Форум_Ўзбекистон

Ўзбекистон халқи ва мавжуд ҳукуматнинг демократик мухолифатга улкан ва долзарб эҳтиёжи ҳақида

Avvalgi mavzu Keyingi mavzu Go down

Ўзбекистон халқи ва мавжуд ҳукуматнинг демократик мухолифатга улкан ва долзарб эҳтиёжи ҳақида

Post by Admin on Fri Jan 22, 2016 7:03 am

Ўзбекистон халқи ва мавжуд ҳукуматнинг демократик мухолифатга улкан ва долзарб эҳтиёжи ҳақида

Бугун на Ўзбекистон халқининг асосий кўпчилиги, нада Шавкат Мирзиёев бошлиқ ҳукумат вакиллари ва уларнинг жойлардаги амалдорлари халқ ва давлат учун демократик мухолифат нақадар зарур эканлигини, унинг мавжудлиги улкан ва долзарб аҳамиятга эга эканлигини тушуна олмаябдилар.

1989-1991 йилларда гуркираб ривожланган Ўзбекистон демократик мухолифати ўз ютуқларига ўша пайтда мамлакат Совет Иттифоқи таркибида бўлгани учун ва бутун Иттифоқ бўйлаб Ошкоралик ва Қайта қуриш сиёсати олиб борилаётгани шарофати эвазига эришган эди.
Ўша даврда мухолифат барча собиқ совет республикаларида бирдек ривожлана бошлаган эди. Улар ичида энг кучлилари Болтиқ бўйи давлатларида, улардан сўнг Россия, Гуржистон, Озарбайжон ва Ўзбекистонда ташкил топган эди.

Қолган республикаларда мухолифат ривожланиши нисбатан орқада эди. Буни жамиятда интеллигенция, яьни ўқимишли ва турли туман соҳаларда кучли муттахасисларнинг ана шу давлатларда аҳоли жон бошига ҳисоблаганда қай даражада кўпчиликни ташкил қилганлиги билан тушунтириш мумкин.

Ўша пайтларда Ўзбекистонда оғир ва енгил саноат юқори даражада ривожланаётган эди, бизда ишлаб чиқарилаётган Ил-76 учоқлари, тракторлар нафақат барча республикаларга балки чет элларга ҳам сотилар эди, олтин, уран, алюминий ишлаб чиқариш ҳам юксак савияда эди, турли туман қишлоқ хўжалик маҳсулотлари эса кўплаб давлатларга сотилар эди.

Бу соҳаларда ишлаган одамларнинг кўпчилиги ўқимишли одамлар эди. Айнан ана шу билимли одамлар сафидан уларнинг энг илғор ва фаоллари Ўзбекистон Бирлик Халқ Ҳаракатига, Эрк  ва Озод деҳқон партияларига, Тўмарис хотин қизлар ташкилотига, Эркин ёшлар уюшмасига, Тадбиркорларнинг илк мустақил касаба уюшмасига оқиб кела бошлаган эдилар.

Бундай улкан потенциал у пайтларда кўплаб қўшни республикаларда йўқ эди ва Ўзбекистон ўзининг бундай кучли ва фаол мухолифати билан том маьнода фахрланса арзийдиган давлат эди.

Афсуски бу потенциал ва қудратни айнан ўша йилларда Москва томонидан тайинланган ашаддий коммунист раҳбар Ислом Каримов тушунмади. Бугун унинг ўрнини эгаллаган Шавкат Мирзиёев ҳам ҳар қандай давлатда мустақил ва кучли мухолифат бўлиши нақадар улкан аҳамиятга эга эканлигини тушуниб етгани йўқ6 у ҳатто буни тушунишга уринмаяпти ҳам. Ҳокимиятга келганига 2 ойдан ошиқ вақт ўтган бўлса ҳам у "демократик мухолифат" сўзини бирор марта бўлсин ишлатгани йўқ! Ана шу нарсани ўзиёқ унинг умумий сийсий масалаларда нақадар нўноқ эканлигини кўрсатади.
Бундай мўҳим нарсани унинг бир ўзи тушунмаса гўрга эди. Аммо асосий муаммо шундаки, Ислом Каримовдан қолган мулозимлар армияси мухолифатни у айтганидек “қора кучлар” деб қарашга ўрганиб қолишган.

