Форум_Ўзбекистон

Ўзбекистон давлати раҳбарига айтмоқчи бўлган айрим фикрлар

Avvalgi mavzu Keyingi mavzu Go down

Ўзбекистон давлати раҳбарига айтмоқчи бўлган айрим фикрлар

Post by Admin on Sun Apr 03, 2011 3:27 am

Ўзбекистон давлати раҳбарига айтмоқчи бўлган айрим фикрлар

Ўзбекистон давлати раҳбарига айтмоқчи бўлган айрим фикрлар

Жаноб Каримов.
Мен "Россия, демократия ва Марказий Осиё диктаторлари ҳақида бир қисса"( http://forumuzbekistan.forum2x2.ru/t284-topic ) ни ёзиб тугатиб, ўйланиб қолдим. "Ўзбекистон раҳбарлари ва сиёсатчиларини бу ва шу каби бошқа сиёсий мақолаларни ўқишга имконлари бормикин" деб.


Менга ғойибдан "Йўқ" деган жавоб келди. Бундай жавобни сабабини сиз мендан кўра яхшироқ биласиз. Эътибор берган бўлсангиз, мен шахсан сизнинг номингизга мурожаат қилиш, сизнинг номингизга битилган мактубларга имзо чекишдан бир неча йиллар олдин воз кечганман. Сабаби яна ўша ғойибдан келган овоз. У менга бир неча маротаба "Ўзбекистон ҳукумати вакиллари сиз, мухолифат вакиллари ёзган ёки бошқа бирор ўзгача фикрлайдиган одамларнинг мактубларини умуман ўқимайдилар" деди. Сиз бу гапнинг ҳам тўғрилигини мендан яхшироқ биласиз.



Сиз умуман кўп нарсаларни мендан яхшироқ биласиз. Аммо шундай нарсалар борки, сиз уларни билишингиз лозим бўлсада ва уларни билиш сизнинг хизмат бурчингиз бўлсада афсуски сиз уларни билмайсиз. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсам, сиз уларни билишни истамайсиз. Хўш, нима экан ўзи улар, сиз билишингиз лозим бўлган нарсалар?


Улардан биринчиси, бу дунё ахборотларини ўзингиз интернетда ўтириб олиб ўқиб туриш мажбуриятингиз. Сиз бу нарсага ҳам қўл силтаманг "Мени қиладиган ишларим кўп" деб. Бугун АҚШ Президенти Барак Обама ҳам, Россия Федерацияси Президенти Дмитрий Медведев ҳам, Европа Иттифоқи президенти ҳам, борингки барча илғор фикрли раҳбарлар, сиёсатчилар ва умуман илғор инсонларнинг www.twitter.com , www.facebook.com деган сайтларда ўз адреслари бор ( масалан http://twitter.com/#!/BarackObama , http://twitter.com/#!/MedvedevRussia ва бошқалар. Ҳатто қизингиз Лоланинг ҳам сайти бор у ерда http://twitter.com/#!/Lola_Karimova .Эркатойингиз Гулнорани ҳам сайти бор эди, аммо эплай олмади шекилли, ташлаб қочди у ердан. ).


Бу раҳбарларнинг дунё кўламидаги социал тармоқ ҳисобланувчи сайтларда ўз саҳифаларини очишларига сабаб шундаки, улар ўзларини ҳалқ сайлаб қўйганини, улар халқнинг хизматкорлари эканликларини ҳар сонияда ўзларига уқдириб, бунинг маъносини тўлиқ тушуниб турадилар. Шу сабаб улар ўзларини нима ишлар қилаётганларини ана шу тармоқлар орқали ҳалқққа билдириб борадилар. Бу халқ вакилларининг ўз сайловчиларига ҳисобот бериб туришнинг энг замонавий бир йўлидир.


Швециянинг Европа Парламентида бир министри бор. У 30 ёшлар атрофидаги Биргитта Олссон ( http://twitter.com/#!/birgittaohlsson ) .
Мен унинг ишини зимдан кузатиб бораман ва бу аёлнинг ғайратига қойил қоламан. Бир кунда у 2..3 шахарга бориб келади, Стокгольм ва Брюссел ўртасида зим қатнайди, турли туман йиғилишларга бориб, уларни бошқариб ёки уларда иштирок этиб туради. Ва энг асосийси, бир вазир сифатида хар бир иш соатини қандай самарали ўтказаётгани ҳақида ўз сайловчиларига мунтазам равишда ҳисобот бериб боради! Агар унинг 8 ойлик гўдаги борлигига ва уйдаги аёллик ва оналик ишларини ҳам қилишга улгуришини ҳисобга олсангиз ҳайратга тушасиз унинг ғайратидан.


