Форум_Ўзбекистон

Елкадаги харсанглар...

Avvalgi mavzu Keyingi mavzu Go down

Елкадаги харсанглар...

Post by Admin on Tue Apr 05, 2011 4:18 am

Елкадаги харсанглар...


"Дунё чархпалак бўлмоқда..." - шундан тузукроқ ном топа олмадим ушбу кунларда дунёда бўлаётган воқеаларни кузатар эканман.
Тонг саҳар 02.30 б/н 03.00 орасида уйғонаман ҳар куни...Гуёки кимдир секин елкамдан туртиб уйғотаётгандек туюлади.

"Тур эй ғофил банда. Қувватингни тиклаш учун бир инсонга 4 соатлик уйқу етади.Жилла қурмаса кундузи 15...20 дақиқа мизғиб оласан, етмаган уйқуни ўрнини тўлдириб" демоқчидек у кўринмас зот.

Лекин уйқуни бундай тез қочиб кетишига дунёдаги кундалик ағдар тўнтар воқеалар, уларни таҳлил қилишга уринишлар, аниқ кўриниб турган жаҳолат ва разолатга нисбатан нимадир қилиш зарурати мени ҳаловатимни тинимсиз бузиб туради.


Аллоҳнинг ҳар бир бандасида авваломбор ҳаловат бўлсин экан. Ҳаловати бузилган инсон гуёки тоғдан улкан харсанг узилиб тушиб тинч ва осудалиги бузилган кўлни эслатади менга. Ҳатто ўша кўл ҳам тўсатдан уни осуда сувларини ағдар тўнтар қилиб юборган харсангни ўз домига ютиб юбориб, бир неча соатлардан сўнг яна ўз ҳаловатини тиклаб олади.



Аммо ҳаловати бузилган инсончи? У қандай қилиб унинг ҳаловатини ағдар тўнтар қилиб юборган "харсанг"ларни домига ютиб юборса экан?

Мени ҳаловатимни бузадиган нарсаларни санасам кўпларни эсхонаси чиқиб кетиши ва менга "Қандоқ қилиб бу харсангларни кўтариб юрибсиз.Отиб юбормайсиз уларни елкангиздан!"деб танбеҳ беришлари аниқ. Аммо ҳамма бало шундаки бу харсангларни осонгина отиб юборишни иложи йўқ...

Мени азалий бир одатим , бир муаммони кўрсам ўшани имкон қадар тезроқ ҳал қилишга уринаман. Аммо мени ўзимни муаммом шундаки, кўплаб муаммоларни ечими менга боғлиқ эмаслигини тан олиш, уларни ечимини уларни яратганларни ўзларига қолдириш ёки ўша муаммолар учун жавобгар инсонлар бирор чора тадбир кўришларини хотиржам кутиб ўтира олмайман. Буни сабаби оддий, кўплаб ҳолларда муаммони яратган инсонлар ҳам, ўша муаммоларни бартараф қилиш ҳизмат вазифаси бўлган одамлар ҳам ана ўша муаммога бепарво муносабатда бўладилар ва натижада бу муаммодан инсонлар азият чека бошлайди. Айнан ана шу нарса мени ўша муаммони ҳал қилишга ундайди.



Ана шу харсанглардан айримлари:

1.Ўзбекистон ҳукуматини ноқонуний йўллар билан эгаллаб олган Ислом Каримов гуруҳи ҳақида, бу гуруҳ содир этган ва этаётган минглаб жиноятлар ҳақида тўпланган материалларни чоп этиш, тузумнинг янги жиноятлари ҳақида материал тўплаш ва айни пайтда бу ўта чигал муамммоларга(яъни жамиятни бу жиноий гуруҳдан халос этиш ва уни эркинликка олиб чиқиш муаммоларига) ечимлар излаш;

2.Асоссиз равишда Ироқ ва Афғонистон урушини тайёрлаган ва амалга оширган АҚШ давлат жиноятчилари Ж.Буш, Д.Рамсфельд,Д.Чейниларнинг жиноятларини фош қиладиган далилий ашёларни тўплаш, тўпланганларини чоп этиш, илгари чоп этилганларини қайта тўлдириш;