Бу ҳар қандай давлат ва унинг халқи учун улкан фожеадир қачонки у давлатнинг раҳбарлари халқнинг сиёсий томондан етук фарзандларини “қора кучлар” деб атасалар!

Бу ҳолатни оддийроқ қилиб тасвирлаш учун шундай мисол келтириш мумкин.
Фараз қилингки бир халқнинг улкан армияси бор. Ҳар қандай Армиянинг асосий вазифаси бу ўз халқи ва давлатини ҳар қандай ташқи кучлар тажовузидан ҳимоя қилишдир.

Энди фараз қилингки, ана шу Армия сафларида сараланган бир дивизия бор. Бу дивизия худди Спартанинг аскарларидек махсус қудратга эгадирлар ва улар жанг қилишнинг олий услубларини мукаммал ўрганганлар. Уларнинг Спарта аскарларидан фарқлари шундаки, улар нафақат жанг қилиш саньатини балки ҳарбий бўлинмаларни бошқариш саньатини ҳам мукаммал ўрганганлар.

Ана шундай мухолифатга эга бўлган давлат ва уларнинг халқлари бахтли халқлардир. Чунки уларнинг кучли мухолифат вакиллари бу бир резерв кучдир. Агар тўсатдан, масалан худди Польшада бундан бир неча йил олдин бўлгани каби(ўшанда Смоленск шаҳрига Сталин даврида минглаб қатл қилинган поляк офицерлари ва аскарларини мозорини зиёрат қилишга келаётган ҳукумат учоғи туманли аэропортга қўнишда ҳалокатга учраган ва барча ҳокимият вакиллари ҳалок бўлган эдилар) , бутун ҳокимият вакиллари фалокатга учрасалар, бундай ҳолда ҳокимиятни тезда ўз қўлига ола ва уни бошқара биладиган кучли инсонлар бўлиши керак.

Кучли мухолифатга заруратнинг энг мўҳим томони шундаки, давлатни бошқараётган ҳукумат турли масалаларда халқнинг кўнглини тўлдира олмаётган бўлса, у ҳолда халқнинг норозиликларини олдини олиш ва мамлакатни инқироздан олиб чиқиш учун янги ҳокимиятга сайловлар ўтказилиши талаб қилинади.

Янги ҳокимиятни сайлаш бу ҳар қандай давлатда бўлиши мумкин бўлган инқирозларни енгиб ўтишнинг энг оддий ва юз йиллар давомида синалган ягона усулидир.

Янги ҳокимият эса фақат ва фақат мухолифат вакиллари томонидан тузилиши мумкин, чунки мамлакатни инқирозга олиб келган мавжуд ҳокимият вакиллари сайловларда енгилиши табиий ҳолдир.

Халқ эса айнан эркин ва адолатли сайловлар орқалигина янги ҳокимиятни тузиш каби  ўзининг энг муқаддас вазифаларидан бири амалга ошира олади.



Эркин ва адолатли сайловларда қатнашиш ҳар бир давлатдаги барча вояга етган фуқароларнинг муқаддас вазифасидир.
Бунга сабаб шуки, фуқаролар айнан ана шу сайловлар орқали ўзлари таниган, билган ва ишонган билимли, ўқимишли, фаросатли инсонларни ҳкомиятнинг турли органларига сайлаш орқали  ўзларини ва фарзандларининг келажак  ҳаётларини бахтли, фаровон бўлишига эриша олишлари мумкин холос.

Бунга юзлаб мисоллар келтириш мумкин, масалан эркин ва адолатли сайловлар ўтказиш  ва шу сабаб ҳокимиятни тез тез алмаштириб туриш имконига эга бўлган Ғарбий Европа, Америка, Жанубий Осиёнинг айрим давлатларидаги халқларининг аксарияти (!) бугунги кунда фаровон ва бахтли яшаш имкониятларига эришганлар.  
 
Қиссадан хулоса шуки, ушбу кунда Ўзбекистон халқининг ва шу жумладан мавжуд ҳукуматнинг ҳам демократик мухолифатга улкан ва долзарб эҳтиёжи бордир.

Бундай эҳтиёжни кеч бўлсада англаб етиш, англаб етгач эса шунга қараб иш тутиш бугунги куннинг энг мўҳим ишларидан биридир.

