Форум_Ўзбекистон


Join the forum, it's quick and easy

Форум_Ўзбекистон
Форум_Ўзбекистон
Would you like to react to this message? Create an account in a few clicks or log in to continue.

Ўзбекистон Миллий Хавф Хизматининг сирлари

Go down

Ўзбекистон Миллий Хавф Хизматининг сирлари Empty Ўзбекистон Миллий Хавф Хизматининг сирлари

Post by Admin Tue Jan 24, 2012 6:19 am

Ўзбекистон Миллий Хавф Хизматининг сирлари

АҚШдаги адолатсизлик ва бир содда ўзбекнинг диктаторга қарши курашиш нияти ҳақида


Озодликнинг хабарига қараганда АҚШда яшовчи Мухторов Жамшид Чикаго аэропортида Ўзб.Исломий Ҳаракатига(ЎИҲ) бориб қўшилиш учун йўлга чиққанида қамоқққа олинган ва унга 15 йиллик қамоқ ҳамда 250 000$ жарима солиниши мумкин (ozodlik.org/content/article/24460931.html?utm_source=twitterfeed&utm_medium=twitter ).

АҚШлик хунасаларнинг бир ўзбекистонликнинг бошқа давлатга бориб диктатор Каримовга қарши курашмоқчи бўлгани билан нима иши бор?


Гап шундаки, АҚШ ва Ўзб.давлати тепасида ўтирган иблисларнинг тили бир бўлгани учун ҳам Мухторовни ушлашган. Аслида диктатор Каримовга қарши курашишни ният қилган ҳар бир инсон ЎИҲдан кўра бошқа, замонавий кураш йўлларини танлашлари керак, агар улар ҳақиқатан ҳам диктатурага қарши курашаман десалар.

ЎИҲга қўшиламан деганларни АҚШ ва ЕИдаги диктаторнинг содиқ итвачча дўстлари тутиб олишаверади. Чунки ЎИҲ раҳбарлари аслида бир марта ҳам диктатор Каримовга қарши жиддий таҳдид қила олмаганлар аммо Толибон сафида туриб босқинчи АҚШга қарши курашадилар.

Аммо шунга қарамай кўплаб ўзбекистонликлар ЎИҲининг ахмоқона кураш услублари қурбони бўлдилар. Нима учун ахмоқона? Чунки ҳаракатнинг номини нотўғри қўйишган! Улар Афғонистон озодлиги учун курашар эканлар ўзларини "Толибоннинг ўзбеклар дивизияси" деб аташса ҳақиқатга яқинроқ бўлар эди. Улар афғонлар, Толибон аъзолари билан қуда-анда бўлиб кетишган, бир мақсад учун курашишади. Майли, курашаверишсин. Бу босқинчиларга қарши адолатли кураш! Аммо айни пайтда Афғонистонда феодал тузум ўрнатиш учун ҳам курашаётган Толибон ҳаракати сафларида туриб курашаётган ЎИҲининг Ўзбекистонга мисқолдек бўлсин аҳамияти йўқ. Буларни тушунмаган Мухторовга ўхшаганлар эса соддалик қилиб ўзларини бир эмас 2 душманни снайпер мўлжалига нишон қилишмоқда холос. Афсус.

Аммо АҚШдаги муттаҳам сиёсатчилар ўпкаларини босиб олиб Марказий Осиёдаги энг қонхўр диктаторга, дунёдаги 5 энг даҳшатли диктаторнинг биттасига малайлик қилишни бас қилишлари керак! АҚШнинг адолат суди эса, агар уларда ҳақиқатан адолат бўлса, бу йигитнинг дардини эшитиб, уни гапларига қулоқ солиб, кейин уни 15 йиллик қамоққа(!!!) эмас, 1 ойга жиддий терапевт сўҳбатига жўнатиши керак. Жаримаси эса умуман кулгили. Ундан кўра уруш жиноятчиси Ж.Бушни жазога торт ярамаслар!


Ҳазратқул Худойберди
2012.01.24

Мен ушбу мақолани интернетда чоп этишим билан икки мактуб олдим. Ҳар иккала мактубнинг муаллифлари мен содда бир ўзбек мусулмони деб ўйлаган одам аслида ундай эмаслигини, балки у Ўзб.МХХнинг ёлланган агенти эканлигини тасдиқловчи материалларни юборишган экан. Қуйида уларни сизларнинг эътиборингизга ҳавола этаман.

Бу воқеалардан хулоса қилиб шуни айтиш керакки, Ўзб.МХХизмати нафақат диний ва сиёсий мухолифат гуруҳлари ичига балки чет элларда яшаётган барча ўзбеклар диаспоралари ичига ҳам ўз одамларини киритиб уларнинг аҳволлари ҳақида маълумотлар тўплаш, айримларини ўзларига хизматга олиш ва шу тариқа Ислом Каримов ҳукуматини ҳам ҳимоя қилиш, ҳам уни халқаро дунёда ижобий мавқеда сақлаб туриш учун бор кучларини ишга солаётганлари аён бўлиб бормоқда.



Last edited by Admin on Fri Jan 27, 2012 3:43 am; edited 3 times in total

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Ўзбекистон Миллий Хавф Хизматининг сирлари Empty Ёлғон уч кун ернинг тагида ётади/МХХ айғоқчилари ҳақида

Post by Admin Fri Jan 27, 2012 2:50 am

Толиб Ёқубов: “Ёлғон уч кун ернинг тагида ётади, ...”
(Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг айғоқчилари ҳақида)


Донолардан эшитганман: “Ёлғон уч кун ернинг тагида ётади, уч кундан кейин ер устига чиқади ва бориб-бориб ошкор бўлади”.

Нега шундай? Рост – бир вариантли, уни бир-бирига қарши, бир-бирига мос келмайдиган таърифи бўлмайди, яъни ҳақиқат – битта! Бирор факт ҳақида гапирсангиз-у, у рост бўлса, уни бошқача, яъни унга қарама-қарши тарзда гапира олмайсиз.

Ёлғон – кўпвариантли, яъни битта нарса (факт) ҳақида исталганча ёлғон гапириш мумкин – уларнинг ҳаммаси бир-бирига зид бўлади. Ёлғон гапирадиган одамлар айнан зиддиятда тутиладилар.

Инсоният тарихида “давлат” тушунчаси пайдо бўлибди-ки, унинг ёнида “махсус хизмат” (“хуфъя ташкилот”, “жосуслик хизмати” ва ҳ.) пайдо бўлган. Давлат сиёсати, унинг раҳбарлари ва уларнинг манфаатини қўриқлаш учун, албатта. Давлат ибтидоий, феодал, мустабид, демократик бўлиши мумкин, бироқ унинг махсус хизмати ҳаммавақт ёлғон гапирадиган органдир. Мутахассисларнинг гапига қараганда, бундай ташкилотга рост гапирадиган одамни хизматга олишмас экан.