3.Ушбу кунда араб дунёсидаги инқилобий жараёнлар бўйича бир таҳлилий мақола тайёрлаш, олдин ёзилганларини тўлдириш.Бу давлатлардаги жараёнларга Ғарб давлатларини аралашуви нақадар халқаро қонунлар доирасида бўлаётганига эътибор қаратиш;

4.Фикр эркинлиги ва ўзга халқларнинг дини, маданияти ва урфу одатларини ҳурмат қилиш каби икки қадрият ўртасида бугунги кунда Ғарб дунёсида пайдо бўлган кескин низога тўғри ечим топиш ва ҳоказолар....

Булар мени елкамдаги энг катта харсанг тошлардир. Яна қанча кичик тошлар бор бу елкада, уларни ҳаммасини санасам гуёки улардан нолиётгандек туюлиши мумкин кўпчиликка. Аммо аслан бундай эмас....Уларни айтмасликка сабаб, бу дунёда ҳар бир инсоннинг ҳам ўзига яраша ғаму ташвишлари бор...(Давоми бор)

Ҳазратқул Худойберди
2011.04.05

Admin
Admin

Number of posts : 1224
Join date : 04/02/2010

Foydalanuvchi profili http://stopdictatorkarimov.com

Yuqoriga Go down

Елкадаги ҳарсанглардан бири: "Ҳукмронлик" ва "нафс" ўртасидаги боғлиқлик ҳақида

Post by Admin on Sun Apr 24, 2011 7:59 am

Елкадаги ҳарсанглардан бири: "Ҳукмронлик" ва "нафс" ўртасидаги боғлиқлик ҳақида

Ҳукмронлик ДНКси:“Нафс” кодининг мавҳум сирлари ҳақида
[Тайная связь кодов “властвовать” и “соблазнь» в ДНК у властителей
Om hemliga samband mellan ”makt” och ”frestelse” hos makthavarnas DNA
What is it? How are connection between “power” and “temptation”?]


Нафс балоси
“Ўзимдан чиққан балога, қайга борай давога!”

Табибнинг “Нима сабабдан ўз жонингизга қасд қилмоқчи бўлдингиз?” деган саволига у “Мен ўзимдан ўзим нафратланиб кетаяпман” деб жавоб берди.

Табиб:”Нега ўзингиз ўзингиздан нафратланиб кетаяпсиз?” деб сўраса у “Мен кўп ёмон ишлар қилдим, кўп одамларга ёмонликлар қилдим. Мени ёмонликларим сабаб кўп одамлар қамалиб кетдилар” деди.

Табиб:” Нега, нима сабабдан сиз одамларга ёмонликлар қилдингиз? Биров сизни бунга мажбур қилдими?” деб сўради.
У:”Йўқ. Мени ҳеч ким мажбур қилгани йўқ” деди.
Табиб:”Бўлмаса бундай ишлар қилишингизга нима сабаб бўлди деб ўйлайсиз?”
У:”Нафс”.
Табиб:”Нима? Нафс?”
У:”Ҳа, буларни барчасига нафс сабабчи бўлди. Мен унга қарши тура олмадим. Энди қилган ишларимдан пушаймон бўлаяпман. Ўзимни ўзим жуда ёмон кўриб кетаяпман. Шу учун ўзимни ўлдирсамгина бу азоблардан қутула оламан” деб қаттиқ қаттиқ гапирди ва шундан сўнг кўзларини полга михлаганича яна жимлик қаърига шўнғиб кетди. Худо билсин, шу йўл билан у балки нариги дунё даричасини кўришга интилгандир....Аммо нима бўлганда ҳам у бошқа лом мим демади. Табибнинг қолган барча саволларига энди у индамай бош силкиш, ора сирада, истар, истамас “Ҳа” ёки “Йўқ” деб жавоб бериш билан чекланди холос.

