Форум_Ўзбекистон

Жамият ва фуқаролар

Avvalgi mavzu Keyingi mavzu Go down

Жамият ва фуқаролар

Post by Admin on Sat Sep 27, 2014 9:22 am

Жамият ва фуқаролар

Сиёсатни нақадар тўғри ва чуқур тушуниш даражасига қараб ҳар қандай инсон ва жамиятнинг етуклик даражасини аниқлашмумкин.

Фуқаролари сиёсатга қизиқмаган жамият вакилларини ўрмонда яшаб унинг тартиб қоидалари, егулик, шифобахш ва заҳарли ўсимликларини, ваҳший ҳайвонлари, қаерда сув, қаерда хавфли жар борлигини, ўз ҳаётини кундалик хавфу хатарлардан сақлаб қолиш учун нималар қилиш кераклигини ҳали яхши ўрганмаган ёш/гўдак ҳайвонларга қиёслаш мумкин.

Ҳатто ёш ҳайвонлар ҳам ўз ўрмонлари ва саҳрою даштларида жон сақлаб яшашнинг барча тартиб қоидаларини ҳар куни, ҳар соатда ўз ота-оналари, ака ва опаларидан ўрганиб боришади. Акс ҳолда ваҳший ҳайвонлар изғиб юрган саҳрою даштлар ва ўрмонларда жон сақлаб қолишнинг асло иложи йўқ. Ўз ота онаси ёки қабиласидан салгина ортда қолган оҳу ёки фил боласи ўша заҳотиёқ шер, йўлбарс, бўри ёки шоғолларга ем бўлиши мумкин.
Сиёсатга қизиқмаган, ўз ҳақ ва ҳуқуқларини ўқиб ўрганмаган одамлар ўрмон ёки саҳрою даштларда яшаб у ерларнинг тартиб қоидаларини ўрганмай, ёлғиз ўзи тентираб юрган ўша оҳу ёки фил боласини эслатадилар. Бундай инсонлар ваҳший ҳайвонларга ем бўлган ожиз ҳайвонлар каби ҳар қандай зўравон амалдор ёки ўз мансаби ва бойлигидан қутуриб кетган бир муттаҳамнинг қўл ва оёқлари остида хор бўлишлари мумкин.

Ночор, билимсиз, ўз ҳақ ва ҳуқуқларини ўрганмаган инсонларни зўравонлар ва муттаҳамлар тўдаси истаган пайтда, истаганича таҳқирлаши мумкин.
Сиёсатга қизиққан инсон эса энг аввало ўз ҳақ ва ҳуқуқларига қизиқади, уларни талаб ва ҳимоя қилишни ўрганади ва секин аста ўзи каби фаросатли инсонлар билан биргаликда барча фуқаролари озод ва эркин бўлишини таьминлайдиган бахтли жамият қурилишига асос сола бошлайди.
Жамиятлар ва инсонларнинг бахтли яшашлари учун сиёсатни, ўз ҳақ ва ҳуқуқларини ўрганишдан ва сўнгра ана шу қадриятлар учун доимий кураш олиб боришдан бошқа, ўзгача йўллар ёки ўзгача усуллар йўқ.

-------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------

Жамият ва фуқаролар. 2нчи бўлим.
Сиз сиёсатга қизиқмасангиз ҳам, сиёсат сизга қизиқади.
Турли давраларда гап тўсатдан сиёсатга бурилиб кетса кўпчилик дарҳол “Қўйинглар шу сиёсатни! Бошқа нарсалардан гаплашайлик” деб қолишади.
Бирор одам ўзининг бирор дўсти ёки яқинига сиёсат ҳақида, инсоннинг ҳақ ва ҳуқуқлари ҳақида гапира бошласа яна ўша кўпчиликнинг вакили :”Биродар. Мен сиёсатга қизиқмайман, унга аралашмайман. Сиёсатдан мени бошим оғрийди” деб гапни тўхтатишга ҳаракат қилади.

Ҳамма бало шундаки, сиз сиёсатга қизиқмасангиз ҳам сиёсат сизга қизиқади. Сиз сиёсатга аралашмасангиз ҳам сиёсат сизни ўз ишларига аралаштиради. Мажбуран! Чунки сиз сиёсатга кераксиз. “Қандай қилиб керак бўламан сиёсатга агар мен унга қизиқмасам ?” дейсизми?
Жавоб жуда оддий. Ҳар 4 йилда бўладиган сайловлар эсингиздами? Ана шу сайловлар нима учун ўтказилади ўзи, шуни биласизми?