Кўпчилик тушунадиган бу оддий ҳақиқат ҳақида мен нега ёзаётирман? Бир неча кун илгари ўзбекистонлик, яна-да аниқроқ айтилса – жиззахлик, Жамшид Мухторов ҳақида интернет сайтларда гап-сўз чиқиб қолди. Турли муносабатларни эшитдик. Жамшидни билганлар бор, билмаганлар бор. Билмаганлар орасидан дарров нотўғри, хато хулосага келганлар чиқди. Одамлар мавжуд бўлмаган “Гулсумой” масаласида Ўзбекистон давлатининг махсус хизмати (МХХ) ҳар нарсага тез ишониб кетадиган одамларнинг оғзига чўп ўлчаб кетганини тезгина унутдилар, шекилли.

Хўш, Жамшид Мухторов ким ўзи? Келинг, аввал мен сизларга ўзим билган айрим нарсаларни айтиб берай. Кейин умумий хулосани ўзларингиз чиқарганларинг маъқул.

Мен бу одамни жуда яхши танийман. У асли жиззахлик, бир пайтлар у "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилоят бўлимининг раиси ва МХХ томонидан ёлланган қип-қизил "шестёрка" одам бўлган. Унинг синглиси Жиззах туман жиноят ишлари бўйича судда котиба бўлиб ишлар эди. Кейин у 17 ёки 19 йилгами қамалиб кетди. Бу муҳим воқеа бўлгани учун унга қисқача тўхталаман.

2005 йили Жиззахда кетма-кет 5 одам ўлдириб кетилди. Ҳаммаси ўз машинасида киракашлик қиладиган одамлар бўлган. Биттаси бизнинг қишлоқдан, менинг катта поччамнинг акасининг ўғли Акмал эди.

Қотиллар ҳайдовчиларни ўлдириб, уларнинг боши, қўли ва оёқларини кесиб олиб, бу тана бўлакларини турли жойларга ташлаб кетар, машинасини эса олиб кетишар экан. Баъзи таналарнинг калласи топилмаган ҳам.

Бу ишни Жамшиднинг синглиси ва унинг юрадиган йигити бирга юриб амалга оширишар экан. Жамшиднинг синглиси 19-20 ёшлардаги чиройли қиз бўлган ва у таксига ўтириб (ҳалиги киракашларнинг машинасига) йўлда йигитини олиб, узоқ бир манзил (Самарқанд, Фориш ва ҳ.)га кетишар экан ва йўлда ҳайдовчини ўлдиришар экан.

Ана шу воқеалардан сўнг Жиззахда тўполон бўлиб кетди. Яқинлари ўлдирилган одамлар Жамшид, унинг оиласи, онаси яшайдиган уйигача бостириб бориб, урмоқчи бўлишган. Шундан кейин Жамшид Ўзбекистондан чиқиб кетди ва БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича Комиссариати (УВКБ)нинг ёрдами билан АҚШдан бошпана олди. Унга Васила Иноятова («Эзгулик»нинг раиси) ўз вақтида яхши характеристика ёзиб берган (УВКБ учун).

Жамшид Мухторов ҳуқуқбонлик ҳаракатига қандай қўшилган?

2001 йил ёзида Бахтиёр Ҳамраев менинг Тошкентдаги уйимга ёши 55-60 ларда бўлган бир қозоқ одамни олиб келди. У бизнинг ташкилотга аъзо бўлиш истагини билдирибди. Қабул қилдик. Исм-фамилияси Абай Байбулатов экан. Ўша йили у ЎИҲЖнинг 3-Қурултойида Жиззах вилоятидан делегат бўлиб ҳам қатнашди.

Кейинчалик (2003 йилда) бу одамнинг Жиззах вилоят Миллий Хавфсизлик Хизматининг агенти эканлиги маълум бўлди ва биз уни ташкилотдан чиқариб юбордик.
Тез орада Абай Байбўлатов "Эзгулик"нинг вилоят бўлимига раис бўлди. Бир куни "Озод деҳқонлар" партиясининг офисида "Давра кенгаши"нинг мажлиси бўлди. Мени таклиф қилишди, бордим.

Ўша ерда кўпчиликнинг ичида мен Василага: "Биз ҳайдаб юборган снбэшникни ташкилотингизга вилоят раҳбари қилибсиз-да" - дедим. Васила бир оғиз ҳам жавоб қилмади, лекин бирдан стол устига бошини эгиб бир нуқтага қараб қолди ва йиғилиш тугагунча шу ўтиришда ўтирди: на гапирди, на бошини кўтарди. Йиғилиш тугаганда ҳеч ким билан хайрлашмай чиқиб кетди. Бунга анча одамлар гувоҳ бўлди. Гувоҳлардан Искандар Худойберганов ва Исмоил Дадажонов эсимда қолган.

Менинг гапимдан сўнг ҳам Васила Абай Байбўлатовни ишдан бўшатгани йўқ, бироқ сал кейинроқ улар пул масаласида қаттиқ уришиб қолишганини эшитдик. Шундан кейин Васила Жиззахга бориб, мажлис ўтказиб Абайни ишдан бўшатди. Ўрнига Жамшид Мухторовни раис этиб қўйиб кетди. Ҳозиргача Абай Байбулатов МХХнинг интернет-сайти www.uz-press.info да мен, Бахтиёр Ҳамраев ва бошқа ҳуқуқбонлар ҳақида тўҳмат ва иғвога тўла мақолаларини тез-тез чоп этиб туради.

Ундан олдин мен Жамшидни танимас эдим. Раис бўлгандан кейин мен Жиззахга борсам у дарров уйимга кириб келадиган бўлди. 2004 йил 15 октябрь куни ҳамда 29 ноябрь-15 декабрь кунлари (шанба ва якшанба кунларидан ташқари ҳамма кунлар) ташкилотимиз вилоят ҳокимияти олдида пикет қилди. Жамшиднинг башараси ўша кунлари яққол билинди. Пикетдан бир кун олдин у уйимга келиб: "Эзгулик" тайёр, эртага ҳаммамиз пикетга қўшиламиз" деб кетди.

Пикет куни бир ўзи келди ва: "Васила опа телефон қилиб пикетда қатнашишимизни таъқиқлади" – деди, ўзи ҳам сафга турмади ва анча нарида кузатиб юрди. Бир пикетимиз куни олдимизга вилоят прокурори Равшан Муҳитдинов чиқди ва менинг олдимда тўхтади. Мен унинг олдига талабларимиз бўйича 3-4 та саволлар қўйдим. Уларнинг бирортасига прокурор жавоб бера олмади. Жавоб бермади эмас, жавоб бера олмади. У бизни ҳокимият биносига кириб гаплашишга ундади, биз рад этдик. Шунда у нарироқда бизни кузатиб юрган Жамшид Мухторов билан ҳокимият биносига кириб кетди. Улар нима ҳақида гаплашгани бизга қоронғулигича қолди.