Хўш, сиз ҳам бирорта вазирингизда ана шундай швед аёлидек гайратчанликни кўрганмисиз? Агар ана шу аёлнинг фаросати ва ғайратининг жилла қурмаса ярими сизнинг қорин қўйиб юборган танбал вазирларигизда бўлганида эди Ўзбекистон бугун гуллаб яшнаб кетган диёрга айланган бўлар эди!.

Аммо на сизда, на бирор "тараққийпарвар" вазирларингизни бирортасида бирор социал тармоқда интернет саҳифаси бор.
Ушбу ривожланган замонда бу Ўзбекистон ҳукумати учун шармандалик аҳвол эмасми?!

Йўқ, сиз ва сизнинг вазирларингиз учун бу нормал ҳолат. Чунки сизлар аслан ноқонуний йўллар билан ҳукуматни эгаллаб олгансизлар ва сизларнинг асосий мақсадларингиз бу имкон қадар ана шу босиб олинган ҳокимиятни имкон қадар узоқроқ ўз қўлларингизда ушлаб туришдир.


Шунинг учун ҳам сизлар ўзларингизни халққа ҳисобот бериши лозим бўлган ҳукумат вакиллари сифатида эмас балки Ўзбекистон халқининг хўжайинлари сифатида кўрасизлар! Ҳамма бало ана шунда.

Сиз ўзингизни ўзбек халқининг хизматкори эмас балки унинг подшоси деб ўйлайсиз. Оддийроқ қилиб айтсам, сиз ҳамон ўзингизни бир идора раҳбари сифатида тутасиз ва ўйласизки 28 миллионли Ўзбекистон халқи гуёки сизнинг қўл остингизда ишловчи сизнинг хизматкорларингиз.

Ҳокимиятни зўравонлик ва ёлғон йўллар билан эгаллаб олгач сиз ўз ҳокимиятингизни қонунийлаштиришга ҳаракат қилдингиз, сайловлар ўтказиб, миллионлаб инсонларни алдаш, куч ишлаатиш, босим кўрсатиш йўллари билан уларни сиз учун овоз беришга мажбур қилдингиз. Гуёки қонуний президент бўлиб ҳам олдингиз. Энди ўзингизни гуёки ўз хизматкорларингиз ёрдамида катта бир идора қурган раҳбардек тутмоқдасиз, халқ эса гуёки сизнинг қўл остингизда ишловчи одамлар.

Лекин аслида бундай эмас жаноб Каримов. Аслида сиз халқни эмас, балки халқ сизни ишга олган. Аслида Ўзбекистон халқи улкан корпорация бўлмиш "Ўзбекистон" акционерлар жамиятининг акциядорларидир. Сиз турли туман нопок йўллар билан ана шу корпорацияни Бошқарувчи директорлари кенгашининг раиси бўлиб олгансиз. Бу Корпорацияни жаҳон андозаларига мослаш учун сиз унинг Низоми ва Дастурини чиройли қилиб ёздиргансиз. Ана ўша Низом ва Дастурларда бу Корпорациянинг Кенгашидан тортиб унинг барча бошқарувчи директорлари, кенгаш раиси ва унинг аъзолари ҳар 5 йилда ўтказиб туриладиган қурултойларида сайланадилар дейилган. Кенгаш раиси ва унинг барча аъзолари ҳам истаган пайтда Қурултой қатнашчилари томонидан бўшатилишлари ва улар ўрнига янги раҳбарлар сайланишлари керак дейилган. Аммо бу гаплар чет эллик лақмалар учунгина ёзилган холос. Сиз ва сизнинг хизматкорларингиз ўзларинг ёзган ва тузган барча қонунлар ва фармонларга тупурасизлар ва амалда ўз билганларингча иш тутасизлар.

Сиз Ўзбекистондек буюк бир давлатга гуёки ўзингизни хусусий корпорациянгизга қарагандек қарайсиз ва уни гуёки ўз ҳовлингиздек эгаллаб олгансиз. Бирор акция эгаси корпорацияда бўлаётган ишлардан норози бўлса сиз дарҳол ўзингизнинг ховлиқма миршабларингиз ва махфий хизмат ходимларингизга ўша бечорани томоғидан ғиппа буғиб, ушлаб келишни буюрасиз. Сиз Ўзбекистон қамоқхоналарини бугун ана шундай бегуноҳ инсонлар билан тўлдириб ташлагансиз....



