Форум_Ўзбекистон


Join the forum, it's quick and easy

Форум_Ўзбекистон
Форум_Ўзбекистон
Would you like to react to this message? Create an account in a few clicks or log in to continue.

АДАБИЁТ ЯНГИЛИКЛАРИ

Go down

АДАБИЁТ ЯНГИЛИКЛАРИ Empty АДАБИЁТ ЯНГИЛИКЛАРИ

Post by Admin Mon Oct 29, 2012 4:36 am

Қуёши кулмаган баҳор


Қурбоной Камол қизи
(Хотира китоб)

Биринчи қисм

1994 йилнинг 3 мартида ҳаётимнинг энг қора кунларидан бирининг тонги отганди. Аслида турмуш ўртоғим Сафар Бекжон нохақ туҳматнинг торига илиниб қамоққа олингандан кейин, менинг ҳаётимда гуёки ҳеч қачон кулиб тонг отмаётганга ўхшарди. Зулматга айланган дунёмдан зиё кутмай қўйгандим. Шу қадар тушкунликка тушгандимки, ўзимни тубсиз жарлик ичида ҳис этардим. Бу жарлик шу қадар чуқур эдики мен на кечанинг на кундузнинг фарқини билардим.

Ўша куни тиш тирноғигача қуролланган одамларни кўча дарвозанинг олдида кўрганимда ҳам ажабланмадим, гўёки шундай бўлиши керакдай туюлди менга. Келган одамлар шу қадар сурбет эдиларки менга ўзларини таништиришни ҳам эп кўришмади. Ичларидан бадқовоқ биттаси; “Тезда кийиниб чиқинг, эрингиз билан Ички Ишлар вазирлигида учрашасиз”, деди.

Мен бу турқи совуқ кимсанинг гапига ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмасдим. Ичимда титроқ аралаш ҳаяжон бор эди: “Наҳотки бу одамлар тўғри гапираётган бўлса, унда нега мени олиб кетиш учун қуролланиб келишди? Сафар Бекжонниг қамалганига бир йилга яқинлашаётганига қарамай у билан кўришиш у ёқда турсин ҳатто озиқ-овқат беришга ҳам рухсат беришмаганди-ку?”
Улар менинг тарадудланиб қолганимни сезишди шекилли; “Тезлашинг, бизнинг вақтимиз йўқ! -деди дағал овозда яна ўша бадқовоқ нусха.

Уйга кириб, ширин уйқуда ётган Жалолиддинни, “Дадангга борамиз”, дея уйқусидан уйғотдим.
Жалолиддиннинг уйқули кўзларида қувонч акс этди. Болада уни алдаганимга ишонганди, лекин мен ўз-ўзимни алдай олмасдим. Улар тамоман бошқа ниятда келишганини кўнглим сезиб турарди. “Ё қудратли Аллоҳим! Менга ўзинг ёрдамчи бўл!” дея ич-ичимдан илтижо қилардим.

Шунга қарамай ўзимни мағрур кўрсатишга ҳаракат қилиб, дарвозанинг олдига чиқдим. Шу онда уларни иккита машинада келишганини кўрдим. Машинадагиларнинг ҳаммаси қуролланган одамлар эди. Улар мени Сафар Бекжон билан учраштиришга эмас, балки ашаддий жиноятчини қамоққга олиш учун келишганга ўхшарди. Маҳзун хаёллар исканжасида машинага ўтирдим. То Ички Ишлар Вазирлигига етиб келгунимизча, рус миллатига мансублиги юзига ёзилган биттаси қўлидаги “Калашников”ини менга тўғрилаб ўтирди. Бечора Жалолиддин бу ваҳшийларнинг дарғазаб башарасини кўргандан кейин, титрай бошлади. Мен уни маҳкам бағримга босиб ўтирдим.

Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлигининг олдида машинадан тушиб ичкарига киргандан сўнг, эшик олдида ўтирган сержант формасини кийган қоровул йигитга қараб; “Биз Сафар Бекжоннинг оиласини олиб келдик”, – дея рапорт беришди.
У йигит қандайдир узун рўйхатни ўқиб кўрдида, мендан фамилямни сўради.
- Раимова Қурбаной, – дедим асабий оҳангда.
-Турмуш ўртоғингизни фамилиясига ўтмаганмисиз?, деди дағал оҳангда сержант.
-Йўқ ўтмаганман, нима бўлибди, бу ҳам бир жиноятми? – дедим унга.
Қоровул бола кутилмаган саволдан саросимага тушди шекилли, “Йўқ, бу сизниг шахсий ишингиз, мен шунчаки сўрадим”, деди.

Вазирлик биносининг ичкарисида ҳам мени қуролли бир милисионер муҳофаза қилиб турди.
У бир пасдан кейин ёнидан аскарга “Қодиржонов, сиз шу ерда қолинг, мен ҳозир келаман”, -деб ичкарига кириб кетди.
Бир неча дақиқалардан кейин у яна бир бошқа ходим билан қайтиб келди.”Бу аёлни тўртинчи қаватга олиб чиқинг”, -деди мени олиб келган миршаб.
Ички Ишлар вазирлигининг биноси мен учун эскидан таниш эди. Сафар Бекжонни Ички Ишлар вазирлигида тергов қилишганида мени ҳам бу ерда Ҳусан Аҳмедов билан Мирзо Худоёров исмли терговчилар олти соат тергов қилишганди. Бу гал ҳам ўша кабинетлардан бирига олиб киришди. Бу ерда ҳеч ким йўқ эди. Жалолиддинни маҳкам бағримга босиб ўтиравердим. Қанча вақт ўтди билмайман. Охири улардан бири кириб келди. қўлида қандайдир бир даста қоғоз бор эди.
-Демак, сиз, Сафар Бекжоннинг ойиласи ва бу бола унинг ўғлими?, –деди фуқоро кийимидаги одам.
-Нега болани уйингизга ташлаб келмадингиз? –деди у яна менинг жавобимни кутмай.

-Дадасини кўришсга олиб кетяпмиз дейишган менга, -дедим ўзимни соддаликка солиб.
-Сиз бу гапга ишондингизми? –деди заҳарханда билан миршаб.
-Ишондим,- дедим, жаҳлимни ичимга йутиб.

У одам бир менга, бир қўлимда кўзлари мўлтиллаб турган Жалолиддинга қарадида, хонадан чиқиб кетди. Мен ваҳшийлар олдида кўз ёш тўкишни ҳеч қачон истамасдим. Йиғи бу – инсоннинг энг сўнгги чораси. Мен эса ҳамиша кўзимнинг қонли ёшини юрагимга тўкканман, шунданми юрагим кейинги йилларда сезиларли даражада заифлашганди. Тез-тез юрагимда оғриқ пайдо бўладиган бўлди. Ҳозир ҳам санчиб оғрий бошлаганди…
Кўзларимни юмиб чуқур-чуқур нафас ола бошладим.Кейин нима бўлганини билмайман. Узоқлардан кимнидир “Сизга нима бўлди?”, деган овози эшитилгандай бўларди. Зўрга кўзимни очдим ва ерда ётганимни, тепамда кимдир турганини элас-элас кўрдим.

-Кўзингизни очинг, ўғлингиз қўрқиб йиғлаяпти, -деди ўша одам. “Юрагим”, дея олдим холос, аммо овозим чиқмади. Мажолсиз қўлларим билан Жалолиддинни бағримга босдим. Қўлимга сув билан қандайдир дори узатишди .Дорини ичгач орадан чамаси беш ёки ўн дақиқа ўтгач ўзимга келдим.

-Ҳозир сиз терговчининг олдига кирасиз, ўғлингиз мен билан қолади, -деди дори берган одам.
-Йўқ, -дедим қатъий оҳангда,- ўғлимни ҳеч кимга ишонмайман ва сизга ҳам қолдирмайман, ҳаққингиз йўқ болани тортиб олишга!
-Ҳаққимиз бор, қонунни биз чиқарганмиз, уни бизга ўргатманг, -деди у ҳам ғазабнок оҳангда.
-Жиноят кодексининг қайси бандида ёзилган ? –дедим мен ҳам бақириб.
-Қонун сизлар учун ёзилган, ўқийсизлар, ишонасизлар. Биз эса ўзимизнинг ёзилмаган қонунларимизга бўйсинамиз. Агар истамасангиз, ўғлингизни қўлингиздан тортиб оламан, -деди миршаб.

Кўзлари ёшга тўла Жалолиддинни золимнинг қўлида қолдириб, оғир изтироб ичинда терговчининг кабинетига кирдим. У қадар катта бўлмаган хонада ёзув столи ва уч ёки тўрт стул бор эди. Терговчининг ёши тахминан қирқ беш- элликлар атрофида, кўзларининг ости салқиган, башараси жуда совуқ эди. Овози ҳам башарасига ўхшаган совуқ . У менга саволлар бера бошлади. Кимман, қаерда қачон туғилганим, маълумотим қандай, қачон ва кимга турмушга чиққанман? Дастлаб у шулар ҳақида маълумот олмоқчи экан.
Мен 1962 йил Қорақалпағистоннинг Беруний туманида туғилганимни, ота-онам нафақахўр эканликларини айтдим. Маълумотим олийлигини, 1991 йилда Самарқанд Давлат Университетасининиг Филология факултетини тамомланимни ҳам билдирдим.

-Бирон бир партияга аъзомисиз? –деди терговчи .
-”"Эрк”" партиясига 1990 йил 11 апрелда аъзо бўлганман, -дедим.

Терговчи берган жавобларимни юзимга қарамай тез-тез ёзарди, лекин, “”Эрк”" партиясига аъзоман” деган жавобимни эшитиб бирданига чаён чаққандай сесканиб, менга қаради.
-Сиз ҳам “”Эрк”" партиясизданмисиз? –деди.

Унинг саросимага тушиши менга ғалати таъсир қилди. Шу вақтга қадар ичимда бир қўрқув бор эди. Бу ваҳшийларнинг терговига иродам дош берадими-йўқми, деган андишам бор эди. Энди терговчининг бу аҳволи менда қандайдир куч пайдо қилди. Демак, менинг “”Эрк”" партиясига аъзолигимнинг ўзиёқ буларга қаттиқ таъсир қила олар эканда. Бу вазиятдан кейин мендан қўрқув туйғуси узоқлашган эди.
-Турмуш ўртоғингиз ким бўлиб ишлайди? –деди.

-Турмуш ўртоғим Сафар Бекжон, “”Эрк”" партиясининг Марказий Кенгаши аъзоси, ноҳақ туҳматга учраб, 1993 йилдан буён қамоқда сақланмоқда. Мени бу ерга у киши билан учрашасиз деб олиб келишганди,- дедим.

Терговчи менга қаради ва кутилмаганда бақириб гапира бошлади.
-Сен бу ерга эринг билан учрашишга эмас, шаҳарда тарқатилган “Эрк” партиясининг газетаси хақида сўраш учун чақирилгансан!. Чунки, газета тарқатганлардан биттаси сен бўласан!, –деди у бақириб.

Нега мени бу ерга олиб келишди деб юрсам…Демак, газета…”
Шуларни ўйлаб бироз енгил тортдим. Ҳарқалай, қўйнингдан наша чиқди, демаяптику бу муттаҳамлар.

Терговчи синчковлик билан менга қараб:
-Сизга бу газетани ким олиб келди? –деди.
-Менинг газетадан ҳеч хабарим йўқ, ҳозир сиздан эшитяпман газета ҳақида, -дедим мен.

-Ёлғон, сизнинг уйингизга ҳам газета келган ва уйингиздан келиб олиб кетишган.
-Тошкентдаги “Эрк” аъзоларидан ҳеч кимни танимайман, чунки мен Самарқандда ўқиганман ва бу ерга, Тошкентга келганимга ҳали уч йил ҳам бўлмади.Бундан ташқари турмуш ўртоғим қамалгандан буён уйга ҳеч ким ҳам келмади,- дедим мен.

-Демак эринг қамалмасдан олдин уйингга келишган, шундайми?
-Келишган бўлса ҳам мен кўрмаганман, кичкина чақалоғим бор..Уйдан ташқарига чиқмаганман.
-Партиянгиз аъзоларидан кўпчилиги сизни уйингизга келиб газета олишганини тасдиқлашяпти.
-Мен уларнинг ҳеч бирини танимайман.

-Улар сизни танишади.