Ана шунақа муолажа сўҳбатлари ҳам, унга берилаётган бир талай дори дармонлар ҳам унга нечундир кор қилмас, аҳволи худди эрта баҳор ҳавосидек тез тез ўзгариб турар эди. У яна икки марта ўз жонига қасд қилди, аммо унга ё журъат етишмас, ё касалхонадаги ўта чекланган имкониятлар имкон бермас, ё Аллоҳ таолонинг унга бу дунёда белгиланган жазолари ҳали ниҳоясига етмаган эди...


Фикрлаш бурчаги


Бошқаларни билмадиму аммо менинг уйда фикрлайдиган бир жойим бор. У ошхонадаги ихчамгина диванни сўл, яьни очиқ томондаги бурчаги. Мен ўша ерда ўтириб ишласам фикрларим баракалироқ бўлади. Бу билан мен бошқа жойларда ўтирсам каллам яхши ишламайди демоқчи эмасман, балки ҳар бир инсоннинг ўзи суйган ва унга хотиржамлик ва роҳат бахш этадиган ўзларининг махсус сўлим маконлари бор демоқчиман, холос.

Бугун ана шу ўзим суйган диванга чўкар эканман анчадан бери мени уйлантириб келаётган бир сирли муамммо ҳақида уйлай бошладим.

Аслида бу муаммо биргина мени эмас балки бутун инсониятни у пайдо бўлган ва ибтидоий жамоалар шаклида яшай бошлаган даврлардан бери уйлантириб келаяпти десам хато бўлмайди.

Бу сирли муаммонинг оти – Бир инсоннинг бошқа инсонлар устидан ҳукмронлик қилишга бўлган қизиқиши, эҳтиёжи ва уни амалга оширишга етакловчи кучларнинг сирли ҳаракатларидир.

Бундай қизиқиш ҳаммага ҳам мансуб эмас, ҳамма ҳам ҳукмронлик қилишга, бошқа инсонлар устидан бошқарувликка интилмайдилар.

Бу дунёда ушбу кунда 6 миллиард инсон бор дейишади. Ану шу 6 миллиард инсонни ҳар бирининг фақат уларнинг ўзигагина хос бўлган ўз ДНКлари бор. Ҳаттоки эгизаклар Ҳасан билан Ҳусан, Фотима билан Зўҳраларнинг ҳам уларнинг ҳар бирини ўзига хос бўлган ДНКси бўлар экан. Фақат айрим ҳолларда, бир тухумдан бўлган эгизаклардагина уларнинг ДНКлари ўхшаш бўлиши мумкин экан, холос.

Энди асосий гапга қайтсак. Демак 6 миллиард одамлардан уларнинг айримларигина бошқалар устидан раҳбарлик қилишга қизиқадилар.

Бундай инсонларнинг ғирт тескариси – ижодкор инсонлар. Файласуфлар, шоирлар, рассомлар, ҳайкалтарошлар сукунатни севишади. Улар ҳаётдаги турли туман шоду хуррамликлару маишатдан кўра осуда бир кўл бўйида ёки гўзал бир боғда, тинчгина ўтириб ижод қилишни яхши кўрадилар.

Бизларни ҳар биримиз турличамиз, қизиқишларимиз ҳам турлича.

Аммо бизларни ичимизда ажралиб турадиган, доим кўпчиликни эътиборини ўзларига тортадиган бир тоифа одамлар бор. Уларнинг ДНКсига генетик равишда, уларнинг ота боболари ёки узоқ ўтмишдаги бобокалонларидан “бошқарувга қизиқув” деган бир ген ўтган.

Агар боқча ва мактабларда эътибор берган бўлсангиз, кўпинча болалар бир етакчи бола атрофида тўпланиб туришганини кўрасиз. Келажакда ижодкор бўладиган болалар эса кўпинча бошқалардан алоҳида, чекка чеккаларда ўтиришади, агар улар кўпчиликка қўшилсалар, у ҳолда имкон қадар ўзларини кўрсатмасликка интиладилар...