Мен Жамшид Мухторовни кўп кузатганман, гапларига эътибор берганман, анализ қилганман. Агар бирор синчков одам у билан бир марта гаплашса дарров ундан шўбҳалана бошлаши аниқ. Умуман, "Эзгулик"нинг вилоят ва туман бўлимлари раҳбарларининг аксарияти ё милициядан ёки МХХдан чиққан одамлар эканлиги ажабланарли. Ангренлик Абдурасул Худойназаров ҳам илгари милицияда ишлаган (бир неча йилдан бери қамоқда).

2004 йил августда мен ташкилотимизнинг Қашқадарё ва Бухоро вилоят бўлимлари фаолияти билан танишиш учун Қарши ва Бухорога бордим. Бухоро бўлимимиз раиси Бобомурод Раззоқов мендан; «Толиб ака, «Эзгулик» қандай ташкилот» деб сўраб қолди. Мен ҳайрон бўлиб: «Бизнинг ташкилот сингари ҳуқуқбонлик ташкилоти. Нега сўраяпсиз?» - дедим. «Яқинда Васила келиб 2-3 та одамга «Эзгулик»нинг гувоҳномасини бериб кетди. Улар МХХнинг одамлари эканини биз аниқ биламиз» - деди жавобан Бобомурод.

АҚШда Жамшид Мухторов диндор бўлиб кетди деб эшитдик: узун соқол қўйвориб, диндорларча кийиниб юрадиган бўлди, қандайдир бир диний оқим ғояларини жиддий тарғибот қиладиган бўлди, дейишди. Буни менга АҚШда яшайдиган танишларим айтишди. Бир куни у скайп орқали менга чат(интернет орқали сўҳбат) ташлаб: "Демократия куфр, мана бу йўл тўғри" деган нарсаларни ёза бошлади. Бошида 1-2 та чатига жавоб бердим. Кейин менга чат ёзмаслигини кескин айтдим - алоқамиз узилди.

«Таянч» ташкилоти тузилаётганда унинг баъзи ҳужжатларини тахрир қилиб беришни мендан илтимос цилишди. Бир ҳужжатга қарасам, ташкилот раҳбариятига Жамшид Мухторов ҳам сайланибди. Мен унинг кимлигини ташкилот раҳбарларига тушунтирдим. Билишимча уни ташкилотдан ўша вақтда чиқаришган.

Барча соқол қўйган ва диндорларга ўхшаб кийинган одам ҳақиқий мусулмон бўлавермайди. У МХХнинг одами ҳам бўлиши мумкин!

Менинг ўғлим Жиззахда эканлигида "Дамас" машинасини ремонт қилдиргани Ориф исмли бир одам келар экан. Бизнинг машинамиз йўқ бўлгани учун мен бирор узоқроқ жойга бормоқчи бўлсам, Олим ўша одамга телефон қилса дарров етиб келар эди. Кейинчалик маълум бўлишича унинг Али Норматов деган ўғли президент хавфсизлиги хизматининг капитани экан (Служба безопасности президента, бу - СНБнинг элитний қисми ҳисобланади). Бу Службанинг барча аскарлари ва офицерлари (шу жумладан Али ҳам) АҚШда тайёргарликдан ўтказилган экан.

Бир кун Жиззахга келсам, ўғлим гапириб қолди: «Яқинда Али Жиззахга келди, таниб бўлмайди, узун соқол қўйган, диндорларча кийинган экан. Дадаси билан юрганда кўчада кўришдик. Ҳайрон бўлиб сўрасам: "Яқинда Покистондан келдим" деб айтди менга»

Покистонда ўзбеклар кўп, улар орасида кайфият қандайлиги МХХни жуда қизиқтирадиган йўналишлардан бири (бошқа мамлакатларда яшайдиган ўзбеклар орасидаги кайфият ҳам МХХ учун мўҳим). Бу амалиёт МХХга Совет КГБси (Давлат хавфсизлиги комитети)дан мерос қолган. 1917 йил большевиклар (коммунистлар) ҳокимиятни қуролли давлат тўнтариши уюштириб ҳокимиятга келгач Россия ва Украинадан миллионлаб одамлар чет элларга чиқиб кета бошлаган ва улар ўзга юртларда диаспоралар ташкил эта бошлаганлар. Диаспоралар кайфиятини ўрганиш учун КГБ минглаб «қочоқ»лар ташкил қилишган. Бу «қочоқ»лар тўпланган маълумотларни «Центр»га етказиб туришган.

Ҳокимиятга келган ҳар қандай авторитар раҳбар ва унинг ҳамтовоқлари биринчи навбатда ички ва ташқи душманни излашади, агар у бўлмаса, уни ўйлаб топишади ва ташкил қилишади. Бу азалдан бўлиб келган амалиёт ва бу йўналишда махсус хизматлар энг қабиҳ йўл ва усуллардан қайтмайдилар.

Ҳокимият тепасига келгач И.Каримов ички ва ташқи душман сифатида мусулмон диндорларни танлади. Ўзбекистон Исломий Ҳаракати (ЎИҲ) ва интернетда бор-у ўзи кўринмайдиган «Исломий жиҳод иттифоқи» (ИЖИ) ташқи душман ролини қойилмақом қилиб ўйнаб келаяпдилар. Уларнинг касофатига ички душман сифатида қаралаётган ўн минглаб оддий намозхон йигитлар қамоқхоналарда азоб чекмоқдалар ва ўлдирилмоқдалар.

Шуни ҳам қайд этиш керак-ки, бундай ҳаракатлар ичида қалбида ҳақиқатан ҳам ватандаги мустабид тузумга қарши курашиш нияти бўлган инсонлар ҳам бўлиши мумкин. Шундайларни аниқлаш ва йўқ қилиш МХХнинг асосий вазифаларидан бири бўлиши табиийдир.

19-20 йил олдин ташкил қилинган ЎИҲ билан ҳозирги кундаги ЎИҲ орасида катта фарқ бор. ЎИҲ ичидаги кайфият қайси томонга ўзгараётгани ҳақида МХХга янги маълумотлар керак. Шунинг учун МХХ унга ўзи тайёрлаган янги одамларини сингдириб туриши керак.

Жамшид Мухторов «қочоқ» сифатида Қирғизистондалигида бир қатор ўзбекистонлик қочоқларни МХХ вакилларига тутиб бергани ҳақида маълумотлар бор. Бу ҳақида ўша пайтларда ўша ерда бўлган одамлар ёзиб қолишлари ҳам мумкин.

Жамшид Мухторов АҚШдаги демократик тартибдан фойдаланиб АҚШда бекорга баҳайбат соқол қўйворган эмас. Бу кўриниш унга ва МХХга Али Норматов каби Покистонда бемалол юриш учун зарур бўлган, холос.