-Мен эса танимайман,- дедим такрор.
-Сиздан газета олишганини тан оляптику улар!
-Ёлғон гапиришяпти демак…
-Сизни улар билан юзлаштирайликми?
-Юзлаштиринг,- дедим қатъий оҳангда.
Коридорга чиқдик… Терговчи иккинчи бир эшикни очди. У ерда рангги оқариб кетган Ҳамидулла Нурмуҳаммадга кўзим тушди…
Бу воқеалардан сўнг Ҳамидулло Нурмуҳаммад Сафарнинг хотини мени КГБга сотди, деб айтганмиш. Балки бу шунчаки миш-мишдир. Аммо шу баҳонада айтиб қўяй, Оллоҳга шукр, мен ҳеч кимни КГБга сотмадим ва сотганлардан ҳам нафратланаман.
Бу гапларни бугунга келиб ўзимни оқлаш учун ёзаётганим йўқ. Ўша куни, яъни 1994 йилнинг 3- мартида терговчининг саволларига қандай жавоб берган бўлсам, бу ерда ҳам айни нарсани ёзаяпман.
Мен турмуш ўртоғим Сафар Бекжонсиз яшаган уч йилимни ҳар бир кунини хотира сифатида ёзганман. Тақдиримнинг тош сўқмоқларида битилган бу ёзувлар шу онда ёзаётган бу хотираларимга ҳам асос бўлмоқда.

Ўз ўтмишини унутган инсон келажакдан қўрқади, мен эса келажагимни ўтмишим билан бирга кўраман ва ўғлим Жалолиддин кимлар тарафидан исканжага олинганлигини унутмасликка ҳаракат қиламан.

Ҳамидулло ака мени кўрар кўрмас терговчи эшикни яшин тезлигида беркитди ва менга қаради:

-Энди ишондингизми? Улар эркак одамлар, тан олиб туришганида сиз аёл бўлиб.. ўғлингиз бор.. ўйлаб кўринг, – деди.
Терговчининг хонасига беш-ўн дақиқадан кейин яна бир киши кирди ва юринг мен билан деди.
Биз коридорга чиқиб лифтнинг эшиги олдига келдик. Шунда орқа томондан “Вой келин, сиз ҳам шу ердамисиз?”,-деган таниш овозни эшитдим.
Қайрилиб қарадим. У ерда Дилором Исҳоқова турарди.

-Вой келин, сизниям бу эрга олиб келишдими?
Дилором опанинг овозида ҳайрат аралаш қўрқув бор эди.

-Ўғлингиз қаерда? –деди Дилором Исҳоқова.

Дилором бу ерда худди ўз уйида юргандай юрганини кўриб ҳайрон қолдим. Кейинчалик айтишича юрагим ёмон бўлиб қолганини эшитиб ёрдам бергани келган экан.

Бадқовоқ миршаблардан биттаси “Сизларга суҳбатлашиш мумкин эмас”, деб уни олиб кетди. Шундан сўнг лифтда нечанчидир қаватга кўтарилдик. Мени бир кабинетга олиб киришди. У ерда Қодиржонов ўтирарди.

-Ўғлим қани? –дедим.
-Беш минутда олиб келишади.,- дейишди.

Жаҳлим чиққанини яшириш учун деразадан ташқарига қарадим.Атрофга қоронғулик чўкканди. Эшик очилди ва Жалолиддиннинг “Ая” деган овозини эшитдим.
Кўзларим ёшга тўлди. Жалолиддинни қаттиқ бағримга босдим.

-Сизни уйингизга Ҳамиджонов олиб бориб қўяди.,-деди Қодиржонович.

Иккинчи кисм

Орадан йиллар ўтсада, лекин мен бу маймун башара одамни ҳали ҳам унита олмадим. У сочи, юзи, қош-киприги сап-сариқ, узун бўйли тарашадай одам эди. Сап-сариқ бўлишига қарамай сариқ рангли куйлак кийиб бўйинбоғини тақиб юриши циркдаги палянчога ўхшарди.
Олисларда қолган ғамгин хотирамнинг бир четида бу одам ҳали ҳам палянчога ўхшаб қараб туради. Ваҳший режимнинг бир кичик винти мени ҳам инсон эканлигимни, менинг ҳам бу дунёда кимгадир умид, кимгадир бир пайтлар севимли фарзанд эканлигимни униттиришга ҳаракат қилаётган режим малайлигининг моҳирона бажараётганидан хурсандлигини яширмасди.

Улар мени ўзлари каби манқуртга айлантирмоқчи бўлишганди. Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлигининг у маълуму машҳур “кошонасида” ўша пайтларда нималар бўлганини ёзмасам, бугунги диктатуранинг башараси тўлиқ очилмаган бўлади.

Шу кунларда машъум бу даргоҳнинг зиндонларида қийноқларга солинаётган, исмсиз маҳкумлар ва бу ерда жонини фидо қилиб 18/64 сонли “қамоқхона”нинг касалхонасида на хотинини, на фарзандларини юзини кўришга зор бўлиб шаҳид кетган Аҳмадхон Тўрахонбой ўғли (уни Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин), айбсиз бўла туриб айбдор топилиб, 13 йилдан бери Қизилтепадаги зиндонда банди зиндон бўлган Мурод Жўраев, ҳурматли ёзувчимиз Мамадали Маҳмудовлар ҳақидаги хотираларимни бирма-бир ёзмасам бу хотиранома ўз моҳиятини йўқотгандай бўлаяпди.
Бу кишиларнинг турмуш ўртоқлари, фарзандлари олдидаги маънавий қарзимни узган бўламан. Ахир мени тергов қилган Ҳусан Аҳмедов, Носир Зокирни, Ҳазратқул Худойбердиевни,Отаназар Орифовни ва Сафар Бекжонни, Абдулла Тўрахонбой ўғлини ҳам тергов қилган. Чунки, унинг Наманганга борганлигини аниқ биламан. Шундан кейин кўп инсонлар Наманганда қамалди, улар орасида Абдулло Тўрахонбой ўғли ҳам бор эди.
Мен Ҳусан Аҳмедовдан : «Наманганга бориб уларни қамаб келдингизми?» деб сўраганимда ҳеч нима дея олмаганди.
У пайтда ҳали газета масаласи йўқ эди, мен Сафар Бекжонга қарши тергов жараёнида гувоҳлик беришга мажбур қиланаётгандим.

Ҳусан Аҳмедов мен билан турмуш ўртоғим орасида худди элчидай эди. Яъни соғлигини, руҳиятини ундан сўраб олардим ва кўнглим таскин топарди.
Сафар Бекжонни қамаганларидан кейин бир мартагина учрашув беришган.
Бир куни олдинги ҳимоячи Дилдора Саидмуҳаммадевага “Бориб Эргаш Жўраев (Эргаш Жўраев ўша пайтдаги Тошкент шаҳар пракурори) га айтгин, агар Сафар билан учрашувимга рухсат бермаса ўзимга пракуратура олдида ўт қўяман!” дедим.

Мен ҳақиқатдан ҳам бу масалада тайёргарлик кўраётганимниг хабаридан кейин ҳар қалай беш-ўн дақиқага рухсат беришди киришга. Унда ҳам шарт қўйишди болангизни олиб келмайсиз деб.
Ўғлим Жалолиддинни ҳамқишлоғимни чақириб унинг ёнига қўйиб кетдим. Борсам Дилдора дарвозанинг олдида кутиб турган экан. Кейин иккаламиз Ҳусан Аҳмедовни кутдик. Бир пайт у “Газ-24″ русумли машинасида келди. Ҳусан Аҳмедов бизни кутдириб кўйганига хижолат бўлди чоғи, узр суради.
Борарканмиз бир пайт менга ўгрилиб: “Қурбоной Сафарни кўрсангиз йиғламанг, кейин унинг руҳиятига ёмон таъсир қилади” деди.

Мен унга қарата;
-Ҳусан ака, сиз Муҳаммад Солиҳни шеърларини ўқиганмисиз? дедим.
Ҳусан ака менга ҳайратланиб қаради;
-Ўқимаганман Муҳаммад Солиҳнинг шеърларини…
-Ҳусан ака, бир ўқиб кўринг. Сиз ҳам у кишининг шеърларини агар ўқисангиз эди, яхши кўрардингиз! Унинг шундай сатрлари бор, эшитинг?!
Ўзингни тут, қийин бўлмоқчи…
Ўзингизни тутинг, ҳей кўзлар,
Сизга қайноқ ёшлар тўлмоқчи!
Шунинг учун ҳам мен ўзимни тутаман ва йиғламайман.

Кейин Ҳусан Аҳмедов бир оғиз ҳам гапирмади. Оғир хаёлга чўмди шекилли ўйчан бўлиб қолди. Фақат ичкарига кирарканмиз қалин ойна қопланган кабинага ўхшаган жойни кўрсатиб, “Агар бундан кейин учрашув беришса мана шу ойнанинг нарёғида Сафар, бу тарафида сиз ўтириб телефонда гаплашасиз”, деди.
Мен у ерда кўрганларимни ёза олмайман…У ердаги ваҳшийликни ёзишга қаламим ожизлик қилади… Ҳатто орадан 13 йил ўтган бўлсада ҳали ҳам вужудим зир-зир титрайди, юрагим сиқилади… Худо душманимни ҳам у ерга тушурмасин!!!

Сафар Бекжон билан қисқа, жуда қисқа гаплашдик. Балким бу учрашуув менинг бутун умримга бадал эди. Балким у қоронғу, умидсиз ётган куну-тунларимдаги энг ёрқин хотира эди, мен учун…
У жуда ҳам озиб кетган, бир қисм суяккга айланганди. Кўзларининг таги кўкариб кетган, қуёш кўрмаган юзлари саргайиб қолган эди.

Мен эса ўзимни қувноқ кўрсатишга, гўёки ҳаётим у қамалмасидан олдин қанақа бўлса ҳали ҳам шундай давом қилаётгандай қилиб кўрсатишга ҳаракат қилдим.
У ҳам ўзини гуёки ҳеч нима ўзгармагандай, бу ерда шунчаки вақтинча яшаётгандай каби кўринишга ҳаракат қилди.
Лекин ичимиздан ўтганни фақат иккаламизгина билиб турардик, холос.
Биз бир-биримизга менинг ҳолатим сеникидан, сеники эса меникидан яхши, деб алдашга уринаётган икки ёлғончи эдик. Бу ёлғон шу қадар ширин эдики, иккаламиз ҳам бу ёлғонга ишонгимиз келарди. Иккимиз ҳам тортаётган азобу-уқибатларимизни яшираётгандик. Ҳорғин ва умидсиз эдик.

Уйга қайтдим.
Сабр косам кундан- кунга заҳарга тўлиб бораётганди. Мен эса бу заҳарни ҳар куни ичардим. Бу ҳали ҳолва эканини, асл қийинчиликларнинг кейинчалик бошланишини ҳали у пайтда тассавур ҳам қила олмагандим. Ҳали ҳам қалбимда бир умид учқуни бор эди; “Туҳмат экани исботланади ва бир куни эшикдан ҳорғин ва сўлғин кириб келади” деб умид қилардим. Ўзимнинг содиқ дўстим кўнгил дафтаримга шу сатрларни битардим!
Афсус, бу қораламаларим фақат хаёл эди, ҳаёт эса бошқа экан!!!

“Бир куни келасан кўзларингда ёш,
Эгилиб пойимга қиласан таъзим!
Соғинчдан сарғайган сўлғин юзимга,
Интиқ лабларингни босасан ҳорғин!”
Мана шундай умидли сатрлар битардим. Ҳозир ҳам бу хотираларимни ёзарканман, дафтардаги дардли сатрларимни ўқиб яна у кунларнинг маҳзун хаёллари ичида узоқ ўтмишимга сайр қиламан.
Нимага, нима учун? Ўша пайтда бу саволларга жавоб берадиган кимса йўқ эди?!Ер қаттиқ, осмон эса узоқ… Тўрт девор тилсиз ва жим-жит эди. Фақат соатгина менга ҳамдардлик билдирган каби “чиқ-чиқ”лаб турарди. Дардлашадиган кимсам йўқ эди.

Кимса дардимга дармон , саволимга жавоб бермасди…Ёлғизлик мени бўғарди.
…Ҳорғин эдим, умидсиз эдим, нима қилишга ҳайрон эдим!!!
Оғир изтиробли хаёллар оғушида ҳорғин ўтирдим столнинг ёнига. Қўлларим билан юзимни яширдим. Кўз ёшларим юзимни куйдириб бармоқларим орасидан оқиб тушарди…
Нега бунча дард, бунча ситам? Недан? Нима учун?