Ана шу ДНКлар ичида “нафс” деган бир код, бир сири асрор бор. Бу кодни тушуниш кўпчилик учун табиий равишда кечади, мас., бизнинг кўпчилигимиз ўз нафсимизни керакли пайтда тия оламиз. Аммо афсуски айримлар ана шу ҳусусиятдан, яъни ўз нафсини тия олиш хусусиятидан ё тўлиқ маҳрумлар ё унинг кичик бир қисмига эгалар холос.

Сизнинг нафсингиз нафақат овқатда ва ичимликда балки истаган нарсада кўзга ташланиши мумкин. Мас., эркакларнинг аёлларга, аёлларнинг эркакларга қизиқишларида, болаларнинг ширинликка, катталарниинг ичимликка, тамакига, гиёҳванд моддаларга, овга, қиморга ва бошқа нарсаларда ҳам нафслари кўзга гоҳида билинар билинмас, гоҳида эса яққол кўзга ташланиб турадилар.



[Қизиққанлар учун кичик бир масала: Нафсни инсон танасида қай даражада кучли ёки кучсиз ривожланганини кўриш учун шундай бир тажриба қилиш мумкин:
Агар сиз 60 кишининг ҳар бирига нақ 6 кунга етадиган озиқ овқат ва ичимлик суви бериб, уларга 240км узоқда жойлашган манзилга 6 кундан кечикмасдан етиб келишни топширсангиз, кимлар биринчи, кимлар иккинчи, учинчи ва ҳоказо тартибда манзилга етиб кела оладилар ва кимлар манзилга умуман етиб кела олмайдилар деб ўйлайсиз? Эътибор беринг! Бу ерда ҳеч қанақа шарт қўйилмаган!
Бу масала атрофида ўйлаб кўринг ва жавобингизни менга юборинг ёки уни мени жавобимга солиштириб кўринг. Мени жавобим ушбу мақолани тугатганимда, мақола сўнггида берилади].



Ҳукмронликка интилиш ва нафс орасидаги ўзаро боғлиқлик

Бу икки тушунча ўртасида боғлиқлик борлигига менда ҳеч қандай шўбҳа йўқ. Аммо мен билишни ва тадқиқ қилишни истаган нарса: Ана шу икки нарсанинг айрим инсонлар танаси ва рўҳиятидаги ўрни, ҳажми, роли ва улар келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатлардир.



(Давоми бор)
2011 йил 24-апрел
Ҳазратқул Худойберди

Admin
Admin

Number of posts : 1224
Join date : 04/02/2010

Foydalanuvchi profili http://stopdictatorkarimov.com

Yuqoriga Go down

Йўқолган кўнгил тинчлиги

Post by Admin on Thu Jun 02, 2011 6:29 am

Йўқолган кўнгил тинчлиги



Ушбу кунда жуда кўп инсонлар ўз тинчларини йўқотишган. Гап нафақат ишсизлик, ҳақсизлик ва ҳар бир амалдорнинг зўравонликлари сабабли ўз тинчини йўқотган миллионлаб оддий бечоралар балки бою бадавлат ёки катта амалдор бўлишига қарамасдан ҳам ўз кўнгил тинчликларини йўқотган айрим инсонлар ҳақида...

Дунёдаги учта энг бой инсонлардан бири бўлган ҳамюртимиз Алишер Усмонов(бойлиги 20 млрд $) ёки бутун бошли бир давлатни ўзининг шахсий концерни(кўп корхоналарни ўзида бирлаштирган улкан фирма) деб ўйлайдиган ва ўзини ҳокими мутлақ деб ҳисоблайдиган Ислом Каримовдек(тахминий бойлиги 10 млрд.$) одамларнинг ҳам ўз кўнгил тинчларини йўқотадиган масалалар ҳақида.

