Форум_Ўзбекистон


Join the forum, it's quick and easy

Форум_Ўзбекистон
Форум_Ўзбекистон
Would you like to react to this message? Create an account in a few clicks or log in to continue.

Эврил Турон. Кишанланган қалблар

Go down

эврил - Эврил Турон. Кишанланган қалблар Empty Эврил Турон. Кишанланган қалблар

Post by Admin Tue May 05, 2015 3:40 am

Эврил Турон
КИШАНЛАНГАН ҚАЛБЛАР
Эссэ
Yo’ldoshlarim
Олам икки асоснинг ,ибтидонинг,
Yucel Tanay va
Яъни Ёруғлик ва Қоронғулик,
Hakan Coskunarslanga
Яхшилик ва Ёмонликнинг тўхтовсиз
курашидан иборат.
Оваста

Ўзи сазавор бўлмаган мақтовни талаб қилиш – аҳмоқлик. Замахшарий
Илм эгалари билан ёзувчиларни
доим ўзимга яқин олдим.
Душман кайфиятида бўлганларга ҳам
ҳомийлик қилдим.
Темур

Ким бировга номеҳрибонлик тиғини
тортса, унинг ўзи раҳмсизлик қурбони бўлади. Навоий


I Қисм
ЎЛИМ КУНДАЛАРИ
Менинг гапларимни эшит, мағзини
чақ, тагига ет. Мен елга сўзламаяпман.
Бобом Аҳмат Оқсоқолнинг
Отам Маҳмуд узунга айтгани.
СССР...
Унинг ули, девори , умуман,бор-буди инсон қони эвазига қурилган эди. Тиконли симлар билан ўралган, дажжоллар билан қуршалган бу темир қафасга кириб ҳам бўлмасди. Ундан чиқиб ҳам. Чунки эшиксиз, туйнуксиз, ҳавосиз, қоронғи эди у.
СССР...
Бу қамоқхонадан девор оша овоз чиқмасди.
Дард,
Алам,
Нола,
Йиғи,
Оҳ – зорлар ҳам...


--------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------
ули, ул – фундамент, пойдевор.

СССР...
Унга:
Севги,
Севинч,
Тафаккур ёт эди.
СССР...
Бу Тангрисиз тузумнинг мафкураси сароб эди.
СССР...
Унинг бошқарув усуллари:
Зўрлик,
Зулм,
Зуғум,
Таҳқир,
Қамоқ,
Қийноқ,
Ўлим... эди.
Ўлим кундалари:
Сталин,
КГБ,
МВД...
Улар:
Ҳур фикр,
Чин сўз,
Ақлдан ўлатдек қўрқардилар.
Шунга:
Ҳақиқат,
Адолат,
Эрк эшикларини бўғовлаб қўйгандилар.
Шунга:
Ёлғон,
Туҳмат,
Фитна,
Иғво уяларини қургандилар.
Булар:
Газета,
Журнал,
Радио,
Телевизор,
Институт,
Университет,
Партия мактаблари.
Булар:
Тарғибот,
Ташвиқот марказлари.
Яна...
Э – ҳе, уларнинг сони маймуннинг жунидан ҳам кўп.
Улар ҳар куни бир сақични чайнашарди:
Сталин,
Компартия,
“Улуғ оға”га ҳамду сано айтишарди.
Америка,
Овропага гўр қазишарди.
Сталин,
КГБ,
МВД
Оғизларни,
Кўзларни,
Қулоқларни,
Қўлларни,
Оёқларни боғлашди,
Мияларни,
Онгларни,
Қалбларни кишанлашди.
Нимага?
Ҳақни айтмаслиги,
Кўрмаслиги,
Эшитмаслиги учун.
Чин сўзлаганлар:
Қамалди,
Отилди,
Осилди,
Сургун этилди.
Уруғ – аймоқлари билан...
Айниқса:
Илмли кишилар,
Ёзарлар,
Олимлар,
Шоирлар...
Бунга Фитрат, Чўлпонлар мисол.
Ўлдирилганлар сони хомчўт қилинса, 25 милиондан ошади.
Академик Сахаров сўзи:
“Сталин ва унинг “Ўлим машиналари” ҳалқлар бошига келган ўлат эди.”

Қама – қама, ўлдир – ўлдирлардан кейин ўрис ҳам, украин ҳам, ўзбек ҳам, қозоқ ҳам, латиш ҳам, гуржи ҳам, армани ҳам... ҳуллас, СССР таркибидаги ҳамма элу элатлар қўрқиб қолишди. Шунга:
Ҳақиқат,
Адолат,
Тўғри сўз,
Эзгу фикрлар қаршисида титрашди.
Ёлғон билан яшашди.
Сталин,
Копмартия,
Тузум,
“Улуғ оға”ни мақтаб кун кўришди.
Кишанланган қалбларнинг дамлари ичларида бўғилди.
Фитрат сўзи:
“Зулмни мақтаган кишилар тирик қолишди”.
Булар:
Санаб саноғига етиб бўлмайди.
Бари қутуриб яшади.
Сохта довруқ билан...
Энди ёздиқлари ёзилма¹да. Шунга қарамай, ялов қилинаётир.
СССР, Компартия, “Улуғ оға” маддоҳлари байроқ...
Мустақил Ўзбекистон буни қандоқ тушунади?
Қўли қонларни ким қўллаётир?
Кимлар ?
Давлат тизимларига тиш-тирноқлари билан ёпишиб олган, бойигандан-бойиб,семиргандан-семириб кетган издошлари эмасми?
Хайриддинлар,
Айритиллар... эмасми?
Уларни ким ўқийди.
Эл жим.
Чучмал нарсаларга ким тоқат қилади?
Оёқ учида ёзиладиган нарсаларга...
Зотан ялтоқ қалблар миллат дардини ёзишга қодир эмаслар.
Шароф Рашид сўзи:
“Қўллари қон каслар Эл, Юрт, Эрк учун курашган кишиларни ўлдиришган”.
Ўлим кундалари тиғи билан...
КГБ архивини очинг. Ҳаммаси ойдин бўлади. Ялоқлар:
СССР ўлиги устида йиғлаб ўтиришибди.
--------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------
¹Ёзилма – Ҳожатхона.
Келажаккв сабоқ бўлиши учун ҳам, келажакда бу ҳол қайтарилмаслиги учун ҳам КГБ архиви очилиши , сотқинларнинг асл башаралари элга кўрсатилиши лозим. Ўзи, аслида, Мустақилликнинг биринчи йилида иш шундан бошланиши керак эди. Шунда халқ том маънодаги ватан хоинларини билиб олардилар. Шунда халқ том маънода юрт ботирларига – Чўлпон, Фитратларга ҳайкал қўярдилар. Ғулом , Қаҳҳор, Аҳмадларга эмас.
Қўли қонларга шафқат килишлик нечун?
Илонларга раҳм этиб бўладими?
Шафқат қилинмаганда, Мурод Гул га ўхшаш ўртабузарлар қанот ёзармидилар? Ҳаром бойликдан қутурармидилар?Барзанги ит билан кўнгил хушлик қилармидилар?..
Йўқ.
Чориқларини судраб юрардилар...

СТАЛИННИНГ ЎЛИМИ ВА КЕЙИН...

Ўғлим , бировларнинг гапини бўлмай
Эшит. Тўғрими,нотўғрими, юзига солма.
Кунгли оғримасин. Ичингда қорадан оқни ажрат...
Бобомнинг отамга ўгити.
Сталин қарғишдан ўлди!
Халқлар қарғишидан!
Миясига қуйилган қон оғу бўлиб, оғзи-бурнидан чиқди.
Кечагина “доҳий” нинг соясига салом бериб, ялоғини ялаб юрган каслар байрам қилишди.
Ўликка байрам.
Халқдан яширинча.
Вайрон этгувчи зилзиладан ер титрагандек, машъум қувончдан Кремл титради.
Жаллодлар: “Энди нима бўлади?” деган ўй, ваҳима,талвасада қонсираган тишлари билан тилларини тишлашди,тўнғиз тус манглайларини қашлашди. Қалтираб .
Жаллодлар:
КГБ,
МВД,
Прокуратура,
Суд...
Жаллодлар:
“халқлар отаси” нинг:
Қўриқчилари,
Жосуслари,
Ёлланмалари,
Хуфялари,
Эгизаклари...
Афтода бир ҳолда...
Қанотлари синган қарғалар мисол...
Сталиннинг ўлигига осилишди:
Душманлари эмас, ишонган кишилари:
Ёнидагилар,
Етти букилганлар,
Думларини ликиллатганлар,
Кўкларга кўтариб мақтаганлар...
Шулардан энг ялтоғи Хрушчев эди. Сталин ўлимидан энг севинган ҳам у бўлади. Буни қаранг ,одамни билиб бўлмас экан-а! “Доҳий”нинг ишончига кириб олиб, уни заҳарлади...
“Сталиннинг шахси”га сиғинишда минг-минглаб кишилар:
Айбланди,
Қамалди,
Отилди.
Бу –кечган замон матбуотида ёритилган.
Бу- КГБ архивларида чанг босиб ётибди.
Мен фақат бир мисол келтираман.”Доҳий” нинг ўлимидан суякни кўрган итдек қувонган ким эди?
Берия!..
Манглайидан отилди.
Мия қатиқларига қотилган ҳаром қони атрофни булғади.

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

эврил - Эврил Турон. Кишанланган қалблар Empty Эврил Турон. Кишанланган қалблар. 2 Қисм

Post by Admin Tue May 05, 2015 3:57 am

ЭСКИ ҲАММОМ, ЭСКИ ТОЗ
Зўравонлик, охир бориб зўриқтиради.
Шекспир.
Гуржи ўрисга ўлим машинасини қолдирди. У 38 йил бузилмай ишлади.
Қон эвазига...
Ғорот эвазига...
Сўнг тўнғиз қўпди.
Қарғишдан ,
Кўз ёшдан,
Оҳу ноладан...
Хрушчев Сталин сиёсатини давом эттирди. Брежнев ҳам. Деярли ўзгаришсиз. Фақат Эрк эшиги хиёл очилди. Фақат КГБ, МВД жиловлари хиёл тортилди. Оммавий – ахборот воситалари ўзгаришсиз қолди. Ўша-ўша:
Олди- қочди гаплар,
Кўпик гаплар,
Туҳмат гаплар,
ура-уралар...
Тонгдан-тунгача ўзларини мақташади.
Тонгдан –тунгача Ғарбни ёмонлашади.
Мақсад :
Халқни алдаш, қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириш...
Бунга халқ ишонадими?
Ўзлари ишонмаган нарсага ким ишонади?
Тентакми ?
Итми ?
Эшакми ?
Ҳамду саною бўҳтонлардан:
Ер бўкди,
Кўк бўкди.
Сталин порадан, кайф-сафодан, айш-ишратдан ўзини тийган. Унинг қизи- Светлана очлик ва хорликдан ўлган...
Кейинги “доҳийчалар” (КПСС Марказий Қўмитаси Бош Котиблари) эса пишқиргандан- пишқириб яшадилар. Бунинг устига “Сталин шахсига сиғиниш” “топилма”сидан ҳам ўзларига хулоса чиқариб олмадилар. Мадҳдан шишиб, семириб кетдилар.

Шекспир сўзи:
Ҳаддан ортиқ керилса,
Мақтовларга берилса
Омон топмас ҳеч одам...
Омон топмас шайтон ҳам!¹..

Хрушчевни ўз севимли ялтоқлари оёғини осмондан қилишди.
Брежневнинг тобутини ўз ялоқлари зулматга ташлаб юборишди.

Турк сўзи:
Ишонмагин дўстингга ,
Самон тиқар пўстингга.

СССР ўлимига – зулум асосига қурилган ёлғон сиёсат билан эл-юртни оёқ ости қилган раҳномалар сабабчи бўлишган. Яна ҳам ойдинроқ айтганда:
Тож-тахтга қора қуртдек ёпишиб олган,
Халқдан ажралиб қолган.
Ҳақиқатдан қўрққан,
Ўз сафосини ўйлаган,
Калласи пуч.
Қўли қон,
---------------------------------------------------------------------------------------------------------------------
¹Омон топмас шайтон ҳам – Эврил турон сўзи

Эътиқодсиз раҳномалар...
Ўн бешта республика жилови шу раҳномалар илкида эди.
От мисоли. Айниқса, ўрта Осиё тизгинини қаттиқ тутишган.
Ер ости, усти бойлиги учун,
Қўрқишгани учун,
Қўлдан чиқармаслик учун.
Шу сабабли бошқаришнинг ибтидоий усулидан фойдаланишган. Туркистонни парчалашган . Бир туғишган турк уруғлари-ўзбек,қозоқ, қирғиз, туркман, қорақалпоқларга алоҳида-алоҳида миллат номлари беришган.
Турклигидан айириш учун,
Турклигини унуттириш учун,
Бир –бирига ёвлаштириш учун...





МАНҚУРТЛАР
Манқурт – ёв яроғи.
Чингиз оға сўзи.

Манқурт – ўз боласини ейдиган махлуқ.
                         Ўлжас оға сўзи.
                                                                   
Ўзлигидан айрилган кимса – манқурт.
Одил оға сўзи.


Ёвуз ниятли раҳномалар бўлакланган ва каллакланган Республикаларга ўриспарастларни бош қилиб қўйишган. Яъни:
Коммунистик ғояга сиғинувчиларни,
Салла ўрнига калла олувчиларни,
Эл – юрт бойлигини Москвага оқизувчиларни.
Қисқаси:
Манқуртларни.
Аммо, аслида уларга ҳам ишонишмаган. Шунинг учун ҳар бир манқуртнинг ўринбосари ўрис бўлган. Яъни:
КГБ айғоқчиси.
Бунга ҳам қаноат қилишмаган. Ҳар бир манқуртнинг орқасидан ўнлаб искович қўйишган. Яъни:
КГБ айғочиларини.
Бунинг устига, кўп ҳолда, манқуртлар – манқуртлар қўли билан йитилган. Адашганлигини , яъни, ҳалокатли йўлдан бораётганлигини англаб қолган кишилар шу “усул”билан олинган!Бу ҳақда қат-қат ҳужжатлар мавжуд.
КГБ архивида.Ақл, онг, билимда етук Файзулла Хўжа бошда янглишган. Кейин ўзлик сари юз тутган. КГБ буни Сталинга шипшиган. Сталин Файзулла Хўжа¹нинг  ухлоқ Акмал Икром қўли билан, яъни унинг ёлғон кўрсатмаси билан қаматган. Сўнг оттирган.
  Кремл халқнинг уйғоқ қатламини ҳам шундай жирканч “йўл” билан йўқ қилган. Яъни ўзини-ўзига едирган. Эл тили билан айтганда, сопини ўзидан чиқарган. Жумладан: ёзар, олим,шоир, журналистларнинг ҳам...