Бу иш қанчалик орқага ташланаверса халқнинг бахтли ва фаровон ҳаёти ҳам шу қадар орқага ташланаверади демакдир.

Бу аччиқ ва оддий ҳақиқатни бугун барча, каттаю кичик тушуниб, англаб етиши керак.
Акс ҳолда вақтида қондирилмаган бу эҳтиёж борган сари оғир ижтимоий касалликларга олиб келиши ва халқнинг ҳаётини янада оғирлаштириши, у эса ўз навбатида халқни оғир ҳаётга қарши бош кўтаришга ва турли туман тўполонларни бошлаб юборишга мажбур қилиши мумкин.

Бу дунёда инсоният ўзининг минг йиллик тарихида бир нарсани чуқур тушуниб етди: Ҳар қандай даҳшатли фалокатни ҳам енгиш мумкин - қачонки сиз у фалокатни бошқариш саньатини эгаллаган бўлсангиз.

Бундай саньатни эгаллаш учун эса ҳар бир халқ ўз бошидан ўша даҳшатли фалокатни кечириши шарт эмас балки ўзга халқлар тарихи, улар бошидан ўтган фалокатларни ўрганиши, улар йўл қўйган хатоларни четлаб ўтиши ва ниҳоят улар эришган ютуқ ва муваффақиятларни доимий равишда ўрганиб бориши унга фаровон ва бахтли ҳаёт қуришда етарли билим бўлади.
Ҳамма гап ана шу билимга интилишда, уни чуқур ўрганиб кейин ҳаётга тадбиқ қилишда холос.

Бугун Ўзбекистон халқини оғир ва ташвишларга тўла қийинчиликлардан олиб чиқиш йўлларини биладиган ва мавжуд ҳукумат билан сиёсат майдонида рақобатлаша оладиган мухолифат сафлари фалокатли даражада камайиб кетмоқда.


Одамларда қачондир мамлакатда тўлиқ  адолат ўрнатилиши ва сиёсий, демократик мухолифатга эркин фаолият юритишга имкон берилишига ишонч борган сари сўниб бормоқда.

Бу эса ўз навбатида одамларнинг сиёсат қизиқишини сўндирмоқда.

Бундай вазиятда ягона ютуқ фақат ҳокимиятнинг олий мансабларида ўтирган бир ҳовуч амалдорларга тегишли бўлмоқда холос. Уларнинг иккинчи, учинчи, тўртинчи ва бешинчи поғоналардаги амалдорлари эса оддий халқ каби истаган пайтда ишдан ҳайдалишлари, милиса ёки Миллий хавфсизлик хизмати, ёки маҳаллий ҳокимларнинг таьқиб ва тайзиқларига дучор  бўлишлари хавфи остида яшашга мажбурдирлар.

Ана шунинг учун ҳам нафақат оддий халқ балки ҳокимиятнинг иккинчи, учинчи, тўртинчи ва бешинчи даражадаги вакиллари ҳам бугун дўппини ерга қўйиб мамлакатдаги умумий сиёсий ва ижтимоий вазиятга баҳо беришга ҳар замонда уриниб кўришлари керак, бўлаётган воқеаларга холисанилло баҳо беришни, нима учун кундалик ҳаётнинг кечиши яхшиланмаётгани ҳақида фикрлаб туришлари лозим.
Буюк Суқрот айтганидек, ҳар қандай ҳокимият учун энг катта хавф бу фикрлай оладиган фуқароларнинг кўплигидир.

Ҳазратқул Худойберди
2015.10.25 битилди. 2017 7 февралда қайта таҳрир қилиб6 тўлдирилди.
2016.01.22да қайта ишланиб, айрим қўшимчалар киритилди.


Admin tomonidan Tue Feb 07, 2017 5:43 am da o'zgartirilgan; jami 2 marta o'zgartirish kiritilgan

Admin
Admin

Number of posts : 1162
Join date : 04/02/2010

Foydalanuvchi profili http://stopdictatorkarimov.com

Yuqoriga Go down

Етук жамиятлар ҳақида қисса

Post by Admin on Tue Feb 07, 2017 5:28 am

Демократиянинг асосий устунлари.