Ҳа, айтганча сиз сиёсатга қизиқмайсизку. Кўпчиликнинг жавоби жуда оддий: “Мани нима ишим бор бу сайловлар билан. Уни Ҳукумат ўтказади, чунки бу Ҳукуматнинг иши. Уйга бюллетень деган бир парча қоғоз ташлаб кетишади. Кейин “палон жойга бориб фалон одамга овоз беринг” дейишади. Борамиз, балога қолмаслик учун. Айтган одамига овоз берамиз. Шу билан қутуламиз уларнинг машмашаларидан. Акс ҳолда улар яна келиб “Нега сайловга бормадинглар? Нега қари онангиз ва отангиз учун овоз бермадинглар?” деб бошни қотириб кетишади. Ҳатто свет ва газни ўчириб қўйишлари ҳам мумкин. Ана шунақа машмашалардан қутилиш учун борамиз ўша ордона қолгур сайловларига!”

Айнан ана шу ерда кўпчилик ўзининг сиёсатга тўсатдан керак бўлиб қолганини ҳатто ўйламайди ҳам.
Давлат қонунлари ичида “Сайловлар ҳақида” деган қонун ҳам бор. Унга кўра 18 ёшга тўлган ҳар бир Ўзбекистон фуқароси сайловларга қатнашиш, кимнидир қайсидир бир маҳаллий ёки марказий ҳокимият органларига (Парламент ва Маҳаллий халқ депутатлари Кенгашиларига) сайлаш ва ўзининг ҳам сайланиш ҳуқуқларига эга.

Аммо бу, Афандини таьбири билан айтганда “аттанга нағлат кўпчилик”, фақат кимнидир сайлаш мажбуриятини тушунади холос. Уларнинг 99 фоизи “Ия, мени ҳам Олий Мажлис(Парламентга) сайлашлари мумкинми?!” деб ҳатто ҳайрон қолади, агар сиз унга “Сени ўзинг ҳам сайловларда номзод сифатида қатнашишинг мумкин, ҳатто Парламентга сайланишинг мумкин” десангиз.

Кўпчилик Ҳукумат тайинлаган, чўнтаги ва қорни қаппайган, 4 йилда бир марта халққа кўриниб, ўзини суратларини отни калласидек катта катта олдириб, кейин уни ҳамма ёққа илиб ташлаган, Парламент, Вилоят ёки Шаҳар/Туман халқ депутатлари кенгашида гердайиб ўтирадиган ва бу касб гуёки унга бир умрга берилган деб ўйлайдиган одамларни қайта сайлашга мажбур деб ўйлайди.

Эҳҳ кўпчилик, кўпчилик. Эссиз кўпчилик, қўй ва фил боласи каби қаёққа бурса ўша ёққа индамайгина эргашиб кетаверадиган кўпчилик. Ўз ҳақ ва ҳуқуқларини билмайдиган, уларни билишга қизиқмайдиган, бу ҳақ ва ҳуқуқлар ҳақида гапирсанг оғзингга урадиган кўпчилик. Афанди бекорга айтмаган экан “Аттанга нағлат кўпчилик” деб.

Файласуфлардан бири “Инсоннинг энг катта кулфати унинг камбағаллигида эмас балки унинг билимсизлигидадир” деган экан. Бошқа бири эса “Агар сиз бой одам бўлсангиз демак сиз ақлли, фаросатли инсонсиз” деган экан. Чунки нормал ривожланган ҳуқуқий жамиятларда бирор ўқимишли одамни камбағал ҳолда кўрмайсиз. Чунки ўқимишли одам турли туман касбларни тезда ўрганади, ҳар соҳада кўп нарсаларни тушунади ва турли туман ишларда ишлаб кета олади. Жилла қурмаса у ўз корхонасини очади, чойхонами, ошхонами, сартарошхонами, савдо дўконими, машиналар сотишми ёки уларни таьмирлашми...Хуллас бир одам ишлайман деса у ўзига бир иш топади.