-------------------------------------------------------------------------------------------------------------
1     1982 йил  қишида мен СССР Ёзувчилари Уюшмасининг Серафимович боғ уйида “Ўлмас қоялар” романининг қайта ишлаганман. Ўшанда Шуҳрат, Радий Фиш (ёзувчилар) лар билан бирга Файзулла Хўжаевнинг иккинчи хотини (миллати озор, касби – хирург) – Фотима опанинг зиёрат этгани( Қўшни Санаторний шаҳарчасида, икки хонали уйда ёлғиз ўзи яшарди. Бола кўрмаган)борганмиз. Фотима опа ва Вилоят ( Файзулла Хўжанинг қизи ) 8 йил қамоқда ўтиришган. Файзулла Хўжа ва Фотима опа қамалишларидан олдин 6 ой Москвада яшашган. “Ана олади, мана олади” деган таҳлика билан. Ўшанда, қамалишидан бир кун олдин Файзулла Хўжа юқорида қайд этганим-гапни Фотима опага айтган ва кўзидан ёш оққан.
2     1998 йилнинг ёзида Бобир (ўғлимни) уйлантирганимда, тўйга КПСС Марказий Қўмитасининг собиқ котиби (Туркистон турклари ичида биринчи марта шундай улкан лавозимга эришган шахс) Нуриддин Акрамович Муҳиддинов ҳам ташриф буюрган. У камтар, хуш феъл, эҳтиёткор, йирик киши эди. Ўшанда, дастурхон атрофида Нуриддин Акрамович гапдан-гап чиқиб шу сўзни бизга (Одил Ёқуб, Шукрулло, Рамз Бобожон, мен) айтган.



Юқорида қайд этганимдек , буни тасдиқловчи ҳужжатлар ёруғликни кутиб ётибди.
КГБ архивида.
Сан-саноқсиз ҳужжатлардан бир мисол:
“Саид Аҳмаднинг кўрсатмаси билан мени қамоққа олишган”.
Шукрулло сўзи.

“Саид Аҳмаднинг гувоҳлик беришлари асосида Юсупов Шукрулло ҳибисга олинсин, уйи тинтув қилинсин”.
 (Ҳибсга олишга КГБ ордери).

Шукрулло: “Қассобдан чиққан жаллоддан кўра, олимдан чиққан жаллод даҳшатли”, деб бежиз ёзмаган. Олим , ёзувчи, шоир, журналистлардан чиққан жаллодлар, яъни қалблари кишанланган манқуртлар том маънода халқ бошига тушган офат бўлган.”Улуғ оға” асосан шулар воситасида қуйидаги ишларни амалга оширган:
Ватанимиз Озодлиги учун курашган (қанчадан-қанча)ботирларимизни ўлдирган.
Ёзувимизни Крилга ўзгартирган.
Тилимизни иккинчи даражага туширган.
Ўрис тилини – давлат  тилига айлантирган.
Тарихимизни лойга қорган.
Ўзлигимиз илдизига болта урган.
Динимизни ер этган.
Ўрис тарихи, адабиёти, маданиятини пуфакдек пуфлаб шиширган.
Ўрис кадрларни бемаза қовун уруғидек кўпайтирган.
“Ўзбек-меҳнатдўст халқ” мақтови билан шаҳарларни келгиндиларга тўлдирган.
“Оқ олтинни – олтин  қўллар яратади” шиори остида ўзбекни пахта қулига айлантирган...
Фожеа шундаки, буни ўзбек халқи номи билан қилган.
Манқуртларнинг шундай қабиҳ ишларини кўра била туриб, уларга мурувват қилиш – қайғули  ҳол. Ҳар қандай жиноят вақт-соати билан авф этилар. Бироқ хоинларни кечириб бўлмайди.
Ҳеч қачон!
Ҳеч замон!
Халқ кечирмайди!
Мустақил Ўзбекистон-чи?
Қонун – чи?..
---------------------------------------------------------------------------------------------------
¹Шукруллонинг “Кафансиз кўмилганлар” китобидан.

Рауф Парфи Ўзтурк нидоси:
Она тилим, сен руҳимнинг қаноти
Абу Турк¹ нафаси, Олтой чечаги.
Хун давридан омон қолди Ғиротинг,
Қутлуғ Энасой²нинг эзгу эртаги .
Ўрхун бўйларида тошга айландинг,
Кўкларга санчилдинг, Турон бўлдинг Сен.
Мангулик сафарга қачон шайландинг?
Қачон бу аламга – кучга тўлдинг сен?
Порлоқ осмонингда қузғунлар учди.
Эвоҳ , ёғийларинг солди яғмони,
Ёғийларинг жигар қонингни ичди.
Жигарқон жаранги тутди жаҳонни,
Онасан, кечирдинг, қонидан кечдинг,
Бироқ кечирмадинг асло ёлғонни.
Дунё оқ эмасдир, йўқ, қора бардош,
Куйиб ёдимиздан кечганлар айтсин.
Сўзларида заҳар, кўзларида тош,
Элидан ,тилидан кечганлар айтсин.
Юлдуз сен, қуёш сен, сен она халқим...
Йўлсизлик йўлдоши, толеи нигун,
Ҳеч қачон тўярми, ахир, ёвузлар?
Бу –– халқ душмани деб тутсалар бир кун,
Барибир, у халқнинг номидан сўзлар...

¹Абу Турк ¬– Турк элининг бош отаси
²Энасой – Енисей

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

эврил - Эврил Турон. Кишанланган қалблар Empty Кишанланган қалблар. 3 Қисм. Шоирнинг сўниши ва Обкомнинг синиши ҳақида

Post by Admin Tue May 05, 2015 7:56 am

БЎРОНЛАРНИ ЁРИБ...
Қўрқоқ киши бошқага қул бўлиб яшайди.
Қўрқоқ халқ ҳам шундай, Фотима.
Файзулла Хўжа сўзи.

Қонун кремлга қурол эди. Халқларни
жиловда тутиб туриш учун.
Сталинни айтмасам ҳам бўлади,
Хурушчев Қонунни неча марта бузган.
Буни Никитанинг юзига солишга ҳеч
биримиз Ботинмаганмиз.
И.А. Муҳиддинов сўзи.

Шафқатсиз фалак ақл ва билим
Эгаларини жиннилар қаторида ҳисоблади.
Паскаш дунё ва ўзгарувчан фалак эса
жоҳил ва бетафиқ одамларнинг ишларини
Олдинга суради.
Хондамир

Сталиннинг ўлимидан кейин Кремл бир чимдим сўз эркинлигини берса ҳам, манқуртлар камаймади. То СССР нинг сўнгги дамигача. Ҳатто ундан кейин ҳам эски қўрқув қўрқоқ юракларни занглаган кишанлардан бўшатолмади.
Аммо?
Аммо шу бир чимдим эркинлик Туркистон қайғуси билан юрган қалбларга:
Умид,
Қанот,
Илҳом бағишлади.
Биринчи галда олим, шоир, ёзарларга. Жумладан: Иброҳим Мўмин, Ҳамид Зиё, Рауф Парфи, Абдулла Орип, Зоҳир Аламларга. Ўрис миллатчилари, Совет маддоҳлари, ўзбек манқуртлари томонидан тинмай қораланган буюк Темурни тош бўронлардан ким олиб чиқди?
Академик Иброҳим Мўмин!
Москва “Улуғ Оға “ нинг уйдирма тарихини осмонга пуфлаб кўтараётган, қарам халқларнинг кечмишларини йўққа чиқараётган бир пайтда, Иброҳим Мўмин қора булутларни юлдуздек ёриб чиқди. Ўша замон нуқтаи назаридан қараганда, бу- ўз жонидан кечиб чиқиш эди, бу – бола - чақасини хавф хатарга қўйиб чиқиш эди.


Мен буни қаҳрамонлик, деб биламан.
Китоблари миллий руҳ билан йўғрилган академик Ҳамид Зиё ҳам, менинг наздимда, ўзбек ботиридир. СССР кучга тўлган даврда, Кремл қоралаб, ерга кўмган тарихни у маълум маънода ёруғликка олиб чиққан олим. Ўлимдан қўрқмай! Масалан, ўриснинг: “Ўрта Осиёни қўшиб олиниши” “Таълимоти” ёлғонлигини далил-асослар билан исботлароқ ҳақиқатни ёзди:
“Россия Туркистонни босиб олди”.
Ўзбекнинг шу сўзи тўғри:
“Ёлғоннинг умри қисқа”.
Зоҳир Аълам: “Чин ёзувчи – халқ дардини ёзади, - деб кўп айтар эди, - у авомни уйқудан уйғотади , уни тўғри йўлга бошлайди”.
Зоҳир Алам ўзининг шу сўзига амал қилганми? Бу саволга унинг: “Биринчи номоз”, “Афандиниг қирқ бир пашшаси”, “Кийик кўзлар”...асарлари жавоб бўлади.
Ҳали кўплар СССР таркибидан Ўзбекистоннинг ажралиб чиқиши ва қарамсиз давлат бўлишини айтишга қўрқиб, писиб ёки икки юзламачилик қилиб юрганда, Зоҳир Аълам бу гапни очиқ айтади. Шу билан бирга амалий ишга ўтади...
Мен Зоҳирнинг мана бу ишини олқишлайман. Тан олиб айтганда, бу- ўзбек элининг мустақилликка эриши йўлидаги дадил бир қадам бўлган. У ўз ҳисобига (1988- 1989) Болтиқ бўйи юртларига боради. Латиш, Эстон, Литваликлардан ўрис қуллигидан қутилиш учун ишлаб чиқилган ЙЎРУҚЛАРни ўрганади. Курашиш сирларини ҳам... Бу билан у ҳали бирор ёзар, олим, шоир ёки бирор арбоб қилмаган ишни қилади. Бу билан у Ўрта Осиёда илк марта “Бирлик” ва “Эрк” партияларининг туғилишига сабабчи бўлади.
Ўзбек: “Иш иш бор жойда, хато бор”дейди. “Бирлик” ва “Эрк”нинг қутлуғ йўлда адашган онлари бўлгандир? Бироқ , шунга қарамай, Она Ватан истиқлоли учун онгли равишда курашган бу биринчи тузулмалар тарихда қолади. Зоҳир Аълам ҳам. Яхшими, ёмонми, бу- бизнмнг кечмишимиз. Ўзбекнинг кечмиши.

ЮРАК ҲУРМАТИ
Агар Аллоҳ инсон ўз тақдирининг
cоҳиби бўлишини хоҳламаганида,унга
ақл- идрок бермаган бўлар эди.
Яратувчи инсонга тафаккур ато этди.
Токи ана шу тафаккур кучи билан тақдир
жиловини ўз қўлига олсин.
Темур
Эл ичида юрсангиз, кўп кесатиқ гаплар эшитасиз. Жумладан , ман бундайини ҳам:
“Замон бузилиб кетди. Ҳозир одамлар одамнинг ақлига эмас , амалига қараб ҳурмат қилади”. Эл.эл-да, ҳақни айтади.
“Эл оғзига элак тутиб бўлмайди”. Элни йитиб бўлмайди. Қолаверса, бу-эгасиз гап. Кимга айтди? Қани, топиб кўринг. Бироқ гап нишонга теккан. Яъни , эгасини топган. Унинг юрагини яралаган. У алам билан кесатиқ эгасини ахтаради. ўлиб- тирилиб оғиз пойлайди. Тополмайди. Денгизга тушган гавҳарни топиб бўладими? Йўқ.
Чингизхон¹ ҳам тополмаган.
Халифа ҳам тополмаган.
Ўрис ҳам тополмаяпти.
Топса-ку бўлаклаб ташлайди.
Ҳукмдор қанча аҳмоқ бўлмасин , қанча йиртқич бўлмасин, эл оғзини ёполмайди. Элни на қамаб бўлади, на ўлдириб...
“Ақлига эмас, амалига қараб ҳурмат қилади”...
Бу гап қанча тўғри бўлмасин, кишанланмаган қалблар, кишанланмаган миялар, яъни даҳолар, ҳур фикрли кишилар, иқтидорлар қаршисида у ўз кучини йўқотади. Масалан: Беруний, Ибн Сино, Беҳзод, Нютон, Эйнштейн, Рафаэл, Бетховен, Шекспир, Байрон, Пушкин, Чўлпонларда амал бўлмаган. Лекин халқ уларни ҳар қандай ҳукмдордан- да кўпроқ хурмат қилган. Қилаяпти ҳам.
Бу – юрак ҳурмат
Бу – ўчмас ҳурмат.
Халқ ёмон ҳукмдор ёхуд ёмон амалдорни ўлганининг кунидан
“ҳурмат” қилади. Яъни қўрққанидан.
Бу – сохта ҳурмат.
Бу – ўткинчи ҳурмат.
Кечган асрнинг олтмишинчи йилларида ўзбек поэзияси бурилишга юз тутди. Газета, журнал, китоблар қизил империяни сохта мақтовлар билан улуғлаётган бир замонда, бу:
Инқилоб эди.
Ҳар бир инқилобнинг ўз қаҳрамонлари бўлади. Узун-узун вақт силсилаларида не-не ҳоқонлар унитилиб кетади. Бироқ чин инқилоб ботирлари Эл юрагида қолади. Навоий, Чўлпон, Фитратлар каби. Ўзбек янги поэзиясида бурилиш қилган шоирларни ҳам шулар қаторига қўшиш мумкин. Мен улардан мана бу икки оқинни ёрқин юлдуз, деб биламан:
--------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------
¹Чингизхоннинг болалик оти Темурчи. У улғайгач, эл уни
“ Чингизхон”, деб атага. Чунки эски туркчасига “Чингиз”
дегани – қувватли, тоза дегани.
²Беҳзод – рассом, уни шарқнинг Рафаэлли, деб аташган.

Рауф Парфи,
Абдулла Орип.
Бу иқтидолар ҳеч бир амал курсисига ўтиришмасдан, ўзларининг миллий руҳ ила йўғрилган бўронли ва шаффоф шерлири билан эл тилига тушган. Минг таърифдан бир мисол яхши.
Мана, Абулла Орипнинг илк , гўзал шерлари:
ЁНИШ
Қур, ярат денг,
Хайқир денг,
Жўш денг
Шундай яшар одатда одам.
Абдулла Орип
ОНА ТИЛИМ
Минг йилларки, булбул каломи,
Ўзгармайди, яхлит ҳамиша.
Аммо шўрлик тўтининг ҳоли
Ўзгаларга тақлид ҳамиша.
Она тилим, сен борсан, шаксиз
Булбул куйин шеърга соламан.
Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,
Мен ҳам тўти бўлиб қоламан...
1965
ЕР МЕҲРИ
Гоҳо ер меҳрини ўйларкан
Эсга тушар дорнинг сиёғи.
Ажаб ҳикмат,одам ўларкан,
Узилганда... ердан оёғи.
1964

БУЛБУЛ
Сен- булбулсан, булбулларни маст қила қол, булбулим,
Менинг учун сайрашингни бас қила қол, булбулим.
Шому саҳар тиним билмай шарҳ айладинг дилингни,
Қани айт-чи , ким тушинди тилингни?..
Биров сени нола деди, биров деди оҳ-фиғон,
Булбул тилин булбул билар, мен билмасман , булбулжон.
Англарми деб беҳудага роз сўйлама,қушим, ҳай,
Сен – булбулсан, булбулгинам, сени булбул тушингай...
1965

УЙҒОН
Уйғон , қуёш ўйнар юзингда,
Бугунги тонг шунчалар гўзал.
Ловиллайди шафақлар ял-ял,
Нечун хаёл қотмиш кўзингда?..
Кипригинда ёш олмос- олмос,
Нечун сени уйғонгинг келмас,
Нечун чўмдинг уйқуга қайта?..
1965
ЎТИНАМАН
Ўтинаман,
Йироқлардан мен
Ҳузурингга соғиниб елсам,
Толеимга кулиб чиққин сен,
Қувончингни яширма ҳеч ҳам.

Узоқларга отлансам яна,
Сафар тўнин кийсам эрта- кеч.
Ўтинаман, эркам ўшанда
Дариғ тутма кўз ёшингни ҳеч !
1965
СЕВГИ ЎЛИМИ
Ёмғир тинмай ёғди кун бўйи,
Ёмғирли кун каби эзилди дардим.
Яйдоқ кўчаларда жим юрган кўйи
Сенинг изларингни ахтардим.
Уфқларда эса аччиқ бир туман
Менинг кўзлармга қуярди заҳар,
Увишган қалбимни секинлик билан
Эзар эди бўм- бўш бу шаҳар.