Ривожланган дунёнинг ютуқлари энг аввало ҳар қандай давлат ва жамиятнинг қайси йўналишда ва қандай қадриятлар асосида иш юритишларига боғлиқ.
Бугунги кунда дунёнинг энг ривожланган давлатларида жамиятдаги барча жараёнлар ва давлат сиёсатини юргизиш демократик асосларда олиб борилмоқда.


Айнан демократик қадриятлар дунёдаги миллионлаб инсонларга тўкин-сочин, фаровон ва бахтиёр ҳаёт бахшида қилмоқдалар.
Давлатни демократик асосларда бошқариш барча соҳаларда доимий ривожланиш, эришилган ғалабаларни мустаҳкамлаб, камчиликларни эса доимий равишда тузатиб боришга қаратилган.


Бундай буюк ва оламшумул ишларни бажариш учун биргина ҳукумат сиёсатини ўзи камлик қилади.
Агар бир жамият ҳаётини улкан карвонга қиёс қилсангиз, бу карвонни ёнида кетаётган забардаст ўғлонлар ва жасоратли қизлардан ташқари минглаб араваларда ўтирган болалар, беморлар, ногиронлар, қариялар ва турли кўринишдаги ёрдамга мўҳтож бўлган миллионлар ўтиришганини кўришингиз мумкин.


Улар узоқ сафарда пиёда юришга қодир бўлмаган, зарур бўлганда карвоннинг араваларини итариш ёки тортишга ёки қандайдир бошқача кўринишда шу карвонга ёрдам беришга ожиз бўлганлари учун уларни ана шу араваларга ўтқазишган.
Карвонни жилдириб кетаётган асосий куч эса халқдир, халқнинг забардаст ва бақувват ўғлонлари ва дадил қизларидир.


Ана шу карвонни равон йўллардан кетишини таьминлаш энг аввало карвон тузилиб йўлга чиқишдан олдин қабул қилинган асосий шартлар ва қонунларга боғлиқдир. Йўл йўлакай эса бу қонун ва шартлар янада мукаммаллаштирилиб борилаверади, чунки йўлда учраган турли туман тўсиқларни енгиб ўтиш учун ўша жойга мос бўлган ва учраган ҳар бир конкрет тўсиқни енгишга қаратилган турли туман ечимлар фармон ва қонунлар шаклида қабул қилиб борилади.


Айнан ана шу йўлдаги қийинчиликлар ва тўсиқлар қанчалик олдинроқ кўрилса шунчалик тезроқ уларни ҳал қилиш ва ортдан келаётган карвонни ноқўлай ва хавфли жойларда тўхтаб қолмаслигини таьминлаш мумкин. Фараз қилингки, карвон улкан жар ёқасига келиб тўхтаб қолди. Олдинга йўл йўқ, ортга қайтиш эса аллақачон яйловларидаги ўтлари карвон моллари томонидан еб тугатилган ва қолганлари янчилиб кетган манзилларни англатади.
Чўпонлар янги яйлов излагани каби бу халқ карвони ҳам янги манзилларга етиб бориши керак.
Аммо жардан қандай ўтилади?


Ана шунақа тўсиқлар чиқиши мумкинлигини билган фаросатли карвонбошилар ва улардан олдин ўтган раҳбарлар ёзиб қолдирган тартиб-қоидаларга асосан ҳамиша карвонни олдида Авангард кучлар борадилар.
Улар чор атрофни ўрганиб, йўлларда учраган тўсиқларни енгиб ўтишнинг чораю тадбирларини олдиндан ўйлаб, ечиб борадилар.
Ана шу Авангард кучлар токи карвон етиб келгунча бу жарликни айланиб ўтиш йўлларини излашади ёки жарликдан ўтиш учун кўприк қуриш чора тадбирларини бошлаб юборишади.

Карвон ва унинг ҳаёти бир жамиятнинг ҳаёти демакдир.

Жамият ҳаётида авангард кучларни ташкил қиладиган кўплаб гуруҳлар ва ташкилотлар бўлиши бу жамиятнинг ривожланиш гаровидир.
Ушбу мақоламда мен ривожланган давлатлардан бири бўлган Швеция жамиятидаги авангард кучлардан иккитаси ҳақида сўз юритмоқчиман.