Албатта бу гаплар нормал, ҳуқуқий, фуқаролари сиёсатга қизиқадиган жамиятларга тегишли гаплар. Шунинг учун ундай жамиятлар гуркираб ривожланади, у ерларда яшайдиган фуқаролар эса фаровон ва бахтли ҳаёт кечирадилар.
Чунки улар ўзларини сиёсат қурбонига айланишларига йўл қўймайдилар балки сиёсатни улар учун хизмат қилишга, давлат сиёсати улар ўзлари истагандек бўлишига уринадилар, керак бўлса қўлларида ўз талаблари ёзилган турли туман шиорлар билан кўчаларга чиқиб ана ўша талабларни бажарилишини ўзлари сайлаб қўйган Ҳокимият вакилларидан талаб қиладилар.

Агар бирор Ҳокимият вакили халқ, яьни унинг сайловчилари талабини бажаришдан бўйин товласа, халқ ўз шиорларида ана ўша депутатни чақириб олиш, уни истеьфога чиқишини талаб қилиб ҳам кўчага чиқишлари мумкин.
Қиссадан ҳисса шуки, бундай ҳуқуқий жамиятларда кўпчилик “Отангга раҳмат кўпчиликдир!”.
-----------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------

Жамият ва фуқаролар. 3нчи бўлим.
Сени юришларинг...

Бир ажойиб ўзбек ашуласи бор “Сени юришларинг” деган.
Уни машҳур хонандамиз Ортиқ Отажонов маромига келтириб куйлайди. Эшитмаган бўлсангиз бир эшитиб кўринг, мазза қиласиз.
Умр ўтар, вақт ўтар,
Хонлар ўтар, тахт ўтар.
Омад ўтар, бахт ўтар.
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сенинг юришларинг, сенинг кулишларинг.

Баҳорда боғ на гўзал,
Қор ёғса тоғ на гўзал,
Қуёшли чоғ на гўзал,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан.
Сўзсиз қарашларинг, ҳолим сўрашларинг.

Ой чиқар гоҳда холи,
Дўстлар кўпдир вафоли,
Ҳаёт шундай сафоли,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан,
Секин сўзлашларинг, пинҳон излашларинг,

Умр, йўл, айрилиш кўп,
Учрашиш , айрилиш кўп,
Унутиш, айтилиш кўп,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Ўша кулишларинг, ўша юришларинг, ҳолим сўрашларинг.
https://www.youtube.com/watch?v=Y6fIC6BuXDY

Бу мақолани ёзишдан мақсад нафақат шоирнинг шъери ва хонанданинг куйлашидан роҳат қилиш балки инсоннинг гўдаклигидан тортиб қарилик гаштини сурадиган давригача юришлари ҳақида фикр юритишдир.
Мақоланинг бу бўлимида мен айнан шу ҳақда, яьни инсоннинг юришлари ҳақида сўз юритмоқчиман.

Агар эътибор берган бўлсангиз, бу юришлар турли туман, сир асрорга бой юришлардир.

Бошланишида энди тета поя қилиб юра бошлаган болакай қўлчаларини икки томонга худди қушча қанотларини ёйгандек ёйиб, фақат ўз оёқчалари остига қараб, тебраниб, тебраниб юради. Орадан йиллар ўтиб у кексайган чоғида у яна худди шу усулда, яьни қўлларини ёйиб, ҳассага таяниб, оёқлари остига қараб, тебраниб, тебраниб юради. Аммо гўдак вояга етган сари унинг юришлари ҳам худди унинг ўзи каби ўзгара бошлайди.

Аввалига у бошини кўтариб ён атрофга қараб юришни ўргана бошлайди. Кейин адаси ёки ойижонисини товуши келган тарафга қараб юришни ўрганади.
Секин аста қаёқдан янги товуш чиқса, масалан, мушук миёвласа, чумчуқ чирқилласа ёки кучук вовулласа, ўша ёққа қараб пилдираб кетишни одат қилади.

Болаликнинг энг беғубор дамларида у орқа олдига қарамай, юришни ўрнига югуришни афзал кўра бошлайди. Мактаб ёшига етгач онаси ва отаси унга “Катта кўчадан ўтишда аввал ўнгга, кейин сўлга қарагин! Агар машина бўлмаса, кейин ўтгин, хўпми?!” деб бир неча бор тайинлаб, кузатиб қўйишади.

Мактабни тугаллаган ўсмирлар секин аста нафақат ўнгга ва сўлга балки ортга ва олдинга қараб юришни ҳам ўргана бошлайдилар.

