Форум_Ўзбекистон

КЎНГИЛ ҲАЛОВАТИ ва МУХОЛИФАТ нима дегани ҳақида

Avvalgi mavzu Keyingi mavzu Go down

КЎНГИЛ ҲАЛОВАТИ ва МУХОЛИФАТ нима дегани ҳақида

Post by Admin on Sun Feb 17, 2013 6:18 am

КЎНГИЛ ҲАЛОВАТИ
Бу дунёда инсон учун энг мўҳим нарсалардан бири бу КЎНГИЛ ҲАЛОВАТИ экан.  
Мен бу нарсанинг нақадар мўҳимлиги ва асл мазмунига илгари кўп ҳам эътибор қилмаган эдим.
Аммо йиллар ўтган сари у худди саҳарда кўтарилаётган тонгги қуёш нурларидек борган сари ўткирроқ ва ёрўғроқ бўлиб бораверди.
Ниҳоят мен бу нарсани тўлиқ тушуниб етгач уни бошқалар билан баҳам кўришга жазм қилдим.
Чунки бу нарса ҳақида уйлаш ва унинг моҳиятига эътибор бериш тўғрисида ҳамманинг ҳам бош қотириб ўтиришга ё ҳуши бўлмайди, ё вақти етмайди.

Аммо бу нарсанинг нақадар мўҳимлигини тушуниб етгач ҳар бир инсон унга ҳар куни эътибор беришга мажбур бўлади.
У гуёки тоза ҳаводек инсонга ҳар куни керак бўлган зарур нарса экан.
Кўнгил ҳаловатини топа олмаган ёки уни йўқотиб қўйган одам бу ғала-ғовур, турли-туман, каттаю-кичик фожеаларга бой бўлган бу дунёда ўз калавасини йўқотиб қўйган одамдек(гуёки компасини йўқотиб қўйган сайёҳдек) гангиб қолади.

Бир оддий мисол келтираман.
Фасебоокда менга айрим менга нотаниш одамлар дўстлик таклиф қилишади(барчага шунақа таклифлар бўлгани каби).
Мен ҳамма таклифларга ҳам бирданига розилик беравермайман. Аввал у одам ким эканлигини уни саҳифасидан қараб кўраман. Кейин хулоса қиламан.

     Шу кунларда ёши элликни қоралаган бир ўқимишли, фикрли инсон менга шундай дўстликни таклиф қилди. У одамни саҳифасини очиб қарасам, у Ислом Каримовга ҳамду санолар айтган одам экан.

Шунда мени унинг соддалиги ёки атайлабдан давлат бошлиғига қилаётган тилёғмалиги ва лаганбардорлиги эмас балки унинг йўқотган кўнгил ҳаловати ўйга солди.
Мен бу инсонга чин дилдан ачиндим.
Ахир бир олий маълумотли одам ёши элликдан ўтиб ҳам оқу қорани ажрата олмаган бўлса бу фожеа эмасми?

       Афсуски у ёлғиз эмас, у каби олий маълумотли, Ўзбекистонда кўпчиликнинг ҳурматини қозонган, элу юртга таниш бўлган минглаб инсонлар бор.
Уларнинг бир ўхшаш томонлари шундаки, улар ҳақиқатан ҳам ўзлари айтаётган ва ёзаётган сўзларига ўзлари ҳам ишонишади ва бошқаларни ҳам ана ўша гапларга ишонтиришга астойдил уринишади. Мен ҳозир ёшлари элликдан ошиб қолган ва шу ёшгача асл ҳақиқатни, оқдан қорани ажрата олмаганлар тўғрисида сўз юритмоқчиман.

Улар жуда сўзамол, гапга чечан одамлар, кўпчилиги журналист, бошқалари Олий Мажлис депутати, бирлари вазир, бошқалари давлатнинг олий идораларида баланд мартабаларда ўтирган одамлардир.

Мен ана шу одамларнинг зеҳниятларини Ўзбекистон демократик мухолифати вакиллари ва инсон ҳуқуқлари курашчиларининг Ислом Каримов режими йўл қўйган минглаб рад этиб бўлмас жиноятларига қаратиш орқали фош қилмоқчи эмасман. Чунки уларнинг кўпчилигини зеҳниятида ҳали ҳанўз  “мухолифат” деган сўз “душман” деган сўз билан баб-баравар деган тушунча бор.

Уларга “мухолифат вакили” деган сўзнинг асл маъноси бу “ўзгача фикрловчи, сизнинг фикрингизга мухолиф, яъни қарама қарши фикрловчи одам” дегани, оилангизда сиз хотинингизга, хотинингиз сизга, сиз отангизга ёки отангиз сизга, болалар эса бир бирларига ва ота оналарига, қадрдон қўшнилар ҳам гоҳида бир бирларига мухолиф, яьни ЎЗГАЧА ФИКРДА бўлишлари мумкин.