Ўз-ўзимни алдаш учун телевизорни ёқдим.Экранда ўша бадбашара махлуқ бор эди. Инсонларга “келажаги буюк” давлатдан оғиз кўпиртириб ваъдалар бераётган эди. Жалолиддин ўчир-ўчир дея бақирмоққа бошлади. Бошқа каналга ўзгартирдим. Гўдак руҳи бир нарсаларни ҳис этармиди билмайман?! Каримовни кўргани кўзи йўқ эди.
Қоп- қора кеча, сассиз-садосиз дунё ва бир мен эдим…Кун бўйи кўрганларим худди қўрқинчли туш каби хаёлимда айлана бошлади.Кўраётганларим, яшаётганларим мени ҳам рухан, ҳам жисмонан чарчатганди. Бевафо дунёнинг кутилмаган зарбалари менинг қаддимни букканди. Зотан мен учун ўша машъум кундан кейин яшашнинг қизиғи қолмаганди. Энди эса бутунлай яшашдан тўйгандим. Ўлим кўзимга жозибадор малак каби кўринмакка бошлаганди.
1994 йилнинг 11февралида одатдагидай дил овунчоғим бўлган “Озодлик” радиосини очдим. Илк хабарлар орасида Сафар Бекжонни суди бўлганини, унга 3 йил қамоқ жазоси берилганини эшитдим.
Менинг ўша пайтдаги ҳолатимни сўз билан тарифлашга на кучим, на бардошим етади. Кўз олдим қоронғулашиб, ҳушимни йўқотдим… Кейин нима бўлганини билмайман?
Мен бу хабарни суд залида эмас, ўз уйимда, радиодан эшитиб турардим. Нима учун, нимага ахир, одам ўлдирмаган бўлса, ўғрилик қилмаган бўлса, бир ифлос одамнинг туҳмати билан қамалса кетса… Бу ҳам етмагандай мени тинимсиз тергов қилишса?!

Менинг нима айбим бор? Ҳалигача бу саволимга жавоб топа олмадим?! Айбим унга турмушга чиққанимми?
Мен бу саволларимни ўша пайтда тергов қилган терговчиларга ҳам берганман, афсуски, улар ҳам бу саволимга жавоб беришмаган.

Уйимизни атрофида эса чақирилмаган меҳмонлар дайди ит каби санғиб юришарди.
Пойлоқчиларни кўришга кўзим йўқ эди. Менинг ҳар босган қадамимни текширишарди, магазингами, бозоргами борсам, улар изма-из таъқиб қилишар, у ҳам етмагандек 24 соат телефонимни эшитиб ўтиришарди.
“Менинг нега яшашим керак?” деган савол миямни ўтмас пичоқдек арралай бошлади. Қанча вақт беҳуш ётганимни билмайман. Қулоғимга узоқлардан йиғи овози эшитилгандай бўлди. Зўрға кўзимни очдим. Жалолиддин йиғлаб ўтирарди.

Базур ўрнимдан турдим. ошхонага кириб стол устида турган бир шиша сиркани олиб очдим. Ичаман, ўлиб қутиламан деган машъум ҳаёл мени ўз домига тортганди. Бирдан Жалолиддинга кўзим тушди, у менга ҳайратомуз қараб турарди.
“Менку, осонгина ўлиб кетаман. Лекин бу мурғаккина, ҳали икки ёшига ҳам тўлмаган, дунёни нималигини англаб етмаган гўдак нима қилади? Бунга ким қарайди?! Мен ўлиб қолсам-у, ҳеч ким ўлганимни билмаса, Жалолиддин нима килади?”, деган савол яшин тезлигида миямга урилди. Чунки, Сафар Бекжон қамалганидан кейин ҳеч ким уйга хабар олгани келмасди. Шишани зарб билан ерга отдим, парча парча бўлиб кетди. Жалолиддинни бағримга босдим.

Эртасига эрталаб ҳимоячи Ҳамидулло Зайниддиновнинг олдига кетдим.(Ҳамидулло Зайниддинов ўзбек халқидан чиққан энг буюк адвокат эди, афсуски у инсон жуда қисқа умр кўрди. Қачон ва қаерда туғилганини билмайман, факат 2004 йилда унинг ўлгани ҳақидаги хабарни эшитганман. Оллоҳ у инсоннинг маконини жаннат айласин!). Бахтимга у киши иш жойида экан. Мени дарҳол қабул қилди.

Мен “Эшитганларим тўғрими?”, дедим? Ортиқча гапиришга на сабрим, на бардошим етарди. Ҳали ҳам ичимдан “Илоҳим ёлғон десин, эшитганларингиз хато хабар десин”, деб тилаб турардим?!
Умид билан берган саволимга совуққонлик билан жавоб олдим;
- Бу хабар тўғри. Сизга телефон қилдим, лекин телефонингиз ишламади. Уйингизга боролмадим, вақтим етишмади, деди у.
- Менга ҳам Элликқалага бориб келишимга бир кунга рухсат бердилар. Биласизми, ўша куни ҳарбий суд бор эди, уни ҳам тўхтатдиларми?
- Тўғриси мен ҳам хайрон бўлдим, биласизми ҳеч вақт ҳарбий судни тўхтатмасдилар. Демак Сафарнинг суди ҳарбий суддан ҳам муҳим экан.
Тилим лол, қулоғим гаранг эди, ўша пайт нима дейишни билмасдим.
-Сиз агар 200 доллар топсангиз мен судни қайтадан ўтказиш учун ариза ёзаман, деди ҳимоячи.

Мен хўп дедим.
“Лекин ким менга бу катта миқдордаги пулни берар экан” деган оғир хаёллар билан унинг ёнидан чиқдим. “Кимдан сўрасам экан? Ким бор ўша пулни берадиган?
Турмуш ўртоғим қамалганидан бери ҳеч ким хабаримизни олмасди. Фақат Ахтам Розиқовгина ҳар замон ҳар замон келиб ҳол аҳвол сўраб кетарди.

Ундан бошқа кимса йўқ эди. Зотан, мен унинг атрофидаги дўстман, деб юрганлардан инсонларни биттасини ҳам танимасдим. Биттаси келиб мен Сафарни танирдим, ноҳақдан қамалган деса хурсанд бўлардим, демак, Сафарнинг ҳақиқий дўстида, ачинаяпти, деб. Ана шундайлардан бири Самарқандлик Мамадали Маҳмудов билан бирга ишлайдиган Раҳмон Хожимурод эди.Унинг қанақа инсон эканини кейин билдим. Лекин жуда кеч эди. У киши КГБнинг айғоқчиси эканни мен билмаганман. Йиллар ўтгандан кейин Мамадали ака билан учрашганимизда айтганди, лекин бунинг учун мен яна 3 йил кутишим керак эди.

Афсус баъзан вақт инсон фойдасига эмас, зарарига ишлайди. Ҳозир эса 1994 йилнинг март ойида навбатдаги терговдан қайтиб ҳорғин хаёллар оғушида буларни эслаётгандим. Аслида мен бу ерда, яъни, хотираларимда Ўразали Жумаевнинг кимлигини ёзмасам бу ёзаётганларим қанотсиз қушга ўхшаб қолади.
Ўразали касби журналист. Элликқалаъдаги тарихий музейнинг директори, аслида бир балоси бор одам эди. Уни қишлоғимиздаги лақаби “Пели” эди (ҳакикий Пели мени кечирсин). Аслида у инсон эмас, инсон қиёфасига кирган шайтон эди.
Балким қоп-қора, семиздан келган, бақолоқ бўлгани учунми ё бошқа сабабданми уни шунақа атардилар. Уни “Эрк” партиясига қандай йўл билан аъзо бўлганидан хабарим йўқ, лекин у ифлоснинг кимлигини биз оиламиз билан яхши танирдик.

Мен Қорақалпоғистоннинг Беруний ноҳиясида туғилиб ўсганман. Ўша пайтларда Элликқаъла янгидан очилган, кўплаб оилалар у ерга кўчиб кета бошлаганди. Менинг катта акам ҳам тақдир тақозаси билан Элликқаъладаги “савхоз”лардан бирига ўша пайтларда, яъни 1978 йил эди, унитмаган бўлсам партком секретари бўлиб ишга кетди. Ўша йилларда Гдлян ва Ивоновлар “пахта иши” деган туҳмат тошини халқ бошига отаркан, бу ифлос ҳам ётиб қолгунча отиб қол қабилида иш қилиб акамниниг бошига туҳмат устуга туҳмат тошини ёғдирди.
Оллоҳга шукрки, шунча текшир-текшир қилдилар, бироқ акамнинг ишидан бирор нуқсон топа олмадилар. Ўразалининг юзи оқибатда шувит бўлиб қолди.
“Савхоз”да қилган туҳмати учун муҳокама қилганлар ва уни кўчириб юбориш ҳақида қарор қабул қилганларида акамдан йиғлаб келиб кечирим сўраган. Акам ҳам уни болаларига раҳми келиб, “Майли, гуноҳини Оллоҳ кечирсин, яшайвесин!”, деган. Шундан сўнг Ўразали ўша ерда давлатнинг берган уйида яшаб қолган.
“Савхоз” янгидан ташкил қилингани учун, у ерга кўчиб борган оилаларга бепул ер жой беришарди. Янги уй қуриб олишлари учун маълум миқдорда пул ҳам бериларди.

Бу ҳайвон ҳам шундай имкониятлардан тўлалигича фойдаланган.
Мен унинг нафратга лойиқ ўтмишини билганим учун ҳам, ундан ўлгудай нафратланардим. Келиб-келиб, Сафар Бекжон бу одам билан ош-қатиқ бўлгани менга ҳеч ёқмади. Шунданми буларнинг бу қадар самимий бўлишларига қарши эдим. Лекин турмуш ўртоғим ўз билганидан қолмади. Мен ҳам кўп мажбур қила олмадим , чунки мен чақалоқ билан овора эдим.

Умрим ўқишда ўтгани учун чақолоқни қандай парвариш қилиш ҳақида ҳеч тушунчам йўқлигидан Жалолиддинни боқишга қийналардим. Бутун куним чақолоқ билан ўтар, Сафар акамнинг нима иш қилаётгани, ким билан учрашаётгани билан қизиқмасдим. Тўғриси бунга вақтим ҳам йўқ эди.
Бир куни кечки пайт бу бадбашара махлуқ билан уйга кириб келгани-да, остонада кўриб тош каби қотгандим. Кейинчалик эса Сафар ака менга бир эски тангани кўрсатиб, “Буни Ўразали берди”, деди. Мен ҳайратландим!
- Бу танга музейникими? дея сўрадим ниманидир сезгандек хавотирланиб.
- Ҳа! деди у киши.

Тўғриси, ичимга хавотир аралаш қўрқув кирди; “У одам сизни туҳмат тўрига илинтираётган бўлмасин тағин! Акамнинг бошига не кунлар солмади. Онам жуда ташвиш тортганди, ўшанда акамдан ололмаган қасдини сиздан олмасин тағин!”, дедим.
- Йўқ, ундай бўлиши мумкин эмас, мана ўз қўли билан ёзган ишонч хати бор, дедилар Сафар ака.
Хатни ўқидим яна, “Нима киласиз бу занглаган темирни?” деб сўрадим.
-Тошкентда, музей мутахассисларига кўрсатиб, экспертиза қилдириб бераман…
Бу жавобни эшитгач турмуш ўртоғимни огоҳлантирган бўлдим.
- Эҳтиёт бўлинг, ундан ҳар қандай разиллик келади…
Шундан сўнг бу гапларни унутиб яна кундалик ташвишим билан андармон бўлдим.
“Илон бари бир илонлигини, чаён бари бир чаёнлигини қилади, инсонга дўст булмайди” деганларидай, уйимизга келиб, тузимизни еган бу мараз тузлигига туфуриб кетди. Сафар аканинг бошига келмаган бало қолмади. Акамнинг аламини куёвидан олди, танга ўғрисига чиқариб, туҳмат тўрига илинтириб қаматиб юборди, мени ҳам сарсон-саргардон қилди.

Мукаддас китобларда ёзилганига кўра, дўзах ер остида бўлиб, Оллоҳнинг қаҳрига йўлиққан инсонлар абадий лаънатланиб дўзахга отиларкан. Менинг ожизона фикримча, қайси аёл кишининг эри қамалса, у ер устида шу дўзах ўтида ёнади. Мен ана шундай дўзах ўтида тириклайин ёнганлардан бириман. Ба хаётнинг бу зарбасини ақлан идрок етиб, тушунишга ҳаракат қилардим…
“Нега мен, нима учун …Ахир мени ҳам ҳамма инсонлар каби оддий ҳаёт кечиришга ҳаққим йўқми? Ахир биргина менинг эрим қамалмади-ку! Бошқалар ҳам қамалганку, ўғирлик қилиб, одам ўлдириб… Лекин улар бемолол учрашардилар ва муҳими, уларни ҳеч ким савол-сўроқ қилмасди, устидан масхараомуз кулмасди. “Менинг эрим шу-шу сабабларга кўра қамалган” десам кўпчилик куларди.
Уларни уйларини ҳам кеча –кундуз пойлашмасди. Истаган жойга борадилар ва истаган одам уларникига бемалол меҳмон бўлиб келади. Менинг уйимга ким келса бошига бало ёғарди….
Мана энди орадан йил ўтиб мени ўзимни газета тарқатганликда айблаб тергов қилишмоқчи…
Аслида газета бор гапми ёки терговчиларнинг ўйлаб топган баҳонаси эдими?

