Форум_Ўзбекистон

2011 йилнинг илк чизгилари..

Avvalgi mavzu Keyingi mavzu Go down

2011 йилнинг илк чизгилари..

Post by Admin on Sun Jan 02, 2011 7:50 am

2011 йилнинг илк чизгилари...



Ватаним Ўзбекистон ва умуман дунёда ҳақиқат қарор топиши учун олиб бораётган 22 йиллик кураш давомида мен ўзим учун бир мўҳим нарсани аниқладим: Бу дунёда мавжуд бўлган муаммоларнинг сони давлат раҳбарларининг нақадар кучли ва билимдон ёки нодон ва жоҳил бўлишидан қатьий назар, уларнинг ёнида ишловчиларнинг билими ва ўз соҳаларини нақадар чуқур билишларига тўғридан тўғри пропроционал экан.

Сабаби, давлат раҳбарлари ҳам, улар нақадар доно ва кучли бўлмасинлар, барча инсонлар қатори хатоларга йўл қўйишдан холис эмаслар. Беайб ёлғиз парвардигордир!



Доно ва кучли давлат раҳбарларининг хатолари асосан уларнинг гоҳи гоҳида кўнгилчанглик қилиб, ўзларига содиқ вазирлару корчалонларнинг йўл қўйган хатоларига сабр тоқатли бўлишлари, соддадилликлари, ўзларига содиқ одамларга тўла ишонишлари ва шу сабаб улар йўл қўйган хатоларга кўп ҳам эътибор бермай, уларнинг тезда бундай хатоларни тузатишларига ишонишлиги оқибатида келиб чиқади. Раҳбарлар энг аввало инсонларнинг уларга, ундан кейин давлатга ва энг сўнггидагина ўз хизмат вазифаларига содиқлигига кўпроқ эътибор беришга мойилдирлар.



Нодон ва жоҳил раҳбарларнинг хатолари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади чунки уларнинг хатолари ҳамма кўзи очиқ инсонларга яққол кўриниб туради. Бу учун Р.Мугабе,И.Каримов,А.Лукашенко, Ким Чен Ир, Гбагбо, Бердимухамедов, Алиев каби диктаторларнинг олиб бораётган сиёсатларига диққат билан бир назар солинса бас.



Агар сиз ана ўша ақлли аммо кўнгилчанг раҳбарлар ҳамда нодон ва жоҳил раҳбарлар сонини бирга қўшиб қарасангиз, уларнинг сони жуда ҳам кўпчиликни ташкил қилишини кўрасиз.



Демак инсониятнинг ҳамма муаммолари ана шу нарсалар ортида ётган экан деб хулоса қилиш мумкин. Акс холда, техник ривожланиш жадал қадамлар билан олға қараб кетаётган бир замонда жамиятлар ривожланишининг сурункали равишда ортга қараб кетаётганини бошқача тушунтириб бўлмайди.

Масалан, АҚШда ҳамма улкан умидлар қўйган, ҳатто дунё жамоатчилиги ҳам унга улкан умидлар қўйиб, аванс тариқасида бўлсада унга Нобель Тинчлик мукофотини берган Президент Барак Обама ҳаммани ҳафсаласини пир қилиб Ж.Буш бошлаган ва 10 йилдан бери давом этаётган урушни давом эттиришга бел боғлади.



Бошқа бир мисол: Ўзининг ўта хотинбозлиги, маишатпарастлиги туфайли бутун дунёга шарманда бўлган Италия Бош вазири Силвио Берлускони бойлиги, Италиянинг қарийб 90% оммавий ахборот воситаларини сотиб олганлиги ва мамлакатда коррупция илдиз отаётганлиги сабали суд тизимларининг уни бир неча бор судга тортишга уринишлари самарасиз тугаб бу қари тулки ҳали ҳам давлатни бошқармоқда.