Энди сен тутмассан асло қўлимни,
Ўтган севгим учун очмассан аза.
Оҳ, қандай ўлим бу, севги ўлими,
Унга на қабр бор ва на жаназа.
1967
Абдулла Орип ижодидан мунча кўп мисоллар келтиришимдан мақсадим шуки, азиз Ўқувчи, сен уни теранроқ англашингни истадим. Унинг бу ва бунга ўхшаш туғма шеърлари ўз замонида шов-шувларга сабаб бўлган. Улар юракдан яралган эди.
Аммо етмишинчи йиллар оёқларида Абдулла Орип шоир сифатида сўна бошлади. Кўклам тонггидай тиниқ туйғулар билан яралган шарқилари ўрнини, энди, ҳиссиз нарсалар эгаллай бошлади.

СЎНИШ
Ажиб ҳикмат, одам ўларкан,
Узулганда... ердан оёғи.
Абдулла Орип

Бу сатрлар Абдулланинг ўзига ҳам тегишлидай гўё. Айниди , қўйди. Эътиқодидан қайтди. Миллий эътиқодини Коммунистик эъдиқодга алмаштирди. Худди дўпписини шапкага алмаштиргандай. Буни очиқ ёзди:
“Қалъам – Коммунистик Эътиқодимсан”.
Қозоқ шоири Ўлжас Сулейменовнинг бир сўзи эсимда: “Эътиқодидан қайтган шоир – шоир сифатида ўлади”.
Эътиқодидан қайтган Абдулла Орип шиғиърлари:

ЛЕНИН, ИНҚИЛОБ, ВАТАН

Турфа одамларнинг бари, бариси,
Элати, миллати, ёшу қариси
Ягона куч бўлиб бирлашар дарҳол,
Тарихда бўлмаган бундай улуғ ҳол.
Ленин ва Инқилоб унга жону тан
Мана шу биз учун жонажон Ватан.

ИЖРОҚУМ УЙ БЕРМИШ
Сеники аталар шу ер, шу замин,
Ё уни назарга илмаганмидинг?
Улуғ Ленин сенга хатлаб берганин
Олтмиш йил ўтибди, билмаганмидинг.
Ижроқўм уй бермиш,
Бағоят савоб.
Лекин кўрмай сени муте шаклида.
Ўн еттинчи йилги буюк инқилоб
Сен учун бўлганди, билсанг, аслида.
Абдулла Орипнинг бу нарсалари 1981 йилда Ғофур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида “Нажот қалъаси” китобида босилган. Нажот қалъаси? Нима дегани, бу? Мана, ўқинг. Мағзини чақинг. Агар мағзи бўлса...


НАЖОТ ҚАЛАСИ
Марказқўмга

Шаҳримда музайян қалъа бор баланд,
У мен учун нажот қалъаси...
Мен унда ҳис этдим қутлуғ имонни,
Меҳрни, шафқатни унда кўрдим жам.
Мен унда ҳис этдим шу кенг жаҳонни
Ва мўъжаз ўлкамнинг муҳаббатин ҳам.
Шоирман, дилимда пинҳон гапим йўқ,
Қалъам –– сен таянчим, пок ҳаётимсан.
Мен учун ҳақиқат қадарли улуғ,
Қалам –– Коммунитик эътиқодимсан.
(Учала шиғир ҳам қисқартирилган).
“Мен нечун севаман Ўзбекистонни”дек шеърини ёзган одам қандай этиб бу аҳволга тушиб қолди? Яъни , “Қутлуғ имонни” “Нажот қалъаси”да кўра бошлади? Ўз элига, ўз динига бўлган имон каерда қолди? Буни Абдулла Орипдан сўранг. “Қалаъм – сен таянчим, пок ҳаётимсан” Қалъа ҳам таянч, пок ҳаёт бўладими? Буни Абдулла Орипдан сўранг. “Қалам – Коммунистик эътиқодимсан”. Ўз Ватанига бўлган эъдиқод қаерда қолди? Яъни миллий эътиқод?..
Буни Абдулла Орипдан сўранг .
Коммунистик эътиқод...
Олтмишинчи йиллардаги – қалби ҳур фикрлар – ла қайнаб – тошган Абдулла қани? Яъни шеърларида миллий руҳ уфуриб турган Абдулла?..
Замондошларининг , хусусан, Зоҳир Аъламнинг фикрича, Абдулла Орипнинг юрагида қўрқув пайдо бўлган.
- Кимдан?
- КГБ дан.
- Нимага?
- Ўзлигини куйлаганига қўрқитган. Ўлим таҳдиди билан...
Коммунистик эъдиқоди билан яша деган.
Коммунистик эътиқоди билан ёз деган.
Бўлмаса “хана” деган.
- Очиқдан-очиқ –а?
- КГБнинг билмайсизми?
- Биламан, лекин?
- Менинг юрагим алдамайди.Ишонинг. Чўлпонни ҳам шундай қўрқитган. Бироқ уни синдиролмаган. Имони бутун, эътиқоди мустаҳкам киши синмайди. Ўлимдан қўрқмайди. Қамоқда ҳам ҳақни ёзади, дор остида ҳам ҳақни айтади.
Чўлпон шундай шоир эди.
Машраб шундай шоир эди.
Абдулланинг руҳини синдирган. Йўқса , у “Нажот қалъаси”ни ёзармиди?
- Эътиқоди бўш экан-да.
- Ортиқча савол, Ватан гимни ҳам миллатимизнинг шонли, шонсиз кечмишларини, орзу-умид, дард-армонларини, бир сўз билан , айтсам, руҳий оламини, руҳиятини акс эттиролмаган. Таъсирсиз, зўраки, жўн ёзилган. Қалб ўти йўқ. Қолаверса, “серқуёш” сўзи тўғрими? Ёки?..
Мен юзга айтар Зоҳирнинг фикрига қўшилганман. Қўрқув , шубҳасиз:
Қалбни кишанлайди.
Тилни кишанлайди.
Юракни ўлдиради.
Қаламни синдиради.
Нафс ўпқонини очади.
Кўнгилда кин уйғотади.
Ялтоқлик ҳам...
Нафс ўпқони... Шоирда... Аниқроғи, руҳи сўнган шоирда... Вақт зуғумида шоир-ку шоир, вулқон ҳам сўнади. Тўғри, вулқон сўнади. Сўнадию ўлади. Бироқ шоир тирик-ку. Демак , унинг сўниши бошқа...
У сўнганини билмаслиги мумкин. Бунинг , оқибатида Марказқўмга, Компартияга, Министрга, Обкомга, яна кўплаб касларга мадҳиялар “битиб” ташлаши мумкин. Гўё бахшидек. Йўқ, янглишдим. Бахшиники юрак маҳсуҳли. Тиниқ. Таъмасиз. Руҳсиз шоирнинг тўқималарида эса нафс хуруж қилади...
Элда: “Сўз исботи билан...” деган гап бор. Мана , исбот:

ЗИЁ
С. Шермуҳамедовга
Шуурга нур сочиб, машъал кўтарган
Сиздек устозларга олам маҳлиё.
Дейман хуш айёмда Сизни қутларкан:
Қалбингизда сира сўнмасин зиё!
(Собиқ Ўзбекистон ССР маориф вазири Саид Шермуҳамедовга
Тўқилган мақтовнинг тўрт қатори, бу).

ДАВОМ АТАЁТИР БУЮК ИНҚИЛОБ
Социалистик Меҳнат қаҳрамони Рўзимат Ғойибовга


Назар сол – кўрганинг не бор – барида
Олтмиш йил муқаддам бошланган шитоб.
Инсон онгида-ю, зомон қаърида
Давом этаётир, буюк инқилоб,
(Бу – узун ҳамднинг энг сўнги сатрлари).
Кўнгилни айнитадиган бағишловлар.
Кўнгилни айнитадиган мақтовлар.
“Олам маҳлиё” эмиш.
Нимасига? Саид:
Улуғбекми?
Галилейми?
Нищеми?
Тавба!
“Буюк инқилоб” эмиш.
Нимасига?
Тинч яшаётган халқларга ўрис бўғови солингани учунми? Бу бўғовни Рўзимат, рўзиматлар янада қаттиқ бўғовланишига хизмат қилишгани учунми?
Тавба!
Зулмини мақташ!
Зулумни қўллаш...
Рўзимат Абдуллага бежиз “Волга” совға қилмаган шекилли?
Кейинроқ Жиззахбошидан оқ “Нексия”...
Бетон йўлига...
Кузатувга...
Ҳоқон бўл-э!
Бундай “Совға”лар озмас шекилли?
Шаҳона маишатлар ҳам...
Миш-мишлар қурсин.
Эл оғзига элак тутиб бўладими?
Уни ҳам тушиниш керак. Бир китобга келадиган қалам ҳақи бир бозор қилишга ҳам етмайди. Қолаверса, совғани ким олмайди? Бундай одам, балки, топилмас. Агар совға эл ҳисобига бўлмаса...
Инсонни таъма, ҳасад, маишат, ичкилик издан чиқаради. Юрагини “майиб” қилади. Миясини айнитади. Ялтоқлик туғдиради. Одам бу қусрлардан ўзини вақтида тиймаса қийин. Тийиш эса – ўзига боғлиқ.
Темур сўзи:
“Шайтон- бошвоқсиз эҳтирос, бирор-бир нарсага керагидан ортиқча майл. У ҳар бир кишининг табиатида бор. Ҳар биримизнинг борлиғимизда (вужудимизда) иккита куч иштирок этади.
Бириси – Раҳмоний – Тангридан.
Иккинчиси – шайтоний.
Шайтоний одамларни кайф берувчи нарсаларга тортади.
Ундан қутилиш учун Яратган инсонга ақл берган”.
Демак, издан чиққан одам ўз ичидаги шайтонни жиловлаши мумкин. Ўз:
Ақл ,
Идрок,
Иродаси билан.
Лекин?
Лекин айрим кас буни тақдири азалга йўйади. Шунга шайтон измидан чиқолмайди. Оқибат: шайтонга қул бўлади ва шу сўз билан ўзини овутади:
“Манглайимга ёзилган экан-да...”
Абдулла ҳам шундай ўйламасмикан? Йўқса, ичкиликка ржу қўярмиди? Ёмони, ичганда ўзидан айрилади. Алжирайди. Ивирсийди.Ивирситади. Хато... Айтишга ноқулай.
----------------------------------------------------------------------------------------
¹Рўзимат Ғойибов- Қашқадарё вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби бўлган. Ҳозирги тилда айтганда, ҳоким.



Мисол:
1972 йилда у Ўзбекистон ССР Маориф вазири Саид Шермухамедов буюртмасига биноан “ Муаллим” мадҳиясининг менинг уйимда ёзган.
Маст ҳолда.
Дастурхонга сув, чой, ароқларни тўкиб, нон ушоқларини сочиб, ваннага қусиб, ҳамма ёқни ивирситиб...
Ароқ ўлсин!
Нима дейсиз.
Буюртмадаги ялтоқона бир сатр эсимда:
“ Улуғ Ленин сендан топгандир таълим...”
Эрталаб трамвайга чиқдик. Оёғида зўрға турган Абдуллани суяб олган эдим. У шу ҳолида ўрис қизларга “тош” отиб ҳам қўярди:
“Люблю...”
“Детский мир” қаршисида трамвайдан тушдик. “Йиқилиб қолмасин” деган ховотирда, ҳамон унинг тирсагидан тутиб келардим. Буни қарангки, “Бўрини йўқласанг, қулоғи кўринади” дегандек, министр вазирлик биноси олдида турган экан. Абдулланинг маслигидан асар ҳам қолмади. У йўрғалаб бориб, қўш қўллаб Саид Шермуҳаммедов билан кўришди. Ва сўнг шошиб- пишиб унга “Муаллим” шеърини узатди.
---------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------

Ўшанда маориф вазирлиги биноси- “Болалар дунёси”
Магазини қаршисида жойлашган эди.

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

эврил - Эврил Турон. Кишанланган қалблар Empty Эврил Турон. Кишанланган қалблар. 4 Қисм

Post by Admin Wed May 06, 2015 6:04 am

Табиийки, мен бу ҳолдан ажабландим. Ишхонамга жўнадим. Орадан 43 йил ўтса ҳам, ҳамон бу воқеани эслаб тураман. Шундай онларда кўнглимдан бир гап кечади:
“Яхши актёр экан”.
Зоҳир Аъламнинг: “ Абдулланинг юрагига кин ин қурган” деган сўзи тўғрими? Бу ҳақда кейин... Ҳозир шуни айтишдан ўзимни тийишга ожизман: “Унинг “Жумбоқ” тўртлиги ўзидан келиб чиқиб ёзилган”. Балки, менга шундай туюлар? Қайдам. Ҳар нарсани Тангри билгувчи. Азиз ўқувчи, шу тўртликни сенинг ҳукмингга ҳавола этаман:

ЖУМБОҚ
Идроким борича яшадим фақат,
Фаҳм этдим дунёни баимкон, қат –қат.
Ёлғиз бир жумбоққа ақлим етмади:
Қайдан туғилади, билмадим, ҳасад.
1968.
Ҳамди- сано, бойликка ҳирс, таъма, пора, кир совға, маишат, ароқ,
ёлғон,кин, ҳасад... – инсонни инсонийликдан чиқарадиган омиллар
Ижодкорни ўлдирадиган омиллар.
Рауф Парфи Ўзтурк сўзи:
“Чин шоир ҳақиқатни гапирмай туролмайди. Шоирнинг ҳақгўйлигини улкан-улкан ёлғонлар орасида ўйлаб кўринг. Замоннинг зайлига боқ, кимнинг аравасига чиқсанг, ўшанинг қўшиғини айт, дейдилар. Шоир ёлғондан, юзаки қўшиқ айтишдан қўрқади. Аниқроғи, шоирнинг ичидаги истъедод қўрқади ёлғондан. Чунки ёлғон – истеъдоднинг кушандаси. Қайси бир файласуф деган экан: “ Кимки кўнгли ҳақ деб билган маънавий қадриятларига зид иш қилса, руҳий қуввати кучсизланиб, истеъдоди сўнади”. Майли , ёлғонга озгина ён берай, жиндай-жиндай, дейдилар-у, аммо жиндайнинг охири вой- руҳларини ўлдириб қўядилар. Ёлғон ёзган шоирнинг руҳи ўлади. Санъат, маҳорат бой берилмайди. Санъат ўрганиладиган, машқ билан ҳосил қилинадиган нарса. Лекин руҳ ўлган бўлади. Шоир синади. Буни синган шоирнинг ўзи ҳам билмаслиги, тўхтовсиз қулоч- қулоч шеърлар ёзавериши мумкин. Кейин билади. Ўшанда кеч бўлади. Балки кейинчалик ҳушёр ўқувчилар шоир шеърларининг ўлик эканини пайқайдилар. Ташқаридан боқсангиз, синган шоирнинг ҳамма нарсаси бут: хотин-халажи, уй-жойи ва ҳокозолар.
Шеър ҳам бор. Таҳминан, ўртамиёна шеърлари бор.
Аммо шеърида руҳ йўқ, руҳ ўлган”.
Ўқ кимга отилган?
Кимларга?
Сунгу кимга санчилган?
Кимларга?
Зийрак ўқувчи буни сезиб турибди.
Руҳи синган (тўғрироғи, синдирилган) “адиб” синганини билса ҳам, билмасликка олади. Тан олиш – ўлим. У шундай ўйлайди. Лекин ўзидан ўтганини ўзи билади. Фақат сир бермайди. Ўзини тоғни ағдарган кишидек тутиб юраверади. Тутиб юраверадию жарга қулайверади. Қутулишга интилмайди.
Қўрқади:
Тузумдан,
КГБдан,
Шунга:
Қўрқувни енголмайди,
Нафсини тиёлмайди.
Шунга кишанланган қалб – кишанланганича қолаверади.