Воқеа бундай бўлганди…
Қайси куни эканини унитдим…Бир куни кечаси дарвоза эшигининг тақиллаган овозини эшитдим. Юрагим ҳаяжондан дук-дук урарди. Сафар Бекжонни озод қилишган бўлса ярим тунда чиқиб келдимикан, деб ўйладим. Кўча эшигини умид билан очдим. Ғира- шира ёруғликда шапка кийган узун бўйли одамни кўрдим. Янгилиш хотирламасам кўзида катта кўз ойнаки бор эди. Қўлида эса битта катта жомадон, қоғозга ўралган, яшикка ўхшайдиган нимадир бор эди.
-Буларни сизга Муҳаммад Солиҳ бериб юборди, “совға”! деди у.
Ҳайратландим, “Нега шу вақтгача бирон марта эсламаган одам нечук бизларни эслаб қолди”, деб.
Яна ўзимни овутдим. “Шоирлар хаёлот дунёсининг одамлари. Балки, Сафарни унитгандир, унинг ташвишлари кўп”.
“Ахир у киши дунёга бадал бўлган бир одам. Ҳар куни “Озодлик” радиосидан “дўстимиз Абдураҳим Пўлат…” дея бошланадиган маълум ва машҳур ваъзларини эшитиб турардим. Абдураҳим Пўлатдек бир одам билан тортишадиган одам Сафар Бекжонни бошига урадими?”
Чамаси менинг ҳайкалдай қотиб, хаёлга ботиб сўзсиз, садосиз туришим келган одамга бироз ғалати таъсир қилди шекилли, “Уйингизга кирсак мумкинми?” деб сўради.
“Киринг, марҳамат!”, дедим ва ичимдан севиндим…”Ниҳоят Муҳаммад Солиҳ жаноблари бизни эслабди ва бугун бизга совға юборибди, ҳеч бўлмагандан кеч бўлса ҳам деб”.
У киши эса сўзида давом этди: “Жомадонни олмоғим керак”…
-Киринг! дедим… Хаёлимдан эса, “Муҳаммад Солиҳнинг элчиси бу киши, балким бир пиёла чой ичар”, деган фикр…
Меҳмон уйга кириб, жомадонини очди. Кўзларимга ишонмадим, мени совға юборди, деб хурсанд бўлиб кутган нарсам ҳаммаси бўлиб бир уюм қоғоз, яъни газета эди…Уларни кўриб ҳайратлар ичида қотиб қолгандим.

У киши бир оғиз гап гапирди:
-Ҳамидулло Нурмуҳаммадга телефон қилинг, келиб олиб кетади, деди.
-У кишини танимайман, дедим.
-У сизни яхши танийди…
У киши кетди, мен эса устимдам бир челак муздай сув қуюлгандай қотиб қолдим.
Нима қилишга ҳайрон эдим. Лекин ҳали ҳам совға бордир, деган умидда иккинчи қутини ҳам очдим. У ердан ҳам газета чиқди.
“Соддаманда, Муҳаммад Солиҳ аллақачон Сафарни унутди”, дедим алам билан ўзим-ўзимга, “Санам унут!”
Бир воқеани менга Дилором опа Исоқова ҳикоя қилганди.
У пайтларда турмуш ўртоғимни энди йўқолиб қолган кунлари эди шекилли. Сафар акамни қамалганини мен 20 кунлардан кейин билганман. Унгача унинг қаердалигини билмаганман. Чунки, унинг қаерда эканини мендан ИИВ ҳам МХХ ҳам яширган, айтмаган.

Ҳар куни бориб талаб қилаверганимдан кейин Сафар Бекжон ИИВнинг ертўласида эканини айтишди.
Кейинчалик менга бирнарса аён бўлди. Гўёки “Эрк” фаоллари Муҳаммад Бекжон, Дилором опа ва Сафар акам учаласи ўтириб, ҳар қандай оғир шароитда ҳам бир-биримизни унитмаймиз, дея қасам ичишган экан. Улар бирорталарини бошларига оғир кун тушса, унинг оиласига ёрдам берамиз, деб аҳд қилишган. Лекин бу аҳду паймон онт ичилган куннинг эртасигаёқ унитилди. Негаки, биринчи бўлиб Сафар Бекжоннинг бошига қора кунлар тушди ва қамалиб кетди. Унга берган ваъдаларини на Дилором опа эслади на Муҳаммад ака.
Ҳар бири ўз йўлига кетишди.
Дилорам опа бир куни ҳовлиқиб уйга кириб келди:
- Биласизми келин, Сафар Муҳаммад Солиҳни сотибди, менга видео кассетасини қўйиб беришди ИИВда деди.

Мен бу хабардан тошдай қотдим. Нима дейишга ҳайрон эдим. Турмуш ўртоғимни ўз кўзим билан кўрмагандан кейин бу хабарга ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмасдим.
Ҳаммасига кўз юмиб қишлоққа кетишни ўйлардим. Шундай пайтлари “Турмуш ўртоғим билан учрашув беришса Тоштурмага, ким унинг изидан боради?! Халқора ташкилотларга уни озод этишга ёрдам беришларин сўраб ким ким ёзади?” дея ўйлаб бу аҳдимдан қайтардим.
Мен фақат шуларни ўйлаб ўз оилам талабини ҳам рад этгандим. “Мен Сафар акамни эрталаб ишга кузатганман, “ўғриликка “ эмас, уни қаердан кузатган бўлсам, ўша ердан кутиб оламан. Чунки, у айбдор эмас. У туҳмат билан қамалган” .
Ҳақиқатдан ҳам Сафар акани 1993 йилнинг 27 июлида эрталаб ишга кузатарканман Жалолиддин тинмасдан йиғлаганди. Сафар акам уни зўрга овутиб, ишга кетди. Шу кетиш бўлди… Жалолиддин у пайтда бир ёшу етти ойлик гўдак эди, беш ёшга тўлганида дадаси уйга кириб келди. У дадасини танимай катта бўлди.
Хаёлимни жамлаб, газетани бирисини қўлимга олдим. Ўрганган одатимга кўра энг сўнгги саҳифа, яъни тўртинчи бетдан ўқий бошладим. Ундаги сарлавҳани кўриб кулгим келди. Тўртинчи саҳифадаги шеърлар устига катта ҳарфлар билан “БУ КУНЛАРНИ ШЕЪР ҚИЛИНГ, МИРЗО!”… деб ёзиб қўйилганди.

Ҳа, балким ўша кунларни шеър қилиб ёзгандир ҳурматли шоиримиз Мирзо Кенжабек. Лекин мен билмайман…
Мирзо Кенжабек… Мен у кишини жуда ҳурмат қилардим. Бир гал уни айтган гапини ҳали ҳам унутмадим.
Ўшанда баҳор фасли эди. Мен дугонам Малоҳат Эшонқулова (Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидан) билан Тошкентга келгандим. Бизнинг бу сафаримизга Бухоролик бир курсдошимизнинг Муҳаммад Солиҳ шаънига айтган гаплари сабаб бўлган. У дарс пайтида тортишиб қолганимизда “Муҳаммад Солиҳ “Бирлик”ни сотиб, Каримов тарафига ўтиб кетибди” деганди. Унинг бу гапин эшитиб, жуда жаҳлим чикди. “Унақа пасткашликни Муҳаммад Солиҳ қилмайди, мен эртагаёқ Тошкентга бориб, сизнинг шу гапингиз учун ҳам Солиҳ билан учрашиб келаман”, дедим.

Мен ўз сўзимдан қайтмайдиган қайсар эдим. Танаффус пайтида худо раҳматли деканимиз Нуриддин Шукуров (Филология фанлари доктори, асли Самарқандлик. 1994 ёки 95 йилда вафот этибдилар, Оллоҳ охиратларини обод қилган бўлсин) нинг олдига кирдим. Воқеани айтиб, ундан Тошкентга бориб келишимга рухсат сўрадим?
Худо раҳматли домлам жуда ҳам покиза кўнгилли одам эди. Менга мийиғида кулиб қаради;
-Шундай қилиб сиз буни ёлғон деб, ишонмай Тошкентга бормоқчимисиз?
-Ҳа домла, агар сиз рухсат берсангиз, бориб келмоқчиман, дедим .
Домла бу шижоатимни кўриб, “Майли боринг!” дея розилик билдирдилар.
Эртасига, яъни 1990 йилнинг 10 апрелида эрталаб дугонам Малоҳат билан йўлга чиқдик.
Келган кунимизнинг эртасига Ўзбекистон Ёзувчилар Союзига бордик. Мен Муҳаммад Солиҳнинг қабулига кириш учун котибадан изн сўрадим. Котиба Солиҳнинг олдига кириб кетди ва беш дақиқадан кейин чиқиб, “Ҳозир сизни қабул қилади”, деди.

Муҳаммад Солиҳнинг кабинетига кириб борар эканман, кўзим деворга илинган Чўлпоннинг расмига тушди. Хаёлимни йиғиб у кишига ўзимни таништирдим ва курсдошим билан орамизда бўлган воқеани айтиб бердим.
“Мен бу гапларга ишонмайман ва мен каби сизнинг мухлисларингиз ҳам ишонишмайди Солих ака, туҳматми бу?!”
Муҳаммад Солиҳ бу саволимга қисқача жавоб берди;
-Туҳмат, фақат биз икки ташкилотга бўлиндик.
Шундан сўнг у мени қайси ташкилот аъзоси эканлигим билан қизиқди;
-Сиз комсомолмисиз, ёки коммунистик партия аъзосимисиз?
-Йўқ, ҳеч бирига аъзо эмасман, агар қабул қилсаларингиз мен “Эрк” партиясига аъзо бўлиб кираман, дедим унга.

Мен ўша пайтда “Эрк” газетасини самарқандга олиб бориб, тарқатардим. Орадан бир кун ўтгач, барча ишларимизни битиргач, Малоҳат билан шоир ва ёзувчилар ўтирган автобусда Самарқандга қайтик. Бир гуруҳ ёзувчилар Қашқадарёга, худо раҳматли шоир Назар Шукурнинг фотиҳасига кетиб боришаётган экан. Шунда улардан бири, шоир Мирзо Кенжабек, менга ”Қурбоной, шоирлардан узоқ юринг” дея ғалати гап айтганди. Мен ўша пайтда тўғриси бу гапнинг маъно мазмунига унчалик тушунмагандим. Ўлай агар, ҳали ҳам англаб етганим йўқ.
Шундай хаёллар билан қанча вақт ўтганини билмайман. Бир пайт гулдурос солиб телефон жаранглади. Ўрнимдан сапчиб туриб, телефонни гўшагини кўтардим. Ётоқхонадан Жалолиддиннинг йиғлаган овози эшитилди. Жаҳлим чиқди, “Кимсиз?!” дедим бақириб, жавоб йўқ эди.

Телефон гўшагини ерга улоқтириб, югуриб ётоқхонага кирдим. Қўрқувдан дир-дир титраётган Жалолиддинни маҳкам бағримга босдим, сув ичирдим. Уни вужуди ҳамон титрарди. Бағримга босиб ёнига узандим.
Яна қоп-қора умидсиз тонгим отди. Мен энди ҳар отган тонгимдан умидимни узгандим. Ҳаётимнинг маъно мазмуни қолмаганди.

Эрталабки нонуштамни қилиб, кечаги одам берган телефон номерига, Ҳамидулло Нурмуҳаммадга телефон қилдим. Бир бола гўшакни кўтарди, унга ўзимни танитганимдан сўнг, “Дадам уйда эмас, келсалар телефон қиладилар” деди.
Орадан қанча вакт ўтганини билмайман, телефон йиринглади. Телефонни олгач, “Мен Ҳамидулло Нурмуҳаммад бўламан”, деган овозни эшитдим. У кишига “Ҳамидулло ака, бизнинг уйга келасизми” дедим. У томондан “Яхши”, деган овозни эшитдим ва гушак қўйилди.

Кечга томон уйга икки киши кириб келди. Бирисини танидим, Ҳамилулло ака эди. Уни турмушга чиқмасимдан олдин кўргандим. Самарқандда ўқирканман,1990 йилларда “Эрк” партиясига аъзо бўлганимдан кейин Тошкентга кўп келадиган бўлдим. Мен “Эрк” газетасини Тошкентдан олиб бориб, Самарқанддаги турли олийгоҳларга тарқатардим. Тушган пулини эса газета масъул ходими, журналист Қудрат Бобожонга берардим. Мени Сафар Бекжон билан ҳам Қудрат таништирган.