Сиз:"Э, қўйсангизчи,20млрд бакси бўлган одам ҳам ўз тинчини йўқотар эканми?" дейишингиз мумкин.Э,йўқотганда-чи! Шак шўбҳасиз!.Чунки одамларнинг ўз тинчларини топишлари учун бойликни ўзи кифоя эмас.Банкда ёки мадрасни тагида катта бойлиги бўлгани билан инсоннинг ўзи қилаётган ишлардан кўнгли тўлмаса ёки уни яқинларига қандайдир бир хавф хатар булут солсаю, бу хавф олдида у ожиз бўлса, у ҳолда нима ҳам қила олади у бой одам? Агар у:"Ҳей одамлар!Менга кўнглимдаги дардни аниқлашга ёрдам беринглар!Истаган нархингизни тўлайман!"деса сиз уни дардини топа олармидингиз?



Катта бойлиги ёки олий мансаби бўла туриб ҳам одамларнинг ўз тинчларини йўқотишларига сабабчи бўлиши мумкин бўлган мисоллар: Масалан, ўша бой одамнинг севимли фарзанди тузатиб бўлмас оғир касалликка чалиниши мумкин. Ёки у бир катта ишни тоза йўллар билан қилмасдан кейин виждони қийналиши мумкин. Ёки улкан ноҳақликларни кўриб ўзининг бу ноҳақликлар олдида чорасиз сезиши ва шундан азоб чекиши мумкин...Мисоллар жуда кўп...Аммо ечимлар ҳам бор албатта. Фақат бир нарсанинг иложи йўқ бу дунёда. Қолган барча нарсаларга ечим топса бўлади. Бу учун инсондан талаб қилинадиган нарсалар жуда оддий: юракдан чиққан истак ва уни амалга оширишга бўлган буюк интилиш, холос.



Келинг, узоққа бориб юрмасдан мисол тариқасида Ислом Каримовни олайлик. Ёши саксонни қоралаб қолди, 2 фарзанд, 2 невара, вафодор хотин ён атрофида гирду капалак. Улкан бир давлат унинг ҳукмдорлиги остида. У Ўзбекистон ичида кўнгли тусаган нарсани қила олади. Хоҳласа уни жаҳлини чиқарган ҳар қандай одамни, ҳох вазиру уламо, хоҳ оддий бир фуқаро бўлсин, бир неча соатдаёқ йўқ қилиб юбора олади. Хоҳласа оддий бир амалдорни вазир этиб тайинлайди, вазирни эса зиндонга ташлайди, кўнглига ёққан бинони қурдиради, ёқмаганини буздиради. Хулласи калом, истаган эркалик ёки жинниликни қилишга ҳадди сиғади уни. Аммо хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, бир буюк давлатнинг яккаю ягона ҳокими бўлган бу банданинг ҳам кўнглида тинчлик йўқ.



Хўш, нима сабабдан ўзини ҳокими-мутлақ сезадиган бир бандаи ожизнинг кўнглида ҳам тинчлик бўлмаслиги мумкин? Аслида жавоб ана шу саволни ичида, уни сезган одам учун.

Жавобни сал очиқлаштирадиган бўлсак, Каримовга кўп нарсалар тинчлик бермайди. Масалан "Мен кетгандан сўнг мана бу ширин шакар невараларимга нима бўларкин" деб ўйлайди у бечора. Ҳар бир бобо каби у ҳам невараларини севади албатта. Ва биладики ундан кейин давлатда ағдар тўнтар бошланади. У на Рустам Иноятовнинг(МХХ), на Баҳодир Матлюбовнинг (ИИВ), на Шавкат Мирзиёвнинг(Бош вазир) уни оиласини давлат томонидан кучли ҳимояга олишлари ҳақидаги маърузаларига ишонади. Биладики бу одамлар у кетиши билан тахт талашиб, бир бирларини ғажишга тушиб кетишади. У пайтда ҳокимиятдан кетган ва ортиқча қўрқадиган жойи қолмаган одамнинг болалари ва невалари ҳақида ўйлашга бу корчалонларни вақти бўлар эканми? Албатта йўқ.



