Форум_Ўзбекистон


Join the forum, it's quick and easy

Форум_Ўзбекистон
Форум_Ўзбекистон
Would you like to react to this message? Create an account in a few clicks or log in to continue.

Ўзбекистон ҳокимиятини алмаштириш имкониятлари ҳақида

Go down

Ўзбекистон ҳокимиятини алмаштириш имкониятлари ҳақида Empty Ўзбекистон ҳокимиятини алмаштириш имкониятлари ҳақида

Post by Admin Fri Jul 06, 2012 8:18 am

Ўзбекистон ҳокимиятини алмаштириш имкониятлари ҳақида

Бугун кўпчилик ўзбекистонликлар мамлакатда сиёсий ва ижтимоий ўзгаришлар бўлишига кўз тикиб ётишибди. Ватан ичкарисидаги ва ташқарисидаги барча инсонларнинг орзу умидлари ягона: Тезроқ Ислом Каримов ҳокимияти кетсаю, уларнинг ўрнига фаросатли, ўқимишли, маданиятли, халқ ғамини ўйлайдиган инсонлар келсалар.

Аммо бу ҳокимиятни кетишини ўзи бўлмайди. Уни кеткизиш керак. Кетишга мажбур қилиш керак. Бугун ҳокимиятнинг ёғли ва баланд мартабаларида маҳкам ўрнашиб олган мингдан ошиқ вазирлар, давлат қўмиталарининг раислари, танланган сенаторлар, ҳокимлар ва генераллар ўз мансабларини осонликча топшириб истеъфога чиқмайдилар. Улар худди Каримов каби ўз мансаблари учун курашадилар. Каримов эса ўлгунича президентлик лавозимидан кетмайди. Бу аниқ бўлган нарса.

Ҳар сафаргидек у бу сафар ҳам муддати тугаганда яна бир янги ҳийла найранг ўйлаб топади. Аниқроғи, у учун бу ҳийлани уйлаб топишади. Чунки уни ўз тахтида ўтириши унинг ўзидан ҳам кўпроқ унинг атрофидаги бояги айтилган минглаб корчалонларга керак. Улар «Энг аввало Юрт Отаси Каримовни, ундан кейин эса давлат манфаатларини ҳимоя қилиш» учун уларни ҳокимиятдан кеткирмоқчи бўлган ҳар қандай кучларга қарши Армия, Миллий Хавфсизлик Хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Президент Гвардияси каби барча кучларини ташлашади.

Хўш, бундай кучларга қарши халқ бирор нарса қила олиши мумкинми?
Мутлақо мумкин! Фақат бир мўҳим шарт бажарилсагина бундай ишни амалга ошириш мумкин. У мўҳим иш шундан иборатки, мамлакат ичкарисида ва ташқарисида бўлган барча ташкилотлар ва фаол инсонларни бу ишга жалб қилиш керак.
Якка якка ҳолда на Бирлик, на Бирдамлик, на Ўзбекистон халқ ҳаракати(ЎХҲ), на бошқа бирор эски ёки янги ташкилот бундай улкан ва оғир ишни уддалай олади.

Бугун кўпчиликни қулоғига лапша илмоқчи бўлаётган ЎХҲ вакиллари қоғозда бор аммо амалда йўқ 7..8 ташкилот номидан сўйлаб, ҳокимиятни эгаллашга тайёрланмоқдалар(бу гапларга ишонмасангиз сиз улардан бир сўраб кўрингчи: «Таянч»,»Нажот», Ўзб.Дем.Форуми, Мустақил ёшлар, Мустақил шахслар номидан Қурултойга келган вакиллар нечта одамнинг ваколатини олиб келишган экан?).
Аммо улар билмайдики, Ўзбекистон ҳокимиятини эгаллаш учун энг аввало мавжуд ҳокимиятни ё ағдариш ёки уларни ёппасига истеъфога кетишларига эришиш керак.

Ўз ўзидан маълумки бундай иш юқорида айтилганидек, на ЎХҲнинг, на Бирликнинг, на бошқа якка ҳолдаги ташкилотнинг қўлидан келмайди.