Сал улғайиб эркак ва аёл бўлгач, уларда эҳтиёткорлик туйғулари кучайиб, энди улар нафақат ўнг ва сўлга, орт ва олдинга балки гоҳи гоҳида тепа ва пастга қараб юришни ҳам ўрганадилар.
Шу билан аксарият кўпчиликнинг турли томонларга назар солиб юриш усуллари тугайди.

Аммо бу юришларнинг ўзида ҳам минг бир сир саноат бордир.
Масалан, ёш қизлар нозу карашма билан юрсалар, ёш йигитлар гердайган ҳолда “Ман ҳаммангдан зўрман” деб юришни ва шу билан қизларни ўзларига ром қилишни машқ қила бошлайдилар.

Вақти соати етиб турмуш қурган ёш келинчаклар иболи юришни одат қилсалар, ёш куёвтўралар тўфондан сўнг босилган денгиз каби секин, чайқалиб юришни одат қила бошлайдилар.

Одамларнинг ҳаётдаги турмуш тарзи, ижтимоий аҳволига қараб уларнинг юришлари ҳам ўзгара бошлайди. Шумлик, ўғрилик, зўравонлик ва босқинчилик йўллари билан бойиб олган бойваччалар кибор билан юрсалар, турли йўллар баланд мартабага эришиб олганлар кўпчиликни назар писанд қилмайдиган такаббурлик билан юришни одат қиладилар.

Эс ҳушини таниб олган, ҳалоллик билан кўп нарсаларга эришганлар ҳамиша камтарона, босиқ ҳолда юрадилар.

Ёш ўтган сари одамларнинг юриш туришлари яна эски, бирламчи, уларнинг гўдаклигидаги ҳолига қайта бошлайди. Сейфларида миллионлари бор ҳам, бир умр меҳнат қилиб қариганида фақат ўзининг ўлимлигига асраб қўйган озгина пулидан бошқа ҳеч нарсаси қолмаган қария ҳам бир ҳил, худди ўша гўдаклигидаги каби оёқлари остига қараб, чайқалиб, чайқалиб юришга ўтадилар.

Турли туман одамларнинг турлича юришларининг кўпчилигини биладиган ва уларни жойига қараб ишлатадиган шундай уддабуррон одамлар борки, улар ўз мақсадлари йўлида истаган юриш усулларини қўллашлари мумкин. Улар гуёки кучли шахматчилардек, ҳар бир қадамни ўйлаб босадилар, у қадамни босишдан олдин у нималарга олиб келиши мумкинлигини ҳисоблаб чиқадилар. Агар энг уддабуррон одамлар 6 томонга қараб юришни билсалар, бу одамлар 7нчи томонга қараб юришни ҳам биладилар. Агар шундай одам сизга йўлиқиб қолса билингки у одам сиёсатчидир.
(Етти томон ҳақида алоҳида бир шъер https://www.facebook.com/photo.php?fbid=10150347243354503&set=pb.570109502.-2207520000.1411802340.&type=3&theater ).

Аммо сиёсатчиларнинг ҳам турлари кўп. Ана ўша 7 тарафни чуқур ва ҳалол ўрганмаган, пала партиш яшашга ўргаанган одамларнинг айримлари сиёсатга ўралашиб қолсалар, улар босган қадамларини тўғри қўя олмай панд еб қоладилар. Кейин улар ўзларини оқлаш учун сиёсатни айблай бошлайдилар. “Сиёсат бу фоҳишабозлик”, “сиёсат бу ифлос иш” деган гапларни рўкач қиладилар. Агар сизга қайсидир бир сиёсатчи ана шундай деб қолса, ёки сиз унинг ана шунақа сўзлар ёзган мақоласини ўқиб қолсангиз билингки у одам сиёсатчи эмас балки фирибгардир.

Сиёсатда оғир ва мушкул масалаларни вазиятда қараб ҳал қилишни ғарбда flexibility дейишади. Афсуски ўзбекчада бу сўзни бир сўз билан ифода этиб бўлмайди, (бунга сабаб балки бизнинг диёрда асрлар давомида сиёсат ҳақида фикрловчилар ўта кам бўлгани учун ҳам шунга мос келадиган сўз ўйлаб топилмагандир) аммо унинг маьносини вазиятга қараб турли туман ҳаракатлар қилиш, турлича ечимлар топиш қобилияти, шароитга мослашиш, қайишиш каби бир неча сўзлар билан тушунтириш мумкин.