Улардан бири швед тилида Оффентликҳетпринципен, иккинчиси Публиксервис деб аталади.
Бу икки нарса ўта мўҳим бўлгани учун мен уларнинг асосий мазмунларини оригиналда келтираман ва кейин таржимасини ҳам бераман.
Швеция Ҳукуматининг порталида бу ҳақда шундай ёзилган:


1.Offentlighetsprincipen är en grundläggande princip för vårt statsskick. I en av våra grundlagar, tryckfrihetsförordningen, finns det bland annat bestämmelser om rätten att ta del av allmänna handlingar. Denna rätt är ett uttryck för offentlighetsprincipen (http://www.regeringen.se/…/offentlighetsprincipen-och-sekr…/ ).

Таржимаси:
Умумий жамоатчилик принципи давлатимиз қурилишидаги пойдевор принципдир. Бизнинг асосий қонунларимиздан бири бўлган Матбуот эркинлиги ҳақидаги қонунда фуқаролар барча умумий ҳужжатлар билан танишиш ҳуқуқига эгадирлар деб белгиланган. Бу ҳуқуқ умумий жамоатчилик принципини англатувчи тушунчадир.


2.Public service (i allmänhetens tjänst, allmännyttig, allmänradio eller allmän-TV[1]) är en radio- eller TV-verksamhet som syftar till att ge allmänheten en särskild sorts berikande programutbud genom att företaget i fråga har ett avtal med staten rörande bolagets innehåll. (https://sv.wikipedia.org/wiki/Public_service ).

Таржимаси:
Публик сервис/Жамоатчиликка хизмат (жамоатчиликка хизмат қилиш, кўпчилик учун зарур бўлган умумий Радио ёки умумий ТВ) бу кенг жамоатчиликка барча мўҳим хабарларни бойитиб, махсус дастурлар асосида олиб борадиган ва ўз фаолиятини давлат билан шартнома асосида юритадиган ширкатдир.
(давоми бор).
2017.02.06

Admin
Admin

Number of posts : 1162
Join date : 04/02/2010

Foydalanuvchi profili http://stopdictatorkarimov.com

Yuqoriga Go down

Ўзбекистон давлатининг сиёсати ва унда мухолифатнинг ўрни ҳақида

Post by Admin on Sat Feb 25, 2017 6:30 am

Ўзбекистонда янги президент ва унинг қарийб янги ҳукумати иш бошлаганига орадан 2 ойдан кўпроқ вақт ўтди.

Шу давр мобайнида анчагина хайрли ишлар қилинди, бир неча сиёсий маҳбуслар озод қилинди, ўзбек жамиятида адолат ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таьминлай олмаган Ички ишлар вазири алмаштирилди, Миллий хавфсизлик хизматида ҳам бир неча генераллар ишдан кетди, уларнинг бошлиғи Рустам Иноятов ҳам ишдан кетиш арафасида турибди.

Аммо хайрли ишлар билан бир қаторда янги президент Шавкат Мирзиёев бир неча жиддий хатоларга ҳам йўл қўйди. Масалан, Ўзбекистон ва ҳатто МДҲ давлатлари ичида отнинг қашқасидек барчага таниш мафиози Салимбойвачча билан яқин алоқалар ўрнатди, жиддий жиноятлари сабабли ишларидан ҳайдалган аммо пора сабабли қамоқлардан қутилиб қолган бир неча вазирлар ва ҳокимларни қайтадан юқори лавозимларга ишга олди.

Аммо унинг энг жиддий хатоси шундан иборатки, у ҳам худди Каримов каби Ўзбекистон мухолифати ҳақида бирор сўз айтишга ўзида журьат топа олмаяпди. Бу масалада унинг сукут сақлаши ва кутиб туриши фақат бир нарсани англатади:
Президент Шавкат Мирзиёев ҳали ҳанўз "мухолифат" деган сўзнинг асл маьносини тушуниб етмаган. Бу сўз нимани англатишини ва у сўз ортида кимлар туришини, у инсонларнинг мақсадлари қандай эканлигини у билмайди, билишни ҳам истамайди.