И.Каримовни ташвишга солаётган ва кўнглига тинчлик бермаётган иккинчи нарса, бу қизи Лоланинг ўйлаб топган даҳмазаси туфайли уни шахсий масаласи Париж Судида кўрилаётганидир. Бу ишнинг қандай тугаши борган сари аён бўлаётгани туфайли унинг уйқусида ҳаловат кўпроқ йўқола бошлади. Давлат ишлари ҳам бир чеккада қолиб кетди шу кунлари...Баъзур олдиндан режалаб қўйилган Ҳиндистон сафарига бориб келди. У ердаги дабдабали кутиб олишлару базму жамшидлар ҳам кўнглидаги оғир булутларни ҳайдаб юбора олмадилар....

Устига устак Ўзбекистон Халқ Ҳаракати деган мухолифатнинг янги бирлашмаси ярани устига чипқон бўлди...

“Энди нима қилсам экан?” деб бу даҳмазалардан боши қотди ҳоқоннинг бугун. Ва у илк бора ўзининг ҳокими мутлақ эканига шўбҳа билан қарай бошлади... Шунга ҳам шукур, “Ҳечдан кўра кеч”.


http://stopdictatorkarimov.com/Yuqolgan_tinchlik.htm
Ҳазратқул Худойберди
2011 йил 2-июн


Admin
Admin

Number of posts : 1224
Join date : 04/02/2010

Foydalanuvchi profili http://stopdictatorkarimov.com

Yuqoriga Go down

Ҳаёт сўқмоқлари

Post by Admin on Mon Jun 27, 2011 5:04 am

Бундоқ ўйлаб қарасам...

Ҳаёт сўқмоқлари.


Тонг саҳарда одатдагидек ўрмон кезар эканман, хаёлимда турли фикрлар ғужғон айландилар. “Аъзу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм. Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ла иллаҳа иллалоҳу Муҳаммади расулоллоҳ. Қул ҳуваллоҳу аҳад, Аллоҳус-самад. Лам ялид ва лам йулад. Ва лам якун лаҳу куфуван аҳад”. Ниҳоят фикрлар кенг ўзанга тушган сувдек сокинлашиб, тартибга туша бошладилар.

Юриб кетар эканман ҳаёлимга шундай фикрлар келди:

Бизнинг ҳар биримиз бу ҳаётда аслида бир йўловчи эканмиз. Гўдакликда сал оёқни тўғри қўйишни ўргангандан бери тинмай юрамиз. Йўлларимизда турли туман сўқмоқлар, турли туман инсонлар чиқади. Қайси сўқмоқлардан юрганимиз, кимларни ўзимизга йўлдош қилганимиз, ўзимиз кимларга йўлдош бўлганимизга қараб ҳаётимизда турли-туман воқеалар содир бўлади. Биз кимларнидир ҳаётида қандайдир воқеалар бўлишига сабачи бўламиз, бошқалар ҳам айни пайтда бизнинг ҳаётимизда қандайдир воқеалар бўлишига сабабчи бўладилар...



“Билмаган яқинингдан билган узоғинг яхши”. Шу оддий ҳақиқатни кашф қилишга салкам 50 йил сарф қилибман. Лекин уни кашф қилгач ва ҳаётда текшириб, топганим ёмби эканлигини сезгач, уни кеч топганимга афсусланмадим. Ҳечдан кўра кеч. Агар Аллоҳ таоло менга яна шунча йўл юришни иншооллоҳ инъом этган бўлса, демак энди камроқ адашарман, ва демак камроқ азият чекарман. Мени ҳайрон қолдирган нарса шу бўлдики, бу топган нарсамни сўқмоқларга ҳам, инсонларга ҳам бирдек қўлласа бўлар экан. Ҳар икки холда у ўзининг ҳақлиги кўрсатиб, менга ғўддайиб қараб тураверди:”Хўш, ҳақ эканманми?” деб. “Ҳақ экансан, тан бердим” деб жавоб бердим унга, бир неча марта. Ҳам сўқмоқлар, ҳам инсонлар масаласида ҳақ экан бу гап...”Билмаган яқинингдан билган узоғинг яхши”.