ХАЛҚ АСЛ ФАРЗАНДЛАРИНИ УНУТМАЙДИ
Ботирлар ўлмайди
Эл сўзи.
Кишанланган қалб – заҳардек зарарли
Ватанга,
Миллатга,
Онгга,
Тараққиётга.
Бироқ тузумга фойдали. Чунки у:
Тузум қуроли.
Шуниси борки, кишанланган қалблар ҳамма замон, маконларда соғ-омон
яшайдилар. Семриб яшайдилар, соҳта шон – шуҳратга кўмилиб яшайдилар. Чунки ҳар қандай тузумга мослаша оладилар. Худди сариқ сувараклардай...
Агар Тангри қўллаб, Туркистон ўрис бўғовидан қутилса, кишанланган
қалблар, балки Мустақиллик ниқобини кийиб оларлар? Худди
шайтонлардек, бир юмалаб... Халқ: “Ўроқда йўқ, бошоқда йўқ, хирмонда
ҳозир”, деб бекорга айтмас.
Ўроқда йўқ, бошоқда йўқ, хирмонда ҳозир...
Яна даври- даврон миллатимиз душманлариники, яъни ўрисга сотилганликларники, қисқаси, хоинларники бўлиши мумкин. Элимиз, юртимиз озодлиги учун курашган миллий қаҳрамонларимиз эса бир четда қолишлари, ҳатто хор этилишлари мумкин. Балки мен адашаётгандирман. Исломда башорат қилиш ёзуқ. Буни олдиндан билиш қийин. Ёлғиз Яратганга аён бу.
Сотқин, маддоҳ, ялтоқ каслар қанча (ўлиб – тирилиб) ҳаракат қилмасинлар, бир – бирларини қанча суймасинлар, ўзларини (ўлиб – тирилиб) “даҳо” қилиб кўрсатмасинлар, тарихда қолмайдилар. Ҳатто тарих ахлатхоналарида ҳам... СССРни мадҳ этган туман – туман миллат зараркунандалари, яъни шоир, ёзар, журналист, олимлар қани? Козо – козолар қани? Бари қора ер тагида чириб ётибди. Илон, юмронқозиқ, каламушларга ем бўлиб. Ном – нишонсиз. Тирикларини ҳам шу қисмат кутади! Халқ асл фарзандларини унутмайди. Булар:
Анвар пошо,
Мустафо Чўқай,
Маҳмудхўжа Беҳбудий,
Турар Рисқул,
Абдураҳмон Жевачи,
Шермуҳаммад Қўрбоши,
Иброҳим Қўрбоши,
Фитрат,
Чўлпон,
Рауф Парфи...
Ер юзида туркийлар бор экан, ЭРК учун курашган ботирлар яшайдилар.
Олқишларга чулғаниб.

ОҚ ҚОҒОЗ – ШОИРНИНГ ЖОЙНОМОЗИ
Оқ қоғоз – шоирнинг жойномази.
Оқ қоғозни булғаган шоир имонидан
айрилади. Аллоҳни унутади.
Рауф Парфи Ўзтурк
Рауф Парфи Ўзтурк сўзи:
“ Мен ХХ асрда ўлдирилилган ўзбек шоирларини ажратиб олдим. У ёғи жуда даҳшат. Ҳамма зомонларда чин шоирларни отганлар, осганлар. Давлат томонидан ўлдирилган. Аммо ҳамма зомонларда чин шоирлар ўз зомонларига мухолиф бўлиб яшаганлар. Энг муросасиз одам – шоир, лекин шоир оддий одамлар ва уларнинг оддий бўлмаган дардлари билан муроса қилади, у подшолар билан чиқишмайди. Шеърият пайдо бўлиб , кишилар сўзни қофия билан айта бошлаган кундан буён чин шоирларнинг бошида калтак синади. Ҳар бир одамнинг Аллоҳга мурожаат қиладиган пок бир макони – жойномози бўлиши керак. Оқ қоғоз – шоирнинг жойномози. Оқ қоғозни булғаган шоир имонидан айрилади. Аллоҳни унутади...
Фикрлайдиган инсонлар ҳар доим хор этилган. Инсонларнинг юрагини оғритадиган нарсалар бор экан, чин шоирга тинчлик йўқ. Шоир чин ибодат – ўлимни эсдан чиқарган золимлар учун ҳам оғир ўйлар суради...
Олтмишинчи йиллар. Қатағон этилган шоирларнинг ижоди билан таниша бошладик. Чўлпоннинг асарларини яширинча ўқиганларимизни эслайман. Шундан кейин миямда “ Турон, Туркистон” каби сўзлар уйғонди. Ватанни – чин Ватанни таниш жараёнини сўз билан гапириб бериш қийин. Фикрлар секин – секин келган, ҳислар секин- секин кечган. Кўнглида гиря кучайиб борган.
Ҳозирда бўлак – бўлак бўлиб кетган туркийлар ўзларининг Турк эканини ҳис этмасалар, туркий дунё нураб , кучсизланиб бораверади. Катта бир куч беркиниб ётибди. Халаскор куч. Уйғотиш учун турк эканимизни англаш кифоя...
Рус босқинидан сўнг Турк сўзи қувғинга учради. Ҳозир ҳам чет элда яшаётган қондошларимиз ўзларини Турк деб ҳисоблайдилар. Босқинчилар бизни жисмонан енгди. Аммо руҳимиз мағлуб бўлмади. Турк эканлигимизни англашга интилиш зарур. Тараққиётнинг калити шу, от айланиб қозиғини топади...
Ҳозирги шеърият жамиятга катта бир ҳақиқатни олиб киришга уринмаяпти”...
ТУРКИЙ ҲАҚИҚАТ
Турк бирлигисиз – Туркистон
Мустақил бўлолмайди.
Мустафо Чўқай
Рауф Парфи Ўзтурк ҳақиқатни кўзда тутаяпти.
Туркий ҳақиқатни.
Қонли тузум эса бунга тиш – тирноғи билан қарши.
Нимага?
Қўрқади.
Нимадан?
Туркнинг уйғонишидан,
Турк бирлигидан.
Чунки турклигини англаган Турк уруғлари бир бутун ўлароқ:
Енгилмас кучга айланади,
Тенгсиз қудратга айланади.
Бундан :
Ўрис қўрқади,
Хитой қўрқади.
“ Турк бирлигисиз – Туркистон мустақил бўлолмайди “.
Буни ёвқур бобом – Аҳмат Оқсоқол отам – Маҳмуд узунга айтган. Отам менга ўгут қилиб кетган. Онам орқали... Мен шу ўгут билан улғайдим...
Тўсиқлар кўп эди.
Кремл,
Куч ишлатар тизимлари.
Энг йиртқичи:
КГБ.
Энг шилтаси:
Оммавий – ахборот воситалари.
Энг жирканчлиси:
Ички сотқинлар,
Кишанланган қалблар...
Чўлпон, фитратлардан кейин бу ҳалокатли тўсиқларни ёриб ўтиб, ҳақиқатни
ёзган шоир, ёзар, олимлар оз. Жуда оз. Шулардан бири Рауф Парфи Ўз турк.
У:
Тақибдан қўрқмади,
Таҳдиддан қўрқмади,
Ўлимдан қўрқмади.
Умри бўйи ўзининг мана бу сўзларига амал қилиб яшади :
“Вужудимнинг ҳар бир ҳужайрасида сўзларнинг содиқ қўшини – Туркистон, Турон – Туркнинг дунёвий қўшиғи...”
“Хотирамнинг ичинда сўйилган Турксистон,
Мен шундай тушунаман Ватанни”...
“ Эй улуғ тоғларим , эй шонли Турон
Токай уйғонмассан, эй қонли Турон?”
Қиёслаш – ҳақиқат мезони.
Мана, эътиқодидан қайтган, сўнган руҳнинг Туркистон Озодлигига қарши зарарли, заҳарли сатрлари:
“ Бор бўлсин мангуликка Ленин тузган замона”.
“ Коммунадан бахт топар дунё “.
“ Улуғ Совет оиласида
Мангу ёруғ пешонанг сенинг “.
“ Фақат коммунизм – ул эъзгу ният
Халқнинг бахтини айлар ҳадя”.
Ким ўйлабди дейсиз, йиллар кечиб, қонлар кечиб, улуғ Ватанимиз истиқлолга эришганда, шу хоинона сатрларни ёзган кас “Ўзбекистон Қаҳрамони” бўлишини.
Ким ўйлабди дейсиз, Мустақиллик учун жон – тани, имони билан курашган инсон – Рауф Парфи Ўзтурк ҳур замонда уй –жойсиз қолишини, очдан ўлишини!¹
-------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------
¹Мен қамоқдан чиққанимдан кейин бу фожеани дўстларимдан эшитдим

Узр, воқеадан илгарилаб кетдим. Яна ўлимдан қўрқмай Туркистон Озодлиги учун курашилган замонга қайтаман.

СЎНМАС РУҲ
(янги поэзия)
Олдимда кўринур баҳорлар,
Бу – Туркий Дунёнинг баҳори --
Пичоқлар бўғзимга етганда...
Рауф Парфи Ўзтурк
ЯПРОҚ
Қайда ўсдинг, қайда яшнадинг?
Япроқ , япроқ, айтиб бер менга.
Юлқиниб ўзингни ташладинг
Нега, ахир, япроғим, нега?

Сени шамол, боқ, супурмоқда...
Япроқ , япрқ, сўзлаб берсанг-чи,
Ўз севгингдан бўзлаб берсанг-чи,
Нечун тушдинг, нечун оёққа?...
1965

КИМЛИГИНГНИ УНУТМА
Бирга туғилдинг – ку, юрагим,
Насиб этганда мангулик.
Сен яшайвер , сен мени кутма.
Мен – ку исмингман, холос, лекин.
Юрагим , номингни унутма.
1965.

ОНА ТУРКИСТОН¹
О, Она Туркистон, ўйлайман сени,
Тинглайман оламнинг шивирин такрор.
Банди масканига чорлайди мени
Кибр чўққиларда музлаган баҳор...
1967





--------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------
¹ “Узоқ ўтмиш замонларда Ўрта осиё минтақасидан бошлаб Ҳазар денгизи, Днепр дарёси ва Қора денгиз қирғоқлари, Волга ва Ўрол бўйларидан Сибир орқали Мўғулистон ва Хитой деворигача бориб тақалган бепаён ерлар Туркистон ўлкаси деб юритилган ".
Муҳаммад Ибн Вали.
( Академик Ҳамид Зиёнинг “ Сибир , Волга ва Ўрол бўйларидаги ўзбеклар”китобидан).
УЛАР...
Улар қоғознинг юзига пул ёзадилар...
Улар Она Тилин унутадилар тахтачасининг ёнида.
Улар алдоқдан, шарбатдан, қип – қизил гўштдан
Қасру иморатлар қурадилар бемалол...
1973

ТУРКИСТОН ЁДИ
“ Ёлғон даво қилганлар...” Сўзлар шоир,
“ Оқни қора қилганлар...” айтинг кимлар?
Мақбара бошига йиқилар ҳозир...”
Яна товуш: “ Ҳаром еган ҳокимлар...”
Йиғла энди, кўзим, сен-да йиғлаб ол.
Тўйсин кўз ёшингга бу туркий ситам.
Тўйсин , Ватан ёди чидар бемалол,
О, сабр дарахти, қутлуғ Туркистон...
1981

Бу – Рауф Парфи шарқилари. Мен уларни ЭССЕ ҳажмидан келиб чиқиб, қисқартирилган ҳолда бердим. 2013 йили шоир Абдулкарим Баҳриддин Рауф Парфининг сайланма асарлари тўпламини “Академнашр “да нашр эттирди. У 417 бетдан иборат. Ишқибоз ўқувчи уни топиб ўқир, деб ўйлайман. Советлар даврида бу шеърлар воқеа бўлган. Қўл –қўлга тегмай ўқилган. Жумладан , мен ҳам саҳрода сувсаган одамдек, у шарқиларни ташналик билан ўқиганман. Ўшанда , аниғи, олтмишинчи йилларда менда
Ўзтурк билан танишиш истаги туғилган.

ТАНИШУВ
Шу кенг олам торлик қилар аламингизга.
Шекспир
Донолар яхши ном қолдиришни алоҳида
Умр деганлар
Хондамир
Йўл оламан “ Қайдасан?” деб оёқ ости юрт сари.
Чўлпон.
Адашмасам , 1966 йил эди. Журналистлар оламига шиддат билан кириб келган ёш, ўктам Шароф Убайдуллонинг “ Ханжар тутган қотиллар “ феълетони “ Сирдарё ҳақиқати “ да босилди. Кўплар қатори бу мендан ҳам унга нисбатан қизиқиш уйғотди. Мен у кезлари “Гулистон” газетаси
( Гулистон тумани газетаси )да корректор бўлиб ишлардим. Бу газета Гулистон шаҳари марказида – “ Сирдарё ҳақиқати “ редакцияси билан қарама –қарши бинода жойлашган эди.
“ Ханжар тутган қотиллар “ сабаб, мен ўлка редакциясига ўтдим. Шароф Убайдуллони олдин кўрмаган бўлсам ҳам, танидим. Тасаввуримдаги йигит эди. Суқсурдек . Озғин, дуркин, хушбичим, бўйчам, кўркам. Уни ички сезгим билан ТошДунинг журналистика факультетини битирганини ва энди иш бошлаганини англадим. Салом – аликдан сўнг унга кўнглимдагини айтдим:
– ¬ Феълетонни зўр ёзибсиз. Ҳамма ерда шов - шув. Табриклайман !
– Раҳмат! – Шароф Убайдуллонинг ўзига ишонч руҳи билан ёнган ўткир, синчил кўзида тиниқ қувонч акс этди. У мендан сўрамаса ҳам, унга ўзимни тушинтирдим:
– Қўшни бинода ишлайман. Журналистликка ўқийман. Сиртдан .
– Ҳа, яхши.
Шов – шув дейишимнинг боиси ўша замонда бундай феълетон ёзиш хавфли ва кам учрайдиган ҳол эди. Бироқ Шароф Убайдуллода юрак бор эди – ки, бунга журъат этолган. Ўзи умид билан қўлига қалам олган одам, у журналистми, ёзарми, шоирми, фарқсиз, қўрқоқ бўлса, ҳеч қачон яхши нарса ёзолмайди. Ҳатто қобилиятли бўлса ҳам. Бориб – бориб руҳий инқирозга учрайди. Истеъдодидан масуво бўлади. Журналист, ёзар, шоир фақат тирикчилиги учун ёзмаслиги керак. Бу фикрим рассомга ҳам, ҳайкалтарошга ҳам, киночига ҳам, амалдорга ҳам тегишли.
Элни – алдаш фирибгарликнинг энг тубан кўриниши.
Ким халқни алдаса, ўзини ҳам алдайди. Советлар давридаги журналист, ёзар, шоирларнинг, янглишмасам, 99 фоизи маддоҳ, ялтоқ, ёлғончи эди. Тузум қули эди. Шунга бари бандидан узилган япроқдек ер парчин бўлди.
Қўрқитув асосига қўрилган тузумлари ҳам ўлди. Яъни: СССР...
Замон журналист, ёзар, шоир, олим, рассом, киночилари у кечмишдан хулоса чиқарганларми? Амал эгалари - чи? ...
Одил Ёқубнинг бир сўзи эсимда:
“ Халқни алдаган киши – ўзига гўр қазийди”...
Бир куни ишдан кейин яна “ Сирдарё Ҳақиқати”га ўтдим. Адашмасам, Шароф Убайдуллонинг олдига бу тўртинчи келишим эди. Уйига кетишга тараддудланаётган бўлса ҳам, мени илиқ қарши олди. Хонада ёлғиз ўзи эди. Мен бундан севиндим. “ Қандай яхши, эркин гаплашамиз “, деб ўйладим.
Тарих , адабиёт, ҳаёт ҳақида қўнишдик. Сўнг суҳбатимиз алангланиб, поэзияга кўчди.
– Замон шоирларининг аксарияти апологет...
– Бу – нима дегани? – Ўзим сезмаган ҳолда уни бўлдим.