Булар ҳали очиқ ва эркин жамиятларда бўлаётган ҳангомалар. Агар биз Осиё ва Африка давлатларига эътибор берадиган бўлсак, у ҳолда у давлатларда жаҳолат, зулм ва зўравонликлар камайишни ўрнига янада кучайиб кетаётганини кўрамиз. Биргина кичик бир Қирғизистонда содир этилган қонли ва оғир жиноятларнинг ўзиёқ инсонларни даҳшатга солди, икки миллатни минг йилларга чўзиладиган ашаддий душманларга айлантирди.



Беларусь диктатори Лукашенко ва Кот де Ивуар диктатори Гбагболар бир хил ҳаракат қилишмоқда. Яқинда ўтказилгаан сайловда бу икки галварс ёлғон йўллар сайловда ўз ғолиблигини рўкач қилиб ҳокимиятдан кетишни асло истамаяптилар. Худди улар каби Ўзбекистон диктатори Каримов ҳам, Қозоғистон диктатори Назарбоев ҳам ва бошқа улар каби яккаҳокимлар зўравонлик билан ҳокимиятга тиш тирноқлари билан ёпишиб олганлар. Уларнинг кўпчилиги қиролликлар ва подшоҳликлар йўлларидан бориб (Сирия, Озарбайжон, Шим.Корея, Куба) ҳокимиятни фақатгина ўз бола чақалари ва уруғ аймоқларига топшииришга рози бўлмоқдалар холос.



Ғарб катта бир шумлик қилиб СССРдек улкан империя ва ундаги якка ҳокимликни ағдаришга астойдил кўмаклашдилар. Аммо орадан 20 йил ўтиб СССР каби катта бир диктатура давлати ўрнига 10дан ошиқ кичик диктатуралар тўғилдилар. Бу диктатуралар кун сайин ривожланиб, мустаҳкамланиб энди улар ҳам ўз халқлари, ҳам ўзга халқлар ҳаётларига қўрқув, даҳшат ва урушлар ёғдирмоқдалар. Ғарб эса бундай ривожланишдан таҳликага тушиб, бирор бир самарали чора тадбирлар топишда демократик кучларга ёрдам бериш, уларнинг курашини қўллаб қўвватлаш ўрнига ўша диктатуралар билан апоқ чапоқ бўлмоқда, уларни қўллаб қўвватламоқда.



Хулласи калом дунёда очиқ ва эркин жамиятларни ривожлантириш масаласида афсуски умумий ривожланиш ортга қараб кетмоқда.



Демак бизнинг олдимизда ўз ечимига мўҳтож бўлган иккита улкан муаммо бор:

1. Биз шунга эришишимиз керакки, ақлли раҳбарлар ўз вазирлари ва барча маслаҳатчиларини диққат билан танлаб олишлари керак. Бу танловда асосий эътиборни номзодларнинг раҳбарга нақадар содиқлигига эмас, балки уларнинг нақадар ишбилармон муттахасис эканлигига қаратилиши керак..

2. Ана ўша илк вазифани бажаргач, улар ёрдамида энди биз ҳокимиятга интилаётган барча нодон ва жоҳил одамларнинг бу йўлдаги имкониятларини имкон қадар камайтиришга қаратишимиз керак.



Содиқлик ва Муттахасислик. Бир инсонда камдан кам топиладиган икки гўзал хусусият. Кам бўлсада аммо шундай инсонлар топилади. Ахир ҳамма соҳаларда ҳам тўғма талантлар кам бўладику! Миллат раҳбарларининг бирламчи ва энг асосий вазифалари айнан ана шу, яъни шундай инсонларни кундузи чироқ ёқиб бўлсада биттама битта излаб топиш бўлиши лозим!

Акс ҳолда бизнинг янги раҳбаримиз ҳам АҚШ Президенти жаноб Б.Обаманинг аҳволига тушиб қолади. Бир қарасангиз ақлли, бинойидек фаросатли сиёсатчи ва кучли нотиқ. Аммо уни ўраб турган инсонлар тўдасичи! Бундайларни ҳатто душманинга ҳам тиламайсан. Худди ана шуу тўда АҚШ Президентига кетма кет панд бериб келмоқда. Шу ўринда эскиларнинг бир мақолини эслаш кифоядир: Шоҳнинг кимлигини уни ўраб турган уламоларга қараб белгилайдилар!