Шунинг учун Жамшид Покистонга И.Каримов режимига қарши курашиш учун кетаётганига мен заррача ҳам ишонмайман. Аксинча, у Покистонга Каримов режимининг махсус топшириғи билан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сафларига кириш ва махсус вазифани бажаришда айғоқчилик вазифасини бажариш учун бормоқчи бўлган деган фикрдаман.

Ўзбек мухолифати ва хориждаги кўпчилик ўзбекларнинг хатоси

Юқорида ёзганимдай, давлат идоралари ва уларда ишлайдиган раҳбар ва ходимларни КГБ 100% назорат қилгани ҳаммага маълум. И.Каримов совет идораларида кўп йиллар ишлаган, унда коммунистик бошқарув ва КГБча назорат менталитет даражасида шаклланган. У давлат бошига келганда мухолифат деб аталувчи кучларга қарши шафқатсиз уруш очмаганда, уни ҳозир ҳеч ким “диктатор” деб атамаган бўларди. У ўзининг биринчи қадамлари сифатида куч салоҳиятига эга бўлган органларни, уларнинг ичида эса МХХни кучайтиришга асосий эътиборни қаратди.

МХХ, прокуратура, милиция, суд, армиядан ташқари Ўзбекистонда ҳеч қандай номга эга бўлмаган, бироқ сон жиҳатдан уларнинг барчасидан катта бўлган яна битта “ташкилот” шакллантирилди. Бу – бир қисми МХХга, бир қисми милицияга, бир қисми прокуратурага хизмат қиладиган айғоқчилар (жосуслар, хуфъялар, агентлар) ташкилотидир. Мен шундай бир фактга дуч келганман.

Вилоятлардаги ҳуқуқбонларимиз менга суд ҳукмларини юборар эдилар. Кўпчилиги бўйича биз билдиришномалар, шикоятлар ва бошқа турдаги ҳужжатлар тайёрлар эдик. Жиззах вилоятидан келган суд ҳукмлари билан ишлаш чоғида мен бир фактга эътибор қилдим: вилоятнинг турли регионларида бўлиб ўтган бир неча судларда икки одам гувоҳ бўлиб қатнашаверган. Уларнинг исми-фамилиялари, туғилган йиллари, яшаш адреслари бир хил эди.

Айғоқчилар биринчи марта Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракатига, сўнг “Эрк” демократик партиясига тиқиб ташланди. Очиқ кўриниб турган фактларга раҳбарлар эътибор қилишган эмас. Мас., ички ишлар вазирлигида ишлаган ва ўзини “адолатсизлик билан ишдан ҳайдалган” деб таништирган бир майорни “Бирлик” ўз сафига олди. Фақат олди эмас, у ташкилотнинг Пишпек кўчасида жойлашган офисида кечаси қоровулчиликка қўйила бошлади. Топширилган вазифани бажариб бўлгач, у яна ИИВга қайтди.

Ўзбекистон Олий судининг собиқ раиси Содиқжон Йигиталиев “Эрк” партиясига кирди. Фақат кирди эмас, унинг асосий Котибларидан бирига айланди. Натижа эса маълум.

МХХ ўз айғоқчиларини Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятига киритишга ҳам муваффақ бўлган. Баъзиларини биз фош этишга эришганмиз. Михаил Ардзинов, Марат Зоҳидов ва Васила Иноятова турли пайт ва вазиятларда МХХнинг проекти эканлиги маълум бўлди. Булардан М.Зоҳидов ўзининг бу мақомини яширмаган. МХХ айғоқчилари журналистлар орасига, халқаро ташкилотлар ва радиоларга ҳам киритилганини кўпчилик билади.

Иккита мисол. “Сорос фонди”нинг Тошкентдаги офисида 50 га яқин ходим ишлар эди. Фақат уларнинг раҳбари (Франциялик Ален Делетроз) чет эллик эди, холос. “Шу ташкилотнинг шоферигача МХХ томонидан киритилган” деганини мен ишончли манбъадан эшитганман.

Бир пайтга келиб Ўзбекистон ҳукуматига халқаро ташкилотларнинг чет эллик раҳбарлари ҳам ортиқчалик қила бошлади ва ҳукумат халқаро ташкилотларга бу лавозимларда фақат ўзбекистонлик (аниқроғи, мхх-чи) ишлаши керак, деган талаб қўйди. Шундай қилиб, “Сорос фонди”да ҳамма ходим ўзбекистонлик бўлди. Тошкентда элчидан бошқа барча ходимлари маҳаллий одамлар бўлган элчихона бўлгани тамоман тушунарсиз эди.

“Озодлик” радиосини бир неча йил бошқарган Азиз Жўраев Ўзбекистон махсус хизмати томонидан киритилганини одамлар очиқ-ойдин гапира бошладилар. Буни унинг барча ҳатти-ҳаракати айтиб турар эди.

Бироқ, ўйлашимча, энг кўп айғоқчилар диндорлар орасига сингдирилган бўлса керак. Бу айғоқчилар мусулмонларни хоҳлаганларича алдадилар, қамалишларига сабабчи бўлдилар, уларни чалғитдилар, МХХ, прокуратура ва милицияга “ем” қилиб тайёрлаб бердилар. Аксарият мачит имом-хатиблари МХХ томонидан тайинланди ёки алмаштирилди. Мусулмонлар кўп ҳолларда айғоқчиларнинг моҳиятига ҳам тушунишмади, уларни фош ҳам қилишмади ва ҳозир ҳам кўпчилик уларнинг таъсирида юришибди.

Шунча гап-сўзлардан кейин ҳам ўзбек мухолифати ва хориждаги ўзбекларнинг кўзи очилгани йўқ. Ўзбеклар ҳанузгача МХХни инсонни, адолатни ва диёнатни бир пулга олмайдиган ифлос, худосиз ва жиноий ташкилот сифатида эмас, балки романтик, ҳамма соҳада унинг одамлари илғор, улардан ўрнак олса бўлдиган ташкилот сифатида қарашга ўрганиб қолишган. Ўзбекистонда эса ёшлар орасида шу ташкилотга кириб ишлаш иштиёқи баланд.

Ҳаётни яхши ўрганган одамлар эса очиқ душмандан яширин душман хавфлироқ, дейишади.