Бу дунёда ҳамма вақт ҳамманинг фикри ҳамиша бир хил бўлиши умуман мумкин эмас. Инсонларнинг ҳамиша бир бирларини фикрларига юз фоиз қўшилишларини ҳам асло иложи йўқ. Турфа фикрлар бор жойдагина сўҳбатда жон бор, ҳаёт бор, ҳаётда эса мазмун бор. Токи фикрларнинг турли туманлиги бор экан Ривожланиш ва Тараққиёт бор.
Олимларнинг "Бирор нарса, бирор одам ёки бирор воқеа ҳақида бир хил фикр бор жойда дегравация, яъни қотиб қолиш ва шу сабабдан бузилиш жараёни бошланади” деган гапларини тушунтириш учун махсус бир сўҳбатлар ташкиллаштириш керак қачондир, қаердадир....

Шу сабаблар туфайли мен ана ўша одамларга Ўзбекистон демократик мухолифатининг тажрибали бир вакили сифатида эмас, балки оддий бир инсон сифатида бир гап айтмоқчиман:
Мен аниқ биламанки, сизларнинг кўпчилигингизни кўнгилларингиз тоза, зеҳниятларингиз ўткир.
Шу учун бир дақиқа бўлсада бир оддий ҳақиқатга диққат билан разм солинг. Ундан кейин дўппини ерга қўйиб ўзингиз холисанилло бир хулоса қилинг.

Ўзбекнинг оддий бир аёли бўлмиш Маҳбуба Зокирова 30 миллионли халқнинг бир вакили, 4 боланинг онаси. Бу соддадил аёл оддий ҳақиқатни айтгани учун Ислом Каримов бошлиқ Ҳокимиятнинг кескин таъқиб ва тайзиқларига дучор бўлди. Ниҳоят, ҳеч бир айби бўлмасада, қамоққа олиниши хавфи сабабли ватанни минглаб мухолифат вакиллари, журналистлар, оддий мусулмонлар каби тарк этишга мажбур бўлди.
Маҳбубахон аччиқ ҳақиқатни Ўзбекистон Олий Судида, у ерда ўтирган казо казолар рўпарасида, Ўзбекистон телевидениеси камераларига қарата шундай сўзларни ирод этди: “ўзбек аскарлари Андижонда ўзбек аёлларини, болаларни ва қарияларни аямай отди. Улар ҳатто немис фашистлари ҳам  қилмаган даҳшатни қилди, улар ўзларининг ўзбек онахонларини, ўзбек гўдакларини қақшатқич ўз ёмғирига дучор қилди”.

Бу қатағонни Андижон аэропортида ўтириб шахсан Ислом Каримов бошқариб турган эди.
[Бу ҳақда минглаб мақолалар ёзилган, улардан бири мана бу ерда:“Маҳбуба Зокирова 2005 йилнинг кузида Ўзбекистон Олий Судида бўлган маҳкамада Андижон воқеалари бўйича гувоҳлик берган икки юзга яқин гувоҳлар орасида "Бобур майдонига йиғилган оломонни ҳукумат аскарлари отди", деб кўрсатма берган ягона гувоҳ бўлди.” Аччиқ ҳақиқат  ].

     Энди сиз, бу гапларни, бу аччиқ ҳақиқатларни ўқиб, уларнинг нақадар тўғри эканлигини англаб ва тушуниб туриб ҳам уларни инкор эта оласизми?

Агар сиз бундай ачччиқ ҳақиқатларни инкор эта олсангиз демак сиз ҳали ҳанўз оқу қорани ажрата олмай, аросатда қолган одамсиз.

Шу сабабдан сизда кўнгил ҳаловати йўқ. Чунки бу бечора кўнгил ёлғонни ҳазм эта олмайди ва сиз уни ёлғонни ҳазм қилишга мажбур қилиб фақат ўз жонингизга жабр қиласиз холос. Чунки ҳазм қилиб бўлмайдиган ёлғонларга тўлдирилган кўнгилда ҳаловат бўлмайди. Ҳаловатини йўқотган одам эса у ким бўлишидан қатьий назар – президентми, кўча супурувчими, вазирми ёки оддий ҳайдовчими - бу дунёдаги энг бахтсиз одамдир.

Ҳазратқул Худойберди
2013 йил 17-феврал

Admin
Admin

Number of posts : 1237
Join date : 04/02/2010

Foydalanuvchi profili http://stopdictatorkarimov.com

Yuqoriga Go down

Avvalgi mavzu Keyingi mavzu Yuqoriga


 
Permissions in this forum:
Bu forumdagi mavzularga javob bera olmaysiz