Ёдимда бор, 4-курсни битириб, таътилга кетиш олдидан Тошкентга келдим. Мақсадим қишлоққа газета олиб кетиш ва “Эрк” партиясининг бир бўлимини Берунийда ташкил қилиш масаласини муҳокама қилиш эди. Ёзувчилар Уюшмасида ҳар доимгидай яна Қудратни кўрдим. Ундан энди газета масаласида сўрайман деб турганимда, бизга бир одам яқинлашди. У жуда озғин, ўрта бўйли киши эди. Келиб гапимизга аралашди. Менинг бундан жаҳлим чиқди, хумрайиб унга бир қараб қўйим. У эса гапидан тўхтамасди. Қудрат хижолат бўлдими бизларни таништирди;
- Бу киши Сафар Бекжон Урганжий бўладилар…

Бу гапни эшитиб баттар жаҳлим чиқди;
-Сиз Хоразмдан бўлганингиз учун ўзингизни

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

АДАБИЁТ ЯНГИЛИКЛАРИ Empty Қуёши кулмаган баҳор (Давоми)

Post by Admin Mon Oct 29, 2012 4:44 am

Қуёши кулмаган баҳор
Қурбоной Камол қизи

ДАВОМИ:

Бу гапни эшитиб баттар жаҳлим чиқди;
-Сиз Хоразмдан бўлганингиз учун ўзингизни Урганжий деб атайсизми?, дедим шиддат билан.
- Йўқ, ҳақиқатдан ҳам бизлар унинг авлодларидан бўламиз, деди Сафар акам саволимга жавобан.
Газетани оларканман мақсадимни Қудратга айтгандим, Сафар ака яна гапга аралашди;
-Агар ёрдам керак бўлса, мен ёрдам бераман. Менга адресингизни беринг, газетани ҳам ўзим юбориб тураман, деди бу киши.

Мен хурсанд бўлдим. Ҳеч нимани ўйламай уйимизни адресини бердим.
Ўша пайтда адресимга қўшиб тақдиримни ҳам у кишининг қўлига берганимни мен гумроҳ банда билмаган эканман.
Орадан сал кам тўрт йил ўтиб, қоп-қоранғу, умидсиз бир кунда мен буларни эслаётган эдим.
Ҳамидулло Нурмуҳаммад эса ўша пайтлардан кўзимга таниш эди. Ёнидаги калтадан келган, семиз, бақалоқ одамни эса ҳеч кўрмагандим. Семизлиги етмагандай, бу одамнинг бир кўзи қисиқ ҳам эди. Уни юзига диққат билан боқдим. Ҳамидулло ака КГБичник билан келган бўлмасин тағин деган гумоним бор эди. Чунки, Сафар Бекжон қамалгандан кейин икки –уч одам доимо кўчада, Телман парки атрофида айланиб юрар, баъзан машиналарини алмаштириб туришарди. Бу одам ҳам улардан бўлмасин тағин, деган ҳадикда эдим.

Келган бақолоқ эса КГБ ходимларига ўхшамасди. Чунки, КГБда ишлайдиганларнинг ранги, афт ангори худди мурдаларникига ўхшарди. Уларнинг ҳаммасини худонинг қаҳрига йўлиққан инсонларга ўхшатардим.
Ҳамидулло ака менинг тарадудланиб қолганимни сездими: “Бу киши ўзимиздан, Назар Эшонқул бўладилар”, деди.
Ёзувчи Назар Эшонқул менинг севимли ёзувчим эди. Унинг “Ёшлик” журналида эълон қилинган “Уруш қурбонлари” асарини севиб ўқигандим. У киши билан ёзувчилар билан бўладиган учрашувда эмас, кутилмаган вазиятда учрашиб турардим. Балким, у киши билан САМДУнинг мажлислар залида учрашсам эди, ёзган асари юзасиндан берадиган саволларим кўп эди…Афсуски, мен ёзувчи билан талабалар учрашувида эмас, бу ерда “Эрк” газетасини яширинча олишга келган пайтида учрашиб тургандим.

Ҳамидулло акага газеталарни чиқариб берарканман, улардан тўрт донасини ўзим билан олиб қолдим.
Кетаркан, шу пайтгача жим турган Назар Эшонқул менга қараб нималардир деди. гапнинг очиғи унинг ўша пайтда айтган гапларини ҳозир эслашга ҳаракат қилаяпман, бироқ ёдимга тушмаяпти. Балки, бундан кейин Назар Эшонқул билан учрашмак насиб қилса, ундан ўша пайтда нима деганини сўраб биларман.
Эртасига кутилмаганда Дилором опа кириб келди. Салом аликдан кейин; “Келин, шу газеталардан бир икки донасини Мамадали Маҳмудовга олиб бориб беринг”, деди.

Бу гапни эшитиб, тўғриси ҳайратландим. “Бу газетани менда борлигини ким айтдийкан бу кишига? Кўпдан бери келмаган бу аёл нимага бирдан пайдо бўлди бу ерда?” Минг хил савол пайдо бўлди хаёлимда, лекин у кишига ичимдаги туйғуларни ошкор қилмадим.

- Дилором опа, мен Мамадали акадан хафаман. Бир марта сизнинг гапингиз билан у кишининг ёнига боргандим, анаву Ўразалини ўз қўли билан ёзган ”ишонч хати”ни олиб, кўпайтириб беринг, деб. Борганимда ҳайдагандан баттар қилди. Шунинг учун бундан кейин мен унинг иш жойига бормайман, дедим.
Дилором опа мени кўндиришга ҳаракат қилди;
-Нима бўпти шунақа қилган бўлса, бораверинг, деди у
-Йўқ, дедим қатъий оҳангда. -Мен у кишини ёзувчи сифатида яхши кўрардим, лекин бундай совуқ одам деб билмасдим, бормайман…
-Эҳ, жуда ўжар одамсизда, деди Дилором опа ва эшикни ёпиб, чиқиб кетди.

Учинчи қисм

Ҳа, мен ўжар эдим, ўжар бўлганда ҳам керагидан ортиқроқ ўжар эдим. Доимо нимани ўйласам шуни гапирар, ўзим бир нимани тўғри деб билсам осонликча бировни гапини олмасдим. Ўша куни ҳам балким Дилором опанинг дили оғригандир мендан.Шу сабабли Дилором опа менга “ўжар” тамғасини ёпиштириб кетди.
Бугун мен бу хотираларимни ёзар эканман, уч тўрт йил ичидаги воқеалар шу даражада кўпки ўзим ҳам улар ичида чалкашиб қолаяпман. Бугун мен 1997 йил Туркияда яшаган пайтимизда ёзган қўл ёзмаларимни топдим. Умид қиламан-ки, бу кундалик менинг ҳозирги кунда ёзаётган хотираларимни яна бойитади, янада ҳаётий чиқишига жуда катта ёрдам беради. Чунки, ҳам руҳан, ҳам жисмонан таъқибу, тазйиқда ўтган кунларимнинг асорати энди ўз мевасини кўрсатмоқда ва соғлик муаммолари билан шуғулланишга тўғри келаяпти. Шунинг учун бу қўлёзмамнинг топилиши мен учун катта ёрдам, чунки бу ерда мен ҳозир исм-фамилияларини эслай олмаганим баъзи инсонлар, баъзи воқеаларнинг сония ва кунлари акс этгандир.
Сафар акамнинг қамалишидан олдинги ва кейинги воқеалар;

1993 йил 27 июлда бу киши эрталаб ҳар доимгидай ишга кетди, ҳеч вақт дадасининг изидан йиғламайдиган Жалолиддин ўша куни роса йиғлаганди. Уни овута олмай, роса овора бўлгандим. Балким гўдак руҳи бир нимани ҳис килгандир.

Лекин мен ҳеч нимани тушунмагандим ўшанда ва ўзимнинг кундалик ишим билан банд эдим. Чунки, биз Бектемир туманидаги эски уйимиздан “ЭРК” партияси тарафидан сотиб олинган ва партиянинг фаолларига мўлжалланган уйга кўчиб ўтгандик. Бу уйга кўчиб борганимизга эндигина бир ҳафта бўлганди.(1993 йил 20 йил). Бу уй Тошкентнинг Якуб Колос кўчасида жойлашган, 22 сонли, икки хона ва бир деразали унча эски ёки янги ҳам бўлмаган бир турар жой эди. Яшаш учун бирмунча қулайликлари бор эди ва энг муҳими телефон бор эди.
Хулласи калом, бу уйда яшашни бошладик. Ўша машъум кун, кечқурун, яъни соат олти ёки еттилар эди чамаси, дарвоза эшиги тақиллади. “Сафар акам келди чоғи” деган хаёл билан дарвозанинг эшигини очдим: дарвоза олдида Сафар акам ўрнида Мақсуд Бекжон, яъни, Муҳаммад Солиҳнинг кенжа укаси турарди.
Мен Мақсуд Бекжонни яқиндан танимасдим, уни бир марта эски уйимизга акаси Муҳаммад Бекжон билан келган пайтига кўргандим. Лекин унинг шоир эканини “Муътадил ранглар” ва “Ёшлик” журналида эълон қилинган шеърларидан билардим холос. Эсимда қолган икки сатр шеъри бор эди холос: “Тушунмади, тушунмади улар бир-бирин”.

Менинг ғалати характерим бор, яхши шоирнинг шеърини ўқисам, ҳеч бўлмаса бир сатри миямда муҳрланиб қолади. Бу беихтиёр эслаб қолган сатрларим эди.
Мақсуд Бекжоннинг юзида саросима аралаш қўрқув туйғуси бор эди:
-Сафарбой келмадими?
Тўғриси мен ҳам ҳавотирландим нимага сўраяпти деб, “Ахир бир ерда ишласалар керак, нимага мендан сўрайди?”…
Лекин хаёлимдан ўтган саволни унга бермадим.
-Милиция келмади…
- Ҳавотирланманг кечгача келиб қолар, бугун уни иш еридан Эргаш Жўраевнинг одамлари келиб олиб кетди.
Ҳайратимни яшироламдим:
-Ким у киши?
-Ростдан эшитмаганмисиз у кишини?!
-Йўқ, милицияданми?
-Эргаш Жўраев Тошкент шаҳар прокурори бўлади. Сафарбой билан гаплашадиган гаплари бор экан, шунга олиб кетди.

Бу гапларни эшитгач, мен унча хавотирга тушмадим …Ҳа, келиб қолар-да, дедим совуққонлилик билан.Чунки, мен турмуш ўртоғимнинг баъзан эрта, баъзан ярим тунда уйга қайтишларига ўрганиб қолгандим.
Мақсуд Бекжон кетгач, уйга кириб, Жалолиддинни қўлига ўйинчоқларини бердим-да, кечки овқатга уннадим. Овқат пишди, емай қараб ўтирдик келиб қолар деб.
Кечки соат еттилар эди чамамда, дарвоза эшиги тақиллади. Сафар акам келди чамаси деб эшик олдига югуриб бордим. Эшикни дарҳол очдим, ким деб сўрашга ҳам сабрим чидамай. Яна кутилмаган меҳмон Мақсуд Бекжон турарди.
-Келмадими Сафарбой? дея интиқлик билан сўради у.
Саволига йўқ деган жавобни деди;
-Кутинг соат 12 гача келиб қолар…
-Яхши, дедим умид билан.

У кетди… Мен эса кутдим. Қозондаги овқат музлади, томоғимдан бир қултум сув ҳам ўтмади. Хаёлимдан Сафар акамни биринчи кўрган кунимдан, то шу кунгача бўлган воқеа – ҳодисалар бир-бир кечди. Оғир хаёллар исканжасида ўтирарканман, яна эшик таққиллади. Девордаги соатга қарадим, соат тунги 1.30 ни кўрсатиб турарди.
“Мутлоқо келди бу гад”, дедим ўз-ўзимга ички бир қувонч билан.
Эшикни очдим. Остонада эса Мақсуд Бекжон турарди.
Яна олдинги савол жавоб такрорланди;
-Келмади?
-Йўқ…
-Кутинг эрталаб келар.
Ва у кетди.

Жалолиддин ухлади. Мен эса беором эдим, кўзимга уйқу келмади.
Биринчи танишган кунимизни, Самарқандга келгани-ю, ёмғирли куз оқшомларидан бирида “Самарқанд” кинотеатрига кино кўргани борганимизни, Амир Темур мақбарасига бориб дуои-фотиҳа ўқиганларимизни ва Нақшбандий ҳазратларининг мақбараларини зиёрат қилганларимизни, ҳамма ҳаммасини бир-бир эсладим.
Энди эслаб кўрсам, у киши билан эр-хотинга ўхшаб эмас, худди икки яқин дўстдай яшаган эканмиз. Чунки, бизнинг дунёқарашимиз бир-биримизникидан ҳеч фарқ қилмасди. Тақдир ҳам бизни тенг қилмай дуч қилганди.
Бизнинг оилада турмуш ташвишидан кўра кўпроқ “Эрк” партиясидаги муаммоалар ҳақида кўп баҳслашардик. Мени ҳеч вақт тилла тақинчоқлар эмас, балки газетанинг янги сони кўпроқ қизиқтирар, мамлакатимизда бўлаётган сиёсий жараёнлардан хабарсиз қолишни истамас эдим.
Энди эса ҳайҳотдек ҳовлида бир ўзим қолгандим. Мен дардимни, ҳасратимни кимга айтаман? Ким билан сиёсий жараёнларни ривожи ҳақида баҳслашаман?
Эртасига эрталаб яна Мақсуд Бекжон келди.