Ўйлайманки кўпчилик ечимни қанақалигини шу гапни ўзидан сезиб турибди. «Якка якка ҳолда иложи бўлмаса жамоат жам бўлиб ағдарайлик бу жонга тегиб кетган порахўрлар ва зўравонлар ҳокимиятини!» деган фикр кўпчиликдан хаёлидан ўтган бўлса ажаб эмас.
Гап шу ерга келганда кўпчиликниинг ҳафсаласи пир бўлади - ўзлари ўйлаган тўғри аммо амалга ошириш қийин бўлган фикрдан.

Худди ана шу масала, яъни бирлашган ҳолда курашни кучайтириш масаласига кимлар қарши туриши мумкин?
Агар сиз ана шу саволга жавобни изласангиз қизиқ бир янгиликни кашф этасиз: Тарихий вазият бирлашган ҳолда зулм ва порахўрликка томоғигача ботган ҳокимиятга қарши курашишни талаб қилиб турганда бундай бирлашишни иложи йўқ дейдиганлар ўзлари сезмаган ҳолда ўзларининг асл башараларини ва асл ниятлари халқни аҳволини яхшилаш эмас балки якка ҳолда ҳокимиятни эгаллаш эканликлари маълум бўлади.

Бу масала устида бошимизни қотириб ўтирмайликда унинг ўрнига фойдали нарса ҳақида, яъни ана шу чигал масаланинг ечими ҳақида сал ўйлаб кўрайлик.
«Наҳотки бу масалани ечими бор?» деб ҳайрон бўлганларга мени жавобим шундай:Ҳа, бу чигал масаланинг ҳам ечими бор.

Энди бу ечимни диққат билан ўрганиб чиқинг. Кейин уни ўрганиб чиқишни ўз ташкилотларингиздаги барча аъзолар, фаоллар ва раҳбарларга таклиф қилинг. Бу фикрга қўшилмаганларнинг нияти нима эканлигини эса биласиз, бу ҳақда юқорида айтиб ўтилди.

Хўш, бу қанақа ечим экан?
Энг аввало Ўзбекистон фуқароларининг турли туман соҳаларда тузилган турли туман ташкилотларининг вакиллари ҳамда сиёсат ва жамият масалалари билан кўп йиллардан бери жиддий шуғулланиб келаётган фаол фуқаролар «Ўзбекистонда янги ислоҳотлар учун Бирлашган Коалиция»ни тузишлари лозим бўлади.

Бу Коалиция йиғилишига Бирлик, Бирдамлик, ЎХҲ, Озод деҳқонлар, Правозащитный Альянс, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти, Эзгулик, Ўтюраклар, «Андижон Адолат» ташкилоти, Ўзбекистон демократик конгресси ва бошқа барча мавжуд расмий ва норасмий жамоат ташкилотлари ўз вакилларини юборадилар. Бу Коалицияга вакил қилиб А.Пўлатов, Б.Чориев, М.Солиҳ, М.Тожибоева ва бошқа раҳбарлар эмас балки барча ташкилотларнинг фаоллари ичидан дипломатик музокаралар олиб бора оладиган, фикрли ва мулоҳазали бир одам юборилиши керак бўлади.

Бундай инсонларнинг вакиллиги Коалициянинг тузилиши ва самарали ишлашига кафиллик бера олади холос.
Ўзбекистонда янги Ҳокимият тузилса у ерда президент бўлишни орзу қилиб юрган Пўлатов, Солиҳ ва бошқалар бир нарса устида диққат билан фикр юритиб кўришлари керак: Сизларнинг Ўзбекистон Президентлигига интилишларингиз соғлом бир фикр, эзгу бир ниятларингиздир. Аммо бу ниятларингизга эришишдан олдин мавжуд ҳокимиятни кетишга мажбур қилиш керак. Якка ҳолда уни ўзимиз, ўз ташкилотимиз кучи билан кеткиза оламиз деб ўзингизни ҳам, бошқаларни ҳам алдаманг. Бу ишни уддалай олганингизда сиз уни аллақачон қилган бўлар эдингиз. Аччиқ бўлса ҳам ҳақиқатни тан олинг ва бу Бирлашган Коалиция Кучларини тузишда фаол қатнашинг.