Айни аҳволни Россияда ҳам кўриш мумкин. Тўғрисини айтганда, Президент Д.Медведевнинг роли Кремль ва Россияда қай даражада эканлигини кўпчилик билмайди.Бу ердаги аҳвол Оқ уйдаги аҳволдан ҳам бадтарроқ.



Энди ўзингиз ўйлаб кўришингиз мумкин: Бу дунёда нималар бўлиши мумкин, қачонки икки буюк давлатнинг раҳбарларида мамлакат ичидаги ва ташқи дунёдаги турли туман мўҳим муаммолар бўйича аниқ ишлар режалар бўлмаса.



Бирор бир раҳбар ўз давлатини донолик билан бошқара олмайди, агар унинг иш столига ҳар куни қилиниши керак бўлган мўҳим ишлар режаларини тайёрлаб берадиган, ўз ишини пухта ва аниқ биладиган ва ҳеч нарсадан қўрқмасдан вазиятни қандай бўлса шундайлигича ёритиб берадиган муттахасислар командаси бўлмаса.



Нима сабабдан саройда ишлайдиган вазирлар ва мулозимлар давлат бошлиғига атрофда бўлаётган воқеаларни очиқ ва ошкора сўйлаб бера олмайдилар? Бунга сабаблар кўп ва улардан бири бу инсон рўҳиятига боғлиқдир. Бу рўҳият эса минг йиллардан бери иерархия деган тушунчага мослашиб кетган ва бу тушунчани бузиб ташлаш ҳам, ўзгартириш ҳам қийин бир масаладир. Иерархиянинг маъноси ҳокимлик, раҳбарлик поғонаси демакдир. Инсоният пайдо бўлгандан бери бу поғона бордир, у уйдан бошланади, кейин кўчага ўтади, кейин эса иш жойи ва ниҳоят жамиятга бориб тақалади.



Иерархияни тан олмайдиган ва ундан қўрқмайдиган биргина одам бўлиши мумкин қачонки у болалигидан на онаси, отаси, ака укаю опа синглиси, кейинчалик эса ўқитувчи ва нихоят туурли туман бошлиқларнинг кўрсатмалари, дўқ пўписалари, маслаҳатларисиз вояга етган бўлса. Аммо шундай одам бормикин бу дунёда?



Иерархияни умуман тан олмайдиган ва ундан қўрқмайдиган одамни излаб топиш қарийб амалга ошириб бўлмайдиган нарсадир. Демак масалани ечими қийин бўлса аввало уни енгиллаштиришимиз керак. Шундай одамлар борки, улар ўз раҳбарларидан кўра кўпроқ ўз ишларига, ҳизмат вазифаларига содиқроқдирлар. Демак биз яна ўша олтин қоидага риоя қилиб кўп зарарлар ичидан энг кам зарар берадиган нарсани танлашимиз керак.



Олтин ёмби ҳудди ана ўша ерга кўмилган! Раҳбар унинг ғазабидан кўра кўпроқ ўз ишининг нотўғри натижасидан, яьни хатоларга йўл қўйишдан қўрқадиган одамларни топа олиши керак!

Энди бир оғиз сўз ана ўша натижа ҳақида. Тафаккур ва Виждонга асосланган ҳамда Бошқаларга (инсонлар, табиат, ҳайвонлар, ўсимликлар, шаҳар, мамлакат ва ниҳоят дунёга) имкон қадар камроқ зарар етказувчи натижаларгина тўғри натижа деб ҳисобланишлари мумкин.



Ҳазратқул Худойберди
2011.01.01

Admin
Admin

Number of posts : 1224
Join date : 04/02/2010

Foydalanuvchi profili http://stopdictatorkarimov.com

Yuqoriga Go down

Avvalgi mavzu Keyingi mavzu Yuqoriga


 
Permissions in this forum:
Bu forumdagi mavzularga javob bera olmaysiz