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

эврил - Эврил Турон. Кишанланган қалблар Empty Эврил Турон. Кишанланган қалблар. 5 Қисм

Post by Admin Thu May 07, 2015 4:30 am

- Маддоҳ дегани. Яъни, тузумни осмону фалакка кўтариб мақтовчи шоирлар. Бу – апологетика.
Мен бу терминни билмаганимга ўзимни ўнғайсиз ҳис этдим. У буни сезмаганга олди ва гапида давом этди:
– Апологетлар қоғозни булғашади. Ёздиқларини ит ҳам ўқимайди. Чунки
Қалбсиз. Аниғи, бир чақага қиммат. Булар элимизга зарарли унсурлар. Айтиш мумкинки, сотқинлардай...
Мен Шароф Убайдулло табиатида Тангри томонидан берилган бир журъат борлигига яна бир бор инондим.
Сўнмас журъат...
– Бироқ бир – иккиси бор, – Шароф Убайдулло тағин гап жиловини олди, – зўр! Улар:
Дардли шоирлар,
Руҳли шоирлар.
Менга Рауф Парфи ёқади.
– Танийсизми?
– Курсдош эдик.
– Шундайми?
– Шерларидан ўқиб берайми?
Вақтингиз бўлса, албатта. Мен бундан қувонаман.
– Ҳозирча, мен унинг Байрон асарлари билан бир қаторда турадиган уч
гўзал шеърини ўқийман:


Жуда бахтли эдинг у билан,
Жаҳонни тўлдириб юрардинг.
Сен ўшани ўйлайсан ҳамон,
Ўша билан банддир юрагинг.


Унинг билан кечган дамлардан
Сенга қолган ширин хотира.
Менинг эса аччиқ ғамлардан
Тортиб кетди кўзларим хира.

Лекин севгим жой тополмади
Хотиралар ётган қалбингдан.
Сен уни ҳеч унутолмадинг,
Мен ҳам кеча олмадим сендан.
1962

Деразамга урилади қор,
Жаранглайди жарангсиз кумуш.
Деразамга урилади қор,
Қор сингари оппоқ бўлди туш.

Бир ажойиб қор ёғар бу кеч.
Учиб тушар менинг ёнимга...
Мен –ку сени ўйламасман ҳеч,
Сен тушасан аммо ёдимга...
1963

Оҳ, Туркистон, кўзим йўлингда,
Сен руҳимда очила қолдинг,
Бир сир бўлиб сочила қолдинг,
Оҳ, Туркистон, кўзим йўлингда.

Гўзалларнинг гўзали Турон,
Севимлидир ҳамда меҳрибон.
Ул ҳам туғилгандир меҳримдан,
Гўзалларнинг гўзали Турон.

Дунё қадар севгим бор сенга,
Билмаганлар айтар: “ Ул йўқ – ку!”
Сен қайларда юрибсан бу кун?
Дунё қадар севгим бор сенга.
1965
- Бу юрак меваси, - дедим мен, - Тиниқ! Жозибали ! Изтиробли!
- У бу шеърларини 20-23 ёшларида ёзган.
- Рауф Парфи билан қандай танишсам бўлади?
- Вақти келганда...
Янглишмасам 1967 йилнинг ёзида Рауф Парфи Муҳаббатга уйланганда, Янгийўл шаҳрига тўйга бордик. У ўрта бўйли, озғин йигит эди. Кўзларининг камдан- кам одам илғайдиган тубида тубсиз дард борлигини илғадим. Бу – тирикчилик дарди эмас эди. Менича бу:
Ватан дарди,
Миллат дарди,
Туркистон,
Турон Озодлиги дарди эди.
Мен буни ўзимга ҳам номаълум бўлган сезги билан сездим.
Ақл,
Идрок,
Юрак сезгиларим муштараклигида.
Йиллар кечароқ сезгим алдамаганига яна бир бор инондим.
Рауф Парфи уй – рўзғор, бола – чақа, топиш – тутиш ташвишларидан йироқдай эди. Уни мансаб – мартаба, орден – медал, шон – шуҳрат қизиқтирмасди. Шунгами, Рауф Парфининг душманлари йўқдек эди. Мен уни кунилаган касни кўрмаганман. Лекин , мен ўзимча, Муҳаббат тирикчилик масаласида куйинса керак, Рауф уни эшитавермаса керак, деб ўйлардим. Балки, адашарман ?

КГБ Рауф Парфининг изини, оғзини пойларди. Шеърларининг ҳар бир ҳарфини “ Оёғини” осмондан қилиб , “ Пути”ни йириб кўрарди. Мен буни унинг ўзидан ҳам, мухлисларидан ҳам эшитганман.
Рауф Парфи ички қўрқувни енгиб, эътиқодида собит туриб, ўз дунёси билан яшарди.
Шеърий дунёси билан,
Туркий дунёси билан.
Назаримда унда шеърий дунёга нисбатан Туркий дунё кучли эди. Яъни у:
Турк элларининг бир туғ остида яшашини,
Озод, ҳур яшашини назмдан ортиқ кўрарди.
Назаримда у шу сабабли шеър ёзарди.
Бу фикр менда қандай пайдо бўлган ? Бунга аниқ жавоб беролмайман. Аммо мен буни ички туйғуларимга таяниб айтаяпман. Қуйидаги мисралардан келиб чиқиб ҳам айтаяпман:
Тўкилмайдир, ахир, тўлмайдир,
Туркий дунё чил – чил бўлинган...
...
Ўйлар – Турон, ширин бир Ватан
Ўйларимиз бир аччиқ жаҳон.
Биз сумар нишони, Абут Турк қони
Биз Туркмиз, Жаҳонга қудрату кўркмиз.
Биз – Турон, Туркистон
Биз асл Туркмиз...
...
“ Ёрдам беринг, ухлаб ётаверманг! Дея ҳайқираман.
Шундай уйғотаман қадимий сўзларни – Туркистонимни...
...
Бир куч топилмасми, кишан синмасми,
Туркистон, Туркистон энди кулмасми?
Маломат, тутқунлик мангу ўлмасми?
Эркинликнинг порлоқ нури инмасми?..
Туркистон, Туркистон бир бутун бўлмасми?..

Кўксимда Туркистон, шу азиз Ватан
Бу қадар ташвишлар ютмагил, бағрим...
Менда бу фикрнинг уйғонишига, балки яна Рауф Парфининг кишининг юрагини йиғлатар даражада айтиб юрувчи мана бу шарқилар ҳам сабаб бўлгандир:
Чўкиб бормоқдасан кўзим ўнгида,
Алвидо, алвидо, эй она диёр.
Байрон

Нега сени чулғаб олди бунча тиконлар ?
Нега чиқди юрагингдан бу доғлар?
Фитрат

Узоқ... оғир йўлга чиққан йўлчиман,
Бу йўлларда қолагузим юлдуздир.
Мен юртимнинг пок истакли кучиман
У юлдузнинг тугаллиши кундуздир...
Чўлпон

Тушимми ё ўнгимми, билмадим, халқим адо бўлди,
Ҳалокат майдонида Туркистонимдан айрилдим.
Водилий

Нон сўраб келганга жонингни бердинг,
Сендадир матонат , сендадир тоқат,
Қон сўраб келганга шонингни бердинг,
Юртингни бердинг сен қаттол хирожи,
Ўлдирсанг ўзингни ўлдирдинг фақат,
Ассалом алайкум, дорнинг оғочи...
Ўзтурк.

Вақт ўтиши билан аниқ билдим, унда туркий эътиқод
Ойдек мукаммаллигини.
Енгилмас,
Сўнмас,
Сўлмас,
Ҳеч қандай куч ўлдиролмаслигини.
У шу туркий дунё учун яшашини, ижод қилишини.
Буни ўз оғзи билан ҳам айтди.
Фақат бир марта.
Қовунчида...
Қишлоғида...

Мен 1968 йил кузида Зулфия хоним таклифига биноан Тошкентга “ Саодат” журналига ишга келдим. Адабий ходим бўлиб. У замонларда бу ойнома Навоий кўчасидаги 30 уйнинг 3 – қатида жойлашган эди. Қачон Рауф Парфи билан кўришгим келса, уни осон топардим. У кўпинча улкан сўқоқнинг нариги бетидаги ошхона ё чойхонада мухлислари қуршовида ўтирган бўларди. Бир шиша ароқни майдалаб... Баъзан газакли, баъзан газаксиз.
“Қўл калталиги қурсин” дердим ичимда.

Рауф парфи тили билан айтсам, ўтиришга пули бор “дарвеш” “раҳбар”лик қиларди. Ёки “дарвеш”лар “чўнтакларини қоқиб”, ароқ ё вино олишарди. Йиғилган пул чўғига қараб.
Рауф Парфининг ўзида камдан – кам ҳолда ақча бўларди. Бўлганда эса у пулнинг юзига қараб ўтирмасди. Орқа, олдига қарамай сочарди. Натижада эртадан – кечгача назм оламидан бош кўтаришмасди. Шундай онларда ҳам Рауф Парфининг кўзлари тўридаги ўша дард вақти – вақти билан исён кўтариб турарди...
Икки марта Рауф Парфи билан бирга Ҳамроқул Турсунқулов раислик қилаётган колхозга –– унинг онаси Сакина онани кўргани борганмиз. У лойсувоқ уйда танҳо яшарди. Ёлғиз ўғлининг йўлига ойлаб кўз тикиб. Ғира – шира эсимда. Озғин, кўзлари кишига меҳр аралаш майин, ғамгин боқувчи аёл эди. Камгап , камсуқум, мунис. Узун кўйлак кийиб юрарди. Шунгами, у менда ўртадан баландроқ бўйли хонимдек таассурот қолдирган. Бу ғариб, ўксик онани ҳар кўрганимда, Рауф Парфининг шу шарқи ёдимга тушарди :
Эшитдим онажон, хафа эмишсан,
Гарчи муҳаббатдан тилардим эҳсон,
Ёруғ кунларимга бўлгандим илҳақ.

Юзимга нафасинг урилар илиқ,
Ажиб ёруғликка тўлмоқда хона,
Суратим қошида дуолар қилиб
Тағин йиғладингми, муштипар она?..

Бахтсизликка ўхшаб кетар бу ҳолим,
Сенсиз бахтсизликка ўхшайди қисмат.
Сенсиз ёришмасди менинг хаёлим,
Дунёнинг лақаби бўларди ҳасрат.
1966
(Юракни ўртовчи бу узун, хазин
шъер қисқартирилган ҳолда берилди).

Сакина онани иккинчи марта зиёрат этишга бораётганимизда, Янгийўл шаҳарида дурустгина бозор қилдик. Она бизни кўриб, бениҳоя қувонди. “Ўғлигинамнинг ошноси, - дея мени ҳам қучоқлаб, манглайимдан ўпди, - айланай, болажонларим, мени йўқлаб келган болажонларим!” Унинг ўғли кўзларига бенгзовчи кўзларидан севинч ёшлари оқди. Ёз эди. Ташқарида, эски кўрпачалар устига чўкдик. Қон ранг, улкан, юмалоқ қуёш ёруғлик билан видолашаётганда, биз ( Рауф ва мен) бир ўрис ароғини бўшатдик. Сакина она сопол лаганда ош келтирди.
- Водилча палов, - деди у оламни ёрутгидай жилмайиб, - олинглар,
болаларим.
Яна ичдик. Онанинг:
Борлигига,
Соғлигига,
Узоқ яшашига.
У ўғлига термулиб –термулиб қўярди. Сездирмай. Рауф Парфи буни ҳис этиб турарди. Мен ҳам.
Емоқдан кейин узоқ қўнишдик. Тарих, адабиёт, Ватан,миллат, пахта ҳақида. Кейин ой, юлдузлар ёғдусида афсонавий тусга кирган далада санғидик. Кўпмас. Бироз. Оғу (бутифос) ҳидидан бўғилдик. Изимизга қайтарканмиз, Рауф Парфи илк бор менга ёрилди:
- Халқимизни заҳарлаб ўлдираяпти.
Мияларимизни,
Юракларимизни,
Онгларимизни заҳарлаяпти.
Егулигимиз,
Ичгулигимиз оғуга айланган.
Борлиғимизни ташиб кетаяпти.
Илдизимизни куйдираяпти.
Интиқомдан қўрқиб...
Оёқ ости бўлаётган Ватанимзни ўйласам, миллатимизни ўйласам, дунёга сиғмайман. Агар Туркистонимиз қарамсиз давлат бўлганда эди, мен шеър ёзмасдим. Далада кетмон чопардим. Ҳозир бунга имконим йўқ . Шеър ёзаман, шеър – менинг қуролим. Элимга ҳақни англатгувчи қуролим! Босқинчига қирон ҳозирловчи қуролим!..
Бу сўзларни мен бошқа ҳеч бир шоирдан эшитмаганман. Орадан узун – узун йиллар кечса ҳам.
Хор – зорликда ҳам...
Ҳеч бир шоир,
Ҳеч бир ёзардан.
Шундай инсон ўзи орзу қилган замонга етганда, очликдан ўлганига ишонмайман.
Дўстлар ёлғончи!
Дўстлар фитначи!
Инонмайман!
Инонмайман!