Коалиция кучлари бирлашган ҳолда энг аввало биринчи улкан масалани ечишлари керак: Буюк бир бирлашган куч бўлиб Ўзбекистон Ҳокимияти олдига кескин талаблар қўя билиш керак. Ҳокимият бирлашган кучдан қўрқади. Коалиция сафлари кенгайган ва у тобора кучланган сари ҳокимиятни кучи заифлашаверади. Бу физикадаги туташ идишлардаги жараённи эслатади:Туташ идишлар ичидаги суюқлик қайси томонда қаршилик кам бўлса ўша томонга қараб оқаверади.

Демак Коалиция кучларининг стратегик мақсади мавжуд ҳокимиятни кетказишдир. Бу масала ҳал бўлгач Коалиция олдида 3 муаммо кўндаланг бўлади:

1. Каримов бошлиқ мавжуд Ҳокимият кетказилгач Ўтиш Даврида мамлакатни бошқаришни Вақтинчалик/Муваққат Ҳукуматга топшириш ва Муваққат Ҳукумат сафларига ўзларининг вакилларини киритиш масалаларида Келишув Шартномасини олдиндан тузиш;
2. Янги, халқ ваколатини оладиган ҳокимият(Қонун ишлаб чиқарувчи Парламент ва унинг ёрдамида Ижрочи ҳукумат) сайлаш ишларини биргалашиб режалаштириш;
3. Бўлажак Парламент ва Президент сайловлари ўтказишни биргалашиб тузиш.

Бу муаммолар ҳал этилгандан кейингина А.Пўлатов,Б.Чориев,М.Солиҳ, Абдулло Тожибой(якка ҳолда ўз номзодини қўйган фуаро) ва бошқалар Ўзбекистон Президентлиги учун сайловларда қатнашиб, қўлларидан келса фуқароларнинг 50,01% фоиз овозини олиб, ниятларига етсинлар.
Аммо ҳозир гап ана ўшангача қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида кетаяпти.
Мени бу фикрларимни истаган зукко ва фаросатли сиёсатчиларга кўрсатинг ва уларнинг баҳоларини эшитиб кўринг. Агар бундан ҳам зўрроқ таклифингиз бўлса, марҳамат айтинг, эшитайлик.

Ҳазратқул Худойберди
2012-07-06

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Ўзбекистон ҳокимиятини алмаштириш имкониятлари ҳақида Empty Мамлакат ва халқ тақдирини унинг фаол фуқаролари ҳал қиладилар

Post by Admin Sat Jul 21, 2012 6:50 am

Мамлакат ва халқ тақдирини унинг фаол фуқаролари ҳал қиладилар

Ўзбекистондаги мавжуд диктатура режимига қарши курашаётган ва бу курашни қўллаб қўвватлайдиган барча биродарларга мурожаат

Бундан бир ҳафта олдин мен Фасебокда сафдош биродарларга мурожаат қилиб қўйидаги сатрларни ёзган эдим:
Ўзбекистон Бирлик Халқ Ҳаракатининг собиқ фаоллари Ёдгор Обид, Шуҳрат Исматуллаев, Баҳром Ҳамроев, Алибой Йўляхшиев ва бошқа биродарлар! Бирлик Ҳаракати фаолларини ва унинг тарафдорларини бирин кетин тўплаб, уни қайта тиклашга нима дейсизлар? (Гап бу ерда фақат Ўзбекистон Бирлик Халқ Ҳаракати ҳақида кетаяпти, Бирлик партияси ҳақида эмас).

Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг 2нчи Қурултойидан кўпчилик кўрдики, бу ҳаракат яна бир кишининг, яъни М.Солиҳнинг ҳамтовоқлари Ҳаракатига айлантирилди. У ўзининг "Эрк" партиясида сафдошларининг фикрларига, танқидий фикрларга ва ёшларга йўл бермай келган тажрибасини ўтган 1 йилу 1 ой ичида янги ҳааракатга ҳам сингдиришга эришди. Буни оқибати нима билан тугашини тушунган одамлар билиб турибди, тушунмаганлар эса у илгари тузган "Миллий Нажот Қўмитаси", "13 Май Иттифоқи" қандай қумга сингиб кетганига эътибор беришса, М.Солиҳнинг бу янги ҳаракатини ҳам ўз амбициялари йўлида худди шундай йўқ бўлиб кетишига олиб боришини тушуниб қолишади.