Яна одатдаги савол жавоб;
-Келмадими?
-Йўқ…
Ич ичмдан нимадандир хавотирни туярадим. Энди мен ким билан Жалолиддининг ширин ҳам ёқимли ҳаракатларини пойлашаман?
Мен банда эдим. Кўп нарсани даъво қилмасдим. Лекин кўрганим ноҳақликлар олдида бўйин эгишни ҳам истамасдим…
Хаёлимга эса, бундан икки кун олдинги кўрган мудҳиш тушумни хотирладим.
Тушумда қоп-қора ялмоғизга ўхшаган кампир уйга кириб, остонада турган Сафар акамнинг туфлисининг бир пойини олиб кетганди.

Мен эрталаб турганда “Сафар оға (баъзан унга ҳазил оҳангида шундай мурожаат қилардим), мен шунақа туш кўрдим, эҳтиёт бўлинг!”, дедим.
У киши Бектемирдаги уйимизда яшаган пайтимизда бир куни бир оз жахли чиқиб ишдан келганди. Ҳайрон бўлиб, нима ҳодиса бўлгани ҳақида сўрадим.
Бу киши эса кимлардир уни кузатиб, изма-из келганини жаҳл билан гапирди.

Мен ҳам унга маҳалла қўмитасининг ёнида (уйимиз маҳалла қўмита биносининг рўпарасида эди) яшил рангдаги “Жигули” маркали машина туришини, агар магазинга борсам, орқамдан изма-из, таяниб, илашиб бориб келишини, мен бу ҳодисага ҳеч тушунмаслигимни айтдим.
-Шундайми? Унда нимага олдинроқ айтмадинг менга?! деди у киши ҳамон жаҳлидан тушмай.
- Билмасам, дедим.

Сафар акам ҳеч нима демади бошқа.
Пойлоқчи машина эса ҳали ҳам турар, лекин фақат машинанинг ранги тез тез ўзгариб турарди.
Кейин кўп ўтмай юқорида баён қилган уйимизга кўчдик.
Энди эса бу кутилмаган ҳодисага дуч келгандим.
На эртасига, на кейинги кунда ундан хабар бўлди. Мен нима қилишга ҳайрон эдим.
Хаёлимда эса бундан ўн кунча олдин бўлган бир воқеа…
Шаҳардаги уйга кўчиб келишдан олдин, уй кўришга келганимизда, “Боғи эрам” паркида музқаймоқ ерканмиз, рўпарамиздаги столда ўтирган икки милиция ҳодимига кўзим тушди. Улар ҳам музқаймоқ еб, атрофни диққат билан кузатиб ўтиришарди.
Бирдан Сафар акам менга қараб, “Ҳозир шу “мент”лар ёнимизга келиб, “Ўртоқ Бекжанов, сиз қамоққа олиндингиз!”, дейишса нима дейсан?” деб қолдилар.
Мен шунчаки ҳазил қилаяпти деб тушундим ва бепарво жавоб бердим;
“Тош каби қотсам керак”.
Кейин уйга келгунча на у киши гапирди на мен.
Афсуски, бу гаплар ҳазил эмас экан, оқибати ўн кундан кейин маълум бўлди. Мен гумроҳ банда ўшанда тушунмаган эканман. Ўшанда Сафар акам ниманидир ҳис қилган эканда… Мен эса бемалол музқаймоқ ялаб ўтираверибман.
Ҳаётим эса шу музқаймоққа қўшилиб музлашини ўшанда билмаган эканман.

Тошкент шаҳарини деярли билмасдим. Сафар акамнинг атрофидаги инсонларни-ку, айтмаса ҳам бўлади.
Бошим қотди. Нима қилсам экан? Кимдан қандай маслаҳат сўрай? Қайси ташкилотга мурожаат қилай?

Кунлар оёғига тош боғлангандек узун, кечалар эса даҳшатли эди.
Бир куни уйга узун қисқа бўлиб, икки эркак ва битта аёл киши кириб келди. Улардан Дилором Исҳоқовани ва Муҳаммад Бекжонни зўрға танидим. Ўрта бўйли, кўзида қандайдир ўзига яраша меҳр нури балқиб турган бу одамни унча танимадим. У кишини Дилором опа танитди;
-Бу киши профессор Отаназар Орифов бўладилар.
Бирдан ичимга илиқлик кирди. Э, бу кишининг судига ҳамиша Сафар акам кетарди, мен эса ҳар кун натижасини сўрардим. Демак шу киши эканларда.
Мен улардан нима қилиш кераклиги хақида маслаҳат сўрадим?
Улар менга шаҳар ичидаги вақтинча қамалганлар сақланадиган ерларнинг адресини беришди.
Тонг отди… Жалолиддинни бағримга босиб ўша берилган адресларга бордим, лекин ҳеч биридан жўяли жавоб ололмадим.

Оқшомга қадар адресма-адрес югурдим, лекин минг афсус…
Ҳаво жуда иссиқ эди, бола билан юриш эса жуда қийин… Нима қилишни билмасдим. Ўлганни устига тепгандай Жалолиддин касал бўлиб қолди, ўзим ҳам ўлгудай чарчадим. Осмон узоқ, ер қаттиқ. Додимни ўзимдан бошқа кимса эшитмайди. Таксида юрай десам ёнимда нон олишдан бошқага етадиган пулим йўқ. Пул қарз олай десам кимсани танимайман.
Излаб овора бўлиб юрганларимни нечанчи куни эди билмайман. Ишқилиб терговхоналарнинг бирисида ишлайдиган одам сарғайиб қолган Жалолиддингами,ёки менга раҳми келдими, ишқилиб…
-Сизнинг эринигизни қайси прокуратурадан келиб олиб кетишган?, деб сўраб қолди.
-Эргаш Жўраев деган прокурорнинг одамлари олиб кетганмиш, иш еридан, дедим.
-Унда сиз Собир Рахимов туманига боринг!
-Кечирасиз, мен у ерни билмайман.
Бу суҳбатдан сўнг у киши менга адресни тушунтирар экан, қўшиб қўйди:
-Бугун бориб овора бўлманг, энди кечикдингиз…
Миямга гурзи тушгандай бўлди. Нима дейишга ҳайрон эдим. Томоғимга муштдай нарса келиб қадалди. Кўз ёшимни ичимга ютдим…

Умидсиз уйга қайтдим. Жалолиддиннинг иситмаси чиқиб, кўзларини очолмай қолганди. Ёғни бир оз илитиб массаж қилган бўлдим ва ўрнига ётқиздим.
Ҳассасини йўқотиб қўйган кўрга ўхшардим. Нима қилишни, қайга боришни билмасдим. Томоғимдан бир қултум сув ҳам ўтмади, ҳорғин ётоққа чўзилдим.
Эртасига айтилган адресни зўрға топиб бордим. У ердан ҳам керакли жавоб ололмадим. Жалолиддиннинг эса кундан-кунга соғлиги орқага кетарди. У дадасига жуда ўрганган эди. Ҳар кун уйга қайтаркан, албатта ўғлига бир нима кўтариб келарди. Ўйинчоқми, биронта шокаладми, ишқилиб ўғлини кўнглини оларди. Энди эса ҳеч кимса йўқ эди. Ўпиб эркалайдиган, ўғлига бир нима кўтариб уйга қайтадиган…
Менинг ичим парчаланар эди, унинг мунгли кўзларига кўзим тушганда…
Оллоҳ ҳеч кимсанинг ўғли ёки қизига дадасиз яшашни насиб қилмасин!!!
Унинг кўзларидаги “Дадам қани? Қаерга кетган?” деган саволга жавоб топишга тилимдаги калималар етмасди …
Бу бизнинг учунчими , тўртинчими боришимиз эди шаҳар прокуратурасига. Лекин ҳеч ким қабул қилмасди. “Сенам одаммисан” деб ноламизга қулоқ солмасди. Аҳийри “Бу Сталин замони эмас-ку, нимага саволимга жавоб бермайсизлар, у киши қаерда?” дея зарда қилдим. “Ўлик бўлса ўлигини, тирик бўлса тириклигини айтинглар?”
Энг сўнггида Эргаш Жўраевнинг ёрдамчиси Раҳим Айдешовнинг ҳузурига киришга муваффақ бўлдик. У киши қанчалик Тошкент шевасида гапирмасин, Хоразмлик экани билиниб турарди. (Кейин билсам у Хоразм вилоятининг Хонқа туманидан экан).

У киши менинг фамилиям билан қизиқди, “Реимова” деганимдан кейин:
-Аслида менинг исмим ҳам Рейим эди, мен пасспорт оларкан алмаштириб олдим, деди.
Ҳарқалай, у кишининг кичкина бола билан сарсон-у, саргардон бўлиб юурганимга раҳми келдими, ёки бошқа сабабаданми, менга ёрдам берди.Яъни, у мени Бахтиёр Сайфуллаев деган одамнинг қабулига юборди. “Фақат ўша кишигина сизга турмуш ўртоғингизни қаерда эканини айта олиши мумкин” деб.
Мен яна ташқарига чиқиб, эшик олдида ўтирган бадқовоқ формали “жаллод”дан Бахтиёр Сайфуллаевни чақириб беришини сўрадим?
У бир менга, бир ўғлимда, оғриқдан ранги заъфарондек сарғайиб бўлган Жалолиддиннинг рангига қараб раҳми келдими, ҳар қалай чақириб беришга рози бўлди. У ташқарига чиқиб кутиб туришимизни буюриб, ўзи телефон рақамини тера бошлади.

Биз ташқарига чиқиб кута бошладик. Кўча эшиги қалин шиша билан қопланган, ичкари кўринарди-ю, аммо овоз эшитилмасди.
Биз ярим соат чамаси кутдик, бир пайт сочлари жингалак, ёш бўлса ҳам тарвуз каби думалоқ қорин қўйган, 35-40 ёшларидаги бир киши чиқди.
Қоровул йигит бизни кўрсатиб бир нималар деди.
У киши бизни ёнимизга келиб совуқ оҳангда:
-Кимни излаяпсизлар? деб сўради.
Мен унга хўжайиним, Сафарбой Бекжоновни шаҳар прокуратурасидан борган ноъмалум кимсалар “сиз билан Эргаш Жўраев суҳбатлашмоқчи” деб иш жойидан олиб кетишганини, сал кам бир ойдан бери излаётганимни айтдим.
-Нимага шундай? Кап-катта одам дом-дараксиз йўқолиб кетса? Ҳозир 1937 йил эмас, давлат тепасида “халқлар отаси” Сталин ўтиргани йўқ, адолатли ва демократ Ислом Каримов ўтирибди?! (чунки мен у пайтда негадир президентга ишонардим, соддаманда!) Қачонгача қўлимда гўдак билан сарсон-саргардон югураман?
Шу пайтгача сабр билан гапимни тинглаб турган одам, бирданига чаён чаққандай бақрайди:
-Гапириб бўлдингизми, эртага келинг!
Бу менинг нечанчи марта эслатаётганим эди. У “эртага келинг” деди ва жаҳл билан орқасига қайтиб кетди.

Қалбимда алам, юзимда ғам, оёқ ости бўлган ғурурим.. Ўша вақтдаги ҳолатимни ифодалаш учун ҳозир ҳам сўз тополмайман. Менинг нима гуноҳим бор?! Оғир хаёл исканжасида, қаддим дол каби эгилиб, кўзимда ёш билан изимга қайтдим.
Эртасига умид билан яна бордим.
Кираверишда кечаги “формали қоровул” ўтирган экан, мени дарров таниди. Бу гал ҳар қалай бир оз чеҳраси очилиб қарши олди.
Унинг илиқ муомиласидан бир оз кўнглим таскин топди. Мен унга Бахтиёр Сайфуллаевни кўрмоқчи эканлигимни айтдим.

Телефон қилиб у кишини чақирди. Бахтиёр Сайфуллаев ҳар қалай кечаги каби асабий эмасди.
Мени кўрган заҳоти:
-Хўжайинингиз ИИВда, ўша ерга боринг!, деди ва у ерда мен учрашадиган одамнинг телефон номерини берди.
Метронинг “Космонавт”лар бекатида жойлашган, ҳайбатидан от ҳуркадиган бинони қийналмасдан топиб келдим. Минг афсус бу ерда ҳам ўша машъум жавобни олдим; ”Эртага келинг”.
Эрталар эса ҳеч битмасди. Эрталар оёғига тош боғланган каби жуда секин келарди. Мен эса эрталардан нафратланардим. Фақат улуғ ва мутафаккир шоир Саъдий айтганидай:
Умидинг узмагил қоронғу тундан,
Ёруғ кун туғилгай қоронғу кундан.
Мен эса ҳали эртамдан умидимни узмагандим. Албатта қоронғу тунимдан ёруғ кун туғилади, сир-саноатли туҳмат тўри очилади ва ҳаммаси шафофликка эришиб, Сафар акам ўзи кетган эшикдан яна ўша оқ кўйлак, қора шимда, қўлида иш папкаси билан кириб келади, деб умид қилардим. Ва шу ишончгина мени ҳам ёлғончи, ҳам бевафо дунёга боғлаб турарди.