Демак, аслини олганда сиёсат эмас балки уни олиб борадиганларнинг ўзлари, уларнинг қилмишлари ифлос, ҳатти ҳаракатлари эса фоҳишаникидек ҳар нарсага сотиладиган бўлиши мумкин.

Шунинг учун сиёсатни ўргана бошлаган ёшлар энг аввало ана шу нарсаларга жиддий эътибор беришлари ва ўзлари танлаган тўғри сиёсий йўлларини ҳеч қачон, ҳеч нарсага алмаштирмай, уни ҳеч нарсага сотмай, танланган асосий йўлдан собитқадамлик билан кетаверишлари лозим. Акс ҳолда сиёсий йўлдан жарга қулаш хавфи ҳамиша сизнинг бошингиз узра ўз кўланкасини солиб тураверади.

Admin
Admin

Number of posts : 1158
Join date : 04/02/2010

Foydalanuvchi profili http://stopdictatorkarimov.com

Yuqoriga Go down

Занжирланган бургут

Post by Admin on Sat Oct 18, 2014 8:52 am

БУРГУТ
22 сентябрь, 2014 йил
Мен 70-чи йилларда бажарилиши бўйича даҳшатли, бироқ маъноси бўйича инсон ақлини шоширадиган бир қаҳрамонликка гувоҳ бўлдим. У бугун яна ёдимга тушди. Тинчлик Марши эслатдими ... Кўчиб кетган россияликларми ... Балки украиналиклар уни уйғотишдими – билмайман.



Хусусий уй ҳовлисида одамлар занжирда бир бургутни сақлашарди. Уни тутиб олишганди. Занжирбанд бургут! Одамлар бундан қандай ғурурланишларини кўз олдингизга келтира оласизми? Ота-онам қўшни уйда ижарада туришарди. Мен ҳар куни бургутни кўриш учун девор олдига келардим. Деворга қапишиб турсам-да, мен ҳатто йиғлай ҳам олмасдим – томоша мени карахт қилиб қўярди. Бургут ҳовлида юрарди. Бир жойда тўхтаб ҳам қоларди. Учиш учун чопиб ҳам кўрарди. Тумшуғи билан занжирни узишга тушарди. Тамоман ҳолсизлангандан кейин қотиб қоларди.

Кўзлар ... улар қонга тўлган эди. Уларда шунчалик қудрат кучли эди-ки ... Нафрат. Ва фахр! Бир ойга яқин бургут шу одамлар ҳовлисида яшади. Бошида у ҳеч нарса емасди. Кейинчалик у хом гўштни чўқий ва сув ича бошлади. Уч ҳафталардан кейин учишга ҳаракатни ҳам бас қилди. Фақат ўтирарди. Одамларни ўзига яқинлаштирмасди, яқинлашганга ташланарди.

- Таслим бўлди! – деб мақтанди қўшнимиз. – Иштаҳаси очилиб кетди. Содиқ қўриқловчи бўлади. Буни сизларга мен айтаяпман!

Қўшни аёлнинг бақирганини биз эрта тонгда эшитдик. Девор оша қарадик. Занжирда бургутнинг оёғининг пасти турарди, холос. Кучли зарба билан оёғини узиб ташлаб, бургут учиб кетибди.

ИНСОН ҚУЛЛИККА УЗОҚ ВАҚТ ЧИДАШИ МУМКИН. ЭРКИНЛИК УЧУН КАМДАН-КАМ ХАЛҚ, УКРАИНА КАБИ, ЖОНИНИ АЯМАЙДИ. СИР НИМАДА? ШУНДА-КИ, ХАЛҚНИНГ КАТТА ҚИСМИ БУРГУТГА АЙЛАНГАНДАГИНА ЭРКИНЛИККА ТЎЙИШ МУМКИН!

Бургут менинг буюк Ўқитувчим бўлди.

Ольга Беляевская
Толиб Ёқубов таржимаси

Admin
Admin

Number of posts : 1158
Join date : 04/02/2010

Foydalanuvchi profili http://stopdictatorkarimov.com

Yuqoriga Go down

Avvalgi mavzu Keyingi mavzu Yuqoriga


 
Permissions in this forum:
Bu forumdagi mavzularga javob bera olmaysiz