Ҳолбуки Ўзбекистоннинг мустақиллиги айнан ана шу мухолифатнинг жиддий ва матонатли курашлари эвазига амалга ошди. Ўзбекистон мухолифати СССРда, Михаил Горбачев даврида Ошкоралик ва Қайта қуриш сиёсати шарафи сабабли Польша, Чехословакия, Болтиқ бўйи давлатлари, Украина, Россия ва Озарбайжондаги мухолифатчилар билан бир пайтда дунёга келди , улар билан ҳамкорликда ўзининг кенг кўламли фаолиятини олиб борди.

Бугунга келиб бизнинг ҳамкорларимиз Болтиқ бўйи давлатларида , Польшада, Чехия ва Словакияда, Украинада ҳокимиятга келишди. Бунга асосий сабаб уларнинг демократия яхши ривожланган Ғарбий Европага яқин бўлганлари бўлди.
Аммо Марказий Осиёда жойлашган Ўзбекистон мухолифати ён атрофдаги давлатларда бўлгани каби ҳукумат томонидан қаттиқ исканжага олинди, юзлаб мухолифат вакиллари ўлдирилдилар, минглаб мухолифатчилар қамоқларга ташландилар, ўн минглаб қолганлари ё чет элларга кетиб яшашга, ёки сиёсатдан чекинишга мажбур қилиндилар.

Бир инсоннинг кучли сиёсатчи бўлиб етишиши учун жуда кўп вақт керак, у инсонда кучли матонат, ўткир фикр,халқ ва Ватан учун қаттиқ қайғуриш туйғуси бўлиши керак. Ана ўша сиёсатчининг мухолифатчи бўлиши учун эса унданда кўпроқ матонат, сабр бардошлик, барча воқеалар ва муаммоларни атрофлича таҳлил қилиш қобилияти ва ҳар қандай қаршилик ва қийинчиликларга, қамоқлару таьқиб ва тайзиқларга қарамасдан, собитқадамлик ила ўз фаолиятини давом эттира олиш журьати ҳам бўлиши керак.

Ана шундай одамлардан воз кечган ҳокимиятни ақлли ҳокимият деб бўладими?

Халқнинг ичидан чиққан кучли резерв кадрлардан фойдаланишга қўрққан ҳокимиятни халқ ҳокимияти деб атаб бўладими?

Ана шу аччиқ ҳақиқатларни, Ўзбекистон мухолифатининг халқ ва Ватан учун роли нақадар мўҳим эканлигини жаноб Мирзиёев бирор кун тушуниб етармикин?

Admin
Admin

Number of posts : 1162
Join date : 04/02/2010

Foydalanuvchi profili http://stopdictatorkarimov.com

Yuqoriga Go down

Сиз кимсиз ўзи жаноб Шавкат Мирзиёев – Ўзбекистоннинг янги президентими ёки Террористик Ҳукуматнинг лидерими?

Post by Admin on Sun Mar 12, 2017 5:21 pm

Бир камбағал ёш она ва норасида гўдак мисолида Ўзбекистон тақдири


Бу мақолани ёзилишига «Озодлик» Радиоси тарқатган бир хабар (http://www.ozodlik.org/a/28362377.html ) сабаб бўлди.
Видеолавҳадан иборат бу хабарда ёш ёлғиз она Муҳаббат Қаюмова ноиложликдан, кўзларида ёш билан радио орқали одамларга» Болам оч қолмасин, ёрдам беринглар» деб мурожаат қилди.

Уни кўрган мингларча инсонларни кўнгиллари бузилди, шу жумладан менинг ҳам.

Аммо Шавкат Мирзиёев бошлиқ янги ҳукуматнинг вакиллари эса ана шу Муҳаббат каби камбағал, ёлғиз, ёш болали қанчадан қанча оналарга, қанчадан қанча ёлғиз қолган ва ёрдамга мўҳтож қариялар ва ногиронларга давлат ҳисобидан ижтимоий ёрдам бермай келаётгани ўша одамларга ва Аллоҳга аён.
«Озодлик « Радиосига раҳмат, ана шундай миллионлардан биттасини тақдирини бизларга кўрсатгани учун. Орадан бир неча соатлар ўтгач Радио ходимлари иккинчи лавҳани кўрсатишди, унда бир гуруҳ инсонлар ўша аёлни уйига кўргани ва ёрдам берган боришгани кўрсатилди.