II қисм
ТУРКИСТОН БИР БУТУНЛИГИ – БУЮК ҚУДРАТ КАЛИТИ

Давлатли эл эдим. Энди давлатим қани? Кимга
давлатимни бериб қўйдим ? Ҳоқонли эл эдим.
Энди Ҳоқоним қани? Қайси ҳоқонга хизмат
Қилаяпман?
Кул Тигин битиги

Бузилди бу замонлар,
Авж олди кўп ёмонлар.
Камайиб билимдонлар,
Илму ҳикмат йўқолди.
Қошғорли Маҳмуд

Билимсизлар билимлиларга ҳамиша душманлик
Қилади. Жоҳиллар оқилларга доим адоватда бўлади. Юсуф Хос Ҳожиб

Агар арслон итга бўйсунар экан,
Мушукдан пастга ҳам йўлдош бўлади. Мирза Бедил

Ватан бўлса – менинг тушим,
Ватан тушимдир.
Ўз тилимда сўзлайман фақат тушимда. Муҳаммад Солиҳ


Ирқи,
Қони,
Тили,
Дини бошқа СССР, яъни ўрис бошқон бўлган империя бизга ватанмиди?
Оқил бунга жавоб талаб қилмас.
Ўз Ерига ,
Ўз Осмонига,
Ўз Ўзлигига,
Ўз тилига,
Ўз Ёзувига,
Ўз Тарихига,
Ўз Ҳоқонига эга бўлмаган Туркистон, яъни:
Парчаланган,
Миллатларга бўлинган,
Тилларга бўлинган,
Каллакланган,
Кесилган,
Юлинган,
Бошсизланган,
Тизгинланган,
Қулга айланган Туркистон бизга ватанмиди?
Тарихан, ҳа.
Ҳозир эса:
Ўйимизда,
Хаёлимизда,
Хотирамизда,
Тушимизда.
Шоир ҳақ:
“ Ватан бўлса – менинг тушим.
Ватан тушим.
Ўз тилимда сўзлайман фақат тушимда”.
Эл зулумга хизмат қилди:
Онглироқ,
Онгсизроқ,
Ноилож,
Мажбуран,
Йўқликдан,
Очликдан,
Болаларига бир бўлак нон топиш учун.
Онглилар зулумга қарши курашди:
Очиқча,
Яширинча,
Фикр билан,
Сўз билан,
Қалам билан,
Қурол билан.
Анвар Пошо,
Абдураҳмон жевачи,
Мустафо Чўқай,
Турар Рисқул,
Маҳмудхўжа Беҳбудий,
Фитрат,
Чўлпон,
Иброҳим Қўрбоши,
Шермуҳаммад Қўрбоши шуларнинг ёрқин тимсоли.
Олчоқлар зулумнинг ялоғига айланди:
Юртини,
Элини,
Ўзлигини,
Тилини,
Эркини,
Эътиқодини,
Имонини,
Виждонини,
Қизини,
Хотинини,
Орқа – олдини... сотиб.
Уларнинг номларини айтишга ҳам ҳазар қиламан. Зотан ўқувчи бу “Ватан қаҳрамонлари”ни билади. Аён нарсани – баён этиш ортиқча.
Конфуций сўзи:
“ Инсонларнинг нажиб ва паст табақаларга бўлинишини ўзгартириб бўлмайди”.
Конфуций янглишади.
Ўлимдан ўзга ҳар нарсанинг чораси бор.
Пишак,
Ит,
Эшак элга нафли.
Уларнинг қони ҳам тамиз.
Сотқинларга нисбатан.
Хоинларнинг эса на фақат қонлари, балки бутун ҳужайралари:
Ҳаром,
Сассиқ,
Заҳарли.
Улрни куйдириш керак!
Уруғ – аймоқлари билан!
Йўқса, ўрис босқинчиларининг, ҳатто ҳароми дашноқларнинг орқа,олдини ялаган тўнғизлардан қутилиб бўлмайди.
Бирдан – бир йўли шу.
Темур сўзи:
“ Тангридан бошқа ҳеч ким ва ҳеч нарса абадиймас. Ҳатто дунёга нур сочиб турган Қуёш ҳам бир куни сўнади “.
Тенгсиз Темурга қўшимча қиламан:
Яратганнин иродаси билан:
Бири эрта,
Бири кеч...
Пушкин сўзи:
“ Тангри офат солса, шохлар ҳам ожиз”.
Пушкинга қўшимча қиламан:
Қутирган салтанатлар ҳам...
Улуғ Турк шоири Бедил сўзи:
“ Бу кураш олами тажрибасида
Ҳар нарсани ечар ҳикмат аслида.
Бунда инсон жаҳди қўшилмас ҳар он
Қўшилса осмонни кўр ер остида...”
Қадимий Унгин битиги:
“ Турк эли йўқолмасин деб, йитилмасин деб Осмон айтган”.
Мен шу битиклардан ўзимча хулоса чиқараман. Қондан бино бўлган СССР қон қусади. Эл: “ Қон тутади”, деб бежиз айтмайди.
Парчаланган Туркистон парчаланган ҳолда зулумдан қутилади. Лекин буни том маънода мустақил, деб бўладими? Теграда оч бўрилар тишларини шақиллатиб турибди. Тарқоқ Туркистон уларга бас келоладими? Сон жиҳатдан оз- ку. Қувват жиҳатдан заиф- ку. Нима дейсиз?
Йўқ.
Ҳар бир бўлак ўзича оёққа турганда- чи?
Шуда ҳам қийин. Чунки:
Нуфуз,
Куч,
Гавда жиҳатдан улкан, маккор давлатларга бас келолмайди. Масалан:
Хитой,
Ўрис,
Ҳатто форсга ҳам.
Нима қилиш керак?
Бунинг фақат бир йўли бор:
Туркистон эли бир миллат ўлароқ бир туғ остида бирлашиши керак.
Қонимиз,
Тилимиз,
Динимиз,
Табиатимиз бир бўлса, бунга нима моънелик қилади?
Жиловсиз,
--------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------
¹Дошноқлар – Ўриснинг юбкаси остида армани дошноқлари фарғона водийси элини қириб ташлаган. Аёлларни булғаган. Ҳар нарсанинг акс тасири бор.
Зулмга – зулм билан, қиличга – қилич билан жавоб берилади.
Осмон – Тангри маъносида.

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

эврил - Эврил Турон. Кишанланган қалблар Empty Эврил Турон. Кишанланган қалблар. 6 Қисм

Post by Admin Fri May 08, 2015 12:15 pm

Очофат,
Ҳалокатга элтувчи худбинлик.
Ватан, халқ тақдири қил устида турганда , бундан кечилса бўлмайдими?
Юрагида эл дарди бор киши худбин бўладими?
Нима қилиш керак?
Кутамиз.
Агар фақат кутиш бўлса, бу – ўлим.
Тўғри. Бироқ биз тинсиз тарзда туркийларни муайян бирликка ундаб борамиз. Бу –ўз мевасини беради.
Қачон.
Аниқ айтиш қийин. Аммо ҳаётнинг ўзи ҳам буни тезлаштиради.
Бунга омил ҳам бор.
Қандоқ?
Бош тошга тегавергандан кейин ҳам тезлашади. Ундовга қотилароқ.
Ўғузхон ҳоқон,
Элтариш ҳоқон,
Тўбихон хоқон,
Темур ҳоқонларни эсланг.
Тенгсиз турк эллари бирлиги негизида қандоқ буюк салтанатлар қуришган!
Бир ботир туғилади.
Юртсевар ,
Элсевар.
Билга ҳоқондек
Буюк,
Доно,
Енгилмас,
Енгар.
Тили билан дили бир.
Бир сўзли,
Чин сўзли.
Қўрқмас,
Ёвқур,
Қаттиқ қўл.
Ўз ватанини ўзидан ортиқ севувчи.
Кошки.
Туғилган,
Туғилади,
Туғилаверади.
Бу нарса туркнинг қонида бор.
Ҳар қандоқ саваш, ўлат, зилзила, тўфонларда ҳам Осмон Турк элларини омон сақлайди.
Бўлиниши,
Кучсизланиши,
Қувилиши,
Йиқилиши мумкин.
Лекин йўқ бўлиб кетмайди.
Қайта қалқади.
Кучлироқ бўлиб,
Онглироқ бўлиб,
Ҳушёрроқ бўлиб,
Бир бутун бўлиб.
Бунга улуғ боболаримиз тузган 18 та улуғ империя бир мисолдир.
Бунга буюк Темур тузган буюк салтанат бир мисолдир.
Агарчи эссе ҳажмига катталик қилса ҳам сўзимнинг яна бир ёрқин исботи учун 732 йилда мармарга (баландлиги 3 метр 25см.) чўкичда ўйиб ёзилган Кул Тигин битигидан (қисқартирилган ҳолда) мисол келтираман:
“ Юқорида кўк осмон, қўнғир ер яратилганда, иккисининг ўртасида инсон болалари пайдо бўлган. Инсон болалари устидан ота – бобом Бўмин ҳоқон, Истами ҳоқон хоқон бўлиб ўтирганлар. Улар тахтга ўрнашиб, турк халқининг давлатини, қонун – қоидаларини тутиб турганлар, риоя қилганлар. Тўрт тараф бутунлай ёв экан. Лашкар тортиб, тўрт тарафдаги халқни бутунлай олганлар, бутунлай тобе қилганлар. Боши борнинг бошини эгиб таъзим қилдирганлар, тиззаси борни чўккалатганлар...
Улар доно ҳоқон экан, боҳодир ҳоқон экан, боқонлари ҳам доно,
ботир бўлган, беклари ҳам, эли ҳам тўғри экан. Шунинг учун давлатни тутиб, қонун – қоидаларни яратган. Ўзи шу тарзда яшаб, дунёдан ўтган.
Азачи , йиғичилар шарқдан – кун чиқардан Букли чўлилик эл, Табғач (Хитой ерига ҳукмрон бўлган маккор, урушқоқ турк ҳоқонлиги),
Тибет, Авар, Рим, Қирғиз, Уч қўриқан, ўттиз татар, Қитанй, Татаби – шунча халқ келиб, йиғлаган, аза тутган. Шундай донгли ҳоқон экан...
Юқорида турк осмони, туркнинг муқаддас ери, суви шундай дебти:
“ Турк эли йўқ бўлмасин” деб, “Халқ бўлсин” деб отам Элтариш ҳоқонни, онам Элбилга хотунни Тангри ўз мартабасида тутиб , юқори кўтарган экан... У замонда қул қулга эга бўлган, чўри чўрига эга бўлган... Давлатимиз, қонун – қоидаларимиз кучли, тўғри бўлган. Турк, ўғуз беклари, эй халқ , эшитинг! Тепада осмон босмаган бўлса, пастда ер ёрилмаган бўлса, эй турк эли, давлатингни, ҳукуматингни ким бузади?...
Эй Турк эли, тўкис ишонувчансан. Самимий, носамимийни ажратмайсан, ким қаттиқ гапирса, самимийни ҳам танимайсан. Ўшандайлигинг учун тарбият қилган ҳоқонингнинг сўзини олмайин ҳар қаерга кетдинг, у ерларда ғойиб бўлдинг. Ўша ерда қолганинг зўрға кун кўриб юрдинг. Тангри ёрлиқагани учун, истеъдодим, бахтим бор учун мен сизларга ҳоқон бўлдим. Ҳоқон бўлиб қашшоқ халқни оёққа турғаздим. Қашшоқ элни бой қилдим. Оз халқни кўпайтирдим. Ё бу сўзимда ёлғон борми? Турк беклари,эли, буни эшитинг! Турк халқини тўплаб давлат тутишингизни бу ерда тошга ўйиб ёздим. Адашиб айрилганингни ҳам бу ерда ёздим. Нимаики сўзим бўлса мангу тошга ўйиб ёздим.
Унга қараб билинг, Туркнинг халқи, беклари. Уй , дунёгагина қарайдиган, кўзига фақат мол – мулк кўринадиган беклар, сизлар гумроҳсизлар. Мен мангу тошга ҳаммасини ўйиб ёздим...
Меҳнатни, кучни берувчи шундай ҳокимиятни қозониб Кул Тигин учди!
Тангри яшатувчидир”...
Алп Арслон Туркеш сўзи:
“ Турк эли йиқитади ,йиқилади, қалқади, тикланади. Турк эли қуёш билан тенг яшайди”.
Ўйлайман . Орзиқиб ўйлайман:
Туркистон яхлит бўлади.
Туркистон
Миллий,
Сиёсий,
Иқтисодий,
Ҳарбий ва ўрта турк тили бирлигига эришади.
Бу севинчимни ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Дунёнинг бор олтини билан ҳам. Аммо, баъзан, кўнглимнинг олис бир пучмоғида қўрқув ҳам пайдо бўлади. Гўё қоп – қора булутдай.
Мудҳиш қўрқув,
Даҳшатли қўрқув.
Нимага?
Тангри қўллаб қуллик занжирини узсак,
Юрак қонимиз билан,
Жон – танимиз билан,
Ақл – идрокимиз билан,
Ғайрат – кучимиз билан курашароқ эришганимиз – Туркистонимиз
қарамсизлиги бошига бизга қарши, ўзлигимизга қарши турган ренегетлар чиқиб олса нима бўлади ?
Бошимизга бало ёғилмайдими?
Туркистонимиз яхлитлиги учун курашган асл ўғул – қизларимиз
Қувғин қилинмайди?
Тупроқ этилмайдими?
Ғамга ботаман,
Изтироб чекаман,
Қон ютаман.
Секин – секин ховотирларим чекинади. Ўрнини ёруғ ўйлар эгаллайди:
“ Йўқ, бундай бўлмайди” дейди ичимда иккинчи Эврил.
“Ҳар қандай тақдирда ҳам қарамсизликка ҳеч нарса етмайди” дейди ичимдан учинчи Эврил.
“Туркистон бир бутунлиги – энг буюк неъмат” дейди ичимда тўртинчи Эврил.
Аниқ эслайман , мени бундай машъум хаёл, ойдин орзулар чулғаб олган замонда, мен Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасига қарашли Тарғибот Бюро (Бюро Пропаганда)си бошқони (Директори) эдим. Унинг ўз муҳр, тамғаси, ўз хизмат машина (“Волга”)си бўларди. Бюрода 82 киши ишларди. Яна ҳар ўлка (Вилоят)да бўлимлари бор эди. Кўплаб ёзувчи, шоир, олим, артистлар ундан нон ерди.
КПСС Марказий Қўмитаси бош котиби М.С. Горбачев даврида эл елкасига қуёш тегди. Нисбатан. Қалб, тил, эътқод, виждон эркинлиги томр ёйди. Нисбатан. Бунинг натижасида чўлпонлар тирилди:
Кўрқмас,
Қайтмас,
Жаъсур чўлпонлар.
80 йилларда космополитизм “ғояси” ахлатга отилди. Ўлик тўнғиз боласидек. Ёш, янги шоирлар эркин куйлай бошлади. Янги овоз билан.
Туманларни ёриб,
Бўронларни ёриб,
Тўфонларни ёриб,
Момоқалдироқдек гулдираб,
Тоғ дарёсидек ҳайқириб:
Мен ҳеч кимга бўйсунмасман,
Балки менга бўйсунар қисмат.
Мен сен эккан жойда унмасам,
Ҳенрик Ҳейне сўзи:
Озод ақл, озод қалб билан
Ўсмоқдаки бир янги авлод.
Юртда ана шундай авлод
Етилмоқда эди,
-------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------
¹Космополитизм – ватанпарварликни инкор этиш.