Толиб Ёқубов
26 январь, 2012 йил


Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Ўзбекистон Миллий Хавф Хизматининг сирлари Empty Ўшлик Тошматнинг Жамшид Мухторов ҳақида кўрган билганлари

Post by Admin Fri Jan 27, 2012 3:07 am

Ўшлик Тошматнинг Жамшид Мухторов ҳақида кўрган билганлари

Жамшид Мухторовни ЎИХ га қўшилишига мен шахсан ишонмайман.У 2005 йили Ўшга қочиб келган пайтда мен УВКБ ОНН да ишлар эдим.Адашмасам у Жиззахдан келган эди.Биз уларга қўлимиздан келган максимум шароят яратиб берган эдик.Уларга сармоя топиб Ўш шаҳрида Водопроводное кўчасида Лимон номли кафени арендага олиб бердик. У ерда А.Рустамов НОПЧУ дан Исроил Холдоров, ЭРК партиясини Андижон бўлимини раҳбари ва яна икки қочқин бирга ишлаб ўзларини боқиб юришди.

Шунда улар ФСППЭР номли НПОни оргтехникалирдан ва интернетидан фойдаланишар эди.Шунда бир куни Исроил Холдоровни Ўзбекистон МХХ лари ўғирлаб кетишди. Бу воқеа ўша пайтда Озодлик ва бошқа ОАВ ларида ёритилган.Энг қизиқарлиси Жамшид юқорида номи келган НПО.да Электрон почтадан фойдаланиб ундан чиқишни унутган экан.Мен бехосдан шу компюьтерни очиб қолдим.

У ерда Жамшидни Жиззах СНБси билан ёзишган хатлари бор эди.Уни хатларини ўқиб кўриб ёқамни ушлаб қолдим, ўшанда уни синглиси Жиззах СНБси қамоғида экан.У синглисини озод қилиш учун, КР.да жон сақлаб юрган қочқинларни рўйхати,УВКБ ОНН нинг ходимлари ҳақида маълумотлар юборган ва Исроил Холдоровни қайси куни ва қаердан олиб кетишлари ҳақида тавсиялар ёзган экан.

Мен бу ҳақида ўз раҳбаримга доклад қилдим ва уларни Бишкекка зудлик билан кўчирдик, Бишкекдаги қочқинларга ҳам зиён етказмаслиги учун. Мен Жамшидни МХХ билан ёзишган хатларини ўша пайтда қочқин бўлиб юрган Озодлик радиосини собиқ мухбири Ғофуржонга юбориб қолган қочқинларни огоҳ қилишини сўрадим.
Ҳозир эсимда бори, Жамшид ўша кунлари кўплаб ўзбек қочқинларини бошини еган, улардан Содиқов Баҳодир, Фаёз Мирзахалилов,Сайдулло Шокиров ва бошқалар.

Ўзбекистон МХХ ларини оғирини енгил килиб келган,малъунни ЎИҲига қўшилишига ишонмайман. У МХХни махсус топшириғини бажаришга кетаётган жойда ушланди деса тўғрирок бўлса керак. Ўзим Ўшликман , мени Жамшидга нисбатан ҳеч адоватим йўк,фақат ҳақиқатни ёздим.
Мен ёзганларни Тоғбой Абураззоқов ва Ғофуржон тасдиқлаши мумкин.


Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Ўзбекистон Миллий Хавф Хизматининг сирлари Empty "Озодлик" Радиоси: Махсус хизматлар Интернетда ЎХҲга мойилларни овламоқда

Post by Admin Fri Jan 27, 2012 3:31 am

"Озодлик" Радиоси: Махсус хизматлар Интернетда ЎХҲга мойилларни овламоқда

Ўзбекистон махсус хизматлари Ислом университети талабасини аввалига иғво билан тузоққа тушириб¸ сўнгра уни ҳибсга олдилар¸ деб хабар тарқатди Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи.

22 яшар Фазлиддин Зайнуддинов ўтган йилнинг 7 декабр куни Тошкентдаги Интернет-кафеларидан бирида ўтириб¸ виртуал дунëдаги танишлари билан фикрлашади.

Ўзбекистон Халқ ҳаракати фаоли Муҳаммадсолиҳ Обутов
​​Ўша куни Фазлиддин билан чатга ўзини Швецияда яшайдиган диссидент имом¸ Ўзбекистон Халқ ҳаракати фаоли Муҳаммадсолиҳ Обутов деб таништирган шахс чиқади. Шу кундан бошлаб бу виртуал таниш исломий университет талабасини Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг Тошкентдаги фаоли бўлишга ундай бошлайди.

Воқеа тафсилотларини Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов давом эттиради.

- Ўша фамилия, исм билан чиқадиган одам аслида махсус хизматдаги одам бўлади ва у билан гаплашганда Фазлиддинга вазифа берилади ва Тошкентдаги Халқлар дўстлиги майдонининг бир жойига ëки бошқа жойларга варақалар ëпиштириб чиқиш илтимос қилинади.

Аввало бу бола нима қилишини билмайди. Озгина вақт ўйлаб¸ кейин қизиқиб боради. Ўша ерда ростдан ҳам 70-80 тача варақа ва 100 доллар пул бўлади. Буни олади. Бир нечтасини столбаларга ëпиштирганми ëки йўқми бу менга номаълум. Хуллас бир ҳафтадан кейин буларнинг уйига милиция ходимлари келади ва буни олиб кетишади.

Бизларга маълум бўлишича, фото ва видео съëмка узоқдан қилишган варақаларни олгани ва бир-иккита жойларга ëпиштирганми йўқми¸ хуллас кузатилиб, ҳаммаси тайëр қилиб қўйилади¸ дейди Озодлик билан суҳбатда ҳуқуқ фаоли.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.
​​Суръат Икромовнинг айтишича¸ 22 яшар Фазлиддин Зайнуддинов 18 декабр куни қамоққа олинганида унга ҳаммомда безорилик деган уйдирма айб қўйилади ва дастлаб 15 суткалик ҳибсга ҳукм қилинади.

Аммо 15 кунлик ҳибс ўрнига уни Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасига олиб келиб¸ унга тергов давомида Ўзбекистон конституциявий тузумини ағдаришдан тортиб¸ ноқонуний диний-экстремистик гуруҳларга аъзолик каби ўта оғир айблар қўйилади.

Бундай айблардан гангиб қолган ҳам Фазлиддиннинг ўзи¸ ҳам унинг яқинлари ниҳоятда кучли руҳий босим остида қолган ва яқинлари бу ҳақда 25 январга қадар оғиз очишга ҳам қўрқиб келган. Улар Фазлиддиннинг махсус хизлатлар фитнаси қурбони бўлганини ўз хавфсизликларини хатарга қўйиб¸ менга гапириб беришди¸ дейди Суръат Икромов.

Озодлик мухбири Фазлиддин Зайнуддиновнинг ҳозирги аҳволи ҳақида унинг яқинларига боғланганида¸ улар суҳбатлашишдан чўчидилар ва Фазлиддиннинг ҳибсдаги аҳволи ҳақидагиги саволларга “ҳаммаси яхши” деган мазмунда қисқа жавоб қилиш билан чекландилар.