Шу сабабдан у ҳаракатдан чиқаётганлар сафи кўпайиб бораётганлигини ва сиёсий курашни бошқача кўринишда давом эттиришни истаганлар Ўзбекистон Бирлик Халқ Ҳаракатини қайта тиклаш ва унинг атрофида жипслашиш ишларига қўшилишларини давр ва замон талаб қилмоқда.

Бирлик Халқ Ҳаракатини бошқариш ҳамиша демократик йўллар билан, уч раисдош раҳбарлигида олиб борилган. Сиёсий курашларнинг таажрибаси ва сиёсий ташкилотларни бошқаруви шуни кўрсатдики партия ёки ҳаракатларни бошқаруви бир кишига топширилмаслиги керак. Чунки унинг хатолари бутун ҳаракат ёки партияга қаттиқ зарба бериши. кейин эса бу диктатор раҳбарни алмаштириш ўта қийин масала бўлиши мумкинлигини кўрсатди.

Бугун мен аввал бошлаган гапимни давом эттириб шуларни айтмоқчиман: Ўзбекистон Бирлик Халқ Ҳаракати партияга айлантирилиши арафаларида ва ундан кейинги давр ичида мамлакатда оғир сиёсий инқироз юз берди ва бу инқироз ҳали ҳанўз давом этмоқда.

Сиёсий инқироз ҳеч қачон, ҳеч бир давлатда якка ўзи юрмайди. У ҳамиша ўзини ортидан бошқа инқирозларни ҳам худди ўзини болалари каби етаклаб юради. Охир оқибатда сиёсий инқирозни кучайтирадиган ва ниҳоят уни портлашга олиб келадиган омиллар айнан унинг болаларидир, яъни иқтисодий ва ижтимоий инқирозлардир. Агар эсингизда бўлса, Совет Иттифоқи дунёдаги икки буюк давлатнинг бири эди. Океаннинг у томонида АҚШ, океаннинг бу томонида СССР дунё тарозисининг икки палласидек, уни тебратиб турар эдилар.

Бу икки буюк давлат доимо бир бирларига қарши кескин рақобатда эдилар. Вақт ўтиши билан икки гигант ўртасидаги яккама якка кураш оғирлашгани сабабли уларнинг иккаласи ҳам ўзларининг кураш сафларига бошқаларни торта бошладилар. АҚШ ўз атрофига Ғарб дунёсидаги барча очиқ жамият қоидаларига асосланган давлатларни бирлаштирди.
СССР эса ўзи Иккинчи жаҳон уруши даврида немис фашизмидан озод қилган давлатларни ва кейинроқ Африка ва Лотин Америкасида ёрдам бериб ўрнатган социалистик тузумларни бирлаштириб, улкан бир социалистик лагерни тузди. Ғарб дунёси тузган НАТО ҳарбий блокига қарши шарқда Варшава Шартномасига кирувчи ҳарбий блок тузилди.

Аммо вақт ўтиши билан марказлашган бошқарув ва марксистик ғояларга асосланган, ёпиқ жамият шаклида ривожланган СССРда ҳам, Варшава Шартномасига кирган давлатларда ҳам ва ниҳоят Африка ва Лотин Америкасидаги давлатларда ҳам иқтисодий ва ижтимоий инқирозлар кучая бошлади. Охир оқибатда бу икки инқироз уларни яратган оталари бўлмиш сиёсий инқирозни кучайиши ва ниҳоят портлашига олиб боришди.

Ғарб дунёсининг умуминсоний, демократик ғояларига таянган ва уларга эргашган давлатларда собиқ социалистик тузумлар бирин кетин ағдарилдилар ва уларнинг ўрнига халқ ҳокимияти ўрнатила бошланди(Шарқий Европа ва Болтиқ буйи давлатлари шулар жумласидандир).