Биз истаймизми, йўқми, бундан қатъий назар, деярли ҳар куни қаршимиздан чиқаётган турли-туман сўқмоқлардан бирини танлашга мажбурмиз. Гоҳида сўқмоқни тўғрисини танлаб, кўнглимиз чоғ, ошиғимиз олчи бўлса, гоҳида нотўғри сўқмоқни танлаб ва сал юргач адашганимизни сезсак хуноб бўламиз, орқага қайтишга тўғри келса гоҳида шунга ҳам эринамизда ўша қийшиқ сўқмоқда давом этааверамиз, бояги тўғри сўқмоққа қачондир, қаердадир қайта тушишга умидвор бўлиб...Аммо ўйламаймизки кетаётган сўқмоғимиз аллақачон бизники бўлган. Биз сўқмоқни эмас балки сўқмоқ бизни танлаган...

Босган изидан қайтмас ўлса ҳам арслон...аммо инсончи? У айтган сўзидан қайтмаслиги керак. Аммо у босган изидан қайтишга ҳақли ва лозим - агар босган қадамлари эгрилигини ё ўзи, ё бошқалар сезиб, ё ғойибдан овоз буни унга билдирган бўлса...



Энг ёмони – бу нотўғри сўқмоққа тушиб қолганингни на ўзинг, на ўзгалар билиб сен огоҳлантириши...У ҳолда сен кунлар, ойлар ва йилларни ана ўша нотўғри сўқмоқдан чиқиб олишга сарфлаб, ҳаётингни катта қисмини бекорга сарфлаб юборишинг мумкин. “Нега энди нотўғри? Сўқмоқ уни танладику! Бу энди унинг сўқмоғику”. Ҳа, тўғри, аммо қанақа сўқмоқ ўзи бу сўқмоқ? Агар у кета кетгунча тоғу тошлар, чангалзорлар, ботқоқликлардан иборат бўлса, аниқки бундай сўқмоқ унда кетаётган йўловчининг манзилини жуда калта қилиб қўйиши мумкин. Агар йўловчи узоқни кўзлаган бўлса, у ҳолда имкон қадар тезроқ бундай сўқмоқдан воз кечиб ўзига равонроқ бир йўл топиши керак.



Ҳаёт сўқмоқлари...Улар жуда қизиқ. Улар ўтадиган жойлар қизиқ. Уларда юрган одамлар қизиқ. Одамларнинг ўзлари қизиқ, уларнинг фикрлари қизиқ. Аммо инсонлар ҳам, сўқмоқлар ҳам қанақа бўлишларидан қатъий назар, уларни бир нарса бирлаштириб туради. Ҳамма сўқмоқларнинг охири бор. Ҳар бир инсоннинг ўз манзили бор. Бировнинг сўқмоғи калта, бировники узун. Бировнинг манзиллари аниқ, бошқа бировники эса ноаниқ. Бировни сўқмоғи кета кетгунча равон, бошқаники эса уйдим-чуқур, паст-баланд. Бировни сўқмоғи гўзал боғу бўстонлару, жаннатмакон далалар ва ўрмонлардан ўтса, бошқа бировники тоғу тошлар, чўлу биёбонлардан ўтади. Ҳар бир сўқмоқнинг ўз хислати, ўз гўзалликлари, ўз оҳанграбосию, ўз қийинчиликлари бор. Аммо уларнинг ҳар бири эртами-кечми, қачондир, қаердадир тугайди.



2011-06-27

Ҳазратқул Худойберди

Admin
Admin

Number of posts : 1224
Join date : 04/02/2010

Foydalanuvchi profili http://stopdictatorkarimov.com

Yuqoriga Go down

Re: Елкадаги харсанглар...

Post by Sponsored content


Sponsored content


Yuqoriga Go down

Avvalgi mavzu Keyingi mavzu Yuqoriga


 
Permissions in this forum:
Bu forumdagi mavzularga javob bera olmaysiz