Суръат Икромовга кўра¸ Фазлиддин Зайнуддинов ишини олиб бораëтган терговчи бу талаба йигитга қўйилаëтган оғир айбларни исботловчи бирор далил йўқлигини тушуниб етганидан бўлса керак¸ уларнинг айримларини олиб ташлаган.

- Учта моддани ҳозир олиб ташлашга мажбур бўлган. Нимагаки қараса исботлайдиган жойи умуман йўқ. Бунинг юридик бир кучи ҳам йўқ. Сабаби унга конкрет исботлар, далиллар керак. Бу қўйилган моддалар унга тўғри келмайди. Шунинг учун бунга ҳозир 244-модда 3-қисми (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайëрлаш, сақлаш, олиб кириш ëки тарқатиш) билан айб қўйган. Бу модда учун қамоқ жазоси уч йил деб кўрсатилган. Уч йилгача берса ҳам шартли равишда берса керак¸ деган ўйда Ўзбекистондаги диний айблар билан қамалаëтганлар иши юзасидан мустақил мониторинг олиб бораëтган ҳуқуқ фаоли.

Суръат Икромовга кўра¸ Фазлиддин Зайнуддиновнинг Интернетда мафкуравий фитна тузоғига туширилиши Ўзбекистон махсус хизматларининг ўзгача фикрловчиларни овлаш кампаниясини виртуал дунëга кўчирганидан далолат беради.

Авваллари ўзгача фикрловчилар чўнтагига наркотик ва қурол¸ сўнгра уйига Ҳизбут-Таҳрир варақалари ва қора рўйхатдаги диний адабиëтлар ташлаб қўйиш орқали қамоққа олинган бўлса¸ эндиликда улар махсус хизматларнинг Интернетдаги турли ижтимоий тармоқлар орқали бошлаган кенг кўламли мафкуравий фитнаси тузоғига тушмоқда¸ дер экан Суръат Икромов¸ ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчиларини огоҳлантиради.

- Ҳозир асосий курашни Интернетга кўчираяпти. Шунинг учун бу идеологик провокация ва шантаж. Агар сизга кимнингдир номидан чиқиб, мана шунақа таниқли мулохифат партияси вакили ëки чет элга кетган диндорман¸ деб гаплашмоқчи бўлса¸ бундайлар билан эҳтиëт бўлишни тавсия қиламан. Авваламбор аниқлаш керак ўша одамми ë унинг номидан кимдир унинг номини қўйиб чиқаяптими. Нимагаки шунақа провокацион нарсалар жуда кўп бўлаяпти кейинги пайтларда¸ дейди Суръат Икромов.

Ҳуқуқ фаолининг ўз кузатиш ва ҳисоб-китобидан келиб чиқиб айтишича¸ кейинги 13 йил мобайнида Ўзбекистонда ноқонуний диний гуруҳларга алоқадорлик айблари билан камида 15 минг фуқаро жиноий жавобгарликка тортилган ва уларнинг 11 мингдан ошиғи айни кунларда узоқ муддатли қамоқ жазосини ўтамоқда.

Ҳозирча Тошкент Ислом университетининг 22 яшар талабаси Фазлиддин Зайнуддинов ишининг қачон маҳкамага оширилиши ва унинг диний айблар билан қамалганлар армиясини тўлдириш-тўлдирмаслиги номаълумлигича қолмоқда.

Махсус хизматлар Интернетга ташлаган махсус тўр сиртмоғига илинган бу йигит тақдирини келгусида яна Озодликда кузатиб боринг. http://www.ozodlik.org/content/article/24464155.html


Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Ўзбекистон Миллий Хавф Хизматининг сирлари Empty МХХнинг Жамшид Мухторовнинг қўли билан қилган айрим жиноятлари ҳақида

Post by Admin Fri Jan 27, 2012 5:48 am

МХХнинг Жамшид Мухторовнинг қўли билан қилган айрим жиноятлари ҳақида/Диққат! Далилий ҳужжатлар !

Менга Жамшид Мухторовни Ўшда, "Эрк"нинг Андижон вилоят раиси Исроилжон Холдоров билан бирга қочқинликда юрганида, телефон орқали, Исроилжон ака таништирган эди. Кейинчалик Исроилжон Холдоров Ўшдан ўғирлаб кетилди(2006 йили ёзда) ва уч ойдан сўнг Андижон СНБсида эканлиги маълум бўлди. Хозирда 6 йилга қамалган Исроилжон Холдоров ҳали ҳам қамоқхонада. Исроилжон Холдоровни ўғирлаб кетилишида бир неча одамлар Жамшид Мухторовнинг қўли борлигини менга айтишганди. Кейинчалик Бишкекка келганида Жамшид Мухторов билан учрашиб, Исроилжон Холдоровни ўғирлаб кетилишида қўли борлигини одамлар гапираётганини айтсам, у кўзларини четга олиб, бу нотўғри миш-мишлар деган, юзимга тик қарай олмаганди. Аниқ исбот бўлмагани учун мен ҳам ўшанда бирор нарса дея олмаган эдим.

Кўпчилик билмайдиган яна бир хабар: Қирғизистоннинг Қорасув масжиди имоми, раҳматли Рафиқ қорини отиб юборилишида ҳам Жамшид Мухторовни қўли борлигини ишончли бир манба менга айтган эди. Маълум бўлишича, Рафиқ қори отилишидан олдинроқ унинг уйига Жамшид Мухторов уч киши билан кириб, қочқинлармиз деб гаплашиб, чой ичиб ўтиришган. Шунда раҳматли Рафиқ қори: "Тохир Йўлдошевни одамлариман деб, мени олдимга келишди, Ўзбекистонга қурол олиб ўтсак бўладими дейишди, бироқ мен уларнинг ростдан ҳам Тохирнинг одамларими-йўқлигини билмадим..." деганга ўхшаш гапларни айтган ва ўша учрашувдан ҳеч қанча ўтмай Рафиқ қори махсус хизмат ходимлари томонидан отиб юборилган.

Бишкекда қочқинликда юрганимизда, (2006 йили) Жамшид Мухторов электрон почтадан ёзган хатларни менга кўрсатишган эди. Жамшид Мухторов Ўзбекистонда бир махаллар ўйнаши бўлган аёлга - Турсуной Азизовага юборган хатлардан нусхалар хозир ҳам менинг архивимда сақланаяпти. Улардан нусҳа кўчириб, эътиборингизга хавола этаяпман. Жамшид Мухторовнинг хатларини ўта уят гаплари бор жойлар тахрир қилинди. Қолган жойлари бор холида. Менинг фикримча, булар айнан Жамшид Мухторовнинг хатлари, чунки Жамшиднинг чаласавод эканлигини қочқинликда юрганимизда кузатган эдим.

Ўзбекистон Миллий Хавф Хизматининг сирлари Cci26010
Ўзбекистон Миллий Хавф Хизматининг сирлари Cci26011


Ғафур Йўлдошев.