Ўсмоқда эди,
Зулумни қақшатиб.
Юртда тафаккур бирлиги, инсон эркинлиги қанот ёзмоқда эди.
Кишанларни парчалаб.
Ўзликларини англай бошлаган қалбларнинг , яъни кишанланган қалбларнинг ҳам кишанлари узулмоқда эди.
Бандларидан ғижирлаб.
Бунда чин ёзар, шоир, олимларнинг ҳиссалари беқиёс эди.
Уйқудан уйғотгувчи,
Ёлғонни фош этгувчи,
Зулумни қоралагувчи
Ҳақиқатни очгувчи,
Олчоқни ер этгувчи,
Эркни тараннум қилгувчи.
Шулар қатори мен ҳам амалий иш қилиш устида бош қотирардим.
Юкорида айтганимдек, директор эдим. Ўша ¬¬ саксонинчи йиллари. Одил Ёқуб
шарофати билан. Ўзбек тилида иш олиб боришни қатъиян йўлга қўйдим. Юрт тилини билмаганлар кетдилар. Бирин – кетин. Мени
Миллатчиликда айблаб,
Устимдан ёзиб,
Қарғаб.
Мен уларга бир хил жавоб қайтарардим:
- Россияда яшаётган ҳар бир ўзбек русчани билади. Рус тилида ёзади, ўқийди, иш олиб боради. Сизлар бундан ибрат олмайсизларми? Ё ерли тилни менсимайсизларми? Мен ҳурматга – ҳурмат билан қарайман. Ҳурматсизликка ҳурматсизлик билан...
Уларнинг ичида ашаддий шовинистлари, ўриспарастлари бор эди. Ҳамон эсимда. Сариқ сочли бир жувон хонамга мулойим мушукдек товланиб кирди.
- Давлат тили- рус тили- ку, Мамадали Аҳмедович, - деди қаршимдаги стулга ўтиргач, момиқ қўли билан билагимдан оҳиста тутароқ майин овозда.
Унинг оч кўк кўзида шаҳвоний ҳирсни туйдим. Шу билан бирга кўз илғамас нафратни ҳам. Буни ўзим ҳам тушунолмайдиган сезги билан туйдим. Қўл тафти одамга таъсир қиладиган даражада баланд эди. “Бошимга бир бало орттирмай” деган гап миямни кесиб ўтди. Сергак тортдим.
- Чўчиманг , Мамадали Аҳмедович, - деди жувон буни сезаркан, - мен мардга – мардман...
Қизарганимни ҳис этдим.
- Тилим маҳкам...
Шу пайт, кутилмаганда Собир Холхўжа (бухгалтер) менга қўл қўйдиргани бир тахлам ҳужжат олиб кирди. Жувоннинг гапи оғзида қолди.
Мен ўзимча “кутилмаган” , “тасоддиф”, “омад”, “бахтли ҳодиса” деган нарсалар ортида ғойибий куч туради, деб ўйлайман.
Бунга ишонаман ҳам.
Собир Холхўжага ўтиришга жой кўрсатдим. Жувон истамай қўлини олди. Унинг кўзидаги ҳирс сўнди. Манглайи тиришди.
- Сиз ҳақсиз, хоним (исми хотирамдан ўчган), - дедим жувонга жавобан, - давлат тили- рус тили. Агар ўзбек тили бўлса, ўзбекчани ўрганармидингиз?
- Ҳа.
Бироқ унинг кўзида : “ Ҳеч қачон бундай бўлмайди!” деган маъно акс этарди. Мен буни аниқ кўрдим. Гўё кўкда қора булутни кўргандай.
- Мажбурийликданми ? – жувонга ичимдаги кечинмани сездирмадим.
- ...
- Ерли элга меҳр кўрсатсангиз, меҳр оласиз. Ҳар яхшилик меҳрдан туғилади.
Хонага отаси ўзбек, онаси ўрис қиз эшикни тақиллатмай, изн сўрамай, бетакаллуф қиёфада кирди. Мен унга атайлаб савол назари билан беписанд боқдим. Қиз айнан ўзбекка ўхшаса ҳам, унинг ичи ўрис эди.
Феъли ҳам,
Юриш – туриши ҳам,
Ўзини тутиши ҳам,
Кўкрагини сезилар – сезилмас очиб юриши ҳам.
- Сиз мени ўзбекчани билмаганимга ноқонуний ишдан ҳайдаяпсиз, - деди у ҳа йўқ, бе йўқ томдан тараша тушгандай аламли овозда.
- Янглишаяпсиз, - туб мақсадимни яширдим, - сиз олти ойдан бери маош оляпиз. Учрашувлар ўтказмагансиз. Ортиқ сизни тутиб туролмайман.
- У жазавага тушди. Ўтга бензин сепгандек ловуллади:
- Миллатчи! Пантуркист! Устингиздан Москвага ёзаман!
У кўзимга чучмал кўриниб юрарди. Ҳозир эса тирриқ эчкидай кўринди.
- БМТга ҳам ёзинг – дедим.
- Агар Сталин тирик бўлганда, манглайингиздан отарди.
- Гарбачёв бор – ку.
- Ҳаммаёқни расво қилаётган ўша.
- Менимча, тузатаётган...
- Москва турибди, қонун турибди!
- Сизга бундай гапларни қайси Маруся, қайси Ванюша ўргатаяпти?
------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------
¹ Тарғибот бюросининг ҳар бир ходими ёзувчи, шоир, олим, артистлар муштаракпигида ишчи, деҳқон, чўпон, ҳизматчи... лар билан учрашувлар уюштиради. Шу ҳисобга маош олади.

- Менинг ақли – ҳушим жойида. Сизникини билмадим.
- Сўзим – сўз. Ишга лоқайд касга тоқатим йўқ.
- Идиот!
- Манқурт!
- Ҳали кўрасан!
- Кўзимдан ўч!
Қиз эшикни қаттиқ ёпиб чиқиб кетди. Жувон менга раҳмдиллик қилган бўлди:
- Ўзингизни ўтга уриб нима қиласиз, Мамадали Аҳмедович?
- Ўзбекнинг мақоли бор: “Чумчуқдан қўрққан одам тариқ экмайди”.
- Папани катта ишда ишлайди. Мамани юрист.
- Ҳар ҳолда Кремлда эмас.
Жувонга ҳам, Собирга ҳам бир йўла жавоб қайтардим.
- Ўзингни минг эҳтиёт тутма, ажалинг етса ўласан. Йўқса , йўқ. Соппа – соғ одам ҳам гапираётиб ўлиб қолиши мумкин.
Тили айланмай,
Нафаси қайтиб,
Юраги тўхтаб.
Ўлим – Тангридан.
Умр – Тангридан.
Навоий ушбу сўзни билиб айтган:
“ Киши иқболга пайванд экан, ҳеч қачон унинг иши бандга тушмайди.
Ишига мингларча тугун тушса ҳам. Тангри осонлик билан ечиб юборади”.
- Мени ҳам бўшатасизми, Мамадали Аҳмедович?
- Ўзингиз ишонмаган тил – давлат тили бўлганда...
Жувон кўз олдимда яшнаб кетди.
- Чирчиқ дарёси бўйида дачангиз бор деб, эшитаман, ростми?
- Ҳа.
- Бир тоза ҳаво олиб келмаймизми?
- Эрингиз изимизга тушса- чи?
- У ароқдан кайф олади...
Собир Холхўжа ер остидан менга маъноли боқди.
Жувон калта этакларини тўғирлаб, сирли жилмайиб хонадан чиқди.
Собир Холхўжа эшилди:
- Орқаси билан оёқлари зўр- да, шу хотинни.
- Юзи билан дудоқлари – чи?
- Қаймоқдай, ғунчадай.
- Шоир бўл – э.
- Бухгалтерам ижод қилади , устоз¹.
- Бу ишхона , Собиржон.
- Сиз эркин одамсиз. Биз Сиздан андоза оламиз , - кулди Собир Холхўжа.
У кўркам юзли , ихчам жуссали , ёш йигит эди. Ўз ишига пухта эди . мен ортиқча гапга ўрин қолдирмай , ҳужжатларга имзо чекиб , муҳр босдим.
Секин – секин ишхонани бойитдим.
Ходимларнинг маошларини оширдим.
Ҳар уч ойда уларни тақдирлаб бордим.
Пул ҳисобига.
Жамо иноқ , ишчан , бир – бирига меҳрли ҳам самимий эди.
Туғилган кун , тўй – маракаларда бир – бирига қўлдош эди. Энг асосийси – Ўзликни туйғуси билан ёниб яшарди. Орада искович йўқ эди. Искович бор ерда:
Ўсув,
Меҳр,
Бирлик,
Эркинлик,
Ишонч бўлмайди.
Билъакас:
Ёлғон,
Туҳмат,
Ҳасад
Иғво.
Фитна,
Ҳаром,
Гумон,
Ховотир уялайди.

Рауф Пафи , Чўлпон Эргаш , Маъруф Жалилга ўхшаш иш билан таъминланмаган қанча – қанча шоирлар бюродан кун кўрардилар.
Москвада , Жаҳон Адабиёти институтида ўқиётган Тўра Мирза , Тоғай Мурод , Мурод Муҳаммад Дўст , Ражаббой ота Турк каби касларга моддий ёрдам бериб борардик.
Бахтиёр Холхўжа бош “Турон чечаги” ансамбилини туздим. У замонда “ Турон “ сўзини тилга олиш хавфли эди.
Қоронғуликда ёруғликка кимдир йўл очади. Қўрқмай . Ўзидан кечиб. Очдим. Бу – Туркистон юртида фитратлардан кейин очилган илк сўқмоқ эди. Шундан сўнг “ Турон “ га сўқоқ очилди. Туркий ўлкалар бўйлаб.
Бахтиёр Холхўжа табиатан камтар , хуш феъл , чин сўз , кўркам инсон. Унинг овози табиатидан ҳам гўзал, тотли , бетакрор. Шуҳрат , мукофат , пул учун бир – бирини ерга уриш , сотиш , ейишдан ҳам тоймайдиган қурбақа сас “ хонанда “ лардан айро ўлароқ у юксакда туради.
Тарғибсиз,
Ташвиқсиз,
Таниш – билишсиз,
Қўллаб – қувватловсиз,
Ишонган тоғсиз...

-------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------
¹Ходимлар мени устоз дейишарди. Айрим ёзар, шоирлар ҳам. Мени қанча севсанг ҳам, Менга аталган аталган захарни ичмайсан. Демак , мени ўз жонингдан ортиқ севмайсан...

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

эврил - Эврил Турон. Кишанланган қалблар Empty Эврил Турон. Кишанланган қалблар. 7 Қисм. Туркчилик ва Ўзбек тили давлат тили бўлиши учун бошланган кураш

Post by Admin Thu May 14, 2015 4:48 am

РЕЖА
Она тилим – миллатим жони
Чўлпон
Мен 1989 йилга келиб , ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ Она тилим ҳақида ўйлай бошладим. Горбачев берган эркинликдан фойдаланиш режам устида қаттиқ бош қотирдим. Тинмай. Дардимни ҳеч кимга айтмай. Ёлғиз ўзим. Улуғ отам Аҳмат Оқсоқолнинг сўзи менинг
Онгимда,
Юрагимда,
Борлиғимда,
Ҳатто тушимда ҳам бонг урмоқда эди:
“ Ўз элимда тилсизман!”
“ Ўз элимда юртсизман!”
Биринчи сентябр куни туш кўрдим.
Ҳаво иссиқ эмиш. Тоғда , боғ уйим қаршисида, тиниқроқ , тўлиброқ оқаётган Чирчиқ дарёда чўмилаётганмишман. Кутилмаганда ўрам ( гирдоб) мени ўз комига тортганмиш. Ундан қутилиш учун ёруғликка талпинармишман. Тангрига ёлвориб . Бор кучим билан. Шу он, ногаҳон, тепамда лайлак пайдо бўлганмиш. У одатдаги лайлаклардан оқроқ , йирикроқ эмиш. Менинг тилимда: “ Қўрқма одам боласи! – дермиш, - қўлингни чўз, қутқазаман!” Мен жон талвасасида типирчилаб ,талпиниб унинг оёғидан тутармишман. Оқ , оппоқ лайлак мени зангор осмонга кўтариб учиб , зангор қирғоққа олиб чиқиб қўйганмиш.
Мен унга ҳайрону лол боқармишман.
Чек – чегарасиз миннатдорлик билан ,
Чек – чегарасиз меҳр билан.
Энтикиб,
Ҳаяжонланиб.
“ Ўзи қуш бўлса , қандоқ қилиб мени фалакка кўтарди! – деб ҳайратланармишман , - Ўзи қуш бўлса ,қандоқ қилиб менинг тилимда сўзлайди ? Ё тавба ! Ё тавба!”
Оқ, оппоқ лайлак майин – майин кулармиш ва елкамга ўн қаноти билан майин – майин қоқиб дермиш:
- Ажабланма , одам боласи , энди жонли – жанзот бир – бирининг тилини тушунадиган замон келди.
- Ит , миш , тўнғизларгаямми?
У саволимга жавоб бериш ўрнига дермиш:
- Сен ҳам ҳаракат қил !...
Оқ , оппоқ лайлак ложувард осмонга учармиш. Ложувард бўшлиққа сингармиш.
Кўз - очиб юмгунча.
Мен дераза оша кўзимга тушган қуёш ёғдусидан уйғондим.
Хаёлим чуваланди:
“Оқ , оппоқ лайлак қиёфасида , балки , фаришта энгандир?
Одамзот етолмайдиган олис осмондан.
Мени қутқазишга...
Мени ҳаракатга келтиришга...
Мен ўзи тинсиз ҳаракатдаман – ку.
Жамоам ҳам.
“ Амалий ҳаракат...” дейди қулоғимга ғойибий бир сас.
“ Амалий ҳаракат “... Оқ , оппоқ лайлак ҳам : “ Ҳаракат қил...” деганди –ку.
Қандай ҳаракат?
Йиқиқ Туркистон байроғини тиклашми?
Ё олдин Ўзбекистонни қонли чангалдан қутқазишми?
“ Ҳозир оёқ ости бўлган тилингни тикла ! – дейди ўша сирли овоз.
Кейин Ўзбекистонни...
Кейин Туркистонни...
Кейин , балки ,Туркий оламни...”
- Менинг қўлимдан шу ишлар келадими?
- Юрагида Ватан , Миллат дарди туғён ураётган ҳар бир кишининг қўлидан келиши мумкин. Агар у:
Ўзига , ўз куч – қувватига мутлоқ инонса,
Халқини қалқитолса ,
Қўрқмай ,
Мардона ,
Тинсиз интилса ,
Ўзидан кечиб...
Мен туш , ғойибий сас таъсири ва ўй – хаёлларим тўлқинида аниқ бир ечимга келдим:
Элни намойишга чиқараман.
Ўзбек тилини – давлат тили қилиш учун.
Яна сирли оламдан сирли товуш келди:
- Тангри сени қўллайди!
Режа туздим.
Режамни амалга ошириш учун:
Ақлимга таяндим ,
Юрагимга таяндим ,
Йўлдошларимга таяндим.
Ўзимга содиқ дўстларимни кўз олдимга келтирдим.
Қайта – қайта ,
Бирма – бир:
Мамадали Эрон ,
Равшан Латиф ,
Муҳаммад Исмоил...
Ёш журналист Мамадали Эрон билан бирга Республика Агросаноат¹ида ишлаганман. Мен бош редактор эдим. Мамадали Эрон – Муҳаррир.
Кўнгли тоза , қинғирликни билмайдиган , юрт равнақи йўлида жон куйдирадиган бу йигит ҳар бир ишни ўрнига қўйиб бажарарди. Тез , чаққон , тоза. Мен унга ишонардим. Дўстлар ҳам. Илк марта Мамадали Эронга режамни аён этдим. Унинг кенг жағли юзи оқарди , қошлари ораси торайди , самимий белгилар балқиб турган кўзи кенгайди. Сониялар кечароқ асл ҳолига қайтди.
- Ўйлаб кўрай , устоз , - деди тер сизган манглайини қашиб , - қош қўямиз деб , кўз чиқармайлик. Тарозига солиб кўрайлик. Ипидан - игнасигача. Эҳтимолларни ҳам кўзда тутайлик.
Тангри қўллайман деса , темир эшиклар ҳам очилиб кетаверади.
Ўз – ўзидан ,
Очқич²ларсиз
Суҳбатимиз битаётганда , Сулув Саломат (бюро ходимаси) асабий бир алпозда “ Правда Востока” нинг янги сонини кўтариб кирди.
- Устоз , манавини қаранг , - у газетани титраб ёзди ва ЎЗТАГ мухбири Кружилиннинг отнинг калласидек катта мақоласига суқ бармоғини ижирғаниб нуқди , - исқирт! Тўнғиз!! Нонкўр!!! Ўзбек тилини балчиққа қориб ташлабди.
- Марказқўмнинг газетасида – я! – Мамадали Эрон ишонмай мақолага кўз югуртирди. Ва сўнг ғазабдан жунбушга келди:
- Мараз !!!
Шу пайт шоира Фарида (бюро ходимаси) эшикни очди. Унинг юз – кўзида қаҳр ўти ёнмоқда эди. Қўлидаги кунномаларни кўрдиму ,гап нимадалигини англадим.
--------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------
¹Қишлоқ хўжалиги министрлиги у кезлари Агропром , деб аталган.
²Калитларсиз маъносида.