Бир пайтлар сиз ва сизнинг ғуломларингиз “Ўзбек халқи демократияга тайёр эмас” дер эдинглар, кўпларинг ҳозир ҳам шундай дейсизлар, шундай фикрлайсизлар. Бу гапни эшитган аммо уни мағзини англамаган айрим одамлар: “Бу одамга қаранглар, роса донишманд эканми а! Бутун бошли бир халқни, 28 миллион одамнинг биротаси ҳам демократияга ҳали тайёр эмаслигини билар экан а! Э қойил э!” дейиши мумкин.

Бу гапни эшитган ва уни маъносини тушунган одамлар :”Ё товба. Ҳали ўзи демократия мактабининг биринчи синфига ҳам бормай туриб, унга боришга инжиқ боладек тихирлик қилиб турган бу ғофил банда бутун бошли бир халқнинг демократияга тайёр эмаслигини қаёқдан била қолдийкин?” деб ҳайратга тушган эдилар.

Кейин халқни “демократияга тайёр эмас “ деган коммунистлар энди бу номдан воз кечиб тўсатдан ўзларини “Халқ демократлари” деб атай бошлаганларида айримлар “Ҳойнаҳой бу одамларнинг каллаларида бир пайтни ўзида ҳам бўрон, ҳам зилзила, ҳам вулқонлар отилаётган бўлса керак” деб ҳайратга тушган бўлсалар керак.

Бугун сиз демократия ҳақида гапиришни ўзингизга эп кўра бошладингиз. Аммо аслида сиз демократиядан нафратланасиз. Сиз бугун мусулмончилик, инсонийлик ҳақида ваъз айтишларни ҳам қойиллата бошладингиз. Аммо аслан сиз на дини исломни, на инсонийликни тан оласиз.

Сиз тан оладиган асосий нарсалар бу: зўравонлик, ҳар қандай масалада куч ва босим ўтказиш, ҳар қандай норозиликни бўғиш ва ана шундай йўллар билан ўз ҳокимиятингизни сақлаб қолишга уринишдир. Булар сизнинг энг оғир гуноҳларингиздир. Токи сиз бу ишларингиз қонунларга ҳам, оддий инсоний тушунчаларга ҳам, имонга ҳам зид эканлигини тушунмагунингизча ўз гуноҳларингиздан соқит бўла олмайсиз.

Аллоҳ таоло барча инсонларга тавба тазарру қилишдек буюк кароматни берган. Аммо сиз буни тан олишни истамайсиз. Чунки сиз тавба тазарру қилиш бу фақат гуноҳкор бандаларни иши деб уйлайсиз ва ўзингизни буткул бегуноҳ деб ҳисоблайсиз. Аммо сиз билмайсизки, бу дунёда ёлғиз Аллоҳ таологина бегуноҳдир ва у яратган ҳар бир банда гуноҳкордир. Айримларда бу гуноҳлар кўпроқ, айримларда озроқ. Аммо бегуноҳ бандани ўзи йўқ бу дунёда жаноб Каримов.

Агар сиз ўз гуноҳларингизни тан олишни истамасангиз, демак сиз ҳам бир куни келиб Мисрнинг 30 йиллик диктатори Ҳусни Муборак каби касалхона ва қамоқҳона ўртасида сарсону саргардон бўлишни танламоқдасиз. Ё бўлмаса Ливия диктатори Муаммар Қаддофийга ўхшаб бутун халққа қарши урушга кириб, умрингизнинг сўнгги дақиқаларини Қаддофийдек кечалари титраб ва қақшаб ўтказишни танламоқдасиз.

Бу ҳаёт ана шунақа жаноб Каримов ва у ҳамиша ҳам сиз истагандек бўлавермайди. Шулар ҳақида озроқ бўлсада фикрлаб кўринг. Ҳали ҳам кеч эмас бу дунёда оддий бир инсон сифатида фикрлашга ҳаракат қилиш. Акс ҳолда кеч бўлиб қолиши ва сўнгги пушаймон ўзингизга душман бўлиши мумкин.



Ҳазратқул Худойберди

2011 йил 24-апрел

Admin
Admin

Number of posts : 1182
Join date : 04/02/2010

Foydalanuvchi profili http://stopdictatorkarimov.com

Yuqoriga Go down

Avvalgi mavzu Keyingi mavzu Yuqoriga


 
Permissions in this forum:
Bu forumdagi mavzularga javob bera olmaysiz