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Ўзбекистон Миллий Хавф Хизматининг сирлари Empty МХХ Раҳбариятининг устомонлиги ва ЎХҲ Раҳбарияти ношудлиги ҳақида

Post by Admin Sun Jan 29, 2012 4:41 am

МХХ Раҳбариятининг устомонлиги ва ЎХҲ Раҳбарияти ношудлиги ҳақида далилий ҳужжатлар


Бугунги кунда Ўзб.Халқ Ҳаракатида масъул вазифада ишлаётган журналист Улуғбек Ҳайдаров ҳақида Толиб ака Ёқубовнинг маълумотларига асосан ЎХҲ Раҳбариятига биринчи марта огоҳлантириш берганимизда қулоқ солгандек бўлишувди. Аммо орадан сал ўтмай бу огоҳлантиришга нима сабабдандир қўл силташди ва бугун бу одам яна ЎХҲнинг ичида.

Шунга ўхшаш яна 6 одам ҳақида огоҳлантиришларимиз найза билан қабул қилинди ва у одамлар ҳозир ЎХҲнинг Раҳбариятида ҳам, унинг жойлардаги масъул вазифаларида ҳам ўтиришибди.

Буларнинг оқибатида ЎХҲ Раҳбарияти ўз оддий аъзолари ва айниқса фаолларининг ҳаётини улкан хавф остига қўйиб фаолият олиб бормоқда. Биродаримиз Фуад Рустамхўжаевниинг ўз уйини подьездида ваҳшийларча ўлдириб кетилиши ҳам бу ношуд раҳбарларни сергаклантирмади.

Бундай ишлар ҳар қандай жиддий ташкилот учун кечириб бўлмайдиган ҳолат бўлгани учун ҳам мен ЎХҲ Раҳбарияти билан бу масалада қаттиқ тортишувларга бордим ва ниҳоят улар ғолиб келишди.

Барча жосуслар ва айғоқчилар ўз ўрниларида қолишди. Бу мен учун чидаб бўлмас ҳол бўлгани туфайли мен ЎХҲ Раҳбариятидан истеъфо бердим. Менинг бу истеъфоимдан бир ҳафта ўтгач "Андижон Адолат Тикланиш " ташкилоти ёппасига ЎХҲ сафларидан чиқиб кетишди. Бу тасодифий ҳол бўлиши ҳам, ёки уларнинг қарорига менинг ҳаракатларим қандайдир ўз таъсирини ўтказган бўлиши ҳам мумкин. Ҳар ҳолда "Андижон Адолат Тикланиш " ташкилоти ўз фаолларининг ҳаётини заруратсиз хавф остига қўйишни истамади ва жуда тўғри қилишди.

Мен бу ерда айнан "заруратсиз" деган сўзга урғу беришимни сабаби шундаки, ҳар қандай кураш жасурлик ва мардлик талаб қилади. Аммо бу жасурлик ва мардлик хавфсизлик ва ҳушёрлик қоидаларига риоя қилмаса, у маст бўлиб кўчада ўтган кетганлар билан муштлашадиган "қўрқмас" тўполончининг ҳаракатларига ўхшаб қолади.

Бўлиб ўтган воқеалардан сўнг мен фаолларимиз олдига Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти ЎХҲдан чиқиши керак деган кескин талабни қўйдим.

Аммо кўпчиликнинг орзу тилаклари ЎХҲ билан боғлиқ бўлгани учун, айрим фаолларимизнинг эса шахсий амбициялари устун келгани учун кўпчилик мени талабларимни қабул қилмади. Мен демократик раҳбарлик қоидаларига амал қилган ҳолда улар олдида ҳам чекиндим ва Жамиятимиз вақтинча ушбу Ҳаракатда қолди.

Менинг ЎХҲ Раҳбарияти олдига қўйган талабларим нақадар тўғрилигини ўзим аниқ билсамда бошқаларни уни қабул қилишга мажбурламадим ҳам, шошмадим ҳам. Иншоллоҳ вақт ўтиши билан фаолларимиз вазиятни яхшироқ тушуниб оладилар деб ўйладим.

Аммо орадан 2 ой ўтгач ЎХҲ Раҳбариятидаги инқироз янада чуқурлашди, унинг Раҳбарияти ва сафлари янада заифлашишда давом этаверди. Бу мен учун табиий ҳол эди. Ҳар қандай касални ўз вақтида даволамасанг уни янада кучайиб кетиши барча фаросатли одамлар учун аён аччиқ ҳақиқат.
Энди ЎХҲ Раҳбариятидаги инқирознинг асосий сабаблари ҳақида гапирадиган бўлсак улардан бири бу ЎХҲ Раҳбарияти ичига нафақат сиёсий тажрибасиз одамлар, балки МХХ билан тўғридан тўғри ҳамда унинг Европадаги агентлари орқали ишлаётган одамлар кириб келишининг кучайганидир.

Шу сабабли мен Жамиятимиз учун ортиқча бундай инсонлар сафида қолиш бизга ҳам иснод келтиради, ҳам фааолларимиз ҳаётини хавф остига қўяди деган қарорга келдим ва кескин, ултиматив формадаги Жамият Баёнотини тайёрладим.

Унда, "агар биз қўйган талаблар бажарилмаса Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти ЎХҲ таркибидан чиқиб кетади" дейилган.

Бу сафар ҳам Жамиятимиз фаоллари менга қарши чиқишди.
Масалан, Толиб аканинг ўзлари қанчадан қанча айғоқчиларни фош қилишда қатнашиб келаётган бўлишларига қарамасдан, абсолют тушуниб бўлмас бир ўжарлик билан Жамият ЎХҲда қолиши керак деб ҳисоблайди. Бу билан фаолларимиз ҳаётини хавф остига қўйаётганлари ҳақида нима учундир ўйламаяптилар.

Шу сабабдан мен яна бир бор демократик қоидаларга ҳурматимни сақлаб қолган ҳолда, сўнгги марта чекиндим ва Баёнотни ҳозирча чоп этмасликка ваъда бердим.

Аммо ҳар қандай фаолиятнинг ўз масъуллиги бўлиши керак. Масъулият йўқ жойда ҳар қандай фаолият парокандаликка юз тутиши аниқ.

Шунинг учун мен бу сафар ўз талабларимни Жамиятимиз фаоллари олдида ҳам кескинроқ қўйишимга тўғри келди. Унинг кескинлиги шундаки, агар бир ой мўҳлат ичида ЎХҲ Раҳбарияти бизнинг Жамият қўйган талабларни бажармаса, биз Ҳаракат сафларини тарк этамиз.

Бу давр мобайнида, юқорида айтилганидек, бу Баёнот чоп этилмайди. Муддат 16 февралда тугайди.