Эртасига эрталаб жуда эрта турдим, Жалолиддини ҳам эрта турғизиб, кийинтириб, кўчага чиқдим. Илойим, яна “эртага келинг”, деб айтмасинларда деган умидда эдим.
Ўзбекистон Ички Ишлар Вазирлигининг биносига келиб, кириш эшигида турган милиция формасини кийган ёшгина йигитга, мени бу ерга Тошкент шаҳар прокуратурасидан Бахтиёр Сайфуллаев юборганини, шу рақамли телефон номерни берганини, хулласи калом, ҳамма гапни қийналиб тушунтирдим. У қўлимдаги телефон номерини кўрди-да, бурчакда турган ички телефонни кўрсатиб;
-Шу ердан телефон қилинг!, деди.
Мен айтилган ердан телефон қилдим.

Эркак кишининг “Бироз кутинг, мен ҳозир чиқаман”, деган овози эшитилди.
Овоз жуда мулойим эшитилди, ичимга илиқлик кирди… Гапнинг очиғи, мен шунча вазиятдан бери милиция бўлимларига бориб, сарсон-саргардон кездим, лекин бирортасидан инсоний муомала кўрмадим. Ҳаммаси ё жеркиб ёки ҳақорат қилар даражада қўпол оҳангда гаплашгандилар.
Ташқарига чиқиб кута бошладим.
Бир пайт узун бўйли, қадди басти келишган, мўйлабли, оқ рангнинг устидан мовий рангли чизиқ чизилган калта енгли кўйлак, қора шим кийган бир киши чиқиб келди.
У худди мени олдиндан кўргандай, тўғри олдимга келди:
-Сизми мени чақирган?…

Тўртинчи қисм

Мен қаршимдаги бу одамнинг салобатидан ҳайиқмадим ва саволига жавобан “Ҳа, менман!?” дедим.
-Сиз кимсиз? деди у синчковлик билан тикилиб.
- Менми?…Мен Сафар Бекжоннинг оиласи бўламан? Бир йилга ёқинлашди Эргаш Жўраевнинг одамлари келиб иш жойидан суҳбатлашамиз деб олиб кетишганига…Шундан бери на ўлиги, на тириги ҳақида хабар бор. Излайвериб сарсон бўлдим. Кеча Тошкент Шаҳар пракуратурасидан менга шу адресни ва сизнинг телефон номерингизни беришганди. “Бориб шу кишидан сўранг”, деб.
-Нимага айнан мендан? Ким берди сизга бу номерни?

Қаршимдаги одамнинг дўқ пўписа аралаш берган саволига шу оҳангда жавоб қайтардим:
-Бахтиёр Сайфуллаев деган одам…
-Балким у туҳмат қилиб бергандир бу номерни сизга, сиз ҳам ишониб бу ерга келдингизми?
Менинг бу одамнинг барчани нарсани билиб ёлғон гапираётгани жаҳлимни чиқарди:
-Менга қаранг, ўзи бўларим бўлган, сиз ҳам менинг асабимни ўйнаманг, бор бўлса борлигини, йўқ бўлса йўқлигини айтинг?!

Бу одам менга бошдан оёқ синчковлик билан тикилди. Кўзларимдан ғазаб учқунини фарқига етдими, ёки Жалолиддиннинг сарғайиб сўлган юзига раҳми келдими ёки бошқа сабабданми, бошқа савол бермади.
У нимадир ўйлаб тардудланиб қолди, бир оздан сўнг “Юринг мен билан” деганча олдинга ўтиб йўл бошлади.
Эшик олдида ўтирган сержант формасини кийган ёшгина қоравул йигитга “рухсатнома” ёздиргач, ичкарига бошлади.
Борар эанман, ич ичимдан ҳаяжонланар эдим. “Балки ичкарида Сафар акам бордир ва мен у кишини кўрарман”, деган хаёлдан энтикардим.

Бир умид учкуни бор эди, афсус…
Бошим айланганидан нечанчи қаватга қандай чиққанимизни сезмабман. Катта хонага кирдик, иккита ёзув стули, деворларда ҳар хил плакатлар осиғлик, стул устида эса КГБнинг отаси Калилиннинг кичикрок ҳайкалчаси бор эди.
Менинг диққатимни шу ҳайкалча тортди.
Чамаси мени ҳайкалчага тикилиб қолганим у кишига таъсир қилди шекилли мендан “Бу кишининг кимлигини биласизми?” дея сўради.
“Нега билмас эканман, сизларнинг катта “ота”ларингиз-ку”, дедим исттеҳзо билан.
Шундан сўнг у менга Калинин ҳақида бошқа савол бермади.
Стулга ўтиришга таклиф қилгач, ўзини таништирди:
-Мен хўжаинингизнинг терговчиси Ҳусан Аҳмедов бўламан.
Бу гапдан сўнг негадир олтин топган одамдек қувониб кетдим:
-Вой, шунақами? Сафар акамнинг ўзлари қанақа? Соғликлари яхшими? Ҳозир қаердалар? Ейдиган овқатлари тузукми? ( Сафар акамлар жуда инжиқ, овқатни ҳам танлаб ейдилар) Нимага уйга қайтиб келмадилар?
Ҳусан Аҳмедов менинг кетини узмай берган саволларимнинг қайси бирисига жавоб берсам экан, деб ўйландими ёки харатери оғир одамми, билмайман, менинг ҳаяжондан шошиб пайдар-пай берган саволларимга нима деб жавоб беришни билмай ўйланиб қолди.

Айниқса унга “Овқати тузукми у ерни?” деган саволим таъсир қилди шекилли мийиғида кулди.
-Овқатини сўраяпсизми?
-Ҳа, нима бўлибди сўрасам? Ошқозанларида яра бор, шуни учун ҳар хил нарсани еёлмайдилар, танлаб ер эдилар уйда-дедим бир оз хафа бўлиб.
Ҳусан Аҳмедов гапини чўзишни истамадими, ёки бошқа сабабми тушунмадим…
-Яхши ҳамма нарса , қўрқманг!, деди у.
Мен эса жуда содда эдим. Бу ернинг меҳмонхона эмас , “қузғунлар” макони эканлигини унитгандим.
Шу вақтда кабинетга бир оёғи чўлоқ, юзидан заҳар томиб турган бир одам кириб келди.
Ҳусан Аҳмедов у кишига қараб “Сафар Бекжоннинг оиласи бўлади” деб менга имо билан кўрсатди. Шундан сўнг у нимадир эсига тушиб қолгандай менга ўгрилди.
-Сизнинг исмингиз нима ўзи?
-Қурбоной.
-Ўғлингизни исми нима?
-Жалолиддин…
-Яхши, меникини эшитдингиз.. Бу киши, деди у бадқовоқ одамни кўрсатиб, Мирза Худоёров бўладилар. У киши ҳам терговчи бўлиб ишлайдилар бу ерда.

Кейин билсам Мирзо Худоёровнинг лақаби “гестапо” экан. Лекин буни билишимга ҳали анча вақт бор эди.
- Энди сиз мана бу ҳужжатга ёлғон кўрсатма бермайман деб имзо чекишингиз керак!
Бу сўзларни эшитиб ҳайратландим:
-Мени ҳам тергов қиласизми?
-Қунун шунақа…
Мен карахт аҳволда қолгандим:
-Нимага , нима учун?!
Мен бу ерга Сафар акам ҳақида бир янгилик эшитаман ва иложи бўлса ўзи билан кўришаман, деб келгандим Бу киши эса менга “ёлғон кўрсатма” бермайман деб қанақадир ҳужатга имзо чектирмоқчи?!
-Мен имзо чекмайман, сизнинг саволларингизга жавоб ҳам бермайман-дедим жаҳлим чиқиб.
-Нимага?
-Нима ҳақида кўрсатма беришим керак?
-Мен сўрайман, сиз жавоб берасиз?
-Қизиқ одам экансиз, нимани сўрайсиз?… дедим баттар ҳайратланиб?
-Кимсиз? Қаердансиз? Нимага айнан Сафар Бекжонга турмушга чиққансиз?
Ҳаммасига чидаш мумкин эди-ю, кейинги берган бачкана саволи ярамга туз сепгандай бўлди?!
Ялт этиб Ҳусан Аҳмедовга қарадим:
-Сиздан рухсат олишим керакмиди, у кишига турмушга чиқиш учун? Худога шукр, ҳали дадам ўлмади!
-Ўзининг саволи нақадар бачкана эканлигини ҳис қилди шекилли, мендан кечирим сўради.
-Яхши, дедим ҳамма саволингизга жавоб бераман, кейин мени учраштирасизми? -дедим умид билан.
….

Ўртага нотабий жимлик чўкди.
Бизнинг суҳбатимизга жимгина қулоқ солиб ўтирган Мирза Худоёров бирдан тутақиб кетди:
-Сиз кимсиз, бу ерда бунақа талаб қўйишга? Бу ерда саволни биз берамиз?!
Мени жаҳлим чиқди:
-Нима ҳақингиз бор мени тергов қилишга? Олдин менга Сафар акамни қанақа айби борлигини айтинглар, кейин қаердалигини маълум қилинглар!
Мени гапларимни эшитиб ўтирган Мирзо Худоёров яна жаҳл отига минди:
-Сен кимсан?
-Менми, -дедим истеҳзо билан, -сизга ўхшаган Ўзбекистун Республикасининг гражданиман.
Сал олдин “сиз”лаб турган бу заҳарли илон энди сенлашга, ҳайқиришга бошлади:
- Эрингни кимлигини биласанми ўзи?…

Мен шошиб қолдим, бир Ҳусан Аҳмедовга, бир оғзидан кўпик сачратиб бақираётган Мирза Худёровга қарадим.
-Сани эрингни ўғри эканлигини билмасмидинг?! Ёки билиб туриб ҳам ўзингни соддаликка солаяпсанми?
Унинг оғзидан чиққан “ўғри”калимасини эшитиб даҳшатга тушдим:
-Ёлғон, билиб билмасдан туҳмат қилманг бир одамга. Балким, ўзингиз ўғри бўлсангиз керак?!
Мирзо Худоёровга қарата “Сиз ўзингиз ўғрисиз” деганимни биламан, менга қараб ғазаб билан юра бошлади. Жалолиддин бу бақир –чақирлардан қўрқиб йиғлай бошлади.
Мен дир-дир титраб йиғлаётган Жалолиддинни маҳкам бағримга босдим.
-Уялмасангиз уринг, – дедим шиддат билан! Ўлдирмоқчи бўлсангиз ўлдиринг! На сиздан, на бошқасидан қурқмайман. Менинг ҳаётимга туҳмат қилманг, –дедим бақириб.

Ҳусан Аҳмедов шошиб қолди: бир томонда кобра илон каби хезланиб турган Мирза Худоёров, иккинчи томнда кичикина гўдакни бағрига босиб:”Ўлдирсанг –ўлдир” деб мағрур турган бир аёл!
Ўртани сокинлаштирмоқчи бўлдими ёки бошқа сабабданми, билмайман, Ҳусан Аҳмедов Мирза Худоёровга қараб:
-Сиз мен билан юринг!, деди ва кабинетдан уни олиб чиқиб кетди.
Қанчадан-қанча инсонларнинг ҳаётини хонавайрон қилган бу хонада ёлғиз қолдик.
Деразадан ташқарига қарадим: осмонда кулиб турган қуёшни эмас, менинг бугунги аҳволимга ачинаётгандай хўрланган осмонни кўрдим.

Хонага Ҳусан Аҳмедовнинг кирганини эшикнинг тақиллаб беркилишидан кейин билдим.
Мен жуда хаёлпараст эдим. Табиатнинг ва инсоннинг узвий боғлиқлигини ҳар ерда кўраверардим.
-Жаҳлингиз қаттиқ экан…, деди Ҳусан Аҳмедов жойига ўтирар экан.
-Бўлмаса ўйлаб гапсирсин, нимага туҳмат қилади? Жинними ўзи, у одам?
Ҳусан Аҳмедов менинг саволимга жавоб бермади.
Қандайдир қоғозларни титкилаб, ўзига кераклисини топди шекилли деди:
-Менга қаранг, ҳозир сизга саволлар бераман, ҳаммасига жавоб беринг!
Мен ҳайратландим:
-Нимага?
-Қонун шунақа?
Тўғриси, мен жиноят кодексини умуман билмасдим.

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

АДАБИЁТ ЯНГИЛИКЛАРИ Empty Миллатга кўп ёпишма эй гумроҳ банда!