- Бу қандай замон бўлди – я! – деди Фарида ўйимни кесиб , зўр нафрат билан , - Сотқинликнинг чегараси йўқ ! Ўз тили ерга урилган мақолани таржима қилиб босишибди. Марказқўм газеталари:
“ Совет Ўзбекистони”,
“ Ёш Ленинчи”.
- Номларининг ўзи ҳам кимликларини айтиб турибди:
“ Совет Ўзбекистони”...
“ Ёш Ленинчи”...
Саломат Мамадали Эроннинг кесатиғидан алангаланди:
- Тўғри, Мамадали , тўғри. Фарида опам ҳам билиб айтди:
Сотқинликнинг чегараси йўқ ! Менимча ,
Ялтоқликнинг ҳам ,
Қаллобликнинг ҳам!
Фарида қўшимча қилди:
- Пахол қўишни ҳам...
- Ялоғликка елкаси йўқ , - Мамадали Эрон заҳарли илжайди.
- Кружилиннинг ўзи ўрисмас , жуҳуд , ўз тилини ,арамий дейми , иброний дейми , билмайдиган ренегет. Бундайлар ўрис шовинистларидан ҳам хавфли!
Мен Фариданинг сўзини қувватладим:
– Ўзлигидан айрилган касларнинг ҳаммаси шунақа:
Манқурт !
Хонимлар хонадан чиқишгач , Мамадали Эронга элбузар Кружилиннинг ўзбек тилига қарши мақоласи туфайли Юртда вазият ўзгаришини , зиёлилар , айниқса ёзар , олим , шоирлар бунга тек қараб туролмасликларини , талабалар орасида ҳам норозиликлар кучайишини айтдим.
– Бундан фойдаланиб қолишимиз керак , устоз – деди Мамадали Эрон.
– Мен ҳам айнан шундай фикрдаман , адаш. Шу сабабли режамнинг бош қисмини ўзгартираман. Яъни , намойишни ЎЗТАГ олдида ўтказамиз. Чунки бузуқи Кружилин ЎЗТАГда ишлайди. Горбачевни мақтаймиз...
– Қалқон учунми ?
– Гапимни бўлма , адаш . Кружалинни ўзбек халқидан кечирим сўрашини , ишдан хайдалишини , юртдан қувулишини талаб қиламиз. Лекин , иним , намойишдан БОШ МАҚСАДИМИЗ : ЎЗБЕК ТИЛИНИ – ДАВЛАТ ТИЛИ қилиш. Бунинг учун агар бошимизга ўқ ёғилса ҳам , туришимиз керак.
--------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------
Ренегет – ўз халқининг хоини.



Чидам билан ,
Матонат билан ,
Ўлимдан қўрқмай.
– Сиз шуни амалга ошишига ишонасизми ?
– Сўзсиз , – дедим гарчи кўнглимда шубҳа , гумон бўлса ҳам. Чунки Мамадали Эронда ғулу уйғотмаслик учун. Уни ботирликка ундаш учун. У кўзимга синчков тикилди. Гўё ичимдаги чинни билиб олиш учун. Мен Мамадали Эронга тик боқдим. Сир бермай. Ва гапимни уладим:
– Вақт етилган . Талабимиз Горбачевга етса , бас.
– Етадими ?
– Тура билсак ,етказади.
– Ким ?
– Каримов. Балки ,унинг ўзида ҳам шундай истак бордир?
Биз бунга туртки бўламиз. Балки , Каримов шу турткини кутаётгандир?
– Бировнинг ичидагини билиш қийин.
– Мен сезгимга таянаман.
– Алдамайдими ?
– Ишонаяпман.
– Балки , ҳақдирсиз.
– Демак , мен сени уч кундан сўнг кутаман.
– Мақоладан кейин...
– Хўш ?
– Эртага.
– Аъло !
– Хозир , устоз , кўз олдимга бир бола келиб турибди.
– Қандай бола?
– Довулдан ҳам қайтмайди , тўфондан ҳам.
– Йўғ – э?
– Чин.
– Ким?
– Равшан Латиф. Уни талабалар “Бос” дейишади.
– Ў!
– Политехника институтида ўқийди. Кечки факультетда. Иккинчи курсда. Ётоғимиз бир. Хонамиз ҳам. Ўзи Чироқчилик. Эшонлардан. Афғонда командир бўлиб хизмат қилган.
– Зўр – ку!
– Иш ахтариб ,Ташсельмашга борган экан. Кадрлар бўлими бошлиғи :
– Русчани биласанми ? – деб сўрабди.
– Эплайман.
– Ёзиш , ўқишни – чи?
– Амаллайман.
– Ариза ёз , рус тилида.
– Нима учун ?
– Давлат тили –да. Қолаверса , бизда шундай қоида.
– Хато ёзсам – чи ?
– Қабул қилмаймиз.
– Ўзбекча ёзаман.
– Йўқ ,ўтмайди , кетишинг мумкин.
– Сиз ўзбек тилини биласизми?
– Менга уни нима кераги бор ?
– Ўзбекистонда яшаяпсиз –ку.
– Яхшиликча ўч !
– Айирмачи экансиз.
– Милиса чақиришга мажбур қилма...
Мен Мамадали Эроннинг сўзидан келиб чиққан ҳолда бир фикрга келдим: “ Бизга айнан Равшан Латифдек йигит керак.
Ғурурли ,
Имонли ,
Қўрқмас ,
Қайтмас ,
Тўғри сўз “.
– Равшан биз боп бола экан , – дедим ўйларимни ҳайдаб Мамадали Эронга.
– Таништирайми ?
– Эртагаёқ , адаш.
Иккинчи кун эрталаб соат ўнларда Мамадали Эрон Равшан Латифни бюрога бошлаб келди.
Дунёда шундай кишилар бор , уларни илк кўришингдаёқ ёқтириб қоласан. Ҳатто бир сўзсиз ҳам. Полвонсиёқ бу ўғлон ҳам менда ўзига нисбатан меҳр уйғотди. Балки , бу – унинг кенг , бўлиқ юзидаги , йирик қора кўзидаги шаффоф самимият сабаблидир? Мен Равшан Латиф билан яқин йўлдошимдек кўришдим. Шунда унинг пишиқ тана ,кенг елкасига мос катта қўлларининг метиндек қаттиқлигини туйдим. Равшан Латифнинг бўйи менга узундек туюлди. Аслида у ўртадан сал баланд эди. Равшан Латиф билан анча қўнишдим. У ақл росалиги билан ҳам менга маъқул бўлди.
– Ҳозирча мен сени хўжалик бўлими бошлиғи қилиб ишга оламан , – дедим унга , – ариза ёз.
– Қайси тилда ?
– Ўз она тилингда.
– Раҳмат ! – Равшан Латифнинг кўзлари порлади , қалин ,қора қошлари орасидан тер сизди.
Шу гап – сўздан талай кун кечгач , биз ( мен , адаш , Равшан) эшитгичу қулоқлардан холи ерга – менинг дала ҳовлимга бордик. Дарё ёқасида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши юзасидан намойиш ўтказишимиз хусусида қўнишдик. Уларга режамни тўлиқ баён этарканман , туб мақсадимизга эришишимиз учун шошмасдан , қўрқмасдан , қайтмасдан ҳаракат қилишимиз лозимлигини қайта – қайта уқтирдим.
– Ҳаммани қамалмайди , ҳаммани ўлдиролмайди , – деди Мамадали Эрон.
Айни шу сўз менинг ҳам хаёлимга келса- да , унга зид тарзда ушбу фикр ҳам миямда милтирамоқда эди :
“ Каримов ўз миллати райига қарши бормайди. Номига дўқ – пўписа қилиши мумкин. Москва учун... Шовинистларнинг оғзини ёпиш учун... Менимча , бу намойиш Каримовга қурол ва қалқон бўлади. Горбачёвга халқ дардини айтиш учун. Менимча , Горбачёв бу масалага тўғри ёндашади. Яна Тангри билгувчи. Ҳар қандоқ ҳолатда ҳам Яратганга таяниб намойиш ўтказамиз. Она тилимиз учун!
Ё тил!
Ё ўлим!
Ўзингдан кечмасанг , ҳеч нарсага эришолмайсан.
Қул бўлиб қолаверасан.
Қўрқма!
Шунда енгасан!
Шунда муродингга етасан!
Шунда:
Озод,
Ҳур,
Эркин яшайсан!”
Мен ўйимни бир четга сурдим. Ён чўнтагимдан ён дафтарчамни олдим. Очдим. Қуйидаги ёзув ( шиор учун ) ларни Мамадали Эрон билан Равшан Латифга ўқиб бердим:
“ Яшасин Горбачёв!”
“ Горбачёв доно сиёсатчи!”
“ Йўқолсин Кружилин!”
“ Йўқолсин шовинистлар!”
“ Тилимиз - жонимиз !”
“ Давлат тили – ўзбек тили бўлишини талаб қиламиз!
“ Биз ўз еримизга – ўзимиз эгалик қиламиз!”
“ Яшасин Эрк !”
“ Яшасин озод , ҳур Ватан!”
“ Яшасин Туркистон !”
“ Яшасин Турон!”
Шиорлар Мамадали Эрон билан Равшан Латифга маъқул бўлди.
- Буларни ҳеч кимга сездирмай оқ сурпга кўчирасизлар.
Йирик – йирик ҳарфлар билан. Бир кечада.
- Яхши , устоз , - деди қатъий ишонч билан Равшан Латиф. Мен қора портифельимни очиб , унга оқ сурп , бўёқ , ёзғич ва яна бошқа харажатлар учун йиллар бўйи йиққан пулимни бердим.
- Қанча талаба билан намойишга чиқамиз , устоз?
- Уч юзтача , Равшан.
- Оз , - деди Мамадали Эрон.
- Олти юзта , етадими?
Мен бир сўзсиз зўр қувонч билан Равшан Латифни қучдим.
- Қачон ?
- 21 ноябр¹ куни тонг саҳарда.
- Қаерда?
- ЎЗТАГ ни ўраб оласизлар , Сездирмай . Ҳар томондан келиб.
Шиорлар билан.
- “ Ўзбекистон “ меҳмонхонаси қаршисида қандоқ бўларкан?
- Нима қипти?
- Ажнабийларга тамоша...
- Қайтага яхши бўлади , адаш , - мен уни бўлдим.
- Менимча , шиорларни ўрисчага ҳам ўгириш лозим.
- Эсимга солганинг яхши бўлди , адаш . Буни Муҳаммад Солиҳ қилади. Москвада ўқиган.
Шаҳарга қайтдик. Ёруғликни қоронғилик чулғаётганда Пушкин – Салар маҳалласида жойлашган Муҳаммад Солиҳнинг уйига қўндик. Унинг кайфияти , назаримда , ўртача эди.
Тайлар Солиҳни орқа – варотдан “ Дароз “ дейишарди. Чиндан ҳам у ёзар, шоир, олимларга қараганда ( бўй борасида ) узунроқ эди. Унинг қадди тик , қовоғи солиқ , лаби қалин , юзи кулча шаклига мойил , овози йўғон эди.
Айрим каслар Муҳаммад Солиҳ билан генерал Лебеднинг бир – бирига ўхшашлигини айтишарди. Менича ҳам шундай. Бўй баст , юз – кўз , овоз жиҳатларидан ҳам улар бир – бирига бенгзардилар. Ҳатто феъллари аро ҳам бир яхлитлик бордек эди. Яна шуниси қизиқки , улар бир – бири билан иноқ ҳам эди. Мен бундан , баъзан , ажабланардим:


--------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------
1989 йил 21 ноябр куни кўзда тутилади. Яъни Чирчиқ дарё қирғоғида кечган гап – сўздан уч кун кейин.


“ Бири турк ,
Бири маскал.
Ғалати...
Балки , генерал Лебеднинг қадим илдизи Хоразмга бориб тақалар? Чексиз – чексиз замонлар силсиласида ўрислашиб кетгандир? Бунга ҳайрон бўлманг. Бундайлар тумонот. Бир мисол: ўрислар осмонга кўтарган , кўтараётган донгли киняз Кантемир ( Хонтемир) тўғридан – тўғри юртолар ( жаҳонгир ) Темур Ҳоқон уруғи (зурриёди) дир. У ҳақда Белинский шундай ёзган:
“ Княз Антихох Кантемир прямой потомок великого Темура “... Кантемир рус адабиётининг асосчиларидан бири , биринчиси бўлган. Буни Белинский 1893 йилда Санкт – Петербургда нашр этилган китобида алоҳида қайд этган. Кантемир Италяда элчи вазифасида ишлаётган пайтида ҳаётдан ёш узилади.
Кутузов,
Измайлов,
Карамзин,
Аксаков,
Баскаков,
Тургенев,
Достоевский,
Бунин,
Булгаков,
Келдиш,
Ҳатто Елсин ҳам ўрислашган туркдирлар.
Бу тўғрида Қозонда китоб нашр этилган. Унда русга айланган беш юз улуғ турк номи далил – асослар билан ёзилган. Мен 1992 йилнинг кузида Тошкентда “ Ўрта Турк тили “ тўплантисини ўтказдим. Ўшанда Қозондан анжуманга келган татар олимлари шу китобни менга совға қилишган. Уни мендан шоира Дилором Исоқ Рауф Парфи учун олган. Бироқ сўраганимга қарамай қайтармаган”.
Дарё суви тўлқинланиб қирғоқдан тошиб туради. Худди шундай мен ҳам ўзимга бўйсунмайдиган аллақандай сирли куч таъсирида мавзудан чекинганимни сезмай қоламан. Узр.
Муҳаммад Солиҳга режамни айтдим. Унинг юзи ёришди. Кўз қорачиқлари кенгайди. Севинчдан.
- Амалга ошишига ишонасизми?
- Тўлиқ десам ёлғон бўлар , - дедим Солиҳга жавобан , - аммо юрагим , борлиғим , бутун ҳужайраларим мени шунга ундаяпти.
- Сен – чи , жағ ? – Муҳаммад Солиҳ Мамадали Эроннинг (жағи катталиги учун ) шундай атарди.
- Ишонаман .
- Овозинг бўшдай.
- Янглишасиз , тошдай.
Кулишдик.
- Сен нима дейсан , Эшон?
- Мутлоқ !
- Бу – ботир сўзи.
Муҳаммад Солиҳ шиорларни ўрисчага эвирди.

ЎЗБЕК ТИЛИ – ДАВЛАТ ТИЛИ
Заковот ва билимнинг очқичи тил,
Кишини ёруғликка бошловчи тил.
Юсуф Хос Ҳожиб


Тарих давра бўйлаб ривожланади.
Сўнг ўлимга юз тутади. Сўнг бу ҳол яна такрорланади.
Ван Чун, Қадимги Хитой файласуфи.

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

эврил - Эврил Турон. Кишанланган қалблар Empty Эврил Турон. Кишанланган қалблар

Post by Admin Mon May 25, 2015 9:50 am


Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

эврил - Эврил Турон. Кишанланган қалблар Empty Re: Эврил Турон. Кишанланган қалблар

Post by Sponsored content


Sponsored content


Back to top Go down

Back to top

- Similar topics

 
Permissions in this forum:
You cannot reply to topics in this forum