сўнг ўзгача фикрловчи инсонларга, ҳар бир соҳанинг кучли муттахасисларига Эркин Сўзлаш имкони берилиши керак. Токи сиёсий эркинликларга йўл берилмас экан иқтисодий эркинликка ва у орқали иқтисодий ривожланишга эришиб бўлмайди.


Менинг бу мактубимдан асосий мақсад шуки, сиз Ўзбекистоннинг бўлажак раҳбарлигига асосий номзодлардан бири бўлганингиз учун мен кўтарган ўта оғир ва ўта мўҳим масалаларга ҳозирданоқ жиддий эътибор беринг.
Улкан хас ва хашак уюмига биров гугурт ёқиб ташламасдан олдин бу хавфни олдини олиш учун, мамлакатдаги ўта оғир вазиятни юмшатиш ва уни секин аста йўлга солиш учун ана шу ишларни қилишга қодир бўлган Ўзбекистон демократик мухолифати вакиллари  билан алоқа ўрнатинг.


Шуни билингки жаноб Азимов, агар улкан хас ва хашаклар уюмига ўт кетса уни на МХХ, на ИИВ, нада Ўзбекистон ҳарбий кучлари тўхтата оладилар.
Чунки улар бундай улкан гулханга қарши курашиш саньати ҳақида ҳеч қачон эшитмаганлар ҳам, уни ўрганмаганлар ҳам. Бундай ишларни билиш учун инсон бир умр сиёсатчи ва айни пайтда турли туман сиёсий вазиятларни  ўрганган олим ҳам бўлиши керак.


Сиз мавжуд тузумни вакили бўлсангиз ҳам ўша бўлиши мумкин бўлган улкан гулханда жинояткор МХХ ва ИИВ ходимлари билан бирга ёниб, куйиб кул бўлишни истамасангиз керак.


Агар шундай бўлса, у ҳолда биз билан боғланинг ва муаммолар ечимлари ҳақида кичик бир даврада сўҳбат ўтказишни ташкиллаштиришга бир ташаббус кўрсатинг.
Сиздан бошқа бирор давлат вакилининг бундай улкан муаммолар ҳақида бош қотиришига ишониш қийин. Уларнинг аксариятининг бугунги асосий ташвиши битта: Каримов кетса мен қандай йўллар билан ўз мансабим, ўз мавқеим ва барча топган бойликларимни сақлаб қола оламан? – деган масаладир.
Яъни улар асосан қорин ва мансаб дардида куйишади холос ва сиз буни жуда яхши тушунасиз.
Бас шундай экан Ўзбекистоннинг эртанги тақдири учун юқоридаги гаплар ҳақида бугун бир ўйлаб кўринг .



Ҳурмат ила
Ҳазратқул Худойберди
Ўзбекистон Озодлик ҳаракати
2016.07.11


Admin
Admin

Number of posts : 1208
Join date : 04/02/2010

Foydalanuvchi profili http://stopdictatorkarimov.com

Yuqoriga Go down

Ўзбекистон: диктатор Каримов соғлиғининг ёмонлашиши ва ёки ундан ҳам ёмонроқ аҳволга тушиши нималарга олиб бориши мумкин?

Post by Admin on Mon Aug 29, 2016 11:20 am


Ўзбекистон: диктатор Каримов соғлиғининг ёмонлашиши ва ёки ундан ҳам ёмонроқ аҳволга тушиши нималарга олиб бориши мумкин?

Бу савол бугун нафақат Ўзбекистонинг 30 миллионли аҳолисини балки кўплаб узоқ ва яқин давлатларда яшовчи айрим одамларни ва айниқса сиёсатчиларни ҳам ўйлантираётган куннинг саволи десак адашмаймиз.

Шу сабаб бу масалада айрим сиёсий фикрлар айтмоқчиман.
Гап бугун Каримовнинг аҳволи нақадар оғирлигида эмас балки эртами-кечми юз берадиган воқеа ва унинг ортидан юз берадиган воқеаларнинг ривожланишини тахмин қилишдир.