Бу видеолавҳани кўрган кўплаб инсонлар Радиодан ўша бечора аёлнинг телефон номерини сўраб ёрдам беришга ошиқдилар.
Аммо мен бу ерда «Озодлик» Радиоси кўрмаган ва ёзмаган нарсалар ҳақида фикр юритмоқчиман.

-----------------------------------------------------------------------------------

Хўш, кўпчилик соддалар ва лаганбардорлар мақтаётган Шавкат Мирзиёевнинг янги ҳукумати бу лавҳани кўриб нима қилди?
Хоҳ ишонинг, хоҳ йўқ аммо у муттаҳамлар Муҳаббатхоннинг уйига Сирдарё тумани Ижтимоий ёрдам бўлимининг ходимларини эмас балки Ички Ишлар вазирлигининг зўравон милисаларини ва ҳатто маска кийган бир тўда ифлосларни бир камбағалгина аёлнинг уйига жўнатишибди!
Мен бу маьлумотларни Муҳаббат Қаюмовага телефон қилиб, ундан ҳол-аҳвол сўраган фаолимиз гапларига асосланиб ёзмоқдаман.


Бу нима бедодлик жаноб янги президент!

Ходимларингиз эсларини еб қўйишганми?
Ёки сизнинг отахонингиз Каримовдан сарқит қолган барча муттаҳамларни алмаштиришга вақтингиз етмаятими?
Сиз ҳатто ўша жоҳил отахонингиз каби 25 йил ҳукмронлик қилганингизда ҳам барча муттаҳам, жоҳил, порахўр, билимсиз ва маданиятсиз юз минглаб амалдорларни алмаштиришга вақтингиз етмайди!

Чунки сизнинг иш услубингиз ўша жоҳил отахонингизнинг иш услубидан тариқча бўлсада фарқ қилмайди.
У ҳам ўзи мақтаб мақтаб юқори мансабларга ўтқазиб қўйган ҳокимлару вазирларини бир муддат ўтгач ўзи сўкиб ва тепиб ишдан ҳайдар эди.


Вақт борида сиз жаноб Мирзиёев, иш услубингизни ўзгартиринг, Парламент, Суд ва Матбуот мустақиллиги ва эркинлигини таьминлашга ҳаракат қилинг.

Акс ҳолда сиз ҳам отахонигиз каби халқ орасида Жоҳил диктатор Номер 2 бўлиб тарихда қоласиз.

Бугун тарих сизга Ўзбекистондаги Жоҳилият ва Ғофилиятга барҳам беришга бир имкон берди.


Вақт борида халқнинг боши ва елкаларини босиб турган ана шу 2 балогардонни йўқ қилишга, халқнинг кўкрагига эркинлик шабадалари тегишига имкон яратинг, халқни ғамида куйиб пишадиган Мухолифат ва Инсон ҳуқуқлари фаолларига мамлакатда эркин фаолият юритишларига йўл очинг!


Сирдарё тумани ҳокимиятини эса бир камбағал ва ёшгина аёлни ва унинг оч қолаётган гўдагини ҳимояга олмаганлари учун давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлари сўроққа тутсин.
Туман ҳокимиятидаги муттаҳам раҳбарлар нега ожизгина бир ёш аёл ва унинг бир неча ойлик гўдаги ёнига Ижтимоий Ёрдам бўлими ходимларини эмас балки милисалар ва маска таққан ифлосларни қарши ташлаганини аниқланг.
Давлат ҳокимияти вакилларининг ёрдамга мўҳтож фуқароларга қарши маска таққан аскарларни жўнатиши фақат бир нарсани – бу ҳукумат Террористик Ҳукумат эканини кўрсатади холос!

Сиз кимсиз ўзи жаноб Шавкат Мирзиёев – Ўзбекистоннинг янги президентими ёки Террористик Ҳукуматнинг лидерими?

Admin
Admin

Number of posts : 1162
Join date : 04/02/2010

Foydalanuvchi profili http://stopdictatorkarimov.com

Yuqoriga Go down

Re: Ўзбекистон халқи ва мавжуд ҳукуматнинг демократик мухолифатга улкан ва долзарб эҳтиёжи ҳақида

Post by Sponsored content


Sponsored content


Yuqoriga Go down

Avvalgi mavzu Keyingi mavzu Yuqoriga


 
Permissions in this forum:
Bu forumdagi mavzularga javob bera olmaysiz