Бу ўринда шуни таькидлаш лозимки, очиқ жамиятларнинг ҳам ўзига яраша қусурлари бор, демократик қадриятларга асосланган тузумларнинг айрим, ўта либерал эркинликлари, масалан, иқтисоддаги ва маънавият масалаларидаги кенг эркинликлар, уларнинг умуминсоний қадриятларга ҳамиша ҳам боғланмагани ва шу сабабли 2008 йилдан ҳозиргача кўплаб демократик давлатларда давом этаётган оғир иқтисодий инқирозлар айрим мисоллар холос.
Аммо эркин жамиятларнинг ёпиқ жамиятлардан жиддий бир фарқи шундаки улар ҳар қандай хато ва камчиликларни кўриш, уларни ошкор қилиш, уларни барча жамият вакиллари билан биргаликда тафтиш қилиш ва ниҳоят яна тўғри йўлларни топиб олиш имкониятлари бор.

Бундай имкониятлар ҳамиша ёпиқ бўлган социалистик жамиятларда бўлган эмас. Ана шу сабабли улар ўзларини ўзлари тафтиш ва ислоҳ қилиш имкониятига эга бўлмадилар ва охир оқибатда яксон бўлдилар. Бу оддий табиат қонунидир. Табиатда ҳамиша шундай: Кўкатлар, дарахтлар ўсиб улғаядилар, вақти келганда қурийдилар аммо қуриганда ҳам ўзларини янги ўсиб келадиган авлодга қурбон қилиб, уларга замин ва озўқа бўлиб хизмат қилишда давом этаверадилар. Уларни ўрнида ўсиб чиққан янги авлод ҳам айни йўлни тутади ва табиат ўзининг ана шундай айланма ва соғлом жараёни туфайли бир неча миллиардлаб йиллардан бери яшаб келмоқда ва яшайверади.
Аммо ўз ўзини тафтиш ва ислоҳ қила олмаган ҳар қандай оила, жамият, тузум ва давлат охир оқибатда йўқ бўлиб кетишга маҳкумдир.

Бугун ўз ўзини ислоҳ қилиш имкониятларидан маҳрум бўлгани учун йўқолиб кетган буюк социалистик лагердан фақат унинг айрим қолдиқлари қолдилар холос. Ана шулар жумласига Ўзбекистон ҳам киради.

Биз, Ўзбекистонда ҳам умуминсоний қадриятлар ва демократияга асосланган халқ ҳокимияти қуриш тарафдорлари, совет тузумидан халос бўлиш учун қаттиқ курашдик. Аммо Ўзбекистоннинг географик жойлашиши ва Москва томонидан тайинлаб кетилган собиқ совет тузуми амалдорларининг ҳокимият учун қаттиқ курашишлари оқибатида Ўзбекистондаги илк демократик ҳаракат бўлган Бирлик қаттиқ қаршиликка учради, жуда кўп талафотлар кўрди, унинг раҳбарларининг айримлари ўлдирилдилар, айримлари ўласи қилиб калтакландилар, юзлаб фаоллар қамоқларга солиндилар. Ортиқча талафотларга йўл қўймаслик учун Бирлик Халқ Ҳаракатининг ҳали қамоққа олинмаган раҳбарлари ва фаоллари бирин кетин мамлакатни тарк этишга мажбур бўлдилар.

Чэт элларда, турли туман мамлакатларда тарқоқ ҳолда яшаган фаолларнинг сиёсий курашларидан барака кўтарилиб, кураш борган сари самарасиз бўла бошлади. Бунга бир томондан фаолларнинг бир дастурхон атрофида тўпланишиб, курашнинг янги даврга мослаб олиб бориш масалаларини муҳокама қилиш имкониятлари йўқлиги сабаб бўлса, иккинчи томондан вақт ўтиши билан Қурултой чақиришлар ва унда раҳбарларни қайта сайлаш имкониятлари йўқлиги бўлди.

Эски раҳбарлар эса худди диктатура режими каби ўзларининг салоғи чиққан курсиларига маҳкам ёпишиб олдилар. Бири биридан узоқда, якка якка яшаган фаоллар бундай раҳбарларга қарши бирор нарса қила олмадилар.