Нормал, демократик давлатларда сиёсий тахминларга ҳожат йўқ, чунки у ерда ҳамма нарса олдиндан белгилаб, қонунлар билан мустаҳкамлаб қўйилган.

Диктатура ва автократия ҳукмрон бўлган давлатларда эса афсуски ҳеч бир сиёсий масалани олдиндан белгилаб бўлмайди, чунки бу каби давлатларда қонун ишламайди. У ерларда олий ҳокимиятнинг куч ишлатар тизимларида ўтирган мансабдорлар ва уларга яқин бўлган сиёсатчилар ҳал қилишади.

Ана шулардан келиб чиқадиган бўлсак ё шу кунларда, ёки кейинроқ, аммо сиёсий жараёнларнинг айнан ана шундай сценарий асосида ривожланишини тахмин қилиш мумкин.

Мен бир неча йил олдин ёзган мақолаларимда Каримовдан сўнг қонун бўйича Парламент раиси эмас балки МХХ раиси Рустам Иноятов қўллайдиган номзод ҳокимиятга келади деган эдим. У одам бугунги бош вазир Шавкат Мирзиёевдир.

Аммо бу номзодга қарши одам ҳам бор, у бош вазирнинг ўринбосари Рустам Азимовдир.

Гап шундаки, Р.Азимов Мирзиёвнинг елкаси оша ҳатлаб ўтиши учун у аввал йўлда турган асосий тўсиқни йўқ қилиши керак. Демак у ё ўз адашини машинасини ўзига содиқ ҳарбий ёки бошқа (мас., Президент гвардияси, Президент хавфсизлик кучлари)кучлар ёрдамида тўхтатиб, уни асир олиб кейин МХХ бошқарувини ўзига содиқ одамга топшириб, ундан кейин бош вазир билан очиқчасига гаплашиши керак.

Иккинчи вариант шуки, у тинч йўлни танлаши, Мирзиёев унга таклиф қилган бош вазирликни олиб, шунга рози бўлиши ҳам мумкин.
Аммо ҳамма бало шундаки, Мирзиёев уни ана шу йўллар билан алдаб, кейин уни "Мирсаидовга қарши ўйин" сценарийси(1992 йилда Каримов ана шунақа ҳийла найранг қилиб Шукрулло Мирсаидовни Бош вазирликдан олиб, унга Вице-президент лавозимини берган эди. Буни вақтида тушунган ва қарийб отсиз чавандоз ролига тушиб қолган Мирсаидов ўшанда ўз ихтиёри билан истеьфога чиққан эди) асосида йўқ қилиши мумкин.

Мен ҳозирча учинчи вариант ва учинчи номзодни кўрмаяпман. Жараёнларни қандай кетиши эса мени фикрларим нақадар ҳақиқатга яқинлигини секин аста кўрсатади.

Каримовнинг касали ҳақида. У аниқ бўлди, қизи Лоланинг Фейсбокда ёзишича, унинг отаси инсультга дучор бўлган экан, бу мияга қон қўйилиши касаллигидир ва унинг оқибатида инсон ҳаётдан кўз юмиши, жони жуда қаттиқ бўлсагина у вақтинча(!) тирик қолиши аммо тилдан, эшитиш, кўриш ва яна бир талай қобилиятлардан ажралиб қолиши ҳам мумкин. Бундан 3 йил олдин инфаркт, яьни юрак уришининг тўхтаб қолиши касалига мубтало бўлган одамнинг энди инсультга учраши унинг соғлиғи ўта оғир аҳволда эканлигидан далолат беради.
Бундай ҳолларда Каримов давлатни эмас ҳатто ўзини ўзи бошқариш имконидан маҳрум бўлгани учун Оқ Саройда мансаб талашишлар юқорида ёзилгандек давом этаверади.

Admin
Admin

Number of posts : 1208
Join date : 04/02/2010

Foydalanuvchi profili http://stopdictatorkarimov.com

Yuqoriga Go down

Avvalgi mavzu Keyingi mavzu Yuqoriga


 
Permissions in this forum:
Bu forumdagi mavzularga javob bera olmaysiz