Бизнинг Баёнотдаги асосий талаблар:
а)ЎХҲ фавқулодда қурултой чақириши керак.
б)Қурултойдан олдин ЎХҲ Раҳбарияти ёппасига истеъфо бериши керак.


Фақат ана шу ҳолдагина ушбу янги Ҳаракат ўз касалликларидан фориғ бўлиши, маълум муддат даволанишга мажбур бўлиши ва ўз фаолиятини қайтадан, соғлом ва ижобий кўринишда давом эттира олиши мумкин холос. Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини оёққа турғизишнинг бошқача оддий йўллари афсуски йўқ.


Қуйида ЎХҲ сафларидаги айрим жосусларни фош қилувчи навбатдаги ҲУЖЖАТ!

Ҳазратқул Худойберди
2012.01.29


Ўзбекистон Миллий Хавф Хизматининг сирлари Cci26012

Орадан роппа роса ярим йил ўтгач Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамиятининг Толиб Ёқубовга қўшилиб менга қарши чиққан фаоллари ўз қилган хатоларини тушуниб Ўзб.Халқ Ҳаракати сафларидан чиқиб кетишди. Бу ҳақда Т.Ёқубов махсус Баёнот берди. Аммо Ўзб.Халқ Ҳаракатининг қўрқоқ раҳбарлари бу ҳақиқатларни бирортасини ўз аъзоларига билдирмади ва кўпчилик назарида "Ҳаракат сафлари кучаяпти" деган ёлғон яшиқ пропаганда гаплар билан ўзларининг нодемократик фаолиятларини давом эттиришаяпти. Бу дегани Ўзб.Хал Ҳаракати ҳам секин аста Эрк, Бирлик ташкилотлари каби сўниб, йўқ бўлиб кетади деганидир.
2012.08.21


Last edited by Admin on Tue Aug 21, 2012 5:55 pm; edited 2 times in total

Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Ўзбекистон Миллий Хавф Хизматининг сирлари Empty ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИГА ҚАРШИ ФУҚАРОЛАР ҲАРАКАТИ бўлиши лозим!

Post by Admin Mon Jan 30, 2012 6:16 am

ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИГА ҚАРШИ ФУҚАРОЛАР ҲАРАКАТИ

Муҳожиротда яшаётган барча ўзбекистонлик биродарларга МУРОЖААТ

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати устидан Чикаго полициясига аризалар топшириш лозим


Кўпчиликка маълумки бундан бир неча кун олдин Чикаго Аэропортида ўзбекистонлик қочқин террорчилик айбловлари билан ушланди( http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2012/01/120124_cy_us_uzbek_arrest.shtml )

Бу ҳақда мен илк мақолани ёзишим билан бу воқеага тегишли турли туман фактлар кела бошлади ва уларнинг барчаси шу ерда чоп этилди.

Хусусан бу ерда келтирилган бир неча далилий ашёлар асосида бугун АҚШ ва Европада яшаётган кўплаб ўзбекистонлик сиёсий муҳожирлар Ўзб.МХХси ва унинг бир пайтлар Бишкекда иш юритган Жамшид Мухторов гуруҳи томонидан азият чекканлар (улар жумласига Ғафуржон Йўлдошев, Холдор Вулқон, Умида Ниёзова, Эгамберди Шаманов ва бошқалар киради).

Бу биродарларимиз зудлик билан Чикаго полициясига ўзларининг азият чеккан фуқаро сифатидаги Аризаларини топширишлари керак.

Аризада улар бу ерда келтирилган далилий ашёларни ва ўзларида бор бўлган бошқа материлларни асос қилиб Жамшид Мухторов гуруҳининг МХХ билан ҳамкорликда бу инсонларга шахсан ва Ўзбекистон Демократик мухолифати вакилларига, инсон ҳуқуқлари курашчиларига қарши етказган зиён ва заҳматлари ҳақида аниқ ва конкрет ёзишлари керак.

Бу жиноятлар ортида Ж.Мухторов гуруҳи, улар ортида эса Ўзб.МХХ тургани учун уларнинг ҳалқаро кўламдаги жиноий ҳаракатлари бўйича жазога тортилишлари талаби ёзилган Ариза Чикаго Полициясига топширилиши лозим.

Диктатор Каримовнинг бу жиноий ташкилоти Ўзб.давлати номидан қандай қабиҳ жиноятларга қўл ураётгани мисол қилиб келтирилиши керак. Улар ичида Алишер Соипов ва Рафиқжон қориларни Ўшда, Фуад Рустамхўжаевни Ивановода ўлдириб кетилганликларини кўрсатиб ўтиш лозим.

Рустам Иноятов раҳбарлигида диктатор Каримовнинг буйруғини бажаришда ҳеч қандай жиноятдан қайтмайдиган бу давлат органи вакилларининг қилмишлари туфайли минглаб бегуноҳ инсонлар қурбон бўлмоқдалар, ўн минглаб инсонлар қамоқларда солиниб, оғир қийноқлар ва ўлим даҳшатлари остида яшашга мажбур бўлмоқдалар.

Ўзбекистонлик ҳар бир фуқаронинг бундай Аризаларни ўзи алоҳида ёзиб Чикаго Полициясига топшириши уларнинг мўҳим фуқаролик бурчларидир. Бундай қадамнинг мўҳимлиги шундаки, МХХнинг жиноятлари қанчалик кўпроқ фош этилса бошқа бегуноҳларни ҳаётлари ва эркинларини сақлаб қолиш маълум бир қадар енгиллашади.

Бу жуда мўҳим иш, шу учун аввал бир Ариза ёзиб кейин уни нусхасини бир бирларингизга узатиб, кейин Аризани ўзингизни бошингиздан ўтган фактлар билан тўлдириб Полицияга топшириш осонроқ ва тўғрироқ бўлади.
Бундай Аризани ёзганлар бир ёки икки адвокат ёлласалар ва улар бу ишларни битта қилиб олиб борсалар иш янада осонлашади.

Агар ҳаммамиз бу ишларга жамоат жам бўлиб ёндошсак биз Ўзб.Миллий Хавфсизлик Хизматининг барча қилмиш қидирмишлари, жиноий ҳаракатлари орқали уларниинг башараларини бутун дунёга шарманда қилишимиз ва шу йўллар билан бугун ва келажакда кўплаб инсонларнинг ҳаётларини сақлаб қолишимиз мумкин бўлади.


Ҳазратқул Худойберди
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти
http://ihrsu.org
2012.01.30


Admin
Admin

Posts : 1326
Join date : 2010-02-04

http://ihrsu.org

Back to top Go down

Ўзбекистон Миллий Хавф Хизматининг сирлари Empty Re: Ўзбекистон Миллий Хавф Хизматининг сирлари

Post by Sponsored content


Sponsored content


Back to top Go down

Back to top

- Similar topics

 
Permissions in this forum:
You cannot reply to topics in this forum