Бу раҳбарларнинг айримлари бошқа кичик гуруҳлар билан турли туман бирлашмалар ва уюшмалар тузиб ўз партияларининг фаолиятини кучайтиришга турли усуллар билан қаттиқ уриниб келмоқдалар.
Аммо уларнинг ҳаракатлари зое кетмоқда. Хўш, бунга сабаб нима?
Бунга асосий сабаблар – барча эски мухолифат ташкилотларининг (Бирлик ва Эрк партиялари) янгиланишга ноқобиллиги ва янгиланиш, ислоҳотларга эски раҳбарларнинг қаттиқ қаршиликлари, янги тузилган ташкилотлар(Бирдамлик, Ўзбеклар Конгресси ва бошқалар)нинг эса кураш тажрибаси камлиги, кўпчилик эски раҳбарлар ва фаолларнинг янгича фикрлашга, ўз фаолиятларини Давр ва Замонга қараб ўзгартира олмаётганларидир.

Вужудга келган бундай вазиятдан норози кўпчилик фаолларнинг вазиятни ўнглаш ва курашни янада жадаллаштиришга қилган ҳаракатлари ҳозирча натижа бермаяпти. Нима учун?
Чунки кўпчилик фаоллар собиқ раислар атрофида тўпланишиб, «Кечувда отларни алмаштирмайдилар» (Пўлат Охун, Анвар Усманов ва бошқалар) деган алмисоқдан қолган ақидага амал қилмоқдалар. Сиз уларга «Ие, агар кечувдан ўтаётганда олдинда кетаётган йўлбошчи отларнинг бу оғир кечувга қудрати етмай, уларнинг оёқлари қалтираб тўхтаб қолишса нима қилиш керак? Ортда келаётган бошқалар ҳам йўлбошчини ортидан таққа тўхташи керакми? Ахир бу ҳолда дарёнинг шиддат билан оқаётган тўлқинлари нафақат ўша чарчаб қолган йўлбошчини от поти билан балки унинг ортидан келаётган бутун қўшинни ҳам суриб кетадику!» десангиз улар миқ этмайдилар. Чунки улар оғир вазиятларда ўткир фикрлаш ва тезкорлик билан бирор ечим топиш қобилиятидан маҳрум инсонлардир.

Юқоридагилардан келиб чиқиб мен нафақат собиқ бирликчи биродарларни балки мақсадлари Ўзбекистонда замонавий, демократик, фуқаровий давлат қурилиши бўлган, мухолифатнинг сафига кириб келган ва келаётган янги оқимлар ва уларнинг етакчилари ва барча фаолларини ҳам ҳамкорликда, Ўзбекистоннинг дастлабки ва кучли бўлган Бирлик Халқ Ҳаракати сафларида, ўз ташкилотларини тўлиқ сақлаб қолган ҳолда биргалашиб курашишга таклиф қиламан. Россияда тузилаётган янги партия(Абдужаббор Исмоилов гуруҳи вакиллари), Бирлик, Эрк, Озод деҳқонлар партиялари, Бирдамлик халқ ҳаракатидаги янгилик ва ўзгаришлар тарафдорлари бўлмиш барча фаоллар бу фикрлар устида уйлаб кўришлари ва бир қарорга келиб маслаҳатга қатнашишлари тадбири жоиздир.

Бугун дунёдаги ижтимоий-сиёсий вазиятлар кун сайин ўзгармоқда. Бундай шароитларда фақат ҳаракат қилганларгина ўзгараётган вазиятга қандайдир таъсир кўрсатиши, ўзгаришлар жараёнини халқ, мамлакат, замон талаблари ва эҳтиёжларига мос келадиган ўзанга солиб юборишга ҳисса қўшишлари мумкин. Акс ҳолда бу ишни бошқалар қилишга уринадилар.

Шу пайтгача мамлакат ичида олиб борилган ва борилаётган сиёсат ҳам, унга қарши олиб борилаётган кураш усуллари ҳам кескин ўзгартирилиши керак. Буни ҳамма кўриб ва тушуниб турибди.
Демак бизлар нималардир қилишимиз керак. Келинг, шу ишлар ҳақида биргалашиб фикрлашайлик, биргалашиб Ватан ва халқ манфаатлари йўлида мўҳим бўлган барча қарорларни қабул қилайлик.

Бу масалалар буйича фикрларингизни қуйидаги емайл адресга ёзинглар: saturnus04@yahoo.se ёки referi4321@gmail.com

Ҳазратқул Худойберди
2012-07-21

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Back to top

- Similar topics

 
Permissions in this forum:
You cannot reply to topics in this forum