Post by Admin Thu Nov 22, 2012 6:27 am

Миллатга кўп ёпишма эй гумроҳ банда!

Ўз ҳукмронлигининг дастлабки йилларидаёқ Ислом Каримов (у пайтлар у ҳали ЎзКомпартиясининг Москва томонидан танлаб қўйилган қўғирчоқ раҳбари эди)Ўзбекистон халқини у қилаётган яхшиликларни билмагани учун сўккан эди.
Халқини сўккан барибир лаънатга қолишини билмаган бу муттаҳам охир оқибат ўз халқидан "жаллод Каримов" деган тамғани, тараққийпарвар инсоният томонидан эса "энг ваҳший диктаторлардан бири" деган номни олишга муваффақ бўлди.

Ислом Каримов деган ёвўз бир кимсаниг муттаҳамликларини тушунса бўлади. Унинг барча ҳатти ҳаракатлари мансаб, қорин ва моддий манфаатлар дардидан келиб чиққан ҳолда ривожланади.
Аммо у каби ўзбекларни гоҳ турли туман ҳайвонларга, гоҳ қулларга таққослайдиган айрим сиёсатчилаар, ёзувчилар ва журналистларни тушуниш қийин.
Уларнинг миллатга нисбатан бундай ахмоқона муносабатларини тагида саводсизлик ётибдими ёки оддий ғаразгўйликми, бу ёлғиз Аллоҳга аён.

Менга аён бўлгани шуки, улар ўзларининг турли туман асарларини ёзишда гоҳида тузукроқ бир ғоя топа олмагач гуёки миллатга ёпишиб ўз дардларини енгиллатаётган рўҳий касалларга ўхшайдилар.

Кўпчиликка маьлумки, рўҳий касалликни даволашнинг йўлларидан бири, бу касалнинг ўз ичидаги дардини кимгадир тўкиб солишига имкон яратиш.
Шундай қилинса касал гуёки енгил тортади ва бировга тўкиб солинган  дарду ғамларининг оғир таьсири маьлум даражада камаяди.

Шу нўқтаи назардан олиб қараганда айрим шоирлар ва ёзўвчилар ҳам гоҳи гоҳида миллатга ёпишиб, шу орқали ўз дардларини енгиллатмоқчи бўлаётганга ўхшайдилар.

Бундан бир неча ойлар илгари машҳўр шоирлардан бири(Ю.Ж.) шунақа чиқишлар қилиб ўз бошига кўпгина ғавғолар орттирган эди. Ана шу шоир ҳурмат қиладиган унинг сиёсий устози(А.П.) эса миллатга вақти вақти билан ёпишиб, шу йўллар билан ўз дардини енгиллатишни одат қилган бир муттаҳам аслида.

Мана энди яна бир собиқ сиёсатчи, собиқ амалдор ва ёзўвчи ҳам миллатга ёпишибди(А.О.). Унинг ўзбек миллатига ёпишиши совет давридан қолган ва халқниинг айрим хусусиятларини таьрифлайдиган «ўзбекчилик»  деган сўздан келиб чиққан. Шу сўзни баҳона  қилиб бу ёзўвчи ҳам бутун бошли бир миллатга нисбатан ҳурматсизларча муносабат билдирибди.

Агар Гитлер режими остида бутун дунёга нацизм фалокатини тарқатган немислар бугун «немисчилик» деб ёки уларга қўшилиб ўша пайтларда Муссолини раҳбарлигида айни сиёсатни юргизган итальянлар «итальянчилик» деб мамлакатда бўлаётган бугунги воқеаларни ана шунақа сўзлар билан таьрифласалар улар бир зумда ўзларининг журналистик ёки сиёсий обрўларидан ажралар эдилар.

Чунки тараққий қилган халқлар шуни яхши биладиларки, ҳар қандай миллат ичида уни ўзининг жасурлиги, ўткир фикрлилиги, буюк санъати ва ёки бошқа бир қудрати билан кўкларга кўтарувчи инсонлар ҳам ва аксинча, ўзининг ёвўз ҳатти ҳаракатлари, қабиҳликлари ва даҳшатли жиноятлари билан ўз миллатини тарих олдида уятга қўювчи инсонлар ҳам бўлади.

Аммо инсоният халқларни асосан унинг буюкликка етакловчи вакиллари сабаб кўпроқ эслашади ва эъзозлашади.
Шулардан келиб чиқиб мен айрим ёзувчиларга шундай дейман:

Миллатга кўп ёпишма эй гумроҳ банда!
Ҳурматин қил ҳамиша, қилмасдан канда.
Ўша тупроқда ахир киндигинг қони,
Тарихнинг тошлари бор ул маконда!
     
Ҳазратқул Худойберди
2012 йил 22-ноябр


Last edited by Admin on Wed Mar 04, 2015 7:37 am; edited 1 time in total

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

АДАБИЁТ ЯНГИЛИКЛАРИ Empty Ўш ҳақида ва қирғизларнинг ваҳшийликлари ҳақида шъерлар

Post by Admin Mon Oct 20, 2014 12:32 pm

Ўш кўчалари

Кимга сўнги манзил бўлди бу кўчалар,
Кўз ёшларга, қонга тўлди бу кўчалар,
Ўлган билан бирга ўлди бу кўчалар.
Кўчаларга Қақшат деган номлар беринг,
Ваҳшат деган , Даҳшат деган номлар беринг!

Чиқиб қаранг Сулаймон тоғ тепасига,
Аза тўни ташланган Ўш елкасига
Ўликларин ўраб ўзбек кўрпасига
Кўчаларга Ситам деган номлар беринг,
Алам деган, Мотам деган номлар беринг!

Шу эканда, ризқ узатган қўлни узмоқ,
Ўз Ватанин бўлишганни уйин бузмоқ,
Мана энди, қораларни қилмайин оқ,
Кўчаларга Бебурд деган номлар беринг
Бемурувват , Беқут деган номлар беринг!

Номин беринг Мелс аталмиш зўрингизни
Олам танир, одамхўр у бўрингизни,
Йўқ! десангиз кавлаб қўяр гўрингизни.
Кўчаларга Зулм деган номлар беринг
Золим деган, Ўлим деган номлар беринг !

Қанча номус топталдия , қанча иффат,
Чимилдиқмас, гўрга кирди неча хилқат.
Сиздан ҳатто Шайтон лаъин қилар нафрат.
Кўчаларга Шаҳват деган номлар беринг
Ғорат деган Офат номлар беринг.

Сартга ўлим деб битилган чор деворлар,
Шармисордир ёғса ҳам-ки оппоқ қорлар.
Асли сартга то қиёмат қарзи борлар,
Кўчаларга Лаънат деган номлар беринг,
Ғафлат деган, Ғурбат деган номлар беринг !

Сизга ётку, Раҳм, Шафқат деган номлар,
Меҳр, Раҳмат, Оқибату Эҳтиромлар.
Токи давом этар экан қатлиомлар,
Кўчаларга Кулфат деган номлар беринг,
Зулмат деган Куфрат деган номлар беринг!

Ўз дўстини кўксига тиғ урган сиз-ку,
Ўз халқини сартга қарши қўйган сиз-ку,
Ўз айбини бошқаларга йўйган сизку!
Кўчаларга Ярлиқ деган номлар беринг ,
Зўравонлик, Зорлик деган номлар беринг!

Ўзбекларга тор келганда зиндонингиз,
Тилла билан тўлдимикин хумдонингиз,
Эл бошида турса агар нодонингиз,
Кўчаларга Ҳасрат деган номлар беринг,
Ҳавас ўлсин, Ҳасад деган номлар беринг!

Путин деган ном берибсиз чўққингизга,
Суратин ҳам чизиб қўйинг кўксингизга.
Мана энди ўхшаяпсиз ўзингизга,
Кўчаларга Қўрқоқ деган номлар беринг,
Лаганбардор, Шалтоқ деган номлар беринг.

БТР да юрганларми қаҳрамонлар?
Масту-аласт, гиёҳванду беиймонлар,
Пул десангиз ўз онасин сотар жонлар!
Кўчаларга Нотавон деб номлар беринг,
Майли Қирғиз-Қаҳрамон деб номлар беринг!

Токай бунда қотиллари қўрқмай сағир
Шеърларимдан хафа бўлманг ботса оғир,
Шаҳид кетган Ўшликларим ҳаққи ахир.
Кўчаларга Қаттол деган номлар беринг ,
Беюрагу , Баттол деган номлар беринг!

Кимга сўнги манзил бўлди бу кўчалар…
Кўз ёшларга, қонга тўлди бу кўчалар…

Муаззам Иброҳимова
----------------------------------------------------------------

Бобуримдан қолиб кетган Ўшим манинг
Турон қалбнинг қора хунга ғарқ жойлари
Қон кўзларим қон қайнаган Ўш сойлари.
Ботиб кетган ўзбегимнинг кун ойлари
Қотилбоши Кремл, Оқсаройлари
Кечир шаҳид жондош, қондош хешим манинг,
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим манинг.

Қора кунда сенга қалқон бўлолмадим,
Майдонингда шер арслон бўлолмадим,
Мулку номус, мулку иймон бўлолмадим,
Култегиндек ёвга қирон бўлолмадим.
Кечир оғам, синглим, болам, хешим менинг,
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим менинг.

Аму Сирнинг орасида кўрлар қолди,
Аёлини эплолмаган эрлар қолди.
Юрагимда Сизга теккан тирлар қолди,
Кечир шўрлик ёндирилган хешим менинг,
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим менинг.

Тўғилмайин сўйдирилган гўдакларим,
Бешик кўрмай гўрга кирган малакларим,
Тилка бўлган тилка бағр, юракларим,
На оламга, на фалакка керакларим,
Кечир боши кестирилган хешим менинг,
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим манинг.

Дунё сени қадаҳ қилиб қонлар ичар,
Бир бошимда ҳар лаҳза минг мотам кечар,
Қайда бало бўлса Турон юртга кўчар
Яқин борсанг ҳолинг кўриб маҳшар қочар
Кечир барча ўққа нишон хешим менинг
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим манинг.

Ўчоғингда кул бўлганлар қўрман деди,
Ялоғингдан кун кўрганлар эрман деди,
Бор қутурган аҳли қанжиқ шерман деди,
Бари ўзбек қаёқдасан, зўрман деди,
Кечир бахти қаро элим, хешим менинг
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим менинг.

Қалам билан ашкдан бўлак қуролим йўқ,
Заволим бор, афсус бугун камолим йўқ.
Ғанимларнинг иқболи бор, иқболим йўқ,
Туркистоним — қуёшим йўқ, ҳилолим йўқ,
Кечир мустар, нолондирман, хешим менинг
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим манинг.

Етимларим Гўрўғлидек унадилар,
Қасос учун тулпорларга минадилар.
Ғанимларим ўтин каби синадилар,
Липпиллаган юлдузлари сўнадилар,
Кечиринглар, етимларим, хешим менинг
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим манинг.

Тангрим Буюк Темуримни қайта бергин,
Адолатли Амиримни қайта бергин,
Дастларига шамширини қайта бергин,
Талон бўлган ерларимни қайта бергин.
Кечир қасос муқаррардир, хешим менинг
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим манинг.

Аму Сирнинг орасини пирхона қил!
Ғархонадир, аввалгидек эрхона қил!
Хархонадир, йўлбарсхона, шерхона қил!
Туркистонни тикла Тангрим, ягона қил!
Кечир шоир Юсуфингни хешим менинг,
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим манинг.
Юсуф Жума

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

АДАБИЁТ ЯНГИЛИКЛАРИ Empty Латофат Жўраева. Вақт

Post by Admin Sat Feb 14, 2015 3:24 am

Вақт. Умримни кетдинг ўғирлаб.
Ҳам ҳуснимни, латофатимни,
Малоҳатим, назокатимни
Олиб қўйдинг қад-қоматимни.

Вакт. Беаёв, қутурган шамол.
Муросасиз, сабрсиз Тулпор.
Тўхтатинглар, тортиб жиловин,
Ҳали олдда қанча ишлар бор.

Вакт. Бу - чексиз, сарҳадсиз дунё.
Қанотлари- чархи кажрафтор.
Айланади тилсиз ва дилсиз
Гирдобида мен афтодаҳол.

Сендан ўзиб хали шошмай тур
Қанча манзил, макон қурамиз.
Орзулар кўп, худо хоҳласа
Қанча давру даврон сурамиз.

Бўйсунмасдан иложим қанча.
Умрим тугаб келсанг қошимга.
Даъвогарлик қилолмас хеч ким
Вакти тугаб борсанг бошига.
Хукмдорсан- бешафқат, қайсар...

Латофат Жўраева

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

АДАБИЁТ ЯНГИЛИКЛАРИ Empty Re: АДАБИЁТ ЯНГИЛИКЛАРИ

Post by Sponsored content


Sponsored content


Back to top Go down

Back to top


 
Permissions in this forum:
You cannot reply to topics in this forum